Сюзен Уитфилд – инглиз тарихчиси ва кутубхоначиси, Англиянинг Лондон шаҳридаги Британия кутубхонасида ишлаган. У 1995 йили Лондон университетининг SOAS – Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабида тарихшунослик соҳасида Тан сулоласи шоири Лю Цзунюанга бағишланган «Сиёсат қаламга қарши» номи билан диссертация ёқлаб, докторлик даражасини олган.
Ҳозирги пайтда Тан сулоласи ва Буюк ипак йўли тарихининг ижтимоий ва интеллектуал тарихи бўйича мутахассис ҳисобланади. Уитфилд Дунхуан халқаро лойиҳасининг 1993 йилдан 2017 йил июлига қадар биринчи директори бўлган. Ушбу лавозимда Британия кутубхонасидаги Марказий Осиёдан олиб келинган қўлёзмаларини тадқиқ қилиш ва каталоглаштириш билан шуғулланган.
Айни интервью унинг 2018 йилда чоп этилган Silk, Slaves, and Stupas. Material Culture of the Silk Road (“Ипак, қуллар ва ступалар. Ипак йўлининг моддий маданияти”) китобига бағишланади. Қуйида CAAN сайтида эълон қилинган мазкур суҳбатнинг таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
‒ Ипак йўлининг моддий маданияти нималардан ҳикоя қилади? Нега сиз китобингиз номига ипакни (ҳашамат тимсоли), қулларни (мажбурлаш ва зўравонлик белгиси) ва ступаларни (маънавият рамзи сифатида) қўшдингиз? Ушбу маълумотлар тўпламини қандай йиққансиз?
‒ Ҳар бир буюмнинг ўз тарихи бор. Китобим сўзбошисида айтилганидай, бу тарих инерт эмас: у доимо ўзгариб боради ва атрофидаги барча нарсаларга таъсир кўрсатади. Ипак йўлини моддий маданият контекстида тадқиқ қилиш, айниқса, самаралидир. Буюмларнинг аҳамияти маданиятлар билан ўзаро таъсирлашувда – уларни ким ясагани, фойдалангани, сотгани ёки ташлаб юборганида – маълум бўлади. Бундай билиш жараёнида олинган билимлар ўтган замонлар маданиятига янгича қараш шаклланишида ёрдам беради.
Мен тадқиқот учун жуғрофий ва хронология ҳадларини энг кўп ва ҳар томонлама кўрсатиб берадиган 10 та буюмни, шунингдек, Ипак йўлидаги меъморчилик ва зиёрат ёдгорликларини танлаб олдим. Айнан шунинг учун Будда ступаси қўшилди. Тақдим этилган объектларнинг ҳар бири узоқ вақт давомида ўрганилди.
Ипак – ҳашамат рамзи ва маҳсулоти. Ипак ишлаб чиқариш пиллачилик ва тўқимачиликни ўз ичига олади. Якуний маҳсулот ва уни ишлаб чиқариш технологиялари пайдо бўлганининг дастлабки асридан бошлабоқ бутун Ипак йўли бўйлаб ҳаракат қилган, шу сабабли илмий ишимда муҳим ўрин эгаллайди.
− Марказий Осиёнинг Ғарбга таъсири ҳақида гапириш мумкинми? Бу таъсир фақат ғоя ва товарларни Шарқдан Ғарбга етказиб беришда трансфер – узатишдан иборат бўлганми? Ёки Марказий Осиё Ғарб мамлакатларига фақат ўзи ишлаб чиқарган нарсалардан ҳам олиб келганми?
− Биринчидан, мен “Ғарб” ва “Шарқ” деган атамаларни қўллашдан ўзимни тийишимни айтиб қўйишим керак, чунки улар одамни чалғитади. Шарқий Осиё, Шимолий ва Шарқий Африка – Ипак йўлининг ғарбий қисми – маданиятлари кўпсонли ва турли-туман бўлган. Бу маданиятлар Ипак йўлининг узоқ тарихи давомида бир-бирига таъсир кўрсатган ҳамда объектлар ва ғояларни жиддий равишда бойитган. Айни чоқда Европа Буюк ипак йўлининг деярли бутун тарихи мобайнида чеккада қолиб келган бўлса-да, муайян таъсир кучига эга бўлган.
Марказий Осиё минтақаси ишлаб чиқарувчи ҳам, воситачи ҳам бўлган. Минтақа орқали ўтган карвон йўллари нафақат ғарб билан шарқ, қолаверса, шимол билан жануб, яъни Буюк дашт билан Жанубий Осиё ўртасида ҳам солинган. Ғоя ва технологиялар ғарб билан шарқ ўртасида иккала йўналишда ҳам бориб келаверган. Минтақалар ўртасидаги Ипак йўлига асос солган савдо-сотиқ билан ҳамкорлик ривожланишининг муҳим омилларидан бири милодий I асрда Кушонлар подшоҳлигининг вужудга келиши бўлган. Масалан, Кушонлар даврида ўрнатилган барқарорлик буддизмнинг Тарим дарёси (Тарим – ХХРдаги Синцзян Уйғур мухтор тумани ички дарё тизимининг бош ўқи бўлган йирик дарё) бассейнига, у ердан Хитойга, Корея ярим оролига ва Японияга кўчиб ўтишига имкон берди. Буддизм Ипак йўлидаги ҳаёт ва санъатнинг кўплаб жиҳатларига улкан таъсир кўрсатди.
Марказий Осиё фақат хомашё манбаси бўлмаган, бу ерда моддий маданиятнинг ажойиб намуналари ишлаб чиқарилган. Мисол учун, Бақтрия олтинини ва унинг Корея ярим оролидаги цивилизация – тамаддунга кўрсатган таъсирини олайлик. Ёки Ҳиндикушдан қазиб олинган ложувардни эслайлик, у Ипак йўли юзага келишидан анча олдин Шимолий Африкага экспорт қилинган ва бутун Ипак йўли маршрути давомида, орадан анча вақт ўтгандан сўнг Европада ҳам бадиий нақш беришда ишлатилган.
− Нега сиз Буюк ипак йўлининг таъсирини етарли даражада ўрганилмаган деб ҳисоблайсиз? Питер Франкопаннинг “Ипак” йўли китоби-чи?
− Ипак йўли ғояси – нисбатан ёш. Гарчи бу атама 1877 йили истеъмолга киритилган бўлса-да, у фақат ўтган асрнинг охирига келиб, кенг қўллана бошлади. Марказий Осиёнинг аҳамияти ҳақида айрим тадқиқотчилар, жумладан, Андре Гандер Франк 1992 йили чоп этилган “Марказий Осиёнинг марказийлиги” (The Centrality of Central Asia) эссесида фикр юритган, лекин кўпчилик бундан бехабар.
Тарихчиларнинг ўрта асрлар дунёсига Европа ёки Хитой марказ қилиб олинган линза орқали қарашдай эски анъанаси мавжуд ва буни ўзгартириш қийин.
Сўнгги йиллар давомида қотиб қолган қарашлар баҳсли эканини очиқ-ойдин айтиш бўйича бир қатор ташаббуслар илгари сурилди, “Глобал ўрта асрлар” мавзусини муҳокама қилиш учун илмий гуруҳлар тузилди. Питер Франкопаннинг китоби айни тамойилнинг бир бўлагидир, у жуда оммалашиб кетиб, кўп сонли ўқувчиларни кенгроқ дунё ғояси ва янада мураккаброқ тарихи билан таништирди. Хитой илгари сурган “Макон ва йўл” ташаббуси, гарчи тарихни марказида Хитой турувчи призма орқали тамсил этса-да, Ипак йўли тарихидан хабардорлик ошишига ёрдам берди ҳамда, айниқса, Африка маданиятларининг Ипак йўлидаги аҳамияти бўйича кенгроқ муҳокамаларга йўл очиб берди.
− Энг йирик жумбоқлардан бири Ипак йўлида мавжуд бўлган бағрикенгликдир, у чин маънодаги кўп маданиятли маршрут бўлган. Бунинг сабаби нима?
− Менимча, бунинг ҳеч қандай жумбоқлиги йўқ. Одамлар Афро-Евроосиёни кесиб ўтган ва янги жойларда иккита сабабга кўра ўтроқлашиб қолган: босқинчилик урушлари ҳамда танлов бўлмагани учун мажбурий миграцияси ва қуллик боис иқтисодий фойда ва диний билим излаб шундай қилишга мажбур бўлган. Баъзан кўчиб келганлар қабул қилинган, баъзида эса – йўқ. Аммо Буюк ипак йўли тарихи давомида кўплаб жамоатлар шаклланган, уларга турли дин, маданият ва тилларга мансуб халқлар кирган. Баъзан барча кишилик жамиятларида бўлгани сингари можаролар, тоқатсизлик ҳолатлари ҳам рўй бериб тургани шубҳасиз.
Бир замонлар Рим Пантеони билан бўйлашган Покистоннинг Сват водийсидаги Амлук Дара катта ступаси то ҳануз маҳобатли бино ҳисобланади. У Ипак йўлининг боғлар салтанати бўлмиш Удянада қурилган шунга ўхшаш кўплаб буддавийлик иншоотларидан бири, холос. Афсонада Ҳиндикуш тоғи чўққилари орасидаги кўлда яшаган Апалала қирол илони ҳақида ҳикоя қилинади. У ҳар йили кўлдан оқиб чиқаётган Сват дарёси водийсида яшаган одамлардан ғалладан йиллик ўлпон талаб қилган. Водий замини унумдор бўлган, Удяна – боғ номи ҳам шундан. Лекин бир йили одамлар ўлпон тўлашдан бош тортади ва Аапалала уларнинг ерларини сувга бостирган. Одамлар Буддадан ёрдам сўраган. У водийга келиб, Апалалани ўз динига ўтказган ва қояда ташрифи белгиси сифатида из қолдирган.
− Марказий Осиёнинг Шарқ, хусусан, Хитойга таъсири қандай бўлган? Бу ҳақда моддий маданият қандай маълумот беради? Хитой бундай таъсирни муҳокама қилиш учун очиқми?
− Хитой тилини университетда ўрганаётиб, сўнгра Хитойнинг ўрта асрлар тарихшунослигини аспирантурада тадқиқ қилаётиб, бир нарсани англаб етдим –Хитой халқлари тарихи ва маданиятини унинг қўшни мамлакатлар билан муносабатларидан узиб олиб тушуниб бўлмайди, ушбу муносабатлар эса айнан савдо йўллари бўйлаб ривожланган. Хитойнинг анча вақт мобайнида очиқлиги у ерда ўзгарувчан ва ҳомоген – бир хил бўлмаган мураккаб жамият пайдо бўлишига олиб келди. Кўпчилик хато тарзда Хитой жамиятини ҳомоген деб тасаввур қилади. Бу ўз навбатида мамлакат маданиятини жиддий тарзда мустаҳкамлади. Мен ушбу тушунчадан келиб чиқиб, Хитойни Европага монанд, турли-туман маданиятлар, тиллар ва халқлар учрашган жой сифатида идрок қила бошладим. Даврлар мобайнида бу макон гоҳ турли элатларга мансуб ҳукмдорлари бор империялар бошқаруви остида бирлашган, гоҳ бир вақтда бир неча мустақил монархиялар кўринишида мавжуд бўлган.
Ҳашаматли буюмлар, Тан сулоласи, Шэнси тарих музейи, Сиан шаҳри. Ипак йўли бўйлаб давом этган савдо-сотиқ Тан жамиятига битмас-тугунмас бойлик ва кўплаб чет эл маданиятлари таъсирини олиб келди. Бу ерда иккита намунани кўриш мумкин. Биринчиси 5 дюймли (12,7 см) сиртига олтин суви юргизилган кумушдан ясалган сув идиш бўлиб, устига ўйнаётган от сурати солинган, от шароб тўлдирилган идишдан уни ичишга ва идишни оғзида ушлаб туришга ўргатилган эди. Император Сюанцзун меҳмонларга зиёфатлар чоғида томоша кўрсатидаган бундай отларни боқтирарган. Лекин шакли шимоллик кўчманчиларнинг чарм идиши – мешни эслатувчи сув идишининг шакли ва уни тайёрлаш усули Хитойдан ташқаридаги маданиятнинг таъсиридан далолат беради. Иккинчи буюм –6 дюймли (15,24 см) ониксдан маҳорат билан тайёрланган олтин тиқинли (кийик «бурни») узун ритон (шароб ичиладиган шох). Шарқий Осиёдан олиб келингани гумон қилинаётган ушбу буюм VI ёки VII асрда Сосонийлар ёки суғдлар устахонасида тайёрлангани эҳтимолдан холи эмас. Иккала буюм ҳам 1970 йилда Сиан шаҳри яқинидаги Хэцзяцюн қурилиш майдонидаги сақланма жойдан топилган эди.
Моддий маданият нуқтаи назаридан, айниқса, Ипак йўли давридаги Хитой ҳаёти ва санъатида отнинг ҳарбий ва стратегик аҳамияти ва роли бундай таъсирнинг яққол намунаси бўла олади. Ипак йўли маршрути пайдо бўлишидан олдин от ҳали Хитой маданиятига кириб келмаган эди, аммо ўша даврга келиб, Чин юртининг қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлиги самараси ўлароқ, бу жонивор унинг маданиятига кириб борди. Айни моддий маданиятда аксини топди: от анжомлари, Хан империяси генерали Хо Йюйбин қабри устидаги от ҳайкали, Тан сулоласи ҳукмронлиги даврида кумуш сув идиши сиртига ишланган ўйинга тушаётган от тасвири, отлар иштирокидаги ўйинлар ва ов саҳналари тасвирланган ҳайкалчалар ва расмлар, шунингдек, янги тренд – тамойил, яъни от миниш учун махсус кийим ‒ “hufu”ни кийиш урф бўлгани.
Ҳуфу кийган аёл. Виктория ва Алберт музейи. Тан сулоласи давридаги (618 – 907) Хитойнинг аёл зодагонлари от минган, эркакларга ўхшаб, қўшни кўчманчиларнинг кийимларини кийган. У «чет элликлар» (ҳуфу) кийими сифатида машҳур. Болоқлари қўнжи баланд этиклар ичига тиқилган кенг шим устидан белдан бошлаб кийилган ва икки ёнида йирмочи бўлган туникадан иборат бўлган. Бу кийим тури VII аср ва VIII аср бошида урф эди. Чиндан ҳам айримлари Хитойнинг аёлларнинг узун анъанавий кийимларини кийган, бошқалари эса, мана шу расмда кўрсатилганидек, ҳуфу кийган. VIII аср да ушбу буюм кобальтсимон мовий қўрғошинли Хитой сири билан қопланган бўлиб, Яқин Шарқдан Буюк ипак йўли орқали олиб келинган. Аёл қўлида жажжи итни ушлаб турибди, у ўша пайтлари Хитой зодагонлари орасида урфга кирган.
− Хитой ва хитойликларнинг Марказий Осиё аҳолисига таъсири ҳақида нима дея оласиз? Назаримда, Марказий Осиёдан борга кишилар 3 минг йил давом этган маданий ва савдо муносабатлари вақтида Хитой тамаддуни ичида эриб, йўқ бўлиб кетмай ўзлигини сақлаб қола билган…
− Дарҳақиқат, Марказий Осиёнинг катта қисми – Тарим дарёси бассейни – ҳозирги Хитойнинг бир бўлаги ҳисобланади. Аммо юқорида қайд этилганидай, Ипак йўли тарихининг улкан даври мобайнида ушбу минтақада ўз тил ва маданиятига эга бўлган автоном ёки ярим автоном монархиялар мавжуд бўлган.
Масалан, нефрит етказиб берувчи Хўтан подшоҳлиги тили, адабиёти ва санъатига эга ўзига хос ва бой маданиятга эга бўлган. Хўтан санъати билан буддизм Хитойга таъсир кўрсатганини биламиз. Орадан минг йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Хўтан давлати шимоли-ғарбдан бўлган босқинчилик ҳужумлари оқибатида таназзулга юз тутди.
Ипак йўлининг кечки даврида минтақа мўғуллар қўлига ўтди ва ҳозирги вақтга қадар ушбу ҳудуд асосан туркий халқларники бўлиб келмоқда, уйғурлар даштдаги империяси қулагандан сўнг жанубдаги Тарим дарёси томон кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Хитойнинг Цин империяси XVIII асрда бу ерларни босиб олгандан сўнг ҳам маданияти, тили ва динини сақлаб қолди. Бугунги кунда Хитой ҳукумати минтақада юритаётган сиёсат оқибатида ушбу маданият жиддий таҳдидларга учрамоқда.
− Нега Ипак йўли бу қадар тез йўқ бўлиб кетди? Нима учун минтақалараро савдо-сотиқ ривожланмади? Ҳозирги вазият Ипак йўлини тиклашга йўл бермаётган ўша даврга ўхшаш эмасми?
− Ипак йўли жуда йўқ бўлиб кетгани ҳақидаги фикрга қўшила олмайман. Минтақалараро савдо-сотиқ Осиёнинг катта қисмини эгаллаб турган мўғуллар империяси вақтида ҳам, ундан кейин ҳам давом этди: масалан, Европа бозорларига мўлжалланган Марказий Осиё ложуварди, ислом шишаси ва Хитой чиннисини олайлик.
− Ипак йўли даврининг тугаши узоқ истиқболда минтақага қандай таъсир кўрсатди?
− Бу саволга жавобни Питер Франкопандан сўраш керак бўлади!
Susan Whitfield, Silk, Slaves, and Stupas. Material Culture of the Silk Road, University of California Press, March 2018