“Is there a Distinctive Central Aisan Type of Islamic Art”, Johannes Kalter in Heirs to the Silk Road Uzbekistan, edited by Johannes Kalter and Margareta Pavaloi, Thames & Hudson 1997
Қисқартирилган таржима
Йоханнес Кальтер – немис санъатшуноси, Штутгарт шаҳридаги Европанинг энг йирик этнография музейларидан бўлмиш Линден номидаги музейда ишлаб, унинг Мусулмон Шарқи бўлимини бошқарган, у ерда хаттотлик ва сопол буюмлар, шунингдек, меъморчилик обидалари парчалари ҳамда маъдандан ясалган оддий яратиқларнинг (масалан, қурол ва безаклар) ноёб жамланмаси сақланади. Музейнинг ушбу бўлимида Марказий Осиё бўйича ҳам ажойиб жамланма мавжуд (Ўзбекистон кўргазмаси, 1995 йил). Сибирь халқларига оид коллекция ҳам ўша бўлимда сақланади. Турли халқларнинг санъат ва ҳунармандчилигига бағишланган туркум китоблар муаллифи: Arts and Crafts of Turkestan, 1984, The Arts and Crafts of the Swat Valley: Living Traditions in the Hindu Kush, 1991 ва ҳк.
Марказий Осиёнинг ислом санъатидаги алоҳида услуби ҳақида гапириш мумкинми?
Ушбу саволга меъморчилик нуқтаи назаридан аниқ қилиб, “ҳа” деб жавоб бериш мумкин. Милодий 900 йилга тааллуқли Исмоил Сомоний мақбараси ислом услубига хос мавжуд мақбаралар орасида энг кўҳнаси ҳисобланади. Ушбу бинода, айниқса, Покистондаги мақбара меъморчилигига алоҳида таъсир кўрсатган услубнинг ривожланиш ибтидоси ўз аксини топган. Темурийлар даврига меъморчиликнинг алоҳида услуби хосдир. Бундай меъморчиликнинг энг буюк намуналари Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида қад ростлаган.
Ҳатто XIX асрда ҳам саройлар, масжидлар ва мадрасаларга Темурийлар даври нақшлари туширилган ҳамда улар ислом дунёси учун ноёб бўлган Шарқий Туркистон билан Кавказ гиламлари тарихини акс эттирувчи кошинлар билан безатилган. Марказий Осиё минтақаси китоб миниатюраси санъатида ҳам Ҳиротдаги Темурийлар рассомлик мактаби ёхуд Бухородаги Шайбонийлар миниатюра мактаби билан ажралиб турган.
Ушбу мақолада мен кичик санъат намуналаридаги Марказий Осиё услубини қандай ўрганганимни баён қилмоқчиман. Ушбу вазифа, бир қарашда туюлганидай, осон эмас. Гап шундаки, ислом санъатини тадқиқ қилаётган тарихчиларнинг аксарияти Марказий Осиёни Эронни шарқий қаноти деб билади; бошқа тарафдан, давлат ва шахсий коллекцияларимиздаги буюмларнинг кўпчилиги археология қазишмаларидан олинмай, санъат кимошди савдосидан сотиб олинган. Менинг асосий мақсадим айрим устхатлар, эпиграфика – кўҳна ёзув мотивлари, Хитой ёки Ҳиндистондан келиб чиққан ва “хонакилаштирилган” айрим нақшларга асосланган ҳолда Марказий Осиё услубининг ўзига хос жиҳатларини аниқлашдан иборат. Бу Марказий Осиё учун ноёб бўлган нақшлар ва мотивларнинг муайян репертуарини аниқлаш имконини беради.
1992 йили ташкил этилган “Самарқанднинг сирли ерлари” кўргазмаси каталогида сопол буюмларнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш улкан олға силжиш бўлган эди. 873 – 999 йилларда ишлаб чиқарилган ва Сомонийлар даврига тегишли сопол буюмлар илгари мавҳум тарзда тамсил қилинган эди. Нишопур билан Афросиёб (кўҳна Самарқанд) Сомонийлар давлатининг иккита сопол буюмлар ишлаб чиқарувчи маркази бўлган. Афросиёбнинг сирланган сопол буюмлари Нишопурникидан фарқли ўлароқ, нақшлар билан кўпроқ безатилган. Уларда оқ ранг устида қизил, марганец-малла, яшил ёки зайтунрангдан, тўйиқ малла ёки қора ранг устида оқ ёки оч яшил рангдан фойдаланилган. Жомларнинг ички ёки ташқи ҳошиясидаги ёзуви аниқ куфийлик хатида бажарилган, шунингдек, идишлар сиртида миххат мотивлари ёки себарга – учбарг шаклидаги нақшлар бор.
Нишопур сопол буюмларидаги бой эпиграфика билан безатилган жомларда марганец-малла ранг устунлик қилади, Афросиёб буюмларида эса гоҳо марганец-малла ранг қизил ранг билан алмашиб туради. Афросиёб сопол буюмларининг бошқа асосий фарқи – қизил рангнинг сероблигидир. Бизга Афросиёбнинг IX – X асрларда тайёрланган сирли яшил сопол буюм маълум, унинг асосий ўзига хос жиҳатларидан бири – гардишининг кенглиги ва четлари силлиқланганидир (қуйидаги суратга қаранг).
Марказий Осиёнинг яна бир ўзига хосликларидан бири ўсимликларга ўхшатиб нақш солинган юмалоқ медальонлардир, масалан, Самарқанднинг рельефли тахтачаси шакли юнонлар хочини эсга солади (Хоч Марказий Осиё контекстида ва дастлабки турк космологияси контекстида тўртта унсур: олов, сув, ер ва ҳавони тамсил қилса ажаб эмас). Жом ички тарафини безатувчи товуснинг услубга солинган тасвири Афросиёб билан Нишопур сопол буюмларини бир-биридан фарқлаш мушкул эканини кўрсатади. Шунга қарамасдан, дизайннинг монументаллиги, зайтун-яшил рангга ўтувчи сариқ ранг, ҳошияловчи фон ранги олдинги эгасидан олинган маълумот билан бирга ушбу буюм XI асрда Самарқандда тайёрланган деб тахмин қилишга асос беради.
Маъдандан тайёрланган буюмлардаги Марказий Осиё услуби Темурийлар давридан бошлаб урф бўла бошлади. Энг машҳур намуна устига қалай қоплангани излари бор, ташқи жияги нақшлар билан тўлиқ безатилган мис идишдир. Нақшлар учта горизонтал – ётиқ тасмага бўлинган. Юқори тасмада япроқлардан иборат чексиз тугунлар бор, улар Будда иконографиясидан олинган ва омаднинг Марказий Осиёда жуда кўп учрайдиган рамзидир. Иккинчи тасвирлар тасмаси машҳур насх хатида битилган эпиграфик жиякни ўзи ичига олади. Унинг четларида юзлар, илон бошлари ва қушлар акс этган. Учинчи тасма улар орасида энг кенгидир, унда ўйиб ишланган ўсимлик суратлари ва юмалоқ медальонлар бўлиб, ичида уд созини чалувчи, чилим чекувчи ва сув қуяётган кимдир (балки ўн икки буржнинг бири Далв?) акс этган.
Нақшларда одам ва жониворларнинг боши кийдирилган тугунлар ва алоҳида ҳарфлар бор. Безалган идиш туби марказида шер расми бор, у Темурийларнинг бир-бирига аймашган тасмаси ичида хаттотлик услубида чизилган. Ушбу жом 1500 йилда Бухорода ясалган бўлса ажаб эмас, мен бунга ўхшаш тарзда ясалган бошқа маъдан идишни эслай олмайман.
Яна бир маъданли артефакт Марказий Осиёга тегишли бўлиб, Бухорода ясалгани аниқ. Шарбат ичишга мўлжалланган, қалай билан қопланган ва жияги кенг мис идиш (қуйидаги расмга қаранг). Тепа қисмидаги четида насх хатидаги ёзув бор. Асосий нақш майдонида услубга солинган амфоралар бўлиб, улар медальонлар билан ўрин алмашади ҳамда балиқ ва юнон хочларини ҳошиялайди. Балиқлар тасвири ва насх хати жом Марказий Осиёда ясалганини исботлаб турибди.
Қалай билан қопланган жомнинг айрим безак унсурлари олдинроқ қайд этилган мисдан ясалган ясалган силлиқ идишда ҳам мавжуд. Унинг юқори четида ичида кийик ва қушлар бўлган юмалоқ ва чўзинчоқ медальонлар жойлашган. Медальон ичидаги квадратда жойлашган себарга шаклидаги нақш ҳам, шунингдек, очилиб турувчи саноқсиз безаклар ҳам у Марказий Осиёда тайёрланганидан далолат бериб турибди.
Хивада ясалган ва XVIII асрга тегишли обдаста нақшлари ҳам Марказий Осиёнинг маъдан буюмлар учун охирги классик унсурларидан таркиб топган (қуйидаги расмга қаранг). Ўткир учли медальон қўш япроқлардан иборат гўзал гул маржон билан ҳошияланган. Бундай медальон Темурийлар даврида ясалган маъданли идишлар сабаб машҳур бўлиб кетган эди. Унинг марказида тўртта нилуфар гулидан иборат ромбсимон шакл бор.
Марказий Осиё учун кўпроқ хос бўлган кичик санъат намуналарини қидириб юрганимда, мен учун энг ҳайратланарли кашфиёт – топилдиқ дарвишларнинг садақага мўлжалланган качкули бўлди (қуйидаги суратга қаранг). Сиртдан қараганда, ушбу маъдан идишнинг бирор эътиборга лойиқ жойи ҳам, бошқа ўнлаб маъданли идишлардан фарқи ҳам йўқ эди. Лекин унинг безаги эътиборимни тортди. Илк ажралиб турадиган жиҳати идишнинг юқори жиягидаги кутилмаган тарздаги ҳаракатчан ва нафис нақш, яна одатдагиларига ўхшамаган ўта кенг ёзувли жияги бўлди. Юзасининг асосий қисми ток новдаси ва ўзаро курашаётган ҳайвонларнинг мавҳум саҳналари тасвири билан қопланган. Улар Темурийлар даври миниатюраларини эсга солади. Идишнинг юмалоқ қилиб ишланган олд тарафида шер тоғ такасини ўлдираётгани, кийикнинг эса чап тарафга қочиб кетаётгани тасвирланган; айни чоқда идишнинг орқа тарафида эса шернинг кийикни ўлдираётгани, тоғ такасининг эса чап томонга қочиб кетаётгани акс этган. Унинг Марказий Осиёда ишлангани исботи себаргали тасма ва қуйи қисмида нақшлар билдан ҳошияланганидир.
Темурийлар даврининг бизга маълум заргарлик тақинчоқлари, асосан, Эронда тайёрланган ва олтиндан ишланган. Қуйидаги Ҳиротда тайёрланган кумуш гардиш Марказий Осиёда тайёрланган. Тўрт томони себарга билан безалган геометрик шакл ичидаги кичик гуллар ҳам шундан далолат беради (қуйидаги расмга қаранг). Кичик гуллар билан себаргалар гардиш юзасини тўрт қисмга бўлади. Унинг юқори қисмида иккита қуён, ост қисмида эса иккита шер тасвирланган.
Камида XVIII асрдан бошлаб ислом санъатидаги Марказий Осиёга хос бўлган услуб шубҳа уйғота бошлайди. Бундан йигирма йил олдин ноёб этнография коллекцияларида деворлар учун кенг гулдор матолар ва сўзана, шунингдек, икат – тўқимачилик маҳсулотларидан (атлас, адрас ва ҳк.) тикилган уст кийим ва умуман олганда икат тўқимачилиги маҳсулотларини кўриш мумкин эди. Вақт ўтгач, тўқимачилик артефактлари Лондон, Париж ва Нью-Йоркдаги бообрў каталоглар ва ким ошди савдоларида “Ислом санъати” номи билан пайдо бўла бошлади. Сўзана фақат замонавий Ўзбекистон ва Афғонистон шимолида тикилган, уларни ислом дунёсининг бошқа минтақаларидаги кашта билан адаштириб бўлмайди. Ҳатто турли-туман тўқимачилик маҳсулотлари орасида сўзанани кўзни юмган ҳолда ҳам топиб олиш мумкин. Марказий Осиёда тайёрланадиган икат ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Марказий Осиёнинг қуёш, ҳаёт дарахти, анор ва туморлар расми солинган ёрқин рангли ва алоҳида безаклари бор абрли (форсча “абр” – булут” сўзидан) газламаларини дунёнинг бошқа мамлакатларида ишлаб чиқариладиган икат билан адаштириш мумкин эмас.
XVII асрдан бошлаб Марказий Осиёнинг маъдан буюмлари ҳам нақшлар нуқтаи назаридан алоҳида услубга эга бўла борди. Шу тариқа Марказий Осиёда ислом санъатида ва ҳунармандчилик буюмларида ўзига хос услуб шакллланди, дея хулоса қилиш мумкин.
Яна бир нарсани қўшимча қилиш жоизки, Марказий Осиё услуби Сомонийлар давридаёқ – гарчи аниқ-тиниқ бўлмаса-да – юзага кела бошлаган эди. Айни услуб Темурийлар даври сўнггигача ривожланиб борди ва ниҳоят Шайбонийлар даврида тўлиқ шаклланди. Тарих нуқтаи назаридан буни шундай тушунтириш мумкин: Марказий Осиё Темурийлар даврида мусулмон мамлакатлари, шунингдек, Хитой ва Ҳиндистон билан савдо йўллари орқали боғланган эди; иккала империя ҳам минтақага жиддий таъсир кўрсатган. XVI аср бошида ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди Бухоро ва Хива хонликлари, кейинчалик Қўқон хонлиги ўртасида бўлиниб кетди. Ҳар бир хонликнинг маҳаллий маданияти бўлган. Маҳаллий санъат ва ҳунармандчилик турлари ислом дунёсидан узилиб қолган, нақшлар тўплами Темурийлар давридан бери сақланиб қолган унсурлар билан чекланган эди. Бошқа тарафдан маҳаллий анъаналар ҳам ривожланишда давом этди. Ҳаммаси бирга ўзига хос услубга эга бўлган маданий ареални ташкил этди ва унда нақшнинг маҳаллий турлари Сафавийларнинг сўнгги ва Қожорлар сулоласи давридаги Эрон санъатидан ҳам, Мўғуллар – Бобурийлар давридаги Ҳиндистон санъатидан ҳам очиқчасига ажралиб турар эди.
Барча суратлар китобдан олинган