Суратда: Тошкентдаги Адиблар хиёбонида ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали, манба: president.uz
Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст
Николас Волмзли (Nicholas Walmsley) – Марказий Осиё шеърияти билан қизиқадиган ҳамда кўплаб туркий ва форсий муаллифларнинг қўлёзмаларини тадқиқ қилган адабиёт тарихчисидир. У Индиана университетининг Марказий Евроосиё тадқиқотлари факультетида докторлик илмий даражасини олган. Докторлик диссертацияси мавзуси Алишер Навоий ижоди, шеъриятининг 1500 – 1865 йилларда туркий ва форсий дунёнинг адабий маданиятига таъсири эди. Айни пайтда Бишкек шаҳридаги Марказий Осиёдаги Америка университетида дарс бермоқда. У Асосий гуманитар фанлар ва академик ёзув (Core Humanities and College Writing) дастури директори ҳамдир.
Қуйида Николас Волмзли билан Алишер Навоий ижоди ва шеъриятини туркий ва форсий дунёнинг адабий маданиятига таъсири ҳақидаги интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
– Алишер Навоий – Марказий Осиёнинг, кенгроқ маънода эса, туркий ва форсий дунёнинг буюк шоири. У чиғатой тили санъат тили сифатида ишлатилишида муҳим роль ўйнаган, шу тариқа ўша пайтдаги форс тили устунлигини рад этмоқчи бўлган. Шоир шеъриятининг қайси ўзига хос хусусиятларини ажратиб кўрсатишимиз мумкин? Навоий ҳазратлари бошқа ўтмишдошларидан (Ҳофиз, Румий ва б.) қанчалик ажралиб туради ва у мумтоз форс ва мусулмон шеъриятига қандай янгиликлар олиб кирган эди?
– Навоийни чиғатой тилида ижод қилган ўтмишдошларидан (улар ҳақида қуйироқда фикр юритаман) ажратиб турадиган илк нарса унинг ўзидан олдин ва кейин ўтган барча шоирлардан кўп шеърлар ёзганидир! У масалан, ғазал, қасида, маснавий, рубоий, туюқ, мухаммас ва таърих сингари турли шакллар ва жанрлардан фойдаланди. Навоий нафақат шоир бўлган: у пайғамбарлар ҳақида ҳикоятлар, қисқа тарихий рисолалар, мемуарлар ёзган, шунингдек, Фаридиддин Аттор ва Абдураҳмон Жомий асарларини чиғатой тилига таржима ҳам қилган. У форс тилида ҳам девон тузган, ундаги шеърлар услуб жиҳатидан Ҳофиз, Низомий, Амир Хусрав ва жонажон дўсти Абдураҳмон Жомий сингари буюк шоирлар ижодига ўхшашдир. Шу маънода Навоийнинг чиғатой тилидаги шеърияти ўша формал тузилмаларга (хусусан, гап шеърларининг вазни ва қофияси ҳақида кетмоқда) асосланган ҳамда мавзулари ушбу форс шоирлари ижодига хос бўлган мавзуларга бағишланган, бироқ у чиғатой тилини ушбу шакл ва жанрларнинг техник талабларига мослаштира билди. Навоий илк чиғатой шоири эмас эди, аммо у фикрларини чиғатой тилида бадиий ифода қилиш имкониятларини кенгайтириш учун бошқалардан кўра энг кўп вақт сарфлади. Гарчи у кўплаб сўз ва ибораларни форс тилидан ўзлаштирган бўлса-да, ўзи тушунтирганидай, бу чиғатой тилининг асосий хусусиятларидан бири ҳисобланади, форс тилидан чиғатой тилига ғоя ва концепцияларни бевосита таржима қилиш устида ҳам иш олиб борди.
– Туркий шоирларнинг асосий анъаналари ва илдизларига қандай тавсиф берасиз? Улар араб ва форс лингвистикаси ва бадиий тимсолларидан кўпроқ ўзлаштирганми? Уларнинг жанрларида қандай ўзига хосликлар бор (масалан, Навоий ғазаллари ҳақида гап кетадиган бўлса)?
– Юқорида қайд этилганидай, Навоий чиғатой тилида шеър ёзган илк шоир бўлмаган: у “Муҳокамат ул-луғатайн” рисоласида Ҳайдар Хоразмий, Атоий, Гадоий, Саккокий, ва Лутфий сингари ўтмишдошлари хусусида ёзиб қолдиради, аммо фақат Лутфий ҳақида яхши сўзлар битади. Бироқ номлари зикр этилган шоирлар унчалик таниқли эмас, чунки сақланиб қолган девон намуналари кам, бинобарин, ўрта асрлар Марказий Осиё мумтоз шеъриятининг аксарият ўқувчилари ва тарихчилари фақат Навоийни билишга мойил ва шунинг учун чиғатой адабий анъанаси айнан ўша кишидан бошланади, деб ҳисобланади. Лекин сиз ушбу шоирларнинг шеърларини ўқий олсангиз – албатта ўқиш керак – Атоий ва Гадоийнинг ажойиб ғазаллари борлигига, уларни тушуниш осон ва енгил эканига амин бўласиз. Лутфий қаламига мансуб маснавий жанрида ва чиғатой тилида ёзилган “Гул ва Наврўз” достони ҳам форс тилидаги аллегорик ҳикояга асосланган шеър шаклининг ажойиб намунаси ҳисобланади. Шеърият яна ҳукмдорларга ҳамду сано ўқиш учун ҳам хизмат қилган. Бунга Саккокий қаламига мансуб шеърлар мисол бўла олади.
Суратда: Алишер Навоий. XV асрдаги Ҳирот мактаби миниатюраси.
– Совет даврида шоирнинг асарлари таҳрир қилиниб, янгича кўринишда чоп қилинган, яъни “советлаштирилган” эди. Навоий асарлари рус тилига (ва ўзбек тилига) танлаб таржима қилинганми ва унинг асарлари совет даврида ва ҳозирги пайтда қай тарзда ўрганилган?
– Совет даврининг асосий таъсири шуки, Навоий ўзбек халқининг миллий шоири деб белгиланган ва у миллий шоир сифатида одамлар эргагиши ва тақлид қилиши учун муайян қадрият ва маслакларни тамсил этиши керак эди. Бироқ гап шундаки, Навоий мусулмон бўлган, ўқувчи унинг аксарият асарларини ижоди келиб чиқишига кўра, исломий бўлганини билсагина, тўла ва тўғри тушуниши мумкин. Масалан, у Ф. Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” (“Қушлар нутқи”) достонини чиғатой тилига таржима қилган, Ф. Аттор эса ушбу дидактик асарини сўфийлар ортидан эргашувчи мусулмонларни маърифатли қилиш учун ёзган. Лекин Совет Иттифоқи расман атеистик – Худони тан олмайдиган давлат бўлгани учун ҳам совет ўзбек маданияти оёққа туриши ва ривожланиши учун масъул бўлган маданият комиссарлари Навоийнинг деярли барча асарларида мавжуд бўлган исломий мавзулар уни миллий шоир сифатида қабул қилиш учун ё камайтирилган, ёки бутунлай олиб ташланган. Шу тариқа Навоий “буюк гуманист” сифатида улуғлана бошлаган, асарларига эса инсоннинг ҳолатини умумийроқ тарзда, исломни аралаштирмай тасвирлаш йўриқномаси сифатида қараш мумкин эди.
Бундан ташқари, у Темурийлар салтанатида, Совет ҳокимияти қоралаган қабила феодализмига асосланган давлатда вазир ва амалдор бўлган, чунки бундай ҳокимият тарихий материализмнинг марксча талқинига кўра, бошқарувнинг қолоқ ва қатағон қилишга асосланган шакли эди. Шунинг учун Совет даврида Навоий Ҳирот аҳолисига хизмат қилган хайрия лойиҳаларини (масжид, мадраса, шифохона, ҳаммом, карвонсарой ва бозорлар) назарда тутиб, оддий кишиларнинг ҳимоячиси сифатида тамсил этилган. У яна санъат ва ҳунармандларнинг, масалан, мусаввир Камолиддин Беҳзод, хаттот Султонали Машҳадий, тарихчи Хондамир ва бошқа кўплаб истеъдод эгаларининг буюк ҳомийси сифатида шарафланган.
Навоийнинг ушбу советча тимсоли машҳур намунасини “Алишер Навоий” (1947) фильмида кўриш мумкин, ўша фильмда унинг ролини машур ўзбек актёри Раззоқ Ҳамроев ўйнаган. Биз фильмда у рақиби, порахўр ва маккор қилиб тасвирланган Мажидиддиндан одамларни ҳимоя қилаётганини кўрамиз. Аслида бу тарихий маълумотларни ўта жўнлаштириш ва бузишдан бошқа нарса эмас, чунки Мажидиддин ҳақиқий ислоҳотчи ва коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга қарши курашган киши бўлган.
Табиийки, Навоий асарлари ўзбек тилида қайта-қайта чоп этилган ва рус тилига таржима қилинган. Шунга қарамасдан, Навоий асарларини ўқиш билан боғлиқ асосий муаммолардан бири шуки, фойдаланилган кирилл алифбоси чиғатой тили учун мутлақо мос бўлмаган (ҳозир ҳам мос эмас), уни ўқиганда, кўплаб сўз ва ибораларнинг араб ва форс тилларидан ўзлаштирилгани билинмай қолади, биробарин, шоир асарлари ўша тиллардан ҳеч бири билан таниш бўлмаган ҳамда эҳтимол, ушбу ибораларни замонавий ўзбек тилида учратмаган (ўша пайтдаги ва ҳозирги) ўқувчилар учун мураккаб бўлиб қолаверади.
Қолаверса, бундан олти юз йил олдин ижод қилган Жеффри Чосер асарларини ҳатто замонавий инглиз тили нуктадонлари ҳам тушуниши ўта мушкул. Энди замонавий ўзбек тилида сўзлашадиган кишининг Навоийни тушуниши қанчалик мураккаб эканини бир тасаввур қилиб кўринг! Шу кунларда Навоий шеърларидан одамлар кўчаларда иқтибос келтирмоқда ҳамда уларга басталанган ашулалар суннат ва никоҳ тўйларида ижро этилмоқда.
– Тарихий контекстнинг қанчалик аҳамияти бор? Турли ҳукмдорлар даврида туркий / форсий шеърият қачон ва нима учун гуллаб-яшнаган эди? Сарой қанчалик ҳал этувчи аҳамиятга эга бўлган?
– Гарчи Темурийлар – туркийлар сулоласи даврида унинг ҳукмдорлари ва издошлари кўпинча икки тилли бўлган ва ҳам форсий, ҳам туркий шиорларни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, туркий шеърият кенг тарқалиши муқаррар эди. Бу Эрондаги этник туркийларга мансуб Оқ Қўюнлу сулоласига ҳам тегишли. Шунга қарамасдан, форс адабиёти ўша пайтда ҳам ушбу минтақада ҳамон кучли таъсир кучига эга бўлган, чунки иккала сулола ҳам кўп сонли форс тилли аҳоли устидан ҳукм юргизган. Сафавийлар сулоласи илдизлари ҳам туркийларга бориб тақалган, Шоҳ Исмоил I туркий тилда девон тузган. Аммо XVI асрда туркий шеърият маркази Усмонлилар салтанатига кўчган, ўша ерда Навоий жуда машҳур бўлган ва юксак қадрланган. Усмонлилар олимлари чиғатой тилини “Навоий тили” деб атаган, чиғатой тилини билиш эса ўқимишли кишининг фазилатларидан бири бўлган. Чиғатой тилининг машҳур усмонли луғати, асосан, Алишер Навоий асарлари асосида тузилган. Усмонлиларнинг XVI асрда яшаб ижод қилган буюк шоири Муҳаммад Фузулий Навоийнинг мухлиси бўлган ва ғазалларида унга тақлид қилган. Худди шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг дастлабки авлодлари чиғатой тилида шеърлар ёзишни давом эттирган, бироқ бу тил вақт ўтиши билан иккламчи мақомга тушиб қолган, форс ва урду тиллари эса Мўғуллар салтанатининг асосий тиллари бўлган.
Муҳаммад Шайбонийхон ва Убайдуллахон сингари дастлабки ўзбек ҳукмдорлари чиғатой тилида шеър ижод қилган, улар буюк шоир таъсирига тушган ёки ундан илҳомланган бўлса ажаб эмас, бироқ мен кейинчалик Навоийнинг “Хамса” достонлар туркуми ва бошқа девонлари нусхалари кам сақланиб қолганидан келиб чиқиб, Марказий Осиё ўқувчилари орасидаги машҳурлиги пасайганини кўриш мумкин, деб ҳисоблайман. XVII аср охирига келиб, Навоий асарлари қўлёзма нусхалари кўпайгани, шунингдек, чиғатой тилида ижод қилувчи шиорлар сони ортганига қараб, унга бўлган қизиқиш яна жонланганини кўриш мумкин. Бу Мўғулистон (замонавий Хитойнинг Шинжон мухтор тумани) сифатида машҳур ўлкада, айниқса, яққол кўзга ташланади: Ёркент ҳукмдори Жаҳонхўжа Арший Навоийга тақлид қилиб, девон тузган эди. Машҳур сўфий шоирлар Залилий ва Машҳурий ҳам шундай йўл тутган.
XVIII аср ўрталаридан бошлаб, Хива, Бухоро ва Қўқон ҳукмдорлари саройлари барча адибларни рағбатлантирган ва қўллаб-қувватлаган, бунинг сабаби ҳукмдорларнинг ўзи ҳам ижодга қизиққанидадир. XIX аср бошида Қўқон хони Умархон ва умр йўлдоши Нодира шоирларга кўп қарашган. Улар Навоийдан илҳомланиб шеърлар битган ва ушбу намуна Қўқондаги бутун бошли адабий муҳитни чулғаб олган. Аср охирида Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II ҳам адиблар ва адабий маданиятга кўмак кўрсатган, юксак маданият намунаси сифатида Темурийлар ренессансига тақлид қилишга алоҳида эътибор қаратган. Шунинг учун мен Навоий Ўзбекистоннинг миллий шоири бўлганини ноодатий ҳол деб билмайман. У Ўзбекистон ССР ташкил топгунига қадар ўзбек сулолалари ҳукмронлик қилган ўлкаларда аллақачон Марказий Осиёнинг энг ҳурматли шоири сифатида довруғ қозониб бўлган эди.
– Марказий Осиё ўтроқ аҳолисининг ёзма шеърияти дашт кўчманчиларининг оғзаки анъаналаридан қай тарзда кескин фарқ қилади? Ушбу бир-биридан айри маданиятлар муҳаббат, сиёсат ва ҳаёт тимсолларини ва бир-бирини қандай тавсифлаган?
– Тўғрисини айтсам, бу – хато дихотомия[1]: дашт кўчманчилари оғзаки маданиятининг ўтроқ халқларнинг ёзма маданиятидан ҳеч бир кам жойи йўқ, у ҳам жуда бой ва мураккаб. Бундан ташқари, Бухоро амирлиги Хива ва Қўқон хонликларидаги ўтроқ аҳолининг мақол ва масаллардан иборат оғзаки маданият анъанаси, қозоқ даштидаги кўчманчиларнинг эса кенг қамровли ёзма маданияти бўлган. Қирғиз эпоси “Манас”нинг нафосати – шунча йирик эпосни ёдлашнинг ўзи одамни ҳайратга солади – ёки Абай асрларининг зариф ва буюк экани шубҳасиз. Яна бир қайд этиш зарур бўлган жиҳат шуки, Аҳмад Яссавий тартиб бергани тахмин қилинадиган (лекин бунинг ҳеч қандай исботи йўқ) “Девони ҳикмат” хато тарзда кўчманчилар осон тушуниб олиши учун оддий шеърлар тўплами деб тавсифланган. Аслида у ҳам услубан, ҳам мазмунан чиғатой шеъриятига яқин ҳамда айни мураккаб вазнларда битилган.
Шунга қарамасдан, мен Марказий Осиёдаги оғзаки маданиятлар бўйича мутахассис эмасман, шунинг учун на уларга, на ёзма ва оғзаки маданиятларнинг ўзаро таъсирлашувига ҳаққоний баҳо беришим қийин. Бироқ Навоийга қайтадиган бўлсак, унинг ўз асарлари орқали муҳаббат, сиёсат, дин ва ҳаётнинг универсал мавзуларига мурожаат қилаётган овозини аниқ-тиниқ эшитиб турамиз ҳамда Навоийни инглиз шоири Перси Шеллининг сўзлари билан “жаҳоннинг тан олинмаган қонунгузорлари”дан бири деб таърифлашимиз мумкин.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Дихотоми́я (юнонча διχοτομία: δῐχῆ, «иккига» + τομή, «бўлиниш») — иккиланиш, ўзаро эмас, ичида боғлиқлиги бўлган икки қисмга изчил бўлиниш.