Суратда: 23 август куни Минксда бўлиб ўтган намойишлар, манба: газета.ru (www.gazeta.ru)
Муаллиф: Бекзод Зокиров – сиёсатшунос, Токио университетининг докторанти (Япония)
Ғарб ва Россиянинг геосиёсий тўқнашув чизиғида жойлашган Беларусь сўнгги 26 йил давомида Александр Лукашенко томонидан бошқарилади. 1994 йилдан буён ўтказилган президентлик сайловларида устунлик қилган Лукашенко учун навбатдаги 9 августда ўтказилган сайловлар ҳам силлиқ кечиши шубҳасиз эди. Ўтган давр мобайнида бир неча марта ўтказилган сайловларда катта тажрибага эга ҳукуматнинг ҳеч қандай сиёсий ҳамда молиявий кучга эга бўлмаган оддий шахс – Тихановскаянинг сайловдаги иштирокига рози бўлиши буни тасдиқлайди.
Аммо, бу сафар ички сиёсий жараёнларни бошқаришга бўлган ишонч панд берди, улар ўз измидан чиқа бошлади. Сайлов натижалари Лукашенко сайловда 80% овоз билан ғалаба қозонганини кўрсатсада, Тихановская атрофида бирлашган мухолифатнинг сайловлар сохталаштирилгани иддаоси ортидан мамлакат тарихидаги энг катта намойишлар бошланиб кетди. Бу норозиликлар мамлакатнинг деярли барча йирик шаҳарларига ёйилиб тобора кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда бу вазиятга дунё ҳамжамияти четдан кузатувчилик позициясини эгаллаган. Европа Иттифоқи эса, сайлов кузатувига вакил жўната олмаган бўлсада, натижаларни ҳаққоний эмас, деб тан олди, аммо ҳукуматга нисбатан санкциялар қўллашда ҳозирча шошмаслик йўлини танлади.
Беларусдаги вазият нафақат ҳукумат юқори қатлам амалдорларини, балки собиқ иттифоқ ҳудудидаги таҳлилчиларни ҳайратга солиб, бир қатор жумбоқли саволларни ўртага ташламоқда:
Нима учун 26 йил давомида ҳокимиятни мунтазам бошқариб турган Александр Лукашенко бугунги кунга келиб норозиликларга учради? Аҳолини бугунги кундаги сиёсий фаоллашишини сабаби нимада? Давлат раҳбарининг юзага келган вазиятни назорат остида ушлаб туришга бўлган ишончи қайси омилларга таянади?
Лукашенко ва Беларусь
Беларусь давлатининг сиёсий ва иқтисодий ривожланиши амалдаги президент Александр Лукашенко шахсияти билан чамбарчас боғлиқ. А.Лукашенко 1994 йилги Беларусь тарихидаги энг очиқ президентлик сайловида коммунистларнинг етакчиси Вячеслав Кебичга қарши 80 фоиз овоз билан сайланган эди. Ёш ва ғайратга тўла А.Лукашенконинг жамиятда тартибни ўрнатиш ва коррупцияга қарши кураш каби ғоялари иттифоқ парчаланишидан кейинги ўзгаришлардан тинкаси қуриган халқ учун айни муддао эди. Лукашенко ҳокимиятга келиши биланоқ, мустақилликдан кейин бошланган бозор ислоҳотлари, хусусан оммавий хусусийлаштириш сиёсатига чек қўйди. У ўзининг янги иқтисодий сиёсатини совет давридан мерос ва Беларусь иқтисодиёти учун муҳим бўлган корхоналар, хусусан Минск трактор заводи (МТЗ), Минск юк машиналари заводи (МАЗ), нефтни қайта ишлаш ва ўғитлар ишлаб чиқарадиган корхоналар устидан давлат назоратини мустаҳкамлашга қаратди. Яқин кунларгача, давлат иқтисодиётда ўз иштирокини деярли 60 фоизгача сақлаб қолган ҳолда, меҳнат бозорида аҳолини иш билан таъминлаб келди. Бу ҳолат сиёсий ҳокимият учун икки жиҳатдан, давлат бюджетининг барқарорлиги ва жамиятда ишсизлик даражасини ҳамда бошқа ижтимоий масалаларда назоратни таъминлаш учун жуда муҳим эди.
Албатта, юқорида қайд этилган шароитларда шаклланган иқтисодиётни ривожланиши қийин масала. Беларусь иқтисодиётини барқарор ушлаб туришда қўшни давлат Россиянинг молиявий кўмаги яна бир муҳим омил ҳисобланади. Авваламбор, Россия Беларусда ишлаб чиқариладиган кўплаб маҳсулотлар учун (саноат товарларидан тортиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларигача) асосий ва йирик бозор ҳисобланади. Мамлакат ташқи савдосининг 40 фоиздан ортиғи Россия билан чамбарчас боғлиқ. Шунингдек, мамлакат ЯИМнинг деярли тўртдан бир қисми Россиядан арзон нархларда сотиб олиниб, Европа давлатларига экспорт қилинадиган энергия маҳсулотларига қарам. Аммо, сўнгги йилларда юзага келган молиявий инқирозлар ҳамда сайлов олди харажатлар ҳукуматни қийин аҳволга солиб қўйди. Иқтисодий қийинчиликлар натижасида ҳукумат сиёсий барқарорликни ушлаб туришда иқтисодий ёрдамлардан тинчлик ва ташқи кучларга қарши курашиш ғоялари томон оға бошлади.
Норозиликнинг асл моҳияти нимада?
26 йил давомида сиёсий барқарорликни қўлдан бермаган Лукашенко ҳокимияти нега энди айнан бугунги кунга келиб оммавий норозиликларга дуч келди? Аслида Беларусь жамияти фақат 2020 йилга келиб сиёсий фаоллашди, дейиш тўғри эмас. Яқин тарихга назар солсак, ушбу мамлакатда норозиликлар 2010 йилдан буён сурункали давом этаётганини кузатиш мумкин. 2010 йилги сайловдаги ноҳақликларга қарши оммавий норозилик, 2017 йил “паразит” солиғи ортидан келиб чиққан норозиликлар ва ниҳоят 2018 йилги намойишларни мисол келтириш мумкин. Шу маънода, бугунги кундаги намойишлар йиллар давомида тўпланиб келган норозиликларнинг чўққига чиқиш нуқтаси, деса ҳам бўлади.
Аммо, жамиятни кўп қисмини қамраб, ҳалигача давом этаётган намойишлар Беларуснинг сиёсий ривожланиши асосида ётган омилларни очиб бериши нуқтаи назаридан бошқаларидан ажралиб туради. Қисқа қилиб айтганда, бугунги халқ норозиликлари замирида Лукашенко ҳокимияти назорат қила олмаган икки муҳим сабаби бор, десак бўлади. Булар – жамиятда содир бўлган узоқ муддатли ўзгариш ва яқин йиллардаги ҳодисалар.
Биринчидан, Беларусда бугун содир бўлаётган оммавий норозиликлар авлод алмашинуви билан чамбарчас боғлиқ. Лукашенконинг 26 йиллик бошқаруви даврида дунёқараши собиқ иттифоқ даврида шаклланган авлодникидан тубдан фарқ қиладиган, янги маълумотларни давлат телеканалларидан эмас, балки Telegram, YouTube ва Facebook каби ижтимоий медиалардан қабул қиладиган ва қўшни Европа давлатларидаги иқтисодий фаровонлик ва сиёсий эркинликка ҳавас қиладиган янги авлод шаклланди. Мисол сифатида айтсак, Беларусь Шенген визасини олиш бўйича собиқ иттифоқ ҳудудидаги давлатлар орасида энг юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Ҳукуматга ишонмай қўйган ёш авлод, ушбу тузум улар орзу қиладиган келажакни бера олишига ишонмайди.
Ёш авлоднинг янги қарашларини пайдо бўлишида яқин йилларда қўшни Украинада содир бўлган вазият ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Шу жиҳатдан ҳам бугунги норозилик ҳаракатларида ёш белорусларнинг муҳим рол ўйнаётгани ажабланарли эмас. Аслида, ёш авлод шаклланиши ҳар доим ҳам ижтимоий портлашга олиб бормайди. Аммо, Лукашенко ҳукуматининг жамиятни фақат маълум қатламига ҳаддан зиёд эътибор бериши, сиёсий лидерликни жамиятдаги ўзгаришлардан бехабар қолиб, вақтида чора кўрилмаганлиги шу ҳолатга олиб келди.
Узоқ муддатли ўзгаришлардан ташқари, кузатилаётган норозиликлар ортида, албатта, яқин йиллардаги ўзгаришлар ҳам турибди. Булардан энг муҳими 2012 йилдан кейинги Беларусь иқтисодиётининг турғунлик ҳолати ва ўсиб бораётган ташқи қарз натижасида аҳолини мазкур ҳукуматнинг келажагига бўлган ишончининг сўниб бориши билан ҳам боғлиқ. Беларусь иқтисодиётининг асосий таянчларидан бири бўлган нефть нархининг 2014 йилдан кейин кескин тушиши ҳамда ички маҳсулот экспортининг пасайиши давлат бюджетини қийин аҳволга солиб қўйди. Давлат бюджетини тўлдириш учун ҳукумат 2015 йил ишсизларга нисбатан “паразит” солиғини тадбиқ қилди. Бу эса ўз навбатида катта оммавий қаршиликларга учради ва кейинчалик 2017 йилда бекор қилинди. Аслида 2017 йилги норозиликлар кескинлашиб бораётган иқтисодий вазиятни кўрсатиб берган эди. Яқинда ўтказилган сўровномага кўра, мамлакат аҳолисининг 65–85 фоизи мамлакат жиддий ислоҳотларга муҳтож деган фикр билдиришган. Шунингдек, Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, пандемия оқибатида Беларусь иқтисодиёти 5 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бу мустақилликдан кейинги даврда кузатилаётган энг юқори даражадаги иқтисодий рецессия ҳисобланади. Буларнинг барчаси ҳокимиятнинг легитимлигига катта зарба берди.
Ниҳоят, мамлакат аҳолисини жунбушга келтирган сабаблардан яна бири – бу давлат раҳбарининг пандемия асоратлари билан курашдаги катта эътиборсизлиги бўлди. Вирус билан зарарланганлар сони кундан кунга ошиб борсада, президент Лукашенконинг вазиятга жиддий қарамасдан, трактор ҳайдаш билан вирус тузалади каби маслаҳатлари ёки вирусдан вафот этганларни айбдор дейиши унинг Чернобил ҳалокати ҳанузгача ёдидан чиқмаган халқ олдидаги бор мавқеини тушириб юборди. Қийин вазиятда халқ пандемия билан курашиш ташаббусини ўз бўйнига олиб, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ва асбоб-ускуналар етказиб бериш учун бутун жамиятни сафарбар қилди. Бундай ижтимоий ҳаракат маҳаллий аҳолинининг салоҳияти, ўзига бўлган ишончини ошириши билан бирга унинг сиёсий фаоллашувига ҳам замин яратди.
Беларуснинг келажаги
Оммавий намойишлар кундан кунга кучайиб бораётган бўлсада, Александр Лукашенконинг жорий вазиятни назоратида ушлаб туришига бўлган ишончи кўпчиликни ҳайратлантираётган бўлса ажаб эмас. Арманистон, Украина ва Қирғизистон каби собиқ иттифоқ давлатларидан фарқли ўлароқ, Беларусдаги вазият бироз бошқача.
Низоли вазиятдан чиқишга уринаётган Лукашенко олдида учта йўл мавжудлиги кўринади: қайта сайлов ўтказиш, ҳокимиятдан кетиш ёки қандай бўлмасин вазиятни ўз фойдасига ўнглаб олиш. Биринчи йўл амалдаги президент учун ёмон оқибат билан тугаши мумкин. Аслида, Лукашенко ҳокимиятининг катта хатоси аввал бошидан Тихановская каби оддий халқ вакилининг сайловда иштирок этишига йўл қўйиб бериши эди. А.Лукашенконинг фақат референдум ўтказиш шарти билан қайта сайлов ўтказишга розилиги, бу танлов хақиқатдан бироз йироқлигини кўрсатади. Иккинчи йўл – ҳукуматдан кетиш охир оқибат ҳибсга олиб бориши мумкинлиги сабабли бу танлов, нафақат амалдаги президент шахси, балки бутун юқори қатлам амалдорлари учун ҳам жуда хатарли.
Юқорида айтилган фикрдан келиб чиққан ҳолда, Александр Лукашенко учун фақат ягона йўл мавжуд: ҳукумат тепасида узоқ муддатда қолиш. Бунинг учун у юмшоқ куч ишлатиш усули билан халқни ҳовуридан тушириб, вазиятни ўз назоратига олишга ҳаракат қилади. Лукашенко ҳокимияти мамлакат аҳолиси олдида ўз легитимлигини сезиларли даражада йўқотган бўлсада, уч сабаб уни муайян муддатга давлат бошқаруви тизимида қолишини таъминлаши мумкин. Биринчи сабаб, хавфсизлик хизмати элитасининиг Лукашенко ҳокимиятига жуда содиқлиги. Олимларнинг фикрича, мамлакатда кузатилаётган ҳаракатларнинг муваффақиятга эришиши хавфсизлик хизматининг жорий ҳукуматни қўллаб қувватлашдан воз кечишига боғлиқ. Иккинчидан, мавжуд мухолифат аниқ марказлашган куч, молиявий мадад ҳамда сиёсий тажрибага эга эмас. Ва ниҳоят, Беларуснинг амалдаги ҳукумати Украинадаги муваффақиятсизликдан сабоқ олган Европа Иттифоқи ва Россия каби ташқи кучларнинг босими остида қолмаган. Лукашенко агар мухолифатга қарши репрессияга қўл урмаса, яхшиланган муносабатларни сақлаб қолишдан манфаатдор Ғарб унга нисбатан санкцияларни қўлламаслиги ва Россия учун ҳар доим керакли ҳамкор эканлигига ишонади. Бу сабаблар амалдаги давлат раҳбарини яқин орада ўз лавозимида қолиш эҳтимолини оширади, дейиш мумкин.