Сурат манбаси: https://postupi.online/
Жорий йил 1 августидан 15 сентябрига қадар HeadHunter компаниясининг тадқиқот хизмати иш қидирувчилар ўртасида сўров ўтказди. Сўров ташкилотчилари бундан иккита мақсадни кўзда тутган эди: а) респондентларнинг болалигида ким бўлишни орзу қилгани ва улар қанчалик амалга ошгани; б) уларни танлаган касби қай даражада қониқтириши, шунингдек, агар имконият бўлса, ҳозирги кунда ўз ишини қайси касбга ўзгартиришга тайёрлиги.
Болаликда бўлғуси касбни танлаш ва бу ҳақдаги орзулар барчага таниш. Бу даврда мазкур масалага рационал ёндашувдан кўра, ота-она ёки яхши кўрган шахсларга тақлид қилиш ҳамда турли соҳаларда одамларга ёрдам бериш каби истаклар муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари, вақт ўтиши билан орзулар ҳам ўзгаради. Болалик орзуларига ҳамма ҳам эриша олмайди.
Superjob.ru портали тадқиқот марказининг натижаларига кўра, респондентларнинг атиги 9 фоизи болаликда орзу қилган касб эгаси бўлади. Маълум бўлишича, касб ҳақидаги орзулар кўпинча шифокорлар ва ўқитувчиларга тақлидан амалга ошган. ФБК иқтисодий ва ҳуқуқ мактабининг бош директори Сергей Пятенконинг айтишича, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Сабаби, шифокорлик касбини эгаллаш кўп йиллик изланиш ва ирода талаб қилади. Қўриқчи ёки омборчи каби касблар эса кўпинча ҳаёт тақозоси билан танланади: “Агар инсон ҳали ёш бўлса, ўз ҳаётини ўзгартириши ва бошқа мутахассислик эгаси бўлиши, эҳтимол болаликдаги орзусини амалга ошириши мумкин”, дейди С. Пятенко.
Вақт ўтиб, балоғатга эришгач, инсон одатда рационал ва амалий фикрлай бошлайди, касб танлашга муносабатини, мулоҳазаларини ва ёндашувини қайта кўриб чиқади. Шу боис, HeadHunter компанияси Ўзбекистонда ўтказган сўров натижаларининг иккинчи қисми қизиқарлидир. Бошқача айтганда, бугунги кунда сўровда қатнашган ўзбекистонликлар танлаган касбидан қай даражада қониқади? Агар имконият бўлса, улар ўз ишини қайси касбга алмаштиришга тайёр?
Мазкур сўровда 550 киши қатнашди, респондентларнинг 94 фоизи – 18 дан 55 ёшгача.
Сўров натижалари шуни кўрсатадики, респондентларнинг 38 фоизини танлаган касби мутлақо ёки деярли қониқтиради, 34 фоизини қисман қониқтиради, қолган 28 фоизини эса деярли қониқтирмайди.
Агар имконият бўлса, сўровда қатнашган ўзбекистонликларнинг деярли 60 фоизи болаликдаги орзуларини амалга оширишга, 23 фоизи эса бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришга тайёр.
Ушбу сўров натижаларига кўра, тадбиркорлик энг кўп эътироф этилган касб ёки фаолият тури бўлиб чиқди. Бундан ташқари, оммабоп касблар рўйхатига ҳуқуқшунос, актёр, механик, дастурловчи, психолог, стюардесса, бизнес таҳлилчиси ва бизнес-тренер фаолият турлари ҳам кирар экан.
HeadHunter компаниялар гуруҳи интернет-рекрутмент (малакали ходимларни ишга танлаб олиш) бозорида 2000 йилдан бери фаолият юритиб келади. hh.uz вебсайти Ўзбекистондаги етакчи HR-портали ҳисобланади.