Фото: https://bigpicture.ru/ (© Noriko Hayashi / Panos / LUZ)
Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад-Дўст
“Қыз ала қачуу”(“Қиз олиб қочиш”) амалиёти Қирғизистоннинг қишлоқ туманларида кенг тарқалган – ҳар йили минглаб аёллар ўғирлаб кетилади ва никоҳ қуришга мажбурланади. Ваҳолангки, 2013 йилдан қизларни уйланиш ниятида ўғирлаб кетиш жиноят ҳисоблана бошлаган эди. Шунга қарамасдан, айримлар ушбу ўзига хос одатни бошқага нисбатан зўравонлик эмас, анъана деб ҳисоблаб келмоқда.
Доктор Рассел Клейнбах (Russell Kleinbach) Филаделфия университетининг (University of Philadelphia) социология бўйича фахрий профессори, кўп йиллардан бери ушбу ўзига хос анъанани ўрганиш билан шуғулланади. У шунингдек, жамоатчиликни, ёшлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларини хабардор қилиш ва ўқитиш орқали келинларни ўғирлашга барҳам беришни мақсад қилиб олган Kyz Korgon Institute нодавлат ташкилоти лойиҳаси ҳамасосчиларидан (Газбубу Бабаярова билан бирга) биридир.
− Марказий Осиёда келин ўғирлашдай ўзига хос анъанани ўрганишни қачон бошлаган эдингиз? Кўп йиллик кузатувларингиздан чиқарилган асосий хулосалар қандай бўлди?
−1998 йил кузида Би-Би-Сининг келин ўғирлаш тўғрисидаги мақоласини ўқиган пайтимда Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги давлат университетида Фулбрайт стипендияси бўйича ўқитувчилик қилаётган эдим. Бу ҳақда талабаларимдан сўраганимда, учдан икки қисми келин ўғирлаш ҳақида эшитганини айтди. Бироқ, уларнинг бу ишни ким қилиши мумкинлиги, келин қандай ўғирланиши ва бундай воқеалар қанчалик тез-тез бўлиб туриши ҳақидаги фикрлари якдил бўлмади. Ушбу одатнинг тагига етишга киришганимда чоп этилган бирорта тадқиқотни топмадим. Шунинг учун ҳам ҳамкасбим Сара Амслер билан уни ўрганишга қарор қилдик. 1999 йили бу ҳақда мақола ҳам чиқардик[1]. Тадқиқотларимизни 2015 йилга қадар давом эттирдик, ушбу мавзу бўйича 2003–2005, 2006, сўнгра 2008, 2009, 2012, 2014 ва 2015 йилларда турли тадқиқот лойиҳалари устида иш олиб бордик.
Асосий хулосаларимиз шу бўлдики, Қирғизистонда кўпчилик қизларни уларнинг розилигисиз ўғирлаш ёки олиб қочиб уйланишни қадимий анъана деб ҳисоблашига қарамай, бу ХХ аср, яъни совет даври маҳсулидир. Ушбу амалиёт қирғиз қизлари ёки аёлларининг тахминан учдан бир қисмига даҳл қилади. Айни одат Қирғиз Республикаси қонунлари, шариат қонунлари ва ҳалқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳамда мамлакат қўшилган конвенциялар қоидаларини бузади. Бу Қирғизистон маданиятидаги аёлларга нисбатан ваҳшийларча муносабат турларидан биридир. Ваҳолангки, эркак ўз қаллиғини ўғирлаши учун ҳеч қандай маданий ёки диний асос йўқ. Бинобарин, мабодо эркак қаллиғини ўғирламаса, ҳеч қандай меъёр ёки одат бузилмайди. Шунинг учун бу амалиётни камайтириш мумкин деган фикрдамиз. Биз ушбу амалиётга қарши қўллаётган таълимий ва ҳуқуқий саъй-ҳаракатларимизга нисбатан ҳеч қандай ижтимоий қаршиликка дуч келмаяпмиз. Бу ҳақда 2007 йили Лилли Салимжонова билан бирга тайёрланган “Қиз олиб қочиш ва одат: Қирғизистонда қизларни розилигисиз олиб қочиш ва анъана” тадқиқотида, шунингдек, 2013 йили Г. Бабаярова билан ҳаммуаллифликда тайёрланган “Қирғизистонда келинларни розилигисиз олиб қочиш” тадқиқотида батафсил маълумот олиш мумкин.
− Шунга қарамасдан, ушбу ҳодисанинг қандайдир тарихий илдизлари бўлиши керак-ку! У бошқа кўчманчи халқларда ҳам бор эмасми?
− 2007 йилги тадқиқотимизда таъкидланганидай[2], Қирғизистонда Совет давридан олдинги никоҳларнинг аксарияти ота-оналарнинг келишуви билан тузилган. Кўплаб тадқиқотлардан маълум бўлишича, никоҳ ёшларнинг розилиги билан ҳам, розилигисиз ҳам тузилиши мумкин[3]. Совет давридан олдинги никоҳ тузиш борасида ҳали туғилмаган болалар, ўсмирлар ёки 20 ёшдан ошган йигит ва қизлар бўйича келишилиши мумкин эди. Қирғизларнинг “одат” оддий ҳуқуқи ота-оналарнинг келишуви, левират[4] ва сорорат[5] бўйича тузилган никоҳни маъқуллаган[6]. Бундай никоҳларни эркак ва аёлнинг розилиги билан тузилган тақдирда, шариат ҳам қўллаган.
Никоҳ тузишнинг яна бир усули ўзаро келишувга асосан (ясама ўғирлаш ёки олиб қочиш) ала қачуу (келин ўғирлаш) бўлган. Лекин, бу кўп қўлланмаган. Бир-бирини яхши кўриб қолган ёшлар ким биландир тузилиши керак бўлган никоҳ келишуви ёки ота-оналарининг розилигига қарши бориш учун айни усулдан фойдаланишга мажбур бўлган[7]. Ала қачуу уйланиш харажатларини камайтиришда ёрдам бериши мумкин бўлган, чунки жараённи камроқ совғалар, тўю ҳашамлар, шунингдек, қалин тўлашнинг муддатини кейинга қолдириш билан тезлаштириш мумкин бўлган. Ушбу усул, қиз ва йигитнинг розилиги билан қўллангани сабабли, шариат томонидан ҳам маъқулланган, аммо бу ота-оналарнинг розилигисиз рўй бераётгани сабабли қирғизлар одатига зид бўлган. Бунинг оқибатида келиб чиқадиган оилалар ўртасидаги можаро кечирим сўраш ва совға-салом алмашиш билан нисбатан осон ҳал этилиши мумкин эди. Фақат битта шарти билан – бунинг учун оилалар ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан тахминан тенг бўлиши керак. Бундай ҳолатда ўғирлаш келиннинг розилиги билан амалга оширилган.
Келиннинг розилигисиз ўғирлаш камдан-кам ҳолларда рўй берган, чунки бу иккала тарафнинг ҳам сон-саноқсиз қариндош-уруғлари аралашадиган катта можароларга олиб келиши мумкин эди. Баъзан бунақа ҳоллар жуда ёмон оқибатлар – уруғлараро жанжалларга айланиб кетган.
Қайд этиш жоизки, ўзаро келишувга кўра, келиннинг қочиши ёки уни олиб қочиб уйланишга оид машҳур фольклор тўқимаси бор. Шу сабаб бўлса керак, келин ўғирлашни баъзилар Қирғизистонда қонуний ва анъанавий тутум дейишга асос деб ҳисоблайди. Мавжуд одатларда бундай усул маъқулланмаганига қарамай, қирғиз эпик ривоятларида у маъқулланади. Манасчи (“Манас” достонини куйловчи оқин) Талантали Бақчиев шундай ҳикоя қилади:
“Ала қачуу одати келиб чиқиши XVII–XVIII асрларга бориб тақаладиган гўзал афсонага асосланади. Иссиқ-кўл йўлидаги Боом дарасида “Қиз-Қўйоо” деган жой бор. Ушбу афсонага кўра, йигит билан қизнинг ота-оналари оила қуришига қарши бўлган, лекин улар бир-бирини жонидан ортиқ яхши кўргани учун норозилик белгиси сифатида дарадан дарёга сакраб ҳалок бўлади”. Бундан, эркак аёлни фақат улар бир-бирини яхши кўрган, оила қурмоқчи бўлган, аммо ота-оналари уларнинг никоҳига қарши чиқаётган пайтда ўғирлаб кетади, деган хулосага келишимиз мумкин.
Ушбу ҳикоя аввалбошдан ўғирлаш ғояси келиннинг розилигини назарда тутгани исботидир.
− Буни ўзга мамлакатлар ёки минтақалар билан солиштириб кўрса бўладими? Бошқа мамлакатларда ҳам шунга ўхшаш одатлар борми?
− Бунақа одатлар ҳозирги пайтда Қоғозистон ва Кавказда учрайди. Ўзбекистон шимолида жойлашган Қорақалпоғистонни истисно қилганда, бошқа “…истонлар”да ҳам, Тожикистон, Хитой ёки Афғонистондаги қирғиз қишлоқларида ҳам бунга дуч келмадик. Шу ўринда Биринчи жаҳон уруши вақтида ҳарбий хизматга чақирилишдан қочиб, аҳолиси ўша ёқларга кўчиб борган қишлоқлар назарда тутилмоқда. Чор Россияси ўша пайтлар қирғизларни ҳам ҳарбий хизматга мажбурлаётган эди. Советлардан олдинги даврда уларнинг келинни олиб қочиб хотин қилиш одати бўлмаган, шунинг учун бунақа ҳоллар ундан кейин ҳам кузатилмаган.
Тарихий нуқтаи назардан қараганда, келинни унинг розилиги билан ёки розилигисиз ўғирлаш ҳоллари советлардан олдинги даврда ҳам бўлганини кўриш мумкин. Шунга қарамасдан, этнографияга оид китоблар кўздан кечирилганда, қизни ўғирлаб кетиб уйланишга аёлга нисбатан зўравонлик, унинг оиласи ва умумий анъаналарни ҳақоратлаш деб қаралган. Яъни, бу мақбул амалиёт ва ёки хотин олишнинг “яхши” усули бўлмаган.
Эрта давр ҳақида сўз кетганда, қирғизлар ва туркманларнинг анъаналарида улар маданияти ва иқлим шароитлари яқинлигидан келиб чиққан ўхшашликни кўрамиз. 1897 йилга мансуб туркман одати ҳақидаги ёзувларда келин ўғирлаш ва уйланиш ҳуқуқи фақат ўзаро келишилган ҳолда оила қуриш билан чекланади. А. Ломакиннинг ёзишича, “куёв бўй етган қизни фақат унинг розилиги билан ўғирлаб кетиши ва уйланиши мумкин. У ҳолда қизнинг ота-онаси ёки васийлари рози бўлмаса ҳам, никоҳ қонуний ҳисобланади”[8].
Ўзбекистон шимолидаги чўлларда истиқомат қиладиган қорақалпоқларнинг одатларини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Келинни ўғирлаб кетиб уйланиш ҳоллари советлардан олдинги даврда ҳам учрайди. Чунки, бу камбағал оиладан бўлган куёвга қиммат қалин пулини тўламаслик имконини берган. Аёллар ёки оилалари баъзан бунга рози бўлган, чунки бу қулай келишув эди ва оиланинг обрўсини сақлаб қоларди. Совет ҳокимияти ушбу одатга барҳам беришга уринган, бироқ у Ўзбекистон 1991 йили мустақилликка эришгандан сўнг тикланди, энди қизлар отда эмас, “Лада” автомобилида ўғирланадиган бўлди. Бу мутлақо ноқонуний ҳолат бўлиб, эски одатнинг бузилган кўриниши эди. Чунки, аксарият ҳолларда мажбурлаш ва номусга тегиш билан тугаган. 2004 йилда айрим нодавлат ташкилотлари хабар қилишича, ҳар беш қиздан бири ўғирлаб кетилган ва ҳар 20 нафардан бир келинчак тўйгача эрини кўрмаган[9].
Бошқа минтақалар ҳақида сўз кетганда, Ҳ.М. Ҳашаевнинг Кавказ бўйича тадқиқотларини тилга олиш жоиз. Унинг фикрича, XVII – XIX асрларда аксарият минтақаларнинг (жумладан, Андалак тумани, Келеб қишлоғи, Каратин, Гумбетов, Ункрат-Чамалал вилоятлари, шунингдек, Тарки ва Мехтул хонликлари) қонунларида қизларни (уларнинг розилиги билан ёки розилигисиз) ўғирлаганларга, уларга жиноят содир этишда ёрдам берганларга бир неча турдаги жарима ва жазо тайинланган. Жарималар жониворлар ёки пул билан тўланган ёки қиз ўғирлаган киши жамоатдан ҳайдалиш билан жазоланган. Мабодо қизни ўғирлаб хотин қилиш унинг розилигисиз амалга оширилган бўлса, қаттиқроқ жазо тайинланган.
Кавказ бўйича бошқа тадқиқотчи Ш. Инал-Ипа[10] 1954 йили абхазларнинг қизни ўғирлаб унга уйланиш одатини тавсифлаб берган эди. Бу ерда ҳам, юқорида зикр этилган минтақаларда бўлгани каби, айни амалиёт никоҳнинг анъанавий қабул қилинган кўринишларидан четга чиқиш ҳисобланган. У келинни ўғирлаш “қонга-қон” тарзида ўч олишнинг шафқатсиз анъанаси мавжудлиги сабабларидан биридир, оқибатда кўплаб йигитлар ўлдирилган, деб ёзади.
Шундай қилиб, гарчи келин ўғирлаш ҳаётда учраб турса-да, оддий ҳол ёки советлардан олдинги даврда яшаган аксарият этник гуруҳлар учун қоида бўлмаган. Афтидан, бу Кавказга ҳам, Марказий Осиёга ҳам бирдай тааллуқли.
− Сиз келин ўғирлашни янги кашф қилинган анъана деб атаяпсиз. У, сизнингча, қандай рўй берган?
− Тадқиқотлардан маълум бўляптики[11], ХХ аср мобайнида келинларни уйланиш мақсадида олиб қочиш ҳолатлари анча-мунча ортди – амалиёт қизларнинг розилиги билан олиб қочишдан розилигисиз олиб қочиб уйланиш томон оғиб кетди ва кўпчилик розиликсиз олиб қочишнинг анъана эканига ишона бошлади.
Буни тушуниб олиш учун ушбу амалиётнинг советлар даврида кўпайганига оид айрим омилларни кўздан кечириш керак бўлади. Шундай қилиб, гап эркак ва аёлнинг тенгҳуқуқлилиги, аёлни таълим ва иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларига интеграция қилиш ҳақида кетмоқда. Натижада аёлларнинг ижтимоий ва иқтисодий мақоми ўсди, улар ота-онасининг иродаси ва эрта никоҳга камдан-кам ҳолларда бўйсунадиган бўлди. Ёшлар танлашда тенглик ва эркинлик истади ва афтидан, айримлари келинни розилиги билан ўғирлаб кетишнинг эски шаклига тақлид қила бошлади. Қайд этилганидай, агар ала қачуу йигит билан қизнинг розилиги билан содир этилган бўлса, бу танлаш эркинлиги бўлган ва қонуний амалиёт ҳисобланган, лекин кўпчилик ҳолларда бунақа йўл тутилмаган.
Муаммо шундаки, ҳатто ўзаро келишилган олиб қочишга ҳам қизнинг розилигисиз ўғирлаш деб қаралган. Қизларнинг уларни розилиги билан ўғирлаш миқдори ортиб боргани сари[12] айрим эркаклар қизларни розилигисиз ҳам ўғирлаб кета бошлаган. Ўн йиллар давомида ушбу амалиёт кўпайиб кетди ва илгариги вақтларда ноқонуний деб ҳисобланганига қарамай, жамиятда маъқулланадиган бўлди.
Биз тадқиқотимизда қизларни розилигисиз ўғирлаш ҳоллари кўпайиб кетганини тушунишда ёрдам берадиган 3 та ҳолатни ажратиб кўрсатган эдик.
Биринчидан, ота-оналарнинг ўзаро келишувига асосан тузилган никоҳ кўпинча келин ёки куёвнинг розилигисиз юз берган. Иккинчидан, қалин пулини тўлаш аёлни сотиб олиш ёки сотиб юборишнинг яширин кўриниши бўлиб, уни эркак ёки оиласининг мулкига айлантирган, улар келиндан истаган тарзда фойдаланиши ва унга нисбатан зўравонлик қилиши мумкин бўлган. Учинчидан, никоҳ тўйида эрнинг ёш хотинини қўлга киритиш учун кучдан анъана сифатида фойдаланишига эътибор қаратиш керак. Масалан, Левшин ёзиб қолдирган расм-русумга кўра, эр ўтовга куч билан бостириб киради ва хотинини отида ўз ўтовига ёки қишлоғига олиб кетади[13]. Никоҳ ўзаро келишилган, қалин пули тўланган ва мулла никоҳни ўқиган ҳолатларда шундай йўл тутилган. Қизларни розилигисиз ўғирлаб кетиш халқ анъанасида расм бўлмаганини ҳисобга олсак, аёлларга нисбатан узоқ вақтдан бери мажбурлаш ва зўравонлик давом этиб келаётганини кўрамиз. Келинларни розилигисиз ўғирлаб кетиб уйланиш ҳолларининг айнан ХХ асрда кўпайиб кетиши ва бу “анъана” эканига ишониш масалалари қўшимча тадқиқотларни талаб этади.
−Ушбу амалиётга ислом динининг муносабати қандай?
− Бир ҳолатни истисно қилганда, ўзим кўрган ва билган ислом етакчилари келинни розилигисиз ўғирлаб кетиб уйланишни қоралайди. Шунга қарамасдан, қиз бола бошига рўмол ўраб, никоҳга розилик бергач, имомлар одатда тўйга фотиҳа беради. Ислом ҳуқуқида никоҳ шартномаси таклиф (ижоб) ва розиликдан (қабул) иборат, улар битта учрашувда (одатда, никоҳ ўқиш маросимида – таржимон) эълон қилинади. Шартнома кучга эга бўлиши учун эркак билан аёл таклиф билан розиликни эшитиши ва тушуниб олиши керак.
− Сизнинг 2005 йили “Central Asia Survey” журнали учун бирга ёзилган мақолангизда қирғиз аёлларининг учдан бир қисмидан кўпроғи розилигисиз ўғирлаб кетилгани учун эрга теккани айтилади. Қўлингизда яна қандай сўнгги маълумотлар бор?
− Сўнгги маълумотларимиз 2011 йили Қоракўлда 2010 ёки 2011 йилда эрга теккан ёки ўғирлаб кетилган аёллар билан ўтказилган 101 та суҳбатга асосланади. Ўша аёлларнинг 56 фоизи ўғирланмасдан анъанавий тарзда турмушга чиққан бўлса, 45 фоизи розилигисиз ўғирлаб кетилган экан. Ушбу рақамлар 2008 – 2009 йиллардаги лойиҳамизда келтирилган маълумотларга яқин. Биз 2008 йилгача ўтказилган сўров натижаларидан аёлларнинг 50 фоизидан кўпроғи розилигисиз ўғирлаб кетилгандан сўнг никоҳ тузишга мажбур бўлганини билиб олган эдик. Орадан бир йил ўтиб, таълим лойиҳасини амалга оширганимиздан сўнг аёлларнинг 30 фоиздан камроғи уйланиш мақсадида ўғирлаб кетилгандан сўнг никоҳ тузишга мажбур бўлган экан[14].
Яна шуни ҳам эслаб ўтиш жоизки, 2011 – 2012 йилларда ўтказилган сўров натижаларига асосланган ва 2015[15] йилда чоп этилган мақолада анъанавий никоҳнинг (ота-оналарнинг келишуви ва ўғирлаб кетиш оқибатида тузилган) иккала тури ҳам постсовет даврида камайгани айтилади. Аслида барча никоҳлар миқдори камайган бўлса-да, ушбу тамойил, асосан, анъанавий никоҳларга тегишли эди.
− Келинларни ўғирлаб кетиш ҳолатлари камайдими?
− Тахминимча, Қирғизистонда ушбу мавзу бўйича 2005 йилдан эътиборан ижтимоий мунозаралар ўтказила бошлагандан сўнг айни рақамлар бир оз пасайган. Бу, айниқса, қонунчиликка ўзгартиришлар киритилгандан сўнг рўй берди. Турли гуруҳларнинг таълим соҳасидаги саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ ҳам бунга эришиш имкони бўлди. Бироқ тахминимча, ўртача нисбат ҳали ҳам 1/3 ни ташкил қилади ва у қишлоқ жойларда Бишкек ёки Ўшдагига қараганда юқори. Мен 2008 – 2009 йилларда қилганимиз сингари яна 8 – 10 қишлоқда аёллар билан суҳбат ўтказиш учун молиявий маблағ излаяпман. Бу аниқ манзарани билиб олишимизда ёрдам берган бўлур эди.
− Бундай “анъаналар”га қарши курашда муваффақиятга эришилган ҳолатлар ҳам бўлдими?
− Биз 2014 ва 2015 йиллардаги сингари таълим лойиҳаларини амалга оширганимиздан сўнг ўғирлаб кетган йигитларнинг уйида қолишни истамаган ёки ўғирлаб кетган кишиларни судга берган қизлар билан боғлиқ воқеаларни эшитар эдик. 2014 йил кузида бир қишлоқдаги уйга бордик, ўша уйда яшовчи йигит 3 қизни ўғирлашга улгурган экан. Уларнинг бирортаси ҳам унга турмушга чиқишга рози бўлмабди.
−Аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш учун уруғларнинг қайси фойдали анъаналарига мурожаат қилишимиз мумкин?
− Ҳа, биз таълим дастуримизда бундай анъаналарга мурожаат қилиб турамиз. Биринчидан, аксарият қирғизлар учун анъана дин ёки қонундан муҳимроқ бўлгани учун келинларни розилигисиз ўғирлаб кетиб уйланиш ҳақида “Манас” достонида ҳеч нарса дейилмаганини, Манаснинг ўзи ҳам қиз ўғирлаш йўли билан уйланмаганини айтамиз. Қирғиз ҳалқи анъаналарига риоя қилиш учун бировни зўрлик билан ўғирлаб кетиш шарт эмас. 2007 йили тадқиқотимиз учун сўров ўтказган “Манас” достонини куйловчи бахшилар келинларни розилигисиз ўғирлаб кетиш қирғиз халқининг анъанаси ҳисобланмаслигини айтди ва у советларгача бўлган даврда (ХХ асрнинг 20-йилларидан бошланган) кенг тарқалмаган.
Иккинчидан, келинни ўғирлаб кетиш билан боғлиқ ягона анъанавий воқеа – Қиз қўйоо йигит билан қизнинг розилигига кўра рўй берган муҳаббат ва қочиб кетиш ҳикоятидир.
Учинчидан, қирғиз халқи тарихида кучли аёллар ҳам яшаб ўтган. Масалан, машҳур қирғиз ҳукмдори Қурбонжон Додхоҳни (1811-1907) олайлик. Оддий кўчманчи оилада туғилган қиз 18 ёшида тўйга қадар умрида кўрмаган кишига эрга берилади. Учрашганларидан сўнг куёв қизга ёқмайди. Орадан бир кун ўтиб, у анъанага ҳам қараб ўтирмай, отаси билан бирга яшаш учун уйига қайтиб келади. Кейинчалик армияга раҳбарлик қилади, яъни “додхоҳ” бўлади. Унинг ҳаёт йўли машҳур фильмда тасвирлаб берилган.
Модомики, анъана, дин ва қонунлар келинларни уйланиш мақсадида ўғирлаб кетишга қарши экан, ҳеч бир халқ ёки маданий меъёр келинлар ўғирлаб кетишни маъқуллай олмайди. Уйланиш мақсадида ўғирлаб кетишга қарши кураш Африкада аёлларнинг хатна қилиниши ёки АҚШдаги сегрегация – бирор ирқ вакилларини мажбурий ажратиб қўйиш сиёсати сингари ҳодисаларга қарши курашдан осонроқдир.
[1]Amsler S. and Kleinbach R., Bride Kidnapping in the Kyrgyz Republic, International Journal of Central Asian Studies, Volume 4, 1999.
[2]Kleinbach R., Salimjanova L. Kyz ala kachuu and adat: non-consensual bride kidnapping and tradition in Kyrgyzstan, Central Asian Survey, Volume 2, 2007.
[3]Бу ҳақда С.Абрамзон, С. Кожоналиев, А.Смирнов, Д.Семенов, Б.Солтоноев ва бошқа тадқиқотчилар ҳам ёзган.
[4]Левират (лот. Levir – қайноға)‒ патриархал уруғчилик даврида яшаган кўплаб халқларга хос никоҳ одати бўлиб, унга кўра, тул хотин фақат ўлган эрининг энг яқин қариндошлари, биринчи навбатда, ака-укаларидан бири билан иккинчи марта никоҳ тузишга мажбур ёки шундай ҳуқуққа эга бўлган.
[5]Сорорат (лот. Soror – опа ёки сингил) – ушбу одатга кўра, эркак бир вақтда ёки кетма-кет хотинининг бир неча опа-синглиси, амакиваччаси ёки холаваччаси билан никоҳ тузади. Бундай никоҳ эркакнинг хотини тирик бўлишига қарамай ёки унинг ўлимидан сўнг тузилган.
[6]Осмоналева Р., Красивый обычай (Умыкание невесты). Женская устная история: гендерные исследования, Бишкек, 2005.
[7]Каримова Г, Касыбеков А.,Молчание невест, Вечерний Бишкек, 21 октябрь, 2003.
[8]Ломакин А., Обычное право туркменов (адат), Ашхабад, 1993.
[9]Aminova A., Uzbekistan: no love lost in Karakalpak bride thefts, IWPR, RCA No.294, 18 June 2004.
[10]Инал-Ипа Ш.,Очерки по истории, брака и семьи у Абхазов,Абгиза, 1954г.
[11]Kleinbach R., Salimjanova L. Kyz ala kachuu and adat: non-consensual bride kidnapping and tradition in Kyrgyzstan, Central Asian Survey, Volume 2, 2007.
[12][10] Абрамзон С.М., В киргизских колхозах Тянь-Шаня, СЭ,1949,т.4,стр.72.
[13]Левшин А.И., Описание киргиз-казахских или киргизкайсакских орд и степей, Алматы, 1996. Иқтибос мана бу китобнинг 231-бетида келтирилади:Kleinbach R., Salimjanova L Kyz ala kachuu and adat: non-consensual bride kidnapping and tradition in Kyrgyzstan, Central Asian Survey, Volume 2, 2007.
[14]Мана бу мақолага қаранг:Kleinbach R, Babaiarova G., Reducing non-consensual bride kidnapping in Kyrgyzstan, Eurasian Journal of Economics and Finance http://www.econjournals.net/Eurasian-Journal-of-SocialSciences/Vol.1-No.1-2013.aspx
[15]Nedoluzhko L. and Agadjanian V, Between Tradition and Modernity: Marriage Dynamics in Kyrgyzstan, Demography, 2015.