Суратда: Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил май ойидаги Хитойга ташрифи, манба: Ўзбекистон президентининг расмий веб-сайти
Муаллиф: Наргиза Мураталиева, сиёсий фанлар номзоди, доцент.
Ўзбекистон ҳукумати алоқаларни Марказий Осиё минтақасида ҳам, қолган дунё билан ҳам фаол ривожлантирмоқда. Аммо Тошкентнинг Пекин билан ҳамкорлик мавзуси Хитойнинг Марказий Осиё минтақаси бошқа мамлакатларидагидан фарқли ўлароқ, ички ва ташқи дискурснинг эътибор марказига тушмаяпти.
Хитойшунос, Марказий Осиё бўйича эксперт, Москвадаги Карнеги маркази консультанти Темур Умаров CAAN сайтига берган интервьюсида “Макон ва йўл” ташаббуси унинг Ўзбекистон қисмида қандай бажарилаётгани ҳақида фикр юритади, Ўзбекистон билан Хитойнинг долзарб статистика маълумотларини келтиради ҳамда визасиз режим ва синофобия[1] хусусида мулоҳаза қилади.
− Ўзбекистон ҳам минтақанинг бошқа мамлакатлари сингари Хитой билан қаттиқ яқинлаша бошлади, унинг Пекинга қарзи даражаси ортиб бормоқда. Ёки бу Шавкат Мирзиёевнинг янги сиёсати билан боғлиқми? Бу ҳақда нима дейсиз? Хитой Ўзбекистонга киритаётган инвестициялар ёки унинг Пекин олдидаги қарзи ҳақида маълумотлар борми?
‒ Назаримда, президент Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистон ташқи дунёга очила бошлади, аслида барча мамлакатлар билан яқинлашиш рўй берди. Бу ўринда Хитой ҳам истисно эмас ва у Ўзбекистон шериклари орасида, айниқса, иқтисодиёт соҳасида алоҳида ўрин эгаллайди.
Гапни ташқи қарздан бошласак, у 2016 йилдаги 13 миллиард доллардан 2019 йилга келиб 18,8 миллиард долларгача (2 йилда 44,7 фоиз) ўсди. Шундан 2016 йилда Хитойга 2,9 миллиард доллар (жами қарзларнинг 22 фоизи) қарз бўлган бўлсак, 2019 йилга келиб, бу кўрсаткич 7,8 миллиард долларга 41 фоиз) етди. Лекин шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бўйича мамлакатларга бўлиб кўрсатилган расмий маълумот йўқ. Ушбу маълумотлар Council on Foreign Relations ва бошқа манбаларга асосланади.
Қарз барорбарида Хитойдан Ўзбекистонга киритилаётган инвестициялар ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Американинг «Heritage Foundation» таҳлил маркази маълумотларига кўра, Хитой Ўзбекистонга шу пайтгача 5,58 миллиард доллар киритган. Аммо марказ ўз рўйхатига нисбатан майда инвестиция лойиҳаларини киритмайди. Уларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, жами киритилган пул ҳажми, президент Шавкат Мирзиёев берган баёнотларга кўра, деярли 8 миллиард долларга етади. Қизиғи шундаки, хитойлик инвесторлар учун энг жозибали бўлган соҳа ўзгарди: 2016 йилга қадар барча инвестиция таклифлари қишлоқ хўжалиги, энергетика ва транспорт соҳасида жамланган бўлса, ҳозирги пайтга келиб, ҳамкорлик борасидаги асосий эътибор кўчмас мулк қурилишига қаратилмоқда. Хитой сармояси иштирокидаги корхоналар сони ортиб бормоқда – бугунги кунга келиб, турли маълумотларга кўра, улар миқдори 700 – 1140 бўлиб, улар, асосан, енгил саноат, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, воситачилик хизматлари кўрсатиш сингари соҳаларда жамланган.
Савдо-сотиқ ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Ташқи савдо айланмаси 2016 йилдан 2018 йилга қадар 70 фоиз ортди. Хитой билан савдо айланмаси эса 2018 йилда 6,4 миллиард долларга етди. Хитой Ўзбекистоннинг энг етакчи савдо шеригига айланди, у билан ташқи савдо айланмаси жами айланманинг 19 фоизини ташкил қилди, Россия эса 16,9 фоизлик кўрсаткич билан 2-ўринни эгаллади.
Лекин вазиятни бўрттириб, Хитойнинг Ўзбекистондаги монополияси ҳақидаги гапиришга ҳали эрта. Ўзбектистоннинг ХХР олдидаги ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотниннг 16 фоизини (бу ҳам норасмий маълумотларга кўра), айни пайтда Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг айни кўрсаткичлари мос равишда 15, 20 ва 16,9 фоизни ташкил қилади.
Расмий Тошкент оқилона сиёсат юргизадиган бўлса, Хитой билан муносабатлар потенциалидан бундан буён ҳам мамлакатни ривожлантириш йўлида фойдаланиш мумкин бўлади.
‒ Яқинда Ўзбекистон хитойликлар учун 2020 йил бошидан 7 кунгача визасиз режим жорий қилиш орқали ХХР билан ҳамкорлик борасида Марказий Осиёдаги қўшниларидан ўзиб кетди. Сизнингча, мамлакатларнинг бундай келишуви узоқ сақланиб қоладими? Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳам бунга эргашади деб ўйлайсизми?
‒ Мен ушбу масалани хитойлик сайёҳлар учун виза бекор қилинишини Ўзбекистониннг виза сиёсати либераллаштирилишидан алоҳида олиб қарамоқчи эмасман. 2020 йил 1 январдан ватандошлари Ўзбекистонга (5 кундан 60 кунгача бўлган турли муддатларга) визасиз келиши мумкин бўлган мамлакатлар сони 70 дан ошади. Бошқа мамлакатлар ватандошлари эса бунинг учун электрон виза олса кифоя.
2018 йилда Ўзбекистонни 30 мингдан ошиқ хитойлик сайёҳ зиёрат қилди, 2020 йилдан бошлаб улар сони янада ошиб боради, деб ўйлайман.
Туризм Ўзбекистонда потенциали тобора ошиб борилаверадиган соҳадир. Ўзбекистон учун Хитой – ўта муҳим мамлакат. 2018 йилда Ўзбекистонни 30 мингдан ошиқ хитойлик сайёҳ зиёрат қилди, 2020 йилдан бошлаб улар сони янада ошиб боради, деб ўйлайман.
Олдинроқ Хитой тарафи ҳам ўзбек иш одамлари ва давлат хизматчиларига виза олишдаги талабларни бирмунча юмшатган эди. Илгари зикр этилган тоифага мансуб кишилар ХХР ваколатли идорасининг расмий таклифномасини тақдим этиши мажбурий бўлган бўлса, бугун бу нарса талаб этилмайди.
Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар билан виза режимларини соддалаштириш осон иш эмас. Бутун сентябрь давомида хитойликларга қарши норозилик намойишлари тинмаган Қозоғистонда бунақа ғоя норозиликларнинг янги тўлқинига сабаб бўлиши мумкин. ХХРнинг Қозоғистондаги элчиси Чжан Сяонинг (张霄) фикрича, Хитой тарафи Остона/Нур-Султонга бир неча марта икки мамлакат ватандошлари учун сайёҳлик ва тижорат визаларини енгиллаштириш бўйича битим тузишни таклиф этган, аммо бундай таклифлар эътиборсиз қолдирилган. Назаримда, Қирғизистон ҳам шундай аҳволда. Тожикистонда Хитой ватандошлари учун электрон виза олиш бўйича энг содда схемалардан бири амал қилади, Туркманистондаги виза сиёсати эса – алоҳида мавзу.
‒ Тошкент билан Пекин ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайиши Қозоғистон ва Қирғизистондаги сингари аксилхитой кайфиятларини пайдо қиладими? Ўзбекистонда Хитойнинг “юмшоқ кучи”дан синофобиянинг олдини олиш тадбири сифатида қанчалик самарали фойдаланиляпти?
‒ Яқин келгусида Ўзбекистонда аксилхитой кайфияти авж олиб кетишига ишонмайман. Синофобия одамларни кўчага олиб чиқаётган мамлакатларда (Қозоғистон, Қирғизистон) Хитой билан мавжуд муаммолар оловига Шинжон-Уйғур мухтор туманида мусулмонлар таъқиб қилинаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам “мой сепмоқда”.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан фарқли ўлароқ, Ўзбекистоннинг Хитой билан умумий чегараси йўқ
Ушбу мавзу бир неча сабабга кўра, Ўзбекистон учун унчалик нозик масала ҳисобланмайди. Биринчидан, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан фарқли ўлароқ, Ўзбекистоннинг Хитой билан умумий чегараси йўқ. Иккинчидан, 2010 йилда ХХРда ўтказилган аҳолини рўйхат олиш натижаларига кўра, Хитойда истиқомат қилаётган этник ўзбеклар сони нисбатан кам – 10 000 нинг нари-берисида (айни чоқда тожиклар 50 минг, қирғизлар – 180 минг, қозоқлар эса – 1,5 миллион киши). Учинчидан, бу Марказий Осиёда яшайдиган уйғурларга ҳам тегишли. Қозоғистонда 224 минг (2009 йилги маълумотларга қараганда), Қирғизистонда 70 минг, Ўзбекистонда эса 19, 5 минг уйғур яшайди.
Агар Хитойда қўшни Қирғизистон билан Қозоғистон ватандошларининг қариндошлари, ҳатто Марказий Осиё мамлакатлари ватандошларининг йўқолиб қолиш ҳоллари кўп учраётган бўлса, Ўзбекистонда бу ҳақда бирор гап эшитилаётгани йўқ.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда хитойликлар иштирокида шов-шувларга сабаб бўлган миллатлараро можаро рўй бергани йўқ. Боз устига, мамлакатда хитойликларга қарши митинглар ҳам уюштирилмади.
Лекин бу жамиятда синофобия ривожланиши учун потенциал йўқлигини англатмайди. Тошкент шерикларидан бирига бутунлай қарам бўлиб қолмаслиги учун минтақадаги турли ташқи кучлар ўртасида мувозанат сақлашни давом эттириши зарур.
Аксилхитой кайфиятлари вужудга келиши олдини олиш учун ўзбек хитойшунослигини ривожлантириш, қолип ва тарғибот таъсирига тушиб қолмай фикрлайдиган ҳақиқий экспертларни тайёрлаб етиштириш зарур.
Замонавий Хитойга ҳаққоний баҳо бера оладиган экспертлар ҳамжамиятисиз ушбу мамлакатга нисбатан мақбул ташқи сиёсатни шакллантиришнинг имкони йўқ. Ҳозирчи бизда иккита Конфуций институти ва Хитой грантлари бўйича сони кундан-кун ортиб бораётган талабалар бор, холос. Бу – яхши тамойил, токи ўз мактабларини яратмас экан, Ўзбекистон бир неча йилдан сўнг объектив таҳлилга ноқобил, фақат ўзи ҳақида билим берган мамлакатнинг позицияси ҳақида гапиришдан бошқасига ярамайдиган экспертларга эга бўлади.
‒ Ўзбекистонда Хитой инвестициялари билан боғлиқ шов-шувли коррупция можаролари рўй берганми?
‒ Йўқ, Бишкек ТЭЦни модернизация қилиш билан боғлиқ можаро сингари шов-шувли воқеа рўй бергани йўқ. Лекин бу Хитой бизнеси мамлакатда ишлаш учун коррупциядан фойдаланмаганини англатмайди – бусиз мамлакатда бизнесни ривожлантириб бўлмаслигини ҳамма билади.
Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тергов қилиш лойиҳаси (OCCRP) эълон қилган ҳисоботда айтилишича, Хитойнинг энг йирик Huawei телекоммуникация компанияси Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг Revi Holdings офшор компаниясига пул кўчирган. Лекин жанжал келиб чиқмади, негаки, ўша пайт бу оддий ҳол эди.
Huawei Ўзбекистон бозорида 1999 йилдан бери фаолият юритмоқда, ушбу компания ускуналари билан уяли алоқа оператори “Ўздунробита” (акцияларининг назорат пакети Гулнора Каримовага тегишли бўлган) ифратузилмаси барпо қилинган эди. Бироқ Хитой компанияси хизматларидан бошқа операторлар ҳам фойдаланган ва бугунги кунда ҳам фойдаланмоқда.
‒ Ўзбекистон “Макон ва йўл” ташаббуси билан боғлиқ қандай лойиҳаларни амалга оширмоқда? Тошкент Қирғизистонга инвестициялар ажратишга тайёр эканига қараганда, Ўзбекистон Қирғизистон билан ўртадаги темирйўл қурилиши бўйича келишувларни тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Томонлар яқин ўртада келишувга эриша оладими? Тошкентнинг ушбу лойиҳадан алоҳида манфаатдорлиги нималардан иборат?
‒ Аслида таркибида Хитой инвестициялари бор лойиҳалар рўйхатига қаралса, 2013 йил октябридан бери МДҲнинг барча лойиҳалари “Макон ва йўл” ташаббуси асосида амалга оширилаётганини кўриш мумкин. Албатта, Ўзбекистон ташаббусда қатнашишга жон-жон деб рози бўлди, мамлакат анчадан бери буни орзу қилаётган – Ўзбекистоннинг миллий мафкураси қисман унинг буюклигини Ипак йўли орқали қайта тиклашга қаратилган эди.
Самарқанддаги мен ўқиган мактабда “XXI асрнинг ипак йўли” картинаси осиғлиқ турар, унда ўтмишдаги туялар карвони футуристик тезюрар поезда айланаётгани тасвирланган эди.
Яъни Хитойнинг “Буюк ипак йўли”ни тиклаш ғояси шунга жуда мос тушаётган эди. Ўзбекистоннинг жуғрофий жойлашуви ҳисобга олинса унинг чекига минтақадаги боғловчи бўғин бўлиш тушган эди. Дарвоқе, Шавкат Мирзиёев маъмурияти ушбу қулай жойлашувдан Марказий Осиёдаги интеграция билан боғлиқ барча ғояларни амалга оширишда фойдаланмоқда. Хуллас, Хитой билан барча қўшма лойиҳалар “Макон ва йўл” ташаббусининг таркибий қисмлари ҳисобланади, ҳатто бунга айни ташаббус эълон қилингандан олдин бошланган лойиҳалар ҳам киради.
Темирйўл масаласига келсак, Қирғизистон билан Ўзбекистон уни 90-йилларнинг ўрталаридан бери қуришни режалаштириб келади. Маълумки, ушбу йўналишда ҳозирча бирор арзирлик иш қилингани йўқ, лекин Ўзбекистон сўнгги йилларда ушбу лойҳадан манфаатдор эканини бир неча марта намойиш қилди. Агар мамлакатлар чиндан ҳам “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўл коридорини қуришга қарор қиладиган бўлса, бу мамлакатлар, айниқса, Қирғизистоннинг ривожланиши учун яхши туртки бериши шубҳасиз. Аслини олганда, ушбу темирйўл Европа ва Яқин Шарқ – бизнинг жуғрофий жойлашувимизга кўра, Ғарбий Осиё – мамликатлари учун ҳам фойдали бўлади, масофа 900 километрга, юкларни етказиб бериш вақти эса 7 – 8 кунга қисқаради.
‒ Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий ва сиёсий ҳамкорлик қандай ривожланмоқда? Тошкент билан Пекиннинг бунчалик яқинлашуви учун қандайдир объектив хатарлар мавжудми?
‒ Ўзбекистоннинг биринчи президенти дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида мувозанат сақлашни мамлакат ташқи сиёсатининг асоси қилиб белгилаган эди. Бу мамлакатнинг мустақил бўлиб қолиши, бирор қудратли давлат билан муносабатлар бузилган тақдирда “хавфсизлик ёстиқчаси”га эга бўлиш имконини берар эди. Ўзбекистон раҳбарияти илгари Хитойни масофада ушлаб турган бўлса, ҳозир ҳам ўзини унинг қучоғига отаётгани йўқ. Ўзбекистон, айниқса, ҳарбий ва сиёсий соҳада эҳтиёткорлик билан иш кўрмоқда. Ҳар ҳолда яқин келгусида бунга тескари йўл тутилишига оид бирор аломат кўзга ташланмаяпти.
Стокҳолм муаммоларни тадқиқ қилиш институти (SIPRI) маълумотига кўра, Ўзбекистон фақат 2014 йилга келиб, ХХРдан 5 та учувчисиз разведка ва зарба бериш аппарати – дронни сотиб олди, яқинда ахборот воситаларида Хитой миномётлари сотиб олингани тўғрисида хабар берилди. Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий техника ва қурол-яроғ сотиб оладиган манбалари АҚШ, Туркия, Испания ва Франциядир. Ўзбекистон вақти-вақти билан Хитой билан кўптомонлама ва икки томонлама (“Ҳамкорлик – 2019”) ҳарбий машқларда қатнашиб туради. Мамлакатлар армиялари тажриба алмашмоқда, Ўзбекистон Қуролли кучлари зобитлари Хитойда малака оширяпти. Назаримда, ҳозирча керагидан ортиқча яқинлашишга ҳеч қандай сабаб йўқ.
Лекин хатарлар доим бор, ҳар қандай вазиятга тайёр туриш учун уларни муҳокама этиш керак бўлади. Мен ҳозир хатарлар нуқтаи назаридан мамлакатларнинг технологиялар ва юмшоқ инратузилма соҳасидаги ҳамкорлигига кўпроқ эътибор қаратган бўлар эдим. Хитой компаниялари Ўзбекистон вилоятларида “Хавфсиз шаҳар” тизимини жорий қилишига оид хабарлар муайян ташвиш уйғотади. Гарчи подадан олдин чанг чиқишини истамасам-да, Хитойда ижтимоий кредит тизимини барпо қилиш учун сунъий ақлдан, йирик маълумотлар ва замонавий технологиялардан фаол фойдаланилаётгани янгилик эмас.
Муаллиф ҳақида: Наргиза Мураталиева – сиёсий фанлар номзоди, доцент. 2010 йили «Россия ва Хитойнинг Марказий Осиёдиги минтақавий сиёсати ва ШҲТ ҳамкорлик омили сифаиида» мавзусида диссертация ёқлаган. “Россия билан Хитой Марказий Осиёда” монографияси муаллифи, 10 га яқин монографиянинг ҳаммуаллифи, онлайн нашрлар ва тақриз ёзиладиган нашрларда чоп этилган 50 дан ортиқ таҳлилий мақолалар муаллифи.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Синофо́бия (лот. Sinae — Хитой ва қадимги юнонча φόβος — қўрқув) — Хитой, хитойликларни ва барча Хитойга хос бўлган нарсаларни қабул қила олмаслик, уларга нисбатан тоқатсизлик, нафрат.