Фото: © Sputnik / Топилди Қодирбеков, манба
Куз фасли бошланиб, совуқ ҳаво оқими кириб келишига қарамай, Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳарорат пасаймади. Қўшни давлатларнинг ахборот маконидаги об-ҳавони кўплаб “қайноқ” хабарлар белгилаб берди. Қирғизистондаги парламент сайловлари ҳамда шу жараён билан боғлиқ агитаторлар ва сайловчиларнинг муштлашуви, Қозоғистон шимолида аниқланган парранда гриппи, Тожикистонда президент сайловлари бошланиши, Туркманистонда бир палатали парламентнинг икки палаталисига ўзгариши шулар жумласидандир.
UzAnalytics сайти сентябрь ойида қўшни мамлакатларда содир бўлган ана шундай муҳим воқеаларнинг қисқача шарҳини эътиборингизга ҳавола қилади.
Қозоғистон
Хитой ташқи ишлар вазирининг ташрифи
12 сентябрь куни Нур-Султонда Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашувда музокаралар ўтказди. Бунда ҳамкорликнинг қатор долзарб масалалари муҳокама қилиниб, жаҳондаги вазият ва минтақавий муаммолар бўйича фикр алмашилди. Сўнг икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга келишиб олинди. Тўқаев, ўз навбатида, ХХР раҳбари Си Цзиньпинни Қозоғистонга расман таклиф қилди.
Ушбу учрашув давомида айнан қайси масалалар муҳокама қилингани ҳақида ҳозирча айтилмаяпти. Фикримизча, бунга Қозоғистон ҳукуматининг кейинги баёнотларида аниқлик киритилади.
Россия ва Қозоғистон: Авиарейслар тикланди
12 август куни Қозоғистон фуқаро авиация қўмитаси 17 августдан бошлаб, қатор давлатлар билан халқаро парвозлар қайта тикланишини эълон қилган эди. Август ойида Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Беларусь, Украина ва Туркияга авиарейслар тикланди, сентябрдан эътиборан, Россия Федерацияси ва Қирғизистонга ҳам парвозлар йўлга қўйилди.
Қозоғистоннинг яна қайси давлатлар билан ҳаво қатновини тиклаши, авиарейслар сони ҳали номаълум. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цойнинг сўзларига кўра, 5 октябрдан бошлаб, мамлакатда бир қатор чеклов чоралари жорий этилади. Бу, халқаро парвозлар тикланиши ўрнига мавжудлари қисқариши мумкин, деганидир.
Парранда гриппи авж олмоқда
Коронавирус камлик қилгандек, Қозоғистонда парранда гриппига қарши карантин чоралари жорий қилинмоқда. 9-16 сентябрь кунлари Шимолий Қозоғистон вилоятининг 7 та туманида парранда гриппи аниқланган. Тахминларга кўра, бу касаллик Россиянинг Омск вилоятидан кириб келган. Чунки шу пайтгача парранда гриппи фақат ўша ерда тарқалган эди. Омск вилоятидан паррандаларни олиб кириш чекланган. Шундай бўлса-да, бу касаллик кўчиб юрувчи қушлар орқали Қозоғистонга ўтган бўлиши мумкин.
1 октябрдан бошлаб, Қозоғистоннинг олти вилоятидаги 50 та аҳоли пунктида парранда гриппига қарши карантин жорий қилинди. 330 мингта парранда нобуд бўлди. Ҳукумат бундан зарар кўрган фермерларга жами 400 миллион танга (920 минг АҚШ доллари) миқдорида компенсация тўлашни ваъда қилди.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу турдаги гриппнинг аҳолига деярли зарари йўқ. Нега деганда, унинг паррандадан одамга юқиши эҳтимоли жуда пастдир.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тикланди
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини 2014 йили Нурсултон Назарбоев бекор қилган ва унинг барча ваколатлари Ички ишлар вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Фавқулодда вазиятлар қўмитасига юкланган эди. Ўша йили нафақат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан боғлиқ ўзгаришлар юз берди, балки бир нечта вазирлик ва идоралар бирлаштирилди, тугатилди.
Янги президент Фавқулодда вазиятлар вазирлигини тиклаш тўғрисида буйруқ берди. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фармонига биноан, Ички ишлар вазирлигининг барча тегишли функциялари ва ваколатлари янги вазирликка ўтказилиши керак. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ ваколатларга эга бўлган бошқа вазирликлар ҳам уларни Фавқулодда вазиятлар вазирлигига топширишлари керак.
Қозоғистон раҳбари ушбу вазирликнинг қайта тикланиши Ички ишлар вазирлигини ортиқча функциялардан халос қилиши, шунингдек, келгусидаги табиий ва техноген фалокатлар даврида мазкур йўналишдаги вазирлик муҳим аҳамият касб этиши билан изоҳлади.
Коронавирусга қарши Қозоғистон вакцинасининг синовлари бошланди
Қозоғистондаги илмий-тадқиқот институтида ишлаб чиқилган коронавирусга қарши “QazCovid-in” вакцинаси 31 июль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан клиник синовларга номзодлар рўйхатига киритилган эди.
17 сентябрь куни ушбу синовлар бошланди. Бу хусусда Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги хабар берди. Жараён бошлангани ҳақида эълон қилингач, кўнгиллилардан қарийб 700 га яқин ариза келиб тушди. Аммо ҳамма ҳам кўнгилли бўла олмайди – номзодлар 18 ёшдан 50 ёшгача ва улар бутунлай соғлом бўлиши керак.
Синов жараёнида Covid-19 вирусига чалинмаган ва организмида тегишли антителалар ҳосил бўлмаган 244 нафар кўнгилли иштирок этади.
ЖССТ Қозоғистон вакцинасини клиник синовлардан ўтказишга рухсат берганидан сўнг, биринчи кўнгиллилар – 7 киши, айнан шу вакцинанинг яратувчилари бўлган. Натижаларга кўра, уларнинг барчаси соғлом ва ҳар бирининг организмида коронавирусга қарши антителалар ҳосил бўлган.
Оилавий зўравонликка қарши қонун лойиҳаси
Қозоғистон парламенти депутатлари “Оилавий зўравонликка қарши кураш тўғрисида” ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқулладилар.
Парламентнинг қуйи палатаси депутати Ирина Унжакованинг сўзларига кўра, ушбу қонун лойиҳасини 2019 йилда бир гуруҳ парламент аъзолари ишлаб чиққан эди. Унинг таъкидлашича, 2009 йилдан буён амал қилиб келаётган Қозоғистон Республикасининг “Маиший зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонуни, бир нечта ўзгаришларга қарамай, тўлақонли ишламаяпти. Зеро, қонун зўравонлик содир бўлгач, унинг оқибатларига қарши хизмат қилмоқда. Бу борадаги деярли барча муаммоларни ҳал қилиш полиция зиммасига тушади ва айни ёндашув самарасиздир.
Янги қонун лойиҳасида эса асосий эътибор оилавий зўравонликнинг олдини олишга қаратилган. Шу билан бирга, оилавий зўравонлик ҳолатларини ҳал қилиш ва унинг олдини олишда ички ишлар идоралари ходимларидан ташқари, бошқа давлат органлари, жамоат ташкилотлари, фуқаролар ҳам иштирок этади.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Қирғизистон
Мамлакат парламентига сайловлар
4 октябрь куни Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Улар ҳар беш йилда бир маротаба ўтказилади ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги сайловлардан демократик механизми билан фарқлидир.
Бу йил сайловларда 16 та сиёсий партия иштирок этмоқда. Сайлов бюллетенларида “Барчага қарши” ёзуви билан 17-графа ҳам мавжуд. Олдинги сайловлар амалиёти шундан далолат берадики, сўнгги 17-графани сайловчилар кўп қўллайди. Аввалги сайловларда бўлгани каби ҳозиргилари ҳам можароларсиз ўтмаяпти. Масалан, Ўш вилоятининг Аравон туманида “Мекеним Қирғизистон” партиясининг агитаторлари ва маҳаллий аҳоли ўртасида муштлашув бошланиб кетди. Ушбу воқеадан кейин Бош вазир Кубатбек Боронов айбдорлар қонун доирасида жазоланишини айтди ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи жамоат тартибини таъминламагани учун лавозимидан четлатилди.
Бундан ташқари, сайловчилар овозини “сотиб олиш” ҳолатлари ҳам кузатилган. Қирғизистон Социалистик партияси раҳбарларидан бири – Таалатбек Масодиқовнинг айтишича, мустақил Қирғизистонда бундай ножоиз хатти-ҳаракат ҳали содир бўлмаган. Энг ёмони, Марказий сайлов комиссияси бундан хабардор бўлишига қарамай, ҳеч қандай чора кўрмаяпти.
4 октябрь куни сайловлар бўлиб ўтди. Якуний натижалар эълон қилинишига ҳали анча вақт бор бўлса-да (расмий маълумотларга кўра, 24 октябргача эълон қилинади), Қирғизистон аҳолисига дастлабки натижалар ёқмади. Буларнинг бари Бишкек кўчаларида норозилик намойишлари ва тартибсизликлар юзага келишига сабаб бўлди. Намойишчилар Оқ уй (ҳукумат биноси)га ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб киришди. Сиёсий маҳбуслар, жумладан, экс-президент Алмазбек Атамбаевнинг озод қилинишига эришишди.
BBC News хабар беришича, тартибсизликлар пайтида бир киши ҳалок бўлган ва 600 га яқин киши жароҳат олган, уларнинг 150 нафари касалхоналарда, 13 нафари эса реанимация бўлимида. Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси ушбу парламент сайловлари натижаларини бекор қилди ва икки ҳафта ичида такрорий сайлов белгилашни режалаштирмоқда.
Давлат раҳбари Жээнбеков 16 та партиянинг барча раҳбарлари билан учрашди ва баъзи сиёсий партиялар ҳокимиятни ноқонуний равишда қўлга киритишга ҳаракат қилганини айтди.
(Қирғизистон парламентига сайловлар бўйича маълумотлар 6 октябрь ҳолатига кўра)
Хитой Ташқи ишлар вазири Қирғизистон Президенти билан учрашди
Қозоғистонга ташрифдан сўнг ХХР ташқи ишлар вазири Қирғизистонга йўл олди ва у ерда давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков билан учрашди. Қозоғистондаги сингари Хитой вазири ва Қирғизистон президенти ўртасидаги суҳбат тафсилотлари ҳақида маълумотлар йўқ. Расмий пресс-релизларга кўра, икки томонлама муносабатлар, Covid-19 билан боғлиқ вазият ва умумий карантин бошлангач анча сустлашган ҳамкорлик йўналишларини тиклаш, ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қирғизистонда коррупция энг кўп тарқалган соҳалар айтилди
Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Орозбек Опумбаев ҳукуматнинг энг коррупциялашган соҳаларини санаб ўтди. Уларнинг ҳар бирида қўзғатилган жиноий ишларни мисол келтирди. Ушбу рўйхат давлат эҳтиёжлари учун харидлар, суд тизими, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фискал функцияларга эга идоралар, лицензиялаш ва рухсатномалар бериш фаолиятини амалга оширувчи органлар, шунингдек, давлат мулки ва коммунал мулкни бошқариш соҳаларини қамраб олади.
Юқорида қайд этилган соҳалардаги жиноий ишлар орасида пора бериш ва олиш, маъмурий ҳужжатларни ноқонуний йўқ қилиш, товламачилик, товарларни ноқонуний олиб кириш каби хатти-ҳаракатлар бор. Бунда 529 киши жиноий жавобгарликка тортилган, уларнинг 96 нафари устидан суд ҳукми ўқилган.
Қирғизистон ва Россия президентларининг учрашуви
Сочида 28 сентябрь куни Қирғизистон ва Россия раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама мустаҳкам муносабатларни эътироф этишди. Қирғизистон Президенти ушбу муносабатларда Россия ва Путиннинг ролини алоҳида таъкидлаган ҳолда Россия Президентининг кўмаги ва қўллаб-қувватлови туфайли Қирғизистондаги эпидемиологик вазият барқарорлигини айтди.
Кўпчилик учун Жеенбековнинг Россияга ташрифи шунчаки икки президентнинг навбатдаги учрашуви бўлиб туюлган бўлса-да, ушбу ташриф Қирғизистондаги парламент сайловларидан бир ҳафта аввал содир бўлгани бежиз эмас. Ёзувчи ва журналист Олжобай Шокирнинг фикрига кўра, ташриф Қирғизистондаги ички сиёсий жараёнларга Кремлнинг таъсири кучли эканлигидан далолат беради.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Тожикистон
Президентликка номзодлар имзо йиғишни якунлади
Тожикистонда президент сайловлари 11 октябрга белгиланган. Сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар номзодлари керакли миқдордаги имзони тўплашлари керак эди. Беш партия – Демократик, Коммунистик, Социалистик, Аграр ва Халқ Демократик партиялари сайловларда рўйхатдан ўтиш учун зарур 260 мингдан ортиқ имзони тўплади.
Экспертларнинг таъкидлашича, Имомали Раҳмон ушбу сайловларда сўзсиз ғалаба қозонади ва қолган барча номзодлар муқобил танлов қиёфасини яратишга хизмат қилади.
Москвада Тожикистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари учрашди
Москвада ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгаши якунидан сўнг 10 сентябрь куни Тожикистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари учрашишди. Сирожиддин Мухриддин ва Ван И Тожикистон ҳамда Хитой ўртасидаги турли соҳалар бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Шундан сўнг икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга келишиб олинди. Таъкидлаш жоизки, Хитой Тожикистоннинг асосий кредитори ҳисобланади.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Туркманистон
Чекловлар 15 октябрга қадар узайтирилди
Туркманистонда чекловлар 15 октябргача узайтирилди. Ушбу чекловлар умумий овқатланиш, савдо, хизмат кўрсатиш, маданий ва спорт муассасаларига нисбатан қўлланади. Дорихоналар, озиқ-овқат дўконлари ва кундалик ҳаёт учун зарур моллар сотиладиган дўконлар, алоқа хизматини кўрсатувчи салонлар, етказиб бериш хизматлари фаолиятини одатдагидек давом эттирмоқда.
Қизиғи шундаки, чеклов чоралари ва ниқоб тақиш тартиби ушбу мамлакатда коронавирус инфекцияси ҳолатлари аниқланмагани ҳақидаги расмий баёнотларга қарамай қўлланмоқда.
Ашхобод мактабларида рус синфлари ёпилди, Россия Ташқи ишлар вазирлиги бунга доир нота юборди
Янги ўқув йили бошланишидан аввал Ашхобод мактабларида рус тилида ўқитиладиган синфлар ёпилгани ҳақида хабар тарқалди. Расмий изоҳларга кўра, бу санитария-гигиена қоидалари ва меъёрларига риоя қилиш билан боғлиқ.
Россиянинг Туркманистондаги элчихонаси ушбу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида юборган сўровига жавоб ололмагач, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Туркманистон томонига нота юборди. Унда Россия ТИВ Туркманистон ТИВдан вазиятга ойдинлик киритишни сўраган. Бу ҳолат 2002 йил 23 апрелдаги Россия ҳамда Туркманистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси бандларига зиддир. Ушбу ҳужжатга кўра, мамлакатлар ўртасида икки тилни ўрганишни ўзаро рағбатлантириш кўзда тутилган эди.
Гурбангули Бердимуҳамедов БМТнинг 75-ассамблеясида сўзга чиқди
БМТнинг 75-ассамблеясидаги чиқишлар онлайн шаклда ташкил қилинди. Унда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам видеомурожаат қилди. Президент коронавирусдан вафот этганларни хотирлаб, ушбу касалликка қарши курашган шифокорларга, кўнгиллилар ва олимларга миннатдорлик билдирди. Аммо, Бердимуҳамедов Туркманистондаги CОVID-19 билан боғлиқ вазиятга тўхталмади.
Туркманистон раҳбари коронавирусга қарши самарали кураш бўйича қатор таклифлар билдирди. Коронавирус геномини ўрганиш бўйича ЖССТ дастурини яратиш, логистика соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудудидаги муаммоларни бартараф этиш шулар жумласидандир. Бу Туркманистон раҳбарининг БМТ анжуманларида сўзлаган биринчи нутқи эмас. Сўнгги марта у ташкилот трибунасида 2018 йили чиқиш қилган эди.
Туркманистонда ҳам парламент икки палатали бўлади
Гурбангули Бердимуҳамедов 25 сентябрь куни мамлакатнинг бир палатали парламенти – Межлис томонидан бир овоздан маъқулланган Конституциявий қонунни имзолади. Ушбу қонунда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган. Уларнинг энг аҳамиятлиси шуки, энди мамлакат парламенти икки палатали бўлади. Ўзгаришларга кўра, янги парламент Миллий Генгеш (Миллий Кенгаш) юқори палата – Халқ Маслаҳати ва қуйи қонунчилик палатаси – Мажлисдан иборат бўлади. Халқ Маслаҳати 56 депутатдан таркиб топиши керак. Улар яширин овоз бериш йўли билан 5 вилоят ва Ашхабоддан 8 вакил томонидан сайланади, яна депутатларнинг 8 нафарини президент тайинлайди. Қуйи палата эса сайлов округларида сайланадиган 125 депутатдан иборат бўлади. Конституцияга киритилган янги ўзгаришлар 2021 йил 1 январдан кучга киради.