Муаллиф: Снежана Атанова – INALCOда (Institut National des Langues et Civilisations Orientales – Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти) фан номзоди.
Мен карантин авжига чиққан пайтда Бобур Исмоилов мўйқаламига мансуб “Турғунлик” (“Стагнация”) суратини томоша қилдим. Суратда кичик хонада тиззасида китоб билан ётган ёлғиз қиз ҳамда рангли фонга дераза рафида турган қора мушукнинг сояси тушиб тургани тасвирланган. Сурат ижтимоий яккаланиш ва холи қолиш вақтини акс эттираётгандай туюлади. “Турғунлик” ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгандан сўнг дунёнинг турли қисмларидаги кишиларнинг фикрини қўзғади ва ҳалқаро чегараларни ошиб ўтди. Ўзбекистоннинг замонавий санъати биз Совет реализми усталарининг таниқли асарларида кўрган жиҳатлардан фарқ қилади. Қуйида ижоди ҳақида фикр юритиладиган бир неча рассом – Вячеслав (Юра) Усеинов, Бобур Исмоилов ва Анна Иванова – кундалик ҳаёт ҳақида зудлик билан фикр юритади; улар замонавий ҳаёт, замондошлари ва “коронавирус давридаги ҳаёт”дан қаттиқ мутаассир бўлади.
Вячеслав (Юра) Усеинов
Ўзбекистоннинг энг машҳур рассомларидан билан Вячеслав (Юра) Усеинов сон-саноқсиз халқаро, миллий ва минтақавий кўргазмаларда иштирок этган. Кўплаб соҳаларда истеъдод эгаси бўлган В. Усеинов шеърлар тўқийди, фалсафий мавзуларда эсселар ёзади, металл ва ёғочдан мураккаб инсталляциялар яратади, суратлар чизади ва ипак матога сурат босиш билан шуғулланади. Умр йўлдоши Нина Петросова билан бирга рассом турли усуллар: гобелен, тўқиш, ипдан камалакдай товланувчи нақшлар тўқиш, қуроқли тикиш билан ва чийда тажрибалар қилиб кўрмоқда.
Вячеслав (Юра) Усеинов 1962 йили Фарғонада туғилган. Бобруйск санъат мактабини битирган ва ҳозир Тошкентда истиқомат қилади. 1992 йилдан бери Ўзбекистон Санъат академиясининг ижодкорлар уюшмаси аъзоси. 1986 йилдан 2004 йилга қадар 20 дан ошиқ халқаро санъат кўргазмаси ва лойиҳасида иштирок этган. Вячеслав (Юра) Усеиновнинг бошқа суратларини шахсий вебсайтида кўришингиз мумкин: www.useinov.uz
Усеиновнинг санъати сиз билан бизни миграция, уруш ва тинчлик, бағрикенглик ва вақт сингари долзарб мавзулар ҳақида бош қотиришга мажбур қилади. Унинг асари COVID-19 пандемиясига жавоб тариқасида “Ўзбек коронавирусининг мутациялар алифбоси” деб аталади ва унда ўзбек адрасига тақлидан шакллар чизилган қўлқопдаги қўл тасвирланган. Бир қанча қўл ҳаракатлари мос равишда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни ифода қилади: “Еб тўймас коронавирус”, “Коронавируснинг аҳамияти йўқ”, “Ўзбек коронавирусининг яширин мушти”, “Ёлғон коваги”, “Хитойга алангали салом”, “Вирус ўзини бечораҳол қариндош қилиб кўрсатиб, уйга киришни ёлвориб сўраяпти”, “Коронавирус пичоқни қўлига олди”… Рассом изоҳ беради:
‒ Мен “Ўзбек коронавируси мутацияси алифбоси” деганда инсонга хос иллатлар ҳар қандай вирусдан юқумли экани, улар эпидемия сингари ижтимоий онг ва давлат тизими тўқималарини емиришини назарда тутганман.
2 та бошқа асари пандемиядан анча олдин яратилган, бироқ уларнинг аҳамияти ушбу “COVID-19 кунлари”га “узукка кўз қўйгандай” мос тушади. Мен яхши кўрган картина “Эсдалик учун сурат” деб номланади. Унда паранжи кийган аёллар тушириб қўйилган чачвони билан тасвирланган, олдида кичик бир ит турибди. Ушбу ипак матога сурат 2016 йилда босилган ва у янги ташкил этилган “Art Bazaar” ким ошди савдосида улкан мувқаффақият қозонган эди. Бутун танаси паранжи билан қопланган икки аёл худди қутураётган пандемиядан қочаётганга менгзайди, шу сингари биз ҳам ўзимизнинг ёки бошқаларнинг истаги билан уйларимиз деворлари ортига бекинаётганга ўхшаймиз… Бироқ юпқа матоҳ бизни ташқаридаги балолардан қутқара оладими?
Суратда: Вячеслав (Юра) Усеинов – “Эсдалик учун сурат”, ипак матога босилган расм, 2016 йил.
Кейинги сурат “Боланинг қўл ишораси” (2014) сурати христиан, ислом ва буддизм иконографиясидан олинган мажозлар йиғиндисидир: Мадоннанинг маъюс юзи, муқаддас бола ва қуш тасвири, йиғилган қанотлар ва бармоқлар, Қуръондан араб ёзувида келтирилган оятлар. Ҳам усуллари, ҳам аҳамиятига кўра эклектик – турли қараш ва нуқтаи назарларни бирлаштирган ушбу асар вақтнинг, яъни замонавий дунёнинг маданий ва диний ранг-баранглиги рамзидир… пандемия унга қандай таъсир кўрсатади?
Бобур Исмоилов
Бобур Исмоилов – ҳам рассом, ҳам иллюстратор. Унинг ижодини уч гуруҳга бўлиб тоифалаш мумкин: бўёқ билан суратлар чизиш, графика ва расм. Айрим санъатшунослар Исмоилов картиналари сюрреализмга алоқадор деб ҳисоблайди. Рассом ўзи уларни “рамзий нарративлар” деб атайди.
Унинг ҳозирги пандемияга муносабати фалсафий:
Бобур Исмоилов 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1987 – 1990 йилларда Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида, 1990 – 1996 йилларда эса Маннон Уйғур номидаги давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган. Бир қанча санъат лойиҳалари, шунингдек, халқаро ва республика кўргазмалари қатнашчиси. Бобир Исмоиловнинг асрларини унинг вебсайтида (http://baburism.uz/) ёки Инстаграмдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
“Гап карантин ёки изоляцияда эмас, у ҳатто эътиборни жамлашга ёрдам беради, чунки дунё халақит бермайди; у – ғафлатда. Лекин бу универсал инқирозни англатадими? Буни қандай кўриш мумкин? Рўй бераётган нарсалар Ларс фон Триернинг “Меланхолия” фильмини эсга солади. Безовта қилувчи жимликда қандайдир ҳузур бор. Умидсизлик қўрқуви ҳам. Ҳаммамиз “Кўҳна аҳд”дагига (“Библия”) ўхшаш воқеанинг гувоҳи бўлиб турибмиз”.
Б. Исмоилов деярли ҳар куни Фейсбукдаги саҳифасига кундалик ҳаёт инъикоси сифатида бирор янги суратни пост қилиб қўяди. “Ҳазориспанд (исириқ) берувчилар” рассомнинг авж олаётган COVID-19 пандемиясига жавобидир. Марказий Осиёда кенг тарқалган тушунчага кўра, исириқ ёки ҳазориспанд (“минг касалга даво гиёҳ”) сингари маҳаллий гиёҳлар ҳам ҳавони дезинфекция қилиш билан жисмонан, ҳам ёмон руҳларни ҳайдаши билан рамзий маънода вирусдан ҳимоя қилади. “Ҳазориспанд берувчилар” бизнинг тузалишга бўлган умидимиз рамзидир.
Ёлғизлик, ижтимоий изоляция, вақтнинг сустлашиб, тўхтаб қолиши мавзуларининг барчаси юқорида зикр этилган “Турғунлик”, шунингдек, “Тирикчилик натюрморти” суратларида акс этган. Эркак билан аёлни бутун рўзғор буюмлари жамланган стол ажратиб турибди. Уларни нафақат стол энлаган бўшлиқ, қолаверса, хаёлу ташвишлари ҳам айириб қўйган. Улар бирга бўлишига қарамай, ич-ичидан ёлғиз. Орқа фондаги бутун бошли девор унга осилган радиоприёмник билан бирга сокин SOS сигнали сингари эр-хотиннинг ўзаро бегоналигига урғу беради. Бу – изоляциядаги изоляция, изоляциянинг квадрати.
Анна Иванова
Истеъдодли рассом Анна Иванова карантинда ўтказаётган вақтига қуйидагича изоҳ беради:
“Карантин режаларимни деярли ўзгартирмади, одатдагидай, кўп вақтимни уйимда суратлар чизишга сарфлаяпман. Бироқ вирус сабаб юзага келган умумий вазият юракни сиқаётгани аниқ. Яқинда ташкил этилган “Art Bazaar” COVID сингари оғир вақтда бир тутам [умид] нури бўлиб кўринади. Биз унда санъат асарларимизни сотиш баробарида суҳбатлашамиз, у ёки бу нарсаларни муҳокама қиламиз; у бизнинг виртуал ва трансмиллий санъат оиламизга айланиб қолди”.
Анна Иванова 1971 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1993 йили Тошкент давлат педагогика институтининг Графика санъати факультетини битирган. Анна бир қанча халқаро ва миллий кўргазмалар ва лойиҳаларда иштирок этган. Улар орасида Тошкентда бўлиб ўтган “Шарқ-Ғарб” кўргазмаси (Тошкент биенналеси), Монреалдаги “Quebec: le nouvel orientalisme” (“Квебек: янги шарқшунослик”) лойиҳаси, Москвадаги “Ошхона” аёллар санъати устахоналари” ва Алматидаги “Ислом санъати фестивали” бор. Анна Иванованинг бошқа суратларини топиш учун унинг “Art Bazaar”даги саҳифасига киринг.
Рассом чиз(аёт)ган суратлар оддий ва жўндай туюлади, бироқ бу оддийлик шунчалик реал ва айнанки, ақлни шошириб қўяди. Анна Тошкентдаги бозорда чизган туркум суратларини “карантиннинг бегим кунлари” деган ном билан тақдим этди. Марказий Осиё шаҳарларида бозор ҳаёт ва инсоний ҳамкорлик марказидир; бироқ у одамлар жуда яқиндан туриб ўзаро мулоқот қиладиган ва шу тариқа касалликни тарқатадиган жой ҳам бўлиши мумкин. Пандемиялар шароитида қандай қилиб бозорлардаги яқинлик ва мулоқотни сақлаб қолиш мумкин?
Анна COVID-19 пандемиясидан анча олдин “бозор тасвири”га қизиққан, кўпинча нур билан рангларни қориштириб, Тошкентнинг марказий бозори – Чорсудаги ҳаётни тасвирлай бошлаган эди. Рус рассоми Евгений Русакнинг “Coronavirus Art” Телеграм-каналидаги тиббиёт ходимлари, дезинфекция бригадалари ва оддий ватандошларга бағишланган туркум суратларини кашф қилгандан сўнг Анна ўзининг “Марказий Осиё бозори солномаси”ни яратишга қарор қилди. Ушбу картина Тошкентдаги COVID-19 нинг тарихий тасвирига айланди ва уни келгуси авлодлар кашф қилиши шубҳасиз. Пандемия бозорнинг қарор топган ҳаёт тарзига қандай таъсир қилиши ва унинг табиатини ўзгартиришини ўрганишнинг ўзи қизиқ; мева ва сабзавот расталари орасида фазогирларга ўхшаб кийинган янги қаҳрамонлар пайдо бўлмоқда, айни чоқда бозордаги сотувчи ва харидорлар ниқоб тақиб, резина қўлқоп кийиб олган бегона юртлик кишиларга ўхшайди. На қучоқлашиб ва на қўл сиқиб кўришиш бор энди! Одамлар энг арзон ва энг зарур маҳсулотлар сотиб олиш учун узундан-узоқ навбатларга турмоқда. Рассом чизаётган суратларида ҳар бир майда нарсани ҳам диққат билан акс эттиради.
Муаллиф барча рассомларга илҳом бергани учун ташаккурини изҳор қилади ва Ўзбекистондаги рассомлар жамоаси барча вакиллари асарларини қамраб ола билмаганидан таассуф билдиради. Санъат асарлари суратларини рассомлар ўзи тақдим этган.