Муаллиф: Дилмира МАТЯҚУБОВА
2018 йилнинг август ойидан бошлаб Ўзбекистонда дин соҳасидаги сиёсий ёндашув кескинлашганини жамоат муассасаларидаги “қонун-қоидалар” мисолида кўриш мумкин. Ўтган йилнинг август ойида мактаб кийимлари тўғрисидаги қонун қабул қилинди ва унга кўра диний либослар, яъни ҳижоб кийиш таъқиқланганди. Бу таъқиқлаш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган бўлмасада, аёллар ва қизларнинг жамоат жойларида, айниқса, мактаб ва университетларда диний либос кийишлари чекланганди. Ҳижоб ўраган хотин-қизлар, ҳатто Халқаро Ислом университети талабаларининг ўқишдан четлатилгани ҳолатлари кузатилганди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “демократик давлат ва адолатли жамият” қуриш ваъдасига қарамай, ҳукумат мамлакатда диний эркинлик борасида зиддиятли чоралар кўраётганини кузатиш мумкин. “Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин ҳам давлатнинг диний сиёсатида туб ўзгаришлар рўй бермади,” – дейди сиёсатшунос, Сардор Салим бу мавзуда ёзган мақоласида. 2018 йилнинг август ойида, диний мавзулар тўғрисида очиқ-ойдин ёзган бир неча мусулмон блоггерлар “ҳукумат органларининг қонуний талабларига бўйсунмаганликлари учун“ қўлга олинган ва улар билан “профилактик” суҳбат ўтказгандан сўнг озод қилинганди. Президент диний экстремизмда гумон қилинаётган ва таъқиқланган гуруҳларга аъзоликда гумон қилинган 17 минг нафар кишини қора рўйхатдан олиб ташлашни буюрганди ва бу халқаро жамият томонидан ижобий ўсиш сифатида баҳоланганди. Бироқ, шу билан бирга, ўтган йили ҳукумат томонидан ҳуқуқий мақом излаётган диний жамоалар учун янги чекловлар юкланди.
Бундан ташқари, масжид имоми Фазлиддин Шаҳобиддиннинг президентга диний эркинликни таъминлаш борасида мурожаат қилгани, хусусан, ҳижоб ва соқол таъқиқланишига қарши чоралар кўришга чақиргани учун лавозимидан олиб ташлангани мамлакатда ҳали дин эркинлиги тўлиқ таъминланмаганига яққол мисол бўла олади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар Ўзбекистон хавфсизлик кучлари экстремизмда айбланган кишиларни мажбуран иқрор қилишда қийноқлардан фойдаланганини тасдиқлашган. Ўтган ёзда Тошкент шаҳар суди ўз эътирофларини қийноқ остида ўтказганликлари ҳақидаги даъволарга қарамасдан, беш кишини таъқиқланган гуруҳ, “Ҳизб ут-Таҳрир” аъзолари бўлганликда айблаган.
Мирзиёев қийноқлардан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиб, қийноқлар орқали олинган эътирофларни суд жараёнида далил сифатида қўлланишини ман этганига қарамасдан, Freedom House хабар беришича, мамлакат қамоқхоналари ва аҳлоқ тузатиш марказларида маҳбусларга нисбатан қийноқ ва бошқа ёмон муомала давом этмоқда. Шунингдек, мамлакат раҳбари коррупцияга қарши ислоҳотларни амалга ошириш, қийноқлар мавжудлигини тан олиш ва мажбурий меҳнатга чек қўйиш борасида жиддий ўзгаришларга эришганига қарамай мамлакатдаги бюрократик тузилмалар ва хавфсизлик хизматининг Мирзиёевни янги йўналишига мослашиши секинлигича қолмоқда. Диний фуқароларни таъқиб қилиш давом этмоқда.[i]
АҚШ Халқаро Диний Эркинлик Комиссияси (USCommission on International Religious Freedom, USCIRF) бу борада давом этаётган ҳуқуқбузарликларга асосланиб ҳамда 1998 йилда қабул қилинган “Халқаро дин эркинлиги тўғрисида”ги қонунга (IRFA) кўра, Ўзбекистонни 2018 йилда ҳам “алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакат” деб белгилашни лозим деб топди. 1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун барча диний ташкилотлар ҳуқуқларини кескин чеклайди ҳамда ҳукуматнинг диний, хусусан, кўпчиликни ташкил этувчи мусулмон жамоалари фаолияти устидан назорат қилишини енгиллаштиради. Қонунда рўйхатдан ўтмаган диний ташкилот фаолияти жиноят эканини белгилаб қўйилган; диний нашрларнинг мазмуни, ишлаб чиқарилиши ва тарқатилишига расман рухсат берилиши талаб қилинади ҳамда балоғат ёшига етмаганларнинг диний ташкилотлар фаолиятида иштирок этиши таъқиқланади, шунингдек, жамоат жойларда фақат дин арбоблари диний кийим кийиб юришига рухсат этилади.
Бундан ташқари, йил давомида насроний динига мансуб камсонли жамоалар рейд, адабиётларни мусодара қилиш, қисқа муддат ҳибсхоналарда сақлаш ва қийноқ сингари доимий таъқибларга учраган. Ҳукуматнинг тинимсиз назорати, қўрқитиши ва диндорларнинг фикрини очиқ айтгани учун ўч олинишидан қўрқиши сабаб Ўзбекистондаги дин эркинлиги шароитлари манзараси мужмаллигича қолмоқда.[ii]
АҚШ Халқаро Диний Эркинлик Комиссияси (USCIRF) ўз ҳисоботидаЎзбекистонда диний эркинликни таъминлашга ҳисса қўшадиган хулоса ва таклифларни АҚШ ҳукуматига тавсия этди:
- Ўзбекистонни “алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакат” деб ҳисоблашни давом эттириш;
- Ўзбекистон ҳукуматини қонунларини халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига мослаштиришга, жумладан, диний ташкилотлардан рўйхатдан ўтишни талаб қилишдан воз кечиш;
- тинчликка ундовчи диний адабиётни тарқатиш ва сақлашга ҳамда диний эътиқодга даъват қилишга рухсат беришга ундаш;
- Ўзбекистон ҳукуматини кўплаб диний маҳбуслар – виждон тутқинлари сақланаётган ва машъум “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпишга ундаш;
- тинч диний фаолияти ёки диний тегишлилиги учун қамоққа олинган инсонларнинг тез орада озод қилиниши учун энг юксак даражаларда босим ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ҳукуматига маҳбусларга инсоний муносабатда бўлиш, уларга оиласи, инсон ҳуқуқларига риоя этилишини кузатувчи ташкилотлар вакиллари ва адвокатлар билан учрашиши, диний эътиқод амалларини бажариши ҳамда тегишли тиббий ёрдам олишига рухсат бериши учун босим ўтказиш, ва ҳоказо.
Шунингдек, Ўзбек ҳукумати вакиллари учун бу мавзуда баҳс юритган мутахассис Сардор Салимнинг тавсиялари қуйидагича:
- Келгусида социал-маданий ва ижобий сиёсий ўзгаришларга эришишнинг биринчи ва энг муҳим шарти – босқичма-босқич сиёсий либерализация ва ваколатларни ажратиб чиқиш стратегияси, яъни, барча манфаатдор томонлар учун мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, албатта, қонун устуворлигини сақлаб қолган ҳолда;
- Дин соҳасидаги давлат сиёсатида охирги ўн йилликлардаги қарама-қаршилик ҳолатидан секуляр версияга, яъни динга ҳам жой ажратган ҳолда (Франция “секуляризм”идан Англо-саксон либерал секуляр моделига) бўлган жойни ўзгартириш керак;
- Дунёвий элита ҳам расмий меъёрларни (масалан, жамоат жойларида диний атрибутикага таъқиқ қўйиш) ва норасмий диний тўсиқларни кўриб чиқиши керак, масалан, ўсмирларни масжидга киритмаслик каби;
- Кўплаб ўзбеклар ҳали ҳам “исломий ҳукумат шакли”нинг камчиликлари ҳақида маълумотга эга эмас, шунинг учун ижтимоий майдонлардан ислом мавзусидаги ислоҳотчи ва мўътадил баҳсларнинг олиб ташланиши норасмий, консерватив ва радикал жамоаларда баҳслар ўтказмоқчи бўлганларга қўл келиши мумкин;
- зўравонликсиз ёки либерал исломий ҳаракатлардан кутилаётган тахминий таҳдидларни кўриб чиқиш керак;
- Асосий устувор омил диний ва дунёвий таълимнинг сифати бўлиши керак:
- Ислоҳотларга йўналтирилган баҳсларни қўллаб-қувватловчи мусулмон зиёлилари вакиллари диний муассасаларда, шунингдек, дин ишлари бўйича қўмитада ва президент маъмуриятидаги дин масалалари бўйича маслаҳатчи хизматида асосий лавозимларга тайинланиши керак.[iii]
[i]Бутундунёда эркинлик: Ўзбекистон, “Freedom in the world: Uzbekistan,” 2019,https://freedomhouse.org/report/freedom-world/2019/uzbekistan
[ii]Йиллик ҳисобот Ўзбекистон 2018, “Uzbekistan Chapter – 2018 Annual Report,”USCIRF, 2018
[iii]Сардор Салим, “Ўзбекистон: давлат дин соҳасида “олтин оралиқ”ни қандай топиши мумкин?” 2019, Cabar.asia, https://analytics.cabar.asia/ru/uzbekiston-davlat-din-so-asida-oltin-orali-ni-andaj-topishi-mumkin/