Сурат манбаси: hrw.org
“Эрим мени калтаклагандан сўнг, эртаси куни эрталаб уйдан зўрға қочиб, шаҳар прокуратурасига қонга беланган аҳволда келдим”, деди 28 ёшли Зебо Human Rights Watch (HRW) ташкилоти вакиллари билан суҳбатда. Сўзларига кўра, у тўрт йил давомида никоҳда зўрлаш, таҳқирлаш ва зўравонликдан жабр кўриб, биринчи марта ҳуқуқ-тарғибот идораларига шикоят билан мурожаат қилган. Прокуратура ходимлари унинг гапини охиригача тингламай, балким ўзинг айбдордирсан, деб айтган. Шундан сўнг Зебонинг эрига қўнғироқ қилиб, кейин унга, ҳаммаси яхши бўлади, уйингга боравер, деган. Аммо Зебо уйга қайта олмади – уч фарзанди билан кўчада қолди. Унинг эри билан никоҳи иккинчи хотин бўлгани учун расман қайд этилмаган. Оқибатда, у болалари билан оилавий зўравонлик жабрдийдалари учун ташкил қилинган бошпанага жойлашди. Унга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Кейинчалик у ерда кичик бизнесни қандай бошлаш ҳақида асосий билимларга эга бўлди. Бироқ на эрини зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортишга ва на ундан алимент ундиришга эриша олди.
Бундай ҳолатлар Тожикистонда кам учрамайди. Human Rights Watch (HRW) халқаро ташкилотининг 93 бетлик “Ҳар қадамда зўравонлик”. Тожикистон ҳукумати оиладаги зўравонлик муаммосига етарлича эътибор қаратмаяпти” («“Насилие на каждом шагу”. Недостаточное реагирование государства на проблему семейного насилия в Таджикистане») деб номланган ҳисоботида 81 та оилавий зўравонлик ҳолатига оид интервьюлар тўпланган. 55 та интервью оиладаги зўравонлик жабрдийдаларидан, қолган 26 таси эса мутахассислар, экспертлар, ёрдам хизматлари ходимлари, адвокатлар ва юристлар, маҳаллий ННТ фаоллари, ҳукумат вакиллари ва халқаро ташкилот вакилларидан олинган. Ҳисоботда Тожикистонда оиладаги зўравонлик муаммосини, шунингдек, унинг асосий сабаблари ҳамда зўравонлик жабрдийдаларига ёрдам кўрсатишда, зўравонларни жазолашга тўсқинлик қилувчи омилларни ўрганиш натижалари тақдим этилади. Тадқиқотлар 2015 йилдан 2019 йилгача ўтказилди, натижалари эса жорий йилнинг 19 сентябрда эълон қилинди.
Ушбу мақолада мазкур ҳисоботнинг муҳим жиҳатлари ва асосий хулосаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Кенг қамровли муаммо ва чекланган статистика
“БМТ-Аёллар” ташкилоти (БМТнинг гендер тенглиги ва аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тизими) Тожикистон ҳукумати маълумотларига асосланиб, турмуш қурган аёлларнинг 20 фоизи умр йўлдошларининг ҳиссий, жисмоний ёки жинсий зўравонлигига дучор бўлаётганини таъкидламоқда. Аммо ҳар беш жабрдийдидан фақат бир нафари милицияга бунақа жиноятлар бўйича шикоят билан мурожаат қилади.
Аниқ маълумотларнинг етарли эмаслиги сабаб бунга ўхшаш барча ҳолатларни аниқлаб бўлмайди. Ихтисослашган ташкилотлар ўз статистикасини юритади, Ички ишлар вазирлигида эса тегишли тоифадаги жиноятлар тўғрисидаги статистик маълумотлар мавжуд, лекин мамлакатда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ва турлари тўғрисида кенг қамровли статистик маълумотларни тизимлаштирадиган ягона расмий маълумотлар базаси йўқ.
Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда аёлларга нисбатан камситиш ва зўравонлик ҳоллари бўйича 1296 та ариза рўйхатга олинган. Текширувлар натижасида 65 та жиноий иш қўзғатилди, 1003 та ариза бўйича жиноят иши қўзғатиш рад этилди, қолган мурожаатлар эса кўриб чиқиш жараёнида ёки улар юзасидан қўшимча текширув белгиланган.
“Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик” (IPHR) ташкилоти ҳисоботида 2016 йилда ўтказилган тадқиқот натижалари келтирилади. Мазкур тадқиқот давомида Тожикистоннинг олтита вилоятида 400 киши иштирокида сўров ўтказилган. Унинг натижаларига кўра, эркакларнинг 97 фоизи ва аёлларнинг 72 фоизи, оилани сақлаб қолиш учун аёллар оиладаги зўравонликка чидаб яшаши керак, деб ҳисоблайди.
Муаммонинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлари
СССР парчаланганидан кейинги қарийб ўттиз йил давомида Тожикистон турмуш даражаси пасайиши, қашшоқлик ортиши ва 90-йиллардаги фуқаролар уруши билан бирга кечган чуқур сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни бошдан кечирди.
Сўнгги чорак аср давомида, айниқса, қизлар орасида никоҳнинг ўртача ёши пасайиб кетди. Ваҳоланки, 2011 йилдан бошлаб, мамлакатда никоҳнинг минимал ёши расмий равишда 17 дан 18 гача оширилган эди. Хотин-қизлар ва оила қўмитасининг бу борадаги тарғиботлари ва уринишларига қарамай, мамлакатда эрта турмуш қуриш амалиёти кенг тарқалган. Эрта турмушга чиқиш қизларнинг билим олишини, ҳаракатчанлиги ва автономлигини чеклаб қўяди. Улар зарур ҳолларда эри ва оиласи раъйига қарши бора олмайди. Бундан ташқари, вояга етмаган хотин ва умр йўлдошиининг ёши ўртасидаги сезиларли (катта) фарқ, жувоннинг хавфсиз жинсий алоқа ва оилани режалаштириш масалаларини муҳокама қилишдаги мавқеини заифлаштиради.
Совет Иттифоқи парчалангандан кейинги даврда Тожикистонда қизларнинг эрта турмушга чиқиши ҳоллари кўпайиши билан аёллар ўртасида таълим даражасининг кескин пасайиши ўртасида барқарор боғлиқлик мавжуд. Тожикистонда бошланғич ва умумий ўрта таълим мажбурий ҳисобланади. Бироқ кам даромадли оилаларда, айниқса, қизлар ўртасида тўққиз йиллик таълимни тугатмасдан мактабни ташлаб кетиш ҳоллари кўп учрайди. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, 11 ёшли болалар орасида қизларнинг деярли 10 фоизи ва ўғил болаларнинг эса атиги 2 фоизи, 16 ёшдан ошган ўсмирлар орасида (мажбурий ҳисобланмайдиган 10- ва 11-синфларда) қизларнинг 48 фоизи ва ўғил болаларнинг 30 фоизи мактабга бормайди.
Эркаклар билан таққослаганда, аёлларнинг (айниқса, қишлоқ жойларда) камроқ фоизи олий маълумотга эга. 1991 йилда аёллар аҳолининг камида ярмини ва университет талабаларининг 51 фоизини ташкил этган. 2016 йилга келиб, талабалар орасида хотин-қизларнинг улуши 37 фоиз бўлди. Аёллар таълим олиш даражасининг бу қадар пасайиб кетиши баъзи ҳолларда оилада патриархал тамойиллар кучайишига олиб келди. Айни ҳолат аёлларнинг оилада ўзи ва болалари учун муҳим бўлган қарорларни қабул қилишдаги ролини чеклайди.
2014 йилда Ғарб давлатлари Россияга нисбатан санкциялар қўллагандан кейин у ердаги иқтисодий вазият ёмонлашди, оқибатда юз минглаб тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ишидан айрилиб, уйга қайтишга мажбур бўлди. Барча ҳудудлардаги аёлларга ёрдам кўрсатиш хизмати ходимлари ва экспертлар далолат беришича, меҳнат муҳожирлари тескари оқимининг кўпайиши бутун жамиятда ва алоҳида оилаларда молиявий муаммолар кучайишига ва бу ўз навбатида, оиладаги зўравонлик ҳоллари ортишига олиб келди.
“СМС-ажрашишлар”нинг кенг тарқалиши оиладаги зўравонликка қарши курашга оид қонун қабул қилинишида муҳим туртки бўлди.
2003 йилда оиладаги зўравонликка қарши кураш тўғрисидаги алоҳида қонунни ишлаб чиқиш ва уни қабул қилиш учун алоҳида иш гуруҳи тузилди. Қонунни қабул қилиш учун ўн йилдан кўпроқ вақт керак бўлди. Унга қарши кишилар бунақа алоҳида қонун зарур эмаслигини, зўравонлик жабрдийдалари Жиноят кодексининг тегишли моддалари (соғлиққа зарар етказиш ва таҳдидлар бўйича) орқали ҳимояланганини баҳона қилиб келди. Бироқ БМТнинг Аёлларга нисбатан камситишни тугатиш қўмитаси, фуқаролик жамияти фаоллари ва бошқа тарафдорларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли 2013 йил мартида “Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонунда аёлларни ҳимоя қилиш ва зўравонларни жиноий жавобгарликка тортиш эмас, балки профилактика масалаларига кўпроқ эътибор қаратилган. Унда оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган. Зўравонликни содир этган шахсни жавобгарликка тортиш учун Жиноят кодексининг калтаклаш ёки қасддан танга жароҳат етказиш каби моддалари қўлланиши керак.
HRW тадқиқотчилари мазкур қонун ва уни қўллаш амалиётининг ижобий жиҳатлари сифатида қуйидагиларни қайд этади:
· бир неча ички ишлар бўлимларида гендер ва оиладаги зўравонлик масалалари бўйича махсус тайёргарликдан ўтган ходимларнинг пайдо бўлиши;
· зўравонликдан жабр кўрган шахсларга ёрдам бериш учун шифохоналарда махсус бўлимлар ташкил этилиши;
· оиладаги зўравонлик жабрдийдалари учун “ишонч телефон”лари ишга туширилиши.
“Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши яна бир муҳим ва ижобий натижа берди. Бу давлатнинг дин уламоларини оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва камайтиришга жалб қилиш ташаббуси бўлди. Бир неча ёрдам кўрсатиш марказларида уламолар эркакларга оиладаги зўравонлик ислом динига тўғри келмаслиги ҳақидаги маърузалар ўқиди ва бу жуда муҳим экани таъкидланди.
− Биз Қуръон нуқтаи назаридан (оиладаги зўравонлик ҳақидаги) қонунни тушунтириб берадиган, ислом динида аёлларнинг оиладаги ўрни ҳақида маъруза қилиш учун муллани жалб қилдик. Эркакларга бундай маърузалар яхши таъсир қилади, − деди Аёллар кризис маркази ходими Фаристамо Ф.
Аёллар кризис марказининг яна бир вакили аёлларга “талоқ” сўзи билан уч марта СМС-хабар юбориш орқали эришиладиган “СМС-ажрашиш”ларга йўл қўймасликда уламоларнинг роли алоҳида ва муҳим эканини таъкидлади. Ушбу амалиёт, асосан, меҳнат миграциясининг кучайиши билан боғлиқ: эркакларнинг узоқ муддатга уйидан кетгач, мусофирликда оиласи билан алоқани буткул узган ҳоллари кўп учрамоқда. “СМС-ажрашишлар”нинг кенг тарқалиши оиладаги зўравонликка қарши кураш тўғрисидаги қонунни қабул қилишда муҳим омиллардан бири бўлди.
Қонуннинг асосий камчиликлари
“Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши Тожикистонда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашда ижобий қадам бўлди. Бироқ HRW тадқиқотчилари таъкидлаганидек, мавжуд жиддий камчиликлар сабаб мазкур қонун оиладаги зўравонлик жабрдийдаларига етарли даражада ҳимоя ва ёрдамни таъминлаб бера олмайди ҳамда зўравонларга тегишли чоралар кўришда заиф бўлиб қолмоқда.
Оила тушунчаси таърифининг тўлақонли эмаслиги
Қонунда “оила” атамасининг таърифи тўлақонли акс этмаган ва у қайси қариндошлар доирасига тегишли экани масаласини очиқ қолдиради. Вазият Тожикистоннинг бошқа қонунларида ҳам, ҳатто Оила кодексида ҳам “оила” тушунчасининг кенг таърифи мавжуд эмаслиги билан мураккаблашади, дейилади ҳисоботда. Ҳисобот муаллифлари фикрича, давлат қонунларида “оила” тушунчаси тўлиқ ва кенг акс этиши лозим ҳамда у қуйидагиларни қамраб олиши керак: расмий рўйхатдан ўтган никоҳ; давлат рўйхатидан ўтмаган диний никоҳ; бирга яшаш; кўпхотинли никоҳ.
Оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликнинг йўқлиги
Тожикистон қонунчилигининг, хусусан, “Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида””ги қонуннинг камчиликларидан бири оиладаги зўравонликнинг алоҳида жиноят тури сифатида ажратиб кўрсатилмаганидир. Қонун, асосан, зўравонликнинг олдини олишга қаратилган ва ҳамда унда жарималар ва маъмурий ҳибсга олиш каби чоралар белгиланган. Оиладаги зўравонлик учун алоҳида жиноий жазо берилишига қарши бўлганлар, бу шарт эмас, чунки Жиноят кодекси жабрланган шахсларни ҳимоя қилади, дея таъкидлайди. Ҳақиқатан, Жиноят кодексида соғлиққа қасддан зарар етказишга қарши чоралар белгиланган турли моддалар мавжуд. Бироқ ушбу моддалар оиладаги зўравонлик ҳолатларида қўлланиши учун жабрланган аёлнинг саломатлиги ёки танасига бирор зарар етказилганига оид далил ва исботлар керак. Соғлиққа етказилган зарар ёки тан жароҳатлари ўз вақтида қайд этилмагани сабаб ёхуд руҳий ва ёки иқтисодий зўравонлик ҳолатларида амалдаги Жиноят кодекси жабрланганларни ҳимоя қила олмайди.
Оиладаги зўравонлик жабрдийдалари HRWга эри, қайнонаси ёки эрининг бошқа қариндошлари жароҳатлари тузалмагунча уйдан чиқишга рухсат бермаган ҳолатлар ҳақида гапириб берди.
‒ У мени тез-тез калтаклайди, лекин мен ҳеч қачон ота-онамга бу ҳақда айтмаганман, чунки қариндошлари менга бу ҳақда гапиришга рухсат бермаган. Калтаклардан юзим кўкарганида, қайнонам мени уйда ўтиришга мажбур қилар эди, − деди 26 ёшли Наргиз Н. У уч йил давомида эрининг зўравонлигидан жабр кўрган.
Қонунни амалга оширишда идоралараро мувофиқликнинг йўқлиги ва маблағ етишмаслиги
2014 йилда оилавий зўравонликнинг олдини олиш бўйича 2014-2023 йилларга мўлжалланган давлат дастури ва уни амалга ошириш бўйича режалар қабул қилинганига қарамай, ушбу ташаббусларни амалга ошириш учун идоралараро мувофиқлаштириш муаммоси мавжуд.
‒ Асосий муаммо – қонунни амалга ошириш учун маблағ етишмаслиги. Назарий жиҳатдан, “Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш учун камида бешта давлат идорасини жалб қилиш назарда тутилган. Аммо бунинг учун тегишли идораларга қўшимча маблағлар ажратилмайди, ‒ деди эксперт Шакарбек Ниятбеков.
Амалда бундай ишларнинг муҳим қисмини турли халқаро ташкилотлар, хусусан, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги, ЕХҲТ ҳамда БМТ Тараққиёт дастури “Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш” каби лойиҳалари доирасида бажаради.
Бундан ташқари, экспертлар ва фаоллар қонунни амалга ошириш учун масъул асосий давлат идоралари ўртасида маълумотлар алмашиш етарли даражада эмаслигидан шикоят қилди. “Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, идоралараро мувофиқлаштиришни таъминловчи бош ташкилот – республика ҳукумати ҳузуридаги Аёллар ва оила қўмитасидир. Бироқ унинг мақоми вазирликдан паст, шу боис қўмита бошқа вазирликлар фаолиятини самарали мувофиқлаштира олмайди. Мутахассислар фикрича, қонунни янада самарали қўллаш учун Аёллар ва оила қўмитаси мақомини вазирлик даражасига кўтариш лозим.
Қайси омиллар зўравонлик жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш, уларни ҳимоялаш ва адолат ўрнатишга тўсқинлик қилади?
“Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонунда мавжуд камчиликлардан ташқари, зўравонлик жабрдийдаларининг махсус ёрдам хизматларига мурожаат қилишида, уларни ҳимоя қилишда ва зўравонларни жавобгарликка тортишда бир қатор муаммо ва омиллар мавжуд.
Маълумотлар етишмаслиги ва бехабарлик. Ўтказилган интервьюлар давомида суҳбатдошлар (оиладаги зўравонлик жабрдийдалари, ёрдам хизматлари ходимлари ва экспертлар) оиладаги зўравонликка қарши кураш тўғрисидаги қонуннинг мавжудлиги, оиладаги зўравонлик ҳолатларида давлат идоралари ва ёрдам ҳизматларига тўғридан-тўғри ҳимоя сўраб мурожаат қилиш имкони борлиги ҳақида аҳоли қай даражада хабардор эканини ҳар хил баҳолади. Баъзилар хабардорлик даражаси ошганини қайд этди. Бу мазкур қонунни қабул қилиш жараёни ОАВда кенг ёритилгани билан боғлиқ. Уларга кўра, махсус қонун қабул қилингани кенг ёритилгани оилалардаги зўравонлик бирмунча камайишига олиб келди. Шу билан бирга, HRWнинг кўплаб суҳбатдошлари ҳукумат бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш учун ҳали кўп иш қилиши керак, деб ҳисоблайди. Аёлларнинг ҳуқуқидан бехабарлиги ва патриархал меъёрларнинг ҳалигача сақланиб қолгани уларнинг оиладаги зўравонлик ҳолатлари бўйича тегишли идораларга мурожаат қилмасликлари сабабларидан, шунингдек, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисидаги қонунни самарали амалга оширишда ҳам асосий тўсиқлардан биридир.
Стигматизация. HRW тадқиқотчилари суҳбатлашган кўплаб аёллар йиллар давомида, асосан ёки қисман, жамият ва оиланинг босими сабаб шафқатсиз никоҳда яшаб келган. Жамиятда оиладаги зўравонлик жабрдийдаларига нисбатан доимий салбий муносабат туфайли аёллар эри ёки бошқа оила аъзоларининг калтаклаши ҳақида хабар беришдан ва оиладаги можароларни бегона одамлар билан муҳокама қилишдан уялади. Бу ҳақда шикоят қилганлар ўзларини айбдор ҳис қилади. HRW суҳбатдошлари айтиши бўйича, агар қўшнилар милиция ходими уйга келганини кўрса ёки аёл милицияга шикоят қилганини билса, аёллар жамоат олдида шарманда бўлишдан ва ўз ҳаққини талаб қилиш оиладаги зўравонликни кучайишига олиб келишидан қўрқади. Уятдан қўрқиш ва аёл оиладаги зўравонликка чидаб яшаши кераклиги ҳақидаги қотиб қолган қарашлар зўравонлик жабрдийдаларининг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишига тўсқинлик қилмоқда.
− Ҳукумат ва оммавий ахборот воситалари ҳақиқатан ҳам оиладаги зўравонлик муаммосини ёритиш учун кўп ҳаракат қилмоқда. Телевидениедаги ижтимоий рекламалар ушбу муаммога доир турли сюжетларни намойиш этади, аммо бу ҳали кўпчиликка етиб бормаяпти. Жамиятда ҳали ҳам ёрдам сўраш билан боғлиқ стигма кучли. Биз буни биламиз, чунки жабрланувчиларнинг жонига қасд қилаётгани ҳақида доимий хабарлар келиб туради. Улар ёрдам сўраб мурожаат қилиш ўрнига шу йўлни танламоқда, ‒ дейди эксперт Шакарбек Ниятбеков HRW билан суҳбатда.
Ҳудудий омил ва давлатнинг айрим туманлардаги чекланган иштироки. Тожикистоннинг ўзига хос географик хусусияти тоғли ҳудудлар ёки йўллар етишмаслиги ёки уларнинг аҳволи ёмонлиги сабабли мамлакатнинг айрим туманлариги етиб бориш имконияти чекланган. Бундай туманларда зўравонлик жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш имконияти кам. Мазкур ҳудудларда кўчки, тошқин ва бошқа турдаги табиий офатлар йўл инфратузилмасининг кўп қисмини бир неча ой давомида фойдаланишга яроқсиз қилиб қўяди. Тожикистон ҳудудининг 93 фоизи тоғликлардан иборат. Оиладаги зўравонлик муаммолари бўйича мутахассис таъкидлаганидек, “айрим туманларда энг яқин милиция участкаси тоғли қишлоқдан икки кунлик пиёда йўл масофасида жойлашган”. Мамлакатнинг қишлоқ ва тоғли ҳудудларида аёллар ёрдам, ҳимоя ва адлия хизматларидан фойдаланишда катта қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу давлатнинг чекланган иштироки ва транспорт инфратузилма ночорлиги билан боғлиқ.
Бошпаналар етишмаслиги. Тожикистонда зўравонлик жабрдийдалари учун ташкил қилинган бошпаналар етишмаслиги “Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонунни амалга оширишдаги асосий тўсиқлардан биридир. Ушбу қонунда жабрланганларни фавқулодда ҳолатлардан ҳимоя қилиш учун вақтинча бошпаналар зарурлиги алоҳида таъкидланган. Тожикистонда бир қанча вақтинчалик ва узоқ муддатли бошпаналар мавжуд, аммо фаоллар ва ёрдам хизмати ходимлари айтишича, бошпаналарнинг ўзи ҳам, улардаги жойлар ҳам етишмайди. Оқибатда айрим жабрдийда аёллар ҳимоясиз қолмоқда. Ўз зўравонлари билан бирга яшашдан бошқа чоралари қолмаяпти.
Яраштиришга уриниш. “Кризис марказларида аёллар билан ишлайдиган мутахассислар деярли ҳар доим эр-хотинни яраштиришга ҳаракат қилади”, деди соҳа мутахассиси HRW тадқиқотчилари билан суҳбатда. Унинг таъкидлашича, бундай ёндашув, ҳаттоки шафқатсиз никоҳда ҳам, жамиятдаги “оила – муқаддас”” деган тушунчага асосланади. HRW тадқиқотчилари зўравон эр ёки қайнонанинг қўлидан жиддий жароҳатланган аёлларнинг оналари билан учрашди. Бир неча суҳбатдошлар бундан ҳам кўпроқ зўравонлик хавфи мавжуд бўлишига қарамай, улар кўпинча қизларини эрининг уйига қайтишга кўндиради, сабаби жамият ажрашишни ёқламайди ва оиладаги зўравонлик одатий ҳол, деб тасаввур қилинади.
Ижтимоий-психологик ёрдамнинг етишмаслиги. Республикада оиладаги зўравонлик жабрдийдаларига индивидуал ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш хизматлари деярли мавжуд эмас. Аёлларнинг ресурс марказларида “психологик ёрдам” деб аталадиган хизмат, одатда, эр-хотин билан қисқача суҳбатлар ёки яраштиришга йўналтирилган воситачиликдан иборат. Бу аёлни қўллаб-қувватлашга ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган профессионал малакали психологик ёрдам эмас.
− Аёлларга зўравонлик домидан чиқишга ёрдам берадиган терапиянинг кескин етишмовчилиги мавжуд, − дейди фаоллардан бири HRWга берган интервьюсида.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг чора кўриш муаммолари. Бир қатор сабабларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг эътиборини оиладаги зўравонлик жабрдийдалари муаммоларига жалб қилиш осон эмас. Жабрланувчиларга ёрдам берадиган адвокатлар ва фаоллар ўз тажрибасидан келиб чиқиб таъкидлашича, жабрланувчи расмий идораларга мурожаат қилиниши биланоқ, ҳуқуқ муҳофазаси идоралари деярли ҳар доим масалани фақат тарбиявий суҳбатлар ва эр-хотинни яраштириш нуқтаи назаридан ҳал қилишга интилади, зўравоннинг, энди урмайман, деган ваъдасини олишга ҳаракат қилинади. Зўравон ҳибсга олинган ҳолларда, дарҳол гаров эвазига озод қилинади ёки унга жарима солинади ва кейин афв этилади.
Экспертлар айрим милиция бўлимларида гендер масалалари ва оиладаги зўравонлик бўйича махсус тайёрланган аёл милиция ходимлари пайдо бўлишини муҳим ижобий омил сифатида таъкидлади. Бироқ оиладаги зўравонликка қарши курашиш учун махсус тайёрланган ходимлар сони жуда кам.
Юридик ёрдам етишмаслиги. Тожикистонда адвокатлар етишмаслиги шароитида бепул юридик ёрдам кўрсатиш муаммоси жуда долзарб. 2015 йилда “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида” янги қонун қабул қилингандан сўнг, адвокатлар мустақиллиги чекланди, баъзи адвокатлар лицензиясидан маҳрум бўлди ёки бошқа йўл билан ишидан четлатилди. Агар мазкур ислоҳотдан олдин республикада 2 мингга яқин адвокат рўйхатга олинган бўлса, янги қонун қабул қилингач, улар сони 500 дан ҳам камайиб кетди. Тожикистон аҳолисининг сони қарийб 9 миллионга тенг экани ҳисобга олинса, бу ҳар 18 минг кишига бир адвокат тўғри келади, деганидир. Зўравонликдан жабр кўрганлар учун ҳуқуқий ёрдам етишмаслиги зўравонлик ҳоллари камайишида асосий тўсиқлардан бири бўлиб келмоқда.
Зўравонга иқтисодий қарамлик. Иқтисодий қарамлик оиладаги зўравонлик жабрдийдаларининг кўпини, айниқса, аёлларни, ҳуқуқбузарнинг ёнида қолишга ва у билан бирга яшайверишга мажбур қилади. Тожикистонда молиявий ёрдамга муҳтож жабрдийдаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими мавжуд эмас. Мамлакат бўйлаб фаолият юритадиган фаоллар ва махсус бошпаналар ходимлари таъкидлашича, зўравонлик жабрдийдалари кўпинча ҳуқуқий ҳимоя сўрашдан ҳам қўрқади. Чунки улар молиявий жиҳатдан зўравонга қарам.
‒ Агар хотинини калтаклаган эр уни калтаклангани учун жаримага тортилса, у озиқ-овқат учун хотинига пул бермайди. Зўравонларни жаримага тортиш самарасиз чора, деб ҳисоблайман, чунки жарима бутун оила учун молиявий юк бўлади, ‒ дейди кўп йиллар давомида оиладаги зўравонлик жабрдийдаларини ҳимоя қилиб келган бир адвокат HRW тадқиқотчилари билан суҳбатда.
Аёллар учун ҳуқуқий кафолатларнинг ва ажрашишдан кейинги узоқ муддатли ёрдамнинг мавжуд эмаслиги. Тожикистонда оиладаги зўравонлик жабрдийдалари дуч келадиган энг жиддий муаммолардан бири ажралишдан кейин узоқ муддатли ҳуқуқий кафолатлар ва ёрдамнинг мавжуд эмаслигидир. Бу, хусусан, уларга мўлжалланган субсидияланган уй-жойларнинг йўқлиги ва алимент ундиришнинг деярли имконсизлиги билан боғлиқ. Оила кодексида яна бир муҳим муаммо Совет давридан мерос бўлиб қолган, бирга сотиб олинган мол-мулкни тақсимлаш қоидаларидир. Ажрашиш жараёнида суд ажрашаётган аёлга ва унинг болаларига ушбу эр-хотин бирга истиқомат қилган уйнинг бир қисмини ажратиб беради, яъни аёлнинг бошқа уй-жойи бўлмаса, собиқ эри билан бир уйда яшашга мажбур бўлади. Бир қатор мутахассислар ва жабрланувчилар фикрига кўра, оилавий зўравонлик жабрдийдаси эридан ажралгандан кейин унинг ҳуқуқбузар билан бир жойда яшаши вазиятни янада кескинлаштириши мумкин.
Зарарли амалиётлар: кўпхотинлилик, мажбурий, эрта ва рўйхатдан ўтмаган никоҳлар. Гарчи Тожикистонда кўпхотинлилик қонунларда тақиқланган ва бундай ҳатти-ҳаракатлар жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлса-да, ушбу амалиёт мамлакатнинг кўп ҳудудларида кенг тарқалган. 2018 йилда БМТнинг Аёлларга нисбатан камситишни тугатиш қўмитаси Тожикистонда “кўпхотинлиликни, эрта ва мажбурий никоҳларнинг кенг тарқалиши, шу билан бир вақтда расмий рўйхатдан ўтган никоҳлар сонининг камайиши”дан хавотир билдирди. HRW тадқиқотчилари суҳбатлашган аёлларнинг камида учдан бир қисми оилавий зўравонликнинг асосий омилларидан бири сифатида иккихотинлилик ёки кўпхотинлиликни қайд этган. Кўпинча, бу эрнинг иккинчи (ёки учинчи) хотинга уйланиш нияти туфайли зўравонликка айланиб кетган жанжалларга сабаб бўлган.
− Бизнинг ташкилотга консультация олиш учун келадиган кўплаб аёлларнинг никоҳ ҳақидаги ёки улар никоҳда эканини тасдиқловчи ҳужжатлари йуқ, − деди “Дилафрўз” аёллар кризис маркази раҳбари HRWга берган интервюсида.
Тожикистон жанубидаги аёллар кризис маркази директори HRWга ўзи яшайдиган ҳудудда кўпхотинлилик кенг тарқалганини шундай тушунтиради: “Кам даромадли оилаларда ота-она қизини иккинчи ёки учинчи хотин қилиб бериши мумкин, бу оиладаги болалар сонини ва молиявий муҳтожликни камайтиради“.
Мажбурий, эрта ва рўйхатдан ўтмаган никоҳ аёллар ва қизлар ҳимоясизлигини ва оиладаги зўравонлик хавфини оширади. Бундай никоҳлар аёлларнинг иқтисодий қарамлигини ва яккаланишини кучайтиради. Тадқиқотларда яна эрта турмуш қуриш ва оиладаги зўравонлик хавфи ўртасидаги боғлиқлик борлиги кўзга ташланади.
Мақола муаллифлари: Навруз Мелибаев, Шавкат Икромов