Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад-Дўст
2017 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг атиги 29 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қатнаган. Бу кўрсаткич бошқа мамлакатларникига солиштирганда, жуда паст. Жорий йил майи охирида Жаҳон банки айни аҳволни ўзгартириш учун мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови ва сифатини оширишга қаратилган лойиҳани тасдиқлагани ҳақида хабар берди. 73,85 млн. АҚШ долларлик “Болаларнинг эрта ёшидан ривожланишига кўмаклашиш” лойиҳаси Халқаро ривожланиш уюшмасининг (the International Development Association) 59,5 миллион долларлик кредит маблағи, Таълим бўйича глобал ҳамкорлик (Global Partnership for Education) ва Натижаларга асосланган ёндашувлар бўйича глобал ҳамкорлик (Global Partnership for Results-Based Approaches) ташкилотлари ажратадиган 14,35 млн. долларлик грантлар ҳисобидан амалга оширилади.
UzAnalytics таҳлилида ушбу лойиҳа ва унинг устувор йўналишлари, мактабгача таълим сифатининг мамлакат келажаги учун аҳамияти ва болаларнинг эрта ёшдан ривожланишини молиялаштириш ҳамда инвестиция киритиш жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни ва қашшоқликни камайтириши ҳақида сўз юритилади.
Лойиҳанинг устувор йўналишлари
Жаҳон банки янги лойиҳасининг асосий мақсадлари болаларнинг эрта ёшдан ривожланиши ва таълим олиш имкониятини кенгайтириш, мактабгача таълим муассасаларида ўқув муҳитини яхшилаш, таълим сифатини мунтазам равишда текшириб баҳолаган ҳолда кейинги қадамларни белгилаш ва қарор қабул қилишдир. Айни мақсадларга тарбиячи ва ўқитувчилар малакасини ошириш, болаларни ривожлантиришга йўналтирилган ёндашувни қўллаш, мактабгача таълим муассасаларини зарур ускуналар, техник воситалар (компьютерлар, принтерлар), мебель ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш орқали эришиш кўзда тутилган. Мазкур дастурда “Ижтимоий таъсир мажбурияти (Social Impact Bond)” модели схемаси бўйича хусусий сектор билан шерикликни ривожлантириш ғояси ҳам илгари сурилган.
Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA) ўртасида имзоланган расмий ҳужжатга мувофиқ, 59,5 млн. долларлик кредит маблағларининг аксарият қисми қуйидагича тақсимланади:
· 43 млн. доллар мактабгача таълим муассасалари учун зарур ускуналар, ўқув материаллари, компьютер ва ноутбуклар, принтерлар, мебель ва бошқа ҳк.ни харид қилишга сарфланади;
· 5,1 млн. доллар мактабгача таълим тизимида давлат-хусусий шериклигини ривожланитиришга йўналтирилади (“Ижтимоий таъсир мажбурияти” модели схемаси асосида);
· 4,9 млн. доллар мактабгача таълим сифатини текшириш ва баҳолаш тизими мавжуд эмаслиги сабабли таълим сифатини ўлчаш (баҳолаш) тизимини ташкил этиш учун ажратилган;
· 3,5 млн. доллар мактабгача таълим олиш имкониятининг муқобил шакллари учун мўлжалланган. Ушбу муқобил дастур болалар ҳаётининг дастлабки 1000 кун давомида хонадонларга бориб туришни, фуқаролар билими ва уларнинг болаларни ривожлантиришдаги иштирокини ошириш, ўйин гуруҳларини ташкил этиш ва шу каби тадбирларни қамраб олади.
«Қониқарли» натижанинг қониқарсиз ҳолати
Мазкур лойиҳа Жаҳон банкининг Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича амалга ошираётган иккинчи дастуридир. Бундан олдинги 49 млн. долларлик лойиҳа 2015 йилда бошланиб, жорий йилнинг 31 июлида расман якунланган эди. Жаҳон банкининг “Мактабгача таълим ва умумий ўрта таълимни такомиллаштириш лойиҳаси» қишлоқлардаги 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларнинг сифатли мактабгача таълим олиш ва ривожланиш имкониятларини ошириш ҳамда қишлоқ умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ўқув натижаларини яхшилашга қаратилди. Лойиҳа якуни бўйича унинг натижаси қониқарли деб топилди. Унга кўра, ҳозирги пайтда қишлоқлардаги 3-6 ёшдаги болаларнинг 28,3 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қатнайди. Бу рақам 2013 йилда жуда паст, яъни 8,5 фоиз эди, 2018 йилга келиб, ушбу кўрсаткич 19,9 фоизгача ўсди ва яна бир йил давомида 28,3 фоизгача ошди. Бу – жуда яхши натижа.
Энди умумий рақамларни ўзаро солиштирсак.
Жаҳон банки маълумотига кўра, Ўзбекистонда мактабгача таълим учун сарфланадиган харажатлар катта бўлса-да, 2017 йилда 3-7 ёшдаги барча болаларнинг атиги 29 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қабул қилинган эди. Жаҳон банкининг алоҳида ҳужжатида[1] бу кўрсаткич бошқа мамлакатларникига нисбатан анча паст эканини қайд этилди. Мисол учун, Қозоғистонда мактабгача таълим тизими 3-7 ёшдаги болаларнинг 60 фоизини қамраб олади, Россияда эса бу кўрсаткич 85 фоиздир.
Янги лойиҳа ушбу кўрсаткични 40 фоизга етказишни назарда тутмоқда. Дастур 2024 йилда якунлаган пайтда мамлакатда 1 миллиондан кўпроқ болалар мактабгача таълим муассасаларига қатнаши кутилмоқда.
Кенг жамоатчиликни жалб этиш – дастурнинг муҳим қисми
Республика ҳукуматининг ушбу мақсадга қаратилган сиёсати тўғри йўналишда кетаётгани қувонарли ҳол. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилиши, болаларнинг эрта ёшдан ривожланиш инфратузилмасини яхшилаш учун 2018 йилда 100 млн. доллардан ортиқ маблағ ажратилиши ва вазирликнинг халқаро ташкилотлар билан ушбу масала юзасидан яқин ҳамкорлиги айни ижобий тамойилнинг яққол мисолларидир.
Янги лойиҳа натижаларидан умидларимиз катта бўлса-да, унинг муваффақияти давлат ва жамиятнинг тизимли ёндашувини талаб қилишини қайд этиш жоиз. Мазкур лойиҳага кенг жамоатчиликни жалб қилиш дастурнинг муҳим бир қисмидир.
Мебель ва материалларни сотиб олишга сарфланган харажатлар билан таълим ва машғулотларга ажратиладиган маблағлар ўртасидаги фарқ жуда катта. Мактабгача таълим муассасаларини (МТМ) мебель, жиҳозлар ва турли хил техник воситалар (ноутбук, принтер ва ҳк.) билан тўлдириб ташлаш мумкин, аммо жамиятда болаларни эрта ёшидан ривожлантириш ғояси ва тушунчаси кенг тарқалмаса, ресубликамиздаги мактабгача таълим сифати пастлигича қолаверади.
Ота-оналарга, шу жумладан, ёш оналарга, эрта ёшдаги таълим ва ривожлантиришнинг аҳамиятини кенг миқёсда тарғиб қилиш лозим. Маълумки, кичик ёшдан бошлаб болалар билан кўпроқ вақт ўтказиш, ўқиш, қўшиқ айтишни ўргатиш ва ижодий фаолият билан шуғуллантириш улар ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Ота-оналарнинг бундай ёндашуви МТМларда педагогларнинг фаолияти билан бирлашганда, болалар ривожланишида анча самарали натижаларга олиб келиши мумкин.
Бу борада шаҳар ва қишлоқ жойларда давлатнинг қўллаб-қувватлаши катта аҳамиятга эга. Ўзбекистонда кўплаб аёллар турмушга чиққанидан сўнг уй-рўзғор ишларига кўп жалб қилинади. Аксарият ҳолларда ёш оила йигитнинг оиласида, унинг ота-онаси билан бирга яшайди. Уй-рўзғор ишларини тақсимлашда, келинларнинг бола тарбияси ва ривожланиши учун вақт ажратишида қайноналарнинг роли катта. Қайноналар невараларини эрта ёшдан ривожлантириш ва келинларига ушбу муҳим мақсадни амалга оширишда ёрдам бериши муҳимлигини чуқурроқ англаса, вазият анча яхшиланиши мумкин. Шу боис болаларни эрта таълим дастурларига олиб бориш, уй-рўзғор ишларини адолатли тақсимлаш ва оналарга болалар таълимининг ягона манбаи сифатида қарамаслик ҳам муҳим омиллардан саналади. Эрта ёшдан ривожлантириш муассасаларининг одатий ҳолга айланиши ўз ўрнида оналарнинг ижтимоий ҳаётда фаол бўлишига кўпроқ имкон беради. Натижада, оиланинг фаровон турмуш тарзи ва молиявий шароити яхшиланиши эҳтимоли ҳам ошади.
Болаларда қобилият ва кўникмаларини ривожлантириш орқали ижтимоий тенгсизликни камайтириш
Шахснинг шаклланишида, жамиятда ўрнини топа олишида ва унинг ривожига қўшадиган ҳиссасида эрта ёшдаги таълимнинг аҳамияти катта. Ҳақиқатан ҳам, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига (OEDC) аъзо, шунингдек, ривожланаётган мамлакатларда ижтимоий ва иқтисодий муаммолар фақат ривожланиш ва молия бозори билан боғлиқ эмас.
Нобель мукофоти лауреати ва Чикаго университети профессори Жеймс Ҳекман (James Heckman) иқтисодий тизимларнинг инсон қобилияти ва кўникмалари (human skills) билан боғлиқ эканини таъкидлайди. Олимнинг фикрича, ҳар қандай йирик иқтисодиёт фуқароларнинг малакаси, билими, қобилияти ва кўникмалари ривожланишига асосланади. Бинобарин, жамият ва иқтисодиётни ривожлантириш учун инсон потенциалини ривожлантириш ва уни рўёбга чиқариш керак. Ўзбекистон ОАВда кўп такрорланадиган “баркамол авлод” каби идеал мақсадга эришиш учун айнан шу нарса зарур. Мамлакатимиздаги мактабгача ёшдаги болаларнинг таълим даражаси умумий ўрта таълим даражасидан анча фарқ қилади. Баркамол авлодни етиштириш ўрта мактабдан эмас, мактабгача бўлган даврдан бошланади.
Имкониятлар тенгсизлиги
Шуни таъкидлаш жоизки, жамиятда ҳамма ҳам тенг имкониятга эга эмас ва ушбу омил болалар ривожланишига мактабгача бўлган даврданоқ таъсирини кўрсата бошлайди. Бу кам даромадли оилалар имкониятининг нисбатан камлиги улар ҳаётидаги ночорлик яна давом этишини англатади.
Ижтимоий ҳаётда зарур бўлган асосий кўникмалар ва муваффақиятга эришишга йўналтирилган характер жуда эрта ёшдан шаклланади. Болалар уч ёшга тўлиши билан ҳаётий кўникмалари орасида фарқ (skills gap) пайдо бўла бошлайди. Уни камайтиришда ёки бутунлай йўқ қилишда ўрта мактабларнинг роли катта эмас, деб ёзади Ҳекман. Шу боис, давлатнинг асосий вазифаси ижтимоий кўникмаларни мактабгагача бўлган даврда ривожлантиришдан иборатдир. Ҳекман муваффақиятга эришадиган болаларни тарбиялаш ҳақида сўз юритар экан, бир нарсани унутмасликни уқтиради: генлар ўз ролини ўйнаши мумкин, аммо ижтимоий ва ҳаётий кўникмалар қотиб қолган тушунчалар эмас. Бола шаклланишида оиланинг аҳамияти катта, шунингдек, атроф муҳит ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшади. Ижтимоий кўникмаларни болага ўргатишда ва уни шахс сифатида шакллантиришда эрта ёшдаги давр жуда муҳим роль ўйнайди.
Олимнинг ҳисоб-китобига кўра, эрта таълим учун сарфланган харажатларнинг камида 13 фоизи келажакда “жамиятга қайтади”. Болаларда ижтимоий кўникмаларнинг эрта ёшдан когнитив қобилият билан бирга ривожлантирилиши келгусида жамиятга фойда келтирадиган фуқароларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришнинг 4 та фойдаси
Биринчидан, турли ижтимоий тоифага мансуб болаларнинг эрта ёшда ривожланишида пайдо бўлган фарқ улар келажакда эришадиган муваффақият ва ютуқлар орасидаги тафовут ортишига сабаб бўлади. Аммо мактабгача бўлган даврдаги таълим орқали бунинг олдини олиш мумкин. Ҳекман ўтказган тадқиқотга кўра, болаларни эрта ёшдан ривожлантиришга маблағ сарфлаш кейинчалик улар орасидаги ривожланиш фарқи даражасини “ёпиш”дан кўра анча самаралидир.
Иккинчидан, бу болаларнинг соғлиғига ижобий таъсир кўрсатади. Кам даромадли оилаларда туғилган болалар учун эрта ёшдан бошлаб таълим олиш имкониятларини яратиш, уларнинг соғлом ва тўлақонли овқатланишига кўмаклашиш соғлигига бевосита ижобий таъсир кўрсатади.
Учинчидан, бу келажакда фуқароларнинг даромади ошишига олиб келади. Ҳекман тадқиқоти натижаларига кўра, Ямайкадаги камбағал болаларнинг АҚШдаги хонадонларга меҳмон бўлиш дастури келажакда улар иш ҳақларининг бошқаларга нисбатан 25 фоиз кўтарилишига сабаб бўлди.
Тўртинчидан, Ҳекманнинг айтишича, бу − “мантиқий чора”. Мактабгача ёшдаги болалар дастурларига маблағ ажратиш аҳамиятли экани дунёнинг кўплаб мамлакатларида эътироф этилмоқда.
Ижтимоий тенгсизликнинг олдини олиш
Ўзбекистонда борган сари иккита параллель жамият – бойлар ва камбағаллар жамияти шаклланмоқда. Ўсиб бораётган ушбу тенгсизлик келгусида салбий оқибатларга олиб келиши аниқ. Аммо бу тенгсизликни одамларга ижтимоий кўникмаларни кўпроқ ўргатиб қисқартириш ёки буткул йўқ қилиш мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, ушбу кўникмалар фaқат мактаб таълими ва синов балларини англатмайди. Инглиз тилида бу personality skills, яъни “индивидуал кўникмалар” деб аталади. Уларни “инсон характери” ёки “феъли” деб ҳам биламиз. Бу ерда когнитив бўлмаган кўникмалар: инсоннинг ўзига бўлган ишонч, мотивация, эътибор, қатъиятлилик ва импульсларни бошқариш қобилияти ҳақида сўз юритиляпти. Характернинг айни хусусиятлари интеллектуал кoэффициент – IQ дан кўра муҳимроқдир.
Психология фани молиявий муваффақиятни қатъийлик ва ўзини тарбиялаш билан боғлиқ шахсий кўникмалар мавжудлиги билан тушунтиради. Ушбу кўникмалар когнитив қобилият билан уйғун бўлсагина, ҳаётда муваффақиятга эришиш эҳтимолини оширади. Ўзбекистонда ўз кучи билан муваффақият қозонган кишилар болаликдаги эрта таълимнинг муҳимлигини юқори баҳолайди. Мисол учун, улар ота-оналари билан вақтни мазмунли ўтказиб, эрта ёшдан бошлаб ривожланиш тўгаракларига қатнаган бўлиб чиқади. Бу советлар даврида ҳам, ундан олдин (жадидлар мисолида) ҳам, кейин ҳам рўй берган. Бугунги мақсад мамлакатимизда болаларни мактабгача таълим тизимига кўпроқ жалб этиш ва келажакда улар имкониятларини кенгайтиришдир.
Хулоса
Мактабгача таълим тизими сифатининг пастлиги ва республикадаги, бор-йўғи, 3-7 ёшли болалар учдан бир қисмининг МТМларга қатнаши давлат идораларида малакасиз ходимлар кўпайиши ва меҳнат муҳожирлари сонининг тобора ошиб боришидаги муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Мотивация ва қатъиятлиликнинг етишмаслиги одамларни орзуларидан воз кечишга, меҳнат бозоридан четда қолишига ва жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшмасликка етаклайди. Уларнинг маълум қисми уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик, одам савдоси ёки фоҳишалик каби ноқонуний йўлларга кириб кетиши мумкин. Буларга қарши курашиш қимматга тушади, шу сабабли болалар келажагига маблағ сарфлаб (сармоя киритиб), жиноятларнинг олдини олиш иқтисодий жиҳатдан самаралидир.
Қобилиятли ва истеъдодли ёшлар ривожланган ва мустаҳкам жамият қурувчиларидир. Давлат идоралари муҳтож оилалар учун эрта ёшдан таълим олиш имкониятини ошириш учун кўпроқ ҳаракат қилиши, халқаро ташкилотлар билан бу масалада ҳамкорликни кенгайтириши ва ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиши лозим. Булар Жаҳон банкининг янги лойиҳасини муваффақиятли амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.
[1] http://documents.worldbank.org/curated/en/472601559440909823/pdf/Uzbekistan-Promoting-Early-Childhood-Development-Project.pdf,11-бет