Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст – Вестминстер университетининг халқаро муносабатлар бўйича магистри, мустақил таҳлилчи, Лондон, Буюк Британия
Эдвард Оллвортнинг “Замонавий ўзбеклар” китоби: Ўзбекчиликнинг ўзига хос асослари (1-қисм)
Эдвард Оллвортнинг “Замонавий ўзбеклар” китоби: “Эски ва янги замонавийлик” (2-қисм)
Шажара
Ушбу бобда янги замон “зиёлиси” жадидлар даврининг олим кишиси – интеллектуалидан қандай фарқ қилиши ҳақида сўз юритилади. Оллворт интеллектуални фикрларини танқидий таҳлил қила оладиган ва ақли мустақиллиги билан ажралаб турадиган киши деб таърифлайди. Коммунистик нуқтаи назар эса Марказий Осиёдаги олдинги интеллектуаллар теранлиги етишмаган янги кишини тарбиялади: “Шўролар қолипидаги зиёли – интеллигент ўзи ўйлаб кўришдан кўра бошқаларнинг кўрсатмаларига эргашар эди… Айни шу сабабга кўра, коммунистик партия етакчилари айни таъсирчан одамга ўзбеклар ҳақидаги тушунчаларини сингдира бошлади”.
Бу тарихшуносликка ҳам бевосита таъсир ўтказди, энди у ҳақиқатни қарор топтириш ўрнига тарихни сиёсий режим эҳтиёжларига бўйсундириши билан олдингисидан фарқ қилар эди. Оллворт ёзишича, гуруҳ ёки ўзига хослик Марказий Осиёда гуруҳ сифатидаги ўзига хосликни қайта белгилаш дастури асосида, этник гуруҳ вакилларининг жисмоний ҳолатига қараб аниқланади, деган ирқчилик назарияси ётади: “Шундай қилиб шўролар этногенези у ёки бу ҳудудда яшовчи одамларни “тушунтириш”га уринди ва ушбу назарияга асосан, ҳудуд белгиловчи ўринни эгаллар эди, тарихнинг вазифаси эса ушбу заминда яшовчи халқ бу ерда азалдан яшаб келганига исботлар топишдангина иборат бўлди”[1].
Зиёлилар
Сталин ўлимидан сўнг воқеаларнинг ижобий динамикаси тикланди, зиёлилар эса изн берилганигача бўлган чегараларни эҳтиёткорлик билан англаб ета бошлади. Шундай қилиб, Оллворт ўзбек зиёлиларининг навбатдаги қурултойи ҳақида – бу айни қурултойларнинг учинчиси бўлган эди – ҳикоя қилади. Ўша қурултойда Ўзбекистон компартияси марказий қўмитаси биринчи котиби Нуриддин Муҳиддинов романнавис Абдулла Қодирийни бегуноҳларча қурбон бўлган зиёли деб атаган эди (252-бет). Айни ҳол ўзбек маданияти кўплаб вакилларининг оқланишига йўл очиб берди. 50-йилларнинг охири Ўзбекистоннинг ташқи дунёдан узоқ вақт узилиб қолгани – изоляциясига барҳам берилганини ҳам англатар эди. Бу Никита Хрушчёвнинг Хитой билан Шарқда ким кўпроқ машҳур экани борасида рақобат қила бошлагани ва бунинг учун Ўзбекистон элитаси – таниқли намояндалари сафарбар қилингани билан боғлиқ эди. Бобда шу ҳақда сўз кетади.
Яна унда Шароф Рашидовнинг роли, унинг сиёсий ва адабий фаолияти ҳамда у республикадаги энг юксак лавозимни эгаллаб турган вақт тавсифлаб берилади. Муаллиф ҳикоя қилишича, Ўзбекистон зиёлиларининг 1959 йил декабрида бўлиб ўтган навбатдаги қурултойида у киши илк марта “Тошкент руҳи” хусусида сўз очади. Рашидов қурултойда икки марта ўзбек халқи ҳақида алоҳида, уни СССРдаги бошқа халқлардан ажратиб гапиради. У ХХ асрнинг 20-50-йилларидаги қатағонлар Ўзбекистон маданиятига зарар етказганини айтиб, коммунистик партия нигилизми – умумқабул қилинган қадриятларни менсимаганини, бунинг оқибатида ўзбек адабиёти, мусиқаси ва тарихшунослиги зарар кўрганини қоралайди. У маънавий бойлик,ҳақида гапиради, лекин яна бу динга чорловни англатмаслигини алоҳида қайд этади, ҳатто динга қарши мазмундаги мақолаю асарларни кўпайтиришга чақиради (256-бет). Оллвортга кўра, Рашидов даврининг аҳамияти шунда эдики, ўзбек миллатига мансуб кишининг юксак лавозимни узоқ вақт эгаллагани халққа фойдаси энг кўп теккан вақт бўлди ва бу ўзбекларнинг “етакчилик” борасидаги қадриятлар тизимини белгилаб берди (265-бет).
Яна тарих ҳақида
Янги вақт эҳтиёткорлик билан айрим сиёсий қарашларнинг мағзини қайта чақиш имконини берар эди. Оллворт Марказий Осиё бўйича мутахассис, антрополог Р. Аминованинг 1967 йилда чоп этилган китобининг «Эронилар ва туркларнинг қўшилиб кетиши» китоби бобининг ўзбеклар ва тожикларнинг қалин алоқалари ҳақида сўз юритилган бўлимидан иқтибос келтиради. Америкалик тарихчи унда мажбурий бўлинишга қарамай, ўзбеклар билан тожиклар ўртасидаги алоқалар йўқолмаганида бир ҳикмат кўради. Шунга қарамасдан, ўзбеклар билан тожикларнинг жисмоний белгиларига қараб бўлиб ташлаш хато бўлганини тан олганига қарамай, тарихчилар «ўзбеклар илдизини тарихдан излаш”ни давом эттираверди, деб ёзади муаллиф. “Улар марксизм ва ленинизмга мос равишда ўзбеклар кичик гуруҳи узоқ вақт мобайнида Марказий Осиё ҳудудида йиғила бошлади, аммо яқинда кўчиб келган кўчманчи ўзбеклардан иборат эмас эди, дея иддао қилаверди” (259-бет). Айни чоқда улар хронология ва ўзига хосликни таниб олиш муҳимлигини инкор этар эди.
Оллворт таъкидича, «Эҳтимол, Марказий Осиёнинг кекса ва камроқ маълумотга эга бўлган аҳолиси ўз халқининг ўзбек эмас, бошқа ном билан аталганида “ҳа” деб жавоб берган вақтларини эсласа керак”. У, 70-йилларда қишлоқ аҳолиси – гуруҳга мансуб ўзига хосликни сақлаб қолган, улар ҳали ҳам уруғлар билан боғлиқ ўтмишни эслатиб турадиган қишлоқ туманларида яшаётган эди (259-бет), деб ёзади. Унинг тахминича, маълумотли эркаклар билан аёллар ўзига хослик – қайси этник гуруҳга мансублик юзасидан гап талашар, чунки кўпчилик ўзига “ўзбек” деган номни партия мафкурачилари берганини билар эди. Шаҳарлар қайта номланганига Совет антропологлари, уруғлар Марказий Осиёда аҳамиятини йўқотди, деб билармонлик қилганига қарамай, кўплаб маҳаллий қишлоқ, кўрғонлар ва шаҳарларнинг номлари сақланиб қолди.
Коммуникация
Муаллиф ушбу бобда янги ўзбек миллатининг қадриятлар тизимига коммунистик ахлоқ қандай таъсир кўрсатганини аниқлашга ҳаракат қилади. У адабиёт билан матбуотни таҳлил қилар экан, ахлоқ кодексларининг бир-бирига зид келганини кўради. Масалан, коммунистик ахлоқ ҳалоллик, ахлоқий поклик, камтарлик, ижтимоий ва шахсий ҳаётда кўп нарсаларга даъво қилмаслик сингари қадриятлар билан иш кўрган. Яна унда адолатсизликка, (шўролар тушунчасидаги) текинхўрликка, мансабпарастликка ва пул орттиришга муросасиз муносабатда бўлиш кўрсатилган эди. Коммунизм ривожланишига ҳисса қўшиш маънавиятлилик, уни заифлаштиришга уриниш эса маънавиятсизлик саналган.
Тарихчи, марксча-ленинча сиёсий мафкуравий фикрлаш Марказий Осиё зиёлилари ва аҳолисининг ахлоқ меъёрларидан мутлақо фарқ қилар эди, аммо бу тафовут нормага айланиб қолди, деб ёзади. Оллворт буни қадриятларга риоя қилишдаги оғмачилик ҳамда нарсаларни шахсий ва ижтимоийга ажратиш деб атайди. Шундай қилиб, жамоат олдидаги чиқишларда ўзбекларнинг меҳмондўстлиги, хушмуомалалиги, болаларни яхши кўриши, мусиқани севиши ва шоиртабиатлилиги ҳақида гапирилар эди. Матбуотда доимий тарзда хулқ-атвор ва натижадорлик билан боғлиқ масъулият, мажбурият, ҳалоллик ва камтарлик сингари мақсадга эришиш йўлида восита бўладиган қадриятлар тилга олинар эди. Бироқ улар ижтимоий хусусиятлар бўлган, айни чоғда фундаментал қадриятлар мафкурачиларнинг қўли етмайдиган шахсий маконга чекинган эди.
Яхши хулқ-атвор ҳақидаги анъанавий фикрлаш бошқа шаклларда ҳуркибгина намоён бўла бошлади. Масалан, айрим ОАВ яхши хулқ ҳақида ёза бошлади. Ҳиссиётларини жиловлай оладиган киши яхши хулқ эгаси саналар, истакларини жиловлай олганлар эса ақлли кишилар эди. Оллворт 70-йилларда илм, мулойимлик, адолат, ўзини тутиш сингари қадриятлар тилга олинганини қайд этди. Аслида, деб ёзади у, Марказий Осиё аҳолисининг ички ва ташқи ҳаётидаги оғриқли тафовут ҳақида сўз бораётган эди. “Ким тизимдан фойдаланмоқчи бўлса, расмий дунёқарашга мойиллик билдиради, айни чоғда бошқалар нохушликларга рўпара бўлмаслик учун шахсий қадриятларига мурожаат қилади[2].
Анъана
Мафкурачилар уринишларига қарамай, Оллвортга кўра, ахлоқ меъёрларининг советча модели ишонарсиз эди. У мамлакатнинг ягона миллатдан иборат бўлишига асослангани Марказий Осиёдаги кичик гуруҳларнинг ўзига хослигига қандай таъсир этаётганига назар ташлашни таклиф этади. Мисол тариқасида турли анъаналарни кузатади.
У исмларнинг дастлабки шаклларига қайтиш тамойилига эътибор қаратади. 70-80-йилларда ушбу тамойил ёзувчи-шоирлар ва зиёлилар ўртасида анча кўзга ташланиб қолди. Яна бир муҳим анъана туркистонликларнинг ўз шаҳарларига муҳаббатини ифода қилувчи одат – шаҳарларни сифатлаш анъанаси мавжуд эди. Муаллиф Бухоро аҳолиси тақводорлиги сабаб шаҳар “Қуббат ул-Ислом” (“Ислом гумбази”), Термиз “Одамлар шаҳри”, Балх “Шаҳарлар онаси” деб аталганини таъкидлайди. ХХ асрнинг бошларида Бухоро “Бухоройи шариф” деб аталган. 80-йилларда бухоролик шоир Жамол Камолнинг “Фохира” деб аталган шеърида ушбу сифатлаш анъанаси тикланди. Илгари Ҳўқанди латиф” деб аталган Қўқон шаҳрини ўзбек ёзувчиси Темур Фаттоҳ “Шоирлар шаҳри” дея улуғлади (293-бет).
Бундан ташқари, муаллиф қадрдон юрт ғояси қандай тавсифланганини адабиёт ва босма нашрлар матнларида кузатади. Мамлакатда Ўзбекистонга нисбатан “она юрт” атамаси ишлатилар, бу СССР давридаги мактаб дарсликларидаги катта ҳарф билан ёзиладиган “Ватан” тушунчасидан фарқ қилар эди. СССРга нисбатан “она юрт” эмас, “она Ватан” ифодаси қўлланар эди. Яна бир эсда қоларли кузатув шуки, ўзбек тилини билиш гуруҳга мансуб ўзига хосликнинг аҳамиятли тимсоли бўлди. 1979 йилга келиб, ўзбекларнинг 98 фоизи ўзбек тилини она тили деб билар ва бу этник мансубликнинг ўзига хос кўрсаткичи эди, деб ёзади Оллворт (299-бет).
Аммо расмий тарғиботга қарамай, маҳаллий олимлар гуруҳга мансуб ўзига хосликни ишончлироқ исботлаб беришни илтимос қилиб чиқди. 1977 йили уч нафар ўзбек тарихчиси маълумотга эга ватандошларини мафкурачилар “ўзбек этногенези” деб атаган нарсани ўрганишга чақирди. Оллворт буни ўзбеклар тарихи ва келиб чиқишининг шўроларча талқини ишончли таянчга эга бўлмагани исботи деб атади. Ўзбекчилик – ўзбекларнинг ўзига хос жиҳатларига оид тадқиқотлар олимлар ва ҳатто мафкурачиларни қаноатлантирмаётган эди.
Раҳбарнинг бундай камситилиши ўзбекларнинг ўз жамияти учун буюк етакчига эга бўлиш ҳуқуқини ерга урди.
Ўзбекчилик (Uzbekness)
1918 йилдан бери ҳамжамият ҳақидаги тасаввурлари ва ғоялари ўзгарганини бошидан кечирган ўзбеклар раҳбарликнинг анъанавий тушунчаси ҳам ўзгарганига гувоҳ бўлди. «Сиёсий қатағонлар Ўзбекистон халқларининг икки нафар туб аҳоли вакиллари бўлмиш раҳбарини, яна Файзулла Хўжадан сўнг раҳбар бўлган уч кишини «халқ душманлари» сифатида йўқ қилгани барча даражадаги сиёсатчилар ва зиёлиларни қўрқитиб қўйди» (310-бет), деб ёзади Оллворт. Шундай қилиб, 1938 ва 1956 йиллар оралиғида ўзбекларнинг илгари ҳам тошбақа юриш қилиб юрган муайян гуруҳга мансуб ўзига хослиги шаклланиши тўхтаб қолди.
Сталин даври қатағонлари Ёдгор Насриддинова ишида ҳам акс-садо берди. 40-70-йилларда ЎзССР ва СССРда йирик лавозимларга кўтарилганига қарамай, ушбу сиёсатчи аёл исми 1974 йили СССР Олий Совети рўйхатидан ўчириб ташланди. Бу ҳам етмагандай, у ЎзССРдан четлаштирилди, ҳатто Ўзбекистон совет энциклопедиясида унинг Қўқонда туғилгани тилга ҳам олинмади (310-бет). Оллворт буни сиёсий раҳбарнинг ташқаридан қандай йўқ қилинишига мисол қилиб келтиради. Рашидов бошқаруви можарога айланди ва ундан кейин ўтказилган тозалашлар ўзбеклар жипслигига ёмон таъсир кўрсатди.
Раҳбарнинг бундай камситилиши ўзбекларнинг ўз жамияти учун буюк етакчига эга бўлиш ҳуқуқини ерга урди. Одамлар розилигисиз раҳбарларни тайинлаш ва лавозимидан четлатиш ўзбекларни ўзини сиёсий ташкилот ва раҳбарияти орқали таниш имкониятидан маҳрум қилди, деб ёзади тарихчи.
Адабиёт ўзига хослик ифодачиси сифатида
Оллворт китобини хулосалар экан, аксарият ўзбек эркаклари ва аёллари ўз қарашларини адабиёт орқали ифода эта олганини эътироф этади. Ушбу бобда у шеърлари «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилган шоирлар Эътибор Охунова ва Раззоқ Абдурашидов асарларига тўхталиб ўтади. Тарихчи яна Раим Фарҳодий сингари икки маданият таъсирида ижод қилган шоирларни, уларнинг юртга муҳаббати юз фоиз туб аҳоли вакиллариникидан асло кам бўлмаганини таъкидлайди. Яна ёзишича, ўзбекларнинг аксарияти ўзбек тилида сўзлашади ва ёзади: «80-йилларга келиб, Марказий Осиё халқларининг севимли жанри бўлмиш поэзия саводли аҳолининг 6 миллионга яқин қисмини қамраб олган эди (324-бет).
Оллворт Рауф Парфи ва Жамол Камол шеъриятини таҳлил қилар экан, ушбу ўлка шеърияти интеллектуал ва эстетик мустақиллигини сақлаб қолганини, айни ҳол яхши ҳукмдорга бўлган ишонч Ўзбекистоннинг маданий раҳнамоларига ўтганидан дарак беради, деган хулосага келади. «Ушбу маданият етакчилари гуруҳнинг мақсади ва ҳақиқий ўзбекчилик келажаги ҳиссини тиклаётиб, анъана жамиятга вақт ўтиши билан адабиёт орқали таъсир қилиши мумкин», деб ёзади у. Муаллиф ишонишича, Марказий Осиёдаги қадриятлар мафкурачиларнинг тасаввурларини чилпарчин қиларак, яшаб қолди. Ўша мафкурачилар қадриятларни ўзгартириш XXI асрда этник жиҳатдан стерил ўзбек миллатини пайдо қилади, деб ҳисоблаётган эди. Тарихчи ўзбеклар Марказий Осиёнинг барча аҳолиси сингари ташқи дунёга шубҳа билан қарашни рад этишидан умидвор эди.
Шўролар Россиясининг “Одамлар шаҳри” ёки “Шаҳарлар онаси” эмас, Москвадан улги олувчи сунъий этник гуруҳлар яратиш борасидаги уринишларига қарамай, Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослиги тикланиши мумкин эди.
Оллворт 1987 йили СССР тарқаб кетиши мумкинлигини билмай туриб, “Ўзбекларнинг вақти, сабри ва улкан қадриятлар тизими бор. Мабодо ўзбеклар учун ҳимояланиш зарур бўлиб туюладиган коинот тимсоли устун келса, бу уларни СССРнинг ички чегараларига қамаб қўяди ва Ўзбекистоннинг бир миллатдан иборат давлатини мустаҳкамлайди. Агар ўзбеклар Абулхайрхон авлодлари олти аср мобайнида етакчи роль ўйнаган кенгроқ маънодаги тамаддунни қабул қилиш учун ташқарига мурожаат қиладиган бўлса, шўролар Россиясининг “Одамлар шаҳри” ёки “Шаҳарлар онаси” эмас, Москвадан улги олувчи сунъий этник гуруҳлар яратиш борасидаги уринишларига қарамай, Марказий Осиёнинг устмиллий минтақавий ўзига хослиги тикланиши мумкин эди”, (329-бет) деб ёзган эди.
[1] 236-бет. Муаллифга кўра, улар минтақа учун хос бўлган эрониларни истисно қилиб, «эски» ва «янги ўзбек тили» ҳақидаги қўпол таърифни илгари сурди. Бундан мақсад «туркий», «чиғатой» ва «қипчоқ» сингари тан олинган атамаларни тилга олмаслик эди. Бобнинг кейинги қисмида Шўролар ҳокимияти қандай қилиб совет ўзбек тилини ўзлари ўзбек тили учун хос деб ҳисоблаган қолипга солгани ҳақида сўз боради.
Тарихчи тушунтиришича, улар дастлаб уйғунлашган унлилари бор қипчоқ лажасини танлади, сўнгра уйғунлашмаган Тошкент шевасига ўтди. Шунингдек, алифбони ўзгартириб, ундаги унлилар сонини камайтирди. Шу тариқа ўзбек тили унлиларнинг уйғунлашуви сақланиб қолган уйғур, туркман, турк, қозоқ ва озарбайжон тилларидан фарқ қила бошлади.
[2] Беш аср олдинги вазиятдан фарқ ҳам шунда, ўша пайтлар жамиятнинг қадриятлари, ахлоқи ва ғоялари шахсий қадриятлардан фарқ қилмаган, чунки улар бир хил бўлган. XIV асрдаги ўзбекча фикрлаш билан ХХ асрдаги “ўзбеклар” деб аталган кишиларнинг менталитети – фикрлаш тарзи ўртасидаги асосий тафовут мана шу бўлган.