Сурат манбаси: dawn.com
Муаллиф: Камола Алиева – гендер тенглиги масалалари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси
Ўзбекистонда феминизм борми? Агар бор бўлса, у қандай кўринишда? Жамият феминизмни қандай қабул қилади, унинг замонавий Ўзбекистондаги роли қандай?
Ушбу мақолада муаллиф, Ўзбекистонда феминизмнинг шакли ва кўринишларини, унинг жамият томонидан қандай қабул қилинишини таҳлил қилади.
Жорий йилнинг 6 июль куни пойтахтимизда Exponaut Art Gallery онлайн-ҳамжамияти томонидан ташкил қилинган флешмобни феминистик ҳаракатнинг ўзига хос кўриниши сифатида баҳолаш мумкин. Табиийки, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда, турли сайтларда, блогларда қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди. Ушбу флешмоб юзасидан билдирилган изоҳларнинг аксарияти салбий характерга эга. Кўпчилик феминизмни салбий маънода тушуниб, уни бизнинг миллий қадрият ва урф-одатларимизга зид ҳаракат сифатида кўраётгани маълум бўлди. Баъзилар қизларнинг ташқи кўриниши, кийиниши ва умуман бундай ишга қўл урганининг ўзи, уларнинг тарбиясиз эканликларини, яхши оиладан чиқмаганликларини кўрсатувчи омил сифатида баҳолашди. Бундан ташқари, бунга изоҳ берган эркакларнинг аксарияти, флешмобчиларни бекорчи эканини таъкидлаб, ундан кўра, хотинлик/келинлик вазифасини бажаришни ўрганишлари кераклиги, уй, рўзғор, болалар билан машғул бўлишни маслаҳат бердилар. Шунингдек, флешмобчиларнинг ҳатти-ҳаракатлари танқид остига олиниб, бу эътиқод ва анъаналаримизга умуман тўғри келмаслиги таъкидланди.
Ўзбекистонга феминизм керакми?
Феминизм жинсга кўра, камситишларга қарши курашувчи, хусусан, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашни кўзда тутувчи дунёқараш, нуқтаи назардир. Бу аёллар учун тенг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқ ва имкониятларни ўрнатиш, ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатдир. Келиб чиқиши ва пойдевори аёл эркинлигини ҳимоялашга қаратилган бу дунёқараш ҳозирги кунга келиб Ўзбекистонда ҳам ўзига хос кўринишда намоён бўлмоқда. Муаллиф турли ёшдаги эркак ва аёлларга феминизм тушунчасининг асл моҳияти, унинг жамиятимиздаги кўриниши ва нақадар кераклигига оид саволлар билан мурожаат қилди. Эътиборга лойиқ томони шундаки, ушбу саволларга жавоб беришни хоҳлаганларнинг сони кўпчиликни ташкил этди. Мақола ҳажмининг чегараланганлиги туфайли, қуйида фақат бир неча респондентларнинг жавоби келтирилган.
Феминизм нима ва у Ўзбекистонга керакми?
Нилуфар Салимсакова, ОТМ ўқитувчиси, 52 ёш:
Феминизм – хотин-қизларнинг эркинлиги учун курашишга қаратилган ҳаракат деб ўйлайман. Ўзбекистонда феминизм яширин тарзда бор ва у маълум маънода бизнинг жамиятга керак. Аммо, ҳар бир нарсада меъёр бўлгани каби аёлларга жуда кўп масалаларда эркинлик бериб бўлмайди, у ожиза бўлиб яшагани яхшироқ, деб ҳисоблайман. Бу менинг субъектив фикрим ва бу орқали ҳеч бир аёлни камситиш ниятим йўқ.
Гўзал Ҳошимова, ОТМ ўқитувчиси, 52 ёш:
Феминизм бу аёлларнинг ўзини эркаклар билан барча соҳаларда тенг ҳуқуқли деб билиши ва эркакларга тобе бўлмасликни тарғиб қилиш демакдир. Ўзбекистонда унинг баъзи элементлари мавжуд. Кўпроқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган ва моддий жиҳатдан ўзини мустақил равишда бемалол таьминлай оладиган аёллар орасида учрайди. Феминизм Ўзбекистонга қисман керак деб ҳисоблайман.
Мадина Турсунова, интеллектуал мулк бўйича юрист, Патент вакили, 34 ёш:
Феминизм жамиятда гендер стереотиплари ва гендер тенгсизлигини рад этувчи ҳаракат сифатида зарурдир. Биз дунёвий давлатда яшаётганимизга қарамай, ҳар бир инсоннинг эркинликка бўлган ҳуқуқи Конституция ва қонунлар билан кафолатланган бўлса-да, жамиятимиздаги анъанавий қарашлар хотин-қизларнинг ҳаёти ва турмуш тарзида катта аҳамият касб этади.
Ҳаракат сифатида феминизм Ўзбекистонда шаклланган деб айтиш қийин, аммо бу ҳаракатнинг фалсафаси ва мақсадларига ҳамфикр одамлар бор. Зўравонликка қарши курашишга қаратилган NeMolchi.uz ҳаракати феминизмнинг ёрқин кўринишидир. Аммо расмий даражада бу ҳолат муаммо сифатида тан олинмаган ва етарлича эътиборга эга эмас. Бир қатор блоггерлар ва жамоат арбоблари бу масалада ўз муносабатларини билдириб келмоқдалар. Шахсий ҳаётга бўлган ҳурматни шакллантириш ва жамиятимиз аъзоларини оилада, ишда, кўчада шахсий чегараларни ҳурмат қилишга ва уларга риоя қилишга ўргатиш керак.
Севара Ҳамидова, “Sening_mening_haqqimiz” номли Инстаграм лойиҳасининг координатори, 31 ёш:
Менимча, феминизмни аниқ таърифлаб бўлмайди, чунки бу ҳам аёллар ҳуқуқлари учун ҳаракат, ҳам аёллар ва эркаклар ўртасидаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий тенглик ғояларига асосланган мафкура. Ўзбекистон қиз ва аёлларнинг таълим олиши, меҳнат бозорида муносиб иш ҳақига эга бўлиши, ўзининг ҳаётига нисбатан мустақил қарорлар қабул қилиши ва ўзини таъминлашга бўлган ҳуқуқ ва имкониятларини кучайтириши зарур. Ўзбекистонда феминизм борми деганда, биз бу тушунчани қандай тушунишимизга боғлиқ деб ўйлайман. Агар унга танлаш ҳуқуқига эга бўлиш сифатида қарасак, унда ўзи мустақил қарор қабул қиладиган (қаерда ўқиш, қандай кийиниш, ким билан муносабат қуриш) қизларни ўзи буни англамасада, маълум даражада феминист, десак бўлади. Универсал инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган ва гендер тенглиги ғоясига ишонадиган ҳар қандай одам қалбан феминистдир.
Ситора Саидова, Эссекс университети (University of Essex) магистранти, 27 ёш:
Феминизм – бу аёлларнинг ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилиш (ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш) ва жамиятда гендер тенгликка эришиш (иккала жинсга тенг даражада ҳурмат ва объектив муносабатни шакллантириш) масаласи акс эттирилган аёллар бирдамлигининг шаклидир. Сўнгги пайтларда баъзи аёллар ҳуқуқлари бўйича фаоллар Ўзбекистонда турли хил зўравонликка қарши фикрлар билдиришмоқда, аммо буни феминистик ҳаракат деб аташ учун етарли даражада бирлашмаган деб ҳисоблайман. Ўзбекистонга феминизм ва феминист фаоллар керак, чунки миллий қонунчилик ва ижро этиш механизмлари аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни эркаклар билан тенглаштирадиган даражада кучли эмас. Бу аёлларнинг ўзига ҳам керак, чунки, уларнинг аксарияти ўз ҳуқуқларини англаши ва ижтимоий ҳаётдаги роли қандай бўлиши кераклигини тушунишлари даркор.
Камилла Далабаева, Тошкент давлат юридик университетининг талабаси, 21 ёш:
Афсуски, феминизмни нотўғри талқин қилиш оқибатида унга нисбатан кўплаб салбий муносабатлар келиб чиқмоқда. Кўпчилик феминистларни ёввойи, агрессив ва эркаклардан нафратланадиган, уларга қарши курашувчи, оила қуришни истамайдиган, ёлғиз яшашни афзал кўрадиган аёллар эканига ишонишади, аслида бундай эмас. Мен учун феминизм, бу хотин-қизларнинг эркаклар сингари таълим олишга, ўз иродаси ва ҳиссий/жисмоний ҳолатига кўра, никоҳ қуриш ва фарзандли бўлишга, ўзида қизиқиш ва истеъдод бўлган касбни мустақил танлашга, ўзини ривожлантириш ва каръера қилишга, шахсий ҳаёт, шахсий дахлсизлик ва ўзини хавфсиз ҳис қилишга бўлган ҳуқуққа эга бўлиш деб тушунаман. Мен феминизм Ўзбекистонга кераклигига қатъий ишонаман. Менинг фикримча, феминизм айниқса аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш учун керак.
Зилола Ҳошимова, Вестминстер университети талабаси, 20 ёш:
Мен учун феминизм – бу аёлнинг овози. Эркинлик, меҳнат қилиш, севиш учун ҳуқуқнинг мавжудлиги. Улар ўзларига нисбатан эркакларга каби эмас, балки адолатли муносабатда бўлишларини истайдиган одамлардир. Қиз болага кекса одамга турмушга чиқиш ёки чиқмаслик ҳуқуқини берувчи, тажовузга дучор бўлишдан қўрқмасдан кўчада эркин юриши, унга нисбатан қилинган зўравонликда айбдор саналмаслиги, кийинишига қараб унга енгил табиат аёл тамғаси қўйилмаслиги, ишга киришда суҳбатдан одилона ўтиш ва бошқалар. Ўйлашимча, мамлакатимиз феминизмга муҳтож.
Ботиржон Қосимов, ҳуқуқшунос, 33 ёш:
Феминизм аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатдир. У нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун дунё жамияти учун керак. Сабаби, аёллар эркаклар сингари ажралмас ҳуқуқларга эгадирлар. Аммо, уларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодаси масаласига келганда турли омиллар сабабли юзага келадиган муаммолар мавжуд. Эркак ёки аёл бўлиб дунёга келиш инсон қўлида эмас. Буни инсон танлай олмайди. Бироқ, шунга қарамай жинс омили туфайли аёллар ҳуқуқларининг топталишини кузатиш мумкин. Бундай адолатсизликларга феминизм орқали чек қўйиб, аёллар ҳуқуқларининг ҳимоясига эришиш мумкин. Бу эркакларни ёки уларнинг ҳуқуқларини камситиш дегани эмас. Аксинча, икки жинс вакиллари ҳуқуқлари амалий кафолатига эришиш демакдир.
Суннат Шуҳратов, туризм ва меҳмонхона бошқаруви соҳаси мутахассиси, 23 ёш:
Менинг тушунишим бўйича феминизм бу хотин-қизларнинг ўз мақсадлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши, ўзига ишонган, ҳатти-ҳаракатлари учун ўзи маъсул бўлган ва гендер тенглигини талаб қиладиган аёл. Ўзини эркак кишига тобе деб ҳис қилмайдиган аёл. Унинг ҳатти-ҳаракатлари эркаклар (балки турмуш ўртоғи) томонидан, ота-она/қариндошлар ва атрофдагиларнинг босими ва танбеҳлари билан чекланмайди.
Агзам Усмонов, талаба, мусиқачи, 21 ёш:
Феминизм – бу аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Бу, айниқса, эскича қарашлар мавжуд бўлган, эркаклар аёллардан устун бўлган ва аёллар улар томонидан зулм, зўравонликка учраб, баъзи ҳуқуқлардан маҳрум бўлган мамлакатларга зарурдир. Гарчи Ўзбекистон етарли даражада ривожланган давлат бўлса-да, бу ерда ҳозир ҳам эркакларнинг аёллар устидан ҳукмрон бўлиши кераклигига ишонадиганлар етарли даражада.
Юқорида келтирилган фикрлар респондентларнинг ёшига қараб турлича эканини кўриш мумкин. Аммо, умумий хулоса қилиб айтганда, феминизм – авваламбор аёллар учун ҳар бир соҳада тенг ҳуқуқ ва имкониятларнинг мавжудлиги демакдир. Қонунларда аёлларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамланган бўлса-да, реал ҳаётда улардан фойдаланишга тенг имкониятлар бўлмаса ва бу жамият томонидан нормал қабул қилиниб, мунтазам равишда турли тўсиқлар қўйиш ҳолатлари такрорланаверса, бу феминистик ҳаракатнинг бошланишига жиддий туртки бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда феминизм энди куртак ёзаяпти, буни асосан ёшлар орасида кузатиш мумкин. Ижтимоий тармоқларни, интернетдаги янгиликларни кузатиш орқали, феминизм, аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқлар ҳақидаги постлар ва аноним ҳикоялар ушбу платформаларда борган сари фаол муҳокама бўлаётганини кўриш мумкин. Натижада, ушбу мавзу ҳозирги кунда долзарб муаммоларни ўзида акс этиб, жамоатчиликни, хусусан хотин-қизларни сукут сақламасликка, ўз ҳуқуқлари учун курашишга чорламоқда.
Ўзбекистонда феминистнинг портрети
Феминистларнинг ташқи кўриниши ғарбий мамлакатлакатларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган. Интернетда феминистларнинг ташқи кўринишига оид қидирув сўрови берилганда (рус тилида – “как выглядят феминистки”), сочи калта, танаси пирсинг ва татуировкаларга тўла эркакшода аёлларнинг фотосуратлари чиқиб келади.
Афсуски, бир қатор ОАВ томонидан феминистлар ҳақида мана шу каби стереотипларнинг тарғиб қилиниши улар ҳақидаги нотўғри ва нохолис фикрларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Қизиғи шундаки, феминист нафақат аёл, балки эркак ҳам бўлиши мумкин. Феминист аёлларнинг портрети унинг ташқи кўриниши билан эмас, балки унинг ғоялари ва дунёқараши билан ифода этилади. Ўзбекистон мисолида ҳам, респондентларга феминистнинг портрети ҳақида савол берилганда қуйидаги жавоблар олинди:
Нилуфар Салимсакова (52 ёш): Ички дунёсида “мен шу ишларга қодирман, кучли жинсдан ҳам ортиқроқман” деган ғалаба нашидасини сурувчи инсон бўлса керак.
Гўзал Ҳошимова (52 ёш): Моддий жиҳатдан таъминланган ва эркакларга бўйсунишни истамаган аёллар, шунингдек, хорижга ўқишга кетиб, у ердаги европача эркин ҳаётни танлаётган қизлар.
Мадина Турсунова (34 ёш): Энг аввало, бу гендер стереотиплардан холи ва дунёқараши кенг бўлган инсон.
Ситора Саидова (27 ёш): Аёлларнинг ҳаётига ўзгаришлар киритиш ва баъзида, катта ўзгаришларни амалга оширмоқчи бўлганида жамиятнинг тўсиқларига дуч келиш натижасида умидсизликка йўлиққан инсон. Баъзан, феминист ўзини ёлғиз, қўллаб қувватлашсиз ҳис қилиши мумкин, чунки ушбу ҳаракат тизимли ва уйғунлашган эмас.
Камилла Далабаева (21 ёш): Ўзини моддий жиҳатдан таъминлайдиган, ўзига ишонган ва жуда билимли аёл. Унинг маълумотлилик даражаси дипломида эмас, танқидий фикрлаш қобилиятида. Асосий сифати – очиқлик ва ҳақиқий муаммолар ҳақида гапириш истагидир.
Зилола Ҳошимова (20 ёш): Унинг ташқи кўриниши ҳеч қандай жиҳат билан ажралмайди. Ҳар қандай инсон феминист бўлиши мумкин. Аммо, уларнинг ички кўриниши деганда, ҳар бир соҳада гендер тенгликни тарғиб қилувчи шахслар деб ҳисоблайман.
Ботиржон Қосимов (33 ёш): Феминист нафақат аёл, балки эркак киши ҳам бўлиши мумкин. Феминист бўлишни инсоннинг аёллар ҳуқуқларининг ҳимоясига нисбатан муносабати белгилаб беради.
Суннат Шуҳратов (23 ёш): Таълим олишда, қарор қабул қилишда, оилавий ҳаёт учун умр йўлдош танлашда чекловлардан холи бўлган қиз. Ҳар қандай фаолиятида ташқи танбеҳларсиз ишлаши мумкин бўлган аёл деб ўйлайман.
Агзам Усмонов (21 ёш): Менимча, феминист – жабрланган келинларнинг ҳимоячиси кўринишида бўлади.
Юқорида айтилган фикрлардан кўриниб турибдики, ҳар бир инсон феминистнинг портретини турлича тасаввур қилади. Аслида, феминист қандайдир алоҳида кўринишга эга бўлиши ёки ҳаммадан ўзгача фикрлайдиган шахс бўлиши шарт эмас. Инсон ҳуқуқларини тан оладиган ва ҳимоя қиладиган шахс феминист деб аталиши мумкин.
Феминизм ва жамият
Бугунги кунга келиб, жамиятимизда хотин-қизларга бўлган муносабатда эскича қарашлар сақланиб қолмоқда. Масалан, оилада қиз ёки ўғил бола таълим олиши масаласи турганида, кўпинча танлов ўғил болалар фойдасига бўлади. Нега деганда, қиз бола ўз уйида “меҳмон”, унинг олий маълумотли бўлиши оиласига фойда келтирмайди, у барибир кейинчалик эрининг оиласига мансуб бўлади ва уларнинг ихтиёрига кўра ишлаши мумкин ёки уй бекаси бўлади. Қиз боланинг авваламбор таълим олиши, эркин касб танлаши ва унинг ўз ҳаёт йўлини мустақил танлаши ҳақида гапирилиши кўпчилик томонидан салбий қабул қилиниб, айрим ҳолларда эса менталитетимизга хавф солувчи омил сифатида қораланади.
Феминизмни ғарб давлатларидан кириб келган, бизга ёт ва хатарли бўлган мафкура сифатида қабул қилиш нотўғри, чунки худди араб давлатларида мавжуд бўлган исломий феминизм сингари, ҳар бир жамият бу тушунчани ўз урф-одатлари ва хусусиятидан келиб чиқиб қабул қилади. Жамиятимиз феминизмни қандай қабул қилиши тўғрисидаги саволга респондентлар қуйидаги фикрларни билдиришди:
Ўзбекистонда феминизм қандай қабул қилинади?
Нилуфар Салимсакова (52 ёш): Жамиятимизга феминизм ҳали кириб келмаган, фақатгина унинг тарғиботи бўлган холос. Менимча, феминизмни жамиятнинг ўзи яратмоқда. Бизда феминизмнинг бир тури кўпроқ кўринади, бу ҳам бўлса давлат томонидан аёлларнинг жамиятда фаол бўлишига берилаётган урғудир. Жамиятимиз феминизмни ҳали бери тушунмайди ва қабул қилмайди, деб ўйлайман.
Гўзал Ҳошимова (52 ёш): Ўзбекистонда феминизмнинг ўрни деярли сезилмайди, жамиятимиз уни вақтинчалик қабул қилишга тайёр эмас. Сабаби, бизнинг қадриятларимизда аёлнинг оиладаги асосий вазифаларига фарзанд тарбияси ва уй – рузғорни тартибда ушлаб туриш киради. Аёл киши оиласи ёки каръерани танлаши керак. Бизнинг аёлларимиз биринчи навбатда кўпинча оилани танлашади.
Мадина Турсунова (34 ёш): Афсуски, салбий, чунки феминизм фалсафаси ва мақсадлари анъанавий пойдевор ва урф-одатларимизга зид деган мустаҳкам фикр мавжуд. Анъанавий гендер роллари ва стереотиплар жамиятга шу қадар чуқур сингиб кетганки, ҳатто замонавий дунёнинг воқеликлари ва технологик ривожланиш ҳам уларнинг таъсирини камайтиришга қодир эмас. Бу эса, ўз ўрнида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида салбий таъсир кўрсатади.
Ситора Саидова (27 ёш): Ўзбек жамияти феминистик талабларнинг баъзиларини қабул қилиши мумкин, аммо аёлларнинг жамиятдаги роли сустроқ бўлиши керак деган стереотип туфайли, жамият бумасаладаги барча ўзгаришларни қабул қилишга тайёр эмас. Кейинчалик жамиятимизда феминизмни қабул қилинишига ишончим комил.
Камилла Далабаева (21 ёш): Кўпчилик буни салбий тушунмоқда, асосий сабаби – феминизм нотўғри талқин қилинади ва тушунилади, бу сўз кўпинча “эркакларга нисбатан нафрат”тушунчаси сифатида қабул қилинади. Кузатувларим шундан далолат берадики, баъзи билимли йигитлар ва эркаклар бу ғояни қўллашмоқда, мен бундан хурсандман. Фикримча, жамият бунга аста-секинлик билан келиши лозим. Бу мавзу фақат давлат даражасида эмас, балки ҳар бир университетда, мактабда, уйда, ота-оналар ва фарзандларнинг суҳбатларида муҳокама қилинсагина, жамият ўзгариши мумкин. Мени қувонтираётган томони шундаки, мен феминизм ривожланишининг – @wec_uzbekistan, @womanup_act, @womancares_club орқали қандай фаоллашаётганини кўрмоқдаман. Хотин-қизлар фаол, ёш қизларни илҳомлантирадиган ва ривожланишни рағбатлантираётганлардан хурсандман. Ушбу амалиётнинг кўпроқ қисмини Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида кўришни истардим.
Ботиржон Қосимов (33 ёш): жамиятимизда феминизмни қабул қилиниши қийин, бунинг учун вақт талаб этилади. Таълим орқали, маърифат орқали бунга эришиш мумкин. Оилавий муҳит катта роль ўйнайди. Оиладаги қиз тарбияси ва ўғил бола тарбияси шундай тарзда олиб бориладики, натижада вояга етган шахсларда феминизмни қабул қилиш иложсиздек туюлади. Шу боис феминизмдан кўзланган мақсадларга фақат янги қонунларни қабул қилиш ёки амалдагиларни ўзгартириш, уларга қўшимчалар киритиш орқали эришиб бўлмайди. Балки аёллар ҳуқуқларига нисбатан маданий ёндашув ва дунёқарашни ўзгартириш йўли билан эришиш мумкин.
Суннат Шуҳратов (23 ёш): ҳамюртларимиз феминизм ҳақида нотўғри тасаввурга эга. Чунки, аёлни эркак учун оила қуриш, бола тарбиялаш, овқат тайёрлаш ва бошқаларнинг оиласига ғамхўрлик қилиш учун яралган ўзига хос қўшимча сифатида кўришга ўрганганмиз ва бу фикр узоқ йиллар давомида шаклланиб бўлган. Агар аёл ўз мустақил фикрига эга бўлиб, уни очиқ билдиришдан тортинмаса, у катта эҳтимол билан ўз оиласи ва жамият томонидан рад этилиши мумкин. Умуман олганда, Ўзбекистонда феминизм сўзи тубдан бошқача тушунилади. Кўпчилик учун феминистлар бу эркакларни ҳурмат қилмайдиган, ҳамма жойда ўз ҳуқуқлари ҳақида бақирадиган эрксевар аёллардир.
Агзам Усмонов (21 ёш): менимча, салбий жиҳатдан қабул қилинади. Чунки, бу биз учун ғайриоддий ва бешикдан ўрганган нарсаларга зид тушунча. Шунингдек, ОАВ туфайли, феминизм ва радикал феминистлар ҳақида турли стереотиплар борлиги ҳам уни салбий қабул қилишга олиб келади.
Респондентларнинг аксарияти бизда феминизмни нотўғри талқин қилиниши, унинг асл моҳиятини тушунмаслик оқибатида жамият буни умуман қабул қилмаслиги ҳақида фикрлар билдиришган. Баъзи жавобларда эса қисман қабул қилиниши мумкинлиги, аммо бир қатор тўсиқлар барибир менталитетимизга бориб тақалиши ҳақида фикрлар билдирилган. Фикримча, жамиятимиз феминизмни қабул қилиши учун, аввало ушбу тушунчани тўғри талқин қилиш даркор. Бу эса ўз навбатида, ушбу йўналишда тўғри тарғиботни йўлга қўйиш орқали амалга оширилиши мумкин. Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳар бир жамият ўзининг миллий қарашларидан келиб чиқиб феминизмни қабул қилади. Жамиятимизда феминизм орқали аввало, аёл ҳуқуқлари ҳам инсон ҳуқуқлари эканлигини, аёлларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, уларга тенг имкониятлар яратилиши кераклиги ғоясини тарғиб қилиш мақсадга мувофиқдир. Шу ўринда, шарқона феминизмга таъриф бериш лозим, деб ҳисоблайман.
Шарқона феминизм – бу аёлларнинг таълим олишга, эркин касб танлаш ва ишлашга бўлган ҳуқуқлари, оила қуриш масаласида танлаш имкониятига эга бўлишга, жамият томонидан хотин-қизларга нисбатан босимни камайтиришга, асрлар давомида шаклланиб жамият онгига сингиб кетган гендер роллардан холи бўлишга ва уларни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришга, ўз шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишни талаб қилишга, зўравонлик ва тазйиқлардан холи бўлишга чорловчи дунёқарашдир. Шарқона феминизм ғарбда тарғиб қилинадиган феминизм ғояларидан фарқ қилади, аёл ва эркакнинг бутунлай тенглик ғоясини утопия эканини қабул қилган ҳолда, аёлларнинг ўзбек жамиятидаги ўрнини юксалтиришга қаратилган ҳаракат сифатида баҳоланиши мақсадга мувофиқ, деган фикрдаман.
Ҳеч қайси шаҳар бир кунда қурилмаган. Инсоният тарихига назар ташласак, ҳар бир янгилик ёки ўзгаришлар кўпинча муайян қаршиликларга дуч келган. Аммо, вақт ўтиши билан одамлар бундай ўзгаришларни ижобий тарафларини кўриб, унинг тўғри ёки муқобил шаклда қабул қилишга эришишган. Гарчи феминизм ғояси бизнинг жамиятимизда катта қаршиликларга дуч келаётган бўлса-да, бу тушунчани шарқона шаклда ва кўринишда мавжуд бўлиши мумкинлиги, бу эса ўз навбатида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этиши ҳақида ўйлаб кўриш вақти келди.