Сурат манбаси: pewforum.org
Фан билан дин уйғун яшай оладими? Ушбу саволни яхшироқ тушуниб олиш учун Pew Research Center тадқиқот маркази 2019 йил ёзида мусулмонлар, ҳиндулар ва буддавийларнинг кичик гуруҳи билан Малайзия ва Сингапурда батафсил суҳбатлар ташкил қилди. Жануби-шарқий Осиёдаги ушбу икки мамлакат танлангани сабаби шуки, уларда сўнгги йилларда илмий тадқиқот ва ишланмаларга анча-мунча маблағ ажратилди, шу билан бирга, Малайзия билан Сингапурда диний жиҳатдан ранг-баранг аҳоли истиқомат қилади. Суҳбат учун ҳар бир мамлакатдан ҳар бир дин вакиллари бўлмиш турли ёш, жинс, касб ва маълумот даражасига мансуб 72 киши тенг миқдорда танлаб олинди. Сўровда қатнашган кишиларнинг ҳаётида диннинг ўрни танловнинг муҳим мезони бўлди. Гарчи ушбу суҳбатларда кам миқдордаги кишилар қатнашган бўлса-да ва улар на ушбу мамлакатдаги ва на дунёдаги диний гуруҳларни тамсил этмаса-да, бу одамлар эътиқоди билан фан ўртасида қандай алоқа борлиги ёки йўқлигига қай тарзда қарашини ўз сўзлари билан ифода этганини тушуниб олиш имконини беради.
Малайзия ва Сингапурдаги 3 та диний гуруҳ вакиллари ўртасидаги муҳокамалар фан билан дин орасидаги муносабатларга ягона ва умумқабул қилинган қараш йўқлиги ҳақидаги хулосани тасдиқлади, шу билан бирга, ҳар бир диний гуруҳ ичида умумий қонуниятлар ва мавзулар борлигини аниқлаб берди. Фикри сўралган мусулмонлар дини билан фан қисман мос келиши ҳақида гапиришга мойил, баъзи кишилар улар ўртасида кескинлик мавжудлиги ҳақидаги масалаларни кўтарди. Респондент ҳиндулар, умуман олганда, фан билан динни қисман бир-бирига мос тушадиган, бироқ ўзаро мос соҳалар сифатида тавсифлади. Фикри сўралган буддавийлар эса фан билан динга муайян туташув нуқталари бўлмаган параллел концепциялар деб таъриф берди.
Ушбу мақолада таққослаш учун шунга ўхшаш тарзда олдин ўтказилган тадқиқотлар натижалари ҳам келтирилади ва Марказий Осиё мамлакатларида ўтказилган сўровлар эслаб ўтилади.
Фан динга зидми? Мусулмонларнинг фикри қандай?
Фикри сўралган мусулмонлар фан билан дин ўртасидаги муносабатлар табиати, ушбу муносабатлар уйғун ёки ўзаро зидлиги ҳақида турли-туман фикрларни билдирди. Айрим кишилар фикрича, умуман олганда, фан билан ислом ўзаро мос келишини айтиб, Қуръони каримда фан унсурлари кўп эканини ҳамда ислом дини билан фан кўпчилик ҳолларда ўхшаш нарсаларни тавсифлашга интилишини қайд этди.
“Фан соҳасидаги тадқиқотлар Қуръони карим билан боғлиқ. Дин билан фан тушунтирадиган нарсалар ўртасида ўхшашлик бор”, деди малайзиялик 25 яшар мусулмон аёл. Унинг тенгдоши ва ватандоши эса мана бундай фикрда: “Менимча, улар ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ… Назаримда, мен ҳали ҳам бу Аллоҳнинг шарофати билан рўй бераётганига ишонаман, фан бу нима учун рўй бераётгани тафсилотларини тушунтиришда ёрдам беради, холос”. 36 яшар бошқа малайзиялик қўшимча қилади: “Аслида фан билан дин бир-бирига зид эмас – одамларнинг фикрларида зиддият бор”.
Айрим мусулмонлар ушбу муносабатларни зиддиятли дея таърифлади. “Фикримча, улар кўп вақт бир-бирига қарши кайфиятда бўлади… Фан тажриба, тадқиқот, янги нарсаларни излаб топиш ёки турли имкониятларни ўрганишдир. Лекин дин мен учун жуда барқарор нарсадир”, деди 20 ёшли мусулмон қиз (Сингапур).
Мусулмонларни илмий тадқиқотларнинг муайян соҳалари орасида ҳалол бўлмаган нарсалардан (масалан, марихуана (чарс), спирт ёки чўчқа) фойдаланадиган тадқиқотлар, улар ҳомиладор бўлишнинг табиий эмас деб ҳисоблайдиган айрим технологиялари (масалан, “пробиркада пайдо бўлган чақалоқлар” ёки эр ёхуд хотиндан олинмаган генетик материал ишлатиладиган тиббиёт амаллари) ёки клонлаш диний сабабларга кўра ташвишга солади.
Бутун дунё мамлакатларида мусулмонлар ўртасида репрезентатив – ҳамманинг фикрини ифодалайдиган деб ҳисобланадиган сўров ўтказилиши фан билан дин ўртасида қандайдир зиддият бор деб қарайдиган мусулмонларнинг турли пропорцияси мавжудлигини кўрсатмоқда. Ваҳоланки, ушбу улуш тадқиқот ўтказилган мамлакатларнинг аксариятида яримдан камроқни ташкил этади. Wellcome Global Monitor тадқиқот маркази 2018 йил учун ўтказган тадқиқотда хулоса қилинишича, фан исломнинг диний таълимотларига “ҳеч қачон зид келмаган”. Бундай жавоб берган мусулмонларнинг сўров ўтказилган 51 мамлакат орасидаги энг кўп кўрсаткичи – 92 фоизи Тожикистонда қайд этилган! Бироқ ушбу масала юзасидан ўтказилган сўров ва кўрсаткич бўйича тожикистонлик мусулмонлар буддавийлар, ҳиндулар ва христианларни ортда қолдириб, барча мамлакатлардан ўзиб кетди. Ўзбекистонликларнинг фикри бошқа сўров ўтказилган мусулмон мамлакатлардагидан камроқ бўлиб, бундай жавоб берганлар сони 29 фоизни ташкил қилди.
1-жадвал. Wellcome Global Monitor тадқиқот маркази мусулмонлар фикрини билиш мақсадида сўров ўтказган мамлакатларининг қисқартирилган жадвали.
Pew Research Center тадқиқот марказининг мусулмонлар қарашларини ўрганишга бағишлаб, 2011 ва 2012 йилларда ўтказилган олдинги сўрови кўрсатишича, аксарият минтақаларда фикри сўралган кишиларнинг ярми ва ундан ортиғи дин билан фан ўртасида зиддият йўқ деб ҳисоблаган. Марказий Осиё мамлакатларидаги шундай фикрга эга мусулмонлар улуши мусулмон аҳолиси бор Европа мамлакатлари билан солиштирганда кўпроқдир.
2-жадвал.
Фан динга зидми? Ҳиндулар қандай фикрда?
Малайзия ва Сингапурда фикри сўралган ҳиндуизм дини издошлари орасида, фан билан ҳиндуизм ўзаро боғлиқ ва мос, деган фикр устунлик қилади. Респондент ҳиндуларнинг кўпчилиги ҳеч кимнинг маслаҳатисиз ўз динидаги кўҳна ғояларни замонавий фан қўллаб-қувватлашини айтди. Масалан, бир неча респондент зарчаванинг тозаловчи эритмаларда ёки миснинг сув ичиладиган финжонларда ишлатилишини тавсифлаб берди. Улар билдиришича, ҳиндулар минг йиллар давомида ушбу материаллар саломатлик учун фойда келтиришини билган, бироқ олимлар нисбатан яқинда бу зарчава билан мис микробларни қирувчи хусусиятга эга эканини тасдиқлаган.
Айрим ҳиндулар фан уларнинг диний таълимотига зид деб ҳисоблайди. Бу бошқа сўровлар натижаларига ҳам мос келади. Wellcome Global Monitor тадқиқот маркази 2018 йил учун тақдим этган ҳисоботда таҳлил учун кўплаб ҳиндулар танлаб олинган 4 та мамлакатнинг 3 тасида кўпчилик фан уларнинг диний таълимоти билан “ҳеч қачон келиша олмагани”ни айтган. Улар орасида дунёдаги ҳиндуларнинг аксарият қисми истиқомат қиладиган Ҳиндистонда фикри сўралганларнинг 2/3 қисми ҳам бор. Бундай жавобни фақат Непалдаги буддавийлар (77 фоиз) кўпроқ берган. Аммо Сингапурдаги ҳиндулар иккиланган: уларнинг ярмига яқини (48 фоиз) фан ҳиндуизм таълимотига зид келмайди, деб билади, айни чоқда ҳар 10 кишидан деярли 4 нафари (38 фоиз) қарама-қарши фикр билдирган.
Фан динга зидми? Буддавийлар қандай фикрда?
Мусулмон ва ҳиндулардан фарқли ўлароқ, буддавий респондентлар фан билан динга бошқача таъриф берди. Улар аксарият ҳолларда фан билан динни ўзаро боғлиқ бўлмаган соҳалар деб айтди.
Кўплаб буддавий суҳбатдошлар, фан билан дин турлича ва параллел соҳалар бўлгани учун бир-бирига зид бўла олмайди, деган фикрда. Шунинг учун Малайзия билан Сингапур буддавийлари, асосан, фан билан дин ўртасидаги муносабатларни мослик муносабатлари деб билади.
Респондентлардан диний сабабларга кўра ташвиш уйғотиши мумкин бўлган илмий тадқиқотларнинг потенциал соҳалари ҳақида ўйлаб кўриш сўралганда, улар сони кам экани аён бўлди. Ўша кишилар фикрича, ҳайвонларда турли нарсаларни синаб кўриш уларни ташвишга солади. Буддавий суҳбатдошлар динида жонли мавжудотларни ўлдиришдан воз кечиш муҳим экани ҳақида гапирди, шунинг учун айрим кишилар жониворларга шикаст етказадиган ёки уларни ўлдирадиган тадқиқотлардан ташвишда эканини изҳор этди.
Ушбу изоҳларнинг маъниси Wellcome Global Monitor тадқиқот маркази 2018 йил учун ўтказган сўров натижаларига мос келади. Барча 10 та мамлакатдан таҳлил учун танлаб олинган буддавийларнинг аксарияти фан уларнинг диний таълимотига “ҳеч қачон зид бўлмагани”ни маълум қилди. Бунга Сингапурдаги буддавийларнинг 59 фоизи киради. Малайзиядаги буддавийларнинг 55 фоизи ҳам худди шу фикрни билдирди. Тайвандаги буддавийларнинг бошқа мамлакатлардагидан кўпроғи (76 фоиз) фан ҳеч қачон буддизм таълимотига зид бўлмаганини айтди.
Фан динга зидми? Христианлар қандай фикрда?
Солиштириш учун шуни айтиш жоизки, бутун дунёдаги христианларнинг репрезентатив сўровлар чоғида дин билан фаннинг “орасидан гап қочгани” ёки умуман олганда, улар зиддиятга киришган ёки киришмагани хусусида турли-туман фикрлар билдирилгани аниқланган. Wellcome Global Monitor тадқиқот маркази 2018 йил учун ўтказган сўров чоғида христианларнинг ушбу масала юзасидан қарашларида катта тафовут борлигини очиб берди. АҚШда фан диний таълимотимиз билан келиша олмайди, деб ҳисобловчи христианлар кўп экан (61 фоиз). Сингапурдаги 22 фоиз, Швециядаги 18 фоиз, Қоҳоғистондаги 15 фоиз ва Чехияда 12 фоиз христианлар ҳам – улар фоизи АҚШдагидан анча кам – ўхшаш фикр билдирган. Қозоғистонда фикри сўралган христианларнинг 51 фоизи, фан бизнинг диний таълимотимиздан фарқ қилмайди, деб айтган, уларнинг 34 фоизи эса саволни жавобсиз қолдирган ёки нима деб жавоб беришини билмаслигини айтган.
Pew Research Center тадқиқот марказининг АҚШда ўтган сўровида христанларнинг кўпчилиги (55 фоиз), дин ҳақида умумий тарзда бош қотирганимизда, фан билан дин “кўпинча ўзаро зид келади”, деган. Бироқ диний эътиқоди ҳақида фикр юритган христианларнинг камроғи (35 фоиз) шахсий диний эътиқоди баъзан фанга зид келишини билдирган; АҚШ христианларининг кўпчилиги (63 фоиз) улар ўзаро зид келмайди, деб билади.
Ушбу умумий қараш христианлар фан билан дин ўртасида нимани зиддият деб билишини тасаввур қилиш имконини беради. Марказ сўровига қўшилиб берилган очиқ саволга, фан менинг шахсий эътиқодимга зид, деб жавоб берган респондентларга зиддиятнинг 3 тагача бўлган соҳасини кўрсатиш таклиф этилди. Христианлар бошқалардан кўпроқ коинотнинг яратилиши, жумладан, эволюция – тадриж ва “Улкан портлаш”ни тилга олди (кўпроқ фан билан шахсий эътиқоди ўртасида зиддият кўрган АҚШ христианларининг 38 фоизи шундай жавоб берди). Респондентлар яна кенг қамровли кескинлик, жумладан, одам (Худо эмас) “асосий” экани, мўъжизаларга ёки Инжилда баён қилинган воқеаларга ишониш (26 фоиз) ғоясини ҳам тилга олди. Бошқалар ҳаётнинг бошланиши, абортлар ва одам эмбрионлари иштирокидаги илмий технологиялар (12 фоиз) ва бошқа тиббий амалиётлар (7 фоиз) билан боғлиқ зиддиятларни эслаб ўтди.
Тадриж: мусулмонлар
Тадриж масаласи кўплаб респондент мусулмонларда келишмовчиликларни келтириб чиқарди, улар кўпинча тадриж назарияси одамларни Аллоҳ яратган деган ислом принципига – қатъиятига мос келмаслиги ҳақида сўз юритди. Тадриж ҳам христианлар учун универсал нуқтаи назар бўлмаса-да, кенг тарқалган. Аксинча, яратувчиси бўлмаган дин издошлари бўлмиш буддавийлар, кўп худоли эътиқод издошлари ҳиндулар на шахсий эътиқоди, на тадриж дин билан қандай келишиши ҳақидаги қарашларида зиддият кўрмас экан.
Респондент мусулмонлар одатда тадриж назарияси билан одам ҳаётининг келиб чиқиши, хусусан, Худо одамларни ҳозирги кўринишида яратган ҳамда барча кишилар Одам ато билан Момо Ҳаводан тарқалгани ҳақидаги ўз диний эътиқоди ўртасида зиддият мавжудлиги хусусида гапирди. Бошқалар эса тадриж фақат фақат назария экани, унинг ҳақиқийлиги исботланмаганини таъкидлади.
Бироқ одамлар тадриж жараёнида маймундан келиб чиққани ҳақидаги назарияни қабул қилган мусулмонлар гуруҳи ҳам бор, лекин улар бу назария ислом таълимотидан оғиш деб ҳисоблайди.
Pew Research Center тадқиқот маркази 2011 ва 2012 йилларда мусулмонлар фикрини сўраб билиш бўйича ўтказган сўров кўрсатишича, мусулмонларнинг муайян фоизи одамлар ва бошқа жонли мавжудотлар вақт ўтиши билан такомиллашиб борган деб ҳисоблайди. Масалан, Малайзияда катта ёшдаги мусулмонларнинг 37 фоизи одамлар ва бошқа жонли мавжудотлар вақт ўтиши билан такомиллашиб борганига ишонишини маълум қилди. АҚШда америкалик мусулмонларнинг тадриж ҳақидаги қарашлари деярли тенг иккига бўлинди: 45 фоиз кишилар, одамлар ва бошқа жонли мавжудотлар вақт ўтиши билан такомиллашиб борган деса, 44 фоиз кишилар улар вақт бошлангандан бери ҳозирги кўринишида мавжуд бўлиб келяпти, деб билади.
Марказий Осиёда мусулмонларнинг энг кам қисми (37 фоизи), Қозоғистонда эса кўпчилиги (79 фоиз) тадрижга ишонади, бу фикри сўралган мусулмон мамлакатлари аҳолиси ўртасидаги энг йирик кўрсаткичдир. Ўзбекистон билан Қирғизистонда, фикри сўралган кўплаб бошқа мусулмон мамлакатларидаги каби, одам ва бошқа мавжудотлар такомиллашиб борганига ишонувчи мусулмонлар фоизи фикри сўралганларнинг ярмидан кўпини ташкил қилди.
3-жадвал.
Тадриж: ҳиндулар ва буддавийлар
Тадриж фикри сўралган ҳиндулар учун зиддиятни англатмайди. Ҳиндуизмда фан унсурлари мавжудлиги ҳақидаги мавзуга оид изоҳларга биноан, кўпгина респондентлар тадриж концепцияси уларнинг диний таълимоти асосини ташкил этишини билдирди.
Сўровда иштирок этган буддавийлар уларнинг дини билан тадриж ўртасида зиддият йўқлигини ва ўзлари шахсан бунга ишонишини таъкидлашга мойиллик кўрсатди. Айрим кишилар дини одамларнинг келиб чиқишига боғлиқ экани хусусида умуман ўйламаслигини қўшимча қилди.
Ушбу масала бўйича глобал сўров маълумотлари чекланган. Бироқ 2014 йили Pew Research Center тадқиқот маркази диний ландшафтни ўрганиш бўйича ўтказган сўров натижалари кўрсатишича, АҚШдаги буддавийларнинг 86 фоизи, ҳиндуларнинг 80 фоизи, одамлар ва бошқа тирик мавжудотлар вақт ўтиши билан такомиллашиб боради, деб ҳисоблашини айтган. Уларнинг аксарияти, бу табиий жараёнлар натижасида рўй берган, деб ҳисоблар экан.
Тадриж: христианлар
Бутун дунёда христианлар ўртасида ўтказилган сўровлар шаҳодат беришича, фикри сўралган кишиларнинг аксарияти одамлар ва бошқа тирик мавжудотлар вақт ўтиши билан такомилллашиб боргани хусусида фикрга қўшилади. Pew Research Center тадқиқот маркази Марказий ва Шарқий Европада ўтказган тадқиқотлар далолат этишича, айни минтақадаги кўпчилик мамлакатларнинг аксарият христианлари одамлар ва бошқа тирик мавжудотлар вақт ўтиши билан такомиллашиб борганига ишонади.
Америкалик христианларнинг қарашлари ҳам тахминан шундай: Pew Research Center тадқиқот маркази 2018 йилда ўтказган сўровда 58 фоиз киши одамлар ва бошқа тирик мавжудотлар вақт ўтиши билан такомиллашиб борганини, 42 фоиз киши эса улар ҳозирги ҳолатида ҳар доим мавжуд бўлганини айтган.
Бироқ савол қандай берилишига қараб, одамларнинг тадриж ҳақидаги жавоблари ўзаро фарқ қилиши мумкин. Pew Research Center тадқиқот маркази 2018 йилда одамларнинг келиб чиқиши ҳақидаги масалага бағишлаб ўтказган тадқиқот кўрсатишича, одамлар Худо ва олий куч раҳбарлигида такмомиллашиб борган, деб гапиришга имконият берилганда, оқ танли Инжил протестантлари, қора танли протестантлар ва католикларнинг кўпчилиги тадрижга ишонишини қайд этган.
Дин билан биотехнология соҳаларини ўзаро боғлайдиган нуқталар
Сўровда қатнашганлардан аёлларнинг ҳомиладор бўлишига ёрдам берадиган янги технологиялар, чақалоқлар учун генларни таҳрир қилиш ва ҳайвонларни клонлаш сингари биотехнология тадқиқотларининг 3 та муайян соҳасидан хабардорлиги ва уларга оид қарашлари ҳақида сўзлаб бериш сўралди.
Ҳатто ушбу технологиялар тарафдорлари орасида ҳам одамлар ё ушбу масалада дини қандай мавқеда эканини билмагани, ёки бошқа – каттароқ ёшдаги, консервативроқ ёки диндорроқ – кишилар бунга қарши бўлиши мумкин, деб ўйлагани маълум бўлди.
Респондент мусулмонлар уруғлантиришда ёрдам берадиган технологияларни ёқлашга мойил. Айрим мусулмонлар таъкидлашича, ушбу технологияларни муайян мезонларга амал қилинган, хусусан, технологияларни эр-хотин ва уларнинг ўз генетик материалидан фойдаланилган ҳолда қўллаш мумкин.
Айрим мусулмонлар суррогат оналикдан, хусусан, ислом дини никоҳга бегона кишиларни жалб этишни тақиқлашини, суррогат оналик аслида никоҳга учинчи шахс қўшилишини англатишини айтиб ташвиш билдирди. Тадқиқотда иштирок этган бир қанча бошқа мусулмонлар диний жамоат етакчилари билан маслаҳатлашиш зарурлигини эслатди, бу ислом динидаги кўплаб баҳсли масалаларни ечишда оддий ҳол ҳисобланади.
Генларни таҳрир қилишга оид фикрлар бир-биридан кескин фарқ қилди. Фикри сўралганлар, динидан қатъи назар, болани гумоналик давридаёқ касалликдан тузатиш ёки унда ёши ўтгандан сўнг пайдо бўлиши мумкин бўлган касалликнинг олдини олиш ғояси фойдали бўлишини ва генларни таҳрир қилишда фойдаланиш мумкинлигини таъкидлади. Лекин улар генларни косметик сабабларга кўра таҳрир қилиш масаласига салбий фикр билдирди.
Клонлашга бўлган қарашлар ҳам шартли бўлди. 3 та дин вакиллари ҳам одамларни клонлаш ғоясини ёқламаслигини айтди. Бироқ умуман олганда, респондентлар ҳайвонларни клонлаш амалиётини қабул қилиш мумкинлигини изҳор қилди. Кўплаб фикри сўралганлар тахмин қилишича, ҳайвонларни клонлаш жамиятга кўпроқ одамларни боқиш учун гўшт етиштириш ёки деярли қирилиб кетган ҳайвонларни сақлаб қолишда ёрдам кўрсатиш сингари фойдали натижалар беради.
Айрим хавотирлар диний анъана ва қадриятларга асосланган эди. Масалан, асосан, респондент мусулмонлар яратиши мумкин бўлган Худо ягона бўлиши кераклигини таъкидлади.
Тадқиқотда иштирок этган ҳиндулар ва буддавийлар генларни таҳрирлаш ва клонлаш билан боғлиқ хавотирларини билдирди. Улар фикрича, бундай илмий усуллар карма (одамнинг тақдирини белгилаб берадиган ишлар ва уларнинг оқибатлари) ва реинкарнацияга (қайта тирилиш) аралашиши мумкин.
Диний тафовутлар респондентлар давлатнинг илмий тадқиқотларга киритадиган инвестициялари қиймати ҳақида бош қотираётганда йўқолиб кетади.
Фаннинг барча жиҳатларига ҳам дин призмаси орқали қаралмайди. Тадқиқот давомида суҳбатда қатнашган кишиларнинг аксарияти, динидан қатъий назар, илмий тадқиқотлар, жумладан, тиббиёт, муҳандислик иши ва технологияларга инвестиция киритишни зарур деб тавсифлади. Буни, умуман олганда, малайзияликлар ҳам, сингапурликлар ҳам маъқуллади.
Иккала мамлакатдаги респондентлар фан соҳасига киритилиши керак бўлган инвестицияларни иқтисодий тараққиёт, шунингдек, оддий кишилар ҳаётини яхшилашни рағбатлантириш йўсини деб атади. Одамлар кўпинча тиббиёт соҳасига инвестиция киритилишига алоҳида иштиёқ билан муносабат билдирди ҳамда инвестицияларнинг ўз мамлакатидаги тиббий инфратузилма ва тобора қариб бораётган аҳолига ёрдам кўрсатишни яхшилаш потенциали ҳақида гапирди.
Бироқ бошқа кишилар давлат инвестицияларига нисбатан бир оз ишончсизлик билан гапирди, чунки ҳукумати тадқиқотлар кутилган натижа беришини таъминлаш учун етарли иш қилмаётибди ёки тадқиқот жамиятга бевосита фойда келтирмаяпти, деб ўйлайди.