Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст
«Сен барибир муқаддассан – муқаддас, аёл» [1].
Тан олиш керак, илк марта 2000 йиллар бошида Тошкент яқинидаги тоғларда кўрганим шиор-плакат ҳалигача мени таажжубга солади. Аслида бунга ўхшаш плакатлар сизу бизни муайян хулосаларнинг манба ва сабабларини билиб олишга ундаши мумкин. Ушбу материалда Ўзбекистонда эрта совет даври ва 100 йилдан кейин аёллар мавзусининг мазмуни ва ғоясини таққослашга ҳаракат қилинади. Таҳлил қилиш учун Лондондаги Британия кутубхонаси эълон қилган Совет Ўзбекистони “Янги йўл” журналининг шарҳи маълумотлари, шунингдек, мамлакат ахборот воситаларида 2020 йил баҳорида аёллар ҳақида ўзбек тилида чоп этилган айрим мақолалар олинди.
1920 йиллар
Британия кутубхонасининг Турк ва туркий коллекциялар бўлими куратори, фан доктори Майкл Жеймс Эрдманнинг уч йил олдин эълон қилинган материали “Янги йўл” журналининг кутубхона архивида сақланаётган 4 та сони мазмуни билан танишиш имконини берди. Ушбу журнал 1926 – 1927 йилларда Ўзбекистон Коммунистик партияси марказий қўмитасининг аёллар ва қизлар учун чоп этилган ойлик нашри бўлган. Журналлар эски араб алифбосида чоп этилган ҳамда сурат ва расмлар билан безатилган.
Блог муаллифи ёзади: “Гарчи журналдан хотин-қизларни педагогика соҳасидаги инновациялардан бохабар қилиб туриш учун фойдаланилмаган бўлса-да, у хотин-қизларнинг дунёқарашини анъанавий уй муҳитидан анча ташқарига кенгайтиришга мўлжалланган эди”. Шундай қилиб, журналда Европа миллатига мансуб аёлларнинг “аёлларники бўлмаган” ишлар билан машғул бўлаётгани ҳақидаги мақолалар бор: “суратларда бошига рўмол ўрамаган, техникани бошқараётган ва ғишт тераётган аёллар тасвирланган”, дейилади материалда.
Айни дамда журналда ўзбек аёллари бошқача тақдим этилган. “15-суратда ўрта ёшдаги бир гуруҳ пиллакор аёллар тасвирланган, улардан бир нафаридан ташқари ҳаммаси рўмол ўраган, ҳеч бири машинадан фойдаланмайди”, деб ёзади тадқиқотчи.
М. Эрдманга кўра, бошқа бир суратда таҳририят илмий тажрибани кузатиб турган ва замонавий кийим кийган битирувчиларни кўрсатиш билан ўзининг умидларини ифода қилган бўлиши мумкин. Муаллиф “умидлар” ҳақида ёзади, чунки “Марказий Осиё аёлларининг ҳақиқий ҳаёти Москва ва коммунистик партиянинг маҳаллий кадрлари тарғиб қилаётган тасвирдагидан кўра рангсизроқ ва кам тараққий топган эди”.
Эрдман таъкидлашича, тарғибот руҳига мос равишда журнал мақолалари, Ленин ҳақидаги элегия жанрига хос, коммунистлар доҳийсининг пролетариат ва деҳқон аёллар учун аҳамияти тўғрисидаги шеърларга тўлиб-тошган ҳамда “қиёфасиз буржуазия ва бойларга қарши курашаётган ишчи аёллар ҳамда ишчи аёллар учун ер ислоҳотининг муҳимлиги” ҳақида ҳикоя қилади. Айни чоқда журнал сонларида умумий билим берувчи, масалан, бошқа этник гуруҳлар, астрономия соҳасидаги кашфиётлар ва Миср тарихи (масалан, Тутанхамон даҳмаси мўъжизалари) ҳақидаги материаллар ҳам чоп этилиб турган. Шу тариқа, дея хулоса қилади Эрдман, “ушбу даврий нашрлар аёлларга таълим бериш билан бир қаторда дунёқарашини кенгайтириши ва уларни умумий (асосан, Ғарбники) маданият билан таништириши керак эди”.
Орадан 100 йил ўтиб
Орадан 100 йил ўтиб, Ўзбекистон матбуотида аёллар ва гендер масалалари ҳақида нималар ёзилаётганини расмий газеталарнинг онлайн версиялари мисолида кўриб чиқсак бўлади. Гап бу ерда давлат ОАВ, жумладан, расмий газеталар ва Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг (ЎзА) сўнгги 2 ой ичидаги онлайн материаллари ҳақида кетмоқда. Эсда тутиш жоизки, гарчи ҳукумат газеталарини ҳамма ўқимаса ҳам, уларга барча давлат идоралари ва маъмуриятлар, жумладан, таълим муассасалари обуна бўлган [2]. Яна бир муҳим жиҳати Ўзбекистонда интернетдан ҳамма ҳам фойдаланиш имкониятига эга эмас. Шундай қилиб, ушбу мақолалар гендер масаласида расмий мавқени акс эттиради ва жамият учун ўзига хос ориентир – йўналтиргич ҳисобланади.
Аёллар қишлоқ хўжалиги соҳасида
6 мартда ягона миллий ахборот агентлиги ЎзА (ҳам лотин, ҳам кирилл алифболарида) “Фермер аёллар юзида кулган қуёш” мақоласини тайёрлаб чоп этди. Унда қишлоқ хўжалиги ва фермерлик соҳасида аёлларнинг иштироки ортаётганига бағишланган учрашув ҳақида сўз боради. Мажлисни ЎзЛиДеП, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Тадбиркор аёл” уюшмаси ташкил этган. Суратда замонавий кийинган аёллар ва мажлисда иштирок этаётган эркаклар акс этган – улардан бири маъруза қиляпти. У мажлисга раислик қилгани ёки иштирокчилардан бири экани маълум эмас. Мақолада мевачилик ва сабзавотчилик соҳаларини ривожлантириш, Фарғона вилоятида аёллар учун имкониятлар яратиш бўйича тренинглар ўтказилгани ҳақида фикр юритилади. Ўз бизнесини очаётган ва мажлис иштирокчиларининг Ўзбекистон иқтисодиётига ҳисса қўшаётган минглаб аёллар ҳақидаги сўзлари келтирилади. Мақолада аёллар бошқараётган барча хўжаликлар ва муассасаларга давлат бераётган кўмак қайд этилиб, бу ҳол вилоятларда кўпроқ иш ўринлари яратилишига ёрдам беришига умид билдирилади.
Асосий эътибор маънавият ва… муқаддасликка қаратиляптими?
ЎзАнинг март ойида чоп этилган яна бир материали Фарғона вилоятида жойлашган Биби Убайда зиёратгоҳи ҳақидаги тарихий обзордан иборат. Унинг сарлавҳасида ушбу қадамжо фақат аёллар зиёрат қилиши учун мўлжаллангани айтилади. Қайд этилишича, ушбу зиёратгоҳ муслима аёлларнинг маънавий жиҳатдан покланиши воситасидир ва мамлакатдаги маънавият ўчоқларидан бири ҳисобланади [3]. Айни қадамжонинг тарихи билан таниш тадқиқотчилардан иқтибос келтирилади ва асосий эътибор шу жой мужассам этган қадриятларга қаратилади. Мақолада қайд этилишича, Биби Убайда ислом динини биринчилардан бўлиб қабул этган ва ҳаж зиёратини амалга оширган аёллардандир. Ушбу зиёратгоҳ Қўқон хонлиги даврида миллий маънавият таянчларидан бири бўлгани, бироқ шўролар даврида харобага айлантирилгани ва фақат мустақиллик даврига келиб, у ер яна маънавий қадрият сифатида зиёрат қилина бошлагани қайд этилади. Муаллиф фикрича, айни пайтдаги анъанага кўра, ўша жойни фақат аёллар ва қизлар зиёрат қилиши мумкин. Мақола “Биби Убайда сингари аёллар номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар фақатгина гўзаллик тимсоли сифатида эъзозлаб келинмаган. Улар инсонлардаги энг олий сифатларни ўзларида мужассам этганликлари учун ҳам буюк аёллар даражасига кўтарилган”, деган сўзлар билан якунланади. Мухбир улар орасида “садоқат, муҳаббат ва меҳр”ни санаб ўтади ва ушбу жой ўзбек аёлларига умид ва ишонч бағишлашини таъкидлайди[4].
Материалга ҳавола қилинган суратда бошига рўмол ўраган ва анъанавий кийинган ўзбек аёллари тасвирланади, бундай кийимни одатда катта ёшли аёллар, шунингдек, Ўзбекистон вилоятларидаги жувонлар кияди.
Ижтимоий масалалар ва муаммолар
Гендер тенгсизлиги ва шундай ҳолат билавн боғлиқ оилавий зўравонлик масалалари “Халқ сўзи” (“Народное слово”) газетасининг бир неча мақолаларида муҳокама қилинади.
8 апрелда газетада гендер тенглигини таъминлаш борасидаги давлат стратегияси бўйича мақола чоп этилди. Мақола муаллиф, Сенатнинг Аёллар ва гендер тенглиги масалалари бўйича қўмитаси раисининг (2019 йил августида қабул қиланган хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги) тегишли қонунларни эсга олиши билан бошланади. 2020 – 2030 йилларда Гендер тенглигини таъминлаш стратегияси қабул қилиниши “мамлакатда инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат билан қарашни шакллантириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтириш имконини беради”, деб аталади. Мақолада стратегия ҳақида умумий маълумот берилади ҳамда аёлларни бандлиги муҳимлиги ва Ўзбекистондаги ислоҳотлар қўллаб-қувватланиши таъкидланади. У аёллар ҳуқуқини қўллаб-қувватлаш, жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш ва иқтисодий ресурслардан фойдаланиш эркинлиги ҳуқуқи ҳақида ёзилган. Узоқ туманларда яшаётган аёллар учун иш ўринлари яратишни давлат қўллаб-қувватлаётгани тилга олинади. Мақола ниҳоясида муаллиф қизларнинг эрта ва бошланғич таълим олиш ҳуқуқини алоҳида қайд этади.
Ўша сенаторнинг батафсилроқ мақоласи 23 апрелда чоп этилди. “Аёлларга зўравонлик — маданиятли жамият учун қора доғ” деган мақолада карантин даврида маиший зўравонлик хавфлари ҳақида ҳикоя қилинади. Унда яна 2019 йил августида қабул қилинган қонунлар тилга олинади ҳамда “ҳимоя ордери”нинг аҳамияти тушунтирилади. Яна жабрланганлар учун реабилитация маркази, “Ишонч телефони” ва карантин бошлангандан сўнг очилган “Зўравонликка йўл йўқ!” Телеграм канали, ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар, ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар, бошпаналардаги аёллар ва болалар учун хоналар (газетада бу ҳақида кичик мақола ҳам бор) хусусида маълумот берилади. Мақола “хотин-қизларни ҳозиргидек синовли кунларда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шароит яратиш биз, сенаторларнинг ҳам энг муҳим вазифаларимиздан саналади”, деган сўзлар билан якунланади. Иккала мақолага ҳам муаллифнинг сурати илова қилинган.
“Правда Востока” газетасида карантин бошлангандан бери маиший зўравонлик ўсганини ҳисобга олиб, 13 апрелда эълон қилинган мақолада ёрдам сўраб мурожаат қилган аёлнинг суратини кўриш мумкин. Суратда у ванна хонасида ўтириб, ишонч телефони рақамини тераётган ва йиғлаётган тарзда акс этган. Мақолага “Ижтимоий ҳаёт” деган тег қўйилган ва унда 10 апрелдан ишга туширилган ишонч телефони [5] ҳақида хабар қилинади. Таъкидланишича, 16 мартдан 9 апрелга қадар Ўзбекистон ички ишлар вазирлигига (ИИВ) зўравонликдан жабр кўрган аёллардан 203 та ариза келиб тушган. Натижада 180 аёлга ҳимоя ордери берилган, 23 та ҳолатда эса маҳалла вакиллари иштирокида тушунтириш ишлари ўтказилган.
Бошқа мамлакатларда ҳаёт қандай дейсизми?
Ўтган асрда чоп этилган “Янги йўл” журнали сонлари мазмунидан фарқли ўлароқ, сўнгги икки ойда мамлакатдан ташқарида чоп этилган мақолаларда гендер мавзусидаги хабарлар учрамади. Бироқ сенаторнинг юқорида номи зикр этилган мақоласида Германия, Франция ва Буюк Британиядаги маиший зўравонлик муаммоси ҳақида фикр юритилиб, ушбу мамлакатларда аёлларни ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чоралар (меҳмонхоналарга жойлаштириш ва вазият қалтис бўлган оилаларни мониторинг қилиш) санаб ўтилади. Яна бунақа жиноят турлари Украинада ҳам, Хитойда ҳам кўпайгани хабар қилинади. Муаллиф бундан ташқари карантин даврида оилавий зўравонлик сонлари ортгани ва бунга қарши курашиш кераклиги тўғрисидаги фикр билдирган БМТ мансабдор шахсларидан ҳам иқтибос келтиради.
Апрель ўрталарида ЎзА Ўзбекистон АҚШдаги элчисининг Қўшма Штатлар давлат котиби ёрдамчиси, алоҳида топшириқлар бўйича элчиси билан учрашгани тўғрисидаги хабарни чоп этди ва “Халқ сўзи” газетасида ҳам эълон қилинди. Материалда учрашув ва муҳокама этилган масалалар баробарида Ўзбекистонда аёлларнинг жамият ва бошқарувдаги мавқеини мустаҳкамлаш борасида кўрилаётган чоралар тўғрисида ҳам хабар берилади. Учрашув чоғида 30 нафар аёл депутат, Сенат раиси бўлган аёл ва 10 нафар муниципал маъмуриятларга раҳбарлик қилаётган аёл ҳақида маълумот келтирилади. Яна Америка тарафининг Ўзбекистондаги гендер тенглиги бўйича ташаббусларга ижобий муносабат билдиргани қайд этилади. Мақолада Ўзбекистоннинг АҚШнинг Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббусига қўшилиши истиқболлари ҳам муҳокама қилингани таъкидланади.
Аммо ушбу 2 та хабардан ташқари чет элларда аёлларга тегишли мавзуларга бағишланган алоҳида мақолалар учрамайди. Яна психология, таълим, дунё ёки тарихдаги аҳамиятли кашфиётлар ҳақида материаллар ҳам (масалан, “Янги йўл” журналидагидек) йўқ. Ҳуқуқбузарликларга қарши кураш бўйича дунёда қабул қилинган амалиётлар тўғрисида ҳам таҳлилий ахборотни кўрмаймиз. Нашрларда, асосан, ўқувчиларга мамлакатда қўйилаётган қадамлар ва ҳокимият ушбу масаладан ташвишда экани хусусида ахборот берилади, холос [6].
Фикрлар
Мақолаларнинг аксариятида у ёки бу тарзда гендер тенглигини таъминлаш ва аёллар учун имкониятлар яратиш масаласига эътибор қаратилётгани алоҳида таъкидланади. Аммо улар “Правда Востока” газетасида май ойи бошида эълон қилинган шахсий фикрга зиддир. Шуниси қизиқки, бу – депутат аёлнинг фикри. “Аёл бўлса, уйда тўла нур бўлади” мақоласи жамиятдаги бошқа қадриятлар ҳақида ҳам тасаввур беради. Муаллиф миллий карантинга фалсафий нуқтаи назар билан ёндашади ва барчани хавфсизлик чораларига амал қилишга, қолаверса, борлиқ ҳақида мулоҳаза қилишга даъват этади. Аёлларни “уйнинг нури” деб атар экан, у фикрларини социумга ҳам кўчиради: “Аёллар кўчага чиқиб, ишлай бошлагач, уйдаги бу файз йўқола бошлади. Болалар қаровсиз, эркаклар меҳрсиз, аёллар муҳаббатсиз қолавердилар”. Кейинчалик мақолада жамиятнинг моддиятпарастлиги танқид қилинади ва ўзбек аёллари қизларининг келажаги, яъни оила қуриши ҳақида ўйлаб кўришга чақирилади. Муаллиф ёзишича, пазандалик, бичиш-тикиш ва раққосалик курслари қизларни никоҳга тайёрлаш учун етарли эмас. Таассуф билан қайд этишича, “Мен тушаётган оила”, “Ҳалол ва ҳаром”, “Бола боқиш”, “Қут-барака, увол” сингари курслар йўқ. У ота-оналарни қизларига бой оилалардан куёв топиш истагида бўлгани учун койийди. “Энди “малика” бўлиш орзусида яшаган қиз бечора тўйдан кейин қараса, на “қирол” бор, на тахт. У ерда фақат “хизматкор”лик бор ва у ажрашишларнинг асосий сабабидир (муаллиф хизматкорлик сўзини атай қўштирноқ ичига олади) [7].
Муаллиф шахсий фикрларига асосланган мақоласини “асл қизларимиз бизнинг ютуғимиз, бойлигимиз, фахримиз, ғуруримиз” дея якунлар экан, барча оналар ва бувиларни қизларни ўзбек анъаналари ва одатларига ўргатишга, мамлакат келажаги ҳаққи-ҳурмати анъаналарни қадрлашга чақиради.
Хулоса
Ушбу қисқача таҳлилдан ҳам маълум бўляптики, орадан юз йил ўтиб ҳам “аёллар масаласи”га Ўзбекистондаги қарашлар ҳар хиллигича қолмоқда.
Британия кутубхонаси материалида қайд этилишича, “Янги йўл” журнали мақолаларида гарчи большевикларнинг пропагандаси кўпроқ бўлган эса-да, уларда аёлларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва билимини оширишга қаратилган таълимий материаллар ҳам бўлган.
Ўзбек матбуотининг замонавий материалларидан кўриниб турибдики, давлат гендер тенглигини таъминлашни ва аёлларга имконият беришни истайди. Бироқ ҳозирча расмий ОАВда жамиятдаги муаммолар (жумладан, оилавий зўравонлик) ҳақида таҳлилий материаллар ёки мавжуд вазиятни бошқа мамлакатлардаги аёлларнинг аҳволи билан таққослаш кўзга ташланмаяпти. Ушбу мавзуга бағишланган мақолалар қуруқ, расмий ва вазиятни чуқур ҳис этмай ёзилган. Яна қайд этиш жоизки, мамлакатда ҳозирга қадар, асосан, аёллар ва болалар жабр кўраётган маиший зўравонлик бўйича миллий статистика юритилмайди. Айни ҳол муаммонинг ҳақиқий миқёсини баҳолаш имконини бермайди.
Бундан ташқари, муайян зиддиятлар ҳам бор. Гендер масалалари бўйича комиссия, дипломатлар ва тадбирлар иштирокчилари Ўзбекистонда аёлларнинг тенгҳуқуқлилиги ва улар бандлигини қўллаб-қувватлаётгани ҳақида гапираётган пайтда бошқа мақолаларда консерватив қадриятлар ва анъаналарга эътибор қаратилмоқда. Гап уларда таълим олиш ва карьера қилиш – мавқеларга эришиш эмас, аёлда барча фазилатларни жам қилиш (яъни яхши аёл тимсоли “муқаддас” деб омма онгига сингдирилмоқда) ва қизларнинг келажагини фақат ва фақат эрга тегиш деб тасаввур қилиш ҳақида кетмоқда. Аёллар тадбиркорлигини рағбатлантиришга ҳам бизнес юритиш билан боғлиқ таваккалчилик ёки профессионал ахборот таҳлил этилмасдан кўпинча бирёқлама эътибор берилади.
Ўзбекистонда кейинги 10 йилда Гендер тенглигини таъминлаш борасида муаммоларни давлат стратегияси орқали қай даражада ҳал этилишини ва бу ОАВда қандай акс этишини вақт кўрсатади.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг шеъри сатри. Ушбу шеър билан кўплаб қўшиқлар айтилган, шунингдек, айни ном билан тадбирлар ўтказилиб туради. Бунга “Сен барибир муқаддассан – муқаддас, аёл” шиори остида ўтказилган концертни мисол қилиб келтириш мумкин.
[2] Хусусий ОАВ ҳақида сўз кетганда, шуни айтиш лозимки, Ўзбекистонда кўплаб газета, журнал ва онлайн ресурслар мавжуд. 2020 йил апрелида Nuz.uz сайти сут бези саратони ва унинг хавфини камайтириш имкониятлари ҳақида ёзган эди: https://nuz.uz/salomatlik/48238-ertalab-barvat-turadigan-aellarning-kkrak-saratoniga-chalinish-etimoli-kamro.html
[3] Муаллиф “маънавият” атамаси ҳақида “халқимиз маънавияти” иборасини қўллаб, жамоавийлик ҳақида фикр юритади. Ушбу мавзу ҳақида батафсил маълумот олиш учун сиёсатшунос Серафим Маэрцнинг мақоласига қаранг: https://caa-network.org/archives/13193
[4] Мақолада Биби Увайда қадамжосини одамлар зиёрат қилишига нима сабаб бўлаётганига аниқлик киритилмайди. Ўтказилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, Марказий Осиёда бунақа жойларни зиёрат қилиш учун энг кенг тақалган сабаблардан бири авлодни давом эттириш, яъни фарзанд кўриш истагидир. В.Горшунова ва с. Пешкованинг тадқиқотига қаранг: «Фертильность и сакральное женское начало в среднеазиатских целительских и ритуальных практиках», 2013.
[5] Зўравонликка йўл йўқ! Нет насилию! расмий Телеграм канали (2020 йил май ҳолатига 2700 га яқин обуначиси бор) ишонч телефонига бўлаётган қўнғироқлар тўғрисида ўз вақтида хабар бериб туради. Масалан, 17 – 23 апрелда 203 та қўнғироқ бўлгани, шулардан 65 таси жисмоний ва психологик зўравонлик билан боғлиқ экани, 47 та ҳолатда эса гап никоҳни бекор қилиб, ажрашиш масаласида ёрдам сўралгани билдирилади. Хабар қилинишича, апрелнинг сўнгги ҳафтасида 137 та қўнғироқ бўлган.
[6] “Халқ сўзи” газетасида аёллар таълими учун қўшимча грантлар ёки Ўзбекистон президенти умр йўлдошининг эҳтиёжманд аёллар учун хайрия ташаббуси ҳақида ёзилади.
[7] Яна муаллиф огоҳлантиришича, никоҳни “ишқий саргузашт” деб тасаввур қиладиган қизларнинг рўзғор тутиш билан боғлиқ ишларни бажариши қийин бўлади.