ОИТС хасталиги, унга чалиниш сабаблари ва оқибатлари ҳақида деярли барча балоғат ёшига етган инсонлар эшитган ҳамда бошланғич тушунчаларга эга. ОИТС (Орттирилган Иммунитет Танқислиги Синдроми) ОИВ инфекциясининг якуний босқичи ҳисобланади. Шу боис ОИВ (Одам организмидаги иммунитет танқислигини келтириб чиқарувчи Вирус) инфекциясини инсон кўзи илғамас, жинс, ирқ ва чегара билмас қотилга қиёслаш мумкин. Илк бор 1981 йил аниқлангандан буён, у дунёдаги ҳар бир мамлакатда минглаб йўқотишларга олиб келди, бутун жаҳон миқёсида эса 32 миллиондан ортиқ кишиларнинг умрига зомин бўлди. ЮНЭЙДС (UNAIDS) ҳисоботига кўра, фақат 2017 йилнинг ўзида Ўзбекистонда тахминан 1900 киши шу касаллик туфайли вафот этган.
Ушбу жаҳон миқёсидаги офатга қарши самарали курашишда халқаро ҳамкорлик катта аҳамиятга эга. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси келтирган маълумотларга кўра, ўтган 15 йил ичида Америка Қўшма Штатлари ОИТС/ОИВга қарши глобал курашиш учун 80 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлади. ЮНЭЙДС ҳисоб-китобларига кўра, биргина 2020 йилнинг ўзида ОИТСга қарши курашиш учун 26,2 миллиард доллар керак бўлади.
Марказий Осиё давлатларида қанча аҳоли ОИВ-инфекцияси билан яшайди? Бу борада махсус тиббий ёрдам кўрсатиш марказларида расмий қайд қилинган кишилар сони БМТнинг ЮНЭЙДС дастури доирасида келтирилган рақамлардан фарқ қилади. Бундай фарқ 1,5 ва ҳаттоки 2 баробарни ҳам ташкил қилади. Бунинг сабаби, ОИВ инфекциясига чалинган кишиларнинг фақат маълум бир қисмигина махсус тест-текширувлардан ўтган ва расмий қайд этилган.
UzAnalitics сайти мазкур мамлакатларда расмий қайд этилган ва БМТнинг ЮНЭЙДС дастурида келтирилган маълумотларга асосланган ҳолда минтақанинг ҳозирги кундаги ОИВ статистикасини эътиборингизга ҳавола қилади.
Юқорида келтирилган расмий маълумотлар ва ЮНЭЙДС дастури доирасидаги ҳисобларга кўра, Марказий Осиё давлатларида ОИВ инфекциясини тарқалиш даражаси дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан анча паст. Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ОИВ инфекцияси билан яшаб келаётган кишилар сони ушбу давлатлар аҳолисининг 0,1 фоиздан 0,2 фоизгача бўлган қисмини ташкил қилади.
Айни пайтда энг юқори курсаткич Шарқий ва Жанубий Африка мамлакатларида кузатилади. Ушбу минтақа давлатларида аҳолининг ОИВга инфекциясига чалинган кишилар сони аҳолининг деярли 7 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, Ғарбий ва Марказий Африка ҳамда Кариб денгизи бассейни давлатларида ҳам бу кўрсаткич нисбатан юқоридир – 1,2-1,5 фоиз.
Аммо, Марказий Осий давлатлари ОИВ статистикасининг дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан паст кўрсаткичларига қарамай, ОИВ инфекциясига чалиниш ҳолатларини йилдан йилга янада камайтириш, унинг олдини олиш, даволаш ва тарқалишини чеклаш ҳамда шу мақсадда кенг қамровли чора-тадбирлар ва ишларни давом эттириш, тегишли дастурларни жорий қилиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Сурат манбаси: ptzgovorit.ru
Муаллифлар: Навруз Мелибаев, Шавкат Икромов