Пойтахтимизнинг машҳур театри «Илҳом» яқин кунларда биносиз қолиши мумкин. Гап шундаки, театр жойлашган «Shodlik Palace» меҳмонхонасининг янги мулкдори театр раҳбариятига бинони эгаллаб турган қисмини бўшатиш ҳақида огоҳлантириш берган. “Илҳом” жамоасининг фикрига кўра, “театр асосчиси Марк Вайлга 1976 йилда давлат томонидан ажратилган ҳудуднинг йўқотилиши “Илҳом” театрига чиқарилган ўлим ҳукмини англатади”, сабаби, “ бу тижорат театри эмас… унинг фаолияти давлат томонидан молиялаштирилмайди. Театр раҳбариятида янги бинони харид қилиш ва унда театрни яна аслидек тиклаш учун маблағ ҳам, имконият ҳам йўқ...”.
9 февраль куни театр маъмурияти республика раҳбарияти ва кенг жамоатчиликка мурожаатномани эълон қилди. Бунда театр аҳли ҳукуматни бу масалага эътибор қаратишга, жамоатчилик вакиллари ҳамда халқаро ҳамжамиятни ушбу ноёб санъат масканини сақлаб қолишда ёрдам сўради.
Қуйида ушбу мурожаатноманинг тўлиқ таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
“Илҳом” театри ёпилиш хавфи остида
Биз доим кун келиб бу сўзларни айтишга мажбур бўлишдан қўрқардик, бироқ, бугун чидаб бўлмас оғриқлар билан буни айтишга мажбурмиз.
2020 йил 7 февраль куни театримиз маъмурияти “Шодлик” меҳмонхонаси жойлашган бинонинг янги мулкдори бўлмиш “OFELOS PLAZA” МЧЖдан театр эгаллаб турган бинони бўшатиши ҳақида огоҳлантириш хатини олди.
Театр асосчиси Марк Вайлга 1976 йилда давлат томонидан ажратилган ҳудуднинг йўқотилиши “Илҳом” театрига чиқарилган ўлим ҳукмини англатади.
Бу жой бизга тегишли бўлмагани сабабли, ҳуқуқий жиҳатдан олиб қаралганда, биз бу масалада кучсизмиз. Бу бино 1994 йилда хусусийлаштирилгандан кейин, театримиз ундан бепул фойдаланиб келмоқда. Келгуси 10 йилга автоматик равишда узайтириш имконияти билан бинонинг аввалги мулкдори “Шодлик” ОАЖ билан 2023 йилгача ижара шартномаси имзоланган эди.
Марк Вайлнинг “Илҳом” театри бу тижорат театри эмас. Буни барча томошабинларимиз билишади ва тушунишади. Театримиз фаолияти давлат томонидан молиялаштирилмаган ва ҳозир ҳам шундай. Театрда янги бино харид қилиш ва унда театрни яна аслидек тиклаш учун маблағ ҳам, имконият ҳам йўқ. Театрнинг йўқотилиши айнан “Илҳом” саҳнаси учун яратилган спектаклларнинг бутун репертуари, шу жумладан, Марк Вайлнинг машҳур спекталларининг йўқотилишини англатади.
Бугунги кунда “Илҳом” бутун дунёда танилган замонавий санъат марказидир. Бу нафақат театр аҳлига, балки мусиқачилар, рассомлар, фотосуратчилар, хореографлар, режиссёрларга ҳам ҳаёт бағишлайди, шаҳарнинг маданий муҳитини яратади ва унинг аҳолисига хизмат қилади. Европа ва америкалик талабалар театр санъат студиясига маҳорат дарсларини олиш учун келишади.
Тўғри, бугунги кунда бино хусусий мулкдорларга тегишли. Аммо у жамиятнинг маблағига қурилган ва мазкур жамият томонидан бу бино 1976 йилда “Илҳом” театрига ажратилган. Театр Ўзбекистон тарихидаги мураккаб даврларни бошдан кечирди. 2007 йилда Марк Вайл фожиали вафот этди. Аммо биз ҳар доим келажакка ишонч ва оптимистик руҳда қараб келганмиз.
2017 йилда суд 1994 йилда “Шодлик” меҳмонхонасини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорни бекор қилди. Бино давлат назоратига қайтарилди. Аммо уни навбатдаги мулкдорларга бериш олдидан ҳеч ким ноёб театр тақдири ҳақида ўйламади. Бир неча йил аввал биз қуришни бошлаган янги Ўзбекистонда театр учун жой топилмаётгани биз учун ачинарли ҳолдир.
Биз шаҳар аҳолиси ва ҳукуматга қуйидаги савол билан мурожаат қилмоқчимиз: Тошкент маънавий ва маданий жиҳатдан шу қадар бойми, у ўзининг энг яхши театрларидан бирини йўқотишга тайёр бўлса? Янги меҳмонхона мажмуаси ёки бизнес маркази бундай қурбонликка арзийдими? Ўйлаймизки – йўқ . “Илҳом” шаҳримизга керак.
Биз Ўзбекистон ҳукуматини бизга эътибор қаратишга ва театрни сақлаб қолишга чақирамиз. Барча томошабинларимиз, ҳамкасбларимиз, дўстларимиз, журналистлар, дипломатлар ва халқаро ҳамжамиятни ушбу ноёб ва ўзига хос масканни сақлаб қолишда ёрдам сўраймиз.
Илҳом театрининг тақдирини ҳал қилиш ва у Тошкентга керакми деган саволга жавоб бериш вақти келди.
12 февраль, чоршанба куни соат 15:00 да театр биносида матбуот анжумани бўлиб ўтади, унда сиз ўзингизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишингиз ва театрнинг келгусидаги режалари билан танишишингиз мумкин. Анжуманга барча ОАВ вакиллари, блоггерлар ва кенг жамоатчилик таклиф қилинади.
Театрнинг бирон бир спектакли бекор қилинмайди, 15 ва 16 февраль кунлари “Эртага” (“Завтра”) спектаклининг премьерасини томошабинларга тақдим этамиз. Бу театримизнинг сўнгги премьераси бўлиб қолмайди, деган умиддамиз.
Таклиф ва саволлар билан “Илҳом” театри директорининг ўринбосари Ирина Бхаратга +998 93 557 24 71 телефон рақами бўйича мурожаат қилишингиз ёки [email protected] электрон почта манзилига ёзишингиз мумкин.