Ўзбекистонда 15 августдан бошлаб газ, электр ва бензин нархи яна ошади. Ҳукуматнинг бу ҳақдаги қарори июль ойи охирида эълон қилинди. Нархлар 1 июндан оширилиши режалаштирилган эди, бироқ республика раҳбарияти буни бироз орқага суришни лозим топди.
Коммунал хизматлар (газ, электр энергияси, сув ва ҳк.) нархларининг ошиб туриши мамлакат аҳолиси учун одатий ҳолга айланиб қолган. Сўнгги 7 йил давомида аҳоли учун электр энергияси нархи 3, газники эса 3,5 баравар ошди. Бироқ масалага бошқа томондан ёндашадиган бўлсак, дунёда ҳамма нарса нисбий. Бошқа мамлакатлар билан таққосланса ва ўзбекистонликлар даромади ҳисобга олинса, ушбу коммунал хизмат нархлари Ўзбекистон аҳолисига қай даражада мақбул?
UzAnalytics электр энергияси, газ ва бензин нархларининг сўнгги 7 йилдаги динамикасини ҳамда Европа мамлакатлари мисолида ушбу хизматларнинг Ўзбекистон аҳолиси учун мақбуллигини (фойдалана олиш даражасини) таҳлил қилди.
Электр энергияси
Аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси нархи сўнгги 7 йил ичида ҳар йили икки маротаба қайта кўриб чиқилди, фақат 2017 йилгина бундан мустасно. Аксарият ҳолларда нархлар 5 фоиздан 12 фоизгача оширилди. Фақат 2013 йилда 15 фоиз ва охирги маротаба эса 18 фоиз ошди.
Электр энергияси нархининг йиллик динамикасига назар ташлайдиган бўлсак (ҳар йилнинг 15 август ҳолатига кўра), 2014 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда нархлар ҳар йили камида 12 фоиз ўсганини кўриш мумкин. Сўнгги 7 йил ичида электр нархининг рекорд ўсиши охирги йилда кузатилди – 29 фоиз.
2012 йил 15 август ҳолатига 1 кВт/соат электр энергиясининг аҳоли учун нархи 97,5 сўм бўлган. Сўнгги 7 йил давомида бу кўрсаткич 3 баравар ошди.
Нархлар оширилиши эълон қилинганидан сўнг, Ўзбекистон энергетика вазирлиги бунинг асосий сабаблари ҳақида хабар тарқатди. Вазирлик электр энергияси нархининг оширилишини мамлакатдаги энергетика корхоналарини рентабелли қилиш зарурати билан изоҳлади: «… Амалда бир кВт-соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун 450 сўм сарфланади, яъни, давлат аҳоли учун электр энергияси нархини дотация қилади. Бундай дотациянинг оқибатлари шундаки, агар у ўн йиллар давом этаётган бўлса (амалда ҳам шундай бўлмоқда) соҳанинг норентабеллигига олиб келади. Соҳанинг норентабеллиги нима ва бу нимага боғлиқ? Бу ускуналарнинг аста-секин эскириши, уларни тўлиқ янгилашга маблағ етишмаслиги, соҳага инвестициялар киритилмаслигини билдиради, чунки инвестор норентабель ишлаб чиқаришга маблағ сарфламайди. Ушбу рўйхатни давом эттириш мумкин ва унда ҳеч қандай ижобий жиҳатлар кузатилмайди. Дотациялар, одатда, вақтинчалик чора ҳисобланади. Агар улар, мамлакатимизда электр энергиясидан фойдаланиш учун ҳақ тўлаш ҳолати каби, кўп йиллар давом этаётган бўлса, ёки бу ҳолатни тубдан ўзгартириш керак, ёки бизни энергия таъминотида узулишлар кутмоқда».
Демак, республика энергетика корхоналари ноль қийматдаги рентабеллик даражасида ишлаши учун аҳолига етказиладиган электр энергияси нархи 450 сўмгача (1 кВт/соат учун), яъни яна 50 фоиз оширилиши керак.
1 августда бўлиб ўтган матбуот анжуманида молия вазири Жамшид Қўчқоров келгусида электр энергияси нархи яна оширилиши ҳақида маълум қилди: «Аслида, нархлар 1 июндан кўтарилиши керак эди. Бироқ президентимиз нархни оширишдан қайтарди. Давлатимиз раҳбари бу борада захира борлиги ҳақида сўради. Электр энергиясини бир кВт/соат учун 480 сўм қилмоқчи эдик. Нархларнинг яна қачон ошиши ҳозирча номаълум, лекин албатта ошади. Нарх-навони ошириш масаласи Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ёки бошқа бир идоранинг хоҳиш-иродаси эмас. Бу табиий жараён. Агар биз бозор иқтисодиётини қурмоқчи бўлсак, унда бозор иқтисодиётида нархлар эркин бўлиши керак».
Бинобарин, яқин йилларда 1 кВт/соат электр энергияси нархи 450-480 сўмгача ошиши мумкин.
Табиий газ
Электр энергияси каби табиий газ тарифлари ҳам (2017 йил бундан мустасно) ҳар йили икки маротаба ўсди. Ҳар сафар газ нархи 7 фоиздан 14 фоизгача ошган бўлса, охирги марта 18,8 фоиз ошди.
Сўнгги 7 йил давомидаги йиллик динамикага назар ташлайдиган бўлсак (ҳар йилнинг 15 август ҳолатига кўра), табиий газ тарифлари 2013 йилда (29,8 фоиз) ва 2019 йилда (31,2 фоиз) энг кўп ошгани кузатилади. Газ нархининг бу қадар кескин ўсишига асосий сабаб нима? “Ўзбекнефтгаз” АЖ расмий вакиллари билдиришича, асосий сабаблар компаниянинг катта зарарлари, муҳим кон захиралари камайиши ва газ қазиб олиш таннархи кескин ошиши билан боғлиқ.
12 июль куни АЖ раҳбари Баҳодиржон Сидиқов журналистлар билан бўлган учрашув чоғида компания зарарига ишлаётгани ҳақида маълум қилди: “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2017-2018 йилларни зарар билан якунлади. Агар бу йил соҳада катта ислоҳотлар бўлмаганида, акциядорлик жамияти яна молиявий зарар кўрарди. Бугунги кундаги “Ўзбекнефтгаз” АЖ муаммоларини ҳал қилишимиз учун газ нархини икки баравар оширишимиз керак. Шундагина муаммолар ижобий ҳал этилади. Бу таклифни муҳтарам Президентимизга олиб кирдик. Қаттиқ танбеҳ эшитдик. Эндиликда ўз имкониятимиздан келиб чиқиб, юқоридаги муаммолардан қутулиш йўлини излаяпмиз. Бунинг учун давлат бизга катта ёрдам бермоқда. Мавжуд муаммонинг 20 фоизини тарифлар оширилиши орқали, қолган 80 фоизини давлатнинг молиявий ёрдами орқали ҳал қиладиган бўлдик».
1 августда «Ўзбекнефтгаз» АЖ табиий газ в нефть маҳсулотлари нархлари оширилишини асослаб берди. Ушбу маълумотга кўра, 2007 йилдан 2017 йилгача газ қазиб олиш ҳажми 28 фоиз пасайган. Сабаби асосий конлардаги захиралар камаяётганидир. Бундан ташқари, 2000 йилдан буён газ қазиб олиш таннархи 6 маротаба ошган. “Бугунги кунда табиий газ қазиб олиш ва уни қайта ишлаш таннархи уни ташиш ва сўнгги истеъмолчига етказишга кетадиган харажатлар билан қўшиб ҳисоблаганда, 1 м3 газ учун 845 сўм бўлмоқда, яъни компания 1 м3 газни 380 сўмдан сотиш билан зарарига ишлаяпти”, дейилади компания маълумотида.
Бошқача айтганда, аҳолига газни ноль қийматдаги рентабеллик билан сотиш учун “Ўзбекнефтгаз” 1 м3 газни камида 845 сўмдан сотиши керак бўлади. Бу белгиланган янги тариф билан таққослаганда, 2,2 баравар кўп деганидир.
Бензин
2008 йилдан 2018 йилгача Ўзбекистонда суюқ углеводородларни импорт қилиш 3,8 баравар, яъни 16,8 фоиздан 64,3 фоизгача ошди. Натижада, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг нефть ва нефть маҳсулотларини четдан харид қилишга кетадиган ҳаражатлари 2008 йилда 362 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2018 йилда ушбу кўрсаткич 940 млн. долларга етди.
Қуйидаги графикда сўм конвертациясининг расмий курси ошиши билан Ўзбекистонда оммабоп ҳисобланадиган А-80 маркали бензин нархи ҳам ортганини кўриш мумкин:
2017 йил сентябрь ойига қадар, яъни сўмнинг эркин конвертацияси жорий этилишидан аввал А-80 маркали бензин нархи АҚШ доллариниг расмий курси бўйича 0,75 АҚШ долларидан 0,91 долларгача бўлган қийматда ўзгариб турган. Тахмин қилишимизча, нефть маҳсулотлари четдан харид қилинганда, сўмнинг долларга нисбатан расмий курси қўлланган. “Қора бозор” курси ва бензин нархининг ушбу курс бўйича доллардаги нархи шунчаки маълумот учун келтирилмоқда.
2017 йил сентябрь ойидан бошлаб, бензин нархи ва доллар курси ўртасидаги фарқ кескин ошди. Кейинчалик бензин нархи доллар/сўм курсининг ошишига қараб, ўсиб борган бўлса-да, 1 литр А-80 маркали бензин нархи доллар курси бўйича 0,50 доллар атрофида бўлиб келмоқда.
Республика аҳолиси учун газ, электр ва бензин нархлари қанчалик мақбул?
Дунёда ҳамма нарса нисбийдир. Газ, электр ва бензин нархлари ҳар хил мамлакатда турлича, улар ўртасидаги фарқ ҳатто 10-20 баробарга ҳам етади. Шунингдек, турли мамлакатлардаги аҳолининг даромадлари орасида ҳам катта фарқ бор. Унинг ушбу хизмат ва маҳсулотлардан фойдалана олиш даражасини баҳолаш учун мазкур мамлакатларда табиий газ ва электр энергиясининг аҳоли учун ўртача ойлик иш ҳақини ҳисобга олган ҳолдаги мақбуллиги рейтинглари мавжуд. Европа мамлакатлари бўйича тузилган ана шундай рейтингларда электр энергияси ёки газнинг ҳозирги нарх-наводан келиб чиқиб, бир ойлик ўртача иш ҳақига неча м3 газ ёки қанча киловатт электр энергиясини харид қилиш мумкинлиги ҳисобланади. Сўнгра аҳолининг ушбу маҳсулотлардан фойдалана олиш даражасига қараб, рейтинг тузилади. Мазкур рейтингда мамлакатнинг эгаллаган ўрни қанчалик юқори бўлса, ушбу мамлакат аҳолисининг электр энергияси ёки газдан фойдалана олиш даражаси ҳам шунча баланд бўлади.
Табиий газнинг 15 августдан бошлаб белгиланган тарифини (1 м3 учун 380 сўм) ва республика бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг 2 092,6 минг сўмни ташкил этишини ҳисобга олсак, бир ойлик ўртача иш ҳақига 5507 м3 газ тўғри келади. Европа мамлакатлари билан таққослаганда, Ўзбекистон ушбу кўрсаткич билан аҳолининг табий газдан фойдаланиш даражаси рейтингида шартли равишда 4-ўринни эгаллаши мумкин.
Бироқ 1 м3 газ нархи 845 сўмгача ошса (ноль қийматдаги рентабеллик билан сотилиш нархи), республикадаги ўртача маошнинг ҳозирги ҳолатига қарийб 2500 м3 табиий газ тўғри келади. Бу ҳолда Ўзбекистон ушбу рейтингда шартли равишда 14-ўринни эгаллаши мумкин. Ушбу рейтингга Европа қитъасининг 33 мамлакати киритилганини ҳисобга олсак, газ нархи 845 сўмгача ошган тақдирда, Ўзбекистон бу рўйхатнинг тахминан ўртасидан жой олган бўлар эди.
Ўзбекистон аҳолиси учун электр энергиясидан фойдаланиши борасида вазият бутунлай бошқача. 15 августдан бошлаб кучга кирадиган янги тарифга кўра (1 кВт/соат учун 295 сўм), республика Европанинг 42 та мамлакати киритилган рейтингда шартли равишда 24-ўринни эгаллаши мумкин. Бу, Европа мамлакатлари билан таққослаганда, Ўзбекистон аҳолиси учун электр энергиясининг мақбуллиги ўртача даражада деганидир. Агар 1 кВт/соат электр энергияси нархи, ҳукумат режалаштираётганидек, 480 сўмгача ошадиган бўлса, Ўзбекистон ушбу рейтингда фақатгина Албания ва Молдовани ортда қолдириб, энг охирги ўринлардан бирини – 41-ўринни эгаллаши мумкин.
Бензин нархига келадиган бўлсак, янги нарх-навони ҳисобга олганда ҳам, Ўзбекистон дунёнинг ушбу маҳсулот энг арзон бўлган 20 та мамлакати рўйхатидан жой олади. Айни кўрсаткич бўйича республика Марказий Осиё мамлакатлари орасида фақат Туркманистон ва Қозоғистондан кейинги ўринда туради.