Жаҳоннинг 46 та мамлакатлари аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 37 фоизи 2020 йилга нисбатан оптимистик фикрда, мазкур сўров иштирокчиларининг тўртдан бир қисми эса пессимистик қарашларга эга. Ушбу натижалар асосида ҳисобланган глобал оптимизм индекси сўнгги 7 йил ичида энг паст кўрсаткични қайд эди. Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Gallup International мустақил тадқиқот агентликлари уюшмаси томонидан ўтказилган глобал сўров натижалари шундан далолат беради.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган глобал сўров доирасида мустақил тадқиқот агентликларининг халқаро ассоциацияси Gallup International респондентларга 2020 йил умидлари ҳақида қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди: 2020 йил қандай бўлади? 2019 йилга нисбатан яхшироқми, ёмонроқми ёки ҳеч қандай ўзгаришларни кутмаяпсизми? Мазкур сўровда дунёнинг 46 мамлакатидан 45 мингдан ортиқ респондентлар қатнашди. Сўров натижаларига кўра, ушбу давлатлар аҳолисининг 2020 йилга нисбатан оптимистик, пессимистик ва нейтрал (ҳеч қандай ўзгаришларсиз) қарашлари қўйидагича тақсимланди:
· респондентларнинг 37 фоизи оптимистик фикр билдиришди: янги 2020 йил аввалги йилдан яхшироқ бўлади;
· сўровда қатнашганларнинг 31 фоизи ҳеч қандай ўзгаришларни кутишмайди, бошқача айтганда, 2020 йил аввалгиси билан деярли бир хил бўлади;
· респондентларнинг 25 фоизи 2020 йилга нисбатан пессимистик қарашларга эга, яъни бу йил аввалгисидан ёмонроқ бўлади;
· респондентларнинг 7 фоизи жавоб беришда қийналишди.
Оптимизм индекси сўров натижасида олинган жавоблар асосида, ижобий (оптимистик) ва салбий (пессимистик) жавоблар ўртасидаги фарқ сифатида баҳоланади. Бошқача қилиб айтганда, ушбу индекс респондентлардан олинган жавоблардаги оптимистлар ва пессимистлар улушлари ўртасидаги фарқга тенг. Охирги сўров натижаларига кўра, 2020 йилда глобал оптимизм индекси 12 (37% – 25%) ни ташкил этди, бу охирги 7 йил ичида энг паст кўрсаткичдир.
Айрим давлатлар аҳолисининг 2020 йилга нисбатан оптимистик ёки пессимистик кайфиятига келсак, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, оптимизм даражаси ривожланаётган мамлакатлар аҳолиси ўртасида юқори кўрсаткичга эга. Охирги сўров натижаларига кўра Перу (оптимизм индекси: 62), Албания (61), Нигерия (61), Қозоғистон (60), Арманистон (55), Косово (50), Ҳиндистон (42) ва Европа иттифоқига кирмаган мазкур қитъа давлатлари аҳолисининг оптимизм индекси ушбу рейтингда энг юқори ўринларни эгаллаган. Бу қизиқарли факт.
Мазкур рейтингда паст ўринларни эгаллаган Ливан (оптимизм индекси: -71), Гонконг (-55), Иордания (-53) ва Италия (-48) мамлакатларининг аҳолиси эса 2020 йилга нисбатан анча пессимистик қарашларга эга. Буюк Британия (3) ва Франция (оптимизм индекси: 0) давлатларининг аҳолиси бу борада деярли “нейтрал” кайфиятда.
Юқоридаги графикдан кўриниб турганидек, аҳоли жон бошига ЯИМ миқдори нисбатан кам бўлган, яъни иқтисодий фаровонлик даражаси камроқ давлатларда оптимизм индекси аҳолиси “бойроқ” мамлакатларга нисбатан анча юқори кўрсаткичга эга. Аҳоли жон бошига ЯИМ миқдори юқори бўлган давлатлар аҳолисининг “оптимизми” эса анча паст даражада ёки деярли “нейтрал” кайфиятда. Бу дегани, глобал оптимизм индекси пасайишининг сабаби асосан ривожланган давлатлар аҳолисининг ўртача “нейтрал” даражага яқин кайфиятлари ва шунингдек ривожланаётган мамлакатлар орасида атиги 5 тасининг пессимистик кўрсаткичлари ҳисобига бўлиб қолмоқда.
Gallup International вице-президенти Андрей Милехин сўров натижалари ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:
“Оптимизм индексининг рекорд даражада пастлиги Ливан, Гонконг, Италия каби айрим мамлакатлардаги сиёсий ва иқтисодий муаммолар билан боғлиқдир. Америка Қўшма Штатларининг узоқ танаффусдан сўнг оптимизм индекси рейтингида нисбатан юқори ўринни эгаллагани ҳам охирги сўров натижаларида кузатилган қизиқ фактлардан бири бўлди. Илгари, фақат скандинавияликлар нисбатан бой ва бахтли ҳисобланардилар.
Шуни таъкидлаш таъкидлаш жоизки, сўнгги 4 йил ичида биринчи марта Россияда оптимизм индекси ижобий тенденцияни кўрсатди. Бу шуни англатадики, россияликлар узоқ чўзилган иқтисодий инқироз давридан сўнг мамлакатда иқтисодий вазиятни яхшиланишига умид боғламоқдалар.
Украинада эса Зеленскийнинг президентлик лавозимига сайланиши билан аҳоли сиёсий можароларнинг барҳам берилишига, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётни яхшиланишига умид боғлаб, 2020 йилга нисбатан оптимистик қарашда.
Ушбу ўзгаришларнинг барчаси оз бўлсада ижобий динамикага умид бағишлайди, чунки одамлардаги оптимизм мавжуд муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади”.
Gallup International – 55 та компанияни бирлаштирган, мустақил тадқиқот агентликларининг энг йирик бирлашмаси бўлиб, 100 га яқин мамлакатларда тадқиқот олиб боради. Кўп йиллар давомида Gallup International халқаро миқёсдаги лойиҳалар, шу жумладан “Умид ва тушкунлик барометри”, “Йил якуни” ва бошқа лойиҳалар доирасида сўровлар ўтказиб келади.
Сурат манбаси: medaboutme.ru