Муаллиф: Наргиза Мураталиева, https://caa-network.org/archives/16247
Ўзбекистон раҳбарияти қисқа вақт мобайнида ички сиёсат ва тараққиётнинг иқтисодий моделини жиддий тарзда ислоҳ қилишга киришди. Ҳокимият Ислом Каримов даврида изоляцияда бўлган мамлакатнинг халқаро обрўсини яхшилашга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Сўнгги уч йил мобайнида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия, Хитой, АҚШ, ЕИ ва Яқин Шарқ мамлакатларига бир қанча муҳим сафарлар уюштирди, Тошкент билан Самарқанд эса очиқ муҳокамалар ва халқаро тадбирлар ўтказиш учун муҳим майдон вазифасини ўтаяпти. Тошкентнинг иқтисодий прагматизмга асосланган янги минтақавий сиёсати ҳам жадаллашмоқда, чунки ҳукумат Осиёда иқтисодий ва сиёсий ўрнини топишга ва мустаҳкамлашга интилмоқда.
“Самарқанд руҳи”
Дўстона, яхши қўшничилик, умуман олганда, тинчликпарварлик намойиш этаётган Ўзбекистон аста-секин халқаро ташаббуслар майдонини Остонадан Тошкентга тортиб олмоқда. Ҳокимият идоралари 2016 – 2018 йилларда бирдан халқаро миқёсдаги бир қанча тадбирлар ўтказди, бинобарин, ҳозирги Ўзбекистон олдингисидан фарқ қилади ҳамда бу расмий дискурс билан бир қаторда президент Шавкат Мирзиёевнинг “тинчликпарвар қўшни ва ҳалол арбоб” тимсолига содиқ эканини ҳам тасдиқлайди.
2016 – 2018 йилларда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида (ушбу шаҳар ҳалқаро саммитлар – зирвалар харитасида қўққисдан пайдо бўлди) БМТ шафелигида “Марказий Осиё: бир ўтмиш ва умумий келажак, барқарор тараққиёт ва ўзаро гуллаб-яшнаш” мавзусида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро конференция (2017 йил ноябри), “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашуви (2018 йил марти) ва Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция сингари тадбирлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон минтақа мамлакатлари ўз позицияларини келишиб олиши учун мўлжалланган ўзига хос майдон яратиш борасидаги йўлларини бегилаб олди. 2019 йилнинг февралида “Марказий Осиё – янги имкониятлар ва минатқавий ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида БМТ билан йирик қўшма конференция бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг жорий йил Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётган иккинчи маслаҳат учрашуви учун таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида уюштирилган эди. Биринчи бундай учрашувни ташқи иштирокчиларни жалб этмасдан ва уларнинг ёрдамисиз ташкил этиш имконияти ўтган йили туғилдики, шунинг ўзи Марказий Осиё учун, ҳеч бир муболағасиз, улкан ютуқдир.
Шунингдек, Тошкентда Марказий Осиё экспертлар форумининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Анжуманда терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш соҳасининг экспертлари ва мутахассислари нафақат Тожикистон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистондан, балки Туркманистондан ҳам иштирок этди ва Туркманистоннинг нисбатан ёпиқ мамлакат экани ҳисобга олинса, ушбу мамлакатнинг форумдаги иштирокининг ўзи муайян муваффақиятдир. Агар Туркманистон ҳам эски муаммоларга оид очиқ баҳс-мунозара ва муҳокамаларга қўшилиш йўлидан борса, Марказий Осиёдаги ташқи иштирокчиларнинг аралашувисиз ҳал этиш мумкин бўлган минтақавий муаммолар рўйхати кенгаяди.
Айрим оммавий ахборот воситалари бутун минтақа ривожига ўз таъсирини ўтказа оладиган “Тошкент – Остона” меҳвари яратилгани, шунингдек, мазкур ҳудуддаги мавжуд муаммолар ҳақида бонг уришга шошилган бўлса-да, ҳозирча Тошкент мавқеи ва ҳол-аҳволидан қатъи назар, минтақадаги барча мамлакатлар билан ҳамкорликка тайёр эканини амалда намойиш қилмоқда.
Ўзбекистоннинг медиадаги имижини яхшилаш борасида юритилаётган изчил сиёсат ўзининг муайян самараларини бермоқда: мамлакатга келаётган сайёҳлар оқими аллақачон ижобий динамикасини кўрсата бошлади. Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 2018 йили, ундан аввалги йилдагига нисбатан 2 баравар ошди ва 5,3 миллионга етди[1]. Тошкент сайёҳлар сонини янада, жумладан, минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳисобидан ошириш ниятида.
Жанубий чорраҳа
Ўзбекистон − double-landlocked, яъни ҳатто қўшнилари ҳам денгизга бевосита чиқиш йўли йўқ мамлакат. Бошқа томондан, барча Марказий Осиё мамлакатлари каби, Ўзбекистон Евроосиёнинг Шарқ ва Ғарбни бирлаштирувчи ерусти йўлакларининг барча чорраҳаларида жойлашган.
Қозоғистон Шимолий йўналишлар учун кенг имкониятлар тақдим этиб, Хитойнинг Европа сари йўналтирилган “Бир белбоғ – бир йўл” ташаббусида етакчи ҳудудга айланган бўлса, Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонга яқинлигидан ва бу борадаги ўз афзалликларидан ҳамда минтақанинг жанубий чегараларидан транспорт хаби сифатида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Тошкентнинг ўз транспорт салоҳиятини амалга ошириш борасидаги интилишларини бир неча лойиҳалар мисолида кўриш мумкин.
Биринчидан, Ўзбекистон зарур инфратузилмалар барпо этиб, НАТОнинг шимолий тақсимловчи тармоғидаги ҳал қилувчи бўғинга айланди, бу тармоқ Шимолий иттифоқнинг Афғонистондаги кучларини таъминлашнинг муҳим йўли сифатида шаклланди ва шундай бўлиб қолмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистон 15 йилдан кўпроқ вақт мобайнида ўз ҳудуди орқали Хитойга янги темир йўл қуриш ғоясини фаол қўллаб-қувватлаб келади.
Ўзбекистон, ўз қўшниларидан фарқли ўлароқ, Хитой билан чегарадош эмас, бу мазкур иқтисодий буюк мамлакат билан савдо-сотиқ ишларида қўшимча қийинчиликлар туғдириши табиий. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг барпо этилиши мазкур вазиятни осонлаштириши мумкин эди. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари этиб сайланиши билан икки муҳим вазифа – иқтисодий юксалишни таъминлаш ва мамлакатни транспорт халта кўчасидан олиб чиқишни ҳал қилиш мақсадида мазкур лойиҳани амалга оширишдан Ўзбекистон манфаатдор эканини айтган эди.
Сўнгги уч йил мобайнида Тошкент билан Пекиннинг иқтисодий ҳамкорлиги сезиларли даражада юксалди. Икки мамлакатнинг ўзаро савдо айланмаси 2017 йил якунлари бўйича 2016 йилдагига нисбатан 20 фоиз ошиб, қарийб 4,3 миллиард долларни ташкил қилди. Таъкидлаш жоизки, Хитой мазкур кўрсатгич бўйича Тошкент билан ташқи савдо ўсишининг кўрсаткичлари борасида Россиядан ўзиб кетди. Ўзбекистон иқтисодиётига киритилаётган Хитой инвестициялари ҳажмининг ўсиши кузатилмоқда. Ҳозирги кунга келиб, бу кўрсаткич 8 миллиард долларга етди. Муқояса учун, 2017 йилнинг бошида Ўзбекистонга киритилган Россия инвестицияларининг ҳажми 5 миллиард долларни ташкил қилган эди.
Бошқа томондан олиб қараганда, темир йўлга эҳтиёж, шунингдек, Россиядан меҳнат мигрантларининг Ўзбекистонга ялпи қайтиши билан ҳам боғлиқ, уларни иш билан таъминлаш зарур. ХХРнинг молиявий ёрдамида янги темир йўл ва тегишли инфратузилмаларнинг барпо этилиши мазкур вазифани қисман ҳал этиш имконини берган бўлар эди.
Ниҳоят, ушбу темир йўл тармоғини қуриб, Тошкент ўзи учун Тинч океанига чиқиш имкониятини таъминлаш билан бирга, ўз ҳудуди орқали Хитойни Форс курфази билан боғлаган бўлар эди. Ашхободда эришилган келишувларга қараганда, Ўзбекистон раҳбарияти бундай қарор қабул қилишга – “Марказий Осиё – Форс курфази” транспорт йўлаги лойиҳасини муҳокама қилишга тайёр.
Ҳозирча, Бишкек тўғридан-тўғри йўналишга розилик бермаётир, у темир йўлнинг Қирғизистон шимоли билан жанубини бирлаштирувчи йўналиши тарафдори. Агар мазкур лойиҳа амалга оширилса, Ўзбекистон минтақадаги энг йирик лойиҳалардан бирини қўлга киритади ва унинг самараси мисли кўрилмаган даражада юксак бўлади.
Афғон оҳанглари
Афғонистон бўйича Москва форматидаги музокаралар инқирозга юз тутган бир пайтда Ўзбекистонда афғонлараро музокараларнинг асосий майдониига айланиш имконияти пайдо бўлмоқда.
2018 йили Афғонистон бўйича Москва учрашувининг, унда АҚШ вакиллари, шунингдек, расмий Кобулнинг иштирок этишдан бош тортгани сабабли, барбод бўлиши Тошкент платформасининг мустаҳкамланишига йўл очди. Тошкент, Ўзбекистонни энг мақбул ва қулай номзод сифатида илгари сурар экан, ўзининг афзал томонларини очиқ намойиш қилмоқда: жуғрофий ва маданий яқинлик, бетарафлик ва ҳк.
Айни пайтда, ўзининг Афғонистон йўналишидаги ташқи сиёсатини фаоллаштирар экан, Ўзбекистон АИР ҳудудида транспорт ва трубопроводлар барпо этиш борасидаги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини қўлга киритишга ҳаракат қилади. Булардан ташқари, Ўзбекистон қўшни мамлакатнинг шимолий вилоятлари ва Кобулга электр энергияси етказиб берувчи энг муҳим мамлакатдир.
Шунга қарамай, Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазият тобора ёмонлашмоқда. 2018 йил сентябрь ойининг аввалига келиб, тўққиз уезддан еттитаси “Толибон” назорати остига ўтди. Бундан ташқари, Сурияни тарк этган чет эллик жангариларнинг Афғонистонда тўпланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Турли маълумотларга қараганда, уларнинг сони беш минг кишигача етади.
Айнан Афғонистон масаласи Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ҳам диққат марказида турибди. Бироқ бу борада якдил фикрга келиш ғоят қийин бўлади, сабаби – ШҲТга аъзо мамлакатларнинг масалага ёндашуви ҳар хил. ШҲТга аъзо мамлакатларнинг янги таркиби Афғонистонни деярли ўраб турган улкан маконда жойлашган. Шунга қарамай, ШҲТнинг Афғонистон масаласини самарали ҳал қилиш истиқболи номаълумлигича қолмоқда.
Афғонистон бўйича 2018 йилнинг март ойида ўтказилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги халқаро конференция Тошкентнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги жараёнларда тобора мавқеи юксалиб бораётганини кўрсатди. Афғонистоннинг яқин қўшниси – АИРда кўп сонли ўзбеклар диаспораси бор – ва тарихий илдизлари бир мамлакат, энг муҳими, сиёсий нуфузи баланд мамлакат сифатида бугун Ўзбекистоннинг, ҳақиқатан ҳам, Афғонистон муаммосини ҳал қилишдаги мавқеи тобора ошиб бормоқда.
Энергетика диверсификацияси
Шиддат билан ўзгариб бораётган глобал энергетика оламида Шавкат Мирзиёев минтақадаги сув-энергетикага оид зиддиятларга анчайин муросали win-win стратегияси – муаммоларни “консервация” қилишдан “ўзаро манфаатли” янги минтақани яратишгача бўлган дадил ёндашувлари билан чиқди: амалий мулоқотлар ва муроса йўлини излаш заруратини англаб етиш сиёсий амбициялардан устун келди.
Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатларнинг самимий тус олиши, ГЭС қурилиши масаласига янгича нуқтаи назар, шунингдек, Зарафшон дарёси ўзанида икки ГЭС қурилишида Ўзбекистоннинг иштирок этишига оид келишувлар Тошкентнинг энергетикага оид воқеликни янгидан барпо этишга ва бу жараёнда фаол иштирок этишга интилишидан далолатдир.
Шу ўринда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда биринчи АЭС барпо этишга аҳд қилганига алоҳида эътибор қаратиш даркор. В.Путиннинг Тошкентга ташрифидан сўнг оммавий ахборот воситалари 27,1 миллиард долларлик 785 битим имзолангани ҳақида маълум қилди. Бироқ, таъкидлаш зарурки, мазкур маблағнинг қарийб ярми – 11 миллиардга яқини – Ўзбекистон келажакда қайтариши зарур бўлган кредит битимларидир.
Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳукумати мазкур битимларда хавф-хатар эмас, катта фойда мужассам, деб билади. Тошкент АЭС қуриш орқали мамлакатда тобора ўткир муаммога айланиб бораётган электр энергияси танқислиги – айрим ҳудудларда оқшомлари электр энергиясини ўчириш ҳоллари ҳамон давом этмоқда – муаммосига барҳам бериши мумкин.
Бундан ташқари, Афғонистонга электр энергиясини экспорт қилишни давом эттириш ва ошириш, ҳатто Тожикистондан уни импорт қилишга барҳам бериш имкониятлари очилади. Айни пайтда, АЭС барпо этишга доир келишув узоқ йиллардан буён ГЭС қуришга ҳаракат қилаётган Тожикистон ва Қирғизистон билан музокараларда жуда қўл келиши мумкин. Илгари Ўзбекистон ГЭС қурилган тақдирда экология бузилишидан ташвиш чекиб келган бўлса, энди қўшни давлатлар Марказий Осиёда АЭС барпо этилишидан вужудга келиши мумкин бўлган оқибатлардан ғоят хавотирга тушиб қолган. Бундан ташқари, минтақада АЭС барпо этган биринчи мамлакат сифатида Ўзбекистон ўзининг лидерлик салоҳиятини яна бир бор оширади.
Булардан кўриниб турибдики, гидроиншоотлар қурилишидан ўзини четга олиш ва уларни тўхтатишга доир аввалги стратегия Марказий Осиёда энергетикага оид воқелик харитасини янгидан шакллантириш жараёнида Тошкентнинг фаол иштирок этиши билан алмаштирилди.
Диний таълим маркази
Ўзбекистонинг маданий-диний сиёсатдаги ёндашувларида ҳам сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда. Жумладан, Марказий Осиёда азалдан ислом дини маркази бўлиб келган Ўзбекистон мазкур юксак мавқеини тиклашга қарор қилган. Минтақадаги бирорта ҳам мамлакат шу кунгача нуфузли ислом дини мактабини ярата олмади, уламолар тайёрлаш билан шуғулланадиган мутахассислар эса кўпинча бошқа хорижий мамлакатлардан келади. Мажуд шароитдан, минтақа мамлакатларининг бошқалардан фарқли жихатларидан, жумладан, диний сиёсат борасидаги ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб қаралса, минтақада нуфузли исломшунослик мактабининг яратилиши диний радикал ақидаларнинг тарқалиши билан боғлиқ муайян муаммоларни ҳал этиш имконини бериши мумкин. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цвилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон Ислом академияси очилди. Ўзбекистон диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда умумий ёндашувлар ва позицияларни ишлаб чиқиш мақсадида кучларни бирлаштириш ғоясини дадил илгари сурмоқда. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблиясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди ва шунга муваффақиятли эришди.
Ўзбекистоннинг маданий-диний марказ рутбасидаги нуфузини мустаҳкамлаш ва уни сақлаб қолишга қаратилган интилишни ватандошларга доир янги сиёсат ҳам тасдиқлайди. Ислом Каримов даврида хориждаги ўзбеклар Ўзбекистон жамиятининг аъзоси сифатида тан олинмаган бўлса, ҳозир бу борадаги ёндашувларда ҳам муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбекистон Президенти 2018 йилнинг 25 октябрида хорижда яшовчи ватандошлар билан ишлашга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган қарорга имзо чекди. “Ватандош” тушунчасининг расмий истилоҳга киритилишининг ўзи Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар юз беришидан далолатдир.
Ватандошларни давлат қўллаб-қувватлаши бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар, соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролигини олиш, турли русумдаги кириш визаларини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш, шунингдек, ишга жойлашиш ва бизнес билан шуғулланиш масалаларидаги ортиқча талабларни камайтириш имконини беради.
Ватандошларга муносабатларга оид давлат сиёсатидаги ўзгаришларнинг сабаблари бир неча омиллар билан боғлиқ деб тахмин қилиш мумкин:
Биринчидан, ҳукумат ватандошларнинг муайян қисми Ўзбекистонга тез-тез келиб туришидан умидвор ва бу туризмнинг ривожига хизмат қилади.
Иккинчидан, юксак малакали ватандошларнинг жалб этилиши, айниқса, иқтисодиётнинг юксак технологияларга асосланган тармоқларида кадрлар танқислиги билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш имконини беради.
Учинчидан, ватандошлар учун қулай шарт-шароитларнинг яратилиши хориждаги таниқли ўзбек тадбиркорлари Ўзбекистонда қўшма корхоналар очиб, қўшимча инвестициялар киритишига хизмат қилади, деган умид бор. Бунда оммавий ахборот воситалари вакиллари – ватандошлар учун тақдим этилаётган алоҳида шарт-шароит Ўзбекистоннинг жаҳон оммавий ахборот воситаларида шаклланиб қолган ҳамон ёпиқ авторитар давлат сифатидаги имижини тўғрилаш ва яхшилашга қаратилган.
Албатта, ватандошларга муносабатларга оид янги сиёсатнинг ўрни ва аҳамиятини ҳаддан зиёд оширмаслик даркор, зеро, бундай эзгу ният ҳукумат ғоят катта молиявий маблағлар ажратишини талаб қилади, Ўзбекистондаги иш ўринлари эса ҳаммага етмайди. Шунга қармай, бу борада қўйилаётган дадил қадамлар хорижда Ўзбекистон имижининг сезиларли даражада яхшиланишига олиб келганини алоҳида таъкидлаш даркор.
Ватандош ўзбеклар геосиёсат ишида муҳим механизм бўлиб хизмат қилиши – ҳукумат мазкур омилдан Ўзбекистоннинг минтақадаги нуфузини янада юксалтиришда фойдаланиши ҳам мумкин. Ўзбекистоннинг чет мамлакатлардаги элчихоналари фаол ватандош ўзбеклар билан алоқа ўрнатиш борасидаги ишларини жадаллаштиришга киришди.
Ислоҳотларнинг баҳоси
Агар Ўзбекистоннинг хориж ва минтақадаги нуфузини жадал юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини муваффақияти дейиш мумкин бўлса, Шавкат Мирзиёевнинг ички сиёсати ва ислоҳотлари анча секинлик билан амалга оширилмоқда. Ягона мақсад йўлида мустаҳкам бирлашган “янги авлод командаси”нинг мавжуд эмаслиги ва эски даврдан қолган амалдорлардан иборат бесунақай давлат аппарати шаклидаги мерос энг дадил ғояларни амалга оширишни ҳам қийинлаштирмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг ҳозирча нафақат кучли командаси йўқ – идораларда, шунингдек, муҳим ички сиёсий лавозимларда тез-тез амалга оширилаётган кадрлар ротацияси шундан далолат беради – балки белгиланган аниқ иқтисодий ривожланиш модели ҳам мавжуд эмас. Янги ҳукумат таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг янги йўли Ислом Каримов юритган сиёсатнинг мантиқий давомидир. Ҳақиқатан ҳам, мамлакат ҳали ўтмишдаги протекционизмга тўла барҳам бергани йўқ, либерлизмнинг ғалабаси сифатида Бутунжаҳон савдо ташкилотига (БСТ) аъзо бўлиш ҳам яқин-ўртада амалга ошмайди, шекилли. Айни пайтда, Ўзбекистоннинг янги ҳукумат давридаги ташқи қарзи тобора ўсиб бормоқда. 2018 йил 1 июлдаги маълумотларга кўра, 15,8 миллиард доллар ёки ЯИМнинг қарийб 48 фоизини ташкил қилган. Муқояса учун, Ислом Каримов даврида, 2014 йилда, Ўзбекистон Республикасининг ташқи қарзи 7,8 миллиард долларга ёки ЯИМнинг 13 фоизига тенг бўлган.
Бироқ аҳолининг ўзи ҳам жадал ислоҳотлар ва мамлакадаги янги эпкинларга ҳали тайёр эмасдек. Виртуал қабулхоналар оддий одамларнинг у ёки бу давлат тузилмаларининг бевосита вазифасига деярли алоқаси бўлмаган муаммолари битилган хатларга тўлиб кетган. Айни пайтда, Ўзбекистоннинг ижтимоий соҳадаги катта харажатларини, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, жумладан, турли диний оқимларга мансублик каби ўзига хос жиҳатларини ҳам назардан қочириб бўлмайди. Давлатнинг деструктив жараёнлар устидан озгина бўлса-да назоратни сусайтириши бутун мамлакат бўйича ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Энди нима бўлади?
Ўзбекистоннинг янги сиёсати кўрсатаётган амалдаги самараларга баҳо беришга ҳали эртароқ, лекин бир ҳол аниқ: Ўзбекистонга янги президент сайлангач, Марказий Осиё қайтиб бўлмас жараёнларни бошдан кечирди, минтақанинг ва ундаги жараёнларнинг ҳам ичида, ҳам ташқарисида улкан амалий ўзгаришлар аллақачон бошланди.
Агар Қирғизистон анча йиллардан буён “демократия оролчаси” сифатида қайд этиб келинаётган ва айни номга ҳамон муносиб бўлиб қолишга ҳаракат қилаётган бўлса, Остона, ҳақли равишда, Марказий Осиёдаги асосий воситачи ва ташаббуслар майдончаси ҳисобланади. Тошкентнинг сиёсати Остонанинг (Нур-Султоннинг) рутбасига соя сола оладими ёки қад этганимиз – юксак “меҳвар” атрофида бирлашиб кетадими? Ҳозирча, Тошкент эски режимга барҳам бериш борасида бош қотирмоқда ва секин-аста ўзини “Марказий Осиёнинг сайёҳлик маркази” ва “минтақанинг ишлаб чиқариш цехи” сифатида намоён этишга ҳаркат қилмоқда. Бироқ фуқаролик секторига қарши жазо чораларининг кучайгани ва сиёсий ислоҳотлар ўтказиш нияти йўқлиги сабабли Қозоғистоннинг имижи сўнгги пайтда сезиларли даражада тушиб кетдики, шунинг ўзи ҳам мазкур икки мамлакатнинг ўхшаш томонларидандир.
Марказий Осиёда нафақат нуфузли саммитлар ўтказиш имконияти, балки ташқи инвестицияларни жалб қилиш борасида ҳам рақобат давом этмоқда. Бу – табиий, албатта. Сўнгги маълумотларга қараганда, Тошкент бу йўналишда дадил қадамлар ташламоқда – оммавий ахборот воситаларидаги тахминий маълумотларга кўра, Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангандан сўнг ўтган бир ярим йилнинг ўзида бу борада имзоланган турли шартномаларнинг умумий миқдори қарийб 60 миллиард АҚШ долларига етган[2]. Демак, ивестиция муҳитини яхшилаш борасида бошқа мамлакатлар янада жиддийроқ ҳаракат қилиши зарур.
[1]https://uznews.uz/ru/article/13575
[2] https://upl.uz/president/6753-news.html