Сурат манбаси: asiaplustj.info
Муаллиф: Искандар Абдуллаев – Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий ҳамкорлик институти (ЦАРЭС институти) директори ўринбосари, Ўзбекистон[1].
Марказий Осиё – сув ресурсларига қарам бўлган энг кўҳна цивилизация – тамаддунлардан бири. Одатда Орол денгизи ҳавзаси деб аталадиган минтақани иккита йирик дарё – Амударё билан Сирдарё сув билан таъминлайди. Минтақа тарихида сув ресурслари ҳар доим ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг асосий таянчи бўлган. Марказий Осиёнинг осмонўпар тоғлари, водийлари ва бепоён чўллари кўҳна шаҳарлар барпо этилиши, тамаддунлар пайдо бўлиши, бироқ уларнинг сув етишмаслиги, боғлар ва суғориладиган ерлар чўлга айланиб кетиши оқибатида йўқ бўлиб кетишига кўп марта гувоҳ бўлган. Орол денгизи ҳавзасидаги ҳар қандай тамаддун яшаб қолишининг асосий шарти сувдан қай даражада фойдалана олгани билан бевосита боғлиқ бўлган.
Сув бугунги кунда ҳам Марказий Осиёдаги ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг асосий омили бўлиб қолмоқда. Иқлим қуруқлиги ва сув таъминоти инфратузилмаси ривожлангани сабабли минтақа ҳалигача сув ресурсларига қаттиқ боғланиб қолган. Сув мавжудлиги иқтисодий тараққиёт, ижтимоий уюшқоқлик ва сиёсий барқарорликни белгилаб беради.
Жорий вазият
Марказий Осиё сув ресурсларининг йиллик ҳажми тақрибан 116 км3 ни ташкил этади ва шунинг 90 фоизи иккита йирик дарё тизими: Амударё ва Сирдарёдан ҳосил бўлади[2]. Минтақадаги ер ости сувлари ҳажми тахминан 43,49 км[3] дир. Сув ресурсларининг 80 фоизидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилади, деярли 7 – 8 фоизидан эса саноатда, қолган қисмидан эса рўзғорда, хизмат кўрсатиш соҳасида ва бошқа мақсадларда фойдаланилади.
Минтақада сувдан тежамай-тергамай фойдаланишнинг экологик оқибатлари нималарга олиб келаётгани яхши маълум. Совет даврида экология эҳтиёжлари узоқ вақт назар-писанд қилинмай келгани Орол денгизи қуришига сабаб бўлди. Дунёдаги ҳажми жиҳатидан тўртинчи ўринда турувчи кўл қуриб қолиб, ўрнида 5 миллион гектарлик янги чўл – Оролқум ҳосил бўлди. Қуриб қолган денгиз тубидан кўтарилаётган миллионлаб тонна қум туз суғориладиган ерлар, аҳоли саломатлиги ва тоғларнинг муз қопламасига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, ерлар ва сув ресурсларининг шўрланиши ва инқирозга юз тутиши минтақадаги мамлакатлар иқтисодиёти барқарорлигига таҳдид солаётган доимий муаммо бўлиб қолди.
Сув бир вақтнинг ўзида минтақадаги иқтисодий ривожланишни ҳам кучайтирадиган, ҳам чеклайдиган асосий унсурга айланиб қолди. Кутилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ тарзда минтақа сувнинг кескин етишмаслиги муаммосига дуч келиши ва бу сувдан ҳозирги кундаги фойдаланишнинг 8 – 10 фоизини ташкил этиши мумкин[4]. Воқеаларнинг турли тарзда ривожланиш сценарийларига кўра, минтақада аҳолининг сув билан таъминланганлик даражаси йилига мавжуд 2500 м2 дан 1400 м2 га қисқаради. Бундан ташқари, сувдан тежаб-тергаб фойдалана билмаслик, унинг етказиб бериш жараёнида йирик миқёсда исроф бўлаётгани минтақадаги вазият янада ёмонлашувига олиб келади.
Сув ресурсларини тартибга солиш механизмлари
Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликни қўлга киритгандан сўнг сув ресурсларини бошқариш ва тартибга солиш тизимларини ислоҳ қилишга бир неча марта уриниб кўрди.
90-йиллар бошида Марказий Осиё мамлакатлари сув ресурсларини бошқариш бўйича совет тизимларини максимал даражада сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Бироқ тартибга солиш механизмлари фақат қуйи даражада ўзгартирилди, холос[5]. Иқтисодиётни қайта интеграция қилиш, иқтисодий алоқалар парчаланиб кетиши натижасида ўсиш суръатлари пасайиши сув соҳасига ёмон таъсир кўрсатди. Сув таъминоти тизимини молиялаштириш анча-мунча қисқариб кетди ва оқибатда 90-йилларнинг ўрталарига келиб, сув хўжалиги вазирликлари ходимлари сони камайди. Айни ҳолни Марказий Осиё мамлакатлари сув тизимларидаги ўзгаришларнинг дастлабки босқичи деб қараш мумкин[6].
Марказий Осиёда сув муносабатлари ҳуқуқий жиҳатдан 5 та республика ўртасида қабул қилинган “Давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланишни бошқариш ва қўриқлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги келишув билан тартибга солинади[7]. Сув ресурсларини бошқаришда Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси (ДМСХК) асосий роль ўйнайди. У ўзаро келишув билан 1992 йилда ташкил этилган эди. Комиссия минтақадаги сув хўжалиги сиёсати; минтақа сув ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш; узоқ муддатга мўлжалланган сув таъминоти дастури; минтақадаги ҳар бир республика сувдан фойдаланиши учун йиллик меъёрларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.[8]
ДМСХК таркибига котибият, Сирдарё ва Амударёнинг иккита ҳавза ташкилоти ва илмий-ахборот маркази (ДМСХК ИАМ) киради. Ушбу минтақавий ташкилотлар ДМСХКнинг амалий ва илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширади. Миллий сув хўжалиги идоралари раҳбарлари кенгаши ДМСХКнинг олий кўрсатмалар берадиган органи ҳисобланади. Бундай кенгашлар йилига икки марта ёки ундан кўпроқ ўтказиб турилади. Улар натижалари барча томонлар имзо чеккан мажлис баённомаларида акс этади. Қарорлар ўзаро муроса асосида қабул қилинади[9].
Минтақавий муаммолар
Марказий Осиё мамлакатлари янги сув муносабатлари шаклланиш жараёнида турли лаҳзаларни бошидан кечирди. Агар 2000 йиллар бошида сув билан боғлиқ ўзаро муносабатларда жиддий муаммолар ва кескинликлар унчалик кўп бўлмаган бўлса, кейинчалик Амударё ва Сирдарёда улкан гидротехника иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш масаласида келишмовчиликлар пайдо бўлди.
Дарёларнинг юқори ва қуйи оқимида жойлашган мамлакатларнинг сувга эҳтиёжи ҳар хил бўлгани билан боғлиқ машҳур дилемма[10] сув борасидаги жанжал сабабчисига айланди, сув билан боғлиқ масалалар Марказий Осиёда тобора сиёсийлаша борди ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бошқа жиҳатларига ҳам таъсир ўтказа бошлади. Бунга Қамбарота ГЭСлар каскади ва Роғун ГЭС қурилиши минтақадаги сув ва энергетика муносабатларининг ўзига хос лакмус қоғози бўлиб қолганини мисол қилиб келтириш мумкин.
Бундан ташқари, сўнгги пайтларда Қирғизистон 1992 йилда эришилган битимга ҳам, минтақавий сув ҳамкорлигининг институционал тузилмасига ҳам ишонқирамай қарай бошлади. Ушбу мамлакат 2009 йилдан бошлаб Ҳалқаро Орол денгизини қутқариш фондидаги аъзолигини тўхтатиб қўйди. У минтақавий тузилмаларнинг экология ва сув соҳасидаги ҳамкорлиги бўйича бош ташкилоти ҳисобланади.
2016 йилга қадар йирик гидроиншоотлар қуриш билан боғлиқ масалалар нафақат минтақадаги сув муносабатларини ривожлантириш йўлида тўсқинлик қилиб келди, қолаверса, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка халақит бера бошлади. Германиянинг Аделфи тадқиқот маркази ва Марказий Осиё минтақавий экология маркази маълумотларига кўра, минтақадаги самарали ҳамкорлик йўқлиги сабаб йиллик йўқотишлар миқдори 4 миллиард АҚШ долларини ташкил этади[11].
Ижобий трендлар – тамойиллар
Узоқ йиллар сув тузилмасининг бир томонлама ривожланишига мухолиф бўлиб келган Ўзбекистондаги сиёсий ўзгаришлар минтақадаги сув муносабатларининг бурилиш нуқтаси бўлди. Тошкент сув муаммоларини ҳал этиш учун қўшни мамлакатлар билан икки ва кўп томонлама форматларда фаол ишлай бошлади. Ўзбекистоннинг дастлаб эҳтиёткорлик билан, кейин эса аниқ-тиниқ баёнот бергани Тожикистон Роғун ГЭС бўйича қурилиш ишларини бошлашига имкон туғдирди.
Бугунги кунга келиб, сув бўйича ҳамкорлик масалаларига минтақавий ҳамкорликдан олинажак умумий фойдадан келиб чиқиб қаралмоқда. Ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун Марказий Осиё мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари учрашуви сингари сиёсий платформалар ташкил этилди. Минтақадаги 5 та республика раҳбарларининг доимий саммитлари чоғида сув масалаларига устувор аҳамият берилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Марказий Осиё мамлакатлари ҳалқаро ҳамкорлар кўмагида Орол денгизи муаммосини ҳал этиш йўлида кўп саъй-ҳаракатлар қилди. Бунинг натижасида денгизнинг Қозоғистон тарафидаги бир қисми тикланди, Ўзбекистон Оролбўйи сув ҳавзалари экотизимини сақлаб қолди.
Бундан ташқари, яқин вақтдан бери Ўзбекистонда денгизнинг қуриб қолган тубини фаол ўрмонлаштириш бошланди. Бугунги кунга келиб, ўша қуриб қолган денгизнинг 750 минг гектарга яқин тубига турли дарахт ва буталар экилди. Ҳукумат экологик фалокат ҳудудини инновация ва инвестициялар зонасига айлантириш ҳақида қарор қабул қилди.
Гарчи ҳозирча хулоса ва башорат қилишга эрта бўлса-да, давлатнинг Орол денгизи муаммосини идрок қилишида ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. У энди чет эл кўмагини қабул қилишда тузоқ эмас, давлат ушбу минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларини ҳал этишга жиддий киришди.
Умуман олганда, айни пайтда Марказий Осиёдаги қишлоқ хўжалик, ер ва сув ислоҳотлари ҳали тугагани йўқ. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, ерга мулк сифатида қараш тизимларидаги тартибга солиш даражаси, Совет давридаги билан солиштирганда, пасайиб кетди. Бироқ Марказий Осиё мамлакатларида давлат ишлаб чиқариш режалари, ерни тақсимлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нарх қўйишда ҳалигача етакчи роль ўйнаб келмоқда. Хусусан, айнан давлат Марказий Осиё аҳолисининг озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини таъминлаш билан ижтимоий барқарорлаштирувчи куч бўлиб қолмоқда. Айни чоқда бундай қаттиқ тартибга солувчи тизимнинг камчилиги секторга, айниқса, унинг инфратузилмасига хусусий маблағларни киритишга қизиқиш пастлигидир.
Миллий сув сиёсати шаклланиши билан бир қаторда миллий даражадаги сув хўжалиги идораларининг мақоми ҳам ўзгарди. Илгари мустақил сув ресурслари вазирликлари қишлоқ хўжалиги, энергетика ёки атроф муҳит муҳофазаси вазирликлари таркибига кирар, бошқарувчи идоралар ваколатлари ва обрўси пасайиб кетган эди. Сув мамлакатларнинг (юқори ва қуйи оқимдаги) жойлашувига қараб, кенг миқёсли миллий манфаатларнинг суғориш учун сув билан таъминлаш ва сувдан гидроэнергия ишлаб чиқариш учун фойдаланишдай бўлагига айланди. Бу Марказий Осиё сув тизимларидаги ўзгаришларнинг навбатдаги босқичи эди. Бошқа вазирликлар билан қўшилиб кетганлик ва молиялаштириш қисқарганига қарамай, сув тизимларининг ўрта бўғинида айтарли ўзгаришлар содир бўлмади.
Қишлоқ хўжалиги ва миллий маъмурий ислоҳотлар/ўзгаришлар сув хўжалиги соҳасидаги эврилишлар/ислоҳотларга тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Анъанага кўра, сув сектори ҳали Россия Марказий Осиёни мустамлака қилиб олганидан аввал ҳам давлат иши бўлиб келган. Сув ресурсларини давлат бюрократияси орқали бошқаришнинг узоқ анъанаси минтақадаги сувдан фойдаланиш жараёнини тартибга солишнинг муҳим жиҳатларидан бири эди.
Яқинда Сардоба сув омборида рўй берган техноген фалокат Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда стратегик ўзгаришлар рўй берганини кўрсатди. Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг тезкор мулоқоти маҳаллий ҳокимият ва идоралари ўртасида бошланган баҳс-мунозараларга чек қўйди. Ўзбекистон Қозоғистоннинг зарар кўрган туманларига қўмак сифатида техника ва махсус воситалар жўнатди. Қозоғистон бош вазири ўринбосари фалокат рўй берган жойни бориб ўз кўзи билан кўрди. Бундан бир неча йил олдин минтақада бунақа ҳолатни тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди. Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари ўртасида ҳамкорликнинг прагматик ва барқарор тизими яратилмоқда. Бундай ўзаро алоқалар асосида минтақавий ҳамкорлик, жумладан, биринчи навбатда табиатни муҳофаза қилиш ва сув ресурсларини бошқариш институтларини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Роғун, Қамбарота сингари улкан сув омборларини қуриш режалаштирилаётган минтақада улар хавфсизлиги биринчи ўринга чиқади. Шунинг учун йирик сув иншоотлари хавфсизлиги ва уларни ишлатиш бўйича минтақавий ташкилот тузиш ўз вақтида олдинга ташланган илғор қадам бўлур эди. Юқорида қайд этилганидай, бунинг учун сиёсий ирода мавжуд.
Ниҳоят, Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш масалалари ҳар доим табиатни муҳофаза қилиш масалалари билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Орол денгизининг қуриб қолишига оид муаммолар экологияга бепарво муносабатда бўлишнинг ёрқин намунасидир. Узоқ йиллар давомида Орол муаммолари ривожланишнинг турли йўналишларида, баъзан Орол денгизи муаммосидан жуда узоқ соҳалар учун халқаро ташкилотлардан кўмак олиш имкониятларидан бири сифатидаги рамзий масала бўлиб келган. Орол денгизига бағишланган кўп сонли учрашувлар, конференциялар ва сон-саноқсиз мақолалар муаммони ҳал этиш бўйича на сиёсий иродани ва на аниқ кўришни шакллантира олмади.
Таклифлар
Юқорида келтирилган таҳлил асосида Марказий Осиёда сув ресурслари соҳасида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш бўйича қуйидаги таклифларни бериш мумкин:
- Янги техник ечимлар қидириш баробарида ҳамкорлик ва секторлар ўртасида комплекс режалаштиришга кўмаклашиш учун янги сиёсий ва иқтисодий рамкалар – чорчўпларни ишлаб чиқиш зарур. Комплекс режалаштириш ва секторлараро ҳамкорлик чиқимларни камайтириш учун эҳтимол тутилган синергизмдан муроса ҳолатларини баҳолаш, тузилмалар ва секторлар барқарорлигини таъминлаш учун талаб ва марказлаштирилмаган хизматлар соҳасидаги чоралар кўриш учун фойдаланиш имконини беради. Тожикистон ва Ўзбекистондаги сув соҳаси ислоҳотларини давом эттириш ва Туркманистондаги ўзгаришлар синчиклаб назорат этилиши зарур. Миллий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш соҳа вазирликлари талабларига эмас, ислоҳотлар самарадорлигига таяниши лозим.
- Ҳукуматлар сув таъминоти соҳасида тегишли рағбатлантириш йўлларини жорий этиши, уни хусусий ва халқаро инвестициялар учун жозибадор қилиши керак. Маълумки, Марказий Осиё сув секторидаги асосий муаммолардан бири молиявий барқарорлик ҳисобланади. Молиялаш ҳажми камайиши ва унинг етарли эмаслиги деярли барча мамлакатлардаги ҳамма секторларни барқарор ва ишончли таъминлаш йўлидаги тўсиқлардан бири ўша ҳажм етарли эмаслигидир. Изчил бўлмаган молиялаш ҳам ушбу сектордаги узоқ муддатли режалаштиришга тўсқинлик қилади. Бу эса ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш борасидаги жиддий сусткашликларга олиб келади. Суғоришнинг деярли 70 фоиз инфратузилмаси ва сув таъминотининг 50 фоиз тизими эскириб кетган ҳамда тиклаш ёки алмаштиришга муҳтож. Бундай миқёс оқибатида сув таъминоти сектори учун инвестициялар ҳаводай зарур.
- Сув секторида таълим ва илмий тадқиқотлар сифатини ошириш мақсадида радикал ислоҳотлар даркор. Мамлакатлар давлат таълими, илмий тадқиқотлар ва давлат хизматлари секторини ислоҳ қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини тугаллаши шарт. Бундай радикал чораларсиз сув сектори учун малакали мутахассислар тайёрлаш муҳим муаммолигича қолаверади. Онлайн ва веб-тренинглар – вебинарлар тизимини қўллаш мумкин. Ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва дарсликлар ёзишда кўмак кўрсатишга ҳамкорликнинг потенциал соҳалари сифатида қараш керак бўлади.
- Минтақа улкан инфратузилмавий, жумладан, сув таъминоти соҳасидаги муаммоларга дуч келмоқда. Эски сув таъминоти тизимлари ундан фойдаланиш чоғидаги йўқотишларнинг асосий сабабчисидир. Сув ресурсларини тиклашда ёрдам кўрсатиш бўйича сўровлар кейинги беш йил давомида ортиб бораверади. Шунга қарамасдан, чала ва режалаштирилмаган реабилитация сув тақсимотини яхшиламайди, аксинча, реабилитация қилинган ва қилинмаган ҳудудларда сувдан фойдаланувчилар ўртасидаги тафовутни ошириб юборади. Тадбирлар инфратузилмани тиклаш бўйича узоқ муддатли режалар тайёрлашда миллий шерикларга ёрдам кўрсатишга йўналтирилиши лозим. Шу маънода сув таъминоти инфратузилмасини яхшилаш бўйича устувор вазифалар ва аниқ чораларни аниқлаб олиш лозим бўлади. Бундай режалар 10 йиллик давр учун тайёрланса, айни муддао бўлур эди.
- “Индустрия 4.0”, сунъий интеллект, дронларни қўллаш сингари янги замонавий ғоялар ҳам сув ресурслари соҳасидаги воқеликка айланиб бормоқда. Кўмак сув инновациялари лабораториясини молиялаштиришга йўналтирилиши мақсадга мувофиқдир. Ушбу ғоя сув ресурслари соҳасида ишлаётган ёш ва истеъдодли кишиларни рағбатлантириши мумкин.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий ҳамкорлик институти (ЦАРЭС институти) директори ўринбосари, Ўзбекистон, электрон почта манзили: deputydirector2@carecinstitute.org
[2] http://www.icwc–aral.uz/meetings_ru.htm
[3] Victor A. Dukhovny, Joop de Schutter.2019. Water in Central Asia: Past, Present, Future. CRC Press. 492
[4] CAREC Institute. 2020. Climate Insurance, Infrastructure and Governance in CAREC Region. Research Report. 60 pp
[5] Yalcin, Resul & Mollinga, Peter. (2020). 2010-Yalcin-Mollinga-Water users associations in Uzbekistan-the introduction of ne institutional arrangement for local water management. ZEF. Boon. Germany
[6] Wegerich, Kai. (2008). Hydro-hegemony in the Amu Darya Basin. Water Policy 10 (2008) S2. 10. 10.2166/wp.2008.208
[7] http://www.icwc-aral.uz/statute1.htm
[8] http://www.icwc-aral.uz/statute1.htm
[9] http://www.icwc-aral.uz/statute1.htm
[10] Дилемма (грекча δί-λημμα “тахмин!”) — бир-бирини инкор қилувчи ва учинчи далил мавжудлигини истисно қиладиган иккита қарма-қарши ҳолатдан иборат далил.
[11] Rethinking Water in Central Asia – The costs of inaction and benefits of water cooperation. Adelphi- CAREC. 2017