Профессор Скотт Ливайнинг “The Bukharan Crisis: A Connected History of 18th-Century Central Asia” (“Бухоро инқирози: XVIII аср Марказий Осиёсининг боғланган тарихи”) китобини Питтсбург университети нашриёти 2020 йилда чоп қилди.
XVIII асрнинг биринчи ярмида Марказий Осиёдаги Бухоро хонлиги инқирозга юз тутди ва шундан сўнг ўнгланиб кета олмади. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ тарзда ҳосилнинг кетма-кет битмай кетиши ва очарчилик, минтақа бозорида кумушга бўлган талаб, ўқдори ва қурол-яроғ ишлаб чиқариш технологиясидаги инновациялар, шунингдек, қўшни мамлакатларда рўй берган сиёсий ўзгаришлар давлатга катта зиён етказди. Шу пайтгача ушбу инқироз сабаблари минтақанинг замонавий глобаллашувнинг дастлабки таъсирларидан изоляцияда бебаҳра қолиб келаётгани билан тушунтирилаётган эди. Ливайнинг китобида ушбу тушунтириш минтақадаги дастлабки шарқшунослик тадқиқотлари нотўғри реликти – қолдиқ нарсаси сифатида рад этилади.
Скотт Ливай бунинг ўрнига ўзининг Бухоро инқирози замирида ётган бир қанча омилларни таклиф этади. Айримлари ўзаро боғлиқ бўлса, айримлари – автоном, айримлари узоқ давр мобайнида ривожланиб келган бўлса, бошқалари тўсатдан карахтликка солиб қўйган, аммо ҳаммаси XVIII аср бошига келиб Бухоро хонлиги ва унга боғлиқ бўлган кишилар бахтига қарши ўзаро қўшилиб кетган. Ливай Марказий Осиё тарихини илк замонавий Евроосиё ва жаҳон тарихидаги яқинда ўтказилган йирик тадқиқотларга нисбатан қўллаш орқали таҳлилнинг интегратив тузилмасини татбиқ этади.
Скотт Ливай New Books Network подкастида шулар ҳақида батафсил ҳикоя қилади. Қуйидаги мақолада унинг мазмуни умумлаштириб таржима қилинган
Профессор Скотт Ливай илк замонавий даврга оид Марказий Осиё ижтимоий ва иқтисодий тарихи бўйича тадқиқотлар олиб боради ва шу соҳага ихтисослашган. У илмий журналларда чоп қилинган кўплаб мақолалар, шунингдек, Қўқон хонлигининг гуллаб-яшнаши ва инқирози; Ҳиндистон ва Марказий Осиёдаги савдо-сотиқ ва маданият, “Буюк ипак йўли” карвонлари ва бошқа кўплаб нарсалар ҳақидаги китоблар муаллифидир. Рон Села билан бирга 2010 йилда Индиана университети нашриётида чоп этилган “Исломий Марказий Осиё: Тарихий манбалар антологияси” тадқиқотининг ҳаммуҳаррирларидан биридир. 2011 йилда Огайо штати университети уни энг яхши ўқитувчи сифатида эътироф этган эди, бугунги кунда ушбу университетнинг тарих факультетига раҳбарлик қилмоқда. Скотт Ливай яна Оксфорд тадқиқот энциклопедиясининг Осиёдаги савдо муносабатлари тарихи бўйича бош муҳарриридир.
Фарғона водийси, айнан Қўқон хонлиги тарихи тарихчини анча вақтдан бери қизиқтириб келаётган эди. Ўтказган тадқиқотлари асосида дастлаб Қўқон ҳонлиги, кейинчалик Қўқон хонлиги пайдо бўлишидан олдин XVIII асрда рўй берган Бухоро хонлиги инқирози ҳақида ҳақида китоб ёзди.
Маълумки, ўрта асрларда глобал алоқалар маркази бўлган Марказий Осиё минтақаси замонавий давр бошланиши билан дунёнинг “орқа ҳовлиси”га айланиб қолди. Одатда бундай таназзул қуруқлик бўйлаб савдо-сотиқнинг пасайиб кетиши, айниқса, Атлантика ва Ҳинд океанларида денгиз ташувлари ўсиши билан изоҳланади. Лекин бу Марказий Осиё учун минтақа ушбу ўзгаришлар оқибатида ташқи дунё билан барча мулоқот воситаларидан айрилганини ёки унинг жаҳон иқтисодий тузилмалари билан алоқалари ундан ҳам теранроқ бўлганини англатармиди? Тарихшунослик, камида Ғарбдаги тарихшунослик узоқ вақт биринчи масалага урғу бериб келди, лекин Ливай минтақа ҳеч бир тарзда ташқи дунё билан алоқаларини узмаган ва бу айни ҳолатда унинг ўзига зарар келтирган деб ҳисоблайди, чунки глобаллашув ҳодисаси яхши ёки ёмон бўлиши мумкин эмас, ҳар доим ундан сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий маънода ютувчилар ва ютқазувчилар бўлади.
Марказий Осиё ҳақидаги изоляцияга тушиб қолган минтақа сифатида хато тасаввур қисман “Буюк ипак йўли” концепциясидан келиб чиқади. Китобнинг иккинчи бобида ушбу концепция ўртага ташлангандан бери батафсил кўриб чиқилади (атамани Фердинанд фон Рихтгофен 1877 йилда истеъмолга киритган эди). Ливайга кўра, вақт ўтиши билан “Ипак йўли” концепцияси соддалаштирилди, шу сабабли “Ипак йўли” ҳақидаги айрим назариялар нотўғри, ҳатто бир-бирига зид ҳам келади. Ливай ҳам ислом декаданси – тушкунлик даври ёки ислом жамоатлари таназзулини тадқиқ қилган дастлабки шарқшуносликнинг ўзига хос хусусиятларига эътибор қаратади, шу тахлит Европа империализми ва унинг ислом давлатларини мустамлака қилиб олиши билан боғлиқ муваффақиятини тушунтириб бермоқчи бўлади. Ушбу соҳадаги тадқиқотлар билан яхши таниш муаллиф учун Усмонлилар салтанати ва Бухоро хонлиги таназзулини нотўғри талқин қилиш ўртасидаги параллеллик яққол кўзга ташланиб қолади. Европаликлар қандай қилиб Ҳинд океанида устун мавқега эришгани, шу сабабли Марказий Осиёнинг ташқи дунё билан алоқалари инқирозга юз тутгани ва ислом таназзули билан бирга Марказий Осиёда бутун бошли цивилизацион пасайиш рўй бергани ҳақидаги ҳикоялар дастлабки замонавий Марказий Осиёни тушуниб олишга халақит беради. Ушбу изоҳ қуруқликдаги Хитой билан Европани туташтирувчи савдо йўллари бўйлаб савдо-сотиқ минтақанинг ягона тижорат фаолияти бўлган деган фикрга таянади. Марказий Осиё савдо-сотиқ тарихига синоцентрик – ҳамма нарсанинг марказида Хитой туриши ҳақидаги хато қараш минтақа иқтисодиётининг кичик бир қисми, холос. Бироқ Марказий Осиёнинг ташқи савдосида ҳеч қачон Хитой товарларини Европага ташиб ўтказиш устунлик қилмаган. У жуда мураккаб бўлган ва минтақа қўшнилари билан қандай боғланганини, шунингдек, ушбу алоқалар вақт ўтиши билан қандай ўзгарганини тушуниб олиш учун Марказий Осиёнинг савдо-сотиқ тарихини ўрганиш масаласига жиддийроқ ёндашиш зарур бўлади.
Шунинг учун Ливай бутун китоби давомида Марказий Осиё тарихини жаҳон тарихи ва турли тарихий вилоятлар билан боғлаш масаласига алоҳида эътибор қаратади. У Усмонлилар салтанати тарихидан ташқари Хитой тарихи, Ҳинд океани тарихи, Россия тарихининг айрим масалаларини ҳам батафсил ўрганиб чиқади. Яна Европа ва Америка тарихи, илк замонавий ҳарбий давлат тўнтариши ва глобал иқлим инқирозлари ҳақидаги тарихни ҳам қўллаши мумкин бўлади.
Тарихчилар ўша даврдаги (тахминан, 1500 йилдан Россия империяси истило қилгунга қадар бўлган) Марказий Осиё тарихини турлича тавсифлайди. Кўпинча у “ўзбеклар даври” деб аталади, чунки ўша пайтга келиб, ўзбек қабилалари минтақадаги асосий сиёсий кучга айланган эди. Фикр юритилаётган минтақа Орол денгизининг жанубий қисми, Эроннинг шимолий қисми, ғарбий Тяншан, ғарбий Шинжонни ўз ичига олади. Бироқ Ливай ушбу даврни “ўзбекларники” деб аташ эҳтимолий муаммоларга сабаб бўлишини эслатиб, уни “дастлабки замонавийлик” деб аташни маъқул билади, чунки ўша пайтда йирик Евроосиё ва ҳатто глобал тарихий жараёнлар Марказий Осиёда рўй бераётган жараёнларни шаклллантираётган, бинобарин, Марказий Осиё ушбу умумжаҳоний ўзгаришлардан четда қолмаётган эди.
Одатда Бухоро хонлигининг заифлашиб қолиши сўнгги аштархонийлар Убайдуллахон II (1701—1711) ва Абулфайзхон (1711—1747) ҳукмронлиги билан боғланади, улар ўрнини манғитларнинг ўзбеклар сулоласи эгаллаб, Бухоро амирлигини ташкил этган ва 1785 йилдан 1920 йилга уни бошқарган эди. Айрим тарихчилар Бухоро хонлиги инқирозини илк замонавийлик даврига нисбат беради, бироқ Ливайга кўра, гарчи инқироз XVIII асрнинг биринчи ярмида жиддий тус олган бўлса-да, унинг илк аломатлари 1640-йилларда юз кўрсата бошлаган.
Бухоро хонлигига асос солган Шайбонийлар сулоласи апанаж тизимини жорий қилгач, қироллик оиласининг тож кийиш насиб этмаган аъзолари мерос тариқасида ерни мулк қилиб ёки пул маблағи оладиган бўлди. Ливай фикрича, хонлик сиёсий тизимининг марказлашувдан қочиш асосини ташкил этувчи апанаж тизими бир қанча сабабларни оғирлаштириб, оқибатда давлат таназзулига олиб келди. Апанаж тизими дастлаб хон оиласи аъзолари ўртасидаги рақобатга, кейинчалик эса ер-мулкнинг марказлашган бошқарувдан чиқиб кетишига сабаб бўлди.
Бухоро хонлиги инқирозига давлат тузилмасининг марказлашувдан чиқиб кетиши билан бирга маълум маънода Буюк мўғуллар салтанати парчаланиши ва қулаши, шунингдек, Марказий Осиё билан Ҳиндистон ўртасидаги савдо муносабатларининг заифлашуви ҳам таъсир кўрсатди. Лекин шу ҳолатда ҳам Марказий Осиёнинг савдо-сотиғи фақат транзит савдодангина иборат бўлмаган. Марказий Осиё бозорларида Ҳиндистон тўқимачилик маҳсулотларининг сотилиши муҳим аҳамиятга эга бўлган, лекин бу Марказий Осиё савдо иқтисодиётининг бир жиҳатигина эди, холос. Ўша вақтда Марказий Осиёнинг Россия билан тижорат алоқалари ривожлана бошлади. Тобора кўпроқ Бухоро савдогарлари Россия ҳудуди бўйлаб шимолга йўл олаверди.
Маданиятлар тараққиёти ва инқирози иқлим ўзгаришларига қаттиқ боғланиб қолган эди. XVII асрдаги инқироз об-ҳавонинг узоқ вақт совиб кетиши билан боғлиқ бўлиб, бу глобал ҳодисага айланди ва дунёнинг турли минтақаларида очарчилик ва қурғоқчиликни келтириб чиқарди. 1601 йилдан 1603 йилга қадар бутун Россия империясида 2 миллионга яқин киши ҳалок бўлди. Айни вақтда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришлари тарихини бир неча гуруҳ иқлимшунос олимлар ўрганмоқда. Совуқ эрта тушадиган узоқ ва қақшатқич қиш далалардаги ҳосилни йўқ қилади, чўзилиб кетган аёзли кунлар билан муттасил ёққан ёмғирлар кейинчалик музлаб қолиб, ер юзасида муз қатлами ҳосил қилиб, кўчманчилар чорвачилигига зарар етказади ва отларни ем-хашакдан айиради. Аммо ўша совуқ давр 1730-йилларга келиб, ниҳоясига етади ва минтақадаги об-ҳаво шароити одатий меъёрига қайтади. Шунинг учун иқлим билан боғлиқ инқироз секин таъсир кўрсатган, Бухоро хонлиги инқирозига бевосита қақшатқич таъсир кўрсатган ҳол XVIII асрдаги монетар – пул инқирози бўлган эди.
Ливай иқтисодчи муаллифлар асарларини ўрганиш ёрдамида кумуш тангаларнинг қадрсизланишига эътибор қаратади, бу Бухоро хонлиги иқтисодиёти заифлашаётгани аломати эди (таркибида кумуш кўпроқ бўлган тангалар давлат иқтисодиёти соғломлигини англатар эди, таркибида кумуш кам бўлган тангалар заифлашиб қолган иқтисодиёт кўрсаткичи бўлган). Ўша пайтда Цин империяси нуфуси кескин ўсиб кетади ва бу ҳол Марказий Осиё билан савдо муносабатларига сезиларли таъсир кўрсатади. Империя аҳолиси XVIII асрнинг биринчи ярмида тахминан икки баробар – 160 миллион кишидан 280 миллион кишига қадар кўпайди. Хитой бозорларида кумушга бўлган талаб бир неча баробар ортди ва Марказий Осиё кумуши Хитойга оқиб кета бошлади. Тангалардаги кумуш миқдори 90 фоиздан 10 фоизга тушиб қолди ва мамлакатда солиқ ва бюджет буҳрони юзага келди.
Бухоро хонлигидаги инқироз ривожланишига таъсир кўрсатган яна бир омил милтиқдори (порох) ишлаб чиқариш технологиясидаги инновациялар бўлган эди. Гарчи милтиқдори Хитойда кашф қилинган бўлса-да, турклар илк артиллерияни Константинопол қамали вақтида усталик билан қўллаган, милтиқдори эса деярли бутунлай Европа ҳодисасига айланган ва Европа ҳарбий кучлари ўртасида кенг тарқалган эди. Айни чоқда кўчманчилар устунлиги аста-секин йўқ бўлиб кета бошлаганини кузатамиз.
Ливай тадқиқотида Марказий Осиё халқлари ҳарбий ҳаракатларни отлиқ қўшинлар ёрдамида амалга ошириш анъанаси мавжудлиги сабаб ҳудудида милтиқдорини жорий қилишга узоқ вақт қаршилик кўрсатганини, отлиқ қўшинлар очиқ ва текис яйловларда ўзини эркин ҳис қилганини ҳамда отлиқлар эгарда ўтирган кўйи душманга қарата камондан нишонга олиб ўқ узганини аниқлайди. Марказий Осиёдаги аҳоли сонининг кўп эмаслиги пиёда қўшинлар тузишга тўсқинлик қилаётган эди. Отлиқ қўшинлар эса, аксинча, ҳар қандай зарбага зудлик билан жавоб қайтарар ва уни даф қила олар эди.
Дунёда кремнийли пилта милтиқ кашф қилиниши туб бурилиш ясади, ундан XVII аср охири ва XVIII аср бошларида Марказий Осиёни босиб олишда фойдаланилиш отлиқ қўшин олдида бир қанча афзалликлар берган эди. Ўша пайтгача кремнийли пилта милтиқдан Эрон ва Усмонлилар салтанатида фойдаланилган.
Гарчи Марказий Осиё давлати кремнийли пилта милтиқдан фойдаланишни жорий қилишга ҳаракат қилган бўлса-да, кутилмаганда минтақадаги фундаментал ва қонуний кучга эга бўлган ўзбек қабилалари қаршилигига дуч келди. Давлат бунга жавобан ҳарбий хизматга ўзбек бўлмаган қабилалар вакилларини жалб қиладиган бўлди, бу эса ўз навбатида Марказий Осиёда можаролар қўзғаб, марказлашувдан қочиш жараёнини тезлаштириб юборди. Барча юзага келган омиллар пировардида Бухоро хонлиги инқирози чуқурлашувига сабаб бўлди.
Ливай подкасти сўнггида тингловчиларга етказиши керак бўлган бир неча жиҳатлар хусусида фикр юритади. У тарихчилар, айниқса, аралаш соҳаларда иш олиб бораётган, Хитой билан Россия тарихини ўрганаётган тадқиқотчилар учун Марказий Осиё тарихи жиддий муносабатга муносиб эканини қайд этади. Марказий Осиёда кўплаб воқеалар содир бўлган ва бўлмоқда ҳамда бу мамлакатни Евроосиё тарихини ўрганиш учун муҳим ҳудудга айлантириб қўяди.