“Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси” лойиҳасида мамлакат Инсон камолоти (тараққиёти) индекси рейтингини 105-ўриндан (2018 йилги ҳисобот бўйича) 40-ўринга кўтариш прогноз қилинмоқда. БМТ Тараққиёт дастурининг 2019 йил декабрь ойида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон ушбу индекс рейтингида 108-ўринни эгаллади. Бу дегани, яқин 10 йилда республика мазкур рейтингда 108-ўриндан 40-ўринга, яъни 68 поғонага кўтарилиши керак.
Инсон тараққиёти индекси (ИТИ) нимани англатади ва нима учун бу ижтимоий тенгсизликни бартараф этишда муҳим кўрсаткич ҳисобланади?
Ушбу рейтингда 40-ўринга кўтарилиш учун қандай натижаларга эришиш ва дунёнинг қайси давлатлари қаторидан ўрин олиш лозим?
Охирги йилларда Ўзбекистон мазкур рейтингда неча поғона кўтарилди, бошқа Марказий Осиё давлатларичи?
Инсон тараққиёти индекси ҳақида
Узоқ вақт давомида дунёда иқтисодий ривожланиш концепцияси якка ҳукмрон бўлиб келган. Қисқача айтганда, ушбу концепциянинг моҳияти ниҳоятда содда ва тушунарли: иқтисодиёт ва меҳнат самарадорлигининг ўсиш суръати юқори бўлган, ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ва аҳоли жон бошига ўртача даромади юқори бўлган мамлакат фаровон ҳисобланади. Бу концепция содда ва тушунарли бўлгани туфайли ҳамон одамлар тафаккурига ўз таъсирини ўтказиб келмоқда. Аммо XXI аср бўсағасида иқтисодий ўсишнинг ўзи асосий мақсад эмаслиги аён бўлиб қолди. Жамиятнинг даромадлари фақат восита холос: улар кам таъминланган аҳоли қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларига ҳам, қуролланишга ҳам, маорифни ривожлантиришга ҳам, шунингдек ҳалқ фаровонлигига таъсир кўрсатмайдиган лойиҳаларни амалга оширишга ҳам сарфланиши мумкин. Шу сабаб, турли мамлакатлардаги турмуш сифати ҳар доим ҳам ўртача даромад даражасига мос келавермайди. Бундан ташқари, мамлакат ЯИМи нотекис тақсимланиши ҳам мумкин. Хуллас, ЯИМ даражаси ҳам, ўсиш суръати ҳам тараққиёт ва муваффақиятнинг асосий мезони бўла олмайди. Буни англаш янгича ёндашувни – Инсон тараққиёти концепциясини шакллантириш имконини берди.
Ушбу концепцияни вужудга келишига ҳинд иқтисодчиси, 1998 йилги Нобель мукофоти лауреати Амартья Кумар Сен ва покистонлик машҳур иқтисодчи Маҳбуб ул-Ҳақ катта ҳисса қўшишди. Бир неча ўн йил давомида Инсон тараққиёти концепцияси нафақат назария, балки жамият ривожланишининг комплекс моделига айланди.
Инсон тараққиёт концепциясига кўра, жамият ривожланиши марказида фақатгина оддий иқтисодий кўрсаткичлар эмас, балки аввало инсон туриши керак. Тараққиётнинг пировард мақсади ва унинг самарасининг бош мезони – одамларнинг имкониятларини кенгайтириш, уларнинг табиий, жамиятда умум эътироф этилган қадриятларга мос келадиган маънавий ва моддий эҳтиёжларини сифатлироқ қондириш, янада юқори турмуш даражасига эришиш демакдир.
Иқтисодий ривожланиш суръатларини таҳлил қилишда статистика кўрсаткичлари холис бўлиб, уларни қиёслаш мумкин. Аммо, “инсон тараққиёти” мувафаққиятини қандай баҳоласа бўлади? Гап шундаки, турли жамиятлар, миллатлар ва халқларнинг дунёқараши, маданияти, қадриятлари турлича бўлса-да, барча жойда “турмушнинг юқорироқ даражаси” деганда умуман қарашлар ўхшаш бўлади. У саломатлик ва узоқ умр кўриш, моддий фаровонлик, таълим даражаси, меҳнатдан маънавий қониқиш, хавфсизлик, маданий хордиқ каби тушунчаларни қамраб олади. Инсон тараққиёти концепциясини дунё миқёсида қўллашнинг бутун даври давомида муайян мамлакатдаги инсон тараққиёти даражасини ифодаловчи ва уларни бошқа давлатлардаги ҳолат билан таққослашга имкон берувчи кўрсаткичлар ишлаб чиқилган. Асосий кўрсаткич сифатида “Инсон тараққиёти индекси” (Human Development Index – HDI) қабул қилинган. У йиғма индекс бўлиб, мамлакат ютуқларининг ўртача даражасини уч йўналиш: саломатлик ва узоқ умр кўриш (умр давомийлиги), таълим сифати ва даражаси (таълим олиш давомийлиги) ҳамда муносиб ва фаровон ҳаёт кечириш даражаси (аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад) бўйича баҳоланади.
Бундан ташқари, муайян мамлакатда инсон тараққиёти даражасини ўлчашда ва давлатлараро таққослашда “Тенгсизликни ҳисобга олган ҳолда инсон тараққиёти индекси” (Inequality-adjusted Human Development Index – IHDI), “Гендер ривожланиши индекси” (Gender Development Index – GDI) ҳамда “Гендер тенгсизлиги индекси” (Gender Inequality Index – GII) каби кўрсаткичлар ҳам қўлланилади.
40-ўринга кўтарилиш учун қандай натижаларга эришиш керак?
БМТ Тараққиёт дастурининг 2019 йил декабрь ойида тақдим этилган ҳисоботига кўра, “Инсон тараққиёти индекси” (Human Development Index) рейтингида қатнашган 189 мамлакат шартли равишда, уларнинг ривожланиш даражасига қараб 4 та гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳ мамлакатлари “Жуда юқори инсон тараққиёти” (Very High Human Development) кўрсаткичига эга давлатлар бўлиб, 62 та мамлакатни ўз ичига қамраб олган. Яъни, бу давлатлар мазкур рейтингда 1 дан 62 гача бўлган ўринни эгаллашган.
Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси лойиҳасида прогноз қилинганидек, 2030 йилга қадар мазкур рейтингда 40-ўринни эгаллаш кўзда тутилган. Бу дегани, инсон тараққиётининг жуда юқори кўрсаткичига эга давлатлар қаторидан ўрин олиш тахмин қилинмоқда. Хўш, бунинг учун қандай натижаларга эришиш ва қайси мамлакатлар қаторидан ўрин олиш керак бўлади? Инсон тараққиёт индекси йиғма кўрсаткич бўлиб, ўзида одамларни яшаш даражасининг учта таркибий қисмини (умр давомийлиги, таълим сифати ва фаровонлик даражаси) ўз ичига қамраб олгани сабабли, айнан қайси кўрсаткич бўйича қандай натижага эришиш кераклигини башорат қилиш қийин. Аммо, мазкур рейтингда 35 дан 45 ўрингача жой олган мамлакатлар эришган натижаларга қараб буни тахмин қилиш мумкин.
Юқорида келтирилган жадвалдаги рақамлардан келиб чиққан ҳолда шуни тахмин қилиш мумкинки, мазкур мақсадга эришиш учун яқин 10 йил ичида Ўзбекистонда ўртача умр давомийлиги камида 3,5 йилга узайиши (71,6 ёшдан 75 ёшгача) ҳамда аҳоли жон бошига ҳисобланган ялпи миллий даромад миқдори ҳам камида 4 баробарга ошиши керак.
Марказий Осиё давлатларининг 2011-2018 йилларда инсон тараққиёти индекси рейтингидаги ўрни
БМТ Тараққиёт дастури доирасида давлатлар бўйича инсон тараққиёти индексини ҳисоблаш ва уларнинг рейтинги 1990 йилдан йўлга қўйилган. Марказий Осий мамлакатларига келсак, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон 1990 йилдан бошлаб ушбу рейтингда “қатнашади”, Ўзбекистон бўйича 2000 йилдан, Туркманистон бўйича эса 2010 йилдан бошлаб маълумотлар мавжуд.
Шунингдек, 2010 йилдан бошлаб БМТ Тараққиёт дастури ҳисоботларида инсон тараққиёти индексини ҳисоблаш методологиясига ҳам бирмунча ўзгаришлар киритилди. Бундан ташқари, 2011 йилдан бери мазкур рейтингда иштирок этиб келаётган мамлакатлар сони ҳам муайян миқдорда бўлиб келмоқда: 186 тадан 189 тагача. Шу боис, айнан 2011-2018 йиллардаги даврда Марказий Осиё давлатларининг ушбу рейтингда жой олган ўринлари қай тарзда ўзгарганини ва мазкур мамлакатларда инсон тараққиёти индекси динамикасини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Юқоридаги иллюстрацияда кўриниб турибдики, инсон тараққиёти индексини ўсиши бўйича 2011-2018 йилларда мазкур минтақанинг барча мамлакатлари муайян ютуқларга эришган. Лекин, ушбу индекснинг минтақа давлатларида ўсиш сурьати хар хил бўлди. Хусусан, мазкур даврда инсон тараққиёти индекси Ўзбекистонда 11 фоиз, Қозоғистонда 9,7 фоиз, Қирғизистонда 9,6 фоиз, Тожикистонда 8,1 фоиз, Туркманистонда эса атиги 3,5 фоиз ўсди.
Ушбу индекснинг дунё давлатлари бўйича рейтингида “кўтарилиш” борасида ҳам Марказий Осиё мамлакатларининг ютуқлари хар хил. Хусусан, 2011 йилдан бери Қозоғистон 18 поғона, Ўзбекистон – 7 поғона, Қирғизистон – 4 поғона кўтарилган. Туркманистон аксинча, ушбу рейтингда 6 поғона пасайган, Тожикистон эса – 2 поғона.
Сурат манбаси: nationsonline.org
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
Мақолада фойдаланилган манбалар:
1. Барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ва инсон тараққиёти принципларини амалга оширишнинг парламент томонидан таъминланиши. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида тайёрланган амалий қўлланма.
2. БМТ Тараққиёт дастурининг дунё мамлакатларида инсон тараққиёти бўйича 2011-2019 йилларда тайёрланган ҳисоботлари, http://hdr.undp.org/en/global-reports