Осиё тараққиёт банки (ОТБ) июнь ойининг охирида Ўзбекистон билан 2019-2023 йилларда ҳамкорлик қилиш бўйича янги стратегияни тасдиқлади[i]. Ушбу беш йиллик режа Ўзбекистон иқтисодиётининг инклюзив ва бозор иқтисодиёти йўналишида ўсишига кўмаклашиш учун ҳукумат томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Умуман олганда, банк 2018 йилда умумий қиймати 21,6 млрд АҚШ долларига тенг янги турдаги кредитлар ва грантларни ажратди, уларнинг 1,1 млрд доллари Ўзбекистонга берилди. ОТБ га 68 та мамлакат аъзо бўлсада, ўтган йилда кредитларнинг қарийб 5 фоизи Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш учун ажратилган.
Сўнгги йилларда халқаро молия институтларининг Ўзбекистондаги фаолияти анча кенгайди. Уларнинг республикада амалга оширилаётган турли лойиҳалар учун ажратган кредит ва грантлар кўринишидаги инвестициялари ҳажми бир неча баробарга ошди.
UzAnalytics йирик халқаро молия институтларининг Ўзбекистонда ислоҳотлар бошлангунча ва ундан кейинги даврдаги фаоллигини таҳлил қилди.
Марказий Осиё мамлакатлари йирик халқаро молия институтларидан қанча кредит ва грантлар олишмоқда?
Минтақадаги иккита энг йирик мамлакат – Қозоғистон ва Ўзбекистон халқаро молия институтларидан олинаётган маблағлар ҳажми бўйича етакчи давлатлар ҳисобланадилар.
Ушбу жадвал ва диаграммаларда Туркманистон охирги ўринларни эгаллаган. Бу эҳтимол, ушбу мамлакат иқтисодиётининг ташқи дунё учун ёпиқлиги туфайлидир. ОТБнинг Марказий Осиё мамлакатларига молиявий ёрдам бериш турлари бўйича портфели тузилмаси қизиқ. Масалан, Тожикистон асосан ушбу банк маблағларини грантлар ва техник ёрдам кўринишида жалб қилади – умумий ҳажмнинг 70 фоиздан ортиғини. Шунингдек, Қирғизистоннинг грантлари улуши ҳам оз эмас. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ОТБдан жалб қилган маблағларининг қарийб 99 фоизи кредитлардан иборат.
ОТБ томонидан Марказий Осиёдаги молиялаштирилаётган лойиҳаларни тармоқлар бўйича тақсимланиши масаласига келсак, 80% лойиҳалар тўртта йўналиш бўйича амалга оширилмоқда: энергетика, транспорт, молия сектори ва давлат бошқаруви соҳасида.
Ўзбекистон ва халқаро молия ташкилотлари
1992 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Жаҳон банкига аъзо бўлди ва шу йили Тошкентда банкнинг ваколатхонаси очилди. Жаҳон банкининг 1994 йилдан бошлаб республикадаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми динамикасига назар ташлайдиган бўлсак, 2011 йилдан бошлаб ўсиш суръати яққол кўринади. 1994 йилдан 2010 йилгача Жаҳон банкидан жалб қилинган маблағларнинг ўртача миқдори йилига қарийб 68 млн АҚШ долларини ташкил этган. Сўнгги 8 йилда эса ўртача йиллик сумма қарийб 7 бараварга ўсган. Ўтган йили жалб қилинган маблағлар 1,4 млрд АҚШ долларини ташкил этган ҳолда, рекорд даражага етди. Бироқ, жорий йилда бу рекорд янгиланиши мумкин. Чунки, жорий йилнинг дастлабки олти ойида банк томонидан Ўзбекистонга 892 млн АҚШ доллари ажратилган. Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар кенг турдаги тармоқларни қамраб олаётган бўлсада, уларнинг қарийб ярми давлат бошқаруви, ирригация ва соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш бўйича амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон 1992 йил апрель ойидан бошлаб Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг аъзоси ҳисобланади. Тошкентда 1993 йил май ойида ушбу банкнинг ваколатхонаси очилган эди. Қарийб 10 йил давомида банк томонидан умумий қиймати 800 млн еврога тенг лойиҳалар молиялаштирилди. Бироқ, 2005 йил июль ойининг охирларида ЕТТБ Ўзбекистонда “мамлакат сиёсий ҳаётида ривожланишнинг йўқлиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши” туфайли давлат сектори билан боғлиқ дастурларини молиялаштиришни чеклаш ёки буткул тўхтатишини эълон қилди[ii].
12 йиллик танаффусдан сўнг 2017 йилнинг март ойида ЕТТБ Ўзбекистон билан ҳамкорликни қайта тиклади ва томонлараро ўзаро Меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда банк маблағларини жалб қилиш ҳисобига лойиҳаларни амалга ошириш учун янги дастлабки ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Шу билан ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг янги даври бошланди. 2017 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб ЕТТБ ваколатхонаси Тошкентдаги фаолиятини тиклади. 2018 йилда банк томонидан Ўзбекистонга қарийб 400 млн евро миқдорида маблағ ажратилди. Бу мазкур банк ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихида максимал даражадаги йиллик маблағдир.
ЕТТБ томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар асосан учта йўналишга қаратилган. Булар: шаҳар ва қишлоқ инфратузилмаларини ривожлантириш, энергетика ва молия сектори.
Ўзбекистон Марказий Осиё бўйича ОТБдан энг кўп сармоя жалб қиладиган мамлакат ҳисобланади. Жаҳон банки ва ЕТТБдан фарқли ўлароқ, Ўзбекистоннинг ОТБ билан муносабатларини анча барқарор деса бўлади. ОТБ 1995 йилдан буён энергетика, банк ва молия сектори, сув таъминоти ва транспортни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири саналади.
2017 йилда банк умумий қиймати 950 млн АҚШ долларига тенг иккита йирик лойиҳани тасдиқлади: “Қишлоқ жойларида арзон турар-жойлар дастури” (500 млн АҚШ доллари) ва «Электр энергиясини ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш” (450 млн АҚШ доллари).
[i] https://www.adb.org/ru/news/adb-uzbekistan-renew-development-partnership-new-5-year-strategy
[ii] https://invest.gov.uz/ru/category/partnery/partnyory-mfi/