Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст – Вестминстер университетининг халқаро муносабатлар бўйича магистри, мустақил таҳлилчи, Лондон, Буюк Британия
«The Modern Uzbeks: From the fourteenth Century to the Present: A Cultural History (Studies of Nationalities)» (1987) (“Замонавий ўзбеклар: XIV асрдан то шу кунга қадар: Маданий тарих (Миллатларни тадқиқ қилиш)) китобида марҳум тарихчи ва Колумбия университети профессори Эдвард Оллворт ўзбекчилик шаклланишини тадқиқ қилади. У ўзбекчиликни “ўзбек халқининг СССР доирасида анъанавий шаклда сақланиб қолиши ноаниқлиги сабаб” ўрганишга бел боғлаган эди. Гарчи у ташвиш билдирган бўлса-да, СССР тарқаб кетгандан сўнг ўзбекларнинг сақланиб қолиш масаласи барҳам топди, бироқ ўзбекчилик нимани англатиши масаласи долзарблигини йўқотмади. Ушбу баёнлар туркумида биз Оллворт китобининг қисқача мазмунини ҳикоя қилиб берамиз. Афсуски, ушбу китоб ҳалигача ўзбек тилига таржима қилинмаган.
Эдвард Оллвортнинг “Замонавий ўзбеклар” китоби: Ўзбекчиликнинг ўзига хос асослари (1-қисм)
Эдвард Оллворт “Замонавий ўзбеклар” китоби иккинчи қисмида ўзбекларнинг гуруҳ сифатидаги ўзига хослиги шаклланиши жараёни ҳақида ҳикоя қилади. У жадидларнинг ислоҳотчилик ҳаракати, туркистонликларнинг умумий ўзига хослиги ҳамда маданий жиҳатдан бутун минтақани бешта сунъий тузилмага бўлиб ташлаш, зиёлиларга қарши сиёсат, тарихни қайтадан ёзиш ва қадриятларнинг оғмачилигига олиб келганидан сўз юритади. Яна ўқувчиларни замонавий ўзбеклар ким экани тўғрисида ўйлашга ҳам ундайди.
Оллворт зиёлилар қаламига мансуб адабий асарларга жо қилинган яширин кодлардаги қадриятларда ўзбекларнинг гуруҳ сифатидаги ўзига хослиги қандай намоён бўлганини топишга интилади. Тарихчи наздида этник жиҳатдан бетараф кишиларни яратишга уринишлар бўлганига қарамай, ХХ асрнинг 80-йилларида ҳам ўзбеклар учун СССРга умумий тегишлиликдан фарқ қилувчи Ватан тушунчаси мавжуд эди.
Китобнинг II қисми “Тарих”, “Таълим”, “Маданият ва дин”, “Ватан”, “Бўлиниш”, “Ёдгорликлар ва ўлжалар”, “Шажара”, “Зиёлилар”, “Коммуникация”, “Анъана” ва “Ўзбекчилик” бобларига бўлинади. Қуйидаги ўша боблар мазмунининг қисқача баёни келтирилади.
Тарих
Оллворт ушбу бобда минтақанинг ислом историографияси – тарихшунослиги тараққиётини Мирхонд, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Ҳайдар ва Абулғози Баҳодурхон сингари муаллифларнинг тарихнинг турли бўлакларини акс эттирувчи асарларини таҳлил қилиш орқали танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқади. Муаллифга кўра, ушбу тарихшунослик аслида хонларга таълим беришга, уларни мамлакатни адолат билан бошқаришга ундашга қаратилган эди (103-104-бетлар). Айни чоғда мусулмон тарихшунослиги, анъанага кўра, муайян воқеаларга уларни келтириб чиқарувчи сабабларни таҳлил қилиб ўтирмай эътибор қаратар, унинг “онда-сондалиги” шу билан изоҳланар эди. Аммо вақт ўтиши билан Мовароуннаҳрнинг кейинги даврлардаги тарихчилари узоқ даврларни қамраб олиб, асарларига аниқлик ва объективликни олиб киришга ҳаракат қила бошлади. Улар орасида хоразмлик тарихчи, шоир ва мироб Шермуҳаммад ибн Амир Авазбий Мунис (1778 – 1829), “Фирдавс ул-Иқбол” солномаси муаллифи Эрниёзбек ўғли Муҳаммад Ризо Огаҳий (1809 – 1874), “Гулшани давлат” асари муаллифи Муҳаммад Ҳакимхон (1806 – 1845), “Мунтахаб ат-Таворих” китоби муаллифи Муҳаммад Юсуф ибн Бобожонбек Баёний (1859 – 1923) бор эди. Унинг “Девони Баёний” китоби ҳам қўлёзма ҳолида, ҳам Хива хонлигидаги литография – тошбосма усулида чоп этилиб, тарқатилган эди.
Хонлар ва амирлар
Тарих ва билимга муносабат ҳукмдорга ҳам боғлиқ эди. Оллворт зикр этилган китобида Қўқон, Бухоро ва Хивадаги турли ҳукмдорлар давридаги аҳволни ўзаро солиштиради. Масалан, Минг сулоласи вакили Олимхон (1798 – 1810) ва Қўқон хони Умархон (1810 – 1822) сингари ҳукмдорлари даври барқарорлик ҳамда иқтисодиёт ва маданиятда ютуқларга эришиш даври бўлган, Ушбу давр 1770 йилдан 1825 йилга қадар, тахминан, ярим аср давом этган.
Муаллиф ёзади: “Умархон ҳокимиятни муроса йўли билан бошқаргани учун халқнинг умумий эътирофига сазовор бўлди; унинг даврида иқтисодиёт гуллаб-яшнади, хон саройида нафис адабий маданиятни қўллаб-қувватлаб турди” (108-бет). Муҳаммад Раҳимхон (1806 – 1825) даврида Хоразмда ҳам аҳвол анча яхши бўлди, ўша пайтлар Мунис тарихнавислик қилди. Оллворт иқтибос келтирган бир рус жосуси 1819 йили хоразмликликнинг маданий ҳаёти яхши ривожлангани, улар шеърлар ёзгани, китоблар ўқигани ва шахмат ўйнаганни ёзиб қолдирган экан[1].
Ўшга даврдаги Бухоронинг аҳволи булардан тангроқ эди. Минг сулоласидан бўлган амир Ҳайдар Тўра (1800 – 1826) замондошларидан анча ортда қолиб кетган эди. Амирлик ватандошлари сони 2,5 миллион киши бўлишига қарамай, давлатининг ҳудудлари қисқариб бораётган эди. Ўзбек қабилалари билан муносабатлар ҳам чигал эди. Ушбу ҳолат таълим ва тарихни ўрганишга салбий таъсир кўрсатди – бухороликларнинг аксарияти 150 та мадраса бўлишига қарамай, на ўқишни ва на ёзишни билар эди. Бундан ташқари, олий ўқув юртларида толиби илмлар астрономия (илми ҳайъат) билан астрологиянинг (илми нужум) фарқига бормас, амир эса кўп вақтини диний таълимотларни ўрганишга сарфлар эди. Ундан сўнг ҳокимиятни эгаллаган амир Насруллоҳ энг ёмон ҳукмдор бўлди (116-бет). Унинг даврида Бухоро маданияти таназзулга юз тутди. Ватандошлари ўғил болаларга ишқибозлиги ва хизматига бегоналарни ёллагани учун амирдан нафратланар эди (111-бет). Айнан шу амир 1842 йили Қўқонга ҳужум қилиб, Қўқон хони Муҳаммад Алихон ва онаси, машҳур шоира Нодирабегимни ўлдирган эди.
Оллворт ҳукмдорларнинг ақли торлиги ва жоҳиллиги учун хонларнинг ўзи баробарида валиаҳдларни ўқитган догматик кайфиятдаги консерватив дин пешволарини ҳам айблайди (114-бет). Бобда қайд этилишича, бундай бошқарув Марказий Осиёда давлат институтлари заифлашувига, минтақани Россия империяси осон босиб олишига олиб келди.
Таълим
Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари мусулмонлари оғир тарихни мерос қилиб олганига қарамай, вақт ўтгани сари жамиятни янгилаш ва қолоқликка барҳам бериш йўлларини ҳам излаётган эди. ХХ аср бошларида минтақа маданий тарихида янги босқич бошланди. Китобнинг “Таълим” боби ислоҳотчи жадидларга бағишланади. Оллворт улар амалга оширмоқчи бўлган ислоҳотлар ҳақида сўз юритар экан, таълим, тарихшунослик, адабиёт, матбуот ва ноширлик, дин ва театрни эслаб ўтади (121-бет). Жадидлар энг аввало жамият ҳаёти аҳволини яхшилашни кўзлаган эди: “Ўзгаришлар маданиятни сақлаб қолиши мумкин эди; ислоҳ қилиш яхшилашни англатар эди”, деб ёзади у.
Жадидлар ўз тарихини ўрганишга алоҳида аҳамият берган ва улар минтақа тарихшунослигига анъанавий ёндашувни ўзгартира олган эди. Илгари тарих фақат ҳукмдорга мўлжалланган бўлса, энди аҳолини маърифатли қилиш унинг мақсадига айлантирилди. Фикрлаш тарзидаги ушбу ўзгариш Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий (1874 – 1919) бошчилигидаги зиёлилар даврасида рўй берди.
Жадидлар ташқи цивилизация – тамаддун ва дунёдаги янгиланишлар ҳақидаги билимни бошқаларга ўргатишга ҳаракат қилиб, на анъанавий ва на рус тузем мактаблари ҳақиқий тараққиёт йўлини таклиф қилмаётган пайтда янги усулдаги мактаблар оча бошлади[2]. Эски услубдаги мактаблардан фарқли ўлароқ, ўқувчилар Шарқ ўрта асрларига тегишли туркий ва Эрон мистик шоирларииннг мураккаб шеъриятини ўрганмас эди. Ўқув режасига ўқиш, ҳусниҳат, математика, табиатшунослик, география, дин ва тарих сингари фанлар кирар эди[3]. Бироқ ушбу мактаблар мустамлакачилар ҳокимиятини ҳам, исломий консерватив руҳонийларни ҳам ваҳимага солиб қўйган эди. Амирлар, хонлар ва подшоҳлар атрофидаги аъёнлар замонавий тузилмаларни ўзгартириш ўзига хосликни тўлиқ алмаштириш эмас, аксинча, янгилаш эканини тушуна олмаётган эди. Ҳукмдорлар билан маъмурият ушбу мўътадил саъй-ҳаракатларга кескин муносабат билдириб, қайта тикланиш билан таназзул ўртасида зиддият келтириб чиқарди”. (120-бет)
Маданият ва дин
Оллворт жадидларнинг дин ва маданият соҳасидаги фаолияти ҳақида сўз юритар экан, ислоҳотчилар ҳаракати диндан юз ўгиришни кўзламаганини таъкидлайди. Масалан, Беҳбудий ислом ҳуқуқи – фиқҳни эътирозга йўл қўймайдиган тарзда талқин қилувчи муфтий бўлган. Жадидларнинг яна бир ёрқин вакили Мунаввар қори ҳам диний мактабда таълим олган ва масжидда домла бўлган. Шу тариқа жадидлар динни жоҳилликка қарши кураш йўли билан ҳимоя қилишга ишонган руҳонийларнинг янги вакиллари эди. Аммо шунга қарамасдан, эски мактабдагилар жадидларни, уларнинг ўқувчиларини ва ота-оналарини кофир деб эълон қилди. Консерваторларга тил ўрганишнинг ёдлатиш ўрнига қўлланаётган фонетик усули ёқмас эди, улар яна математика, география, табиатшунослик ва тарих ўқитилишига ҳам қарши бўлиб, уларни исломга хилоф фанлар деб ҳисоблар эди. Беҳбудий бунинг тескарисини исботлашга уринар ва тарихни билмасликни гуноҳ деб билар эди (126- бет).
Ушбу бобда Беҳбудийнинг “Ойна” журналида чоп этилган мақолалари, Абдурауф Фитратнинг “Мунозара” мақоласи ҳамда газета ва театр томошалари ҳақида ҳам сўз юритилади. Оллворт ёзишича, Беҳбудий исломни шахсий ва ижтимоий тарзда суиистеъмол қилишни (жумладан, баччабозлик, спиртлик ичимликлар ичиш ва эътиқоддан воз кечиш) танқид қилади ва янги илоҳиётшуносларга зарурат борлигини айтади. Фитратнинг дастлаб форс, кейинчалик туркий тилда ёзилган “Мунозара” мақоласи бутун Марказий Осиёга тарқалди. Муаллиф унда Бухоро дин арбобларининг жоҳиллигини танқид қилади (143 – 144-бетлар). Фитратнинг бошқа бир асари “Ҳинд сайёҳи баёноти”да оиладаги зўравонлик, тамагирлик ва шариатни суистеъмол қилиш муаммолари ҳақида фикр юритилади. Жадидларнинг даврий нашрлари наркотиклар қабул қилиш, спиртли ичимликлар ичиш, болаларга шафқатсиз муносабатда бўлиш, аёлларнинг тенгсиз аҳволи ҳамда тўй ва дафн маросимларидаги исрофгарчилик қораланади.
Сиёсат
Сиёсий талотумлар вақтида жадидларнинг фаолияти, у ёки бу сулолага тегишли ҳукмдорлар ва дин арбоблари билан муносабати ҳақида ҳикоя қилувчи бобнинг ибратли жиҳатлари кўп. Ислоҳотчилар ҳукмдорларни ағдариб ташлашга уриниш ўрнига ҳокимият билан мулоқот қилишга интилди. Россияда 1910 йили рўй берган сиёсий воқеалар Марказий Осиёда ҳам ўзгаришлар бўлишига умид уйғотди ҳамда Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидаги таранг вазият у ерлардаги ҳокимиятга халқнинг яшаш шароитини яхшилашга уринишга туртки берди. Шундай қилиб, янги ҳукмдорлар Саид Исфандиёрхон (1910 – 1918 йилларда ҳукмронлик қилган) ва Саид Олимхон (1910 – 1919 йилларда ҳукмронлик қилган) айрим ислоҳотлар ўтказишга журъат этди. Ҳукмдорларнинг Оллворт иқтибос келтирган баёнотлари умумий руҳи ва мазмуни бевосита бўлмаса-да, жадидларнинг орзу-умидларига ҳамоҳанг эди (156 – 158-бетлар). Шундай қилиб, 1917 йил 17 мартда амир Саид Олимхон фармони олийни ўқиб эшиттиришга буйруқ берди, унинг мазмуни жадидлар 1910 йили саройга киритган таклифлар билан уйқаш эди. Фармонда амирлик маъмурияти фаолиятини қайта ташкил этиш, давлат ғазнасини шакллантириш, амалдорларга маош белгилаш ва бошқа чоралар кўзда тутилган эди. (162-бет).
Аммо ушбу мўътадил ғалаба қаршиликларга сабаб бўлди. «Ўрта асрлар ёки замонавий барча давлатларда бўлгани каби, жадидларга қарши қўрқув, ҳафсала пир бўлишига таянган авторитар мухолифат тез орада зўравонликка ўтиб кетди» (159-бет), деб ёзади муаллиф.
Ушбу бобда Бухоро амири 1917 йил мартида баъзи нарсаларда ён берганидан сўнг ёш бухороликлар намойишига консерватив кучлар қандай тўсқинлик қилгани батафсил ҳикоя қилинади. Оллворт ўша пайтлардаги машҳур сиёсатчи жадид Файзулла Хўжанинг ўзаро зид хатти-ҳаракатлари, рўй берган можаро учун қисман жавобгар бўлгани ҳақида ҳам ёзади: «Ёш бухороликлар қўмитасининг огоҳлантириши, шунингдек, бошқа жадидларнинг босиқ бўлишга даъват этганига қарамай, Файзулла Хўжа етакчиларни алдади ва кўча намойишини ташкил этишга фаол киришди»[4].
Хива жадидлари қисқа муддатли бўлса-да, энг йирик сиёсий муваффақиятга эришди (167-бет). Улар барча жадидлар сингари тинч йўл билан ишонтириш орқали сиёсий ислоҳот ўтказишни талаб қилаётган эди. 1917 йил апрелида шаҳар аъёнлари, савдогарлари ва жадидлар йиғинида хон ўзи бошчилигидаги конституцион монархия ҳақидаги баёнотни имзолади, монархиянинг Мажлис ва Вазирлар кенгаши сингари институтлари бўлиши керак эди (168-бет). Ҳужжатда молиявий маблағлар назорати, сув тақсимотини ислоҳ қилиш, янги мактаблар очиш, темирйўл излари ётқизиш ҳамда почта ва телеграф хизматини ривожлантириш ҳақида гап боради. Ушбу ҳукумат, бор-йўғи, икки ой яшади, аммо ислоҳотчилар кучли салоҳиятга эга эканини кўрсатиб улгурди. Айни шу ҳолат ҳам консерваторлар, ҳам мустамлакачилар хавотирини уйғотди (169-бет).
Оллворт «Туркистон» атамаси жорий қилинишини жадидларнинг кейинги авлодларга таъсир кўрсатган интеллектуал хизмати деб ҳисоблайди.
Ватан
Оллворт «Туркистон» атамаси жорий қилинишини жадидларнинг кейинги авлодларга таъсир кўрсатган интеллектуал хизмати деб ҳисоблайди. “Атама Россиянинг иккита қолган протекторатидан ташқари бутун Марказий Осиёни қамраб олиш учун ишлатилган, вақти-вақти билан ўша иккита протекторат ҳам унга қўшилиб турган” (121-бет), дея изоҳ беради у. Жадидлар матбуоти кўпинча Марказий Осиёни алоҳида ҳамжамият сифатида ажратиб кўрсатар эди. Жадидлар яна Туркистон шўролар намунасидаги ҳукуматда ўзининг ҳақиқий ўрнини топишига ишонган. 1917 йил декабри ва 1918 йил февралида мустақиллик сари илк қадам қўйилди. Бироқ Қўқон мухториятининг қулаши янги можароларни келтириб чиқарди. Жадидлар зўравонлик қилмаслик принципига қарамай, минтақадаги кўпчилик кишилар бунга ҳар доим ҳам қўшилмас ва айни ҳол ҳокимиятнинг тобора кўпроқ шафқатсизликларига сабаб бўлар эди. Оллворт ушбу бобда ўзбекларнинг лақай, қарлуқ, қўнғирот ва дўрмон уруғлари, шунингдек, ўзбек бўлмаган элатлар вакилларидан иборат “Қўрбоши” ҳаракати (“босмачилар” деб аталган) ташкил этилиши ҳақида ёзади.
Гуруҳ сифатидаги ўзига хосликни излаб
Гарчи «Туркистон» деган устмиллий умумий тушунча мавжуд бўлган эса-да, гуруҳ сифатидаги ўзига хослик ўта мужмал эди. Жадидлар матбуотида иккита атама – сартлар ва ўзбекларга оид баҳслар тинмаган. Оллворт таъкидлашича, «сарт» атамаси ўтроқ аҳолига нисбатан кўпроқ ишлатилар, аммо руслар Марказий Осиё жанубида яшайдиган барча халқларни (қозоқлар ёки туркманларни бир-биридан ажрата олмагани учун) сартлар деб атар ва бу билан унинг маъносини бузаётган эди. Ленин ва Сталининнг 1917 йил ноябрида айтган гаплари ўзбекларга эмас, у ёки бу тарзда Туркистон сартларига тааллуқли эди. Ҳужжатларда ушбу ном этник эпитет – сифатлаш ўлароқ, 20-йилларга қадар сақланиб қолди (178-бет). «Ўзбек» атамасининг ҳам қўлланишида чалкашлик бор эди, чунки ўзбеклар алоҳида ҳудудларда яшамас ва алоҳида аҳоли ҳам эмас эди. Оллвортга кўра, «кучли ягона этник ўзига хосликнинг йўқлиги айрича ўзбек маданияти ва таълимининг ўз вақтида пайдо бўлишини тўхтатиб қолди. Ҳатто 20-йилларнинг охири сингари кеч даврда ҳам ягона ва тўлиқ шаклланган ўзбекча ўзига хослик мавжуд эмас эди»[5]. Ҳокимият идоралари 1917 йилда аҳолини рўйхатга олиш вақтида «сарт» атамасига таъриф бермаслик топшириғини олгандан сўнг вазият янада чигаллашди. Ўшанда кўплаб туркий тилли тожиклар миллатини ўзбек деб кўрстатишга мажбур бўлди.
Шунга қарамасдан, муаллиф, Туркистон мухтор ҳукуматида ушбу ноаниқлик аҳамиятли бўлмаган, чунки унинг таркибига кўплаб кичик гуруҳлар кирган ва илк марта гетероген – келиб чиқиши турли этник гуруҳларга мансуб аҳолидан иборат минтақа ушбу ном билан бирлашган эди. “Тил нуқтаи назаридан, Туркистон ҳудуд, давлат ва халқни англатар, айни чоқда “қозоқ”, туркман”, “ўзбек” номлари адабиёт, тил ва кичик гуруҳнинг ўзига хослигига тегишли эди”[6].
Бўлиниш
Ушбу боб Россиядаги янги режим Туркистонни нотабиий бўлакларга бўлиб ташлагани хусусида ҳикоя қилинади. “1920 йил, ҳатто 1918 йилда рус мафкурачилари ТАССР ҳудудида кўп асрлардан бери мавжуд бўлиб келган кўп миллатлилик ўрнига якка миллатлардан таркиб топган маъмурий бирликлар ташкил этиш ҳақида гапира бошлаган эди” (185-бет), ‒ деб ёзади Оллворт. ‒ Яккамиллатлилик принципи минтақада истиқомат қилаётган аҳолининг ҳар қандай кўпсонли гетероген, қабилавий ёки этник умумийлигини чеклаш ёки нейтраллашга қаратилган эди (181-бет). Бундай сегрегация – мажбурий бўлиб ташлаш Туркистонга қарши сиёсатни хаспўшлар, қолаверса, унинг ўзбекларга қарши яширин мақсади бор эди” (196-бет).
Ўзбекларнинг уруғчилик ва сулола мероси русларга қарши учта таҳдид туғдирар эди. Оллворт бунинг сабабини қуйидагиларда кўради: “1) Улар Марказий Осиёнинг аксарият қисмида яшагани ва аҳолиси сони етарли бўлгани учун бутун минтақанинг маданий ва сиёсий ҳаётида иштирок этиш имконига эга эди; 2) улар ўзи яшаб турган жойларнинг сиёсий ҳаётида иштирок этишни давом эттирадиган бўлса, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларга таъсир кўрсатиш учун кучли салоҳиятга эга бўлиши турган гап эди; 3) ўзбеклар бошқа миллат вакилларини этник ассимиляция орқали ўзига тортиб олиш бўйича муваффақиятларга эришди, бу ўзбек аҳоли сонини оширди ва ҳар бир соҳада уларнинг таъсирини мустаҳкамлади” (196-бет).
Ўзбеклар турли кичик гуруҳларни бирлаштириш учун энг яхши ҳолатда эди, чунки улар кўҳна шаҳарларнинг таълим ва маданият тизимлари аксарият қисмида етакчилик қилаётган эди, деб ёзади Оллворт. Ўзбекларнинг таъсири фаол савдо-сотиқ ва дин арбоблари орқали яшаб турган ҳудудларидан ташқарига ёйилар ва уларнинг салоҳияти русларнинг мустамлакачилик миссияси ҳақидаги тасаввурларига соя солаётган эди: “Москвадаги раҳбарлар ўзбекларнинг таъсирини камайтириш Марказий Осиёни бошқаришни, барча гуруҳларга мансуб кишилар устидан назорат ўрнатишни енгиллаштиришини тушунар эди, − деб ёзади муаллиф. ‒ шундай қилиб, ўзбекларни ажратиб қўйиш шўро ҳокимиятининг Марказий Осиёни олдин мавжуд бўлган учтаси[7] ўрнига олтита маъмурий бирликка бўлиш сиёсатининг тамал тоши бўлди (197)
Оллворт ёзишича, Файзулла Хўжа бундай сиёсатни Туркистонни бўлиб юбориш “сиёсий ҳаётнинг улкан инқилоби” деб оқлаган. У марксизм ва ленинизмдан илҳомланиб, тарихий воқеалар ривожи минтақа халқлари ҳаётини сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ташкил қилишда табиий сегрегацияга олиб келишига ишонар эди. Гарчи Бухоро, Хоразм ва Туркистон жамоатчилиги бошқа фикрда бўлса-да, 1924 декабрида “Туркистон” атамасини матбуотда қўллашга тақиқ жорий қилинди…
Ёдгорликлар ва ўлжалар
Ушбу бобда Оллворт Марказий Осиёнинг мустамлакачилик мақомини таъкидлаб кўрсатишга уринган ҳокимият идораларининг хатти-ҳаракатларига тавсиф беради. Бу тарихий ёдгорликлар ва табаррук нарсаларга муносабат ва интелектуал ҳаётга таъсир кўрсатишда намоён бўлган эди. Қайд этилишича, босқинчилик бошидан бошлаб турли ўлчамдаги минглаб буюмлар Санкт-Петербург ёки Москвага ўлжа сифатида жўнатилди. (Русларнинг бошқа тарихчи ва шарқшунослари ушбу амалларга қаршилик билдирди, аммо уларнинг овозини ҳеч ким эшитмади. Айрим моддий бойликлар, жумладан, Усмон Қуръони ва Амир Темур қабридаги Кўктош кейинчалик қайтарилди ва маҳаллий аҳоли буни олқишлади).
Оллворт Марказий Осиёнинг мустамлакага айлантирилганлик мақомини тамсил этувчи бошқа мисолларни ҳам санаб ўтади. Масалан, янги ҳокимият мафкураси санъат, меъморчилик ва ҳаётнинг бошқа соҳаларига бўлган муносабатга ҳам ойдинлик киритади: «СССРнинг тарихшуносликка нисбатан сиёсати тарихнинг шўроларча талқинида қўллаб-қувватланмаган шахслар бунёд этган бинолар қаровсиз қолганини, аммо бошқа биноларга кўпроқ эътибор берилганини ва яхши қаралганини кўрсатди»[8]. 1926 йили араб алифбосининг янги лотин алифбосига ўзгартирилгани яна бир ишора эди. ЎзССР ҳукумати ўзбеклар фақат ҳокимият маъқуллаган китобларни ўқиши учун цензура жорий қилди ва шаҳарлар номи ўзгартирилди (эски Хўжанд, Пишпек ва Душанбе номлари Ленинобод, Фрунзе ва Сталинобод деб ўзгартирилди…)
Зиёлиларга қарши сиёсат
Коммунист раҳбарлар Ўзбекистонда зиёлиларнинг 1926 йили бўлиб ўтган биринчи қурултойида демократик кайфиятдаги зиёлилар ўзларини «буржуазия ва йўқсиллар зиёлилари» бўлинишига қарши чиққанидан норози бўлди. Улар ҳокимиятга қарши ҳар қандай норозиликни тақиқловчи ёндашувни тушунишни истамади, илгаригидай, ҳокимиятга очиқча эътироз билдирар ва кун тартибидаги масалалар юзасидан баҳсга киришар эди, дейилади ушбу бобда.
Тез орада жавоб чоралари ишга туширилди. Зиёлиларнинг 1927 йили бўлиб ўтган иккинчи қурултойида Александров деган кимса «Зиёлиларнинг мафкуравий курашдаги ошиғич вазифалари» деган монологни ўқиб эшиттирди. Унда йўқсилларга ёт мафкурага қарши иш олиб бориш; диний бидъатга қарши илм-фандан фойдаланиш; Шарқ аёлларини озод қилиш; зиёлиларни коммунистик партия раҳбарлигида бирлаштириш, Шўролар ҳокимиятини тарғиб қилиш сингари вазифалар қўйилган эди. Ўша даврдан эътиборан минтақа тарихида зиёлиларни бўйсундириш бошланди. Илгари жадидлар ҳокимиятга эътироз билдирган бўлса, энди ҳокимиятга қарши чиқиш энг хавфли машғулотга айланаётган зулматли ва ҳуқуқсиз давр бошланаётган эди…
Ҳокимият ўзбек жамияти ва маданиятининг энг машҳур арбобларини қириб ташлагандан сўнг 1938 йилга келиб, ўзбек зиёлилар жамиятининг юқори қатламини танлаб қайта тиклаш бошланди (229-бет). Шўролар режими Марказий Осиё маданияти ва тарихини қайта бичаётганига мисол тариқасида Оллворт буюк шоир Мир Алишер Навоийнинг мероси масаласини тилга олади. Шоирнинг 500 йиллик юбилейини нишонлашга тайёргарлик кўриш асносида Шўролар ҳокимияти унинг асарларини таҳрир қилдиради. Масалан, «Садди Искандарий» достонининг Аллоҳ таоло ва расулига бағишланган боблари қайчилаб ташланади. Ўз навбатида «Чиғатой» номи «эски ўзбек» билан алмаштирилади. Бу минтақанинг адабий тарихини бузиб кўрсатишдан бошқа нарса эмас эди. Ҳокимият «мир» сингари зодагонлар унвонларини хушламагани учун шоир оддийгина «Алишер Навоий»га айланиб қолди.
Марказий Осиёнинг ўтмишдаги зиёлилари ўрнига майдонга чиққан итоатгўй маданият вакиллари энди ушбу қуюшқондан чиқмай ижод қилишга мажбур эди…
[1] Бироқ Муҳаммад Аминхоннинг (1845 – 1855) саъй-ҳаракатларига қарамай, ўша давр таназзулга юз тутди. Хоразм хонлиги ички ишларини изга сола олмагани сабабли шимолдан бўлган ҳужумга тайёр тура олмади, деб ёзади Оллворт.
[2] 131-бет. Оллвортнинг ёзишича, айрим руслар Марказий Осиё аҳолиси ўрта таълим олишига қарши бўлган. У миссионер, ўрта таълим бўйича мутахассис Николай Ильминскийнинг махфий хабарларидан иқтибос келтиради: «сартлар – ўтроқ туркистонликлар, қирғизлар (улар қозоқларни шундай хато атаган), бурятлар, қалмоқлар учун оддий бошланғич таълим кифоя қилади». Ильминский хатларида пантуркизм ва маорифдан ҳам чўчиганини баён қилади, Боғчасарой жадидлари ҳақида «Гаспирали билан атрофидагилар Европа таълимини татарларга – Россияни айланиб ўтиб – етказмоқчи», деб ёзган эди.
[3] 133-бет. Оллворт «барча масалаларга эътибор қаратилиб, ҳал этилмади», деб ёзди, бироқ муваффақиятга эришган ёки юқори лавозимларга кўтарилган кишиларнинг аксарияти жадидлар мактабида ўқиган эди.
[4] 163-бет. Муаллиф Файзулла Хўжанинг катта ёшли жадидлар маслаҳатига қулоқ солмаслик ҳақидаги қарорини изоҳлар экан, шундай деб ёзади: «У бунда ўзбошимчаликни ва маслаҳатга амал қила олмаслигини кўрди, бу унинг мулоҳаза юритишига монелик қилиб, келгусида вазиятларни тушуна олиш қобилиятига путур етказди». Тарихчи Ф. Хўжанинг рўй берган воқеани яҳудийлар, лезгинлар ва эронилар қатнашгани сабабли юзага келган миллатчилик мутаассиблиги билан тушунтиришга уринишларига шубҳа билан қарайди. Оллворт ўша воеаларнинг бошқа қатнашчиси Аҳмад Наум Нусратиллабек билан суҳбатини эсга олиб ёзишича, рўй берган можарода миллий сабаб бўлмаган. Суҳбатдошига кўра, намойиш ижобий тарзда бошланган – одамлар қўшиқ айтиб, хурсандчилик қилган, бироқ тез орада уларни амирнинг отлиқ навкарлари тўхтатиб, «Арк майдони консерватив муллаларнинг қордай оппоқ саллаларига тўлиб кетгани» сабабли юришни шу ерда тўхтатишни тайинлаган. Ўшанда одамлар ортига қайтган, аммо қуршаб олган жазавали оломон уларга ҳужум қилган, айрим қатнашчилар (жумладан, Садриддин Айний) ҳибсга олиниб, шафқатсизларча калтакланган. Оллворт китобининг 166-бетида қайд этишича, «Файзулла Хўжа гарчи одамлар бошига кулфат ёғдирган ва айрим жадидлариннг ўлимига сабаб бўлган воқеалар ташаббускори бўлган эса-да, ҳеч қандай масъулиятни гарданига олмади». Шу тариқа у этник принциплар билан ижтимоий хулқ-атвор ўртасида ажралиш борлигини кўрсатди, бу бошқа сиёсатчиларга ҳам хос эди.
[5] У яна Умумроссия фанлар академиясининг Россия ва қўшни мамлакатлар уруғчилик таркибини ўрганишга бағишлаб 1925 йили чоп этилган маърузасидан иқтибос келтиради. Унда айтилишича, «ўзбеклар қозоқлар, қирғизлар ёки туркманлардан фарқ қилган, аммо маданий ва тил чегаралари ўта ноаниқ бўлган. Уларнинг асосий қисмини туркийлаштирилган эронилар ташкил этган, айримлар уларни ўзбеклар, қозоқлар эса сартлар деб атаган».
[6] Ҳатто ўзбек тили ва имлоси бўйича 1-умуммиллий конгресс (1921) вақтида ҳам, воиз Саид Али Усмоний халқларни уйғонишга даъват этаётиб, Туркистон ҳамжамияти ҳақида гапирган эди. Оллворт таъкидлашича, ёзма тилни танлашда иккиланиш бўлган, чунки аксарият ўқитувчилар ўзбек лаҳжасини “уй” тили деб ҳисоблаган ҳамда мактуб ўқувчилари ушбу маиший тилни умумий туркий тилни ўрганган, чунки у ўз даврида усмонлилар туркчасига яқин бўлган (185-бет).
[7] Бухоро, Хива ва Туркистон мухториятлари назарда тутилмоқда.
[8] 211-212-бетлар. Оллворт яна шўролар режими шахсий хайр-эҳсонлар қилиш марксизм мафкурасига зид деб ҳисоблагани ҳақидаги қизиқ кузатувини баён қилади. У ислом динининг асрлар давомида амал қилиб келган, илгари Марказий Осиёда меценатлик – илм-фан ва санъатга ҳомийлик қилишдай ижтимоий аҳамиятга эга институт сифатида мавжуд бўлган вақфнинг тақиқланишини шу сабаб билан изоҳлайди. Вақф илгари карвонсаройлар, мактаблар ва маданий-тарихий объектларга қарашиб турган. Муаллифга кўра, большевиклар 1930 йили вақфни ноқонуний деб эълон қилди. У ушбу қарорга нима сабаб бўлганини шундай изоҳлайди: «Худосиз коммунистлар исломнинг жамиятда фаол экани тўғрисидаги фикр билан умуман келиша олмас эди. Ушбу муносабат рус христианлари онгида мусулмонлар амалиёти ва институтларига қарши қаттиқ ўрнашиб қолган тааасублардан келиб чиқар эди».