Муаллиф: Лолисанам Улуғова
Марказий Осиё жамиятларида феминизм мос тарзда қабул қилинмайди. Айримлар уни аёл назоратдан чиқиб кетса ва мамлакатнинг демографик тараққиётига зарар етказса, партиархал жамиятнинг мавжуд анъаналарига таҳдид солади, деб ҳисоблайди. Бошқалар эса, Марказий Осиёда аёллар етарлича озод бўлган, шунинг учун озодлик талабларини керагидан ошириб юбориш минтақада беқарорликни юзага келтириши мумкин, деб билади.
Ушбу ҳодисани яхшироқ тушуниб олиш учун мазкур мақола муаллифи тожикистонлик ва қирғизистонлик икки нафар фаол феминист, гендер тенглиги ва ижтимоий адолат тарафдори бўлган аёллар: тожикистонлик тадқиқотчи Зулайҳо Усмонова ва қирғизистонлик фаол Алтин Қапалова билан суҳбатлашди. Ушбу мақолада улар Марказий Осиёда феминистик ҳаракат ривожланиши, гендер тенглигидай умумбашарий муаммони акс эттиришда санъатнинг роли ҳақида фикр юритади.
Зулайҳо Усмонова – фалсафа фанлари доктори, Тожикистон фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институтининг етакчи илмий ходими. У ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этади, гендер тенглиги ғоясига асосланади, мамлакатда давлатнинг гендер сиёсатини қўллаб-қувватлайди.
Тожик санъати гендер нуқтаи назаридан нимани англатади? Совет даври билан замонавий Тожикистондаги тимсолларда/ижтимоий роллар ҳақидаги тасаввурларда катта фарқ борми?
Совет даврида аёлларга мазлум синф деб қаралган ҳамда асосий мақсад аёлларни озод қилиш ва ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий каби барча соҳаларда уларнинг эркаклар билан тенглигига эришиш бўлган. 1918 йилда қабул қилинган биринчи совет конституциясида аёллар ва эркакларнинг сиёсий жиҳатдан фуқаролик тенгҳуқуқлилиги мустаҳкамлаб қўйилган эди, илк декретларда аёлларга тўлиқ фуқаролик ҳуқуқ ва эркинликлари берилган, қонун олдида улар эркаклар билан тенглаштирилган, ТуркЦИКнинг (Туркистон марказий ижроия қўмитаси) 1924 йили қабул қилинган декретларида кўпхотинлилик ва аёлнинг ихтиёрига қарши бориб, никоҳ қуришга мажбурлаш учун жавобгарлик белгилаб қўйилган эди. Аёлларни озод қилиш муаммосини ҳал этиш доирасида уларнинг мақоми билан боғлиқ анъанавий ва диний сарқитлар: аёлнинг хонанишинлиги, эрта турмушга чиқиш, кўпхотинлик, қалин (Ўрта Осиёнинг айрим республикаларида) ва ҳк.га қарши кураш кўзда тутилган.
Тегишинча, театр санъати ва кинофильмларда аёллар эмансипацияси мавзуси кўтарилган, анъанавий андозалар, унинг ўрни ва роли ҳақидаги бидъатлар танқид қилинган. Шу ўринда “Зумрад” (1961) фильмини (режиссёрлар Александр Давидсон ва Абдусалом Раҳимов, “Тожикфильм”) алоҳида қайд этиш лозим. Унда зўравон эриникидан кетиб, қотиб қолган қарашлар ва камситишларга қарши тура олган ва хизмат пиллапояларидан кўтарилиб, юксак мавқеларга эришган жувоннинг ҳаёти намуна қилиб кўрсатилади.
Тожикистоннинг мустақиллик йилларидаги театр ва кино санъатига келсак, улар, асосан, бош вазифа – мустақил миллий давлат барпо қилишни акс эттиради. Мамлакат президенти ҳар доим қизлар ва аёлларнинг таълим олиши, улар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда, бироқ театр ва кино мавзулари ҳам аёл роллари сингари ҳамон анъанавийлигича қолмоқда. Театрлар мумтоз асарларни (мумтоз опералар, балет ва спектаклларни) саҳналаштирмоқда, Совет даврида саҳналаштирилган асарларга қайтмоқда. Янги саҳналаштирилган спектакллардан режиссёр Ф. Қосимовнинг тожиклар давлатчилиги қарор топишига оид тарихий мавзудаги “Исмоил Сомоний” спектаклини ажратиб кўрсатиш мумкин. Эҳтимол, мен янги театрлаштирилган асарлар ва кинофильмлардан унчалик хабардор эмасдирман, аммо бугунги куннинг кучли ва мустақил аёллари образини гавдалантирувчи бирор спектакль ёки бадиий фильмни эслай олмаяпман.
Замонавий тожик маданияти табиатан аёлга, айниқса, аёл – онага ва унинг эҳтиёжларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш ғоясини, аёлга нисбатан қўпол муносабатни, шунингдек, ҳиссиётларни омма кўз ўнгида ошкор қилишни чекловчи маданий меъёрларни ўзига сингдирган. Ушбу меъёрлар эр-хотин муносабатларида ҳам одоб сақлашни талаб этади. Агар зикр этилган ғоялар, шунингдек, муваффақиятларга эришаётган замонавий аёллар ва қизларнинг янги тимсоллари замонавий Тожикистон санъатида акс этса, нуран ало нур бўлур эди.
Жамиятда аёлга бўлган муносабатга келсак, бу ҳам – ўта мунозарали масала. Бундай муносабат (қишлоқ ёки шаҳар) жойига, шахснинг ўқимишлилик даражасига, унинг патриархат – ота ҳукмронлиги тутимларига қанчалик тарафдорлигига ва ниҳоят, шахснинг ички эркинлиги даражасига қаттиқ боғлиқдир. Ростини айтсам, менинг катта ёшли авлоддан умидим кам: афсуски, катта кишиларнинг бирор нарсани ўрганишга иштиёқи кам бўлади ва улар эски қолиплардан чиқиб кета олмайди.
Мустақил аёлларга муносабат масаласида шуни айтмоқчиманки, таассуфлар бўлсин, ёши, ижтимоий мақоми ва ҳолати ва бошқа белгиларига қарамай, барча эркак ва аёлларга нисбатан тенг ва адолатли муносабат қилишимизга ҳали жуда кўп қовун пишиғи бор. Аёл киши ёнида эркакнинг – ота, ака, ука, эр ва ўғилнинг – албатта бўлиши ва у ўз аёлини “назорат қилиши” ва “кузатиб юриши”ни, афсуски, айрим кишилар одатий ҳол деб билади. Бунинг маъноси шуки, аёлга эркинлик ва мустақиллик бериш мақбул иш ҳисобланмайди ва у буларга қодир эмас деб қаралади. Янги ғояларни қабул қилишга тайёр ёш авлоддан умид қилса бўлади: улар аёллар барча жиҳатдан эркакларга тенг бўлган келгуси тожик жамиятини барпо қилади.
Сиз бир гуруҳ ёшларни йиғиб, замонавий санъат ёрдамида гендер муаммоларига мурожаат қилишни ўргатаётган лойиҳанинг Тожикистон Республикасига оид қисми куратори – мутасаддиси Алла Румянцева билан ҳамкорлик қиляпсиз. Ушбу лойиҳанинг муҳим жиҳати нимада ва гендер муаммоларини акс эттиришда қандай муаммолар/хатарлар мавжуд?
А. Румянцева лойиҳасида мен воиз сифатида иштирок этганман: гендер стереотиплари ва уларнинг ижтимоий онгдаги “яшовчанлиги”га бағишланган тақдимотим бор эди. Аудитория тақдимотни яхши қабул қилди ва унга оид мунозаралар узоқ давом этди. Лойиҳани муҳим деб биламан, чунки уни амалга ошириш жараёнида тожик жамиятининг муҳим масалалари ва муаммолари тилга олинади. Яна бир муҳим жиҳати шуки, унга ўз мамлакати ва келажагига бефарқ бўлмаган йигитлар ва қизлар жалб этилган. Мен бундай лойиҳаларнинг грантлар асосида вақтинча амалга оширилишини муаммо деб биламан. Улар доимий тарзда мавжуд бўлиши керак. А. Румянцева лойиҳаси доирасидаги дискурсларга нисбатан мавжуд хатарлар сифатида унинг танқид тошбўрони остида қолиб кетиши ва феминистик ғоялар қабул қилинмаслиги мумкинлигини кўраман.
Шўролар минтақамиз аёлига чиндан ҳам озодлик олиб келди. Сиз шўролар сиёсатига оид рақамлар ва уларнинг муваффақиятига мисоллар келтиряпсиз. Улар сиёсатининг бундай муваффақияти сабабларини, шунингдек, аёлни озод қилиш, унинг оила ҳудудидан ижтимоий маконга чиқаришга туртки берган омилларни санаб берасизми? Бунинг асосида фақат мамлакат иқтисодиётини кучайтириш учун манфаатпарастлик мақсади бормиди?
Совет ҳокимияти чиндан ҳам аёллар эмансипацияси масаласида жуда муваффақиятли сиёсат юргизган эди. Совет давлати аёлларни озод этиш йўлидаги курашни ижтимоий муносабатларнинг барча тизимини тубдан ўзгартириш вазифаларидан бири сифатида кўриб чиқаётган пайтда улар билан боғлиқ айрим масалаларни ажратиб қарамаган. Айни чоқда социализм мафкурачилари жинслар тенгсизлиги сабабларини биологик хилма-хиллик ва ўзига хосликларда эмас, жинс ва ёшга асосланган ижтимоий-иқтисодий меҳнат тақсимотида кўрган. Аёлни ишлаб чиқаришга жалб этиш учун таълим билан боғлиқ бир неча вазифа ҳал этилган: аёлларнинг саводхонлик даражаси оширилган, уларга хат-савод, математика ўргатилган, кейинчалик эса илм-фан соҳасига фаол тортила бошлаган.
Тожик жамиятининг Шўролар давридаги тараққиёти (1917 – 1991) аёлларнинг озод бўлиши ва эмансипацияси, гендер тенглигини ўрнатиш соҳасидаги туб ўзгаришларнинг қамрови ва теранлиги бўйича мисли кўрилмаган ҳодиса эди. Шубҳасиз, аёлларни ишлаб чиқариш соҳасига жалб этишнинг асосий мақсади мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш бўлган, лекин у шу билан бирга уларнинг эмансипацияси билан боғлиқ бошқа вазифаларни ҳам ҳал этган. Совет ҳокимиятининг сиёсий тизим ва мафкуранинг ўзига хосликларига оид хато ва камчиликларига қарамасдан, умуман олганда, Марказий Осиёда, хусусан, Тожикистонда аёллар ҳаётнинг барча жабҳаларида мисли кўрилмаган озодликка эга бўлди. Аёлларнинг Совет даврида қўлга киритилган ҳуқуқ ва эркинликларига тўғри ёндашилса, тўғри мушоҳада қилиниб, тўғри фойдаланилса, бу давлат ва жамиятнинг гендер тенглигига эришиш йўлида қўйиладиган кейинги қадамлари учун улкан потенциалга эга бўлиши мумкин.
Бугунги Тодикистоннинг кўп даражали ва кўп ҳалқали муносабатлар тизимида аёлларнинг маданият макони шаклланди: тожик аёли жамиятнинг ижтимоий ҳаётида (баъзан билвосита кўринишларда) фаол қатнашмоқда, оилада, эр-хотин муносабатларида ва кундалик ҳаётда у анча юқори мақомга эга. Бунинг аёлларни ижтимоий соҳага кўпроқ тортишда фойдаланиш учун катта потенциали бор. Масалан, мамлакатнинг янги сайланган парламентида аёллар иштироки жуда баланд – 24 фоизни ташкил қилади. Шунга қарамай, аёлларнинг сиёсат, ҳукумат, бизнес ва банк соҳасидаги иштироки анча паст; чет мамлакатда элчи бўлиб хизмат қилаётган ва мамлакатни юксак даражада тамсил этаётган бирор аёл дипломат йўқ. Ваҳоланки, мамлакатда ўқимишли ва ишининг устаси бўлган аёллар кўп.
Марказий Осиёдаги феминизм масаласи. Минтақадаги патриархал кучларга таъсир эта оладиган воситани қандай тасаввур қиласиз?
Феминизм Марказий Осиёда энди-энди қанот ёза бошлади. Афсуски, феминизмни, унинг моҳияти ва мақсадларини тушуниш бутун минтақада жуда заиф ҳолатда: 8 мартда Бишкекда рўй берган воқеалар шундан далолат беради. Айни воқеалар яна Марказий Осиё минтақаси аҳолиси онгига Россия оммавий ахборот воситаларининг (ОАВ) таъсири қанчалик юқори эканини ҳам кўрсатиб берди: ушбу мамлакатнинг кўплаб ТВ каналлари феминизм ҳақида салбий фикр билдиришдан чарчамаяпти, унинг россиялик аёлларга гўё “ёмон” таъсири ҳақида тинмай жағ урмоқда. Россиядаги 25 йиллик гендер тадқиқотлари ва аёллар ҳаракати ҳисобга олинса, бу ғалати туюлади. Шунга қарамасдан, феминизмга нисбатан салбий қарашлар у ёки бу маънода минтақа мамлакатлари онгига таъсир кўрсатмоқда, бу уларни феминизм бизга бегона ва зарарли ҳодиса экан деб ҳисоблашга ва феминист аёлларнинг саъй-ҳаракатларига қарши чиқишга мажбур қилади. Айни масалани ҳал этиш учун энг юқори даражада узоқ ва тер тўкиб меҳнат қилиш, маҳаллий жамоатларда тушунтириш ва ўқитиш ишларини олиб бориш талаб этилади; ўша жамоатлар аъзолари гендер тенглиги жамоат, оилалар ва умуман олганда, мамлакат учун фойдали эканини тушуниши шарт. Бундай иш фақат улкан ва чиройли тадбирларни ўтказиш нуқтаи назаридангина ўтказилиши керак эмас: жамоатларга гендер борасида таълим бериш ва улар саводхонлигини ошириш учун фаол иш олиб борилиши зарур. Бунинг учун даставвал фуқаролик жамияти ташкилотларини бу ишни қандай амалга оширишга ўргатиш, сўнгра уларнинг фаолият билан боғлиқ қисминигина молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш керак бўлади.
Алтин Қапалова – тадқиқотчи, Марказий Осиёдаги 1-замонавий санъат феминналеси мутасаддиси, илм-фан, санъат ва сиёсатни омухта қилган экспериментал бадиий асарлар муаллифи.
Мутассадди сифатида ўзингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Сиз учун замонавий санъат нимани англатади ва замонавий санъатга оид қандай муҳим лойиҳаларингиз бор?
Замонавий санъат мен учун – ижтимоий ўзгаришларга эришиш воситаси. Менинг борлиқнинг бемаънилиги, поэзия, ўтмиш ёки келажак ҳақида мушоҳада юритадиган кураторлик лойиҳаларим йўқ. Мен барча кураторлик лойиҳаларимда, биродарлар, бизда ижтимоий муаммо бор ва уни ҳал этишимиз керак, деб айтаман. Феминизм билан боғлиқ кун тартибидаги масалаларни ўзим учун асосий деб биламан. Мен санъат орқали аёллар муаммоларини кўрсатиш учун экспериментлар қиламан. Масалан, амалга оширган бир лойиҳам бўйича қишлоқларга бориб, замонавий санъат ҳақида сўзлаб берганман, аёллар замонавий санъат ёрдамида ўша қишлоқлардаги аёлларга ўзи ҳақида ҳикоя қилиб беришни таклиф қилганман. Моҳиятан, улар ўзига нотаниш бўлган замонавий санъат тилида жуда баланд ва ёрқин овозда сўзлаган эди. Лойиҳа “4 та А: Аая, Айыл, Арт, Активизм” деб аталган бўлиб, унда аёллар муаммолари ҳақида пойтахтлик ҳеч бир рассом эплай олмаган тарзда ҳикоя қилинади. Экология, минтақавий бўлиниш ва бошқа соҳаларга оид лойиҳаларим ҳам бўлган.
Бугунги кунда менинг энг муҳим лойиҳам феминнале – аёл рассомлар асарлари кўргазмасидир. Гап бу ерда феминнале ҳақида бутун жаҳон ахборот воситалари ёзган ва мен қораланган катта жанжал ҳақида кетмаяпти. Феминнале – мен учун мазмунан энг муҳим лойиҳа. У мен ўйлаб топган кўргазмалар орасидаги концепцияси энг ўзига хоси эди. Кўргазма формати ҳам, мавзуси ҳам. Бирор жойга боғланиб қолмаган феминизм “биеннале”си формати исталган мамлакатда, исталган шаҳарда, ҳеч бир сиёсий чегараларсиз, ҳеч бир ёш чекловларисиз, одамларни жинсига ва жинсий мойиллигига қараб камситмаган ва ҳк. ҳолда ўтказилиши мумкин. Менга ҳаммутасадди бўлган Жанна Араева “Кормилица” (“Боқувчи аёл”) сўзини таклиф қилиб қолди. Мен концепцияда боқувчи, яъни кўкрак сути билан боқадиган аёл, бутун оилага овқат пиширадиган аёл, меҳнат миграциясига кетишга мажбур бўлган аёл – ризқтопар аёл ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилдим. Иш миқёси ниҳоятда кенг бўлиб, бола эмизаётган аёлни айбдор қилишдан тортиб, кўпинча аёлга нисбатан жисмоний зўравонлик билан ҳамқадам юрадиган иқтисодий зўравонликкача бўлган нарсаларни қамраб олади.
Феминизм ва Марказий Осиё – қандай хатолик рўй берди? Шарқ аёли Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларидаёқ озод қилинган эди, бироқ Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришгандан бери нима ўзгарди?
Назаримда, “шарқ аёли Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларидаёқ озод қилингани” чўпчакдан бошқа нарса эмас. Феминналенинг музей қисми ушбу муаммога ва бу масалада патриархат билан тил бириктирилганига бағишланган эди. Совет ҳокимияти пайдо бўлишининг дастлабки йиллари ҳақида фақат қандайдир материалларга таянган ҳолда ўйлашим мумкин. Аммо Совет даврининг сўнгги йилларини аниқ биламан, чунки ўша даврда яшаганман. У пайтда ҳеч қанақа феминизм йўқ эди. Барча аммаю холаларим далада, идораларда, заводларда кун бўйи ишлаб, кечқурунлари бутун қариндошлари: қайнотасидан тортиб, қариндошларининг кичик болаларига қадар – ҳаммасининг хизматини қилган. Яна уй ҳайвонлари, ўзининг фарзандларини айтмайсизми? Бундан ташқари, тинмай туғишинг керак, яна эр, катта оиланинг бошини қовуштириш деган гаплар бор.
Мустақиллик даври аёлни эксплуатация қилишни давом эттирди. Ҳеч нарса ўзгармади ҳисоб. Мен советлардан олдинги даврни романтиклаштиришдан жуда узоқман. Ҳа, минтақа мамлакатлари тарихида баъзан ҳукмдор аёллар бўлган. Камдан-кам бўлса-да, бўлган. Лекин улар одамлар тенгҳуқуқли бўлиб яшашига ва бир хил имкониятларга эга бўлишига шароит яратиб берилгани учун ҳокимиятни эгаллагани йўқ. Биласизми, бу аёллар қаршиликларни енгиб, жамият негизлари, тизими ва тақиқларига қарши бориб, бундай мартабаларга эришган.
Феминнале ўтказиш фикри сизда қаердан пайдо бўлди? Тадбирни ўтказиш жараёнида қандай синовлардан ўтишингизга тўғри келди? Қандай ютуқларга эришдингиз?
Мен 2019 Алматида бўлиб ўтган “Фемагора” маршида қатнашган ва ўша ерда феминизм билан боғлиқ долзарб мавзуларни кўтарган бишкеклик рассом аёлларни учратган эдим; тўғриси, ўша пайтгача улар мавжудлигидан бехабар бўлганман. Мен улар асарларини Бишкекда ҳам намойиш этишни ўйлаб қолдим. Бу фикрни сафдошларим Кина Юсупова, Аида Мусулмонқулова, Жанна Араева, Гулойим Айилчи, Ойгул Карабилинага айтганимда, улар бу фикримни қўллаб-қувватлади. Моҳиятан, мана шу чоққина жамоа билан кўргазма ташкил қилдик, унда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 50 дан ортиқ рассом аёл иштирок этди. Бу ерда айни иш қуйидан бўлган ташаббус сабаб амалга ошганини алоҳида қайд этиш лозим. Ҳомийларимиз йўқ, аммо қирғиз бизнеси бизни қўллаб-қувватлади. Ушбу “хавфли” ишни амалга оширишдан ҳайиқмаган яккаю ягона ташкилоти “Сорос – Қирғизистон” жамғармаси бўлди. Мен ҳар сафар бизни қўллаб-қувватлаб, ҳисобимизга 2 доллардан пул кўчирган қирғиз аёлларини ҳаяжон билан эслайман. 100 доллар кўчирганлар ҳам бўлди. Энг йирик кўчган пул миқдори 300 доллар эди. Бироқ “Феминнале” ҳисоб рақамига поликлиникада ишлаётган ҳамшира 2 доллар кўчирганда, у икки тушлик пулини кўчираётганини ва бу кўргазма аёллар учун қанчалик муҳим эканини тушунасан. Феминналенинг энг катта ютуғи – мана шу. Феминнале – воқелик, у ҳеч ким бориб кўрмайдиган музей ҳудуди эмаслигини тушунасан.
Феминнале бошдан-оёқ синов бўлди. Мен мутасадди сифатида маблағ етишмагани учун бошида жуда қийналганман. Пул келиб туша бошлади, аммо у етишмаётганини, исталган пайт ўз пулимни сарфлашим мумкинлигини тушунар эдим. Оқибатда шундай бўлди ҳам. Кўргазма монтажи кечаю кундуз давом этди, чунки музей монтаж ишларига жуда кам вақт берган эди. Музей фаолияти замонавий санъат асарлари кўргазмаларига мўлжалланмаган. Биз яна экспресс-почта хизматларидан фойдала олмаганимиз учун, асосан, давлат почта хизматларидан фойдаланаётгандик ва бу узоқ вақтни олаётган эди. Биз кўргазмага қўйилиши керак бўлган айрим асарлар, қанчалик уринмайлик, кеч қолишини тушунганмиз. Музей директори ишдан бўшаб кетишга мажбур бўлди. У билан мен ижтимоий тармоқларда ҳам, телеканалларда ҳам қораландик. 8 мартдаги тўхтатиб қўйилган маршда иштирок этганим учун ҳалиям мени қоралашлар тугагани йўқ.
Марказий Осиёда феминизм ҳаракати ривожланиши истиқболларига қандай қарайсиз? Минтақада ижтимоий ва иқтисодий неъматларни тақсимлашда тенгликка эришиш учун қандай қадамлар қўйилиши зарур?
Бу – жуда мураккаб савол ва унга жавобим йўқ. Мен яқинда бу борадаги барча ишларни мактаб дарсликларидан бошлаш керак деб айтган эдим. Яна биз катта ёшлиларга асосий эътиборни қаратаётган пайтда даҳшатли дарсликлар ва даҳшатли мактаб таълими сабабли зўравонлар ва улар жабрджийдаларининг янги армияси ўсиб келаётгани ҳақида ҳам гапирган эдим. Тўғриси, феминнале ва 8 март маршидан сўнг мамлакатларимизда бирор нарсани ўзгартириш мумкинлигига ишонмай қолдим.
Муаллиф ҳақида: Лолисанам Улуғова 2000 йилдан бери арт-менежер сифатида фаолият юритиб келмоқда. У Тожикистонда болаларнинг экология муаммоларидан хабардорлигини оширишга қаратилган илк 3 ўлчамли анимацион фильм ва қисқа метражли фильм сценарийсини ёзишда ва ишлаб чиқаришда қатнашган. Эдинбург университетининг Халқаро маданий алоқалар институтида фаолият юритган.