Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст
Тарих фанлари номзоди Ойбек Маҳмудов – Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти докторанти. Помирда Россия империяси ҳокимияти ўрнатилиши ва унинг ушбу минтақадаги сиёсати бўйича бағишланган тадқиқотлар муаллифи. Тарихчи яқинда Туркистоннинг мустамлака қилинишига бағишлаб чоп этилган “1916 йилдаги Марказий Осиё қўзғолони. Уруш ва инқилоб даврида парчаланаётган империя” (The Central Asian Revolt of 1916. A collapsing empire in the age of war and revolution, Manchester University Press, 2019) китобига ҳам ҳиссасини қўшди. У тадқиқотида Россия мутамлакачи амалдорлари маҳаллий аҳолининг қўзғолондаги иштирокига қандай қарагани, уни қандай тасаввур қилгани ҳақида ёзди. Тарихчи UzAnalytics сайтига берган интервьюсида тарихчилар учун “Катта ўйин”, тарихшунослик, минтақанинг ўтмиши билан боғлиқ баҳсли масалалар ҳақида фикр юритади.
‒ Марказий Осиёда 1916 йили рўй берган қўзғолон – ўрганиш учун қизиқ мавзу. Ушбу тарихий воқеа ҳақида ўқувчиларимизга қисқача гапириб берсангиз. Қўзғолонларга нима туртки берган ва мустамлакачилар ҳокимияти уни қандай тушунган эди? Замонавий тарихшунослик бунга қандай қарайди?
‒ Маълумки, Россия империяси 1914 йилдан бошлаб Биринчи жаҳон урушида қатнашаётган ва бу ҳол кўплаб инсон ресурсларини талаб этаётган эди. 1916 йил 25 июнда император Николай II нинг Россия империяси ғайритабаа аҳолисини фронт орти ишларига жалб этиш тўғрисидаги фармони эълон қилинди. Унга кўра, империянинг чекка ўлкаларидаги славян бўлмаган аҳолиси ҳаракатдаги армияга эмас, фронт орти ишларига чақирилиши керак эди. Бу Россия империясининг славян бўлмаган (инородцы) ва армияга чақирилишдан озод этилган барча вакиллари, яъни ғайритабаа аҳолига тегишли эди. Чақириқ жуда кўп жойларда аҳолининг кучли норозилилига сабаб бўлди, аммо энг муҳим воқеалар ҳозирги Марказий Осиё республикалари ҳудудида рўй берди, улар Россия империясининг бир неча маъмурий тузилмалари таркибига кирар эди. Ҳозирги Қозоғистон ҳудудидаги энг йирик ғалаёнлар Тўрғай вилоятида рўй берди, маҳаллий аҳоли 1917 йилга қадар Россиянинг мустамлакачи ҳокимиятига қарши курашни давом эттирди. Қонли воқеалар ҳозирги Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистоннинг катта қисмини ва Тожикистоннинг бир бўлагини эгаллаган Туркистон генерал губернаторлиги ҳудудида содир бўлди. Бу ердаги вазият подшоҳ фармони чоп этилишидан олдин ҳам мураккаб эди. Минтақада Россия мустамлакачи ҳокимиятининг бошқарув усуллари ва сиёсатидан жиддий норозилик кузатилаётган эди. У бир неча йиллар давомида йиғилиб келаётган бўлиб, норозиликка сабаб бўлаётган нарсалар Туркистоннинг турли минтақалари ва вилоятларида турлича эди.
Аҳолини фронт орти ишларига чақириш энг қонли воқеалар содир бўлган Еттисув вилояти маҳаллий аҳолисининг мустамлакачилар ҳокимиятига қарши ғалаёнларининг ягона сабаби эмас, баҳонаси бўлган эди, холос. Ғалаёнларни, аввало, ўта уқувсизларча юритилган кўчириш сиёсати, яъни кўчманчи қирғизлар ва қозоқларда ерлари тортиб олиниб, у ерга кўчиб келаётган славянларга берилгани алангалатиб юборди. Бундан ташқари, Россия ва маҳаллий ҳокимият идоралари ҳаддидан ошиб кетаётган эди. Булар барчаси иккала томондан ҳам минг-минглаб кишиларнинг ўлимига ва яна минглаб кишиларнинг Хитойга қочишига олиб келди.
Фарғона, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида қўзғолонларга, аввало, Россия ҳокимиятининг ҳамда маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат Россия қуйи маъмуриятининг сиёсатидан норозилик сабаб бўлган эди. Гап шундаки, қуйи, “тузем” деб аталувчи маъмурият вакиллари кўпинча пора эвазига бойларнинг фронт орти ишларига чақирилаётган фарзандларини рўйхатдан ўчириб ташлаб, фақат камбағалларнинг болаларини қолдираётган эди. Маҳаллий аҳоли айрим гуруҳлари чўнтагини қаппайтириб қолишга интилаётгани сабаб аҳолининг қаҳр-ғазаби айнан маъмуриятга қарши қаратилган ва улар шафқатсизларча жазоланган эди[1]. 1916 йил 4 июлда Хўжандда илк қўзғолон юз берди. Ундан ҳам каттароқ қўзғолонлар Самарқанд вилоятининг Жиззах уездида кўтарилди, у ерда маҳаллий аҳолининг йирик гуруҳлари маҳаллий зодагонлар ва дин пешволари авлодлари етакчилигида аҳолининг фронт орти ишлари – мардикорчиликка жалб этилишига қарши чиқди.
Табиийки, маҳаллий аҳоли ўртасидаги ғалаёнларни мустамлакачилар ҳокимияти Россия империясига қарши исён деб қабул қилди ва бунда ислом дини ва ҳокимиятга нафрат муҳим роль ўйнади. Маъмурият ҳар доим ҳам маҳаллий аҳолининг норозилиги табиатини тўғри тушунмас ва шунинг учун вазиятни жўнлаштиришга уринар эди. Оқибатда 1916 йилги воқеалар кўплаб қурбонларга сабаб бўлди. Тадқиқотчи Татьяна Котюкова ушбу воқеаларни можарода қатнашган барча томонлар учун “умумий фожиа” деб атаган эди. Бундан ташқари, ўша воқеалар Россия империясининг Туркистондаги ҳокимияти омонат эканини кўрсатди, орадан бир йилдан камроқ вақт ўтгач, уни 1917 йилги Россиядаги давлат тўнтариши янчиб ташлади.
‒ “Катта ўйин” ҳар доим Марказий Осиё минтақаси тарихини ўрганиш вақтида қизиқарли мавзу бўлиб келган. Ушбу тарихий рақобат сабабли юзага келган ривоятлар ва унга ишонадиган кишилар борми? Ушбу парадигма[2] Марказий Осиёни тадқиқ қилаётган тарихчиларнинг қарашларига таъсир кўрсатадими? Унинг мавжудликка ҳаққи борми ёки бу ўринда ҳам қандайдир муаммо мавжудми?
‒ Ҳа, “Катта ўйин” минтақа тарихидаги ўта қизиқарли ва матлуб мавзу бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Айрим тадқиқотчилар, жумладан, Марказий Осиёдан бўлган тадқиқотчиларга кўра, у ҳозирги кунда ҳам, айрим ўйинчилар ўзгарганига қарамай, давом этмоқда.
Минтақа тарихида буюк давлатлар, аввало, Россия ва Британия империяларининг рақобати XIX асрнинг иккинчи ярмида улкан ва эҳтимолки, асосий роль ўйнаган эди. Бундай рақобат натижаси ўлароқ, иккала империя бир-бири томон силжиб бораверди. Оқибатда улар таъсир доирасига – таркибига Марказий Осиё, Покистон шимолидаги ҳозирги вилоятлар кирди, Афғонистон эса тортилди. Аксарият ҳолларда бир элат ва этнослар яшайдиган ҳудудларни “тирик ҳолида” бўлакларга бўлиб ташлаб, ўрнатилган чегаралар ушбу ўйиннинг ҳамда Россия билан Англия ўзаро тўқнаш келмаслик ва айни пайтда ўзи учун стратегик мавқени таъминлаб олишга интилишлари натижаси бўлган эди.
“Катта ўйин” тарихи, шубҳасиз, ҳозирги кунга қадар сиёсий тарих ва минтақада XIX аср – ХХ асрнинг бошларидаги халқаро муносабатлар тарихи билан шуғулланадиган тадқиқотчиларнинг илмий асарларида катта ўрин эгаллаб келади. Бу жуда тушунарли ва тушунтирарли. Ушбу қарама-қаршиликни ўрганмай туриб, минтақа чегаралари қандай шаклланганини, бу маҳаллий аҳоли тақдирига ва унинг ҳозирги ҳолатига қандай таъсир қилганини тушуниб олиш қийин. Шунинг учун “Катта ўйин” парадигмаси матлублигича қолмоқда ва уни Марказий Осиё ва Россия тадқиқотчилари ҳам, Ғарб олимлари ҳам ўрганишда давом этмоқда.
‒ Россиянинг минтақани босиб олиши ҳалигача турлича талқин этилмоқда. Айримлар ушбу истило минтақани модернизация қилишга олиб келди деса, бошқалар модернизация умумий тарихий тўлқиннинг бир қисми сифатида бу ерга кириб келган, деб ҳисоблайди. Айни саволга жавоб топиш учун нима қилишимиз керак?
‒ Дарҳақиқат, Россия империясининг Марказий Осиёни босиб олиш муаммоси ҳозирги кунгача ўта долзарб ва баҳсли мавзу бўлиб қолмоқда. Ушбу масалани ўрганиш кўпинча ҳиссиётларга қоришиқ нуқтаи назарлар сабаб мушкуллигича қолмоқда. Кимдир истилода минтақа табиий ривожланишининг узилиб қолиши, мустақиллик йўқолиши ва ҳк. сингари салбий жиҳатларни кўради, бошқалар ушбу воқеаларнинг ижобий жиҳатларига эътибор қаратишни мақбул деб билади. Назаримда, ушбу ёки бошқа ҳар қандай тарихий воқеани илмий жиҳатдан ўрганишда ақл ўргатиш ва керагидан ортиқ ҳиссиётларга берилиш ҳаққоний натижа бермайди. Босиб олишга сабаб бўлган нарсаларни ва умуман олганда, минтақадаги истило арафасидаги вазиятни адолатли тарзда кўриб чиқиш керак. Мавжуд материаллар асосида, архив маълумотларини, гувоҳлар гувоҳликларини ва бошқа материалларни жалб этган ҳолда, Россия империяси ўз ҳокимиятини жорий этиш билан минтақа халқларига нимани бергани ва/ёки тортиб олганини тушуниш зарур бўлади. Тадқиқотчилар бу муаммони ортиқча ҳиссиётларсиз ва ақл ўргатишсиз ўрганадиган бўлса, айни бир хил талқинга бўйни ёр бермайдиган воқеалар аҳамиятини ҳаққоний баҳолаш имкони топилади.
‒ Минтақанинг замонавий тарихшунослигида жадидлар қандай жой эгаллайди? Улар фаолияти Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасида қандай ўрганилмоқда? Ушбу ислоҳотчилик ҳаракатига етарли даражада эътибор бериляптими?
‒ Жадидчилик ва жадидларнинг фаолияти муаммоси Ўзбекистон тарихшунослигидаги жуда оммабоп мавзулардан биридир. Унга Тожикистон олимлари ҳам эътибор қаратмоқда. ХХ асрнинг 90-йилларида мана шу муаммо бўйича энг кўп тадқиқотлар ўтказилгани кузатилди, ўша пайтда жадидларнинг айрим вакиллари ҳаёти ва ижоди, жадидчилик ҳаракатининг умумий тарихи ҳамда алоҳида жиҳатлари ва йўналишларига бағишланган кўплаб мақолалар ва монографиялар пайдо бўлди. Ғарб олимлари ҳам жадидчиликдай ноёб ҳодисани ва унинг вакиллари фаолиятини ўрганди. Бу масалани чуқур ўрганган Ғарб олимларидан бири Адиб Холиддир, у архив материаллари асосида ҳатто ўзбек олимларидан ҳам олдинроқ жадидлар фаолиятининг кўп томонларини ўрганган мутахассис бўлди.
Айни чоқда жадидлар ва улар фаолиятини ўрганиш долзарблигича қолмоқда ва шу кунгача ўзбек тадқиқотчиларининг эътиборини жалб этиб келмоқда, лекин шуни ҳам айтиш керакки, шу мавзуга қизиқишнинг энг авж палласи ортда қолди. Бу масалага оид тадқиқотлар ва чоп этилган рисолалар кўплигига қарамай, шу пайтгача ҳал этилмаган ёки етарли даражада ўрганилмаган муаммолар миқдори кўплигича қолмоқда. Ушбу муаммо бўйича тадқиқотлар давом этмоқда, аммо у бўйича чоп этилаётган рисолалар миқдори олдингига ўхшаш кўп эмас. Масалан, сўнгги йилларда чоп этилган рисолалардан тадқиқотчи Салима Мадьярованинг[3] асарини санаб ўтиш мумкин. Яна жадидлар тарихи, фаолияти ва қарашлари билан профессор Дилором Алимовa ҳам шуғулланган[4].
‒ “Босмачилар” деб аталувчилар ҳақида нима дея оласиз? Совет тарихшунослиги уларга ўта салбий муносабат билдириб келган, айни чоқда эса ушбу ноёб ҳодиса ҳақидаги қарашимиз ўзгара бошлади. Эдвард Оллворт «Замонавий ўзбеклар» китобида уларни «қўрбошилар» деб атаган ва ушбу масалага муносaбатни ўзгартиришга даъват қилган эди. Шу кунларда қандай замонавий (мустақилликдан кейин) тарихшунослик тадқиқотлари олиб борилмоқда? Aрхивлардан бемалол фойдаланиш мумкинми?
‒ 1991 йилдан кейин “босмачилар” деб аталганларга муносабат Ўзбекистоннинг ҳам, бошқа Марказий Осиё республикаларининг ҳам тарихшунослигида ҳам кескин ўзгарди. Ўзбекистонда ХХ асрнинг 90-йилларида барча “босмачилар” Марказий Осиё халқларининг большевикларга қарши “мустақиллик учун курашчилари” бўлгани ҳақида бир хил фикр мавжуд эди. Аммо 90-йиллар охирига келиб, ушбу масалага нисбатан кўпроқ мувозанатланган ёндашув кучая борди. Буни, айниқса, профессор Дилором Алимова яхши кўрсатиб берди, эълон қилинган мақолаларида “босмачилар” деб аталувчиларнинг ҳаммасини ҳам “мустақиллик учун курашчилар” деб аташ ҳаққоний эмаслигини таъкидлади. Унинг ёзишича, орасида Ватанни озод қилиш учун ҳақиқий курашчилар ҳам, яна ўша курашчиларга суйкалган худодан қайтган талончилар ва каллакесарлар ҳам бўлиб, улар ҳаракатни маҳаллий аҳоли кўз ўнгида фақат обрўсизлантирган эди. Бундай қараш энг рационал ва мўътадил ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон тарихчиларининг кўпчилик қисми шунга қўшилади. Лекин 90-йиллар бошидаги мавқеда қолаётганлар, яъни барча “босмачилар”ни мустақиллик учун курашчилар қаторига қўшаётганлар ҳам бор. Ўзбекистон архивларида айни масалага ойдинлик киритадиган ва тадқиқотчилар у ёки бу тарзда фойдаланиши мумкин бўлган материаллар жуда кўп. Бундан ташқари, ушбу муаммога оид кўплаб материаллар Марказий Осиёнинг бошқа республикалари ва Россия архивларида сақланмоқда.
‒ Ғарб ва постсовет республикаларидаги тарихшунослик бир-биридан фарқ қилади. Авторитар давлатларда тарихчилар баъзан юқоридан буюрилган нарсаларни ўрганишга мажбур. Ўзбекистондаги вазият 2016 йилдан бошлаб яхши томонга ўзгара бошлади. Бу тарихни ўрганишга қандай таъсир кўрсатмоқда? Сиз қандай ижобий тамойилларни ҳис қилдингиз ёки бу ерда ҳали ҳам муайян қийинчиликлар мавжудми?
‒ Постсовет мамлакатлари тарихшунослигида турли-туман муаммолар мавжуд, аммо тарихчилар у ёки бу муаммони ўрганишга мажбурланаётгани ҳақидаги гап унчалик тўғри эмас. Ўзбекистонда бўлгани каби зикр этилган мамлакатларнинг барчасида у ёки бу масалани ўрганишда конъюнктура мавжудлиги бор гап. Ушбу конъюктурага хос қарашлардан келиб чиққан ҳолда, тарихчилар муайян масала ва муаммоларни номатлуб саналган бошқаларига зиён етадиган тарзда ўрганишга кўпроқ эътибор қаратган. Лекин шу билан бирга, ҳеч бўлмаганда, Ўзбекистонда у ёки бу масала билан шуғулланишга ҳеч ким халақит бермаган. Албатта, 2016 йилдан кейин айрим муаммолар ва ватан тарихи даврлари кўпроқ эътиборни жалб қила бошлади. Масалан, бу ўринда гап Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги вақтдан ХХ асрнинг 80-йилларигача бўлган даври, шунингдек, Шароф Рашидов шахси ва фаолияти ҳақида кетмоқда. Қандайдир сабабларга кўра, унга ҳам, у Ўзбекистонни бошқарган даврга ҳам миллий тарихшуносликда илгари деярли ҳеч қандай эътибор қаратилмаган эди. Албатта, муаммолар кўп, лекин ҳозир мамлакат раҳбарияти илм-фан, жумладан, тарих фани ривожланишига катта эътибор қаратмоқда. Афсуски, шу билан бирга бошланган ислоҳотлар ҳар доим ҳам охирига етмай қоляпти, лекин жараён бошлангани қувонарлидир. Булар барчаси одамга некбинлик бағишлайди!
Қайд этиш жоизки, ҳали ҳам ватан тарихи билан қолган дунё тарихини ўрганишда ватан тарихи тарози палласини босиб кетяпти. Бу мамлакатда дунёнинг кўплаб минтақалари бўйича мутахассислар етишмовчилигига сабаб бўлмоқда. Лекин вақти келиб, бу муаммолар ҳам барҳам топишига умид қиламиз.
‒ Сизнингча, Марказий Осиё тарихида қандай истиқболли мавзулар бор? Ёш тарихчиларга қандай маслаҳат берасиз? Масалан, сиз Россия узоқ ва бориш қийин бўлган Помирни босиб олишини ўргангансиз. Яна етарли даражада ўрганилмаган ёки эътиборни тортаётган қандай мавзулар мавжуд?
‒ Марказий Осиё тарихчилари олдида турган энг катта муаммолардан биттаси минтақанинг умумий тарихини ёзишдир. У анча йиллардан бери мавжудлигига қарамай, ҳалигача ечимини топгани йўқ. Агар Марказий Осиё мамлакатлари тарихчилари умумий принциплар ва муросага таянган ҳолда минтақа тарихини ёза олса, бу минтақадаги барча республикаларнинг тарих фанидаги улкан ютуғи бўлур эди.
Помир тарихи, унинг Россия империяси таркибига қўшиб олиниши ва империя ҳокимиятининг бу ердаги ўзига хосликлари нафақат Марказий Осиёнинг мастамлакачилик тарихида, қолаверса, жаҳон мустамлакачилигининг ажойиб ва ўта қизиқарли ҳодисасидир, уни ўрганиш тарихни яхшироқ тушуниб олиш имконини беради. Помирнинг ноёблиги қуйидаги ҳолатлардан зуҳур бўлади. Гап шундаки, Туркистон ҳудудларидан фарқли ўлароқ, у “мустамлака қилинмаган мустамлака” эди. Мен буни тадқиқотларимда қайд этганман. Одатда мустамлака қилиш маҳаллий аҳолини эзиб ишлатиш, ресурс ва пулини олиб кетиш ҳисобланади. Бу ерда 1892 йилда Россия ҳокимияти ўрнатилгандан 1917 йилга қадар, Туркистоннинг бошқа қисмларида бўлгани каби, мунтазам солиққа тортиш ҳоллари бўлмаган. Помирда маҳаллий, яъни ўз маъмуриятини ушлаб туриш, Россиянинг Помирдаги отрядига озиқ-овқат етказиб бериш учун арзимаган йиғимлар йиғилган, озиқ-овқат учун ўрнатилган нархларда ҳақ тўланган. Помирда бўлган ва хизмат қилган Россия ҳарбийлари ва амалдорларининг маҳаллий аҳолига муносабати Туркистон ўлкасининг бошқа жойларидаги аҳолига муносабатидан кескин фарқ қилган. Бунинг сабаблари кўп. Улардан биттаси россияликларнинг помирликларни қариндош халқ сифатида қабул қилгани бўлган. XIX аср охирида тарқалган назарияга кўра, руслар/славянларнинг келиб чиқиши орийлар бўлган, Помир эса орийларнинг бирламчи ватани ҳисобланган. Менинг тадқиқотларимда ушбу масалаларнинг барчаси: Россия империясининг минтақадаги сиёсати, инглизлар билан русларнинг рақобати ва бошқа муаммолар ўрганилган.
Қайд этиш лозимки, тарихшуносликда Марказий Осиёнинг XIX асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Россия империяси таркибида бўлган даврига оид иқтисодий тарихига жуда кам эътибор қаратилади. Мустамлака Туркистоннинг иқтисодиёти, савдо-сотиғи, саноат ва ҳк.ни ўрганишга бағишланган тадқиқотлар йўқ ҳисоби.
Ёш тадқиқотчилар умумжаҳон илмий майдонига кириш ва тегишли даражада тадқиқотлар ўтказиш учун тарих фанида мавжуд замонавий назариялар ва услубиётни яхши ўрганиши кераклиги шубҳасиз.
-Катта раҳмат!
Суратда: Россия империяси қўшинларининг Самарқандга кириб бориши (1968 йил), рассом Николай Каразин, манба: gallerix.ru
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Бу Еттисувга эмас, айнан «туб вилоятлар»га хос эди, Еттисувдаги вазият ҳам, норозилик чиқишлари сабаблари ҳам бошқа эди.
[2] Парадигма (грекча παράδειγμα, «мисол, модель, намуна») – илмий ҳамжамият қабул қиладиган ва қўшиладиган ва унинг кўпгина аъзоларини бирлаштирадиган фундаментал илмий кўрсатма, тасаввур ва атамалар мажмуи.
[3] Туркистон ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёти Нўширавон Ёвушев талқинида // Oʻzbekiston tarixi. 2017. № 1.
[4] Масалан, мана бу ишларни алоҳида таъкидлаб кўрсатмоқчиман: “Жадид тараққийпарварларининг ижтимоий-маданий муаммолар ҳақидаги карашлари // ХХ асрда Ўзбекистонда маданий ҳаёт тарихидан очерклар: анъаналар, инновациялар ва муаммолар. Т., 2010; Махмудходжа Бехбудий и его самаркандский журнал “Ойна” // Роль города Самарканда в истории мирового культурного развития. Ташкент-Самарканд, 2007; “Central Asian Jadidism and Egyptian Islamic Reformism: Some Comparative Remarks (Touraj Atabaki. Modernity and its Agencies Movements in the History of the South). Manihar, 2010.