Суратда: Панжакент VII-VIII асрларда, Борис Маршак ва Япониянинг ИТ-талабалар жамоаси томонидан тикланган кўриниши.
Павел Лурье – давлат Эрмитаж музейининг Марказий Осиё, Кавказ ва Қрим бўлими бошлиғи, Шарқ бошқармасининг катта тадқиқотчиси, Панжакент экспедицияси раҳбари. Доктор Лурье Санкт-Петербург давлат университетининг Шарқшунослик факультетини битирган, ихтисослиги – Эрон билан Афғонистон тарихи. 1994 йилдан бери Марказий Осиёга (Панжакент, Пойкенд, Оқ-Бешим, Ҳисорак, Красная Речка) уюштирилаётган археологик ва этнографик экспедицияларда мунтазам қатнашиб келади. Олим ушбу интервьюсида Тожикистоннинг Панжакент шаҳрида деярли бир асрдан бери олиб борилаётган археологик қазишмалар, уларнинг топилмалари, суғдларнинг қўшни мамалкатлар, хусусан, Хитой билан алоқалари ва улар маданиятининг ўзаро таъсирлашуви мавзуларида фикр юритади.
Сиз бир неча йиллардан бери Панжакентни ўрганиб келяпсиз, ушбу ёдгорлик нимаси билан Эрмитаж ва умуман, жаҳон фани учун қизиқарли? Қандай қилиб Панжакент Эрмитаж учун археология объекти бўлиб қолди ва суғдлар шаҳрини тадқиқ қилишда тожик археологлари билан ҳамкорлик қандай кечяпти?
Ҳа, мен Панжакентга илк марта 1994 йили, талабалик давримда келган эдим. Энди билсам, анча вақтга келган эканман. 2010 йилдан бери қазишма ишларига Россия томонидан раҳбарлик қиляпман (Тожикистон тарафидан раҳбар – Ш. Ф. Қурбонов).
1946 йилда, Иккинчи жаҳон уруши тугаши биланоқ Фанлар академиясининг мухбир аъзоси А. Ю. Якубовский бошчилигида Суғд-тожик археология экспедицияси ташкил этилган эди. У пайтларда экспедициялар катта, қазишма, разведка, меъморчилик ёдгорликларини ҳужжатлаштириш билан шуғулланадиган бир неча бўлинмадан иборат бўлар эди. Аммо турғун қазишмаларнинг бош объекти ҳозирги шаҳар четида, Зарафшон дарёсининг жанубий қирғоғида, Самарқанддан 60 километр шарқда жойлашган Кўҳна Панжакент шаҳристони бўлиши белгилаб олинган эди. 1932 – 1933 йилларда Марказий Осиёнинг урушдан олдинги археологиясида энг ёрқин кашфиётга эришилган бўлса ажаб эмас: Панжакент шарқида жойлашган Муғ тоғидаги кичик қалъа харобаларидан жуда кўп ҳужжатлар топилган. Ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, уларнинг асосий қатнашувчиси Деваштич (милодий 722 йилда қатл этилган) бўлган, у кўпинча «Панч ҳукмдори» (яъни «Панжакент ҳукмдори») деб аталган. Археологлар қазишмага киришаётиб, араблар истилосига ойдинлик киритиши керак бўлган суғд ва бошқа тиллардаги ҳужжатларни топишни ният қилаётган эди. Бироқ бу масалада омади чопмади: органик моддалар асл ҳолича сақланиб қолган Муғ тоғи иқлимидан фарқли ўлароқ, Панжакентда бундай буюмлар бутунлай йўқ бўлиб кетган – уларни тиклаб бўлмайди. Фақат ип ўтказиш учун тешиклари бор сопол муҳрлар ҳужжатлар мавжуд бўлганидан далолат беради. Агар 1948 йили Суғд монументал рассомлик санъатининг ажойиб илк топилмалари, улар ортидан эса ёғоч ўймакорлиги буюмлари ва сопол ҳайкалчалар пайдо бўлмаганда, Панжакентдаги қазишмалар тўхтаб қолиши турган гап эди.
Давлат Эрмитаж музейида монументал суратларни реставрация қилиш бўйича махсус лаборатория ташкил қилиниб, унда асосий эътибор ўта нозик ва алоҳида усулларни талаб этувчи Панжакент топилмаларига қаратилган. Ўша вақтдан буён ўтган асрнинг деярли ¾ дан қисмида археологлар ҳар йили Панжакентда дала ишлари олиб боришни давом эттирмоқда, қазишма ишлари ҳатто Тожикистондаги фуқаролар уруши вақтида ҳам ўтказиб турилган. Биз ҳар йили – каттадир, кичикдир – янги суратлар ва ҳайкалтарошлик намуналарини топяпмиз. Омадли йилларда (Якубовскийдан сўнг экспедиция бошлиғи М. М. Дьяконов, ундан кейин чорак аср давомида А. М. Беленицкий, сўнгра Б. И. Маршак бўлган) экспедиция жуда катта бўлган: хизмат сафарига юборилган мутахассислар сони 60 дан ошган, уларга яна маҳаллий ходимлар ҳам ёрдам берган, археологлар 2 – 3 сменада тушлик қилган. Тожикистон фанлар академияси билан келишилган ҳолда топилмалар бўлинган: нимадир Эрмитажга, қолганлари эса маҳаллий музейларга берилган. Бироқ ҳатто Панжакент ёки Душанбедаги музейда намойиш этилишидан олдин безаклар ва ўйма нақшли ёғочлар Эрмитажда реставрация қилиниши керак эди.
ХХ асрнинг 90-йилларидан бошлаб вазият ўзгарди: энди барча материаллар Тожикистонда қоляпти, биз таҳлил учун фақат кундаликлар, суратлар, расмлар, режалар ва камдан-кам ҳолларда намуналарни олиб кетяпмиз. Бор материаллардан фойдаланган ҳолда, Панжакентда йўқ жойдан дала лабораториясини барпо қилдик – энди энг яхши сурат намуналари Панжакент музейига реставрация қилинган ва намойиш этиш учун тайёр ҳолда топширилмоқда.
Экспедиция, асосан, маҳаллий, тожикистонлик, айниқса, панжакентлик мутахассисларга таянади. Улар жорий қазишма ишларининг ярмига раҳбарлик қилмоқда, деярли барча қазувчилар маҳаллий катта синф ўқувчилари ёки талабалардир. Улар пул учун эмас (уларга жуда кам ҳақ тўлаймиз), қизиқиш: дунёқарашини кенгайтириш, ватанининг ўтмиши ҳақида билиб олиш, рус тилида гаплашишни машқ қилиш (Тожикистонда энг зарур бўлган кўникмалардан бири) учун ишламоқда. Бундан ташқари, қазишма ишлари анъанавий машғулотга айланиб қолди: сулолалар пайдо бўлди: бобо, ота ва кенжа авлод ёзда қазиш ишлари билан шуғулланиб, қўшимча даромад олиб келган. Тожикистондаги фаол археологларнинг аксарияти панжакентликлардир, биз билан бирга маҳаллий аспирантлар – археологлар ишламоқда. Яна археология билан боғлиқ бошқа касб эгалари: меъморлар, рассомлар, кўҳна қўлёзмалар мутахассислари, нумизматлар, айниқса, оғир муаммо бўлиб турган реставраторларни – санъат ёдгорликларини тикловчи мутахассисларни ҳам ўқитиб тайёрлаш керак бўлади.
Панжакент тарихини тушуниш муҳим аҳамиятга эга. Шаҳар у ерга араблар келишидан олдин ва келганидан кейин қанақа аҳволда бўлган?
Панжакент шаҳар сифатида милодий V асрда пайдо бўлган. Бу Суғд маданияти шаклланган давр эди. Суғддаги шаҳар ҳаёти Аҳмонийлар даврида ҳам, юнонлар даврида ҳам мавжуд эди, бироқ шаҳар янги, милодий давр бошланиши, унинг дастлабки асрларида оғир таназзулга учраган. IV асрда суғдлар Хитой ва Ҳиндистонда тинмай савдогарлик қилганини кўрамиз, сўнгра шаҳарлар гуллаб-яшнаган. Суғднинг бош шаҳри Панжакент V асрда бино бўлган, VI асрда майдони энг йирик – 12,5 гектарга етган, «Қалъа» деб аталувчи қўшни адирда атрофи девор билан мустаҳкамланган манзилгоҳ қурилиши эса бир неча аср олдин бошланган; хусусан, энг сўнгги қазишмалар пайтида топилган ашёлар шундан далолат бермоқда.
Аввалбошданоқ 2 та бир-бирига ўхшаш ибодатхона шаҳар ҳаётининг маркази бўлган. Кунботар тарафида ёнма-ён жойлашган ибодатхоналари бўлган ва атрофи қуршалган 0,8 гектарлик майдонлари шаҳар ҳаёти давомида янги тақаб солинган устунлар, капеллалар – кичик ибодатхоналар, айвонлар билан тўлдириб борилган ва безатилган. Узоқ вақт ибодатхона нима учун 2 та бўлгани жумбоқлигича қолиб келган. Сўнгги 2 йилда ўша жумбоқни ечиш ўрнига мураккаблаштириб юборган эдик: ушбу 2 та ибодатхонанинг шимол тарафида ўлчамлари чоғроқ, лекин тузилмаси айни бўлган учинчи ибодатхона ҳам бор экан. Ҳозир ўйлашимизча (қазишма ишлари ҳали тугаллангани йўқ), у мусулмонлар 722 йилда шаҳарни истило қилгандан сўнг ҳам ишлаб турган.
Мабодо VI асрдан бўлмаса, VII асрдан бошлаб, суратлар – нақш унсурлари, ёғоч ўймакорлиги – фақат ҳукмдор саройи ёки ибодатхоналарда эмас, бадавлат шаҳарликлар уйларида ҳам пайдо бўла бошлаган. Айнан ушбу ўзига хослик – хусусий уйлардаги безаклар ва ёғоч ўймакорлигининг нисбатан арзон усуллари қўлланган монументал суратлар – Панжакентни Помпея билан яқинлаштиради. Суратлар суғдлар – савдогарлар ва деҳқонларнинг Weltanschauung – дунёқарашини кўрсатади. Дарвоза қаршисидаги кириш зали марказида илоҳ ёки илоҳнинг жуфти тасвири бўлган. Ушбу илоҳлар суғдларнинг табиий дини – зардуштийликнинг месопотамияликлар, юнонлар ва ҳиндлар динидан ҳар хил ўзлаштирмалардан иборат алоҳида версиясига хос бўлган (панжакентликлар орасида христианлик ва буддизм тарқалганини исботловчи далиллар борлиги назарда тутилмоқда, улар орасида монийчилар ҳам бўлган бўлиши мумкин, лекин улар қаторига четдан бировни қўшмайдиган камсонли гуруҳлар бўлган). Бошқа деворларга йирик базмлар, ов, байрам тантаналари, у ёки бу воқеадан ҳикоя қилувчи сюжетли тасвирлар чизилган, шифтни эса кўпинча рамзий ўйма нақшлар қоплаган бўлиши мумкин.
Ҳар ҳолда VII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Панчда (Панжакент) алоҳида ҳокимият юзага келиб, ўз тангасини зарб қилдирган. Бизга Панжакентнинг 3 ҳукмдори – VII аср охирида Чамукян, VIII аср бошларида Чегин Чор Билга ва 772 йилга қадар ҳукмронлик қилган Деваштич маълум. Улар сулола ҳосил қилмаган, иккинчи ҳукмдорнинг исми туркийча бўлган. Деваштич VIII аср бошлари Марказий Осиёси мураккаб шароитининг ёрқин арбоблардан бири бўлган. Маҳаллий ҳукмдорлар, тургешлар ҳоқони, хитойликлар, мусулмон бўлинмалари (яна бир-бири билан рақобатлашганлари), Сосонийларнинг қочқин тарафдорлари Суғдда ҳокимият учун курашаётган пайтда Деваштич жуда фаол бўлган. У бошқа арбоблар билан хат ёзишиб, Самарқанднинг жануби-шарқ тарафидаги ҳудудларини, Зарафшон воҳасининг юқори қисмидаги жойларни ўзига бўйсундирган ва маълум вақтда ўзини Суғд подшоҳи деб эълон қилиб, номига (?) ислом динини қабул қилган, лекин бу ҳам уни қутқармаган: 722 йилда унинг душмани бўлган Самарқанд амири Панжакентни босиб олади, шаҳарнинг бир қисми ёниб кул бўлади, Деваштич тоққа қочади; мусулмонлар уни сўнгги жангда асир олиб, қатл қилади; Деваштич архивининг бир қисми тоғ устидаги Муғ қалъасида қолади.
720 – 730-йиллар Панжакент таназзулга юз тутган давр эди, шаҳристонда ўша вақтда забт этилган тангалар учрамайди, аммо 738 йилдан бошлаб Панжакентнинг сўнгги гуллаб-яшнаган даври бошлангани кузатилади, бунга самарқандликларнинг кўчиб ўтгани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ибодатхоналар (учинчи, кичигидан бошқаси) ишламайди, қалъадаги сарой араблар ва мижозлари учун гарнизонга айлантирилган. Ўша пайтда кўп уйлар реставрация қилинади, қайта қурилади, олд хоналарда, афтидан, энг ёрқин, масалан, Эрон эпосининг бош қаҳрамони Рустамнинг кўплаб жасоратлари акс этган девор суратлари пайдо бўлади (суратлардаги саҳналар ҳар доим ҳам Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари сюжетларига мос тушмайди, чунки ушбу достон суратлар чизилганидан сўнг орадан тахминан 200 йил ўтиб ёзилган).
750 йилдан сўнг шаҳар маданиятида кескин ўтиш даври кўзга ташланади: янги суратлар пайдо бўлмайди, эскиларига эса атай шикаст етказилади, кўп уйлар ташландиқ аҳволга келиб қолади, сопол мажмуалар ўзгаради, фақат исломий тангалар зарб этилади. Шаҳар эски жойида 770 йилга қадар мавжуд бўлади, сўнгра охирги одамлар у ердан кетади. Шаҳарнинг бўшаб қолиши бирор фалокат ёки зўравонлик ҳаракатлари билан боғлиқлиги даргумон (Суғдда ўша пайтда Муқанна қўзғолони рўй берган ва бостирилган, унинг таълимоти гетеродоксал[1] ислом ва маҳаллий эътиқодларни бирлаштирган). Аҳоли янги жойга кўчиб ўтиб, янгича яшай бошлаган. Кўҳна Панжакент унчалик обод шаҳар бўлмаган. Шаҳар деворлари орасида сиқилиб қолган энсиз деразали икки, уч қаватли уйлар борлиги ҳамда оқар сув, ўсимликлар (фақат ибодатхоналарда ҳовузлар бўлган ва арчалар ўсган) ва санитария йўқлиги сабаб у ўзига хос хом ғиштли ва лой деворли чангалзор бўлган, исломий шаҳар ва шаҳар чеккаси ҳаёт тарзи талабларига мос келмаган. Зарафшон оқимининг панжакентликлар кўчиб ўтган қуйироқ қисмида сув мўл эди, қалъа деворлари бўлмаган. Шаҳарликлар у ерда кўкаламзор ва сувли бўлган марказий ҳовли атрофидаги алоҳида уйларда яшаган, марказий ҳовли теварагида айвонлар ва тураржойлар бўлган. 2015 йилдан бошлаб Панжакент экспедицияси замонавий Панжакентнинг шарқий қисмидаги IХ – ХII асрларга тегишли ҳаётини ўрганмоқда, пишиқ ғиштдан қурилган иншоотлар, кўп миқдорда суғоришга мўлжалланган сопол буюмлар ва бошқа топилмалар у ердаги ҳаёт даражаси анча юқори бўлганини кўрсатади. Экспедициянинг энг муҳим илмий мақсадларидан бири ислом келиши билан моддий маданиятда рўй берган ўзгаришлар табиатини тушуниб олишдир, уларнинг сиёсий воқеалар, миграция, тил харитасидаги ўзгаришлар билан ўзаро нисбатини аниқлашдир.
Эрмитажда кўҳна Панжакент деворларидан олинган суратлар сақланади. Ўша суратларнинг қандай ўзига хос жиҳатлари бор? Ушбу мавсумда қандай эътиборга молик топилмалар бўлди?
Ҳа, улар Эрмитажда сақланмоқда, ҳам ўрганилмоқда, реставрация қилинмоқда, энг муҳими, намойиш ҳам этилмоқда. Душанбе ва Панжакент музейларида Панжакентдан топилган ажойиб суратлар сақланмоқда. Қишки саройнинг биринчи қаватида Панжакентга бутунлай ёки тўлиқ бағишланган 6 та зал мавжуд, боз устига, Старая Деревня (Эски қишлоқ) фонди омборида сақланаётган экспонатларни очиқ, одамлар келиб кўриши мумкин бўлган ҳолда сақлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Суғд тасвирий санъатига Варахша саройидаги (Бухоро яқинида), Самарқанддаги Афросиёб, Уструшананинг Қалъаи Қаҳқаҳа саройидаги суратлардан келиб чиқиб баҳо бериш керак. Бақтриянинг Болаликтепа ва Тавка қалъалари нимаси биландир ўхшаш. Лекин фақат Панжакентдагина оддий шаҳарликларнинг уйларида ҳам суратлар бўлган. Бу ҳозир биз юқори ўрта синф деб атайдиганлар буюртмаси билан чизилган санъат намуналари бўлиб, ўта нафислик, таъсирчанлик, чизиқларнинг ажабтовур ўйини, ёрқин бўёқлар билан ишланган, шу билан бирга, одатдагича, жуда кўп жойлари етишмайди. Яқинда кўзи кўрмайдиган зиёратчилар учун тифлокопия – бўртма нусха яратиш учун Кўк залнинг яхши сақланиб қолган ва тушунарли бўлагини танлаб олишимиз керак бўлди. Биз Рустамнинг аждарҳо билан олишаётган сюжетини олиб, уни алоҳида рельеф ҳолида ясамоқчи бўлган эдик. Аммо иложи бўлмади. Гарчи сюжет сурат оқими бўйлаб чапдан ўнгга қараб ривожланиб борса-да, уни тўғри бурчакли кесмаларга бўлиб бўлмайди: ҳар доим бир сюжетнинг қандайдир бўлаги бошқасига “кўчиб ўтади” ёки иккала сюжетга ҳам бирдай мос келадиган айирувчи унсур бўлади.
Суратлар – оздир, кўпдир – деярли ҳар йили топилиб турибди. 2016 йил, масалан, жуда “серҳосил” бўлди: топилдиқлар орасида Будда сурати солинган куюк нақшинкор ёғоч ҳам (Суғд учун ноёб ҳолат), илон қиёфасидаги махлуққа қарши кураш акс этган жуда гўзал муҳр андазаси, эрта даврга хос (V ёки VI аср) ўта жўн қилиб чизилган таъзим бажо келтириш саҳнаси акс этган сурат бор эди. 2018 йилги асосий натижа устунларининг асоси тош бўлган “учинчи ибодатхона” бўлди, 2019 йилда эса Сурия алифбосида битилган ёзуви бор кичик сопол парчаси топилди. Ундан фақат суғдча исмни ўқиш мумкин бўлди, лекин аниқланишича, сопол бўлаги топилган уй эгаси христиан киши бўлган экан. Умуман олганда, биз монументал санъат асарлари учун эмас (уларсиз нима ҳам қилар эдик), оммавий археология материали: сопол буюмлар (2017 йилда 722 йилда рўй берган ёнғиндан олдинги даврга оид жуда типик мажмуа топилган эди), тангалар, қурилиш материаллари, қуролланиш ва безак ашёларини топиш учун қазишма ишлари олиб борамиз. Улар кўпинча бошқа нарсалардан кам маълумот бермайди, бироқ таҳлилнинг бошқа усулларини қўллашни талаб этади.
Археологик топилмаларни ўрганишда қандай замонавий тадқиқот усулларидан, хусусан, палеогенетика ёки бошқа тегишли усуллардан фойдаланилади?
Марказий Осиёдаги хом ашёлардан ясалган ёдгорликлар билан иш кўрадиган археологлар, ҳатто бошқалар учун ҳам “Панжакент мактаби” ибораси анчадан бери юксак сифат намунаси бўлиб хизмат қилади. Панжакентда қазишма ишлари 70 йилдан ошиқ вақтдан бери давом этмоқда. Ушбу вақт оралиғида, айниқса, Борис Ильич Маршак даврида тадқиқотнинг кўплаб кашшофлик усуллари синаб кўрилди. Булар сирасига қалинлиги 2 сантиметр ҳам бўлиши мумкин бўлган қатлам ажратиб олинадиган микростратиграфияга эътибор қаратиш, археологик ўлчовларнинг алоҳида усуллари (Панжакентда биринчилардан бўлиб лазерли теодолитдан фойдаланила бошлади) ҳамда сопол буюм топилдиқларини қайд этиш ва саралаш ва ҳк. киради. Айни дамда Панжакентда кенг майдонлар қазилмоқда, ҳар йили юзлаб квадрат метрлик жойлар, ўнлаб бинолар очилмоқда. Бу ердаги қазишмаларнинг муҳим ўзига хослиги қазиш жойлари ҳажми билан қайд этиб бориш аниқлигининг оптимал нисбатидир.
Монументал тасвирий санъат реставраторлари мактаби аҳамиятини алоҳида қайд этиш лозим. Қазиш ишлари энди бошланган пайтдаёқ Павел Иванович Костров соз тупроқли сувоққа асосланган минерал бўёқлар билан девор суратларни мустаҳкамлаш, кўчириб олиш ва монтаж қилиш усулини кашф қилган эди. Айни сувоқ суратларнинг бошқа турлари, масалан, Псков фрескаларини реставрация қилиш жараёнида ҳам қўл келган эди. Унинг асосий реагенти – полимерли асл ҳолига қайта оладиган полибутилметакрелат елими девор сурати ичига кириб боради ва уни девордан асл ҳолича кўчириб олиш имконини беради. Ёғоч ўймакорлиги намуналарини кўчириб олиш учун бошқа усулдан фойдаланилади: унга парафин қуйилиб, ердан монолит ҳолда чиқариб олинади. Орадан неча ўн йиллар ўтганига қарамай, иккала усул ҳам жузъий ўзгаришларга учради, холос.
Ҳозирги кунда мутахассисларимиз қўлида турли табиий ва илмий таҳлиллар бўйича бир неча лойиҳа бор. Болоньядаги лабораторияда Панжакентдаги қабристондан олинган ДНК намуналарини ўрганилмоқда. Бонн шаҳрининг Макс Планк номидаги институтидан бўлган ҳамкасбларимиз ўсимликлар қолдиқларини флотация усули билан таҳлил қилиш учун бу ерга келишни режалаштиряпти. Зарафшон дарёнинг юқори қисмида, денгиз сатҳидан 2240 метр баландликда жойлашган иккинчи обидамиз Ҳисоракда бир қатор тадқиқотлар ўтказишни режалаштирганмиз: қатламни георадар ёрдамида сканерлаш (георадар биноларнинг тош пойдеворларини аниқлашда ёрдам беради), тупроқнинг маданий қатлами ва сопол буюмлар таркибини таҳлил қилиш ва ҳк. Айниқса, дендрохрологияга[2] умид қиляпмиз, шу дамгача Ҳисоракдан 30 тача ёғоч топилди, уларнинг органикаси яхши сақланиб қолган экан.
Панжакентдаги қазишмалар Марказий Осиёнинг ўрта асрлар тарихини ўрганишга нима беради?
Нокамтарлик бўлса ҳам айтаман, яна ҳамма тан олган бир тавсифнома бор: «Панжакент – Марказий Осиё эрта ўрта асрлар археологиясининг намунали ёдгорлиги”. Дарҳақиқат, на собиқ шўролар Ўрта Осиёси ва на Месопотамия шарқининг бирор жойида жуда кўп гектарлик майдонда синхрон қатламлар бўйича қазилган шаҳар ёдгорлиги учрамайди. Панжакентиннг Совет Иттифоқи давридаги тадқиқотлар ҳажми фақат Новгороддагига бўйлаша олмас эди, холос. Панжакентнинг шу масалада ҳам омади бор экан: Самарқанднинг мўғуллар истилосидан олдинги шаҳристони бўлмиш Афросиёб Панжакентдан 15 баробар катта, қазишмалар далолат беришича, у ердаги ҳаёт анча бой бўлган. Лекин Самарқанд исломлаштиришни бошидан кечирди ва Афросиёбнинг гуллаб-яшнаши 1220 йилгача, яъни Чингизхон қўшинлари ер билан яксон қилгунча давом этди (ва кейинчалик янги жойда қайта тикланди). Археолог Афросиёбга келганда (у ерда жуда кўп қазишмалар қилинган), дастлаб ХII аср – ХIII аср боши, сўнгра ХI аср, кейинчалик Х аср, охирида IХ асрдан ўтиши (барча қатламларни қатъий тарзда қайд этиб бориши) керак бўлади, шундан сўнг Суғдлар даври қатламларига етиб бориш мумкин. Исқандар Мақдуний даври эса уларнинг баридан чуқурроқда жойлашган. Шу сабабли Афросиёбдаги VI – VIII асрларга тегишли бинолар изчил эмас, гарчи ажойиб топилмалар бўлса-да, нималаридир тасодифий. Панжакентда эса ковласанг бўлди, VIII аср чиқиб келаверади.
Тадқиқотлар ҳажми ниҳоятда катта эканини ҳисобга олиш керак. Улкан майдонда қазишма олиб борилгани сабабли алоҳида уйлар эмас, бутун бошли мавзелар, кўчалар тармоғи, мудофаа иншоотлари чизиқлари очилган, ибодатхоналар ва сарой тўлиқ қазиб юзага чиқарилган. Эълон қилинган илмий материаллар ҳажми ҳам муҳим. Бунга қазишмаларга бағишланган том-том материаллар, Панжакентнинг дастлабки қатламлари, нумизматика, ибодатхоналар, истеҳкомлар, қалъа, жала оқиб кетадиган канализация, металл нашрлар, ойна, эпиграфика, уй эгалиги бўйича алоҳида тақиқотлар, жумладан, алоҳида объектлар бўйича чоп қилинган мақолалар киради. 1998 йилдан бошлаб, Б. И. Маршак Панжакент бўйича йиллик ҳисоботларни монографиялар кўринишида чоп қилдириб борди, Борис Ильичнинг ўлимидан сўнг 2006 йили биз ушбу нашрни давом эттириш имконига эга бўлдик. Масалан, 2019 йил ҳисоботи “Панжакент археологик экспедицияси материаллари”нинг ХХIII нашри сифатида чоп этилди. Айни пайтда зикр этилган томларнинг таҳлилий кўрсаткичини тайёрлаш навбат кутиб турибди. Бошқа ёдгорликларда қазиб олинаётган нарсаларнинг кўпчилигини археологлар биринчи навбатда Суғд археологиясининг энг кўп ўрганилган ёдгорлиги сифатида Панжакент билан солиштиради.
Хитой Марказий Осиё маданиятига кучли таъсир кўрсатган деб қаралади, лекин бу таъсир икки томонлама бўлгандай кўринади. Суғдлар ҳам Хитой маданиятида улкан из қолдирган, шундай эмасми?
Ҳа, албатта таъсир кўрсатган ва бу таъсир бир марталик бўлмаган, Марказий Осиё билан Хитой алоқалари маълум даврларда ниҳоятда кучли бўлган. Милоддан олдинги II асрда «Буюк ипак йўли» деб аталувчи Ғарбга йўл очган Чжан Цян элчихонаси ҳақида яхши маълумотлар бор. Натижада Ҳанлар Хитойининг Марказий Осиё, биринчи навбатда “самовий отлар” ватани бўлган Фарғона билан алоқалари йўлга қўйилган. Чиндан ҳам Фарғонада милоддан олдинги ва кейинги даврлар чегарасида зарб этилган у-шу тангалари ва уларга ўхшатиб тайёрланган тангалар тез-тез топилиб турибди. Ҳан империяси таназзулидан сўнг Хитой ўзаро ўрин алмашган “Шимол ва жануб сулолалари” даврини бошдан кечирган ҳамда айнан ўша вақтда шимолий ва ғарбий Хитойда ғарбдан, яъни Суғдиёнадан борган савдогарлар пайдо бўла бошлаган. Суғдларнинг Дунхуан яқинидан топилган IV аср бошига тааллуқли “Кўҳна хатлари” ўша пайт тарихи, савдо-сотиқ ва оиладаги ўзаро муносабатлар бўйича ҳайратланарли бой манбалар ҳисобланади.
Бой суғдларнинг Хитойдаги ўта бой бадиий дастури, кўпинча Марказий Осиё ва Чин юрти унсурларини омухта қилувчи эпитафия – марсиялар битилган чин-суғд саркофаглари – мақбаралари VI асрга тааллуқлидир. Хитой матнли манбаларида келтирилишича, ғарблик савдогарлар – ҳулар Осмоности мамлакати иқтисодиётида муҳим рол ўйнаган, карвонсарой, савдо расталари, ломбард, фоҳишахона, қовоқхона ва сайёр циркларга эгалик қилган. Хитойнинг дафнга оид терракота пластикасида худди чопон ва этик кийдириб қўйилган маймунларга ўхшаш сочи пахмоқ, серсоқол, бурни узун ва кўзлари юмалоқ ғарблик савдогарлар тасвири кўп учрайди. Улар қимматбаҳо юк ортилган икки ўркачли туяларни жиловидан етаклаб кетаётган, уд чалаётган (Хитойнинг “пипа” мусиқа асбоби Марказий Осиё “барбод”идан улги олиб ясалган), сармаст ҳолда рақсга тушаётган (Хитойнинг узумни англатувчи “путао” сўзи форсчадан ўзлаштирилган) тарзда тасвирланган. Суғдларнинг кумуш идишлар ишлаб чиқариш мактаби Хитойда юксак қадрланган Ҳан усталари уларни тайёрлашда ўша мактаб вакилларига тақлид қилган.
Тан сулоласи даврида, VII асрдан эътиборан Хитойнинг янги жадал тараққиёти бошланади ҳамда яқин узоқ қўшнилари билан алоқалари тикланади. Шарқий Туркистон Хитойнинг таъсир доирасига тушиб қолади, Марказий Осиё мамлакатлари эса, Чин юрти тарихчилари иддаосича, ўзини Хитойнинг вассали – тобе давлати деб ҳисоблаган. Улар ўзини қанчалик тобе ҳис қилганини айтиш қийин. Нима бўлганда ҳам, Афросиёбнинг “Элчилар хонаси”даги суратда ов қилаётган Хитой императори ва унинг қайиқда сайр қилаётган рафиқаси тасвирланган. Хитой манбаларида айтилишича, унга Гао-цзуннинг вассали Вархумон – Фохумэн буюртма берган. Панжакентда (жумладан, “Кўк зал”нинг яқинда реставрация қилинган қисмида) хитойликларнинг бошқа суратлари ҳам бор. Икки йил олдин Пангжакентдан 12 км наридаги Санжаршоҳ шаҳристонида Хитойнинг “умрбоқийлар” тасвири туширилган биринж кўзгуси парчаси топилган эди, яна Хитой ипаги, локи ва қоғозидан иборат топилмалар ҳам бор.
Хитойнинг таъсири нумизматикада яққол намоён бўлади. Самарқанд, Панжакент ва Суғд давлатига қарашли бошқа ўлкаларда тангалар Хитойникидан улги олиб қуйилган. Ушбу қуйилган (зарб этилмаган!) биринж доираларнинг марказида тўғри тўрт бурчакли тешик бўлган. Тангаларда ҳеч қандай тасвир (тамғалардан бошқа) йўқ, фақат ҳукмдорнинг исми ва/ёки унинг вилояти номи битилган. Уларга ҳукмдорнинг расми ва бошқа тасвирлар солинган (кўпинча бутунлай таниб бўлмас аҳволда бўлган), Суғднинг дастлабки даврига хос бўлиб, аксарият ҳолларда биринж эмас, кумушдан ясалган тангалардан мутлақо фарқ қилади.
755 йилда Хитой хизматида бўлган ярим туркий, ярим суғд генерал Ан Лушан қўзғолон кўтариб, ўзини император деб эълон қилади. Танларнинг Ли императорлик уйи уйғурлар ёрдамида тахтни қайтариб олишга муваффақ бўлади. Ўша пайтдан бошлаб, чет элликлар, жумладан, суғдлар Хитойда номатлуб кишиларга айланади, хорижий худолар ибодатхоналари ёпилиб, савдогарлар таъқибга учрайди. Яна икки аср ҳукм сурган Кечки Тан даври бошланади, аммо у Буюк Тан давридаги шуҳратга эриша олмайди. Ўша давр сулоланинг Хитой тарихида чет элликларга энг хайрихоҳ замонлари бўлган бўлса ажаб эмас.
Снежана Атанова суҳбатлашди, у INALCOда (Institut National des Langues et Civilisations Orientales – Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти) фан номзоди.
Мақолада келтирилган суратлар Павел Лурье томонидан тақдим этилган.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Гетеродоксия (юнонча heteros – бошқача, dokeo – ўйлайман, ишонаман) – бидъат деб ҳисобланган фикр.
[2] Дендрохронология – (қадимги юнончада δένδρον – дарахт, λόγος – сўз, таълимот) – воқеалар, табиат ҳодисалари, археология топилмалари ва кўҳна буюмлар санасини белгилаш ҳақидаги фан бўлиб, ёғочдаги йил ҳалқаларига асосланади.