Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон автосаноатида юзага келган ҳолат ҳам жамоатчилик, ҳам давлат раҳбари томонидан танқид остига олинмоқда. Тармоқдаги йирик корхона бўлмиш “GM Uzbekistan” (эндиликда UzAuto Motors) компаниясига билдирилаётган асосий эътирозлар – ривожланиш суръатининг пастлиги ва рақобатбардош автомобиллар ишлаб чиқара олмаслигидир. Тахминан 20 йилча аввал республикага енгил автомобилларни олиб кириш учун юқори импорт божлари ва акциз солиқлари белгиланган эди. Бу протекционистик чоралар маҳаллий автомашина ишлаб чиқарувчи корхоналарга ички бозорда монопол ҳолатни таъминлаб берди. Бироқ, бу уларнинг самарадорликни ошириш ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришларига ёрдам бера олмади. Бунинг ўрнига автосаноатда турли “касалликлар” авж олди. Ўтган йилнинг 26 июнида давлат раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишлардан бирида президент тармоқ корхоналарининг барча бошқарув тизимларида коррупция, порахўрлик ва ошна-оғайнигарчилик каби иллатларнинг илдиз отганини кескин танқид қилди. Ушбу йиғилишда Шавкат Мирзиёев мамлакат автомобилсозлик тармоғини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифасини белгилади.
Салкам бир йил ўтиб, жорий йилнинг 7 июнь куни “Ўзавтосаноат” АЖ Ўзбекистон автомобиль саноатини ривожлантириш стратегияси тақдимотини ўтказди. Июнь ойининг охирида эса иқтисодиёт ва саноат вазирлиги “2025 йилгача Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини ривожлантириш концепцияси” лойиҳасини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилди.
UzAnalytics сайти мазкур тармоқнинг ҳозирги ҳолати, ундаги асосий муаммолар ва Ўзбекистон автосаноатини ривожлантириш концепциясининг асосий жиҳатлари ҳақидаги таҳлилни эътиборингизга ҳавола этади.
Тармоқнинг ҳозирги ҳолати
1992 йилда республиканинг биринчи президенти ташаббуси билан ташкил этилган «ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси ўзбек автосаноатига асос солди. Кейинги 26 йил давомида автомобиль саноатининг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни ЯИМнинг 6,6%ни ташкил этадиган даражагача ўсди.
Автомобиль саноатида банд бўлган қарийб ўттиз минг нафарга яқин ходимдан ташқари, автомобилсозлик, металлургия, кимё, электр техникаси каби бошқа тармоқларнинг маҳсулотларига талабни юзага келтирган ҳолда ушбу тармоқларда ҳам иш ўринлари яратилди. Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг маълумотларига кўра, республика автосаноати бошқа тармоқларда ҳам 200 000 нафардан ортиқ кишини иш ўринлари билан таъминлайди. Агарда республикада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасида юқори суръатларга чиққанида бу рақамлар янада салмоқли бўлиши мумкин эди. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич фақат енгил автомашина ишлаб чиқаришда 50 фоизга яқинроқ, яъни, 42 фоизни ташкил этмоқда. Қолган ҳолларда, автобуслар ва юк машиналарини ишлаб чиқаришда бу кўрсаткич 15 фоиздан ошмайди.
Ўзбекистонда автомобилсозлик ташкил этилганидан буён ушбу тармоққа муҳим имтиёзлар берилди ва тармоқни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Протекционистик чоралар (иқтисодни чет эл рақобатидан ҳимоя қилиш мақсадида юритиладиган иқтисодий сиёсат), яъни, республикага чет эл автомашиналарини олиб кирганлик учун юқори божлар ва акциз солиқларининг ўрнатилиши – ушбу тармоқ учун энг асосий имтиёз ҳисобланади. Бундан ташқари, автотранспорт ишлаб чиқарувчилар бутловчи қисмларни импорт қилишда ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи) бўйича ҳам имтиёзларга эга эдилар.
Бироқ, юқори миқдордаги божлар барча импорт қилинадиган машиналарга нисбатан ҳам қўлланилмайди. Россия, Қозоғистон ёки Украинада ишлаб чиқариладиган ва ушбу мамлакатлардан олиб кириладиган янги автомобилларга автомобиль нархининг 2% ли имтиёзли акциз солиғи бегиланган ва уларга нисбатан божхона божи ундирилмайди. Ушбу имтиёзларни қўллаш учун мазкур автомобилнинг ишлаб чиқарилиши 50% дан ортиқ маҳаллийлаштирилган ҳамда уни йиғиш тўла цикл бўйича амалга оширилган бўлиши керак. Бундан ташқари, автомобиль эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартнома имзоланган мамлакатда ишлаб чиқарилган бўлса, унга нисбатан ҳам божхона божи ундирилмайди. Ўзбекистон Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Украина билан ана шундай шартномани имзолаган.
Автомашиналарни муайян мамлакатлардан импорт қилишда имтиёзлар мавжудлигига қарамай, маҳаллий автосаноат ички бозорда деярли монопол ҳисобланади. Тармоқда ишлаб чиқариладиган автомобиллар, юк машиналари ва автобусларнинг аксарият қисми мамлакатнинг ички бозорида сотилади. Автомобиль саноатининг 25 йиллик ривожланиш даврида ушбу тармоқ республика экспортида муҳим роль эгаллай олмади.
2014 йилдан 2017 йилга қадар енгил автомобилларни импорт қилиш ҳажми йилига 100 млн АҚШ долларидан 200 млн АҚШ долларигача ўзгариб турган. Бироқ, 2018 йилда енгил автомашиналарнинг импорт ҳажми 319 млн АҚШ долларигача кескин ошди. Айни пайтда ўтган йилда енгил автомобилларни экспорт қилиш эса қарийб 5 бараварга камайган ва 29,3 млн АҚШ долларини ташкил этди.
Бундан ташқари, автомобиллар экспорт қилинганида улар ички бозорда сотиладиган нархдан анча арзонга сотилди. Ушбу стратегия эҳтимол, бошқа мамлакатлар ички бозорида ўзбек автосаноатининг ўз ўрнига эга бўлиши учун қўлланган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатдики, бу стратегия хорижий мамлакатлар бозорида ўзбек автосаноатининг ўз улушига эга бўлишига ёрдам бермади, аксинча, экспорт фаолиятининг зарарига ишлашига олиб келди, холос. Концепцияда келтирилган маълумотларга кўра, ички бозорда сотилаётган ва экспорт учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ўзининг техник даражаси, хавфсизлиги, экологик жиҳати ва истеъмолчилар учун қулайлиги бўйича бир-биридан анча фарқ қилади. Охир оқибатда, бу каби стратегия республика автосаноати корхоналари рентабеллигининг кескин пасайишига олиб келди.
Автомобилсозлик тармоғини қай тарзда ривожлантириш таклиф этилмоқда?
Ўзбекистон автомобиль саноатини ривожлантириш концепцияси 2025 йилгача эришиш режалаштирилаётган қатор мақсадларни белгилайди. Ушбу мақсадлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳажмини, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва тармоқда қўшимча иш ўринларини яратишни ўз ичига қамраб олади.
Бироқ, жорий йилнинг 8 июлида давлат раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда президент ўзбек автосаноати учун мақсадли параметрларни янада оширди. Мамлакат раҳбари 2023 йилда йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 350 минг донагача ошириш ҳамда экспорт ҳажмини йилига 100 минг донагача етказиш вазифасини қўйди. Фараз қилайлик, автомобильнинг ўртача экспорт нархи 10 000 АҚШ долларини ташкил этса, бу – йилига автосаноат орқали қарийб 1 млрд АҚШ доллари экспорт тушуми, деганидир.
Белгиланган мақсадларга эришиш учун қатор чора-тадбирлар ва механизмларни амалга ошириш таклиф этилади. Уларнинг асосийлари қуйидагилардир:
1. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатбардошлигини ошириш ва унинг истеъмол хусусиятларини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги лойиҳалар амалда тадбиқ этилади:
– автомобиллар дизайнини ўзгартириш, оммавий ишлаб чиқариш учун ўзига хос компонентларни ишлаб чиқишга доир;
– янги турдаги ҳамёнбоп енгил автомобилларни ишлаб чиқариш ҳисобига автомобиллар русумларини янгилашга доир;
– технологик ускуналашни лойиҳалаш ва ишлаб чиқиш, тажриба-синовлар ўтказиш, ишлаб чиқариш жараёнини таҳлил қилишни жорий этишга доир;
– автосаноат маҳсулотларининг маҳаллий техник стандартларини халқаро стандартлар ва талабларга яқинлаштириш.
2. Маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш учун маҳаллий корхоналарда пўлат прокати, автомобиль шиналари, иккиламчи алюминийдан алюминий деталлари ва бошқа материалларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш.
3. Экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш сиёсатида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тариф тартибидан нотариф чораларига босқичма-босқич ўтиш кўзда тутилган. Бу автомобилни импорт қилишда юқори божхона тўловларидан нотариф чораларга босқичма-босқич ўтиш деганидир.
4. МДҲ мамлакатлари ва яқин давлатларга экспорт ҳажмини ошириш билан бирга, Шарқий Европа, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларининг бозорларини ҳам ўзлаштириш.
5. “Ўзавтосаноат” АЖ давлат компаниясининг ишлаб чиқариш корхоналардаги улушини хусусий сармоядорлар, асосан хорижий инвесторларга босқичма-босқич сотиш.
6. Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш ва республика ҳудудидаги истеъмолчилар ўртасида уларни кенг оммалаштириш бўйича зарур инфратузилмани яратиш.
7. Ички бозорда савдони янада ривожлантириш учун автомобиллар ва автомобиллар компонентларини сотиш жараёнида “ягона дарча” тизимини жорий этиш. Бу тизим мижозга автокредит, автомобилни суғурта қилиш, рўйхатдан ўтказиш, автомобиль учун давлат рақамини олиш, “трейд-ин” хизмати ва бошқа хизмат турларидан фойдаланишни содда тартибда расмийлаштириш имконини кўзда тутади.
Ўзбекистонда янги автомобиль заводларининг ташкил этилиши
ОАВда Ўзбекистонда турли автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарадиган янги заводлар (ҳар хил халқаро брендлар)ни ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақидаги маълумотлар чиқиб туради. Кўп ҳолларда бу юк машиналари, мотоцикллар ёки мопедларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан боғлиқ янгиликлардир. Енгил автомобилларни ишлаб чиқарувчи бошқа брендлар ҳали Ўзбекистонга кириб келганича йўқ.
Ўзбекистонда 2019-2020 йилларда Amarok пикапларини ишлаб чиқаришни режалаштирган Германиянинг Volkswagen концерни ҳали ушбу лойиҳани амалга оширишга киришмади. Франциянинг Peugeot Citroen Automobiles S.A. концерни “дастлабки маълумотлар бўйича айрим кутилмаган ўзгаришлар сабабли” Жиззах вилоятида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни тўхтатди.
Фарғона вилояти “Қўқон” ЭИЗ (эркин иқтисодий зонаси) ҳудудида Hyundai электромобилларини ишлаб чиқариш – бугунги кунда амалга оширилиши эҳтимоли юқори бўлган лойиҳалардан бўлиб турибди. Лойиҳанинг қиймати 300 млн АҚШ долларидан иборат бўлиб, дастлабки электромобилларни 2023 йилнинг охирида ишлаб чиқариш кутилмоқда. Йилига 10 минг дона электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга заводнинг қурилиш ишлари 2021 йилда бошланади. Лойиҳада Жанубий Кореянинг Hyundai, Evergreen Motors компаниялари (Kia ва Hyundai нинг МДҲ даги расмий дистрибьюторлари), Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимияти иштирок этмоқда. Мазкур лойиҳа амалга оширилса 1 000 та иш ўрни яратилади. Бироқ, электромобиллар автомобиль бозорининг алоҳида сектори ҳисобланади. Ўзбекистонда электромобиллар бозорини ривожлантириш ва уларни оммавий сотилиши учун тегишли инфратузилма зарур. Республикада автосаноатни ривожлантириш концепцияси 2025 йилгача ана шундай инфратузилма яратилишини кўзда тутади.
Мақолада келтирилган инфографикаларда қуйидаги манбалардан фойдаланилди:
1. “2025 йилгача Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини ривожлантириш концепцияси” лойиҳаси https://regulation.gov.uz/uz/document/4087
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботлари:
https://stat.uz/ru/press-tsentr/novosti-komiteta/5277-vneshnetorgovyj-oborot-respubliki-uzbekistan-2
3. “Ўзавтосаноат” АЖ статистик ҳисоботлари: http://uzavtosanoat.uz/uz/Statistik-hisobotlar.html
4. Norma ахборот-ҳуқуқий портали: https://www.norma.uz/nashi_obzori/skolko_stoit_rastamojka_importnogo_avtomobilya