“Ўзбекистон айни вақтда жадал ислоҳотларни амалга оширмоқда ва у минтақада етакчи бўлиш ва бошқаларга намуна кўрсатиш учун ажойиб имкониятга эга”, – дейди Қозоғистонда яшаб ижод қилаётган журналист Жоанна Лиллис.
Унинг Марказий Осиё ҳақида ёзган мақолалари “The Guardian”, “The Economist” ва “The Independent” нашрларида эълон қилинган. “Dark Shadows Inside the Secret World of Kazakhstan” (“Қора кўланкалар: Қозоғистон махфий дунёси ичида”) китоби муаллифи.
In English
− Ўзбекистонда айни пайтда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикрингиз қандай? Сизнингча, Ғарб мамлакатлари ниҳоят Ўзбекистондаги ислоҳотларга ишона бошладими?
− Мен айни вақтда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат ва унинг халқи учун ўта ижобий аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман. Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келганидан бери чиндан ҳам юксак ва узоқни кўзлаган дастурни амалга оширишга киришди, ислоҳотлардан мақсад Ўзбекистонни модернизация қилиш, Каримов даврида орттирилган мероснинг айрим номақбул унсурларини бартараф қилиш, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва халқаро соҳаларда кўпроқ ошкораликка эришишдан иборатдир.
Ўзбекистонни қора бозордан халос қилган валюта ислоҳотидан тортиб, пахта далаларида мажбурий меҳнатни йўқ қилиш борасидаги муваффақиятли саъй-ҳаракатлар – барчаси чиндан ҳам ҳайратланарли бўлди. Ушбу иккала муаммо ҳам Совет даврининг қолдиқлари эди, уларнинг йўқ қилиниши мамлакатдаги аҳвол ҳақиқатан ҳам ўзгараётганининг ёрқин намунасидир. Сўнгги ўн йилликларда ўзбек халқини муаммолар гирдобига ташлаган буйруқбозлик иқтисодиёти принципларини қўпориб ташлаш ҳамда Ўзбекистонни мен одамлар фойда кўришига ишонаётган бозор иқтисодиёти йўлига олиб чиқишга қаратилган солиқ ислоҳотидан тортиб, қишлоқ хўжалиги ва яна бошқа ислоҳотларгача бўлган ииқтисодий ўзгаришлар ўтказилди. Ислоҳотларнинг шахдам суръати одамни лол қолдирмоқда – ҳукумат бошқа мамлакатлар ўн йиллар давомида эришган нарсаларга бир неча йилда эришишга интилмоқда.
Табиийки, бу – ўта мураккаб жараён ва бу йўлда тўсиқлар, айниқса, ислоҳотларга тўсқинлик қилаётган манфаатдор шахслар бор, чунки улар мавжуд вазиятдан фойда кўради. Айрим бундай кишилар сиёсий ва иқтисодий ҳокимиятдаги лавозимларидан четлаштирилди, аммо ҳокимият ҳозир унинг тепасида ва сийловида бўлган шахслар фойдасига хизмат қиладиган таниш-билишчилик капитализми қарор топмаслиги учун эҳтиёт бўлмоғи шарт, деб ҳисоблайман. Мен бу ўринда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан боғлиқ бизнес доираларининг Tashkent City қурилишидаги манфаатлари аралашувини назарда тутяпман. Албатта, у ҳоким этиб тайинланганидан сўнг “Akfa Group”нинг кундалик бошқарувидан кетди, аммо унинг акцияларини сотмаганини ҳам айтди. Тошкент шаҳар ҳокимлигига иши юришиб турган иш одамини тайинлаш ва Ўзбекистондаги шаҳар ва қўрғонларнинг узоқ йиллар давомидаги ланж бошқарувидан воз кечиш дадил қарор бўлди, бироқ айни чоқда ҳукумат манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик учун ўта эҳтиёткор йўл тутиши лозим. Яна ҳукумат ислоҳотларни охирига етказиши керак деб ҳисоблайман, чунки бундай дадил ҳаракатлар қилинаётган жойда ҳаракатлантирувчи қувватнинг тугаб қолиш хавфи бор. Масалан, Ўзбекистон ватандошлари ҳалигача мамлакат ичкарисида нақд пулга валюта сотиб олиш имкониятига эга эмас. Нега? Бунга ишонарли бир сабаб йўқ, бозор иқтисодиёти шароитида уларга бу имконият берилиши керак. Шу тариқа ҳукумат пахта ва мажбурий меҳнатни бутунлай йўқ қилиши, пахта етиштириш моделини – пахтага режа белгилаш билан бозор иқсодиёти қанчалик мувофиқ келишини пухта ўйлаб кўриши лозим. Бошқа устувор вазифалар, жумладан, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, чуқур илдиз отиб кетган коррупцияни йўқ қилиш – ғаразли манфаатларга қарши кураш зарурлиги ҳисобга олинса – бир ҳамлда билан ҳал этадиган иш бўлмаслиги тайин.
Президент Мирзиёев, сиёсий нуқтаи назардан, ҳукуматнинг ўзи бошқараётган кишилар олдида кўпроқ ҳисоб беришига ҳаракат қилиб, ўзини халқнинг президенти деб эълон қилди. Энди одамлар шикоятлари ҳал этилиши учун ижтимоий тармоқлар ва халқ қабулхоналари орқали президент ва пастроқ лавозимдаги ҳокимият вакилларига мурожаат қилиш имконига эга бўлди. Каримов халқдан узоқ бўлган ўринларда Шавкат Мирзиёев унга яқинлашмоқчи бўлаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Бу ижобий қадам экани аён. У яна барча даражадаги амалдорларнинг халқ билан мулоқот қилишини, олдинги таҳқирлаш ва бошқарувнинг диктаторлик усулларидан воз кечишини истаётганини очиқ-ойдин айтди. Ўтган йили гўё қишлоқ хўжалик экинларига яхши қарамагани учун жазо тариқасида ариққа туширилиб, қўлига кесак кўтартириб қўйилган кишилар билан рўй берган можаро эсимизда – у бош вазир ўринбосарининг лавозимидан бўшатилишига сабаб бўлган эди. Ислом Каримов даврида бунақа бошқарув усули одатга айланган эди; президент Мирзиёев бунақа усулларга тоқат қила олмаслигини очиқ айтди, бироқ ушбу нохуш воқеа бунақа бошқарув усули қанчалик кенг тарқалганини ва уни йўқ қилиш осон эмаслигини кўрсатди. Умуман олганда, ҳукумат тобора одамларга ҳисоб бераётганини, одамлар эса ҳукуматга, маҳаллий ҳокимият идораларига нисбатан талабчан бўлиб бораётганини инкор қилиб бўлмайди. Аслида шундай бўлиши ҳам керак!
Бироқ сиёсий жиҳатдан Ўзбекистон демократик мамлакатга айланиши учун узоқ йўлни босиб ўтиши зарур: ҳалигача ҳақиқий мухолифат партиялари мавжуд эмас, парламент ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. 2016 йилги президент сайловида мухолифатдан ҳақиқий номзодлар бўлмади, оқибатда сайловда қатнашган номзодлар фақат Мирзиёев ҳокимиятини мустаҳкамлашга хизмат қилди, холос. Фикримча, агар ҳукумат иқтисодий ислоҳотларни ҳозиргидай жадал суръатлар билан амалга ошира олса, ҳақиқий плюрализмга эришиш, ниҳоят, одамларга ҳақиқий сиёсий овоз бериш имкониятини яратиш учун сиёсий ислоҳотлар ҳам ўтказиши зарур бўлади. Бу ҳукуматнинг ўзи учун ҳам фойдали, чунки айни ислоҳот муҳокамаю мунозараларга, улар эса инновацияларга йўл очади. Умуман олганда, бошқарувни такомиллаштириш ва мамлакатнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Ҳукумат қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқи ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, кўплаб сиёсий маҳбусларни қамоқдан озод қилиш ва “шубҳали” кишиларни диний қора рўйхатлардан ўчиришдан тортиб, ўзбек ахборот воситалари назоратини юмшатиш ва менга ўхшаш Ўзбекистондаги воқеаларни ёритаётган чет эллик журналистларни аккредитация қилишни назарда тутувчи айрим ислоҳотларни ўтказиш учун дадил қадамлар қўйди. Булар барчаси мақбул қадамлардир. Ҳукумат “Human Rights Watch” ташкилотига узоқ тақиқдан сўнг Ўзбекистонда қайтадан фаолият кўрсатишига рухсат берди. Булар жуда ижобий ҳолатлар бўлиб, Ўзбекистон бундан уч йил олдинги мамлакатдан қанчалик фарқ қилаётганини кўрсатади.
Инсон ҳуқуқи ҳақидаги гап кетганда, шуни айтиш жоизки, суд соҳасини ислоҳ қилиш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Ислоҳотлар қилинди, лекин президент Мирзиёев мамлакат разведка хизматини ислоҳ этиш ва уни кўпроқ ҳисобдор қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни олқишлаганига қарамасдан, хавфсизлик кучлари, жиноят судлови тизими ва адлия инсон ҳуқуқининг кўплаб бузилиш ҳолатларига сабаб бўлмоқда. Бу кўпгина постсовет мамлакатларига тааллуқли. Назаримда, инсон ҳуқуқи ва айби исботланмагунча унинг айбсиз экани принципига ҳурмат ҳиссини қарор топтириш учун ушбу тизимларни кескин ўзгартириш фақат Ўзбекистондагина долзарб бўлиб тургани йўқ, ушбу мамлакат айни вақтда жадал ислоҳотларни амалга оширмоқда ва унинг минтақада етакчи бўлиш ва бошқаларга намуна кўрсатиш учун ажойиб имконияти бор. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, Гулнора Каримованинг иши ҳукуматнинг қонунга риоя қилиш тўғрисида олган мажбуриятларига қанчалик амал қилаётганини кўрсатувчи лакмус қоғозидир: қандай жиноят қилгани, мамлакатда қанчалик ёмон кўрилишидан қатъи назар, унинг ҳам худди бошқалар сингари одил судловга ҳаққи бор. Ииши судда қандай кўрилганида ошкоралик бўлмади, у айбдор деб топилган суд муҳокамаси ва ҳозирги қамоқ шароитига ойдинлик киритиш фойдали бўлур эди.
Бошқа эътиборни тортадигани ҳозирги кунда хоинликда айбланаётган, Ташқи ишлар вазирлигидаги лавозимидан тахмин қилинган жосуслик содир бўлишидан олдин, қўққисдан кетган ҳамда шизофрениядан азоб чекаётган собиқ дипломат Қодир Юсупов масаласидир. У ўз жонига қасд қилишга урингандан сўнг ҳибсга олинган эди. Назаримда, Ўзбекистон хукуматининг энг мухим вазифаси ўз фуқаролари, халқаро жамият ҳамда инвесторларнинг қонуний ҳуқуқини таъминлашдан иборатдир.
Шавкат Мирзиёевнинг халқаро миқёсда турли мамлакатлар (Россия билан Хитойдан тортиб Ғарб мамлакатларигача) билан узоқ йиллик изоляциядан сўнг ҳамкорлик қилишга тайёрлигини кўпчилик қўллаб-қувватлади. Расмий Тошкентнинг минтақадаги ҳамкорлиги Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Афғонистон билан ўртадаги қалин ҳамкорликнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланди ва вазиятни яхши томонга ўзгартирди.
Ғарб мамлакатлари Ўзбекистондаги ислоҳотларга ишонадими, деган саволга, мен ушбу сўзнинг кенг маъносида, ишонади, деб жавоб бераман. Энди Ўзбекистон халқаро алоқалардан четда қолган мамлакат эмаслиги чет мамлакатлар ва халқаро майдонда олқишланаётгани кўп нарсани англатади! Назаримда, халқаро бизнес ҳамжамияти ҳам у ердаги ислоҳотларга, эҳтиёткорлик билан бўлса-да, ишоняпти ҳамда Ғарб мамлакатлари компаниялари Ўзбекистонга ўтмишдагига нисбатан кўпроқ сармоя ётқизади. Бу ҳозирданоқ кўзга ташланмоқда.
Мен Мирзиёев ҳоқимиятга келгандан бери Ўзбекистонга бир неча марта сафар қилдим, оддий кишиларда некбинлик ҳисси борлини кўрдим: кўпчилик эркин нафас ола бошлагани ва келажакка ишончи борлигини айтмоқда. Ҳеч ким Ўзбекистоннинг, айниқса, сиёсий ва фуқаролик эркинликларини таъминлаш борасида муаммолари бошидан ошиб ётганини инкор қилаётгани йўқ, бироқ воқеалар ривожи – ижобий. Келинг, келгусида ҳам шундай бўлиб қолишига умид қилайлик.
− Сиз мухбир сифатида нималарга кўпроқ эътибор қаратмоқчисиз? “The Economist” ўқувчилари Ўзбекистон ҳақида нималарни билишни истайди?
− Аввало, юқорида санаб ўтганларимга эътибор қаратмоқчиман! Биз Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотлар жараёнини қандай давом эттираётгани ҳамда бу унинг ватандошлари, маҳаллий ва чет эллик сармоядорлар учун нималарни англатиши ҳақида мақолалар тайёрлаймиз. Мен оддий ўзбекларнинг ҳаёти қай тарзда ўзгараётгани, ўзгаришларнинг бизнес ҳамжамиятига қандай таъсир этаётганини кўрсатиб берувчи воқеаларни ёритмоқчиман. Жорий йилда Ўзбеқистонда парламентга сайлов бўлиб ўтади. Ўйлашимча, у репортаж тайёрлаш учун жуда қизиқарли тадбир бўлади. Сўнгги икки йил ичида Ғарб ОАВда Ўзбекистон ҳақидаги кўплаб яхши хабарларни ўқидик – бу зўр – ҳикоя қилиш мумкин бўлган кўплаб ижобий воқеаларни топишимизга ишончим комил. Табиийки, биз мамлакат ва унинг халқи дуч келаётган муаммоларни ёритишдан ҳам тортинмаймиз.
− Сайёҳларнинг Ўзбекистонга кириб келиш оқими ҳақида тарқалаётган маълумотлар қай даражада ишончли?
− Қўлимда тайёр маълумотлар йўқ, лекин билганим шуки, бу ерга келувчи меҳмонлар орасида оддий сайёҳлик гуруҳларидан кўра, мустақил саёҳат қилувчилар кўпроқ, бу мамлакат учун ижобий аҳамиятга эга, чунки сайёҳлик гуруҳларидан чет эл компаниялари кўпроқ даромад кўради, мустақил сайёҳлар эса келган жойида ортиқроқ пул сарфлайди.
Кўплаб мамлакатлар учун визанинг бекор қилиниши сайёҳлик саноатидаги вазиятни ўзгартириб юборди, бу туризмни ривожлантиришнинг оддий, аммо самарали йўлидир. Шунингдек, келиб-кетишдаги бюрократик тўсиқларни камайтириш мамлакатни очиқ, меҳмондўст ва дўстпарвар қилиб қўяди, Ўзбекистонда, сўзсиз, буларнинг барчаси бор. Ўзбекистонга келган сайёҳлар билан гаплашаётганингизда, улар ақл бовар қилмас меъморчилик обидаларидан тортиб, самимий одамларию хушхўр таомларигача завқланиб гапиради – тўғри қилади! Ўзбекистон дунёга очилганини кўриш қувонарлидир. Ўтган йили қуриб қолган Орол денгизи бўйидаги Мўйноқ шаҳрида бўлиб ўтган ва бу йил яна ўтказилиши режалаштирилаётган “Стихия” мусиқа фестивали сингари мафтункор ва инновацион тадбирлар кўпроқ сайёҳларни жалб қилади. Умуман олганда, уйига яхши таассуротлар билан қайтади ва туризм соҳасини риложлантиришга хизмат қиладиган илиқ сўзлар айтади.
− Ўзбекистон матбуотида чекловлар бор деб ўйлайсизми?
− Ғарб қаричи билан ўлчаганда, Ўзбекистон ахборот воситалари ҳали ҳам қўлболалигича турибди. Ўзини-ўзи цензура қилиш муаммолигича қолмоқда, президент Мирзиёевни шахсан танқид қилиш сингари тақиқли мавзулар ҳамон бор. Норасмий маълумотларга кўра, маҳаллий ҳокимият идоралари минтақалардаги журналистларга қаттиқ босим ўтказмоқда. Назаримда, ОАВ эркинлигини сўзда эмас, амалда таъминлаш учун кўпроқ куч сарфлаш лозим бўлади. Президентдан қуйи қатламларгача бўлган амалдорлар соғлом ва конструктив танқидни қабул қилишга кўникиши зарур. Бу жамиятни соғлом ва конструктив қилади.
− Сиз минтақага илк бор келганингиздан бери қандай қизиқарли ўзгаришлар юз берди?
− Мен Марказий Осиёга (Қирғизистонга) илк марта 1998 йили келган эдим. Ўзбекистонга эса биринчи марта 2001 йили BBC Monitoring хизматида ишлаш учун кўчиб келганман. Ўша вақтдан бери шунчалик кўп ўзгаришлар бўлдики, уларни умумлаштириб, бир сўз билан ифода қилиш қийин!
Албатта, Ўзбекистонда кўп ўзгаришлар рўй берди – ушбу ўзгаришларнинг асосий қисми ҳокимият ўзгариши ўзгаришларга йўл очган сўнгги уч йилда содир бўлди. Биз айрим ҳолларда одамни ранжитадиган дунёда яшаяпмиз, айни пайтда Ғарбнинг етакчи демократик мамлакатларида (Трамп Америкасидан тортиб, “Брексит” Британиясигача) рўй бераётган воқеалар одамни хафа қилади, шулар орасида ёмон томон қолиб, яхши томонга ўзгараётган мамлакатни кўриш қандоқ яхши! Мен 2005 йилдан бери яшаётган, жорий йил мартида президент Назарбоев истеъфога чиққандан сўнгги сиёсий ўтиш даврини бошидан кечираётган Қозоғистон ҳам ўзгаряпти. Айрим ижтимоий норозиликлар сабаб мамлакат қийин вазиятларга дуч келмоқда, аммо мени одамлар сиёсий овозини юқоридагилар эшитиши учун ҳаракат қилаётгани умидлантиради – Қозоғистонда ҳам ижобий ўзгаришлар содир бўлмоқда.
− Сиз Ўзбекистонни яна 5 йилдан сўнг қаерда кўрасиз?
− Мабодо ислоҳотлар жараёни ҳозирги суръатда давом этса, Ўзбекистон анча олға силжийди. У янада кўпроқ сармоялар жалб қилади ва иқтисодиёти гуллаб-яшнайди, кўплаб ватандошлари қашшоқликдан халос бўлади. Ислоҳотлар жараёни тўхтаб қолмаса, ҳозирги шароитда ҳамма нарсага эришса бўлади.
Ўзбекистон орадан беш йил ўтиб, ҳақиқий демократик мамлакатга айланишига шубҳам бор. Бунинг сабаби президент Мирзиёев мухолиф партиялар фаолият кўрсатиши, эркин ва одил сайловлар ўтказилиши учун шароит яратишга ваъда бермагани эмас. Аммо сиёсий плюрализм ўсиб бориши ва ОАВ билан фуқаролик жамияти эркинроқ ва дадилроқ бўлишига умид қиламан. Одамлар сиёсий овоз бериш ҳуқуқини талаб қилади деб ўйлайман. Президент Мирзиёев эл орасида машҳур ва бу талабдан қўрқмаса керак.
Олдинроқ айтганимдай, бугунги дунёда ижобий йўналишда ҳаракат қилаётган мамлакатлар сони жуда кам ва бу ўта ноёб ҳодиса, келинг, Ўзбекистон шу йўлда турибди, деб умид қилайлик. Шундагина у беш йилдан сўнг улкан муваффақиятларга эришади, деб ишонч билан айтишим мумкин!