Муаллиф: Фарҳод Толипов – “Билимлар карвони” нодавлат илмий-маърифий муассасаси директори, сиёсатшунослик фанлари доктори (PhD), 170 дан ортиқ илмий мақолалар ва монографиялар муаллифи, “Марказий Осиё ва Кавказ” журнали таҳририяти аъзоси, Марказий ва Евроосиё тадқиқотлари жамиятининг аъзоси.
Тошкентда бўлиб ўтадиган иккинчи маслаҳат кенгашидан олдинги мулоҳазалар
Адашмасам, Отто Бисмарк «Сиёсат – имкон топиш санъати”, деб айтган эди. Сўнгги пайтларда Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари ўзаро муносабатларининг асосий принципи қилиб ушбу кўҳна аксиомани олгани шубҳасиз. Уларнинг 2018 йил мартида минтақа мамлакатлари учрашувини тиклашга бўлган эҳтиёткорона уриниши зикр этилган принцип қанчалик кучга эга эканини кўрсатади. Президентлар янги минтақа барпо қилишнинг миф тарзидаги геосиёсий оқибатларидан чўчиб, учрашувни камтарона тарзда “Маслаҳат учрашуви” деб атаган эди.
Шунга қарамасдан, 10 йилдан кўпроқ танаффусдан сўнг учрашув ўтказилганини объектив реалликни акс эттирган муваффақият деб аташ мумкин: Марказий Осиё минтақасининг эволюцион – тадрижий жараёни бошқа томонга оғиб кетган ёки геосиёсий ва ёки шахсий омиллар таъсирида бузилган пайтда, у минтақа мавжудлиги ва тараққиётининг ички қонуниятлари борлигини янги куч билан эслатиб қўйяпти. Маълумки, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақавий мулоқотини тиклаш ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли.
Остонадаги илк учрашув чоғида таъкидланганидек, Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи ўйинчилар иштирокисиз ички мулоқот форматини тиклаши муҳим ҳаётий аҳамиятга эга эди. Бу бошқа нарсалар қатори Марказий Осиё мамлакатлари ва халқлари ўзининг минтақадаги идентитети – ўзлигини эътироф этишини англатади, айни ҳол уларнинг минтақадаги алоҳида modus vivendiсини[1] белгилаб бериши керак.
Шунинг учун иккинчи Маслаҳат кенгаши олдидан жараён янада олға силжишини кутиш (гарчи бу ҳомхаёлга ўхшаб кўринса-да) табиий ҳолдир. Назаримда, бошқа масалалар қатори қуйидагиларига аниқлик киритиб олиш стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга:
‒ Дўстона баёнотлардан минтақадаги ҳамкорлик ва интеграцияни ривожлантириш бўйича бундан кейинги аниқ режаларни гапиришга ўтиш муҳим. Бундан кейинги минтақавий ҳамкорликнинг “йўл харитаси” тузиб олинса бўлар эди.
‒ Маслаҳат учрашувларини адоқсиз ўтказиб бўлмайди, чунки маслаҳат учрашувлари мантиқан ва тадрижий тарзда тўлақонли саммитларга ўсиб чиқиши керак. Бир пайтлар бунақа саммитлар изчил тарзда ўтказилар, лекин ўн йилдан кўпроқ вақт олдин тўхтаб қолган эди.
‒ Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотини (МОҲТ) (шу ёки бошқа ном билан бўлса ҳам) тиклаш, яъни Марказий Осиёдаги жараёнларни институционаллаштириш[2] (қайта институционаллаштириш) сари йўналиш олиш муҳим аҳамиятга эга. Минтақа мамлакатлари президентлар учрашувини тиклабгина қолмасдан, ўтган йилларда эришилган натижаларни янги босқичга кўтарганини таъкидлаш зарур, чунки ушбу мамлакатлар мустақилликнинг илк кунлариданоқ минтақавий бирлашмасини тузишини эълон қилган эди, ушбу бирлашма, яхшидир-ёмондир, баланддир-пастдир, 15 йил яшади ҳамда минтақада ҳамкорлик қилиш ва интеграциялашув бўйича қимматли тажриба орттирди. Сўнгги пайтларда ушбу тажриба ҳақида адолатсиз тарзда гапирилмайдиган бўлди.
‒ Стратегик ҳамкорликка оид мавжуд келишувларга асосан, Марказий Осиё давлатларининг асосий минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ташқи сиёсатини мувофиқлаштиришга тайёр экани ҳақида баёнот бериш стратегик жиҳатдан жуда катта ютуқ бўлур эди.
‒ Аниқ саналарни келишиб олиш ва президентларнинг бундан буёнги учрашувлари кечиктирилмаслигини тайин қилиб олиш муҳим аҳамиятга эга.
Сиёсат имкон топиш санъати экани хусусида сўз юритганда, Марказий Осиёда боридан кўра кўпроқ нарсаларни амалга ошириш имконияти мавжудлигини қайд этиш жоиз. Қанчалик 28 йил олдин Марказий Осиё бирлашмасини ташкил этиш ва узоқ танаффусдан сўнг бирлашма форматини янгича кўринишда тиклаш ҳамда шу борада тегишли сиёсий иродани ифода қилиш мумкин бўлиб келди десак, шунчалик энди олдинга интилиш, ушбу бирлашманинг янада мукаммалроқ шаклларини яратиш ҳам мумкин, яъни имкони бор.
Хўш, иккинчи Маслаҳат кенгаши қандай натижаларга эришди?
Иккинчи Маслаҳат кенгашидан сўнгги мулоҳазалар
Шундай қилиб, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг узоқ кутилган иккинчи Маслаҳат кенгаши ҳам бўлиб ўтди. Чиндан ҳам узоқ кутилди, чунки уни даставвал жорий йил мартида ўтказиш режалаштирилган эди. На мартда, на апрелда ва на ёзда айни учрашувни ўтказиш аломатлари кузатилмади, ҳамма нарса аллақандай сир ортига бекитилгандай эди[3]. Шунинг учун ҳам кутилма ҳаддан зиёд бўлди.
Юқорида қайд этилганидек, маслаҳат учрашувлари форматлари ҳозирги кўринишида адоқсиз давом эта олмас ҳамда улар саммитларнинг томонлар битим ва шартномалар қабул қиладиган қатъийроқ форматини тайёрлашга мўлжалланган бўлиши керак. Марказий Осиёнинг 5 та мамлакати МОҲТ доирасида ҳамкорликни 1991 йилдан 2006 йилга қадар ривожлантирган 15 йил давомида уларнинг учрашувлари маслаҳат учрашувлари деб аталмаган, аксинча, тўлақонли саммитлар бўлган эди. Бу ўринда, тўғри, «адоқсиз» сўзини қўллаш унчалик тўғри эмас, чунки бунақа учрашув энди иккинчи марта ўтказилди. Агар иккинчи учрашув айни жараённи жиддийроқ институционаллаштириш томон йўналиш олгани ҳақида муайян ишоралар берганида, шундай бўлар эди.
Илк Маслаҳат учрашувида Қозоғистоннинг ўша вақтдаги президенти Нурсултон Назарбоев минтақавий интеграцион тузилма ташкил этиш ҳақида гап кетмаётганини айтгани беихтиёр ёдга тушади. Шунда менда, гап минтақавий интеграция ҳақида кетмаётган бўлса, нима ҳақда гап кетяпти ўзи, деган савол туғилган эди. Иккинчи учрашувда ҳам шу йўналишда иш олиб борилаётгани ҳақида ҳам ҳеч қандай фикр билдирилмади, ва улар фақат маслаҳатлашувлардан иборат бўлиб қолди. Эҳтимол ушбу учрашув чоғида ундан кўп нарса кутмаслиги кераклиги рамзи сифатида Н. Назарбоевга Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари Маслаҳат кенгашининг фахрий раиси мақоми берилиши хусусида қарор қабул қилингандир.[4]
Ўзбекистон президентининг сайтида хабар қилинишича, учрашув чоғида савдо-сотиқ йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида саноат соҳасида қалин ҳамкорликни йўлга қўйиш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва минтақанинг транзит имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган. Томонлар мамлакатларимиз минтақа даражасидаги фаол алмашув ва мулоқотларга кўмаклашишига, шунингдек, илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт соҳасида қўшма тадбирлар ўтказишига келишиб олган. [5] Умуман олганда, бир тарафдан, бундай кайфият функционализм мактаби нуқтаи назаридан интеграция назариясига мос келади, унга кўра, интеграция секторлар доирасида бир соҳадан иккинчисига ўтган ҳолда муваффақиятли ривожланиш мумкин. Лекин бошқа тарафдан қараганда, бу яхши ният ифодасидан бошқа нарса эмас; бунақа баёнотлар илгари ҳам, жумладан, 2018 йил мартида Остонада бўлиб ўтган Маслаҳат кенгашида ҳам берилган эди.
Лекин Тошкент учрашуви чоғида янги фикрлар ҳам айтилганини қайд этиш лозим. Қозоғистоннинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоев 15 мартни янги байрам – Марказий Осиё куни сифатида нишонлашни таклиф қилди. У яна минтақанинг ҳар бир мамлакати талабаларига Қозоғистониннг энг яхши олий ўқув юртларида ўқиш ҳуқуқини берадиган 10 тадан грант ажратиш фикрини ўртага ташлади. Ўз навбатида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев илм-фан, маданият ва санъат соҳасида Марказий Осиё мукофотини таъсис этишни, Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов эса Марказий Осиё мамлакатларнинг беш томонлама ишбилармонлик кенгашини ташкил этишни таклиф қилди. [6] Марказий Осиё кунини байрам сифатида таъсис этиш тўғрисидаги таклифни мен унчалик тўғри деб ҳисобламайман, чунки у тарихий фактни қайсидир маънода бузиб кўрсатади. Гап шундаки, Совет Иттифоқи таназзулидан сўнг илк марта – 1991 йил 13 декабрида – Марказий Осиёнинг ўша пайтда янгитдан ташкил бўлган бешта мустақил давлати ўзининг минтақавий ҳамдўстлигини ташкил этажагини эълон қилган, моҳиятан олиб қараганда, минтақадаги интеграция жараёни ўша санадан бошланган эди. Ушбу жараён бир неча босқичларни босиб ўтган, аммо 2006 йилга келиб, узилиб қолган эди. Шунинг учун Марказий Осиё кунини нишонлаш керак бўлса, менимча, бундай байрамга 13 декабрь санаси кўпроқ мос келади.
Менга қолса, масалага қатъий илмий ва диалектик ёндашган ҳолда, Марказий Осиё мамлакатларининг кўп эмас, кам эмас, 30 йиллик мавжудлик ва ривожланиш даврини барча муваффақияту муваффақиятсизликлари, ютуқларию муаммолари билан бирга кўриб чиқишни таклиф қилган бўлар эдим. Уни 2018 йилдан (яъни биринчи Маслаҳат кенгашидан) олдинги ва кейинги даврлар сифатида бўлакларга бўлиш босиб ўтилган йўлни адолатсизларча менсимаслик бўлур эди. Бундан ташқари, маслаҳат кенгашлари моҳиятан муҳим битим ва шартномалар қабул қилинган 90-йиллар ва 2000 йилларнинг бошидаги саммитлардан пастроқ туради.
Одатда ҳар бир учрашувда унинг иштирокчилари минтақа аҳолиси тарихи ва маданияти, дини бир, дунёқараши, маънавий ва ахлоқий қадриятлари ҳамда анъаналари ўхшаш қардош халқлар экани ҳақидаги завқ ва шавққа тўла гап-сўзларни кўп гапиради. Бу сафар ҳам шундай бўлди ва бу – бошланғич фикр сифатида тўғри. Лекин ҳайратланарли жиҳати шуки, бундай гап-сўзлар минтақавий интеграцион тузилмани ташкил қилиш масаласида амалда мавжуд бўлган сусткашлик, эҳтиёткорлик ва ҳатто хавфсираб қараш ҳолларига мутлақо тескаридир.
Бошқача кўринишдаги яна бир ҳолат: ягона минтақа барпо этиш элита характерига эга экани билан Марказий Осиё мамлакатлари интеграциясига бўлган мавжуд ижтимоий талаб ўртасидаги тафовут кўзга ташланди. Бошқача айтганда, кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти, эксперт доиралари президентлар минтақа тақдирини ҳал этаётганига яна оддий кузатувчи – томошабин бўлиб қолди. Ваҳоланки, улар ўша интеграция йўлларини белгилаб олишга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин эди.
Европа интеграциясининг муваффақиятига, кўп жиҳатдан, кўҳна қитъа мамлакатлари демократик бўлгани, мажозий тил билан айтганда, бутун бошли жараён у ерда қарорлар демократик йўл билан қабул қилингани сабаб бўлган эди. Халқ иродасининг у ёки бу тарзда намоён бўлиш шакли (референдумлар, ижтимоий муҳокамалар, сиёсий мунозаралар ва ҳатто тинч митинглар ва намойишлар) Европа Иттифоқининг ривожланиш жадаллиги ва йўналишига жиддий таъсир кўрсатган (ва кўрсатмоқда). Шунинг учун Тошкентда бўлиб ўтган иккинчи Маслаҳат кенгаши натижалари таҳлилидан қуйидаги хулосани чиқариш мумкин: маслаҳат кенгашлари қанчалик қатъийроқ институционал форматларга ўсиб чиқиши Марказий Осиё мамлакатларидаги демократик ислоҳотлар самарадорлигига боғлиқ бўлади. [7]
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Тошкентдаги учрашув Ўзбекистондаги жамоатчилик, илмий ҳамжамият, сиёсий доиралар ўртасида мамлакатнинг Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) кириш эҳтимоли билан боғлиқ дискурс – баҳс-мунозаралар қизиган пайтга тўғри келди. Ушбу дискурс ҳали «совиб улгурмаган» бир пайтда у билан параллел (муқобил) равишда Марказий Осиё ҳақидаги дискурс қизиб бормоқда. Иккита бирлашма ўртасидаги «арқон тортишиш»дай номақбул жараён юз бергандай таассурот пайдо бўлмоқда.
Бунақаси олдин ҳам бўлган. ЕврОсИҲ билан МОҲТ ўртасидаги шунга ўхшаш «арқон тортишиш» ушбу икки ташкилотнинг биринчиси фойдасига қўшилиб кетиши ва иккинчисининг барҳам топиши билан тугалланган эди. Ўшанда Ўзбекистоннинг ЕврОсИҲга аъзолиги икки йил ҳам давом этмагани маълум. [8] Айни воқеа барча иштирокчилар барча аъзо мамлакатларга сабоқ бўлгани тайин. Бинобарин, Ўзбекистон нафақат ЕОИИга эҳтимол тутилган (Қозоғистон билан Қирғизистоннинг эса ҳақиқий) аъзолиги хусусида бир қарорга келиши, айни дамда иккита турли тузилманинг тинч-тотув мавжуд бўлиши ҳақида ҳам ўйлаб кўриши муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, маслаҳат кенгашлари тиклангандан сўнг ЕОИИ омили сабаб қайтадан тўхтаб қолмаслигини эътиборга олган ҳолда, истиқболга эҳтиёткор оптимизм билан қараш ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий ҳамкорликни янада жадал ривожлантириши ва ниҳоят буни тегишли институционал ва ташкилий шакллар билан мустаҳкамлашига умид қилиш мумкин.
Бундай истиқболнинг энди ниш ураётган белгиларини 2019 йил 29 ноябрда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари Маслаҳат кенгашининг қўшма баёнотида ҳам кўриш мумкин. [9] Бу ҳужжатда расмий ва тез-тез такрорланувчи тезислар билан бир қаторда эътибор қаратиш лозим бўлган қизиқарли фикрлар ҳам бор.
Биринчидан, унда бутун бошли минтақанинг долзарб ва шошилинч ҳал этилиши зарур бўлган муаммоларини бартараф қилишда Марказий Осиё мамлакатларининг биринчи даражали ва асосий роли алоҳида таъкидланади. Бу иштирокчи мамлакатлар минтақадаги муаммоларни ҳал этишда ундан ташқаридаги ўйинчиларнинг ҳал этиб берувчи ёки воситачи сифатидаги ролини рад этишини ва уларни минтақанинг ўзида мустақил ҳал этишга тайёр эканини кўрсатади.
Иккинчидан, Марказий Осиё мамлакатларининг дунёдаги муҳим муаммоларни ҳал этишда биргаликдаги фаол иштирокига эътибор қаратилмоқда. Бу минтақа мамлакатлари ташқи сиёсатини мувофиқлаштириш мумкинлигидан далолат беради.
Учинчидан, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатлиликка асосланиб фаоллаштириш ва мустаҳкамлаш қардош халқларнинг туб манфаатларига мос келади, деб таъкидланади. Бу минтақавий интеграция сунъий эмас, аксинча, табиий жараён эканини, президентлар халқларининг иродасини ифода этаётганини англатади.
Тўртинчидан, Марказий Осиёда қарор топган минтақавий яқинлашув тамойили тарихий нуқтаи назардан ўзини оқлайдиган воқелик экани таъкидланади. Ушбу фикр ягона минтақа мавжудлиги тўқима ёки президентларнинг субъектив истаги эмаслигини тасдиқлайди. (Буни минтақанинг реал воқелик экани ва ўзини бир бутун минтақа деб билиши ва «Марказий Осиё» деб номланиши мақсадга мувофиқ эканига шубҳа қилаётганларга жавоб тариқасида ҳам қабул қилиш мумкин.)
Бешинчидан, замонавий воқелик минтақа мамлакатлари ўртасида олий даражадаги доимий учрашувлар, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари даражасидаги беш томонлама сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали сиёсий ва дипломатик мулоқотларни фаоллаштириш ва ривожлантиришни талаб қилмоқда, деган фикр билдирилади. Бу эса минтақа миқёсидаги мулоқотни институционаллаштиришга ошкора ёки ошкора бўлмаган талабномадир.
Олтинчидан, БМТ ёки бошқа халқаро ташкилотлар доирасида янги қўшма ташаббуслар ва лойиҳалар ишлаб чиқиш нияти баён қилинмоқда. Дарҳақиқат, Марказий Осиё мамллакатлари айни шу тарзда халқаро майдонга чиқиши ва бутун минтақа манфаатларини яхлит кўринишда ҳимоя қилиши керак. Минтақа мамлакатлари иштирок этаётган барча ташкилотларда, одатда, бир ёки ундан ортиқ аъзо буюк давлат бўлади, улар билан солиштирганда, мамлакатларимиз ўта кичик ва заифдир. Бинобарин, минтақадаги 5 та мамлакатнинг турли халқаро ташкилотларда бир позициядан туриб қатнашиши Марказий Осиёнинг халқаро муносабатларнинг тенгҳуқуқли субъекти сифатидаги обрў-эътибори ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Шунинг учун, учинчи Маслаҳат кенгашига қуруқ қўл билан бормаймизми, деган савол ҳозирча очиқ бўлиб туради.
Сурат манбаси: president.uz
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Modus vivendi (лот. – ҳаёт тарзи, мавжудлик усули) – дипломатик атама бўлиб, вақтинчалик ёки дастлабки келишувларни англатади, кейинчалик уларни доимий ёки батафсил келишувлар билан алмаштириш кўзда тутилади.
[2] Институционаллаштириш (ингл. institutionalization) – институтга айлантиришщ, қонуний мақом бериш.
[3] Tolipov, F. “Central Asia: Delayed Consultations, Suspended Integration”, in July 2, 2019, the CACI Analyst, http://www.cacianalyst.org/publications/analytical-articles/item/13578-central-asia-delayed-consultations-suspended-integration.html
[4] https://tengrinews.kz/sng/nursultanu-nazarbaevu-prisvoili-novyiy-status-385332/
[5] https://president.uz/ru/lists/view/3106
[6] https://fergana.news/news/112912/?fbclid=IwAR3r1ZVuHMSp9pP1lPNoAMEhDqQKNLO3auDZMxRGP7aR5Agdu9WivmnktHA
[7] Мен Европа – бутунлай бошқа дунё, биз эса бошқачамиз, ушбу икки минтақани ўзаро солиштириб бўлмайди, Европа тажрибасини ўзимизда қўллаш мумкин эмас, қабилидаги фикрларни аввалбошданоқ демагогик иддаолар сифатида қатъиян рад этаман.
[8] Tolipov, F. History Repeats Itself: Uzbekistan’s New Eurasian Gamble” Friday, November 22, 2019, the CACI Analyst, http://cacianalyst.org/publications/analytical-articles/item/13596-history-repeats-itself-uzbekistans-new-eurasian-gamble.html