Сурат манбаси: isralove.org
Роберт Алмеев 1947 йили Бухорода туғилган, ҳозир ҳам шу шаҳарда истиқомат қилади. 1985 йилдан 2011 йилга қадар Бухоро давлат меъморчилик ва бадиий музейи – қўриқхонасининг бош директори бўлиб ишлаган. Ҳозирги пайтда нодавлат нотижорат ташкилоти мақомидаги “Бухоро мероси” илмий-тадқиқот марказига раҳбарлик қилмоқда.
Таниқли ўзбекистонлик олим Роберт Валиевич – Марказий Осиё тарихи ва маданияти бўйича мутахассис. Унинг илмий қизиқишлари доирасига музейшунослик, тарих, сиёсатшунослик, маданият, миллатлараро муносабатлар, этнография ва археология киради.
Р. Алмеев – Бухоро яҳудийлари тарихи, этнологияси, маданияти ва фольклори бўйича машҳур рисолалар муаллифи. Исми “МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатларидаги яҳудийшунослик” тадқиқотчилари маълумотномасига киритилган. У CAAN нашрига берган интервьюсида Буҳоро яҳудийлари жамоати тарихи ва ҳаётининг айрим жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилади.
Яҳудийларнинг Марказий Осиёга кўчиши
Бухоро яҳудийлари (яҳудийча-тожикча) тилида сўзлашадиган ва кўҳна иудаизм динини сақлаб қолган Бухоро яҳудийлари, машҳур тадқиқотчилар М. Занд, Давид Очилдиев фикрича, Ўрта Осиёда милоддан олдинги VI − IV асрларда пайдо бўлган. Бухоро яҳудийлари тарихининг Б.Я. Стравицкий, Э.В. Ртвеладзе, В.А. Лившиц сингари бошқа тадқиқотчилари улар Марказий Осиёга милоддан олдинги I аср – милодий I асрларда келган, деб ҳисоблайди.
Балх, Марв ва Эрондан кўчиб келган кишилардан иборат дастлабки манзилгоҳлар араблар истилосидан 200 – 250 йил аввал пайдо бўлган бўлса ажаб эмас. Кейинчалик Бухоро тарихининг турли даврларида яҳудийлар эътиқоди учун таъқибдан қочиб, савдогарлар, малакали ҳунармандлар, асирлар сифатида, асосан Эрон шаҳарларидан доимий тарзда Бухорога кела бошлаган.
Бухоро яҳудийлари ўзини Изроэл (Исроил), Бани Исроил (“Исроил ўғиллари”) деб атайди. Х1Х аср охири – ХХ аср бошларида Европа ва Россиядаги турли нашрларда Тора ва Тавротдаги ривоятларга ва Бухоро яҳудийларининг нақлларига таяниб ёзилган мақолалар пайдо бўлди. Ўша маълумотларга кўра, Буҳоро яҳудийлари Исроилнинг ўнинчи бўғини авлодларидир. ХХ асриннг 40-йилларига қадар ҳар бир яҳудийнинг эшиги тепасига, “Қуддус, агар сени унутсам, ўнг қўлим акашак бўлсин”, деган ёзув битилган, эркаклар ҳар сафар уйга кираётиб, ўша ёзувга қўлини қўйиб, сўзларини овоз чиқариб айтган.
Бухоро яҳудийларининг маданий ва тарихий жойлари
ХХ аср бошида Бухорода 3314 кишидан иборат (1926 йилдаги умумиттифоқ аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра) Бухоро яҳудийлари учта маҳаллада ғуж бўлиб яшаган. У ерда яна 8 – 12 та синагога бўлган. Кўҳна маҳалла ХIV – XV асрлар ташкил топган. У ерда 250 та уй ва 2 та синагога бўлган.
Амиробод маҳалласи XVIII асрда ташкил этилган бўлиб, унда 70 – 80 та уй ва 1 та синагога бўлган. Нав маҳалласида 200 та уй бўлган, у Кўҳна маҳаллага одам сиғмай қолгандан кейин ташкил топлган.
Ушбу маҳаллаларда бой яҳудийларнинг уйлари сақланиб қолган. Энди улар меҳмонхона ва болалар боғчаларига айлантирилган. Яна савдо расталари ва ҳунармандлар устахоналари ҳам асл ҳолида сақланган. Пинхасов боғи яҳудийлар маҳалласи кўркидир. Маҳалладан бир оз нарида кўҳна ва ҳозирги кунга қадар амалда бўлиб келаётган Буҳоро яҳудийлари қабристони бор. Чашмаи Айюб (“Пайғамбар Айюб булоғи”) мақбараси муҳим тарихий ва маданий объект ҳисобланади.
Бухоро яҳудийларининг анъанавий машғулотлари
Бухоро яҳудийлари фаол ҳаёт кечирган. Улар жамиятнинг барча соҳаларида хизмат қилган. Улар орасида сарой табиблари, савдогарлар, сарбонлар, тикувчилар, сартарошлар, этикдўзлар, новвойлар, шароб солувчилар, машшоқлар, шунингдек, ипак ва пахта матоҳларни бўёвчилар ва улардан буюм тайёрловчи ҳунарманд тўқувчилар бўлган. Бухоро яҳудийлари қайнатилмаган пилла – “қалағай”дан юпқа ипак матоҳ ишлаб чиқариб, ундан юпқа қалғай рўмолларини тайёрлаган. Бундай рўмоллар Бухоро яҳудий аёлларининг ҳам, Марказий Осиё ва Кавказда ҳам талаб катта бўлган. Бухоро амири Насруллоҳ-хон (1827 – 1860) даврида яҳудийлари жамоати вакили, сарой табиби Иброҳим машҳур бўлган.
Буҳоро яҳудийлари ўз вақтида ва тўлиқ равишда “ғайридинлик” солиғини тўлаб турган, ҳукмдорлар савдо-сотиғини молиялаштириш ва хайрия тадбирларида қатнашган. Масалан, Бухоро амири Музаффархоннинг (1860 – 1885) Россия империяси қўшинлари билан жангдаги мағлубиятидан сўнг амир Россияга товон пули – контрибуцияни бадавлат Бухоро яҳудийлари ҳисобидан тўлаган.
Бухоро яҳудийларининг Амир Темир давридаги аҳволи
Амир Темур жаҳон тарихига бепоён ва гуллаб-яшнаётган империя – салтанат барпо қилган инсон сифатида кирган. Унинг салтанати марказини пойтахти Самарқанд бўлган Мовароуннаҳр ташкил қилар эди. Буюк стратег, кўпни кўрган сиёсатчи, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Амир Темур қонун ва анъаналарга асосланган давлатга асос солди. Унинг ҳукмронлиги даврида (1370 – 1405) яҳудийлар жамоасига ёмон муносабат қилинган ҳолатлар бўлган эмас. Бухоро яҳудийлари ривоятларида Бухорода яҳудийларнинг илк маҳалласи ва синагогаси қурилиши Амир Темур номи билан боғлиқлиги айтилади. Унинг буйруғи билан кўплаб яҳудийлар Мовароуннаҳрга уста бўёқчи, молиячи ва тадбиркорлар сифатида кўчириб олиб келинган. Бухоро яҳудийларидан чиққан савдогарлар Темурийлар салтанатининг Узоқ Шарқ мамлакатлари – Шарқий Туркистондан Шарқий Хитой денгизи ва Ҳиндистоннинг анча-мунча ҳудудига қадар сердаромад савдо-сотиқда етакчи ўринни эгаллаган.
Бухоро яҳудийларининг Бухоро сўнгги амири давридаги аҳволи
Бухоро яҳудийларининг Саид Амир Олимхон ҳукмронлиги (1910-1920) давридаги аҳволи барқарор бўлган. Ҳуқуқий нуқтаи назардан, уларнинг ҳуқуқи, мол-мулки шариат ҳукмларига кўра ҳимояланган. Бухоро яҳудийлари ўша пайтда Москва ва Санкт-Петербургдаги йирик компаниялар ва фирмалар билан жадал савдо, иқтисодий ва молиявий иш олиб борган. Амирликда Россия тожирлари билан бўлган молиявий баҳсларда Буҳоро яҳудийлари дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланган.
Бу Бухоро яҳудийлари жамоатининг ўзига хос гуллаб-яшнаган даври бўлган. Шу билан бирга алия – доимий яшаш учун Фаластинга кўчиб кетиш ҳоллари давом этган. 1914 йилга қадар давом этган илк алия даврида Қуддусда 1500 киши қолган, бу ўша вақтдаги жамоатнинг 8 фоизини ташкил этар эди.
Бухоро яҳудийларининг бир қисми ислоҳотларни талаб қилган мусулмон жадидлар билан бирлашди. “Хомло” (Буҳоро яҳудийларнинг конфессионал мактаби) анъанаси билан бирга ўқувчиларга айрим дунёвий билимлар ҳақида бошланғич маълумот берадиган мактаблар пайдо бўлди.
1917 йил октябри воқеалари Буҳоро яҳудийлиги тақдирида
Давлат тўнтариши ва у билан боғлиқ ҳарбий ҳаракатларни яҳудийлар дастлаб русларнинг мусулмонлар билан навбатдаги кураши босқичи сифатида қабул қилди. Бухоро яҳудийлдари буржуазиясининг бир қисми ўзбекларнинг мустақиллик учун ҳаракатини қўллаб-қувватлади. 1917 йилда бой яҳудий саноатчлари Р. Потеляхов ва С. Вадяев қисқа муддат ҳукмронлик қилган Қўқон мухториятида вазирлик лавозимларини эгаллаган эди.
Янги ҳокимият ўрнатилиши ортидан жиддий ўзгаришлар рўй берди. Жамоат анъаналари йўқ қилинди. 1920 йили Бухоро яҳудийлари жамоатининг сўнгги калонтари (бошлиғи) раввин Пинхас (1868-1920) ҳибсга олиниб, отиб ташланди. Синагогаларни ёпиш ва динга қарши кураш бошланди.
Буржуазиянинг гуллаб-яшнаётган синфи – бой савдогарлар йўқ қилинди, унинг вакиллари қатағон этилди ёки “маҳрумлар”га айланди, майда тадбиркорлар бошига ҳам шундай кўргулик тушди. Косиб ва ҳунармандлар ё ширкатларга бирлаштирилди, ёки давлат фабрикаларига бориб ишлашга мажбур бўлди.
Жамоатнинг учинчи қатлами – сартарошлар, этикдўзлар, тикувчилар ва ҳк.га хусусий мулк эгаси сифатида катта солиқлар солинди ва уларнинг давлат корхоналарига ўтиб ишлашдан ўзга чораси қолмади.
ХХ асрнинг 20-йилларида Бухоро яҳудийларининг иккинчи алияси бошланди. 30-йилларга келиб, Бухоро яҳудийлари жамоати вакилларидан 4000 киши Фаластинга кўчиб кетди.
1920 йилда Бухорода Бухоро яҳудийлари мактаблари очилди. 1922 йилдан эътиборан болаларга Бухоро яҳудийлари тилида сабоқ берила бошлади.
“Шашмақом” санъатининг буюк усталари
Буҳоро яҳудийлари мусиқа маданиятида алоҳида ўринни эгаллаган эди. Улар орасида ҳофиз ва созанда Леви Бобохонни (1873 – 1926) алоҳида қайд этиш лозим. У Бухоронинг сўнгги амири Амир Олимхоннинг (1910-1920) сарой ҳофизи бўлган. Набираси Ари Бобохонов ҳам мақом усталаридан бири сифатида машҳур. Берта Давидова, Барно Исҳоқова, Шоиста Муллажонова, ака-ука Гавриэл ва Михоэл Муллоқандовлар ва Изро Малахов Бухоро яҳудийлари жамоатнинг “Шашмақом” усталари сифатида шуҳрат қозонган бошқа машҳур қишиларидир.
Муаллиф: Шуҳратжон Хуррамов