Хорижда истиқомат қилаётган юқори малакали ўзбекистонликларнинг юртга қайтиш муаммолари
Муаллиф
Шерзод Эралиев Хельсинки университетида (Финляндия) тадқиқотчи. У, шунингдек, Жорж Вашингтон университетидаги (АҚШ) Марказий Осиё дастури қатнашчиси.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо мамлакатларда хорижий элларда туғилган 28 миллион нафар юқори малакали мигрант истиқомат қилади. Шулардан 70 фоизи инглиз тилида сўзлашувчи тўрт мамлакат – АҚШ, Бирлашган Қироллик (Буюк Британия), Канада ва Австралия ҳиссасига тўғри келади. Бу ривожланган мамлакатлар ўртасида ақлли кишиларни ўзига жалб этиш пойгаси авжига чиққанини билдиради. Айни пайтда Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатлар «ақллилар ҳижрати» муаммосига дуч келмоқда – олий маълумотга эга юқори малакали мутахассислар турмуш даражаси юқори мамлакатларга чиқиб кетмоқда. Ўзбекистон сўнгги йилларда «ақллилар ҳижрати» муаммосини хориждаги малакали мутахассисларни жалб этиш йўли билан ҳал қилишга аҳд килган кўринади. Лекин бунинг уддасидан чиқа олармикан?
Ўзбекистонда 2016 йилда давлат раҳбари ўзгариши билан кенг миқёсли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилиши эълон қилинди. Лекин кўп ўтмай мамлакатда ушбу ислоҳотларни ҳаётга жорий қиладиган малакали мутахассислар етишмаслиги маълум бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери шу гапни кўп такрорлайди. Қолаверса, вазирлик ва ҳокимият раҳбарларининг сўнгги икки ярим йил давомида тез-тез ўзгариб туриши ҳам юқори малакали бошқарув кадрлари етишмаслиги билан боғлиқ масала жиддий эканини кўрсатиб турибди. Биринчи президент бошқаруви йилларида Ўзбекистон хориждаги ватандошларга нисбатан совуқ ёки бетараф муносабатда бўлгани айтилади. Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрида Нью-Йоркда АҚШда истиқомат қилаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар билан учрашуви чоғида уларни Ўзбекистонга кайтишга даъват қилганида, кўпчилик ҳукуматнинг ватандошларга бўлган сиёсати ижобий тарафга ўзгарганини кўрди.
Хорижга вақтинча ва доимий яшашга чиқиб кетган ўзбекистонликлар сони ҳақида аниқ маълумот йўқ, лекин уларнинг бир неча миллион киши экани айтилади. Масалан, биргина Россия Федерациясига 2018 йилда 3,4 миллион ўзбекистонлик борган бўлиб, улардан 1,6 миллионга яқини сафаридан мақсад меҳнат фаолияти эканини кўрсатган. Бундан ташқари, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия, АҚШ, Европа ва Форс кўрфази мамлакатларида ҳам юз минглаб ўзбекистонликлар истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти юқори малака талаб қилмайдиган ва маҳаллий аҳоли орасида юқори эҳтиёжга эга бўлмаган иш турлари билан банд. Шунга қарамай, хориждаги ўзбекистонликлар орасида олий маълумотли, ўз фаолиятида муваффақиятга эришган минглаб юқори малакали кишилар ҳам бор. Ўзбекистон раҳбарияти ана шу юқори малакали ўзбекистонликларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми юртга қайтиб, мамлакатдаги ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам беришига умид қилмоқда.
Бу йўналишда сўнгги бир-бир ярим йил ичида кўплаб ишлар амалга оширилди. Масалан, 2018 йил май ойида асли ўзбекистонлик тадбиркорлар қўллови билан “Буюк келажак” экспертлар кенгаши нодавлат нотижорат ташкилоти тузилди. Кенгаш асли Ўзбекистонда туғилган, айни пайтда асосан ривожланган мамлакатларда ҳуқуқшунослик, молия, тиббиёт, бошқарув, илм-фан каби соҳаларда фаолият юритаётган 300 га яқин мутахассисдан ташкил топган. Унинг аъзолари Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётини ислоҳ қилиш дастурларини, жумладан, “Ўзбекистон-2035” ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишда бош-қош бўлди.
Ўзбекистон ҳукумати 2018 йил сентябрида мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасини ташкил этди. Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси қабул қилинди. Унинг асосий мақсадларидан бири “ватандошлар орасида юқори малакали мутахассисларни давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилиш” сифатида белгиланган.
Бу борада маълум даражада муваффақиятга ҳам эришилди: ўтган бир йил мобайнида хорижда истиқомат қилиб келган бир неча ўзбекистонлик ватанга қайтиб, ўрта ва юқори даражадаги лавозимларга тайинланди. Улар орасида бир йил ичида инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, халқ таълими вазири ўринбосари сифатида ишлаб улгурган, ҳозирги кунда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги раҳбари бўлиб ишлаётган Отабек Назиров, Ўзбекистоннинг евробондлар чиқаришида катта ҳисса қўшган молия вазири маслаҳатчиси Одилбек Исоқов, инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, Навоий эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори, инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси ва бошқалар бор. Уларнинг аксарияти Ўзбекистонга ҳукумат вакиллари билан маълум вақт давом этган музокаралардан сўнг “Буюк келажак” экспертлар кенгаши платформаси орқали қайтган.
Лекин шунга қарамай, Ўзбекистон “ақллилар ҳижрати”ни “ақллилар қайтиши”га айлантира олди, дейишга ҳали эрта. Ҳукуматнинг хориждаги ватандошларга нисбатан юртга қайтиш чақириқлари ва бу борада қўшимча имтиёз ва қулайликлар яратаётганига қарамай, ўзбекистонликлар ватанга қайтишга ошиқмаяпти.
Бир қисми Ўзбекистонга қайтган, аксарияти ҳозир ҳам хорижда истиқомат қилаётган йигирмадан ортиқ юқори малакали мутахассис билан ўтказилган суҳбатлар шуни кўрсатадики, юртга қайтиш ёки қайтмаслик борасидаги фикрлар хилма-хилдир. Қайтганлар учун ватанпарварлик, ўзгаришларнинг бир қисми бўлиш истаги, прагматизм ва имкониятдан фойдаланиб қолиш хоҳиши асосий сабаблардир. Шу билан бирга, эски маъмурий буйруқвозлик тизимидан воз кечилмагани, жамиятда кенг илдиз отган коррупция, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг (шу жумладан, давлат бошқаруви ислоҳотларининг) секинлашуви ва паст турмуш даражаси (маошлар, болалар учун таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифати) кўплаб ватандошларнинг Ўзбекистонга қайтишига тўсиқ бўлаётганини кўриш мумкин. Улар ҳукумат чинакам иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказишига ва маъмурий буйруқвозлик даражаси камайишига умид қилади.
Ўзбекистонда ватандошларнинг қайтишини тезлаштириш учун қатор чораларни амалга ошириш зарурлиги айтилмоқда. Шундай чоралардан бири давлат хизмати тўғрисидаги қонуннинг тезроқ қабул қилиниши ва маъмурий бошқарув ислоҳотларни жадаллаштириш бўлиши мумкин. Бу бюрократиянинг камайиши, ходимларни ишга олишда меритократия принципларига амал қилиниши, жамиятда барча табақа вакиллари учун тенг имкониятлар яратилишига туртки бўлади ва давом этаётган “ақллилар ҳижрати” миқёсини камайтиришга хизмат қилади.
Албатта, юқори малакали мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилишда фақат ватандошларни назарда тутиш шарт эмас. Ҳар қандай давлат юқори малакали кадрларни таълимга катта молиявий сармоя орқали етиштириши мумкин, лекин бунинг кам харажат ва кам вақт талаб қиладиган осонроқ йўли ҳам бор: бу миллати ёки туғилган мамлакатидан қатъи назар, ҳар қандай юқори малакали шахслар учун Ўзбекистонда яшаш ва меҳнат қилиши учун қулай шароитлар яратиш орқали уларни жалб қилишдир. Сўнгги йилларда Ўзбекистон бу соҳада илгари мавжуд бўлган қатор тўсиқларни олиб ташлади ва янги имтиёзлар яратди (номи юқорида тилга олинган концепция шундай мақсадни ҳам кўзда тутади). Лекин ҳукумат тайинлаган вазир маслаҳатчилари (соғлиқни сақлаш, инновация, туризм, солиқ, ташқи савдо) ёки давлат компаниялари маслаҳатчиларини (масалан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”) ҳисобламаганда, Ўзбекистонга хорижлик мутахассисларнинг келиши ҳали тизимли равишда амалга ошяпти, деб бўлмайди.
Хориждаги ватандошлар ҳақида гап кетганда, яна бир нарсани унутмаслик керак: кўплаб ўзбекистонликлар ўз вақтида хорижга доимий яшаш учун чиқиб кетган, бор куч ва вақтини хорижий мамлакатда муқим яшаб қолишга, ўша ерда томир отишга сарфлаган. Улар қачонлардир Ўзбекистонга қайтишни ният қилаётгани йўқ. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳукумати хорижда муқим яшашни ният қилган ватандошлар имкониятидан ҳам унумли фойдаланиши мумкин. Ўзбекистон ва қабул қилувчи хорижий мамлакатлар ўртасида бизнес ҳамкорлиги, академик алмашинув дастурлари, маданий кўприк ришталари ўрнатиш, қариндошларга пул ёки ижтимоий ўтказмалар юбориш, Ўзбекистон маданияти ва тарихини тарғиб қилиш кабилар шулар жумласидандир. Бунда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари нафақат ўзбекистонликлар, балки ўзбек фуқаролигини йўқотганлар, аждодлари қачонлардир Ўзбекистон ҳудудида яшаган ёки ўзини маданий жиҳатдан ўзбек ёки қорақалпоқ сифатида биладиган чет элликлар билан ҳам яқиндан ишлаши керак бўлади.
Юқори малакали мутахассислар ҳам ривожланган, ҳам ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида муҳим роль ўйнайди. “Ақллилар ҳижрати”ни “ақллилар қайтиши”га айлантириш учун Ўзбекистон эълон қилинган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни оғишмай, қатъий амалга ошириши талаб қилинади. Шу билан бирга, ҳам асли ўзбекистонлик, ҳам хорижлик мутахассисларни жалб қилиш учун тизимли сиёсатни давом эттириши керак бўлади.
Фото: Shutterstock