Тошкентнинг қоқ марказидаги Шароф Рашидов шоҳкўчасида XIX аср охирига тааллуқли модерн услубда қурилган бир ноёб архитектура ёдгорлиги бор. Бу бино Россия императори Николай I нинг набираси князь Николай Константинович Романовнинг собиқ саройи – қароргоҳидир.
Сўнгги ойларда князь саройи ва унинг мероси жамоатчиликни кўпроқ қизиқтирмоқда. Жорий йил бошида ОАВда мазкур объект шаҳар ҳокимияти ихтиёрига ўтказилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, Маданият вазирлиги вакиллари эса уни яна музейга айлантиришни режалаштираётганини билдирди[1].
Орадан ўн кунча вақт ўтиб эса, Тошкент марказидаги бир бино ертўласидан қиймати қарийб бир миллион долларга тенг ноёб қадимий буюмлар топилди. Россиялик санъатшунос Сергей Заграевскийнинг айтишича, топилманинг асосий қисми князь Романовнинг коллекциясига тегишли[2].
Май охирида Ўзбекистон Давлат санъат музейи ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари князь Николай Романов тўплаган картиналар тўпламини унинг собиқ саройига қайтаришни таклиф этди[3].
Князь Николай Константинович Романовлар уйининг “темир ниқоби” деб ном чиқарган, ҳаёти эса турли зиддият ва жумбоқларга тўла.
Князнинг исми император оиласи аъзолари рўйхатида бўлса-да, ҳаётда уни ҳамма қариндошлари ҳам танимаган. Исми тилга олинганда, ҳатто Петербург киборлар жамиятининг ёш авлоди вакиллари гап ким ҳақида эканини билмаган ҳам.
Россия императорининг набираси Николай Константинович Романов Туркистон ўлкасига сургун қилинган ва умрининг охиригача шу ерда яшаган.
UzAnalytics сайти князь Николай Романовнинг ҳаёти ва унинг Тошкентдаги саройи тарихи ҳақидаги мақолани эътиборингизга ҳавола қилади.
Истеъдодли ўсмир ва жасур зобит
Николай Константинович 1850 йилда февраль ойида Петербургда дунёга келади. У оилада тўнғич ўғил бўлган. Исми бобоси Император Николай I шарафига қўйилади.
Ёш князь ўз хоҳиши билан Бош штаб академиясига ўқишга киради ва уни кумуш медаль билан тугатади. У Романовлар сулоласининг олий ўқув юртини энг яхши битирувчилар қаторида тугатган биринчи вакили бўлган.
Сўнгра князь от полки лейб-гвардиясига ҳарбий хизматга киради ва эскадрон командири этиб тайинланади. У рус экспедиция қўшинларининг Хивага юришида иштирок этади, мардлик ва қаҳрамонлик кўрсатгани учун 3-даражали “Авлиё Владимир” ордени билан тақдирланади.
Николай ёшлик йиллариданоқ зодагонларга хос ёрқин ҳаёт кечира бошлайди. Турли хил кечалар ва баллар жони дили эди. У тор доираларда, “Ҳар қандай аёлни сотиб олса бўлади, гап фақат унинг нархида, унга беш рубль ёки беш минг рубль тўлашда”, дейишдан чарчамас эди. Балларнинг бирида у америкалик раққоса Фанни Лир билан танишади ва икки ёш бир-бирини қаттиқ севиб қолади. Бироқ князь 24 ёшга тўлганида, нафақат ушбу севги қиссасига якун ясаган, балки ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган воқеа юз беради.
Айбдорми ёки айбсиз?
1874 йил апрелида княгиня Александра Иосифовнанинг (Николайнинг онаси) уйидаги Биби Марям тасвирланган иконадан учта қимматли бриллиант йўқолганини сезиб қолади. Икона княгинянинг ётоғига осиб қўйилган бўлиб, у ерга фақат хос одамлар кириши мумкин эди. Полиция тергов бошлайди ва тез орада ўғирланган бриллиантларни Петербургдаги бир ломбарддан топади. Тергов жараёнида ушбу бриллиантларни князнинг адъютанти Евгений Варнаховский ломбардга олиб келгани аниқланади. Сўроқ давомида адъютант ўғирликка ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, фақат князь Николай Константинович ўзига берган бриллиантларни ломбардга олиб бориб топширганини айтади. Албатта, князь айбини бўйнига олмайди. Бироқ отаси билан бўлиб ўтган суҳбатда у адъютанти ва дўстини қутқариш учун айбни ўз бўйнига олишини билдиради.
Охир-оқибат полиция, бриллиантларни Николай Константинович ўғирлаган ва ундан тушган пулни жазмани Фанни Лирга совға олиш учун сарфлаши керак бўлган, деган хулосага келади.
Николай Константиновичнинг кейинги тақдири оилавий кенгашда муҳокама қилинади. Узоқ давом этган баҳсларда князни аскарликка бериш, халқ судига топшириш ва сургун қилиш каби турлича фикрлар билдирилади. Ниҳоят, император оиласи ва фамилияси обрўсига энг кам путур етказадиган қарорга келинади: у руҳий касал деб тан олинади ва уни Петербургдан бутунлай бадарға қилинади. Бундан ташқари, Николай Константинович ўзига тегишли меросдан, барча ҳарбий унвон ва мукофотлардан маҳрум этилади. Унга тегишли бўлган мерос укаларига ўтказилади. Князнинг жазмани Фанни Лир Россиядан сургун қилинади ва мамлакатга қайтиши тақиқланади.
Романовларнинг тошкентлик князи
Аввалига Николай Романов Қримга юборилади ва назоратга олинади. Сўнгра Оренбургга кўчирилади. У ерда маҳаллий полицмейстернинг қизи Надежда Дрейер билан яширинча никоҳдан ўтади. Бу князнинг аҳволини янада қийинлаштиради ва император буйруғига кўра, у хотини билан бирга Тошкентга сургун қилинади.
Император оиласи маблағидан князга сарой қуриш учун анча-манча пул ажратилади. Лекин Николай Константинович бу пулга Тошкентда театр қурдиради. Фақат 1891 йилга келибгина машҳур архитектор А. Л. Бенуа лойиҳаси бўйича сарой барпо этилади. Унинг қароргоҳи “модерн” услубида қурилади. Бежирим уй нақшинкор панжаралар, ўзгача шаклдаги деразалар, миноралар ва бошқа унсурлар билан нақшланади.
Князь ов ишқибози эди, шу боис саройнинг асосий эшиклари буғу ва ов итларининг бронза ҳайкаллари билан безатилади. Бинонинг орқа томонида тошкентлик машҳур ботаник ва фармацевт И. И. Краузе барпо этган боққа чиқадиган йўл бўлган. Ертўлада Тошкентнинг иссиқ кунларида князь салқинда дам олиши учун махсус яшаш жой ташкил қилинади. Бино шартли равишда икки қисмдан иборат бўлиб, унинг ўнг қанотида князнинг, чап қанотида эса хотинининг хоналари жойлашади.
Саройнинг ички пардозига алоҳида эътибор берилади. Данғиллама ҳовлининг меҳмонхонаси қорамтир сир билан қопланган, деворлари ўймакор карнизлар ва тиллали нақшлар билан ясатилади. Меҳмонхоналардан бири шарқона услубда безатилган бўлиб, Бухоро гиламлари, Қўқон хонлигининг қурол коллекцияси, кенг диван ва тапчанлар, Марказий Осиё табиат манзарасига тааллуқли картиналар билан тўлдирилади.
Князь қароргоҳининг дастлабки кўриниши
Тадбиркор, ҳомий ва тадқиқотчи
Николай Константинович моҳир тадбиркор бўлиб чиқади. У Туркистонда биринчилар қатори даврининг энг илғор технологияларидан фойдаланган ҳолда, пахта тозалаш заводлари қурдиради. Бундан ташқари, у Тошкентда совунгарлик заводи, пахта мануфактуралари (заводлари), фото-суратхоналар ва бильярдхоналарнинг ҳам асосчиси бўлган, квас савдоси ва гуручни қайта ишлашни йўлга қўяди.
Князь Николай Романов Тошкентдаги биринчи «Хива» кинотеатрини қурдиради.
Тадбиркорлик фаолиятидан тушган пул ҳисобига у Туркистонда мелиорацияни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиради.
Князь Искандар ариқ, Бухоро ариқ ва Романов канали қурилиши ишларига раҳбарлик қилади. 1886 йилда у Марказий Осиёдаги энг улкан лойиҳа – Тошкент ва Жиззах ўртасидаги чўлнинг бир қисмини суғориш учун Сирдарёдан канал чиқаришга киришади. Ушбу канал қурилиши Николай Романовга ўша вақтдаги пул бўйича бир миллион рублдан ортиққа тушади ва уни машҳур қилиб юборади.
Николай Константинович Туркистоннинг тадқиқ этилмаган масканларига экспедициялар ташкил қилади ва минг километрлаб йўл босади. Ўша пайтда тўпланган материаллар археология, география ва этнография нуқтаи назаридан бебаҳо эди. Россия ҳукумати экспедиция иштрокчиларини яхшигина мукофотлайди, бироқ улар орасида князь Николай Романовнинг номи қайд этилмайди. Унинг исми барча ҳужжатлардан, ҳатто императорга тақдим этилган бош ҳужжатдан ҳам чиқариб ташланади.
1881 йили террорчилик амали – бомба портлаши оқибатида император Александр II ҳалок бўлади. Тошкент князи амакиси билан видолашиш мақсадида Петербургга боришга қарор қилади. Бироқ янги император Александр III унга кескин рад жавобини беради: “Отамнинг жасади олдида тиз чўкишга нолойиқсиз. Сиз бир пайтлар уни бераҳмларча алдагансиз. Барчамизнинг шаънимизга иснод келтирганингизни унутманг. Токи мен тирик эканман, Петербургни кўриш сизга насиб этмайди”, деб жавоб беради император[4].
Саройнинг Октябрь тўнтаришидан кейинги даврдаги қисмати
1917 йил кузида Тошкент князи Романов қаттиқ шамоллаб ётиб қолади. Бутун мол-мулки хотини Надежда Дрейерга ўтиши керак бўлган васиятномани ёзишга улгуради. Ушбу васиятномага кўра, хотинининг ўлимидан сўнг барча мол-дунё Тошкент университети ихтиёрига ўтиши лозим бўлган.
Князь 1918 йил январида зотилжам касалидан вафот этади ва ўз саройи яқинидаги Иосиф-Георгиевский черкови олдида дафн этилади.
Николай Романовнинг ўлимидан сўнг кўп ўтмай, бутун мол-мулки совет ҳукумати ихтиёрига ўтиб кетади. Князь саройида санъат музейи очилади. Унинг рафиқаси Надежда Александровна ушбу музейда назоратчи бўлиб ишлайди, бироқ кейинчалик ишдан бўшатилади. Айрим маълумотларга кўра, Надежда Александровна 1929 йилда қутурган ит қопишидан, бошқа маълумотларга кўра эса 1930 йилда очликдан вафот этади.
Князь тўплаган ва Санкт-Петербургдан келтирилган Европа ва рус рассомлари мўйқаламига мансуб картиналар коллекцияси 1919 йилда Тошкентда санъат музейини ташкил этиш учун асос бўлади. Кейинчалик Ўзбекистон санъат музейи деб ном олган ушбу музейда Марказий Осиёда Европа рассомлари картиналарининг энг бой коллекцияси тўпланган.
Санъат музейи янги бинога кўчгандан сўнг 1940 йилдан 90-йилларгача бу ерда Республика пионерлар саройи, Ўзбекистон антиквариат ва заргарлик санъати музейи жойлашади. Ўтган асрнинг охирларида бино реставрация қилинади ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг қабуллар уйига айлантирилади.
Князь Романов қароргоҳи ва коллекцияси тақдири нима бўлади?
nuz.uz сайтининг хабар беришича, Николай Романовнинг Тошкентдаги қароргоҳи 2018 йилда шаҳар ҳокимияти ихтиёрига ўтказилди. Жорий йил январь ойида Маданият вазирлиги вакиллари матбуот анжуманида уни қайтадан музейга айлантириш режасини маълум қилди.
− Бизда ушбу тарихий объектдан музей сифатида фойдаланиш бўйича ғоялар бор. Князь Романовнинг ноёб коллекцияси бино реставрация қилингандан сўнг қароргоҳда ўз ўрнини топиши ва бу ҳам Ўзбекистон аҳолиси, ҳам хорижий меҳмонлар учун қизиқарли бўлган яна бир ноёб сайёҳлик объекти бўлиши мумкин, − деди мадаинят вазири ўринбосари Камола Оқилова. Аммо у бино қачон музейга айлантирилишини айтмади, бироқ шу йўналишда иш олиб борилаётганини маълум қилди[5].
Май ойи охирида Ўзбекистон Давлат санъат музейи ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари Николай Романов тўплаган ноёб картиналар коллекциясини князнинг собиқ қароргоҳига қайтаришни таклиф этди. Уларнинг фикрича, уни музейга қайтариш биринчидан, адолатли иш бўлади, иккинчидан, Тошкентда Нукусдаги Савицкий номидаги аҳамиятли ва энг кўп санъат ихлосмандлари келадиган музей сингари янги музей пайдо бўлур эди[6].
[1] https://nuz.uz/kultura-i-iskusstvo/37881-rezidenciya-knyazya-romanova-v-tashkente-stanet-muzeem.html
[2] https://nuz.uz/obschestvo/38154-v-tashkente-naydena-unikalnaya-kollekciya-predmetov-stariny-na-1-mln-dollarov.html
[3] https://podrobno.uz/mobile_app/news/calche/obshchestvennost-predlozhila-vern/
[4] Монархи России, Е.В. Пчелов, 2003г.
[5] https://nuz.uz/kultura-i-iskusstvo/37881-rezidenciya-knyazya-romanova-v-tashkente-stanet-muzeem.html
[6] https://podrobno.uz/mobile_app/news/calche/obshchestvennost-predlozhila-vern/