Жорж Вашингтон Университети (АҚШ) қошидаги Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институти ўзбекистонлик ёш тадқиқотчилар тайёрлаган маъруза ва тадқиқот натижалари тўпламини нашр этди. Бу тўплам Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон бўйича тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида амалга оширилди. UzAnalytics сайти “Ўзбекистондан янги овозлар” (New Voices from Uzbekistan) тўплами шарҳини эътиборингизга ҳавола қилади.
Давлат секторига инновациялар дейсизми? Ўзбекистон бошқаруви тизимидаги ижтимоий инновацияларни ўрганиш
Муаллиф: Баҳром Ражабов, Евроосиё (хусусан, Арманистон, Украина ва Ўзбекистон) минтақасида давлат секторида инновацияларни қўллаш масалаларини тадқиқ қилиш билан шуғулланади.
Модернизация сари қадамлар ташланаётганига қарамай, Ўзбекистонда бошқарув тизимининг динамик ривожланиши билан боғлиқ кўплаб муаммолар мавжуд. Айни сектор эски услубда бошқарилаётгани сабабли унга янги ўзгаришларнинг кириб келиши қийин бўляпти. Public Sector Innovations? Examining Social Innovations in Governance in Uzbekistan номли тадқиқотда Ўзбекистоннинг бошқарув секторида амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар таҳлил этилади ва инновацион, одамларга йўналтирилган давлат хизматларини йўлга қўйиш жараёнидаги муаммолар ва имкониятлар муҳокама қилинади. Шунингдек, унда Ўзбекистоннинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси доирасида давлат сиёсатидаги сўнгги ўзгаришлар кўриб чиқилади ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури 2012-2014 йилларда амалга оширган “ижтимоий инновациялар” лойиҳалари диққат билан таҳлил этилади.
Тадқиқот хулосасига кўра, Ўзбекистонда “ижтимоий инновациялар” лойиҳалари сиёсатчилар қўллаб-қувватламагани оқибатида қийинчиликларга дучор бўлди. Яна бир муаммо “ижтимоий инновациялар” концепциясини маҳаллий даражада нотўғри талқин этилгани бўлди. Концепция аслида маҳаллий ташкилотларга таниш атамалар билан алмаштирилган эди.
Ушбу муаммоларни ечишга қаратилган тадқиқотда қуйидаги тавсиялар берилади:
1) давлат (миллий ва маҳаллий) фаолияти ва хизматлари тўғрисидаги маълумотлар фуқаролар ва улар бошчилигидаги “ижтимоий инновациялар” лойиҳалари учун очиқ бўлиши, шунга кўра, “очиқ маълумотлар” тўғрисида қонун ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши керак;
2) фуқаролар/ҳамжамият асосчилигидаги ижтимоий инновацион ечимлар ишлаб чиқилиши, ҳукумат қарорларини қабул қилишда кўпроқ фуқаролар иштирокини рағбатлантириш лозим ва ҳк.
Қайтиш миграцияси Ўзбекистон учун фойда келтирадими? Хориждаги юқори малакали ўзбекларни жалб қилиш муаммолари
Муаллиф: Шерзод Эралиев, Ҳелсинки университетининг Алексантери институти тадқиқотчиси.
Шерзод Эралиев Return Migration as a Brain Gain for Uzbekistan? The Challenges of Attracting Highly skilled Uzbeks Abroad номли тадқиқотида Ўзбекистонда раҳбарият ўзгариши ва иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар бошланишининг чет элдаги ватандошларнинг мамлакатга қайтиш қарорига кўрсатаётган таъсирини ўрганади. Унга кўра, агар имтиёзлар таклиф қилинса, (масалан, юқори даражали лавозимлар билан боғлиқ имтиёзлар) жуда чекланган миқдордаги иммигрантлар уйга қайтиши мумкин. Ҳукумат юқори малакали фуқароларнинг қайтишини фақат тўлақонли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва иқтисодий ўсишни амалда кўрсатиш орқали рағбатлантириши мумкин.
Баъзи тавсиялар:
1) ҳукумат давлат хизматлари тўғрисида қонун қабул қилиши ва давлат бошқаруви ислоҳотларини тезлаштириши ҳамда бу ислоҳотлар қоғозбозликни камайтиришга, меритократик услубни тарғиб қилиш ва коррупцияга қарши курашишга йўналтирилган бўлиши керак.
2) “Эл-юрт умиди” жамғармаси ватандошлар билан ишлашда янада фаол ва изчил бўлиши, уларни янгиланган маълумотлар билан таъминлаши ва Ватанга қайтган фуқароларни қўллаб-қувватлаши даркор.
3) Ўзбекистон элчихоналари ўзбек диаспоралари билан ишлашда фаол бўлиши, шу жумладан, ўз фуқаролигини тасодифан йўқотган шахслар билан ҳам иш олиб бориши лозим.
Зиёрат туризми Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришнинг янги бўғини сифатида
Муаллиф: Сурайё Усманова, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида оммавий халқаро ҳуқуқ ва халқаро туризм ҳуқуқи бўйича ўқитувчи.
Сурайё Усманова Ziyarah Tourism as a New Linkage for Tourism Development in Uzbekistan номли тадқиқотида Ўзбекистонда зиёратчилар учун сайёҳлик туризмини ривожлантиришнинг кўплаб усулларини таҳлил қилади. У мусулмонлар саёҳатини рағбатлантиришга мўлжалланган институционал ва ҳуқуқий тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш йўлларини ўрганади.
Тадқиқот, Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ишсизликни камайтиришга, айниқса, вилоятларда фуқароларга янги иш ўринлари яратишга олиб келишини , шунингдек, бу хусусий сектор, яъни юқори малака талаб қилмайдиган кичик тадбиркорлик, ҳунармандчилик каби соҳалар ривожланишига ёрдам беришини қайд этади.
Баъзи тавсиялар:
1) Ўзбекистонда зиёрат туризмини такомиллаштириш учун Ислом ҳамкорлиги ташкилоти билан англашув меморандумини имзолаш;
2) меморандумни амалга ошириш учун бир неча вазирлик ва ҳукумат вакиллари иштирокида институционал механизмни яратиш;
3) туризм тўғрисидаги қонунга “исломий ҳаж зиёрати” ёки “зиёрат” каби атамаларни киритган ҳолда ўзгартиш киритиш.
Ўзбекистонда олий таълимни халқаролаштириш тамойиллари: Хорижий университетлар филиалларининг кўпайиши ва уларнинг олий таълим соҳасига мослиги
Муаллиф: Дилноза Убайдуллаева, тадқиқотчи ва таълим бўйича мутахассис.
Дилноза Убайдуллаева Trends in Internationalization of Higher Education in Uzbekistan: The Proliferation of Foreign University Branches and How They Fit into the Broader Higher Education Sector номли мақоласида Ўзбекистонда тобора кўпайиб бораётган чет эл университетлари филиалларининг мамлакатда олий таълимни ислоҳ қилишнинг кенг йўналишларига қандай мослашиши, бу жараёнда қандай муаммолар келиб чиқиши ёки имкониятлар пайдо бўлиши мумкинлигини таҳлил қилади.
Тавсиялар:
1) университетларни ўзини ўзи бошқариш ташкилотларига айлантириш (ўз ўқув дастурлари ва молиявий фаолиятига эга бўлиши);
2) хорижий таълим муассасаларини ташкил этиш жараёнини расмийлаштириш учун халқаролаштириш тўғрисидаги сиёсатни ишлаб чиқиш лозим. Бу жараённи изчиллаштиради. Университетлар эса ушбу сиёсатдан халқаролаштириш стратегияларини ишлаб чиқишда фойдаланиши мумкин;
3) университетларни автоном ҳолда фаолият юритишга ундаш ва бошқарув лавозимларига номзодларни кенгашлар орқали танлашга даъват этиш.
Хусусий мактаблар ўзбек таълим тизимини қандай яхшилаши мумкин?
Муаллиф: Фирдавс Наврузов, “LTC Leader” ўқув маркази ва “The Knowledge Academy” хусусий мактаби бошлиғи.
Фирдавс Наврузов How Private Schools Can Improve the Uzbek Education System номли тадқиқотида Ўзбекистон таълим тизимида академик эркинликнинг аҳамияти хусусида фикр юритади. У хусусий секторда академик эркинликни ривожлантириш ва хусусий мактабларнинг тараққиёти ҳамда жамоат ва хусусий мактаблар орасида рақобатни оширишнинг иккита усулини таҳлил қилади.
А) Тўлақонли академик мустақилликни таъминлаш
Халқ таълими вазирлиги хусусий мактабларга ўз ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқишга рухсат бериши керак. Унинг иккита афзаллиги бор. Биринчидан, бу вазирликнинг ўқув дастурларини ишлаб чиқиш устидан назоратини камайтиради ҳамда мактаб маъмуриятига ўқув соатлари ва фанларни танлаш имкониятини яратади. Иккинчидан, бу хусусий мактабларни ўқувчиларга ортиқча босим ўтказишдан холос қилади.
Б) Кенгроқ академик мустақиллик бериш
Халқ таълими вазирлиги хусусий мактаблар ўқув дастурларини ривожлантириш дастурларини баҳолашнинг янги механизмини ишлаб чиқиши мумкин. Бунинг афзал томони шундаки, самарасиз ўқув дастурларини йўқ қилиш имконини беради. Олдинги тажрибаларга таяниб, вазирлик хусусий мактабларни вазирлик қошидаги Республика таълим марказидан маслаҳатчилар ажратиш орқали қўллаб-қувватлаши мумкин.
Ўзбекистонда диндорлик ва дунёвийлик чорраҳасида ҳижоб ўрашнинг нозик жиҳатлари
Муаллиф: Донохон Ғафурова, Эмори университетининг Ислом цивилизацияларини ўрганиш дастури бўйича фалсафа фанлари номзоди.
Донохон Ғафурова The Nuances of Hijab at the Crossroads of Religiosity and Secularism in Uzbekistan номли мақоласида Ўзбекистонда диндорликнинг намоён бўлиши, хусусан, ҳижоб ўраш билан боғлиқ нозик жиҳатларни ўрганиб чиқади. Унга кўра, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг кўп миллатли ва кўп динли халқлари манфаатини ҳимоя қилишни кўзда тутиб, жамоат жойларида диний қарашлар кийиниш тарзида ифода этилишини назорат қилишга уринмоқда.
Ҳукуматга айрим тавсиялар:
1) ҳижобнинг аниқ таърифини белгилаш, унинг қайси шакллари рухсат этилган ва қайси шакллари тақиқланганини изоҳлаш;
2) бошқа дунёвий мусулмон, яъни Малайзия, Индонезия ва Туркия каби мамлакатлар тажрибасини ўрганиш учун иш гуруҳлари тузиш;
3) Диний таълим бўйича пара-мактаб[1] дастурлари ташкил этиш ва сертификатга эга ўқитувчиларни дарс беришга жалб қилиш ва буни одатдаги дарс соатларидан ташқарида амалга ошириш лозим.
Ижтимоий тармоқдаги янги фикр етакчилари кимлар?
Муаллиф: Элдор Асанов, журналист ва тилшунос. Daryo.uz портали муҳаррири ва Жаҳон тиллари университети ёш тадқиқотчиси.
Элдор Асанов Who Are the New Uzbek Opinion Leaders on Social Media? номли тадқиқотида Ўзбекистонда мустақил оммавий ахборот воситалари ва сиёсий рақобатнинг йўқлиги сабабли мамлакатда ижтимоий тармоқларнинг фуқаролик фаоллигини акс эттирувчи ягона платформага айланганини таҳлил қилади. Унга кўра, Facebook, Twitter, Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментлари фуқароларнинг сиёсий мавзуларни, иқтисодий муаммоларни ва жамиятдаги маданий ўзгаришни эркин муҳокама қиладиган платформаларга айланди.
Сўнгги уч йил ичида мамлакатда катта ўзгаришлар рўй бериб, давлат идораларини танқид қилиш ва жамоатчилик мунозаларида қатнашишга имкон туғилди. Ижтимоий мунозаралар тобора кўпайиб бораётганига қарамай, ўзбек жамияти миллий анъаналар ва исломий қадриятлар таъсири остида қолмоқда. Бироқ либерал блогерлар нафақат газетхонлар топа олишга, балки қарама-қарши фикрли, аммо сўз эркинлиги тарафдори бўлган шахслар ҳам қўллаб-қувватлашига эришди.
Ўзбекистонда аёлларнинг тадбиркорлик ҳамда иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтиши
Муаллиф: Фотима Исроилова, БМТ Тараққиёт Дастури ходими.
Фотима Исроилова Overcoming Barriers to Women’s Entrepreneurship and Economic Empowerment in Uzbekistan мақоласида аёлларга нисбатан камситишнинг учта тури, яъни, маданий тўсиқлар, таълим олиш даражаси ва молиявий кредитга эришиш ва ундан фойдаланиш каби муаммоларни ўрганиб чиқади. Буларга ечим топиш учун қуйидаги тавсияларни қўллаш беради:
1) аёлларнинг бизнес таълимига сармоя киритиш. Улар учун тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган ва хусусий секторга киришга ундовчи қисқа ва ўрта муддатли профессионал тренинглар ўтказиш;
2) аёлларнинг молиявий ва бошқарув саводхонлигини оширишга қаратилган мустақил институтлар ва марказларни ташкил этиш;
3) солиқ, бандлик тўғрисидаги қонунлар, мол-мулк, банк ҳисоби ва кредитга ариза бериш каби масалалар бўйича аёллар учун юридик маслаҳат марказлари яратиш;
4) Уй-жой, мол-мулк, мерос ва банк ҳисобварақалари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга аёлларнинг маблағ жалб қилиш ва маблаққа эгалик қилиш қобилиятини ошириш ва ҳк.
Ўзбекистонда камсонли элатлар ва ҳимоясиз гуруҳларни жамиятга интеграция қилиш инсон капиталини қандай яхшилаши Марказий Осиёдаги лўлилар жамоати мисолида
Муаллиф: Камилла Закирова, Евроосиё жамғармасининг Ўзбекистон гуруҳида 2016 йилдан буён фаолият юритади.
Камилла Закирова How Integrating Minorities and Vulnerable Groups Will Improve Human Capital in Uzbekistan: The Case of the Central Asian Gypsy Community номли мақоласида Ўзбекистондаги лўлиларнинг аҳволини, чекланган маълумотларни жамлаган ҳолда, ўрганиб чиқади. Камсонли элатлар билан ишлашга оид маҳаллий вазият таҳлили ва халқаро тажрибага асосланган муаллиф Ўзбекистонда лўлилар жамоати билан ишлаш учун “Тенглик” лойиҳасини ташкил этиш ташаббусини илгари суради. Айни лойиҳа мамлакатда камсонли гуруҳларнинг камситилишига йўл қўймасликка ва уларнинг жамиятга яхшироқ интеграция бўлишига ёрдам беради.
Лойиҳа қуйидаги фаолият турларини қамраб олади:
1) ёш ва катта лўлилар учун маҳорат дарслари ва курслар, профессионал тренинг, инглиз ва рус тили дарслари;
2) болалар учун кутубхоналар;
3) оилалар учун киноклублар;
4) болалар учун театр ва музей сайрлари;
5) бошланғич компьютер дарслари;
6) тиббий маслаҳатлар ва ҳк. ташкил этиш.
[1] Пара-мактаб (ингл. para-school) – ўқув дастури эркин бўлган ва кўнгиллилар дарс берадиган мактаб.