Сурат манбаси: zen.yandex.ru
2018 йил май ойида Орол денгизининг қуриб қолган тубидан кўтарилган туз бўрони Туркманистон билан Ўзбекистонга ёпирилгани Марказий Осиё мамлакатлари мамлакатлари ерларнинг ишдан чиқишига қарши қандай курашмоқчи экани хусусидаги масалани яна долзарб қилиб қўйди. 2015 йилда тадқиқотчилар гуруҳи (Алишер Мирзабоев, Янн Годлекс, Елена Дубовик, Ўткир Жонибеков, Куанг Бао Ле ва Адан ал-Ҳасан) Марказий Осиёда ерларнинг ишдан чиқишига оид янги тадқиқот натижаларини эълон қилди.
Қуйида ушбу тадқиқотдан айрим парчалар келтирилмоқда.
Муаллифлар таъкидлашича, ерларнинг ишдан чиқиши Марказий Осиё тараққиёти йўлида ғов бўлаётган жиддий муаммолардан бири ҳисобланади, айни ҳол қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган кишилар ҳаёти ва озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Тадқиқотчилар 2001 йилдан 2009 йилгача бўлган даврда деҳқончилик ва ўсимлик қопламаси ўзгариши оқибатида ерларнинг ишдан чиқиши сабаб йиллик йўқотишлар баҳосини тахминан 6 миллиард АҚШ доллари деб баҳоламоқда. Бунга, асосан, яйловлардаги ерларнинг ишдан чиқиши (4,6 миллиард АҚШ доллари), унинг ортидан келувчи чўллашиш (0,8 миллиард АҚШ доллари), ўрмонларнинг кесилиб кетиши (0,3 миллиард АҚШ доллари) ва ҳайдаладиган ерларнинг консервация қилиниши (0,1 миллиард АҚШ доллари) сабаб бўлмоқда.
Марказий Осиёда сўнгги 30 йилда ерларнинг ишдан чиқишига қарши кураш харажатлари (cost of action) ҳаракатсизлик сабаб етадиган зарардан (cost of inaction) 5 баробар кам бўлиши аниқланди. Бунинг маъноси шуки, ерларнинг ишдан чиқишига қарши курашга сарфланган ҳар 1 доллар 5 долларга яқин самара бериши мумкин. Бу ерларнинг ишдан чиқишига қарши чоралар кўриш зарурлигини асословчи кучли иқтисодий далилдир. Тадқиқотчилар ҳисоб-китоб қилишича, 30 йил мобайнида ерларнинг ишдан чиқишига қарши кураш харажатлари тақрибан 53 миллиард АҚШ доллари бўлади, аммо ҳеч иш қилинмайдиган бўлса, йўқотишлар миқдори ўша давр мобайнида 288 миллиард АҚШ долларигача етиши мумкин. Бозорларга чиқишни яхшироқ таъминлаш, билимларни тарқатиш хизматини ривожлантириш, майда ишлаб чиқарувчилар ўртасида ердан фойдаланишни ва чорвага эгаликни кафолатлаш ерларнинг ишдан чиқишига қарши курашнинг самарали чораларидир.
Марказий Осиёдаги ерлари ишдан чиққан ҳудудлар (қизил ранг билан белгиланган) – муаллифларнинг тадқиқот манбаси
Ерларнинг ишдан чиқиши муаммоси
Марказий Осиёдаги ер ресурслари тез ишдан чиқади ва бу ҳол экинлар ҳосили, чорвачилик ва ўсимликларни етиштириш унумдорлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси даромадлари ва қишлоқ туманларида кун кечириш учун зарур бўлган маблағлар учун салбий оқибатларга сабаб бўлмоқда. Минтақада ерлар ишдан чиқишининг асосий турларига суғориладиган ерларнинг иккиламчи шўрланиши, суғорилмайдиган ва тоғли жойларда тупроқнинг емирилиши, шунингдек, ўсимликларнинг йўқ бўлиб кетиши, чўлланиш ва яйловлардаги ўсимликлар таркибининг зарарли ўт-ўланлар томон силжиши киради.
Минтақадаги ерларнинг ишдан чиқиш омиллари кўп, улар мураккаб ва бир-бирига боғлиқдир. Улар орасида беқарор қишлоқ хўжалиги амалиёти, заиф ва чекка ҳудудларда қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришни кенгайтириш, ирригация ва дренаж тармоқларини ҳолатини яхши сақламаслик ва аҳоли пунктлари яқинида молларни керагидан ортиқ ўтлатиш асосий омиллар ҳисобланади. Бироқ ишдан чиқиш замирида советларнинг пахтачиликни ривожлантириш ва ўз-ўзини ғалла билан таъминлашга қаратилган сиёсати ётади. Ушбу сиёсат суғориладиган пахта ва чекка ҳудудларда лалми ғалла етиштиришни оммавий тарзда кенгайтиришга олиб келган эди.
Мустақиллик қўлга киритилгандан сўнг ресурслар етишмаслиги ҳамда ирригация ва дренаж тармоқларидан фойдаланиш, бозор иқтисодиёти шароитида ёғингарчилик кўп бўладиган экин ерлари кенгайиб кетган ҳудудларнинг тегишли тартибда фаолияти кўрсатиши билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келди. Илгариги колхозлар – жамоа хўжаликларининг жуда кичик ва бўлтакланган фермер хўжаликларига ажралиб кетиши йирик ва марказлаштирилган деҳқончилик учун режалаштирилган ирригация тизими билан янги ва майда фермерларнинг эҳтиёжлари ўзаро мос келмаслигидай муаммони келтириб чиқарди. Оқибатда ирригация ва дренаж тармоқларини зарур ҳолатда ушлаб туриш бўйича керак бўлган мажбуриятларни тақсимлашда институционал вакуум – бўшлиқ пайдо бўлди. Айни чоқда экинларни суғорадиган сувга нарх белгиланмагани давлатлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувдан керагидан ортиқ фойдаланишига субсидия ажратаётганини англатар эди. Айниқса, Қозоғистон шимолида илгари экинлар экилган лалмикор ерларнинг анча-мунча қисми консервация қилинди. Хом ашё ва тайёр маҳсулот бозорлари яхши ўрганилмагани ишлаб чиқариш харажатлари ошиб кетиши ва олинган ҳосил нобуд бўлишига олиб келди. Орол денгизи қуриб бўлди ҳисоб. Энди шамол пестицидлар билан тузни унинг қуриб қолган тубидан ҳар томонга учириб кетмоқда.
Муаммо миқёси
Иккиламчи шўрланиш Марказий Осиёнинг суғориладиган ҳудудларидаги ерлар ишдан чиқишининг асосий муаммоси ҳисобланади ва у ушбу суғориладиган ҳудудларнинг тахминан 40 – 60 фоизини қамраб олади. Шўрланиш, айниқса, дарёларнинг қуйи оқимидаги ерларда оғир кечади: Туркманистондаги деярли барча суғориладиган, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Оролқум (собиқ Орол денгизи) билан чегарадош вилоятларидаги суғориладиган ерлар иккиламчи шўрланишга мойилдир. Фермерлар одатда шўрланиш муаммосини тупроқни ювиш билан ҳал этишга интилмоқда, бироқ тузли суғориш сувидан фойдаланиш шўр ювиш самарадорлигига путур етказади ва сувдан ҳаддан зиёд кўп фойдаланиш муаммони оғирлаштириб юборади. Марказий Осиёнинг суғорилмайдиган, аммо ер ҳайдаб деҳқончилик қилинадиган жойларидаги ернинг ишдан чиқиши билан боғлиқ асосий муаммолар тупроқнинг емирилиши ва тупроқ ориқлаб кетиши сабаб юз беради. Қозоғистоннинг кенг текисликларида тупроқни шамол емириши жиддий муаммодир, тупроқни сув емириши эса тоғолди туманлари муаммосидир. Ҳисоб-китобларга кўра, Қозоғистон чўлларидаги 11 миллион гектардан ошиқ ерларда тупроқ унумдорлиги йўқолган, айни чоқда тупроқдаги органик модда йўқотишлари 40 фоизгача боради. Бироқ 1990-йиллар бошида экин экиш тўхтатилгандан сўнг тупроқ унумдорлиги тикланган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Марказий Осиёда Гупт ва бошқаларнинг (Gupta et al, 2009) ёндашувига амал қилиб, тадқиқотда 4 та асосий агроэкологик зона кўриб чиқилади.
Суғориладиган ҳудудлар. Шўрланишнинг энг асосий сабаблари лойиҳаланиши ҳам, қўллаб-қувватланиши ҳам ёмон бўлган ирригация тизимларидир. Дренаж тизимлари ҳам дард устига чипқон бўлмоқда, чунки зарур тарзда қурилмагани ва техник хизмат кўрсатилмагани боис ошиқча сув ва тузни улардан чиқариб ташлаб бўлмайди. Оқимнинг юқори қисмида жойлашган кўпгина ҳудудларда дренаж суви қайтиб дарёларга оқиб тушади ҳамда у оқимнинг қуйи қисмида дарёлар ва суғориш каналлари сувидаги туз миқдорини ошириб юборади. Яхши дренаж тизими бўлмаган ерларни суғориб пахта етиштириш усули ҳали-ҳамон сақланиб қолмоқда ва ирригацияга берилаётган субсидиялар сувни тежашга тўсқинлик қилмоқда.
Ёмғирли ҳудудлар. Тупроқ емирилиши ва унумдорлик кескин тушиб кетиши тупроқ қопламаси ёки тупроқ билан сувни сақлаш чораларини кўриш имконияти чекланган нишаб ерларга қарашли чет яйловларда тупроққа жадал ишлов бериш ва экин экиш орқали лалми буғдой етиштириш кенгайтирилгани билан боғлиқдир. Тупроқ емирилиши Қозоғистон шимолида, айниқса, ёввойи ўтларга қарши ерларга ишлов бериш авж оладиган ёз ойларида тезлашиб кетади. Унумдорлик кескин тушиб кетиши яна ўғитлар миқдори етишмовчилиги оқибатидир. Ушбу яқин сабаблар асосида фермерларнинг тупроқни зарур тарзда сақлаш сирларидан бехабарлиги ёки улар яхши ўқитилмагани ва кредит олиш имконияти йўқлиги сингари кўплаб омиллар ётади.
Яйловлар. Яйловларнинг ишдан чиқиши сабаби, асосан, уларда моллар керагидан ортиқча ўтлатилиши, бутазорлар кесиб юборилиши яйлов инфратузилмасига хизмат кўрсатиши йўқлиги билан боғлиқдир. Кўпинча яйловларни бошқариш самарали механизми йўқ ва минтақанинг аксарият мамлкатларида яйловларни ижарага бериш қонун йўли билан аниқ тартибга солинмайди. Умуман олганда, яйловларни барқарор бошқаришнинг институционал механизмлари заифдир.
Тоғ ҳудудлари. Марказий Осиёнинг тоғ ҳудудларидаги ерларнинг ишдан чиқиши билан боғлиқ асосий сабабларга аҳолининг қашшоқлиги ва бозорларга чиқиш имконияти йўқлиги; тупроқни сақлашнинг барқарор технологияларидан фойдаланмай туриб, нишаб ерларга ишлов беришга сабаб бўлаётган демография босими; билимлар тарқалишининг заифлиги ва институционал чекловларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Ердан фойдаланишдаги ўзгаришлар
Муаллифлар ердан фойдаланишда рўй берган 4 та ўзгаришни санаб ўтади: 1) Қозоғистон илгари лалми ерларда ўсадиган экинларни етиштириш доирасида фойдаланилган ерларнинг консервация қилиниши; 2) Орол денгизи қуришининг давом этаётгани; 3) ҳосил бермайдиган ерлар анча-мунча қисмининг ердан фойдаланишнинг бошқа турлари, асосан, бутазорлар ва ўтлоқ яйловларга айлантирилиши; 4) минтақада, айниқса, Қозоғистонда ўрмон майдонларининг кўпайиши.
Тупроқни тасвирга олиш натижаси, асосан, Қозоғистонда экин майдонларининг анча-мунча қисқаргани ва мос тарзда яйловлар ортганини кўрсатмоқда. Бу Қозоғистон шимолидаги кенг ҳудудларда лалми экинлар етиштириш тўхтатилгани, ҳайдаладиган ерлар яна ўтлоқларнинг табиий ҳолатига қайтгани билан боғлиқдир. Ушбу ўтлоқ ва яйловларга собиқ Совет Иттифоқида 1950-йилларда ўз-ўзини ғалла билан таъминлашга қаратилган “Қўриқ” дастурига асосан, экинлар экилган. Бироқ ҳосилдорлик паст ва беқарор бўлгани учун Совет Иттифоқи инқирозга юз тутиб, бозор механизмлари яратилгандан сўнг ушбу вилоятларнинг аксариятида экин етиштириш ўзини қопламай қолди. Бундай ҳайдаладиган ерларнинг яйлов ва бутазорларга айлантирилиши, гарчи кичикроқ миқёсда бўлса-да, минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам кузатилди. Айни дамда Туркманистон билан Ўзбекистонда экин экиладиган ерлар кўпайтирилиб, яйловлар ва бутазорлар ҳайдаладиган ерларга айлантирилди.
Иккинчи йирик ўзгариш, асосан, яйлов ва бутазорларга айлантириш орқали ориқ ерлар майдонининг 19,6 миллион гектарга камайгани бўлди. Бундай ерлар Қозоғистонда ўтлоқ ва яйловларга, Ўзбекистон билан Туркманистоннинг қурғоқчил чўл ҳудудларида эса бутазорларга айлантирилди.
Учинчи йирик ўзгариш ўрмон майдонларининг икки баробар ортганини ўз ичига олади, лекин унинг базаси паст – 2,3 – 4,5 миллион гектарни ташкил қилади ва бу Қозоғистондаги (Алмати, Шарқий Қозоғистон вилоятлари) ўрмон массивлари ва ўтлоқлар ўрмонга айланиши ҳисобига рўй берди.
Деҳқончиликдаги тўртинчи муҳим ўзгариш Орон денгизи тобора қуриб бораётгани билан боғлиқ. 2001 йилдан бери Қозоғистонда ва Ўзбекистонда суви қуриб қолгани оқибатида 0,4 миллион гектар гиёҳ ўсмайдиган ерга айланди. Гарчи ушбу силжиш минтақадаги ердан фойдаланиш борасидаги ўзгаришлар билан таққослаганда, бу майдон унча катта эмас, бироқ ушбу ўзгаришларнинг ердан фойдаланиш борасидаги ижтимоий-иқтисодий, экологик ва рамзий аҳамияти минтақада қаттиқ сезилмоқда ва ўрганилмоқда.
Харажатлар
Ўз методологиясини қўллаган тадқиқот муаллифлари ердан фойдаланиш (яъни бир хил ердан фойдаланиш доирасида ерларнинг унумдорлиги пастлиги сабабли уларнинг ишдан чиқиши ҳисобга олинмаганда) ўзгариши билан боғлиқ тарзда ерларнинг ишдан чиқишидан етадиган зарар 2001 – 2009 йилларда ҳар йили 5,85 миллиард АҚШ долларини ташкил қилганини аниқлади. Зарарнинг катта қисми – 4,4 миллиард АҚШ доллари яйловларнинг камроқ қийматга эга бутазорлар ва ориқ ерларга айлантирилиши билан боғлиқ: умуман олганда, 2001 – 2009 йилларда минтақадаги 14 миллионга гектар атрофидаги яйловлар бутазор ва ориқ ерларга айланди. Бу яйловларнинг ишдан чиқиши қанча улкан муаммо эканини кўрсатиб берди. Яна 0,75 миллиард АҚШ долларилик зарар, айниқса, Орол денгизи атрофидаги ҳудудларда бутазорларнинг гиёҳ ўсмайдиган ерларга айланиши ва чўллашиш муаммоси чигаллашиб бораётгани билан боғлиқ эди. Ўрмонсизланиш 0,32 миллиард АҚШ долларилик зарарга сабаб бўлди, ҳайдаладиган ерлардан воз кечиш эса йилига тахминан 110 миллион АҚШ долларилик зиён келтирди. Зарар аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, мамлакатига қараб ўзаро фарқ қилади: энг юқори кўрсаткич –Қозоғистонда (йилига 1800 АҚШ доллари), энг паст кўрсаткич эса – Ўзбекистонда (йилига 250 АҚШ долларига якин).
Шу билан бирга, минтақада ерлар ишдан чиқаётгани баробарида ердан фойдаланишни такомиллаштириш ҳисобига ерларнинг ҳолати яхшиланиши ҳам юз бермоқда. Бу ишга Қозоғистон шимолида ҳайдаладиган ерларнинг яйловларга айлантирилаётгани асосий ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Ушбу тадқиқот натижалари кўрсатишича, ерларнинг ишдан чиқишига қарши кураш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар билан боғлиқ харажатлар ҳеч иш қилмаслик оқибатида юзага келадиган харажатларни жуда оз қисмини ташкил қилади. Шунинг учун ер ресурсларини барқарор бошқаришдан келадиган фойда жуда юқори экани ҳисобга олинса, айни дамгача қилинган ишлар ерларнинг ишдан чиқиши муаммосини ҳал этиш учун етарли эмас. Муаллифлар фикрича, хусусий ер эгалари барча харажатларни зиммасига олишга қодир эмас ва бунинг учун ўзида рағбат сезмайди, бироқ миллий ҳукуматлар ҳам бозор иқтисодиёти воқеликлари ва бир мамлакат доирасида ер ресурсларини барқарор бошқариш чораларини жорий қилиш имкони йўқлигидан келиб чиқиб, ушбу харажатларни молиялаштириш эҳтимоли камдир.
Марказий Осиёда ерларни барқарор бошқаришни жорий қилишга ёрдам берувчи асосий омиллар бозорга чиқишни яхшилаш, билимларни кенгайтириш, бошқа фермерларнинг тажрибасини ўрганиш, майда фермерлар ўртасида ерга хусусий эгалик қилиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ишлаб чиқарувчилар ўртасида чорвага эгалик қилиш, рўзғор хўжаликларининг кичик ҳажмларидан иборат эканидир.