Сурат манбаси: pearlofeast.com
Жорий йилда улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади. Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида буни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон давлат архивларида изланишлар олиб бораётган республиканинг етакчи олимлари жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Беҳбудийнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ кўплаб ҳужжатларни ўрганишмоқда. Мазкур тадқиқотлар натижасида унинг ҳаёти ва сиёсий фаолиятига оид янги маълумотлар ҳам бирин-кетин юзага чиқмоқда.
“Беҳбудий фаолияти ва ўша давр сиёсий ҳаёти тафсилотлари собиқ Иттифоқ даврида етарлича ўрганилмаган, сабаби бу мавзу ёпиқ ҳисобланган. Мустақиллик даврига келиб тарихчилар, мутахассислар бу мавзуга, айниқса жадидларнинг сиёсий фаолиятига бироз эътибор қарата бошладилар. Лекин ҳамон бу мавзу тизимли тарзда ўрганилмаган”, деди тарих фанлари доктори, ЎзФА тарих институтининг етакчи илмий ходими Равшан Абдуллаев UzAnalytics сайтининг мухбири билан суҳбатда.
UzAnalytics таҳлилий сайти Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтининг илмий ходимлари, тарихчи олимлар Ринат Шигабдинов ва Равшан Абдуллаев билан Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва сиёсий фаолиятининг шу пайтгача номаълум бўлган саҳифалари ҳақидаги интервьюни эътиборингизга ҳавола қилади.
Ринат Шигабдинов – Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтининг катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди. Архив соҳасида 40 йиллик тажрибага эга. Илмий изланиш мавзулари: ХIХ – XXI асрларда Ўрта Осиё халқларининг тарихи, манбашунослик ва тарихшунослик масалалари, Ўрта Осиё тарихида мустамлака ва шўролар давридаги диний сиёсат. Кўплаб илмий мақолалар ва монографиялар муаллифи.
– Ринат Начметдинович, давлат архивларида сақланаётган ҳужжатлар асосида олиб бораётган тадқиқотларингиз буюк алломанинг ҳаёти ва фаолиятига оид қандай янги маълумотларни юзага чиқармоқда?
– Мен Ўзбекистон миллий архивида иш олиб бориш жараёнида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаётининг сўнгги йиллари даврига оид ва уни янги маълумотлар билан тўлдирадиган бир қатор ҳужжатларни ўргандим. Унинг ҳаёти ва ижодининг сўнгги даврлари 1918-1919 йилларга тўғри келади. Умуман, архив топилмалари нафақат 1918/19 йиллар, балки ундан кейинги даврда кечган воқеаларга ҳам ойдинлик киритишда ёрдам беради.
1917 йил Россиядаги октябрь инқилобидан сўнг, Тошкентда ҳам совет ҳукумати ўрнатилди ва унинг бошқаруви шакллантирилди. Халқ комиссарлари кенгаши ва Туркистон Марказий ижроия қўмитаси тузилди. Бу ишларнинг бошида Туркистон коммунистик партияси турар эди. 1918 йил апрель ойида коммунистларнинг навбатдаги Қурултойи ўтказилиб, соҳа ва йўналишлар бўйича вазирликлар (ўша пайтда халқ комиссариатлари) ташкил этилди. Жумладан, Миллий масалалар бўйича комиссариат фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Ушбу ташкилотнинг асосий вазифаси советлар мафкурасини халқ орасида тарғиб қилиш эди. Комиссариат қошида тарғибот-ташвиқот, маданий-маърифий, статистика ишлари каби бўлимлар ҳам ташкил этилган.
Бу даврга келиб маҳаллий зиёлилар, жадидлар жуда жиддий танлов олдида турар эди. Улар учта йўлдан бирини танлашлари лозим бўлган: биринчиси: ҳорижга чиқиб кетиш, иккинчиси: қўлга қурол олиб, ўз ғоя ва ақидаларини ҳимоя қилиш, учинчиси эса – янги ҳукумат билан муроса қилиб, унинг таркибида халқ маърифати, тараққиёти йўлида хизмат қилиш эди. Туркистон жадидчилик ҳаракати етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ўша даврда халқ орасида жуда катта обрў-эътибор қозонган эди. Буни янги ҳукумат мутасаддилари ҳам яхши билишарди. Шунинг учун Беҳбудийга янги тузилган миллий масалалар бўйича комиссариат органларида иш таклиф қилишади. Янги тузилмада ватанпарвар, зиёли, ўша даврнинг маърифатпарвар кишилари жамланишган эди. Комиссариатни ўз замонасининг таниқли мутафаккири Тошхўжа Ашурхўжаев бошқарар ва миллат, халқ қайғуси билан яшайдиган, ривожланиш ва миллий юксакликка хизмат қиладиган ходимлар қаторида Беҳбудийни ҳам кўргиси келади.
Комиссариат таркибида турли миллатлар масалалари билан шуғулланувчи 8 та алоҳида бўлим фаолият юритган. Архивда ишлаш жараёнида 1918 йил 24 июндаги ҳужжат билан танишишга муваффақ бўлдим. Ушбу ҳужжатларда кўрсатилишича, Беҳбудийга ушбу комиссариатнинг туркий миллат масалалари бўлимини бошқариш топширилган. Ҳужжатга комиссар Тошхўжа Ашурхўжаев имзо чеккан. Унда Туркистон Республикаси ҳукумати номига ёзилган шундай сатрлар бор: “Ҳайъат йиғилиши қарорига кўра, комиссариат қошидаги миллатлар бўлимларига мен томонимдан вакиллар тайинланди. Комиссариат низомига мувофиқ, миллатлар вакиллари сайловлари ўтказилгунга қадар қуйидаги шахслар вазифаларга тайинланди: қозоқ миллатидан Хожикелдиева Кирғиз, татар миллатидан Абдураҳмон Абдуҳолиқов, туркий миллатидан Маҳмудхўжа Беҳбудий, қипчоқ миллатидан Муҳаммаджон Шермуҳамедов”. Кўриниб турибдики, ушбу санадан эътиборан Беҳбудий совет ҳукумати таркибида юқори мартабали мулозим сифатида фаолият бошлаган.
Ўзбекистон давлат миллий архивида комиссариат ходимлари сони ва уларга тўланадиган маошлар ҳақидаги маълумотлар билан ҳам танишдим. Беҳбудийнинг маоши 700 рубль миқдорида белгиланган экан. Бу ўша давр вазир ўринбосарининг маоши билан бир хил бўлган. Комиссар ўринбосари сифатида маънавий ва маърифий масалаларга масъул бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий ташаббуси билан шу даврда “Иштирокиюн” (“Коммунист”) газетаси чоп этила бошлайди. Нашрнинг Бош муҳаррири этиб Ориф Кливлиев тайинланади, у 1906 йилда Россиядан Туркистонга келган ва Фарғона водийсидаги жадид мактабларида муаллимлик қилиб келаётган эди.
1918 йилга келиб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сиёсий фаоллиги анча ошади. Архив ҳужжатларида қайд этилишича, у ёз ойларида Тошкентга келиб Туркистон ҳукуматининг Қурултойида иштирок этади, озиқ-овқат муаммосини ҳал қилиш ва очарчиликка барҳам бериш масалаларига бағишланган мақолаларни чоп қилади. Партия, ижроия органлари мутасаддилари билан учрашади. Туркистон ўлкасининг раҳбар ва мулозимлари билан учрашувлари ҳақидаги архив ҳужжатларининг ҳаммаси ҳам тўлиқ ўрганилмаган. Ҳозирги кунда мутахассислар бу йўналишда кенг кўламли тадқиқотлар олиб борсалар, айни муддао бўлар эди.
Маълум бўлгани шуки, қисқа давр ичида Беҳбудий советлар, коммунистлар сиёсати мафкурасининг нотўғри йўналишда эканини англаб етади. Уни ҳатто маҳаллий халқлар учун зарарли, деган ҳулосага келади. Натижада, 1918 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида мазкур тизим таркибидан чиқишга қарор қилади. Ҳужжатларга кўра, Туркистон комиссарлар Кенгаши раиси Мальковнинг имзоси билан 1918 йил 5 ноябрдан эътиборан, Маҳмудхўжа Беҳбудий раҳбарлик қилган сектор тарқатиб юборилади, сектор аъзоларига берилган тарғибот-ташвиқот олиб бориш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар бекор қилинади. Беҳбудийнинг ўзи мазкур ташкилотни тарк этади ва шу кундан бошлаб фаолият олиб боришнинг бошқа йўлларини излашга тушади. Илмий тадқиқотчилар унинг кейинги фаолияти ҳақида турли ҳил талқинларни баён қилишади. Лекин Беҳбудий шундан сўнг Ҳаж зиёратига боришга отланади, деган қарашлар ҳақиқатга яқинроқдир. Аммо бу факт ҳужжатлар орқали тўлиқ тасдиқланмаган. Ўша даврда муқаддас зиёрат амалиётини Тошкент ва Самарқанддан турли йўналишлар билан амалга ошириш мумкин эди: Фарғона водийси, Қашқар орқали Ҳиндистонга ўтиб, кемаларда Маккаи Мадинага борса бўларди. Иккинчи йўналиш бу Россия орқали Одессагача поездда бориб, сўнг денгиз орқали Туркияга ўтилган ва у ердан Маккаи Мадинага йўл олинган. Шунингдек, Афғонистон орқали Ҳиндистонга ва Туркманистон орқали Озарбайжонга, сўнг Каспий денгизидан ўтиб зиёратга бориш каби йўналишлар ҳам мавжуд бўлган.
Беҳбудий ҳамроҳлари билан чиндан ҳам Ҳаж зиёратига отланганмиди? Ёки Туркистон ва ўз халқининг озодлиги йўлидаги курашини янги босқичда давом эттириш учун Кавказ, Туркия ёки Европа давлатларига чиқиб кетмоқчи бўлганми? Ахир Ҳаж зиёратига боришнинг бошқа содда ва ҳавфсиз йўллари ҳам мавжуд эдику? Масаланинг ана шу томони ҳамон тадқиқотчиларнинг якдиллик билан бир тўхтамга келишига халақит беради.
Ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, Беҳбудий икки нафар ҳамроҳи билан Бухоро Амирлиги орқали ўтмоқчи бўлишади. Лекин, маълумотларга кўра, у Амирликнинг чегарасида қўлга олинади ва Шаҳрисабздаги қамоққа ташланади. Орада у Бухоро Амири Саид Олимхон ва унинг вазири Қушбеги билан ёзишмалар олиб боради. Қамоқхонада икки ой сақланганидан сўнг ҳамроҳлари билан бирга Қарши шаҳридаги қамоқхонага олиб келинади. Беҳбудий ва унинг ҳамроҳларини қўриқлаш ва доим ёнида бўлиш учун 17-18 ёшлар чамасидаги бир аскар йигит назоратчиликка қўйилган бўлиб, шу вақт давомида бевосита маҳкумлар билан мулоқотда бўлади. Эл орасида таниқли ва машҳур Беҳбудий билан суҳбатдош бўлган ўша аскар ҳам охир-оқибат унинг ғоялари тарафдорига айланиб боради.
Мен танишган ҳужжатлар шундан далолат берадики, Беҳбудийнинг ўлимига Бухоро амири Саид Олимхон бевосита алоқадор бўлган. Архивларда унинг ва Бош вазир Қушбегининг Россия ҳукуматининг Бухородаги вакиллари билан ёзишмалари сақланиб қолган. 1919 йил 28 июнда Туркистон ўлкаси мусулмон ташкилотлари бюроси йиғилишининг баённомасида ёзилишича, Беҳбудийнинг фарзанди – Масуд Беҳбудий мазкур бюрога Бухоро амирлиги ҳукумати томонидан қамоққа олинган отасини озод қилишни сўраб, ариза орқали мурожаат қилган. Бюро йиғилиши Туркистон ташқи ишлар комиссариатига бу ишни кўриб чиқиш таклифи билан қарор қабул қилади. Аҳамият берсангиз, сана – 1919 йил 28 июнь:
Бу вақтда Беҳбудий қатл этиб бўлинган эди. Бюронинг ушбу қароридан сўнг Туркистон Республикаси Ташқи ишлар халқ комиссарлиги ва Бухоро Амирлигининг девонхонаси ўртасида ёзишмалар бошланган. Архивдан мазкур ҳужжатлар топилди. Жумладан, вазир Қушбеги имзоси билан бюрога ёзилган мактубнинг мазмуни қуйидагича:
“Сизнинг 1919 йил 10 июлдаги Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мулламуҳаммадқули Ўринбоев, Мардонқули Шомуҳамедовлар (Беҳбудийга ҳамроҳ бўлганлар) ишига оид йўллаган хатингиз бўйича маълум қиламанки, уларнинг қамоққа олинишлари бўйича мен Қарши бегига сўров жўнатдим. Бекнинг маълум қилишича, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мулламуҳаммадқули Ўринбоев, Мардонқули Шомуҳамедовлар хонликдаги халқ қўзғолони пайтида чегарани ноқонуний тарзда кечиб ўтишга ҳаракат қилишган. Шунинг учун улар чегара қўриқчилари томонидан қўлга олинган ва Бек ҳузурига олиб борилган. Сўроқлар пайтида маълум бўлишича, улар Ҳаж зиёратига отланган эканлар. Улар Бек томонидан қўлга олинган ва бу ҳақда Амир жанобларига ахборот берилган. Амирнинг буйруқлари билан зиёратчилар йўлларида давом этишлари учун қўйиб юборилган. Улар шундан сўнг беклик ҳудудини тарк этганлар”.
Кўриниб турибдики, Туркистон ҳукумати номига Қушбеги имзоси ва муҳри билан шу мазмундаги расмий хат жўнатилган. Аммо, аслида содир бўлган воқеалар Беҳбудий ва унинг ҳамроҳларини қўриқлаш ва доим ёнида бўлиш учун 17-18 ёшлар атрофидаги назоратчи аскар йигит томонидан бошқача ҳикоя қилинади. Демак, биздаги мавжуд маълумотларга кўра, Беҳбудийнинг ғояларига ҳайриҳоҳ бўлган бу йигит Қарши беги ҳузурида ҳар уччала асирни ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Бек шунда айтади: “биз 3 кишини қатл этишимиз керак, истасанг, 4 кишини ҳам қатл этишимиз мумкин”. Яъни, агар уларни ҳимоя қилаверсанг, ўзинг ҳам қатл этиласан, дейди. Бухородан ўлим жазосини ижро этишга рухсат келганидан сўнг, Беҳбудий ва унинг ҳамроҳларига ўзлари учун қабр кавлатиб, жазони даҳшатли тарзда амалга оширадилар. Ҳаммаларининг бошлари танасидан жудо этилади. Ўлимларидан аввал ибодат учун ижозат сўрашади ва уларни намозларини ўқиб тугатмаслариданоқ қатл этадилар. Бу воқеа Самарқандда бир йилдан кейин маълум бўлади.
Ўлимидан аввал Маҳмудхўжа васият мактубини ёзиб, яширин тарзда назоратчи йигитга бериб қўйган эди. Ўз мактубида у сафдошлари билан шу халқ учун, ватан тараққиёти йўлида курашганларини айтиб, Туркистон халқига, маърифатпарварларга, дўстларига мурожаат қилган. Беҳбудийнинг илтимосига кўра, унинг ўлимидан сўнг назоратчи йигит бу номани Самарқандга олиб бориб, марҳумнинг дўстларига топширади. Фақат орадан деярли бир йил ўтганидан кейингина Беҳбудийнинг сўнгги кунлари тафсилотлари маълум бўлади.
Ўз даврининг етук зиёлилари ёзган сўзбошилар билан мутафаккирнинг мактуб-васияти унинг сафдошлари, ҳукуматдаги дўстлари ва шогирдлари томонидан даврий матбуотда эълон қилинади. 1920 йилда Қарши шаҳрининг номи Беҳбудий, деб ўзгартирилади. Сталин қатоғонлари бошлангач, яъни 1936 йилда унинг номи олиб ташланиб, яна Қарши номи қайтарилди.
Равшан Абдуллаев – тарих фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтининг етакчи илмий ходими. Илмий изланиш йўналишлари: Ўзбекистонда XX асрда ижтимоий-сиёсий жараёнлар (1900-1920 йй); миллий,сиёсий назариялар ва оқимлар; жадидчилик харакати. Кўплаб илмий мақолалари мамлакатимиз ва ҳорижий нашрларда чоп этилган, “1917-1918 йилларда Туркистоннинг миллий сиёсий ташкилотлари” китоби муаллифи.
– Равшан Мажидович, Беҳбудийнинг 1910-1918 йиллардаги фаолияти ва ушбу давр жадидлар ҳамжамиятидаги асосий ғоялар ҳақида сўзлаб берсангиз
– Маҳмудхўжа Беҳбудий замондошлари орасида ўзининг кучли илми билан ажралиб турган, бир нечта тилларни билган. У жуда ёшлигидан дунё кезишни бошлаган ва жаҳоннинг бир қатор мамлакатларида, жумладан Миср, Шом давлатлари, Жазоир, Туркияда ва Россиянинг бир неча шаҳарларида бўлиб, Европа маданияти билан ҳам қизиқади. Қозон ва Оренбургда чиқадиган араб имлосидаги газета ва журналлар билан ҳамкорлик қилади, унинг мақолалари мазкур нашрларда чиқа бошлайди. Мактаб, маориф, маданият, маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботи ушбу мақолаларнинг марказида турарди. Ушбу сафарлар чоғида, яъни Қримда бўлган пайти Беҳбудий жадидчилик ғоясининг асосчиси, Россия ва қрим-татар мусулмонларининг йирик мутафаккири Исмоил Ғаспирали билан танишади. Буларнинг ҳаммаси унинг сиёсий қарашларига, тафаккурига катта таъсир кўрсатади.
Сафардан Самарқандга қайтган Беҳбудий ўзининг маърифатпарвар фаолиятини давом эттиради. Бир нечта газета, журнал ва китоблар нашр этишни бошлайди. 1912-1913 йилларда у “Самарқанд” газетаси ва “Ойна” журналининг чиқишида катта ҳисса қўшган. “Самарқанд” газетаси ўзбек ва тожик тилларида, ҳафтада 2 марта чоп этилди ва 45-сонидан кейин моддий танқислик туфайли нашр тўхтади. Шу йил августдан у “Ойна” журналини чиқара бошлади. Ҳафталик, суратли бу журнал асосан ўзбекча бўлиб, шеър, мақола, эълонлар бериб борган. Журнал Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркия давлатларигача тарқатилган. Нашр 1914 йил октябрь ойигача чоп этилди. Уларда чоп этилган Туркистон ўлкасини ислоҳ қилиш ғоялари илгари сурилган сиёсий, ижтимоий мавзулардаги мақолалар ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Беҳбудий ва унинг сафдошлари Туркистон дунё ҳамжамиятидан ортда қолганини, бу ерда ислоҳотлар, ўзгаришларни амалга ошириш вақти келганини яхши англаб етишган эди. Улар ўз мақолаларида Туркистонда, умуман Шарқнинг аксарият давлатларида узоқ йиллар давомида адоқсиз ички низо ва урушларга берилиб кетилганини таҳлил қилдилар. 15-16 асрлардан бошланган парокандалик авж олишига жаҳон савдо марказлари ва уларнинг географияси ўзгариши ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Шарқ давлатлари жаҳон савдо маркази мақомини аста-секин жанубий Европанинг шаҳарларига бериб қўя бошлаган. Ҳинд океанига чиқиш йўлининг очилиши, Америка қитъасининг кашф қилиниши ҳудуд ривожини, савдо-сотиқни сустлашишига сабаб бўлган. Ушбу омиллар Туркистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиб, бунинг оқибатида турли муаммолар вужудга келган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари бўлмиш Фитрат, Мунавварқори, Ибрат ва бошқалар нимани исташган? Авваламбор, тараққиётдан ортда қолган мамлакатни ислоҳ қилиш, янгилаш учун ҳаракат қилишган. Улар сиёсий ислоҳотлардан ташқари, энг биринчи ўринда таълим ва маориф ислоҳотлари зарурлигини таъкидлашган.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Самарқанд”, “Ҳуррият”, “Садои Туркистон” каби газеталар, “Ойна”, “Ҳуршид”, “Нажот” каби журналларида эълон қилинган кўплаб мақолаларида Туркистонда кенг кўламли сиёсий, иқтисодий, таълим ислоҳотларини амалга ошириш ғоялари илгари сурилган. Маҳаллий аҳолининг тараққиётга тўсиқ бўлувчи эски урф-одатларини, эскича қарашлардан воз кеча олмаётган “қадимчилар”ни, ислоҳотларга, янгиликларга қаршилик қилаётганларни қаттиқ танқид остига олган. Жамиятнинг “қадимчилар” қатлами қадриятларни йўқотишга ҳаракат, мусулмонларни камситишга уриниш, деган айбловлар билан маърифатпарвар ва жадидларни кофирга чиқариб қўйишган эди. Беҳбудий ўз мақолаларида “Йўқ, ундай эмас, биз ҳам мусулмонмиз, фақат тараққиётни, фаровонликни, маърифатни истаймиз. Фурсат кетиб боряпти, биз қолоқлашиб кетдик, янгиликка интилишимиз, янгиликларни ўзлаштиришимиз лозим. Қолоқлигимиз туфайли биз мустамлакага айландик, бизни тобе қилиб олишди. Энди ўтмишимиз буюк деб юравермасдан, хатоларимиздан тўғри ҳулосалар чиқаришимиз, ривожланиш йўлларини излашимиз керак. Бошқалар ҳам бизни ҳурмат қилиши, улар билан тенг мавқеда мулоқотга киришишимиз, мусулмонлар манфаатлари ҳимояси учун нималар қилишимиз зарурлиги ҳақида бош қотириш вақти келди”, деган ғояларни илгари сурди.
Шу ўринда айтиш керак, Беҳбудий, Фитрат ва бошқа жадидчилик ҳаракатининг фаоллари Россия империяси ушбу ғоя ва мақсадларни амалга оширишларига изн беради деган ҳом-ҳаёлга берилдилар. Бунга сабаб, февраль ва октябрь инқилобларидан кейин расмий ҳукумат вакиллари нисбатан озчиликни ташкил қилган миллатларга ҳам катта сиёсий ҳуқуқлар берилиши ҳақидаги ҳужжатларни эълон қилган эдилар. Шунинг учун ҳам жадидчилар янги ҳукумат билан муроса қилиш мумкин деб ўйладилар. Бу, албатта, ҳом-ҳаёлдан бошқа нарса бўлмай, ҳеч ким уларга бундай ҳуқуқни бермас эди. Бироқ жадидлар ушбу ғоя ва мақсадлар йўлида 1917 йил ноябрь ойи охирларида “Туркистон мусулмонларининг таъсис Қурултойи”ни ўтказишга, Туркистонни автоном республика деб эълон қилишга ҳам улгурдилар. Қурултойда қабул қилинган Дастурда буткул сиёсий мустақилликка эришиш, ўз пул бирлигини жорий этиш, ўз армиясига эга бўлиш, ташқи савдо-сотиқни эркин амалга ошириш каби бандлар бўлган. Большевиклар ҳукумати бундай ҳуқуқларни тақдим қилишга тайёр эмас эди.
Беҳбудий фаолияти, ўша давр сиёсий ҳаёти тафсилотлари собиқ Иттифоқ даврида етарлича ўрганилмаган, мавзу ёпиқ ҳисобланган. Мустақиллик даврига келиб тарихчилар, мутахассислар бу мавзуга, айниқса жадидларнинг сиёсий фаолиятига бироз эътибор қарата бошладилар. Лекин ҳамон бу мавзу тизимли тарзда ўрганилмаган.