Суратда: Хитой раҳбари Си Цзинпин ва Шанҳайдаги контейнерлар қалашиб кетган Янгшан денгиз кемалари порти, (Никкей монтажи, манба: Reuters/Getty Images)
Nikkei Asian Review нашрида эълон қилинган “Xi fears Japan-led manufacturing exodus from China” мақоласининг қисқартирилган таржимаси.
Металл каламуш йили ҳар 60 йилда қайтиб, ўзи билан бирга фалокатларни олиб келадими?
Япония бош вазири Шинзо Абэ коронавирус пандемияси даврида таъминот занжиридаги узилишларга йўл қўймаслик учун иқтисодиётни бир мамлакат, яъни Хитойга камроқ боғлиқ бўладиган тарзда барпо этишни таклиф қилди. Айни даъват Хитой сиёсат оламида қизғин мунозараларга сабаб бўлди.
Хитой коммунистик партияси раҳбарлари ва мамлакат ҳукумати офислари жойлашган Пекин марказидаги Жонгнанҳай мавзесида “айни дамда чет эл компанияларининг Хитойдан кетиши билан боғлиқ хавотирлар мавжуд, ‒ дейди хитойлик иқтисодий манба. ‒ Гап, хусусан, Япониянинг таъминот занжирларини тиклашни рағбатлантиришга (маблағ ажратишга) қаратилган фавқулодда иқтисодий кўмак пакетига оид бандга тегишли бўлди”.
Пандемия юз бермай турганда, Хитой раиси Си Цзинпиннинг Японияга илк давлат сафари ниҳоясига етган ва у Хитой-Япония муносабатларининг “янги даври” бошланганини эълон қилган бўлар эди. Япония кейинги улкан воқеа – 2020 йилги Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўраётган пайтда у Абэни қўллаб турар эди.
Бунинг ўрнига Си Цзинпиннинг сафари ҳам, Токио олимпиадаси ҳам қолдирилди, чин япон муносабатлари эса айри йўллар ўртасида туриб қолди.
Абенинг янги сиёсатига оид аломатлар 5 мартдаёқ кўзга ташланган эди. Япония “Олмос малика” саёҳат кемаси фожиаси олдини ола билди, бироқ вируснинг бундан кейин ҳам тарқалишини бартараф этиш вазифасини уддалай олмади.
Си Цзинпиннинг Японияга сафари қолдирилгани эълон қилинган кун Япония ҳукумати келгуси инвестициялар бўйича кенгашнинг мажлисини ўтказганига тўғри келди. Унда кенгаш раҳбари Абэ юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқараётган компаниялар Японияга қайтишини истаётганини маълум қилди. Мажлисда Япониянинг “Кейдаррен” деб аталувчи энг йирик бизнес-лоббиси – Япония бизнес федерацияси раиси Ҳироаки Наканиши (Hiroaki Nakanishi) сингари катта таъсир кучига эга бизнес етакчилари иштирок этди.
− Коронавирус оқибатида Хитойдан Японияга маҳсулотлар борган сари кам келяпти, − деди Абэ. – Одамлар таъминот занжирларимиздан хавотирга тушиб қолди.
Фақат битта мамлакатга кўп томонлама боғлиқ бўлиб қолган ишлаб чиқариш маҳсулотларидан “юқори қўшилган қийматга эга товарларни Японияга кўчиришга ҳаракат қилишимиз керак, – деди ҳукумат раҳбари. – Қолган барча нарсаларни эса биз АСЕАНга аъзо мамлакатларга ўхшаш мамлакатларга бўлиб юбориб, ранг-баранглаштиришимиз зарур”.
Абэнинг фикрлари аниқ. Бунга автомобиллар эҳтиёт қисмлари ва бошқа маҳсулотлар таъминотидаги узилишлар сабаб бўлди. Ушбу масалада Хитойга ишонилгани Япония компаниялари фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди. Шунинг учун компаниялар масалага анъанавий “Хитой + 1” концепциясидан кенгроқ қараш кераклигини илтимос қилди. Улар ўша концепцияга кўра, ишлаб чиқаришни ранг-баранглаштириш учун Хитойга уники бўлмаган яна бир ҳудудни қўшиб келаётган эди.
Абэ “Хитойдан кетиш” сиёсатини ишлаб чиқди. Хитойда коронавирус кенг тарқалган пайтда Абэнинг ушбу таклифи Японияда шов-шув бўлиб, газеталар сарлавҳаларига чиқиб кетмади.
Бироқ Хитой раҳбарияти буни диққат билан кузатиб турди. Эҳтимол, у ўз-ўзига Япония бир марта синаб кўргани сингари саноатни ҳолдан тойдирмоқчи эмасмикан, деган савол берган бўлиши ҳам мумкин. Бундай тренд Хитойнинг анча вақтдан бери давом этиб келаётган тараққиёт модели пойдеворига зарба бериши мумкин.
Япония ҳукумати 7 апрелда қабул қилинган фавқулодда вазиятдаги иқтисодий кўмак пакетида вирус тарқалиши оқибатларидан зарар кўрган таъминот занжирини тиклашга чақирди. Ҳукумат миллий компанияларни ишлаб чиқаришни мамлакатга кўчиришини ёки ишлаб чиқариш базаларини Жануби-шарқий Осиё мамлакатларига олиб ўтиб, ранг-баранглаштиришида ёрдамлашиш мақсадида қўшимча бюджет режаси учун 2020 молия йилига 240 миллиард йенадан ошиқ (деярли 2,2 миллард АҚШ доллари) маблағ ажратди. Бу – соф пул миқдори.
Орадан бир кун ўтиб, 8 апрелда Хитой Сиёсий бюроси доимий қўмитаси – Коммунистик партиянинг бош қарор қабул қилувчи органи Пекинда йиғилиш ўтказди. Раис Си Цзинпин йиғилишда сўз олиб, “пандемия глобал миқёсда тарқалиб кетаётгани сари жаҳон иқтисодиётининг пасайиш эҳтимоли тобора ортиб бормоқда. Беқарор ва мавҳум омиллар сезиларли даражада кучаймоқда”, деди.
Ҳам Хитой коммунистик партияси бош котиби саналадиган Си Цзинпин “прагматик фикрлаш”, яъни вазиятлардан энг ёмонини ёдда тутиш зарурлигини таъкидлади ҳамда “узоқ давом этадиган ташқи муҳит ўзгаришларига руҳан тайёр туриб, уларни ҳал этиш устида ишлаш” лозимлигини айтди. Сиёсий бюронинг 7 нафар аъзоси бор доимий қўмитаси одатда ҳафтасига бир марта йиғилади, бироқ бундай йиғилишлар ўтказилиши ва уларда қандай масалалар кўрилгани ҳақида камдан-кам ҳолларда ахборот берилади. Си Цзинпин энг ёмон ҳолатни назарда тутган ҳолда “узоқ чўзиладиган жанг”га тайёр туришга даъват этди.
АҚШда Хитойга боғлиқликдан қутулиш юзасидан музокара олиб борилмоқда.
Оқ Уйнинг Миллий иқтисодий кенгаши раиси Ларри Кудлоу Хитойдан мамлакатга кўчирилаётган Америка компаниялари харажатларини тўлаб бериш масаласини кўриб чиқиш нияти борилигини изҳор қилди. Бу президент Доналд Трампнинг “Ҳаммадан аввал Америка” дастурига ҳамоҳангдир.
Мос равишда дунёнинг биринчи ва учинчи иқтисодиётлари бўлган АҚШ билан Япония Хитойдан чиқиб кетадиган бўлса, бу жаҳоннинг иккинчи иқтисодиётига жуда қаттиқ таъсир кўрсатиши мумкин.
Айни дамларда Хитой зиёлилари орасида бир мавзу кўп муҳокама қилинмоқда. Хитой астрология картасига кўра, 2020 йил Женг-Зи (Geng-Zi) ёки металл каламуш йили бўлиб, ҳар 60 йилда бир марта келади.
Айтилишича, ҳар сафар металл каламуш йили келганда, албатта тарихни остин-устин қилувчи улкан воқеалар содир бўлади. 1840 йили, Цин сулоласи даврида Афюн уруши бошланиб кетиб, Хитойдаги бир асрдан ошиқроқроқ давом этган турғунликка олиб келган эди.
Орадан 60 йил ўтиб, 1900 йили Цин сулоласининг ҳукмронлик даври тугаб бораётган пайтда иттифоқчи 8 та мамлакат – Буюк Британия, АҚШ, Германия, Франция, Италия, Россия Япония ва Австрия – қўшинлари Тианжиндан Пекинга кўчиб ўтди. Айни воқеа 1899 йили бошланган Боксёрлар қўзғолонига туртки берган эди. Америкалик актёр Чарлтон Ҳестон суратга тушган “55 кун Пекинда” фильмида чет эллик легионерларнинг Боксёрлар қўзғолони даврида Пекинни қамал қилиши тасвирланган.
Металл каламушнинг 1960 йилда яна бир қайтиши “янги Хитой” ёки Хитой Халқ Республикаси асосчиси Мао Цзэдун етакчилигидаги “Улкан олға сакраш” сабаб рўй берган очарчиликка тўғри келди. “Синхуа” ахборот агентлигининг собиқ журналисти, ўша очарчилик вақтида ўгай отасидан айрилган Янг Жишенг (Yang Jisheng) ўша кенг қамровли фалокат ҳақида “Қабр тоши” деган батафсил репортаж тайёрлаган эди. Янг воқеаларни жойига чиқиб тадқиқ қилиб ва кўп кишилардан интервьюлар олиб, “Улкан олға сакраш” даврида очарчиликдан 36 миллионгача киши ҳалок бўлганини, бу Хитой ҳукумати ўз вақтида эълон қилган кўрсаткичдан анча кўп эканини аниқлади.
Жорий металл каламуш йили Хитой иқтисодиётида қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Хитойда коронавирус тарқалишининг энг қийин даври ортда қолди. Бироқ коронавируслар бўйича клиник экспертлар гуруҳи раҳбари, обрўси тобора ошиб бораётган Жан Венҳонг (Zhang Wenhon) айтишича, инфекциялар тарқалишининг иккинчи босқичи ноябрь ёки ундан кейинроқ бошланади.
1918 – 1920 йилларда Испания гриппи тарқалган даврда инфекциялариннг иккинчи тарқалиш босқичи биринчисидан анча оғир бўлган эди. Шундан сўнг рўй берган пандемияларнинг бирортаси ҳам унчалик кўп ўлимга сабаб бўлмаган. Ўша пайтдаги дунё аҳолисининг учдан бир қисми, яъни 500 миллион киши айни вирусни юқтириб олган ва 50 миллион киши ҳалок бўлган.
83 яшар шифокор Жонг Наншан (Zhong Nanshan) оғир ўткир респиратор синдроми – SARSга қарши курашга раҳбарлик қилгани учун 2003 йилдан сўнг машҳур бўлиб кетган эди. Жонг огоҳлантиришича, коронавирус мутация бўлди ва бунинг оқибатида келиб чиқаётган ўлим ҳолатлари даражаси гриппникидан 20 баробар ошиб кетди.
Ҳозирча ҳамма нарса ўз навбати рўй бераётган пайтда АҚШ билан Хитой ташаббусни ўз қўлига олишга интилмоқда.
Қадимки Хитойда қоғоз истеъмолга киритилишидан олдин бамбук тасмалари ҳужжатлар учун асосий матоҳ вазифасини ўтаган. Улар “яшил журналлар” деб аталган, чунки бамбук тасмалари тайёрланган ва китоб қилиб тикилгунга қадар яшил тусда бўлган. Бамбук тасмалари келгуси авлодлар учун сақланадиган расмий ҳужжатлар ва императорнинг унга исмини ёзиб қолдириши муҳим саналган.
Мободо коронавирус офати XXI асрда дунё тартибини бутунлай ўзгартириб юборадиган бўлса, бамбук тасмаларига АҚШ ёки Хитой ёзилиб қолармикан? Хитой ютқазиши мумкин эмас.
Жуда кўп нарса АҚШ билан Хитой вирусдан зарар кўрган иқтисодиётини қандай тиклашига боғлиқдир. Мабодо йирик компаниялар Хитойдан чиқиб кетса, бу Хитойнинг иқтисодий тикланиши йўлида катта муаммоларни вужудга келтириши мумкин.
Мақола муаллифи Катсужи Накадзава (Katsuji Nakazawa) “Никкей” компаниясининг Токиодаги катта шарҳловчиси ва муаллифи. У кўп йиллар давомида Хитойда мухбир, кейинчалик мухбирлик бюроси раҳбари бўлиб ишлаган.