Суратда: Сирдарё вилояти мусиқали драма театри, манба: sirdaryoteatri.uz
Сирдарё вилоятида Ўзбекистон аҳолисининг 2,5 фоизи истиқомат қилади ва унинг ер майдони бутун республика ҳудудининг қарийб 1 фоизини ташкил қилади. Аммо, аҳоли сони камлиги ва ҳудудининг кичиклигига қарамай, ушбу вилоят ўзининг географик жойлашуви ва бир қатор хусусиятлари билан мамлакат иқтисодиётида муҳим рол ўйнайди. Шимолда бу вилоят Қозоғистон билан, жанубда эса – Тожикистон билан чегарадош. Сирдарё республиканинг иккита томонидан икки давлат билан чегарадош бўлган учта вилоятидан биридир.
Сирдарё вилоятида Ўзбекистон электр энергиясининг учдан бир қисми, чарм ва чарм маҳсулотларининг 16 фоизи, шунингдек фармацевтика маҳсулотларининг қарийб 9 фоизи ишлаб чиқарилади. Ушбу вилоят полиз маҳсулотлари етиштириш бўйича республикада биринчи ўринда туради. Бундан ташқари, ушбу вилоятда йирик ва муваффақиятли Хитой-Ўзбекистон қўшма лойиҳаларидан бири амалга оширилган. Сирдарё керамик плиткалари мамлакатнинг деярли барча бурчакларида сотилади, улар ҳатто қўшни Қозоғистон ва Тожикистон истеъмолчиларига ҳам яхши таниш. Бу Сирдарё вилоятидаги Peng-Sheng Ўзбекистон-Хитой қўшма саноат комплексида амалга оширилаётган 30 лойиҳадан биттаси.
UzAnalytics таҳлилий сайти мазкур ҳудуднинг асосий иқтисодий ва демографик кўрсаткичлари шарҳини ҳамда ушбу вилоят иқтисодиётидан қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилади.
Демографик ҳолат ва олий таълим
Демографик кўрсаткичлар бўйича мазкур вилоятни бошқа ҳудудлардан асосий фарқлари шундаки, Сирдарёда никоҳ тузиш билан бирга ажралишлар ҳам республикадаги ўртача кўрсаткичларга нисбатан юқори даражада. Айниқса, ажрашлар коэффициенти – 1,3 промилле (ҳар минг нафар аҳоли сонига нисбатан) Ўзбекистон бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Ундан юқори фақат Тошкент шаҳрида – 1,8 промилле. Бундан ташқари, ўртача умр давомийлиги Сирдарё вилоятида республика бўйича энг паст кўрсаткичга эга (2017 йил ҳолатига).
Ушбу вилоят аҳолисининг асосий ёш гуруҳлари бўйича тақсимланишига келсак, аҳолининг меҳнатга лаёқатли қисми республикадаги ўртача кўрсаткичдан юқорироқ, аҳолининг меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар қисми эса мамлакат бўйича энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Бу бошқа ҳудудлар билан таққослаганда вилоят аҳолининг нисбатан катта қисми “навқирон” ёшда дегани.
Сирдарё вилоятида атиги 2 ОТМ мавжуд – Гулистон давлат университети ва яқинда ташкил қилинган Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиали. Вилоят аҳоли сонини камлигини ҳисобга олганда (республика аҳолисининг 2,5 фоизи), бу тушунарли ҳол. ОТМлар сонининг камлигига қарамай, улардаги ўқишга қабул қилиш умумий квоталар сони вилоят аҳолиси учун етарлидир. Масалан, бакалавр тайёрлаш бўйича (кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларида) мазкур ҳудуд ОТМларида 2730 та квота белгиланган. Бу вилоятнинг ҳар 1000 нафар аҳолисига нисбатан ҳисоблаганда – 3,26 та квота дегани. Республика бўйича ўртача кўрсаткич 3,06 га тенг. Бундан ташқари, мазкур ҳудуднинг ўнлаб етакчи ОТМлар жамланган Тошкент шаҳрига яқинлиги ҳам вилоят аҳолиси учун олий таълим олиш борасида бошқа вилоятлар билан таққослаганда қўшимча “географик” имконият яратади.
Вилоят иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги етакчи ўрин эгаллайди
Сирдарё вилояти ялпи ички ҳудудий маҳсулотининг деярли тенг ярми қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улушига тўғри келади. Ўтган асрнинг 60-йилларигача вилоят майдонининг катта қисми қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз ҳисобланган. Аммо 20-асрнинг 60-йиларидан бошлаб вазият тубдан ўзгара бошланди – Мирзачўлни ўзлашитириш жараёни бошланди. Юзлаб, минглаб ёшлар трактор ва экскаваторлар ёрдамида бу “жонсиз” чўлни ўзлаштиришга киришди. Бу эрда экин майдонлари яратиш учун иккита муаммони ҳал қилиш керак эди – тупроқдаги эримайдиган тузларнинг миқдорини камайтириш ва ўсимликларни баланд ер ости сувларидан ҳимоя қилиш. Шу сабаб, асосий вазифа – мустақиллик йилларида тўлиқ қуриб битказилган мураккаб ва ноёб суғориш тизимини яратиш эди. Хусусан, сўнгги 25 йил ичида бу ерда сув иншоотлари қурилиб, бу ер ости сувлари ва туз миқдорини пасайишига олиб келди. Мирзачўлни ўзлаштиришда 2008 йил муҳим аҳамият касб этди. Шу йили мамлакатда мелиоратив тизимни такомиллаштириш жамғармаси ташкил этилди ва Германия, Япония ва АҚШнинг этакчи фермер хўжаликларида қўлланиладиган замонавий технологиялар ушбу вилоятда жорий қилинди. Натижада, Сирдарё вилояти дон, полиз экинлари ва мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш бўйича етакчига айланди. Мирзачўл қовунлари нафақат республикада машҳур, балки бугунги кунда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларига фаол экспорт қилинмоқда.
Сирдарё вилояти полиз маҳсулотлари етиштириш ҳажми бўйича республикада 1-ўринда туради (2018 йил натижалари бўйича). Мазкур ҳудудда аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, республикадаги ўртача кўрсаткичга нисбатан: полиз маҳсулотлари етиштириш – 5,5 баробар, дон маҳсулотлари етиштириш – 2,7 баробар, сут ишлаб чиқариш ҳажми эса – 1,4 баробар юқоридир. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич республикадаги ўртача миқдорга нисбатан 1,4 барабар кўп.
Саноат соҳасига келсак, Сирдарёда ишлаб чиқариладиган тери ва теридан қилинган буюмларнинг умумий ҳажми республикада ишлаб чиқариладиган мазкур товарларнинг 16 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, ушбу ҳудудда республикада ишлаб чиқариладиган асосий фармацевтика ва препаратларнинг деярли 9 фоизи, кийим-кечак маҳсулотларининг 5,5 фоизи ишлаб чиқарилади. Сирдарё вилоятининг ер майдони ва аҳоли сонини ҳисобга олганда, бу юқори кўрсаткичлар ҳисобланади.
Вилоятнинг энг йирик саноат корхонаси – Сирдарё иссиқлик электр станциясидир (ИЭС). Ўрнатилган қуввати 3000 МВтни ташкил қиладиган ва Марказий Осиёнинг энг йирик электр станцияси ҳисобланадиган бу “гигант”нинг қурилиши 1966 йилда бошланиб 1981 йилда якунланган. Ушбу ИЭСда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган умумий электр энергияси ҳажминининг учдан бир қисми ишлаб чиқарилади.
Бундан ташқари Сирдарёда қуввати 1300 МВт эга янги ИЭС қурилиши кутилмоқда. Қиймати 1,1 миллиард долларга тенг буғ-газ қурилмасини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаси бўйича қуриш режалаштирилган. Янги ИЭСнинг ишга туширилиши 2022 йилга мўлжалланган.
Кичик тадбиркорлик – вилоят иқтисодиётининг “драйвери”
Кичик тадбиркорлик Сирдарё вилояти иқтисодиётининг ривожланишида муҳим омиллардан биридир. Ҳар 1000 нафар аҳоли сонига нисбатан ҳисоблаганда мазкур вилоятдаги кичик тадбиркорлик субъектларининг сони республикадаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 30 фоизга юқори. Ушбу ҳудуд иқтисодиётида кичик тадбиркорликнинг ЯИМдаги улуши республикадаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 30 фоизга, жами экспорт ҳажмидаги улуши эса 40 фоизга юқори.
Расмий маълумотларга кўра, сирдарёликлар истеъмол бозорида анча паст кўрсаткичларга эга. Вилоят иқтисодиётида аҳоли жон бошига ҳисобланган чакана савдо айланмаси республикадаги ўртача кўрсаткичдан 30 фоизга паст, умумий овқатланиш корхоналаридаги савдо айланмаси эса деярли 2 баробар кам. Бунинг сабаби нимада? Умумий овқатланиш муассасаларининг етишмаслигидами ёки вилоят аҳолисининг кафе, ресторан ва чойхоналарда овқатланишни унчалик хуш кўрмаслигидами? Бу қизиқарли факт.
Сирдарё вилоятида ўртача иш ҳақи ва аҳоли даромадлари ҳамда бу ҳудуддаги ишсизлик даражаси республикадаги ўртача кўрсаткичлардан сезиларли даражада фарқ қилмасада, вилоятдаги умумий даромадлар таркибида мамлакат ташқарисидан келиб тушган пул ўтказмаларининг улуши республикадаги ўртача кўрсаткичга нисбатан анча кам. Бу дегани, вилоят иқтисодиётида мамлакат ташқарисидан келадиган пул ўтказмалари бошқа ҳудудлар билан таққослаганда нисбатан камроқ роль ўйнайди.
“Буюк ипак йўлининг дурдонаси” жойлашган вилоят
Бугунги кунда Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 1527 дан ортиқ қўшма корхона ва чет эл компаниялари фаолият юритмоқда. Сирдарё вилоятида жойлашган Peng Sheng Хитой-Ўзбекистон қўшма корхонаси – Хитой капитали иштирокида амалга оширилган энг муваффақиятли лойиҳалардан биридир.
2009 йилнинг сентябрь ойида Peng Sheng Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси Сирдарё вилоятида замонавий саноат комплексини қуришни бошлади. Қисқа вақт ичида бу ерда умумий майдони 220 минг квадрат метр бўлган ишлаб чиқариш иншоотлари ва ёрдамчи мажмуалар қурилди. Бундан ташқари, темир йўл линияси, газ тақсимлаш ва электр подстанцияси, оқова сувларни тозалаш тизими, маҳсулотларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаш маркази, божхона омборлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилди.
Ҳозирги кунда мазкур мажмуада 1500 га яқин киши иш билан таъминланган 10 та йирик корхона мавжуд. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг асосий турлари – керамик плиталар, смесителлар ва сантехника маҳсулотлари, пойабзал, чарм буюмлар, уяли телефонлар ва турли хил алоқа мосламалари, уй ҳайвонлари учун озуқалар ва кўплаб бошқа турдаги маҳсулотлардир.
Керамика заводи. Бу завод йилига 10 миллион квадрат метр ҳажмда керамик плиткалар ишлаб чиқариш қувватига эга. Заводда технологик операцияларнинг 90% дан ортиғи автоматлаштирилган ва механизациялаштирилган. Маҳсулотлар ички бозорда сотилиши билан бирга Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонга ҳам экспорт қилинади. Экспорт ҳажми йилдан йилга ўсиб бормоқда ва бугунги кунда бу умумий маҳсулот ҳажмининг 40 фоизига тенг.
Терини қайта ишлаш заводи. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 600 минг дона йирик қорамол териси ва 1 миллион дона майда шохли қорамол терисини ташкил қилади. Тайёр маҳсулотлар асосан Хитойга экспорт қилинади.
Пойабзал фабрикаси. Йилига 300 минг жуфт эркаклар, аёллар ва болалар пойбазаллари ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотлар ички бозорда сотилади. Яқин вақт ичида пойабзал ишлаб чиқаришни йилига 400 минг жуфтгача ошириш режалаштирилган.
Сантехника заводи. Сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган Ўзбекистондаги энг йирик завод. Унинг йиллик қуввати 2 миллион смесител, 5 миллион клапан ва 200 минг дона коллектордан иборат. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар халқаро сифат стандартларига асосланган ва экологик тоза деб ҳисобланади. Маҳсулотлар Қозоғистон, Россия, Хитой ва ҳатто Европа мамлакатларига ҳам экспорт қилинади. Буюртмалар ҳажми йилдан-йилга ўсиб бормоқда.
Ҳайвонлар учун озуқа ишлаб чиқарадиган завод. Заводнинг йиллик қуввати 2000 тоннадан ошади. Барча маҳсулотлар Хитойга экспорт қилинади.
“Ақлли” иссиқхона. Ушбу иссиқхонада исталган вақтда ҳароратни, намликни ва ёритишни нафақат компьютер, балки уяли телефон орқали ҳам назорат қилиб туриш мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, компьютер ва уяли телефон ёрдамида иситиш, совутиш, ёруғлик даражасини назорат қилиш тизимларини, шунингдек, сув таъминоти тизимини бошқариш мумкин. Шу билан бирга, иссиқхона дастури шу тарзда яратилганки, у инсоннинг аралашувисиз барча жараёнларни бошқаради. Ушбу лойиҳага қиритилган сармоялар 5 миллион доллардан ошди. Барча иссиқхоналарнинг умумий майдони 10 гектарга етади. Уларда помидор, бодринг, қулупнай ва гулларни етиштириш учун тупроқсиз суғориш усулларидан фойдаланилади.
Келгуси йилларда катта ҳажмда помидор ва бодрингни экспорт қилиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бунинг учун замонавий совутиш ва маҳсулотларни сақлаш омборларини ўз ичига қамраб оладиган катта сабзавот базасини қуриш режалаштирилган.
Келгуси режалар. Сўнгги йилларда ушбу мажмуада ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтирилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 100 миллион долларни ташкил қилди. Яқин келажакда иккита янги ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда: санитария шкафлари ва янги турдаги тери маҳсулотлари (буюмлари) ишлаб чиқариш. Бундан ташқари, ишлаб чиқарилаётган сантехника маҳсулотлари турларини кенгайтириш ҳам режалаштирмоқда.
Яқин келажакда тўқимачилик ва трикотаж буюмлар, электр жиҳозларини ишлаб чиқариш ҳамда чорвачилик ва балиқчилик соҳаларида қишлоқ хўжалиги комплексини яратиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Хитой савдо вазирлиги мазкур саноат комплексини “Буюк ипак йўлининг дурдонаси” деб тан олди.
Қозоғистонга Сирдарё орқали янги экспорт “канали”
2019 йилнинг июль ойида Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасида Сирдарё давлатлараро туташув пункти очилди. Шубҳасиз, бу Ўзбекистон маҳсулотларини Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларида экспорт қилинишида қулай шароитлар яратади. Сирдарё ва республиканинг бошқа вилоятларидан Қозоғистон жанубий ҳудудларига жўнатиладиган юклар мазкур давлатлараро туташув пункти орқали юборилади.
«Бу давлатлараро туташув пунктининг очилиши тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларини қўшни давлатнинг жанубий ҳудудларига экспорт қилишида қулайлик туғдиради. Яъни маҳсулотларнинг манзилига етиб боришига кам вақт сарфланади, иш фаолиятини янада ривожлантиришга имкон берди” — деб изоҳлади „Тошкент минтақавий темир йўл узели“ унитар корхонаси бўлим бошлиғи Элбек Шамсиев.
Бунга қадар Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларидан жўнатилган барча юклар Келес давлатлараро туташув пунктига келтирилиб, «Қазақстан темир жоли» компаниясига топширилар эди. Сирдарё давлатлараро туташув пункти очилиши билан масофа 110 километрга қисқарди.