Азиза Умарова Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Буюк Британиянинг Сент-Эндрюс университетида таҳсил олган. Давлат бошқарувида ислоҳотлар ва модернизация ҳамда электрон ҳукумат тизимини жорий қилиш бўйича мутахассис. А.Умарова БМТ тизимида давлат бошқарувини ислоҳ қилиш соҳасида 10 йиллик тажрибага эга. У ўз меҳнат фаолиятини Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт Дастури доирасида лойиҳа раҳбари лавозимидан бошлаган, сўнгра Сингапурдаги БМТ Тараққиёт Дастурининг Глобал Бошқарув Марказида ишлаган, Хитой ва Австрияда ҳам фаолият юритган. Бир қатор нуфузли халқаро дастурлар иштирокчиси ва мукофотлар совриндори.
Uzanalytics мухбири Азиза Умарова билан Ўзбекистон давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотлар, бу борада хориж тажрибаси, жумладан собиқ Иттифоқ мамлакатларидаги вазият ҳамда жаҳонда давлат бошқаруви тизимида жорий қилинаётган замонавий тенденциялар ҳақида суҳбатлашди.
– Сиз БМТ тизимида, хусусан, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш соҳасида катта тажрибасига эгасиз. Жаҳонда давлат бошқаруви тизимида жорий қилинаётган замонавий тенденциялар ва бу борада ривожланиш тамойиллари ҳақида гапириб берсангиз
– Бу соҳада мен жуда муҳим бўлган учта асосий, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам қўлланилиши мумкин бўлган тенденцияни таъкидламоқчиман. Биринчидан, дунё давлатлари ўзининг иқтисодиётдаги ролини камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Агар биз 60-70-йилларда этатизм ва социализм тўлқинини кузатган бўлсак, эндиликда давлатлар иқтисодиётда ўз иштирокини мумкин қадар камайтирмоқда, улар бевосита стратегик режалаштиришга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Бу жуда муҳим. Ўзбекистонга келсак, биз бундай ниятимизни билдиряпмиз, холос. Лекин уни амалга оширишдан аввал биз иқтисодиётнинг барча тузилмаларини кўриб чиқиб таҳлил қилишимиз керак. Куни кеча мамлакат раҳбари имзолаган давлат корхоналари сонини қисқартириш ҳақида жуда оқилона ҳужжат эълон қилинди. Бу вазифа прогрессив ғояда тузилган давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга оширилмоқда. Мен буни буткул қўллаб-қувватлайман, агар буни амалга оширсак, биз хусусий секторни ривожланиши учун кўпроқ имкониятлар бера оламиз. Бу монополияларга ҳам тегишлидир. Агар илгари вазият давлат яхши менежер, кўплаб компаниялар ва ҳатто бутун саноатни бошқариши мумкин, деган тамойил билан оқланган бўлса, ҳозир бутун жаҳонда бошқача тенденцияни кузатиш мумкин. Ушбу тенденциянинг моҳияти шундаки, давлат бозорларни тартибга солиши, бозорда асосий қонун-қоидаларни яратиши мумкин, аммо ҳеч қачон ушбу бозорда хусусий тадбиркорларни сиқиб чиқарадиган давлат корхоналарини яратиши керак эмас. Чунки ушбу давлат корхоналари божхона ва солиқ имтиёзларидан фойдаланадилар, ўз навбатида, бу бозор механизмида бузилишларга олиб келади ва ҳақиқий рақобатни ривожлантиришда салбий таъсир кўрсатади. Бутун дунёда монополия тушунчасидан босқичма-босқич воз кечилмоқда. Биз ҳам мавжуд давлат монополияларини мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқишимиз керак. Ўзбекистонда «табиий монопол субъектлари руйхати» жуда катта, уларнинг сони 137 та. Аслида, уларнинг сони 10-20 та атрофида бўлиши лозим, деб ўйлайман. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, бугун бутун дунёда давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки камайиб бормоқда, бу эса хусусий секторни ривожланишига ва ўрта синф вакилларини пайдо бўлишида ҳамда уларнинг сонини кўпайишида катта имкониятлар яратади.
Иккинчиси, монополиядан имкон борича воз кечиш. Монополия ҳар доим самарасиз ҳисобланган ва у жамият учун қимматга тушади.
Учинчиси, давлат стратегик режалаштиришга мослашуви ва келажакда қандай муаммолар ҳал қилиниши лозимлигини олдиндан кўра билишга ҳаракат қилиши керак. Ўзбекистон мисолида бизни иқлим ўзгариши, қурғоқчилик, сув танқислиги, демографик ҳолатнинг ўзгариши – аҳолининг ёшариши ёки кексайиб бориши, меҳнат миграцияси ва шу каби муаммолар ташвишга солиши керак.
– Сизнингча, собиқ Иттифоқнинг қайси мамлакатларида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишда сезиларли натижаларга эришилган? Бу давлатларда эришилган муваффақиятнинг асосий омиллари нимада?
– Мен ишонч билан Грузия ва Болтиқбўйи мамлакатларини давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришда етакчи давлатлар, деб айта оламан. Улардан кейинги ўринда Қозоғистонни айтишим мумкин. Бунинг сабабига келсак: гап шундаки, давлат бошқаруви соҳасидаги сезиларли натижалар тизимнинг тўлиқ қайта тузилиши ва буткул ўзгариши билан боғлиқ. Грузияда бунга эришилди, собиқ президент Михаил Саакашвили ҳуқуқшунос ва маъмурий бошқарув ҳуқуқи бўйича мутахассис бўлган. Шунинг учун, у давлат идоралари иши ва давлат хизматларини кўрсатиш ислоҳотларини бир-биридан жуда яхши фарқлай оларди. Бугун Грузияда давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати собиқ Иттифоқнинг бошқа мамлакатларига қараганда анча юқори даражада. Болтиқбўйи давлатларида эса ҳаммаси равшан: бу кичик минтақа ва унинг учта мамлакати ҳам Европа Иттифоқига киришга тайёргарлик кўришган. Умуман, Болтиқбўйи мамлакатлари Европа стандартларидан нусха олиб, давлат бошқаруви тизимини шунга мувофиқ қайта тузишган. Мен Эстонияда бўлганман, бу кичкина ва ажойиб, тахминан 1,3 млн. аҳолига эга давлат. Дунёнинг ҳар бир мамлакатида ўзига хос муаммолар мавжуд. Эстонияда ёшлар фуқаролик паспортини олиб, Ғарбий Европага ўқишга кетадилар. Шунинг учун уларда доим табиий демографик оқим мавжуд. Шу билан бирга, Финляндиядан нафақахўрлар Эстонияга яшаш учун келишади, чунки Эстонияда ҳаёт сифати юқори ва Финляндияга нисбатан нарх-наво анча паст. Эстония ҳукумати нима қиляпти? У ўз фуқароларига хизмат кўрсатиш учун ноёб электрон платформани яратмоқда, шунингдек, бутун дунё бўйича компанияларни Эстонияда рўйхатдан ўтишга жалб қилмоқда https://e-resident.gov.ee/ Қозоғистонга келсак, улар Сингапурнинг жуда кўплаб ислоҳотларидан нусха олишга ҳаракат қилишган, хусусан, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишда, узоқ муддатли режалаштиришда ва давлат хизматларини рақамлаштиришда. Масалан, менга “бир дарча” давлат хизматининг сифати жуда ёқади. Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатиш “ягона дарча” тизими асосида ташкил этилаётганига кўп бўлмади, Қозоғистонда эса 2004 йилдан бошлаб барча реестрларни рақамлаштириш бошланди, ўз навбатида, кейинчалик бу жараён давлат хизматларини “ягона дарча” услубида жорий қилишга имкон яратди. Бугунги кунга келиб уларда турли хил давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашинуви учун 48 та реестр мавжуд, бизда эса бу кўрсаткич 5 баробар кам. Шу нуқтаи назардан биз анча ортда қолдик ва кўп нарсаларни амалга ошириб, уларга етиб олишимиз керак. Қозоғистон давлат хизматлари кўрсатиш бўйича катта ютуқларга эришди. Шу билан бирга, уларда ҳудди биз каби ҳал қилинмаган муаммо ҳам бор. Бу – пойтахт билан ҳудудлар ўртасидаги жуда катта тафовут муаммосидир.
– Агар хорижий тажрибани қўллаш ҳақида гап кетадиган бўлса, сизнингча, қайси давлатларнинг услуби ёки тажрибаси Ўзбекистонда давлат бошқарувини ислоҳ қилишда қўллаш учун кўпроқ мос келади?
– Агар биз билан умумий тарихий социалистик ўтмишга эга давлатлар тажрибасига таянадиган бўлсак, унда шубҳасиз Шарқий Европа мамлакатларининг бу борадаги амалиёти эътиборга молик. Шунингдек, собиқ Иттифоқ мамлакатлари, масалан, Грузия ва Қозоғистон тажрибаси ҳам жуда фойдали, деб ҳисоблайман. Шарқий Европада иқтисодиётни бошқариш тизими бизникига ўхшаш бўлган. Менимча, Словакия тажрибаси Ўзбекистон учун қизиқарли бўлиши мумкин. Уларда ҳам қишлоқ хўжалиги иқтисодиётда катта улушга эга, шу билан бирга саноат ҳам ривожланган. Улар жон бошига автомобиль ишлаб чиқариш бўйича охирги 13 йилда дунёда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Атиги беш миллион аҳолига эга ушбу мамлакатда йилига бир миллиондан ортиқ автомашиналар ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, бу мамлакатга чет эл автомобилларини олиб кириш учун катта миқдордаги божхона тўловлари мавжуд эмас. Ўйлайманки, Ўзбекистон учун ушбу тажрибага аҳамият бериш фойдадан холи эмас.
– Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотлар Концепцияси 2017 йилнинг сентябрь ойида тасдиқланган эди. Орадан 2,5 йил вақт ўтди. Бугунги кунда қандай натижалар ҳақида гапириш мумкин?
– Мен маъмурий ислоҳотлар лойиҳасини тайёрловчи ишчи гуруҳда иштирок этганман. Унда белгиланган вазифаларнинг бир қисми бугун амалга ошмоқда, аммо у тўлиқ амалда эмас. Биринчидан, маъмурий ислоҳотлар концептуал тушунчани талаб қилади, агар биз давлат идораларини самарали ишлашини хоҳласак, уларни янада кўпайтириш ёки янгиларини яратиш шарт эмас. Шунинг учун давлат идоралари сонини қисқартириш мантиқан тўғри сиёсат ва бу билан давлат томонидан тартибга солиш ҳам камаяди. Вазирлар даражасида максимал ваколатлар бериш ва мавжуд давлат органларига ўз функционал вазифаларини аниқ белгилаб бериш лозим. Функционал таҳлил талаб қилинган ҳолда, афсуски, бу иш охиригача бажарилмади. Ҳозир эса биз янги давлат органлари, вазирликлар, қўмиталар ва идораларнинг ташкил этилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бир саволга тўғри жавоб топиш жуда муҳим: янги давлат органини ташкил қилиш ишни осонлаштирадими ёки янги муаммолар туғдирадими? Назаримда, агар маъмурий ислоҳотлар натижаси сезилаётганида эди, бизда янги давлат тузилмаларини яратиш истаги ҳам камроқ бўлар эди. Биринчи охирига етказилмаган иш – давлат органларининг сони танқидий нуқтаи-назардан қайта кўриб чиқилмади. Шу билан бирга, биз аслида зарур давлат органларининг бугун мавжуд эмаслигига гувоҳ бўляпмиз. Масалан, ижтимоий ҳимоя органлари.
Бундан ташқари, маъмурий ислоҳотлар лойиҳасини тайёрлаш жараёнида биз квазидавлат секторида қайта кўриб чиқилиши керак бўлган нарсалар тўғрисида алоҳида банд киритдик. Бу давлат томонидан ташкил этилган “Ёшлар иттифоқи”, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамғармаси, “Нуроний” жамғармаси каби йирик жамоат ташкилотларига тааллуқлидир. Улар қайта кўриб чиқилиши керак эди. Хотин-қизлар қўмитаси асосида вазирлик тузишни таклиф қилган одамлар ҳақиқатдан узоқ эмасдилар. Аммо бу вазирлик оилавий ишлар ва ижтимоий ҳимоя функциясини ҳам ўз ичига қамраб олиши керак эди. Яъни, муаммоли оилалар, ота-она қарамоғисиз қолган ва етим қолган болалар, ногиронлар, собиқ маҳкумлар ва бошқа ижтимоий ҳамда жамият ёрдамига муҳтож инсонлар билан шуғулланадиган ижтимоий ишчиларнинг профессионал хизматини назарда тутган ҳолда. Шунда биз аниқ ва тўғри қарор қабул қилган бўлар эдик. Республикамизнинг Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида жойлашган тўртта ОТМларда “ижтимоий хизматчи” мутахассислиги бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрланади. Аммо бундай штат бирлиги мавжуд эмас, улар бирон бир давлат органларида иш топа олмайдилар. Нима учун шу пайтгача давлат дипломида “ижтимоий хизматчи” деб ёзилган 900 га яқин мутахассисларни тайёрлади, агар улар иш топа олмаса? Тайёр мутахассислар бор ва халқаро тажриба тушунчаси ҳам мавжуд, аммо профессионал бирлик (штатлар) мавжуд эмас.
Менинг шахсий фикримча, “Маҳалла” ўзини ўзи бошқариш органи бўлиб қолавериши керак эди, вазирлик эмас. Уларни ҳокимият таркибидан бутунлай ажратиш керак эди, холос. Мазкур орган мустақил эди ва шу ҳолича сақлаб қолиш керак эди.
Юқорида айтилган фикрлар билан бир қаторда ижобий ўзгаришлар ҳақида ҳам айтиб ўтишим керак. Маъмурий ислоҳотларда давлат хизматларини ислоҳ қилиш бўйича вазифалар алоҳида белгилаб олинди. Ўтган йилнинг охирида давлат ваколатли органи – Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, давлат хизматига танлов асосида ишга олиш механизми жорий этилиши тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Бу жуда муҳим қарор, чунки маъмурий ислоҳотда биз тизим ўзгараётгани, янги давлат бошқарувига мослашаётгани ҳақида гапираяпмиз. Ушбу давлат идораларига мурожаат қилаётган одамлар ўзларини давлат хизматида нималар қилишларини билишлари, коррупция хавфидан холи эканликларини англашлари, ўзларининг вазифаларини аниқ тушунишлари лозим. Бу йўналишда 9 йил давомида ҳеч бир силжиш бўлмаган, Президентнинг саъй-ҳаракати билан сўнгги 5-6 ой ичида сезиларли силжишлар бўлди. Менимча, бу тўғри, бусиз давлат бошқарувида бирон бир ислоҳот кутилган натижаларни бермайди.
– Ўзбекистонда таълим жуда мураккаб тизимга қурилган – бу вазирлик, вилоят ва туман бошқармалари (бўлимлари) ва бошқалар. Агар Грузия тажрибасига эътибор қаратсак, у ерда ушбу аппаратнинг аксарият қисми қисқартирилди, вилоят ҳамда туман халқ таълими бўлимлари ўқитувчилар уйига ўзгартирилди. Энди уларнинг тузилмаси вазир ва унинг кичик бошқарув аппаратидан иборат. Буни мамлакатимизда ҳам қўллаш мумкинми?
– Жуда яхши савол. Гап шундаки, мен 2019 йилда Тошкент шаҳар ҳокимлигида маъмурий-функционал таҳлилни ўтказиш гуруҳини бошқарганман. Биз агар биргина Сергели тумани даражасида Мактабгача таълим вазирлигининг бўғинларини бекор қилсак, йилига бир миллиард сўмгача тежаш мумкинлигини ҳисоблаб чиққанмиз. Ушбу маблағни болалар боғчаларини таъминлаб туриш учун сарфласа бўлади. Совет давридан қолган бу кўникма ноодатий ва ноанаънавий эканини англаб етишимиз керак. Биринчи босқичда, бугуноқ мактабгача таълим ва халқ таълимининг туман бўғинларини қисқартириш, уларнинг биноларини мактаб ва болалар боғчаларига бериш лозим. Агар бу амалга ошса, биз бир вақтнинг ўзида шаҳарда 11 та янги бинога эга бўламиз, мактабгача таълимни қўшганда бу рақам 17-19 тани ташкил этади (уларнинг ҳаммаси ҳам алоҳида бинога эга эмас). Иккинчи масала, шаҳар миқёсида мактабгача таълим ва мактаб таълимини бирлаштириш орқали барча ўқитувчилар биргаликда ишлашини таъминлаш. Мактаб ва боғчалар ўз ўқув дастурларини тузиш учун кўпроқ мустақил молиявий ваколатларга эга бўлиши керак. Москва шаҳри мисолида мен улардаги электрон синфхоналар тажрибаси билан танишганман. Улардаги ҳар бир мактабда директорнинг маълумоти бўйича иқтисодчибўлган ўринбосари бор. У хўжаликни молия нуқтаи назаридан бошқаради. Мактаб ва Халқ таълими вазирлиги ўртасида фаолият юритадиган бошқарув органлари керакми? Мактаблар ва болалар боғчаларининг ваколатини кучайтириш таълим сифатини оширишга хизмат қилади. Нега бизда ҳам шуни қўллаш мумкин эмас? Менимча, бу жуда тўғри амалиёт бўлар эди. Қўшимча равишда айтиш керакки, бу ишда назоратчилар эмас, амалда ўзини кўрсатадиган кадрлар кўпроқ бўлишига эътибор қараташимиз лозим. Барча давлат идораларида назоратчиларнинг сони кўп, ишнинг ўзини бажарадиганлар эса озчиликни ташкил қилади.
Иккинчиси, – бу таълимга ёндашув. Бизда ҳанузгача советча ёндашув ҳукмрон, чунки советлар даврида интернет бўлмаган. Энди билим кўникмасини ошириш учун маълумотни ёд олиш шарт эмас («меморизация»). Бир ярим асрлик таълимнинг ушбу усули аллақачон эскирди. Энди Гугл, Яндекс бор, у ярим сонияда сизга барча маълумотларни топиб беради. Бошқа савол келиб чиқади, қандай қилиб маълумотни тўғри топиш ва қандай тўғри таҳлил қилиш мумкин – бу мутлақо бошқа кўникма. Бугунги мактабларимиз бу чақириққа ҳеч қандай жавоб бера олмайди. Биз оқибатда янги воқеликда ўзини топа олмайдиган, саводсизлиги ошиб бораётган ёш авлод етишиб келаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
– Сиз маъмурий ислоҳотларни ишлаб чиқишда иштирок этгансиз. Давлат идоралари самарадорлигини оширишга қаратилган қандай ташаббусларни илгари сургансиз?
Биз ҳокимликда таҳлил ўтказганимизда, таълим тизимини ўзгартиришни таклиф қилдик. Бундан ташқари, биз шаҳар миқёсида ижтимоий ҳимоя бўлими тузишни ҳам таклиф қилдик, яъни, бугун бизда мавжуд бўлмаган бўлимни, ваколатли органни. Шаҳар ҳокимияти яхшироқ билиши керак ким кўпроқ қўллаб-қувватлашга муҳтож эканини. Шаҳар даражасида бундай тузилма керак. Бу масалада якуний қарор қандай бўлишини билмайман.
Шуннингдек, биз ҳокимиятларда шаҳарни ривожлантириш департаментини тузишни таклиф қилдик, сабаби Сергелида ушбу муаммога дуч келдик. У ерда жуда кўплаб янги турар-жой бинолари қурилди, аммо бир кун келиб аҳоли болаларини боғчага, мактабга бериши лозимлиги унутилди, транспорт тизимига эътибор қаратилмади. Буларнинг барчаси бизда ҳудудий режалаштириш тизимининг йўқлиги натижасидир. Янги ҳудуд барпо этишни бир вақтни ўзида қурилиш ишларини режалаштириш ҳамда ижтимоий инфратузилма ва транспорт коммуникациялари режалаштириш босқичидан бошлаш лозим. Бу ҳар бир ҳокимиятнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши лозим.
1991 йилдан бери Сингапур уй-жой ва транспорт объектларини ажралмас тарзда режалаштириб келади. Яъни, сиз энг яқин тўхташ жойига қанча вақтда боришни, қандай транспорт турлари бўлишини ва бошқаларни олдиндан ҳисобини олмасангиз, у ерда бирорта ҳам уй-жой қуришни таклиф қила олмайсиз. Нима учун бизда ҳамма нарса алоҳида ёки тескари тарзда қилинади? Агар ҳокимликларда қурилиш департаменти ўрнига шаҳарни ривожлантириш департаменти мавжуд бўлганида, бу аллақачон нормага айланган бўлар эди. Давлат идораларида стратегик режалаштириш бўлиши керак. Давлат органлари қурилиш билан шуғулланади, аммо инфратузулма ва муҳандислик тармоқларини режалаштириш масалалари, аҳоли демографиясини таҳлил қилиш эътибордан четда қолмоқда. Бу ҳолни ўзгартириш мумкин.
– Умуман, республикамиздаги давлат бошқаруви соҳаси ислоҳотларини қандай баҳолайсиз?
– Менимча, дастлабки икки йил жуда фаол тарзда кечди. 2016 йил охиридан 2018 йил охирига қадар жуда юқори суръатда эдик. Бу бир томондан ислоҳотларга содиқликни намойиш этди, аммо бошқа томондан эълон қилинган барча дастурлар ҳам амалга оширилди, деб айтолмайман. Эҳтимол, уларнинг сони жуда кўп бўлгандир. Менимча, биз асосий муаммодан қутула олмаяпмиз – Ўзбекистонда давлат бошқаруви соҳаси кадрларини тайёрлаш имконияти ҳали ҳам кўнгилдагидек эмас.
Давлат бошқаруви академияси «Public policy» (давлат сиёсати) каби зарур фанларга етарли даражада эътибор қаратмайди. Бизга соғлиқни сақлаш ва иқтисодиётни ислоҳ қилиш, масалан, унинг узвий қандай боғлиқлигини тушунадиган кадрлар керак. Ёки, дейлик, қишлоқ хўжалиги сиёсати, транспорт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ўртасидаги боғлиқликни тушунадиган одамлар, яъни, давлат манфаатлари нуқтаи назаридан вазиятга кенгроқ баҳо бера оладиган кадрлар керак. Бизда ё шифокор, ё тор доирадаги иқтисодчи корхона ишларига ўралашиб қолган.
Халқаро миқёсда жорий қилинган ўқув режаларидан келиб чиқадиган бўлсак, бизда давлат бошқаруви бўйича мутахассислар умуман тайёрланмайди, деса ҳам бўлади. Шунинг учун кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширадиган кадрлар йўқ. Бу борада Сингапур тажрибасига эътибор қаратсак, мазкур давлатда бошқарув кадрлари махсус дастурга кўра имтиҳон қилинади, давлат ишларига лаёқатли, барча талабларга жавоб берадиган 200 нафар ёш йигит-қиз танлаб олинади. Уларда ҳалоллик ва ахлоқий меъёрларнинг юқори даражада бўлиши жуда муҳимдир. Сўнгра улар хорижий энг яхши университетларда ўқитилади. Қайтиб келгандан кейин улар 2 йил давомида турли вазирликларда фаолият юритишади. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлигида, Меҳнат вазирлигида, иқтисодиёт йўналишларида 1-2 йил ишлашади. Уларнинг барчаси лойиҳаларни бошқариш методологиясига эга, интеллектуал жиҳатдан кучли таҳлилчилардир. Шундагина улар турли вазирликларнинг нуқтаи назарини тушунади, унинг моҳиятини англайди, эртага у ўз давлатининг масъул идораларини бошқаради, қайсидир соҳага келажакда вазир бўлади. Бутун ҳукумат нуқтаи назаридан, ҳукумат ёндошишидан воқиф бўлади, ўзининг тор соҳада фикрлаш даражасидан воз кечади.
Бизда эса давлат идоралари бир-бири билан ишлашга тайёр эмас, вазирликлар манфаатларини тор доирада ҳимоя қилган ҳолда, бир-бири билан очиқ рақобатга киришиб кетган. Аммо бизга бутун иқтисодиётни жамоавий ишда олдинга силжита оладиган ва мамлакат тараққиётида муваффақиятларга эриша оладиган кадрлар керак. Бунинг учун кенг доира фикрлай оладиган мутахассислар керак.
Яна бир жуда муҳим нарса – бошқалар билан ишлашга тайёр давлат идораларини рағбатлантириш масаласи. Дейлик, яна ўша Сингапурда, давлат бюджети барча вазирлар иштирокида Молия вазирлигида муҳокама қилинади, бунда ҳар бир иштирокчи давлат бюджети харажатлари бўйича таклиф беришга ҳақлидир. Ресурслар тақсимланиши жараёнида аниқ мақсадлар учун 3-4 та идорага биргаликда ажратилади. Улар маблағни ўзлаштириш учун биргаликда ишлашлари талаб этилади. Агар сиз жамоада ишламасангиз, сиз маблағ ололмайсиз. Биз ҳам аслида худди шундай ёндашув билан ишлашимиз ва ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, вазирликни бюджет ҳисобидан ушлаб туриш учун пул олмаслигимиз керак. Акс ҳолда белгиланган мақсадга эришилмайди. Масалан, Сингапурда жамият фаровонлиги учун Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги, Таълим ва меҳнат вазирлиги бир вақтнинг ўзида ишласагина наф кўради. Улар келажакда қайси касбларга талаб катта бўлишини биргаликда ҳал қилишади, ёшларни бунга қандай тайёрлаш кераклиги, қандай бизнес турлариниочиш лозимлиги ҳақида биргаликда бош қотиришади. У ерда вазир ушбу мақсадлар учун умумий ҳисобга маблағ ажратади, кейин идоралар ўзаро бу маблағни қандай сарфлашни келишадилар. Бу биз учун қизиқарли тажриба ва биз давлат органларини бир-бири билан мослашувини рағбатлантириш учун инновацион ёндашувларни жорий қилишимиз мумкин.
Сурат манбаси: afisha.uz