Суратда: ЕОИИ мамлакатлари раҳбарлари Еревандаги саммитда, фото: Российская газета
Россия Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифидан сўнг маҳаллий ОАВда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириш эҳтимоли ва бунинг мамлакат иқтисодиёти учун афзалликлари ёки зарари ҳақида мулоҳаза ва фикрлар билдирилмоқда. Ўзбекистон ушбу иттифоққа аъзо бўлишининг афзалликлари ва салбий оқибатлари борлиги шубҳасиз. Россия ва Қозоғистонда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун шароитлар ва маълум тартибларни соддалаштириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ЕОИИ мамлакатлари бозорларига киришини енгиллаштириш асосий афзал жиҳатлардир. Салбий оқибатлар сифатида нисбатан кам ривожланган маҳаллий саноат учун ушбу иттифоққа аъзо бўлиш жиддий рақобатни юзага келтиришини таъкидлаш мумкин. Чунки, ўз навбатида, Ўзбекистон бозори ҳам ЕОИИ мамлакатларида ишлаб чиқарилган товарлар учун очиқ бўлади. Бундан ташқари, Ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан қўлланган ёки келажакда қўллаш эҳтимоли бўлган иқтисодий санкциялар Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
ОАВдаги ушбу мавзуда фаол мунозаралар ва баҳслар сабаб, ЕОИИ иқтисодий механизмининг амалда қандай ишлаши, давлатлараро божхона чегараларининг йўқлиги ички ва ташқи савдо ривожланишида қандай натижаларга эришилгани ҳақида табиий саволлар туғилади. Шу боис, ЕОИИ мамлакатларининг ички (ўзаро, иттифоққа аъзо давлатлараро) ва бошқа мамлакатлар билан ташқи савдосининг охирги саккиз йилдаги ривожланиши, жумладан, Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдо алоқалари ривожланишига оид қизиқарли фактларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.
Евроосиё иқтисодий иттифоқининг қисқача тарихи
Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь ва Арманистонни бирлаштирган Евроосиё иқтисодий иттифоқи 184 миллион аҳолига ва 20 миллион квадрат километрдан ортиқ майдонни ўз ичига қамраб олган улкан иқтисодий бозордир. Гарчи ҳозирги шаклида ЕОИИ 2014-2015 йилларда ташкил топган бўлса-да, бундай интеграциянинг бошланиши 1994-1995 йилларга бориб тақалади. 1994 йил март ойида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Евроосиё давлатлари иттифоқини тузиш ғоясини илк бор илгари сурган эди. Кейинчалик воқеалар қуйидаги хронология бўйича ривожланди:
· 1994 йил (июнь): иттифоқнинг интеграцион (иқтисодий бирлашиш) лойиҳаси батафсил ишлаб чиқилди ва жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди.
· 1995 йил: Беларусь, Қозоғистон ва Россия чегаралардаги тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатлараро эркин савдо-сотиқни жорий қилиш мақсадида Божхона иттифоқи тўғрисидаги шартномани имзолади.
· 1999 йил (февраль): Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий макон тўғрисидаги шартномани имзолади.
· 2000 йил (октябрь): Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятини (ЕврАзЭС) таъсис этди.
· 2003 йил (сентябрь): Беларусь, Қозоғистон, Россия ва Украина Ягона иқтисодий маконни ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолади.
· 2007 йил (октябрь): ўзаро савдо-сотиқда товарларнинг эркин ҳаракатланиши ва бошқа мамлакатлар билан савдо-сотиқни ривожлантиришда қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида Беларусь, Қозоғистон ва Россия ўртасида Божхона иттифоқини тузиш тўғрисидаги шартнома имзоланди.
· 2010 йил (январь): Беларусь, Қозоғистон ва Россиянинг Божхона иттифоқи ўз фаолиятини бошлади. Ягона божхона тарифлари жорий этилди, мазкур давлатлараро чегараларда божхона расмийлаштируви ва назорати бекор қилинди, шунингдек, уч мамлакат ҳудудида товарларнинг тўсқинликсиз ҳаракати таъминланди.
· 2014 йил (май): Божхона иттифоқига ва Ягона иқтисодий маконга аъзо мамлакатлар президентлари Евроосиё иқтисодий иттифоқини (ЕОИИ) тузиш тўғрисидаги шартномани имзолади.
· 2014 йил (октябрь): ЕОИИга Арманистон қўшилди.
· 2014 йил (декабрь): ЕОИИга Қирғизистон қўшилди.
· 2016 йил: ЕОИИ ва Вьетнам ўртасида эркин савдо зонаси тўғрисидаги битим кучга кирди.
· 2018 йил: Молдова Республикасига ЕОИИда кузатувчи мақоми берилди, ЕОИИ билан Хитой ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, ЕОИИ билан Эрон ўртасида эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисида вақтинчалик битим имзоланди.
ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги ички савдо ва мазкур иттифоқнинг ташқи дунё билан савдо алоқалари
Евроосиё иқтисодий иттифоқининг асосини ташкил қилувчи иқтисодий интеграция модели 2010 йилдан, яъни Россия, Беларусь ва Қозоғистон ўртасида Божхона иттифоқи кучга кирган пайтдан бошлаб амалда қўллана бошлади. Мазкур йил январь ойидан бошлаб ушбу уч мамлакатда ягона божхона тарифлари жорий этилди ҳамда Божхона иттифоқининг ички чегараларида божхона расмийлаштируви ва назорати бекор қилинди. Товарлар ва хизматлар уч мамлакат ичида эркин ҳаракатлана бошлади.
Кейинги икки йил ичида (2010-2012 йиллар) ЕОИИда ички савдо айланмаси ҳажми қарийб 44 фоиз, иттифоққа аъзо мамлакатларнинг бошқа мамлакатлар билан ташқи савдо айланмаси ҳажми эса 36 фоиз ўсди. Аммо бу кўрсаткичлар 2013 йилдан 2016 йилгача кескин пасайди. Бунинг асосий сабаблари 2013 йилда бошланган иқтисодий инқироз, ушбу иттифоқнинг энг йирик аъзолари – Россия ва Қозоғистон миллий валюталарининг қадрсизланиши, шунингдек, Ғарб мамлакатларининг Россияга нисбатан иқтисодий санкцияларининг қўллагани бўлди.
Ушбу омиллар Евроосиё иқтисодий иттифоқининг энг йирик аъзолари – Россия ва Қозоғистонда ўртача иш ҳақини АҚШ долларидаги эквиваленти пасайишига катта таъсир кўрсатди. Гарчи 2018 йилга келиб Россияда иш ҳақи миқдори (АҚШ долларидаги эквиваленти) инқирозгача бўлган даврга нисбатан тикланиб, кейинчалик ундан ошган бўлса-да, Қозоғистонда ушбу кўрсаткич ҳалигача тикланмади.
Иттифоқнинг бошқа аъзолари – Қирғизистон, Арманистон ва Беларусда иқтисодий инқироз иш ҳақи даражасига камроқ таъсир кўрсатди. Арманистонда ўртача иш ҳақининг 2017 йилдан 2018 йилгача пасайиши, иқтисодий омилларга эмас, балки мамлакатда ўртача иш ҳақини ҳисоблаш методологияси ўзгариши билан боғлиқ, деб ўйлаймиз. Ҳозирги кунда ЕОИИда энг кам иш ҳақи – Қирғизистонда.
ЕОИИ мамлакатлари экспортининг асосий қисми минерал маҳсулотлар (табиий газ, нефть ва нефть маҳсулотлари, рудалар), металлар ва кимё саноати маҳсулотларидан иборат. Ушбу учта маҳсулот умумий экспорт ҳажмининг 83 фоизини ташкил қилади. Уларнинг қарийб 80 фоизи Россиянинг экспорти ҳиссасига тўғри келади.
Бошқа томондан, ЕОИИ мамлакатлари машиналар, ускуналар ва транспорт воситалари, кимё саноати маҳсулотлари, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги хом-ашёси каби маҳсулотларнинг йирик истеъмолчилари ҳисобланади. Ушбу уч турдаги маҳсулотлар умумий импорт ҳажмининг 75 фоизини ташкил қилади. Айни товарларниниг 80 фоизини Россия Федерацияси сотиб олади.
ЕОИИ мамлакатлари ўртасида импорт божхона тўловлари қандай тақсимланади?
Евроосиё иқтисодий иттифоқи битта умумий божхона ҳудудига эга бўлгани сабабли, ЕОИИ ҳудудига товарларни олиб киришда тўланадиган импорт божлари “умумий кассада”да тўпланади. Сўнгра, ушбу маблағлар мазкур иттифоқ мамлакатлари бюджетлари ўртасида маълум пропорцияда тақсимланади. Тақсимланиш қоида ва пропорциялари 2017 йил 1 январдан бошлаб белгиланган.
Аммо жорий йил мартида Беларусь бош вазири ўринбосари ЕОИИда мавжуд импорт божхона тўловларининг тақсимланиш қоидалари ва пропорциясини адолатсиз деб атади. 2019 йил давомида Евроосий иқтисодий иттифоқи мамлакатлари ўртасида импорт божхона тўловларини тақсимлашнинг янги услубини келишиш бўйича фаол музокаралар олиб борилди. Бу масалада Беларусь ҳукумати ўз позициясини аниқ ва равон ифодалади: ЕОИИ ҳудудига импорт қилинадиган товарлар ҳар бир аъзо мамлакат истеъмол қиладиган ҳажмга асосланиш лозим, яъни ҳар бир аъзо мамлакат тўғридан-тўғри бундай ҳажмдаги товарларни импорт қилганда, қанча миқдорда божхона тўловлари олиши мумкин бўлган маблағ, шундан сўнг эса ҳар бир мамлакат учун божхона тўловларининг умумий миқдоридаги ҳиссаси ушбу параметрлар асосида ҳисобланиши зарур.
Жорий йил 1 октябрида Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари раҳбарлари Еревандаги саммит якунлари бўйича импорт божларини тақсимлашда янги нормативни тасдиқлади, аммо тафсилотлар ҳали эълон қилинмади. Шу сабабли, ЕОИИ мамлакатлари ўртасида импорт божхона тўловларининг тақсимланишини қай тарзда ўзгариши ҳозирча номаълум. Хусусан, Беларусь янги услуб бўйича импорт божларни тақсимлашдан қўшимча 1 фоиз улуш олишни кутмоқда.
Ўзбекистоннинг Европа иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ташқи савдо алоқалари
Сўнгги уч йил ичида Евроосиё иқтисодий иттифоқида ички савдо, шунингдек, бошқа мамлакатлар билан ташқи савдо айланмаси ҳажмида сезиларли ўсиш кузатилган бўлса-да, бу кўрсаткичлар ҳали инқирозгача бўлган даврдаги даражага етмади.
Аммо ЕОИИ мамлакатларининг ички ва ташқи савдо айланмаси динамикасини Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва бошқа мамлакатлар билан ташқи савдо айланмаси динамикасини таққослаганда, бир неча қизиқарли фактларни кўриш мумкин.
Сўнгги икки йил ичида Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо иккита мамлакат – Қирғизистон ва Беларусь билан савдо ҳажми кескин ошди. Масалан, 2011 йилдан 2016 йилгача Қирғизистон билан йиллик савдо ҳажми 225 миллион доллардан ошмаган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 254 миллион долларга, ўтган йили эса 481 миллион долларга етди. Маълумки, бу кўп йиллик “совуқ” муносабатлардан кейин қўшни мамлакатлар, жумладан, Қирғизистон билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларнинг тикланиши натижасидир. Шунингдек, Беларусь билан ташқи савдо айланмаси яхши ривожланмоқда. 2018 йилда савдо ҳажми аввалги 7 йилдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 2,7 баравар ўсди.
2018 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан умумий савдо ҳажми 9,7 миллиард долларга етди ва бу иқтисодий инқирозгача бўлган даврдаги кўрсаткичларга яқин. 2011-2013 йилларда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажми 9,8 – 10,7 миллиард доллар бўлган.
ЕОИИ мамлакатларининг Ўзбекистон умумий ташқи савдо ҳажмидаги улуши 2012 йилдан 2016 йилгача сезиларли даражада – 40,7 фоиздан 26,3 фоизгача пасайди. 2016 йилдан бери бу кўрсаткич атиги икки фоиз – 28,5 фоизгача ошди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажми тобора ўсиб, 2018 йилда сўнгги саккиз йилдаги энг юқори даражага кўтарилди. Бошқа мамлакатларнинг (ЕОИИдан бошқа) умумий улуши 70 фоиздан юқорилигича қолмоқда.