Муаллиф: Сергей Абашин – тарих фанлари доктори, этнолог ва антрополог, Санкт-Петербургдаги Европа университетининг антропология факультети профессори, Ўрта Осиё тарихи бўйича бир неча китоб ва ўнлаб илмий монография ва мақолалар муаллифи.
1.
«Босмачилик» (7-қайдга қаранг) деб аталувчи мавзу Ўрта Осиёнинг янги тарихини ўрганиш ва идрок қилиш нуқтаи назаридан энг мураккаб мавзулардан биридир. Унинг муаммолиги ўта мафкуралаштирилгани ва мифлаштирилгани билан боғлиқдир.
Шўролар даврида ушбу советларга қарши қўзғолончилик ҳаракати расмий ҳужжатларда ва илмий ишларда, китобларда ва кинофильмларда фақат реакцион ва ҳатто босқинчилар тўдаси сифатида тавсифланди ва тасвирланди. СССР таназзулга юз тутгандан сўнг Россияда инқилобдан сўнгги фуқаролар уруши ва Оқ армияга вазмин муносабат шаклланганига қарамай, «босмачилик»ка нисбатан ушбу ёрлиқ сақланиб қолгани етмагандай, унга «русларга қарши», «Россияга қарши» ва «исломий» деган ёрлиқлар қўшилди.
Ўрта Осиё давлатлари қисман ўзлаштириб олган советшунослик анъанасида ушбу ҳаракат кўпинча миллий озодлик ҳаракати деб тавсифланди, тавсифланмоқда, аммо шуни ҳам қайд этиш лозимки, замонавий сиёсатчилар ва тарихчилар ушбу мавзуга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда ва “босмачилик”ни фақат мақташдан қочмоқда.
Баҳолардаги бундай тафовут – бунга ўша воқеаларнинг кўп сонли қурбонларига тегишли ҳиссий ҳолат ҳам қўшилса – айни мавзуни осойишта тадқиқ ва муҳокама этишга тўсқинлик қилади, энг яхши ҳолатда аҳолининг турли гуруҳлари ва мамлакатлар ўртасида можаро келтириб чиқармаслик учун жим туришга, энг ёмон ҳолатда эса ўзаро айбловларга сабаб бўладиган қизғин ва кераксиз мунозараларни қўзғатиб юборади. Эртами-кечми, ушбу муаммони “қўйиб юбориш”, долзарб ва сиёсийлашган оғриқ ва хотира ҳолатидан узоқ ўтмишга ўша кескин бурилиш даври фожиаларини эътироф этарак, бетараф қизиқиш ҳолатига ўтиш учун тушунмовчилик ва қарама-қаршилик доирасидан чиқишга тўғри келади. Фикри ожизимча, ҳолатларнинг бундай алмашувига эришиш мумкин. Бунинг учун юз йил олдинги тарихни, жумладан, “босмачилик”ни кўплаб алоҳида воқеалардан, одамлардан, уларнинг турли иштиёқларидан таркиб топган, мураккаб динамикали, маҳаллий хусусиятга эга, шунингдек, Россия империясининг емирилиш контекстидаги кўп қиррали ва кўп қатламли тарзда кўришга ҳаракат қилишимиз керак.
2.
Зикр этилган мураккабликни кўриш учун биз Ўрта Осиёдаги шўроларга қаршилик ҳаракатига бир хил мақсадларнинг доимий йиғиндиси мавжуд бўлган бир хил ҳаракат деб қарашни бас қилишимиз лозим.
Воқеаларнинг ўз мантиғига эга бўлган турли, жумладан, минтақадаги вазиятлари кўп бўлган. Фарғона водийсидаги қаршилик ҳаракати, асосан, жамиятдаги камчиликни ташкил этувчи мустамлакачилар қўлида бўлган минтақанинг ҳарбий маъмурияти билан Туркистон ўлкаси ва Туркистон Республикаси бошқарувидан узоқ вақт маҳрум бўлган маҳаллий мусулмон зодагонлари ва аҳолиси ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб юзага келган эди. Ушбу қаршилик ҳаракатининг сиёсий шиори Россия Федератив Республикаси таркибида минтақанинг мухторияти мақомини ошириш, жумладан, унинг маданий, тил ва диний ўзига хослигини сақлаб қолиш ҳамда аҳолининг барча гуруҳлари ўртасидаги ҳокимиятни мутаносиб равишда тақсимлаш бўлган.
Исёнчилар етакчилари кейинчалик, ҳарбий қарама-қаршилик авж олгандан сўнг Туркистоннинг тўлиқ мустақиллик ғоясини илгари сура бошлади. Бухородаги қаршилик ҳаракатининг сабаби бутунлай бошқа, яъни большевиклар қоғозда бўлса ҳам, мустақил мамлакат – Бухоро Амирлигига кам сонли тараққийпарвар бухороликларга ёрдам қилиш, қонуний ҳокимиятни ағдариб ташлаш ва давлатни тез орада советлаштириш баҳонаси билан ҳарбий босқин уюштиргани бўлди. Бундай вазиятда шўроларга қарши қўзғолон амирлик мустақиллигини тиклаш, диний ёки миллий шаклдаги ўз ислоҳот йўли ва тузумини танлаш ҳуқуқини талаб қилаётган эди – бу ички мунозаралар мавзусига ҳам айланган эди. Кейинчалик инсургентлар – қуролли қўзғолон иштирокчиларининг маълум қисмида пантуркизм бирдамлигига таянган янги давлат барпо қилиш ғояси пайдо бўлди, лекин етакчи ғояга айлана билмади. Хива хонлигида эса ушбу қаршилик ҳаракати дастлаб аҳолининг турли гуруҳлари ва зодагонларнинг ҳокимият учун ўзаро курашидан ўсиб чиқди, сўнгра Оқ гвардия мухолифати таъсирида большевиклар билан курашга айланиб кетди. Айни ҳолатда сиёсий жиҳатдан идрок этилган дастур деярли йўқ эди, деса ҳам бўлади.
Бошқача айтганда, шўроларга нисбатан қаршилик ҳаракати минтақавий ўзига хосликларнинг шундай энг умумий ва схематик манзарасида ҳам фақат «босмачилик»ни эмас, келиб чиқиши, таркиби, динамикаси ва мақсадлари турлича бўлган ҳар хил минтақавий оқимлар ёки талқинларни кўрамиз.
3.
Қаршилик ҳаракати мана шу турли талқинларининг солномаси ҳам бир-биридан фарқ қилади.
Хивадаги ҳаракат туркманлар йўлбошчиси Жунайдхоннинг (Муҳаммад Қурбон) Хива хони билан кураши қизиб кетган ХХ асрнинг инқилоболди 10-йилларига бориб тақалади. Ушбу ҳаракат унинг 1917 – 1918 йилларда ҳокимият тепасига келиши, аксилшўро ҳаракатлари билан муносабат ўрнатиши, Қизил армиядан енгилиши, дастлаб Туркманистон Республикасининг бориш қийин бўлган чўл ҳудудида, кейинчалик 1920 – 1930 йиллар давомида Афғонистондан туриб, ҳарбий амалиётлар ўтказишга уринишлар каби босқичларни босиб ўтди.
Бухородаги қаршилик ҳаракати кейинроқ – 1920 йилдан, яъни Бухоро амири Олимхон тахтдан четлатилгандан сўнг бошланди. Энг қақшатқич жанглар 1921 – 1922 йилларда собиқ амирликнинг шарқий ҳудудида (ҳозирги Тожикистон жанубида) авж олиб кетди, аммо ҳаракат ҳарбий мағлубиятга учради. Шундан сўнг қўзғолончилар етакчилари – улар орасида Иброҳимбек ажралиб турар эди – Афғонистонга ўтиб кетди ва шўролар ҳудудига босқинлар уюштира бошлади, шу билан бир қаторда, афғонлараро можарога ҳам қўшилиб турди. Ушбу амалларнинг фаол босқичи 1931 йилда шўролар ҳудудига бостириб кирган Иброҳимбек қўлга олиниб, отиб ташлангач, ниҳоясига етди.
Ниҳоят, Фарғона водийсидаги исёнчилик ҳаракати 1916 йилдаги мустамлакачиларга қарши қўзғолон вақтида вужудга келди. Дастлаб ҳар хил ва маҳаллий кўринишда бўлган ҳаракат аста-секин сиёсий жиҳатдан шакллана борди ва 1919 йили Мадаминбек (Муҳаммад Амин) бошчилигида нисбий бирдамликка эришди, аммо у большевиклар билан битим тузиб, сирли ўлим топгач, яна таназзулга юз тута бошлади, 1920 – 1923 йилларда кўп ҳарбий қурбонлар бериб, барҳам топди. Фарғонанинг катта таъсир кучига эга сўнгги қўрбошиси Кўр Шермат (Шермуҳаммад) Шарқий Бухорога, сўнгра Афғонистонга ўтиб кетди, унинг ўша ёқдан кўп йиллар – ХХ асрнинг 40-йилларига қадар Ўрта Осиёдаги қаршилик ҳаракатининг махфий тармоғини бордай қилиб кўрсатишга уринишлари бесамар кетди.
Албатта, ушбу ўта умумий тарзда чизилган минтақавий траекториялар ўзаро кесишган ҳамда қисман ички ва ташқи алоқалар ва мувофиқлаштиришга уринишлар натижасида синхронлашган ҳам эди. Бу алоҳида таҳлилни талаб этади, аммо шунга қарамай, уларнинг ҳар бирида муваққат изчиллик, бинобарин, ривожланиш мантиғини кўрмаслик мумкин эмас.
4.
Гарчи мен олдинги қайдимда Ўрта Осиёдаги шўроларга нисбатан қаршилик ҳаракати тарихидаги асосий номларни келтирган бўлсам-да, унда қатнашган кишилар сони ва таркиби анча кўп ва ранг-баранг эканини ҳам айтиб қўйишим лозим.
Ҳар бир минтақада бир неча ўнлаб қўзғолончилар отрядлари бўлган, уларнинг етакчилари мансаблари катта-кичиклиги нуқтаи назаридан қандайдир ўзаро муносабатда бўлган бўлиши мумкин, бироқ аксарият ҳолларда маҳаллий вазиятдан келиб чиқиб, мустақил тарзда иш кўргани аниқ.
Кўплаб қўрбошилар бир-бири билан рақобат қилган, ҳокимият учун бундай кураш кўпинча шўролар ҳокимиятига қарши умумий курашдан ҳам қақшатқичроқ бўлган.
Доимий тарзда ушбу отрядларни ягона бошқарув остида бирлаштиришга уринишлар бўлиб турган. Бу иш Хоразмда (Хива хонлигида) Жунайдхон қаршилик ҳаракатининг асосий раҳбари бўлган кезлар узоқ вақт у ёки бу тарзда муваффақиятли амалга оширилган. Фарғона водийсида марказлаштиришга уринишлар қисқа вақт Мадаминбек юқори лавозимни эгаллашига сабаб бўлди, у Фарғона муваққат ҳукуматини тузиб, унга раҳбарликни зиммасига олди. Қўрбоши, умуман олганда, турли кучлар билан иттифоқ тузишга ва ҳатто большевиклар билан музокара қилиш учун ҳам очиқ бўлган, бироқ инсургентларнинг ҳаммаси ҳам унга эргашишга тайёр эмас эди. Собиқ сафдошлари қўлида ҳалок бўлгани гумон қилинган Мадаминбекдан сўнг зикр этилган Кўр Шермат шундай йўл тутишга уринди, аммо у большевикларга нисбатан ўта муросасиз эди, аммо Афғонистонда яшаб турганининг сўнггги йилларида шўролар махсус хизматлари билан мулоқот қилган, деган шубҳа ҳам бор. Шарқий Бухорода эса номи зикр этилган Иброҳимбек қўзғолончилик ҳаракатида етакчиликка даъво қилаётган бошқа етакчи, турк сиёсатчиси, Усмонлилар империясидаги «Ёш турклар» ҳаракати вакили Анвар пошо билан очиқ зиддиятга киришган. У маҳаллий доҳийларнинг консерватив қарашларидан фарқли ўлароқ, Ўрта Осиёнинг сиёсий келажагига оид ўз дастурини таклиф қилаётган эди.
Қаршилик ҳаракатининг чўққисида консерватив ва ислоҳотчи ислом, миллий социализм ва оддий миллатчилик, республикачилик ва монархизм сингари турли мафкуралар рақобат қилган бўлса, нисбатан қуйи даражаларда маҳаллий манфаатлар ва иддаолар, у ёки бу ресурс учун кураш, ўч олиш ёки гуруҳ бўлиб содиқ бўлишнинг қандайдир тасодифий ҳолатлари юзага чиқа бошлади. Босмачилик деб аталувчи ҳаракатда, бошқача қилиб айтганда, турлича қараш ва иштиёққа эга бўлган кишилар иштирок этган ва уларга бир-бирига мутлақо зид бўлган «миллий озодлик» ёки дейлик, жиҳод сингари бирорта мафкура ёрлиғини ёпиштириб бўлмайди. Бинобарин, барча даражаларда, барча минтақаларда ва турли босқичларда оддий тарафдорларни шўроларга мухолиф бўлган отрядларга сафарбар қилишда жуда кўплаб шиорлар ва ваъдалардан фойдаланилган, бунга яна улкан ижтимоий мавҳумлик, оммавий очарчилик ва маҳрумликлар, большевиклар ва иттифоқчиларининг муваффақиятсиз, хато ва ҳатто жиноий қарорлари билан боғлиқ тарзда маҳаллий жамоатларда вужудга келган норозиликлар ва кутилмалар йиғиндиси ҳам сабаб бўлган. Большевикларнинг ўзи айни ҳолатни яхши англар эди.
Ушбу факт қаршилик ҳаракатини, дейлик, руслар билан мусулмонларнинг қарама-қаршилиги деган бир схемага солувчи соддалаштирилган талқинни эмас, бутун зиддиятлари чигалликларини ёзиш ва таҳлил этишни талаб қилади.
5.
Ўрта Осиёдаги шўроларга қаршилик ҳаракатини ўрганишнинг асосий масаласи ўша йилларда рўй берган воқеаларда бир-бирига қарши турган томонларни ўзаро ажратиб турувчи кескин мафкура чизиқларини ўртадан олиб ташлашдан иборатдир. Биз мусулмон қўзғолончилар етакчилари большевикларга қарши бошқа кучлар, жумладан, мустамлакачилардан иборат бўлган ва сафларига Чор Россияси зобитлари, амалдорлари ва мутахассисларини оммавий тарзда жалб қилган Фарғона Деҳқонлар армияси билан жон-жон деб ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузганини эсга олишимиз керак. Совет ҳокимиятига қарши бўлган маҳаллий кишилар ўз ресурслари ва фаолияти қонунийлигини баҳам кўриши мумкин бўлган адмирал Колчак ҳукумати ва большевикларга қарши бўлган бошқа мухолиф кучлар билан иттифоқчилик муносабатлари тузишни истисно қилмаган.
Яна бир нарсани эсга олишимиз керакки, қаршилик ҳаракатининг кўплаб етакчилари большевиклар билан нафақат таслим бўлиш, ҳаттоки Қизил армия сафларига кириш ҳамда шўролар режими ичида ўзининг қандайдир ташкилий ва ва сиёсий автономияси – мухториятини сақлаб қолиш хусусида музокаралар олиб борган. Бундай келишувларнинг энг машҳури Фарғона ҳукумати бошлиғи Мадаминбек билан Туркистон фронти раҳбарияти ўртасида 1920 йилда тузилган, аммо жуда кам вақт амал қилинган шартнома бўлган эди. Яна бир ёрқин воқеа большевикларнинг 1920 – 1921 йилларда Анвар пошо билан фаол ҳамкорлик қилгани, уларнинг бир-биридан ўз манфаати йўлида фойдаланишга уринишлари бўлган эди. Айни ҳолатлар чегараларнинг бўлиниши, қарама-қаршилик ва Анвар пошонинг 1922 йилда Шарқий Бухорода ҳалок бўлиши билан ниҳоясига етди.
Ниҳоят, биз маҳаллий фаоллар ва аҳолининг анча-мунча қисми янги ҳокимиятни ўша вақтнинг ўзидаёқ тан олгани, большевиклар билан фаол ҳамкорлик қилгани, шўролар милицияси ва Қизил армия сафларини тўлдиргани, совет бошқарув муаасасаларига ишга киргани ва уларда етакчи лавозимларни эгаллаганини тан олишимиз керак. Ушбу шўролар режими ичидаги совет мусулмонлари маҳаллий мусулмон аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилишга интилган, қўзғолончилар билан муроса йўлини таклиф этган эди, улар билан махфий мулоқот қилиб тургани ҳам эҳтимолдан холи эмас.
6.
Ўрта Осиёдаги советларга қарши қўзғолончилик ҳаракатини ўрганаётганда, уни алоҳида ҳодиса сифатида ажратиб олиб кўриб чиқиш эмас, ўша даврда рўй берган воқеаларнинг умумий контекстини тушуниб олиш зарур.
Ўрта Осиё жамиятининг турли бўлаклари ўртасидаги можаролар бўш жойда эмас, Россия империяси ҳудудида ташқи аралашув аломатлари бор, кенг қамровли фуқаролар уруши шароитида ривожланган эди. “Босмачилик” сифатида машҳур бўлган қаршилик ҳаракати билан бир қаторда яна кўплаб шўроларга қарши ҳаракатлар, масалан, совет режимининг ичида ҳам рўй бераётган эди. Бунга 1919 йилда Тошкентда рўй берган Осипов исёни ёки 1920 йилдаги Верний гарнизонидаги исён сингари қақшатқич курашни мисол қилиб келтириш мумкин. Кавказ минтақасида мустамлакачилар ва туркманлардан иборат советларга қарши ҳукумат ташкил топган ва инглизларнинг, кейинчалик Деникиннинг ҳарбий кўмагига таянган эди. Еттисув минтақасида Совет ҳокимиятига қарши Дутов, сўнгра Анненков отрядлари ҳаракат қилган, улар ўз томонига маҳаллий мусулмонларни ҳам оғдириб олишга интилган эди. 1918 – 1919 йилларда Колчак тарафида уришган, сўнгра большевиклар тарафига ўтган бошқирд ва қозоқларнинг автоном ҳаракатлари (Алаш-ўрда) Ўрта Осиёдаги қаршилик ҳаракати траекторияси бўйлаб ривожланди. Большевикларга қарши исёнчилар ҳаракатининг ташкил топиш жараёнларини Доғистонда ҳам ўта чалкаш мафкуравий, диний ва сиёсий лойиҳалари ҳамда минтақавий уруғ-аймоқчилик зиддиятлари, доимий тарзда бир лагердан бошқасига ўтиб юрувчиларнинг турли коалициялари, ўша вақтдаги кучлироқ томонга қўшилиш пайида бўлганлар мисолида кўриш мумкин эди. Ўша вақтда Украинада ҳам вазият шунга ўхшаш эди, у ерда Қизил ва оқ армия билан бирга Ўрта Осиёдаги қўрбошиларни эслатувчи катта ва кичик отрядлари бор кўп сонли “яшил” атаманлар ҳам уришаётган эди.
Россия империясининг тангаззулга юз тутаётганини бошидан кечираётган ушбу ва бошқа минтақалар билан Ўрта Осиё ўртасидаги параллел ва кесишувчи ҳолатлар шунчалик кўпки, ушбу ҳодисанинг янада умумийроқ тенденциялари – тамойиллари ва қонуниятларини муҳокама қилиш зарурати туғилади, унда босмачилик деб аталувчи ҳаракат умумий манзаранинг кичик бир бўлагини ташкил этади, холос.
7.
Юқорида зикр этилган фикрларнинг барчаси мени яна битта – сўнгги қайдни ёзишга ундамоқда. У “босмачи” ёки “босмачилик” атамасига тегишли.
Бу атамалар Туркистон ўлкасида шўроларга қарши ҳаракат юзага келишидан анча олдин юзага келган ва оддий босқинчилар тўдасини англатар эди. Совет ҳокимияти ушбу атамани ўша салбий маъноси билан ўз рақибларига қарши ишлатадиган бўлди. Ҳатто инсургентлар ўртасида чин маънодаги босқинчилар бўлса ҳам – улар ҳатто большевиклар орасида ҳам бор эди – барча қаршилик ҳаракатини академик – илмий нуқтаи назардан тавсифлаш учун бундай таъриф ноаниқ, архаик ва аввалбошдан бирёқлама бўлиб келган. Юқорида қайд этганимдай, бу давр мураккабликлари ва мантиғини илғаб олишга халақит беради.
Ушбу салбий атамаларни кенг кўламда ва ўзига маъқул кўрган тарзда қўллашдан воз кечиш, уларни “исёнчилар”, “қаршилик ҳаракати иштирокчилари”, “инсургентлар” сингари нисбатан бетараф сўзлар ва иборалар билан алмаштириш вақти етди. Айни чоқда “босмачилик” атамаси аллақачон илмий адабиётга ва жамоатчилик онгига кириб боргани ва ўзига хос брендга айланганини ҳисобга олиб, мен уни қўштирноқ ичида ёки “…деб аталувчи” деган аниқлаштирувчи сўзлар билан қўллаш лозим, деб ҳисоблайман.