Сурат манбаси: yvision.kz
Ўзбекистон Марказий банкининг март ойида эълон қилган маълумотларига кўра, 2019 йилда чет элдан жисмоний шахслар томонидан республикага юборилган пул ўтказмалари миқдори 6 млрд. долларни ташкил қилган ва 2018 йилга нисбатан 17.5 фоизга ошган. Аввалги йиллари бу кўрсаткич 4.5 фоизга (2018 йилда) ва 29.4 фоизга (2017 йилда) ўсган эди. Ушбу маълумотлар Марказий банкнинг 27 март куни эълон қилган “Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи” ҳисоботида келтирилган. Бу маблағларнинг аксарият қисмини ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўз оилаларига юборган пул ўтказмалари ва аҳолининг чет элда истиқомат қиладиган қариндошлари амалга оширган ўтказмалар ташкил қилади. Албатта, амалиётда бундай пул ўтказмалар ташқи савдо операциялари бўйича ҳисоб-китоблар мақсадида ҳам амалга оширилади. Масалан, нисбатан кичик ҳажмдаги товар ва хизматлар экспортида. Аммо, ушбу пул ўтказмаларининг умумий ҳажмида ушбу экспорт операцияларидаги ҳисоб-китоблар нисбатан кам қисмини ташкил қилади.
Қуйида ушбу пул ўтказмаларининг 2014-2019 йиллардаги динамикаси, бунда кузатилган тенденциялар ва бу трансфертларнинг аҳоли даромадлари таркибидаги улуши ҳақида қисқача таҳлилни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Жисмоний шахсларнинг чет элдан Ўзбекистонга юборган пул ўтказмалари миқдори Ўзбекистондан хорижга жўнатилган пул ўтказмалари миқдоридан анча юқори. Бу дегани, республика ушбу шахсий трансфертлар бўйича катта ижобий сальдога эга. Охирги 6 йиллик динамика шундан далолат берадики, бу трансфертларнинг “кирим” ва “чиқим” кўрсаткичларида бир-биридан фарқли тенденциялар кузатилган. “Ўзбекистонга юборилган ўтказмалар” кўрсаткичида ижобий ўзгариш, яъни ўсиш тенденцияси 2017 йилдан бошлаб кузатилган бўлса, “Ўзбекистондан жўнатилган пул ўтказмалари” бундай ўзгариш бир йил кейин – 2018 йилдан бошланган. Бу кўрсаткичлар ўртасидаги фарқ – ушбу пул ўтказмаларининг “нетто миқдори”да ўсиш тенденцияси эса 2016 йилдан бошлаб кузатилган. 2019 йилга келиб шахсий трансфертларнинг ижобий сальдоси 2014 йилги кўрсаткичга жуда яқин миқдорда. Бундай ҳол ушбу трансфертларнинг “кирим” ва “чиқим” кўрсаткичларида ҳам кузатилган.
Мазкур давр мобайнида жисмоний шахсларнинг Ўзбекистонга юборган пул ўтказмаларининг давлатлар кесимидаги таркибий ўзгаришлари эътиборга лойиқдир. 2014 йилда республикага чет элдан юборилган пўл ўтказмалари таркибида Россия ва Қозоғистондан ташқари бошқа давлатлардан амалга оширилган транфертлар улуши атиги 7 фоизни ташкил қилган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 17 фоизгача ошган. Бундай таркибий ўзгаришлар сезиларли даражада 2015 йилдан бошланган. Бундан 6 йил олдин “кирим” трансфертларининг 93 фоизи фақат 2 та мамлакатдан (Россия ва Қозоғистон) амалга оширилган бўлса, 2019 йилга келиб Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмаларининг худди шу 93 фоизи 5 давлатдан юборилган (Россия, Қозоғистон, Туркия, АҚШ ва Жанубий Корея).
2014-2019 йилларда чет элдан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари динамикаси давлатлар кесимида олиб қаралганда бир неча мамлакатлар бўйича қизиқарли тенденцияларни кузатиш мумкин. 2019 йилда республикага юборилган пул ўтказмалари умумий миқдорида улуши 1 фоиздан ортиқ бўлган мамлакатларга эътибор қаратсак, охирги 6 йилда АҚШ, Туркия, Корея ва Исроилдан амалга оширилган трансфертлар миқдори юқори суръатларда ўсган. Жумладан, ушбу давр мобайнида пул ўтказмалари ҳажми АҚШдан 2,3 баробарга, Туркиядан 4,5 баробарга, Кореядан қарийб 3 баробарга, Исроилдан эса деярли 6 баробарга ошган. Шунингдек, Швециядан юборилган пул ўтказмалари ҳажми нисбатан кам бўлсада, барқарор ўсиш тенценциясига эга. Сўнгги 6 йилда ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга амалга оширилган шахсий трансфертлар миқдори 6,9 млн. доллардан (2014 йилда) 34,8 млн долларгача (2019 йилда) ошган, яъни 5 баробарга.
Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2019 йилда республика ташқарисидан келиб тушган пул ўтказмаларининг аҳолини умумий даромадлари таркибидаги улуши 15,4 фоизни ташкил қилди. Таққослаш учун, 2018 йилда бу кўрсаткич 14,4 фоиз бўлган, яъни 1 фоизга ўсган. Республика ҳудудлари бўйича аҳоли даромадлари таркибида пул ўтказмаларининг улуши қуйидагича: