Сурат манбаси: uza.uz
2020 йилнинг 1 октябридан бошлаб мавжуд карантин ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда Ўзбекистонга авиация, темир йўл ва автойўл ўтказиш пунктлари орқали кириб-чиқишга рухсат берилди. Аввал жорий қилинган чекловлар бекор қилинади. Масъул идораларга барча турдаги халқаро қатновлар сонини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди. Республика махсус комиссиясининг қарорида карантин тадбирларини босқичма-босқич юмшатиш, хусусан, халқаро қатновларни тиклаш орқали аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароит яратиш муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилган.
Шунингдек, халқаро туризмни ташкил этишга нисбатан республикада қўлланган чекловлар ҳам 1 октябрдан бекор қилинади. Бунда Ўзбекистонга хорижий давлатлардан туристларни олиб келиш фаолияти билан шуғулланаётган туристик фирмалар улар томонидан мамлакатимизга туристик гуруҳ (5 кишидан кам ва 15 кишидан ортиқ бўлмаган ва турли касалликлар, жумладан, COVID-19 қамраб оладиган тўлиқ суғуртаси бўлиши шарти билан) сифатида ташкил этилаётган туризм саёҳатларини амалга оширишдан аввал туристлар ПЗР тест текширувидан ўтказилишини таъминлаши ҳамда ПЗР тест текшируви натижаси манфий бўлган туристларга нисбатан 14 кунлик карантинда сақлаш бўйича чеклов қўлланмаслиги ҳамда Ўзбекистонга киришда коронавирус инфекциясига ПЗР, экспресс-тест ёки антиген текширувларидан ўтказилмаслиги белгиланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасига кириш вақтида коронавирус инфекциясининг аломатлари пайдо бўлганда хорижий турист ўтказиш пункти (аэропорт, вокзал ёки бошқа) ҳудудида ўз ҳисобидан коронавирус инфекциясига ПЗР ёки экспресс-тест ёки антиген текширувидан ўтиш учун намуна топширади, бунда тест натижалари мусбат чиқадиган бўлса ўз ҳисобидан карантинга олиниб даволанишдан ўтади ёхуд ўз мамлакатига қайтади. Хорижий туристларнинг Ўзбекистонда мавжуд карантин чекловлари ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилиши, бу борадаги талабларни бажарилиши туристик фирмалар зиммасига юклатилади.
Пандемия ва туризм
Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ сиёсати Ўзбекистонда туризм соҳасини жадал ривожланишига кенг йўл очди. Аниқ мисол билан айтадиган бўлсак, 2017 йилдан то 2019 йилга қадар туризм соҳасидан олинган даромад – ушбу хизматлар экспорти ҳажми ҳамда уларнинг мамлакат ЯИМдаги улуши 2,5 баробар ошди. 2019 йилда туризм хизматлари экспорти умумий ҳажмининг ЯИМга нисбати 2,3 фоизни ташкил қилди.
Маълумотларга қараганда, Грузияда туризмнинг ЯИМдаги улуши 11,6 фоизни ташкил этади. Шу маънода иқтисодиёти ранг-баранг Ўзбекистонда айни соҳа сўнгги бир неча йил давомида жадал ривожланиши, ундан тушадиган даромаднинг умумий ҳажми бир неча миллиард долларга етиши мумкин эди. Бироқ, жорий йил бошида дунё бўйлаб тарқала бошлаган коронавирус пандемияси ушбу режаларни четга суриб қўйди. Жаҳондаги барча мамлакатлар туризмида бошланган инқироз Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. 2019 йилда туристик хизматлар экспорти ҳажми 1,3-1,4 миллиард долларни ташкил қилган эди (Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра – $1,3 млрд., Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра – $1,4 млрд.). Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида эса туристик хизматлар экспортидан тушган даромад жами 203,5 миллион АҚШ долларига етди. Ушбу даромаднинг 99,5 фоизи ($202,4 млн.) 2020 йилнинг 1-чорагига тўғри келади, 2-чоракда бу кўрсаткич атиги 1,1 миллион долларга тенг бўлди.
Ўзбекистонда кузги туристик мавсум (сентябрь-октябрь) тугашига ҳам 1,5 ойдан камроқ вақт қолди, халқаро туризмни ташкил этишга нисбатан март-апрель ойларида қўлланган чекловлар эса 1 октябрдан бошлаб юмшатилади. Жорий йилнинг сўнгги чорагида (октябрь-декабрь) халқаро қатновлар тикланган тақдирда ҳам туризм хизматлари экспорти ҳажмининг сезиларли даражада тикланиши эҳтимоли кам. Сабаби, йил бошидан буён давом этиб келаётган коронавирус пандемияси ва унинг оқибатлари потенциал сайёҳлар онгига ҳамда дунё бўйлаб сайр қилиш режаларига жиддий кўрсатди. Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда йил охиригача ташқи туризмнинг молиявий кўрсаткичлари салмоқли миқдорда ўзгармаслигини ва 2020 йил учун туризм хизматлари экспортидан тушадиган даромадлар $300 млн. атрофида бўлишини прогноз қилиш мумкин. Бу ўтган йилги кўрсаткич билан солиштирганда 4,5 баробар кам, дегани.
Маълумки, туризм соҳаси иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари, хусусан, транспорт, умумий овқатланиш, ҳунармандчилик, савдо-сотиқда ҳам салмоқли миқдордаги иккиламчи талабни юзага келтиради ва бу мамлакат иқтисодиётига сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Жаҳон банки ҳисоб-китобига кўра, туризмнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига билвосита ҳиссаси (мультипликатив – ортиб борувчи таъсири ҳисобга олинганда) ўртача 4,3 фоизни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш қўмитасининг прогнозлари ва мақсадли кўрсаткичларига кўра, жорий йилда туризмдан тушадиган даромад ҳажми пандемияни эътибордан соқит қилганда, $1,53 млрд. бўлиши кутилган эди. Бу, соҳанинг пандемиядан кўрган бевосита зарари $1,3 млрд., мультипликатив эффект билан қўшиб ҳисоблаганда эса тахминан – $3,5 млрд. бўлиши мумкин, деганидир.
Жорий йил март ойи охири ва апрель ойи бошларида ташқи чегараларнинг ёпилиши чет эллик сайёҳлар келишини бутунлай тўхтатиб қўйди. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб карантин чекловлари жорий этилиши ички туризмни ҳам деярли тўхтатди. Оқибатда меҳмонхоналар, пансионатлар, дам олиш уйлари, аквапарклари ва бошқа истироҳат муассасалари бўшаб қолди. Умумий овқатланиш шоҳобчалари тушуми ва транспорт воситаларига талаб кескин камайди.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича кўрсатиладиган хизматлар ҳажмининг пасайиши бўйича рекорд қайд этилган соҳа – турар жой ва умумий овқатланиш хизматлари бўлди. Шунингдек, ушбу тармоқ билан боғлиқ соҳаларда, жумладан, транспорт, шахсий ва савдо хизматларида ҳам сезиларли пасайиш кузатилди. Жами 13 та фаолият тури орасида ўсиш фақат уч йўналиш бўйича – молиявий хизматлар, ахборотлаштириш ва таълим тизимида қайд этилган.
3 йилда чет эллик сайёҳлар сони 4 мартага ошди
Сўнгги уч йилда мамлакатимизга келувчи хорижлик сайёҳлар сони 4 баробар ошди. Шу уч йилда туризмни ривожлантиришга қаратилган ўнлаб ҳукумат ҳужжатлари қабул қилинди. Улар сирасига “Туризм тўғрисида”ги янги қонун, 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш концепцияси, туризм соҳасидаги бизнесга турли имтиёз ва преференциялар бериш, ушбу соҳага инвестициялар жалб қилиш ва уларни рағбатлантириш, чет эллик инвесторларга турли имтиёзлар тақдим этиш каби чора-тадбирлар киради.
2017 йил бошида фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кирувчи мамлакатлар сони 10 тадан ошмас эди. Орадан уч йил ўтиб, ушбу рўйхат деярли 10 баробар кенгайтирилди. Чет элликларга 5 кунгача мамлакатда меҳмон бўлишга рухсат берувчи визасиз транзит режими жорий этилди. Чет эл фуқароларини ҳисобга ва рўйхатга олиш тартиби анча соддалаштирилиб, электрон визаларни расмийлаштириш тартиби қабул қилинди. Визаларнинг махсус тоифалари ишга тушди:
- Vatandosh — Ўзбекистонда туғилган кишилар ва уларнинг оила аъзолари учун 5 йиллик виза;
- Student visa— чет эллик талабалар учун йиллик виза;
- Academic visa— илмий ходимлар ва ўқитувчилар учун 3 ойдан 2 йилгача бўлган виза;
- Medical visa — мамлакатга даволаниш учун вирувчилар учун 3 ойгача бўлган виза;
- Pilgrim visa— 2 ойгача бериладиган зиёрат визаси.
Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича кўрилган чоралар ва ташаббуслар кўп ўтмай ўз натижаларини берди. Хусусан, 2016 – 2019 йиллар давомида мамлакатга келган чет элликлар сони 4 баробар, “туризм” (“саёҳат”) мақсадида келганлар сони эса 6 баробар ошди.
Статистик маълумотларга кўра, хориждан Ўзбекистонга ташриф буюрувчиларнинг асосий қисми қўшни давлатлар фуқароларидир. Сўнгги бир неча йилда узоқ хориждан келганлар (собиқ Иттифоқ республикаларидан ташқари) сони ўсишига қарамай, Марказий Осиё мамлакатларидан келувчилар сони деярли бир хил суръатда ортган. Натижада, қўшни давлатлардан келадиганлар улуши (чет эллик меҳмонларнинг умумий сонига нисбатан) деярли ўзгармади ва юқори кўрсаткичдалигича қолмоқда. Бу кўрсаткич 84-87 фоизни ташкил қилади. Кейинги ўринни россиялик сайёҳлар эгаллайди: ушбу мамлакатдан келувчилар чет эллик сайёҳлар умумий сонининг 5-7 фоизини ташкил қилади. Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия биргаликда Ўзбекистонга келган хорижий меҳмонлар оқимининг 90-93 фоизини ташкил қилади.
Гарчи, Марказий Осиё мамлакатларидан ташриф буюрганларнинг умумий улуши деярли ўзгармаган бўлса-да, сўнгги 3 йил ичида ушбу меҳмонларнинг минтақа ичида давлатлараро тақсимланишида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, ушбу даврда Қозоғистондан келганлар улуши (чет эллик меҳмонларнинг умумий сонидаги) икки баробар камайди. Қирғизистон ва Тожикистон мисолида бу кўрсаткич 2,5-3 баробар ошди. Бунга Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан сиёсий, иқтисодий-ижтимоий муносабатлари тиклангани, минтақадаги интеграция жараёнлари фаоллашгани сабабдир. Туризм контекстида олиб қаралса, ўзаро муносабатларнинг тикланиши натижасида Ўзбекистонга келиб-кетган Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари сони 10 баробар ошди.
Туристлар ва қариндошлар
Ўзбекистонга келган чет эл фуқароларининг умумий оқимида қариндошларини кўриш учун ташриф буюрганлар асосий қисмни ташкил қилади. Сўнгги 3 йилда ушбу мақсадда келганларнинг улуши 77-80% дан 67% гача пасайганига қарамай, ҳозиргача салмоқли миқдорни ташкил қилмоқда. Бу мақсадда ташриф буюрганларнинг аксарияти қариндошлариникида яшаб, меҳмонхоналар хизматидан фойдаланмаса-да, зиёратгоҳлар, Самарқанд, Бухоро, Хива каби сайёҳлик марказларига боришади. Шу тариқа транспорт, умумий овқатланиш ва савдо хизматларига қўшимча талаб юзага келади.
Марказий Осиё мамлакатларидан келганларнинг кириб келиш мақсадлари бўйича тақсимланиши графикларидан ҳам кўриниб турибдики, қўшни давлатлар орасида Ўзбекистон аҳолисининг Туркманистон билан қариндошлик муносабатлари анчайин кам. Аммо Туркманистондан келаётганлар орасида минтақанинг бошқа мамлакатлари билан таққослаганда, ҳақиқий саёҳатчилар улуши сезиларли даражада юқори. 2018 йилда Туркманистон фуқаролари барча ҳақиқий сайёҳларнинг учдан бир қисмини ташкил қилди: ўша йили “туризм” мақсадида келган чет элликлар сони жами 458 минг кишини ташкил қилган бўлса, уларнинг 147 минг нафари Туркманистон фуқаролари эди. Шунингдек, Ўзбекистонга келган Россия фуқаролари орасида ҳам айнан “туризм” мақсадида ташриф буюрганлар улуши юқори. 2014-2018 йилларда Ўзбекистонга келган россияликларнинг учдан бир қисми кириб келишдан мақсад сифатида “туризм”ни қайд этган.
Ўзбекистонга ташриф буюрган чет элликларнинг умумий сонида айнан “туризм” мақсадида келганлар улуши нисбатан кичик бўлишига қарамай, сўнгги 3 йил ичида улар сони юқори суръатда ўсди. Ўтган йили ушбу мақсадда ташриф буюрганларнинг умумий ҳажмдаги улуши 7 фоиздан 13 фоизгача ўсганини кўриш мумкин.
Бир сайёҳнинг ўртача харажати қиймати келган мамлакатига қараб бошқасиникидан кескин фарқ қилади. 2019 йил бошида Давлат туризм қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, Марказий Осиё мамлакатларидан келган сайёҳларнинг ўртача харажати $60 – 160, бошқа мамлакатлардан келганларники эса $600-700 бўлган.
Пандемия шароитида туризмни тиклаш – қийин масала
Баҳор фаслининг бошида Ўзбекистон “сайёҳлар учун хавфсиз ҳисобланадиган ва коронавирус аниқланмаган мамлакатлар” рўйхатига киритилган эди. Аммо кўп ўтмай, пандемия расман бу ерга ҳам “кириб келди”. Мана, олти ойдирки, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти пандемия шароитида давом этмоқда.
Март ойининг охири ва апрель ойидан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати республика иқтисодиётига пандемиянинг таъсирини камайтириш мақсадида қатор чора-тадбирларни белгилади. Бунга мисол сифатида пандемиядан зарар кўрган иқтисодиётни тиклаш ва рағбатлантириш режалари, корхоналар, ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда жорий қилинган имтиёзларни айтиш мумкин. Ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ушбу чора-тадбирлар хизмат кўрсатиш соҳаси, шунингдек, туризмга ҳам тааллуқлидир.
Май ойининг охирида Президент Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемиясиннг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Фармонга мувофиқ, соҳада фаолият юритувчи бизнес субъектларига кўплаб имтиёзлар берилди. Фойда солиғининг 50 фоиз камайтирилиши, зарарни кейинги даврга кўчириш ҳуқуқи, сайёҳлардан олинадиган йиғимни тўхтатиб туриш, олиб келинган сайёҳлар учун мукофот тариқасида субсидиялар бериш, туроператорларнинг авиа ва темирйўл чипталари учун харажатларини субсидиялар билан қоплаш, туроператорлар, турагентлар, шунингдек, меҳмонларга тунаш учун жой берувчи корхоналар учун қўшимча ёрдам чоралари шулар жумдасидандир. Бундан ташқари, туроператорлар ва меҳмонхоналарга харажатларни маълум даражада қоплаш ва ходимларга маош бериб турилиши учун Туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан фоизсиз қарзлар ажратилиши ҳам белгиланди.
Бошқа иқтисодий соҳалардан фарқли ўлароқ, туризмни тиклаш ва жонлантириш бевосита туристлар оқимига, соҳадаги хизматлар экспорти ҳажми эса – хориждан ташриф буюрган фуқаролар сонига боғлиқ. Юқорида қайд этилган фармон имзолангач, кўп ўтмай, жорий йилнинг 19 июнида “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Ушбу қарорда сайёҳларни суғурталаш, уларга коронавирус юқтирган ҳолда 3000 АҚШ долларига қадар пул тўлаш асосий ташаббуслардан бири сифатида белгиланган.
Мамлакат ҳукуматининг туризмни тиклаш ва уни жонлантиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларига қарамай, вазиятни қисқа муддатда ўзгартириш юқорида қайд этилган омиллар сабаб – қийин масала. Бутун жаҳонда коронавирус инфекцияси ҳамон тарқалмоқда, пандемия чекинишидан ҳали-бери дарак йўқ. Бугун Ўзбекистонга ташриф буюрадиганлар улушининг катта қисмини ташкил қилувчи Марказий Осиё мамлакатлари ва Россияда ҳам аҳвол шундай давом этяпти. Шу боис, 2020 йилни туризм ва унга ёндош бошқа соҳаларда бой берилган йил, дейиш мумкин.