“Кўплаб немис тадбиркорлари (бизнесларини Ўзбекистонда очиш ва ривожлантиришни) исташади, бироқ бунга иккиланадилар. Мен президент сифатида шуни айтмоқчиманки – орқага йўл йўқ, бунга энди шубҳа қилмаса ҳам бўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев немис компаниялари вакиллари олдидаги чиқишида. Давлат раҳбарининг ГФР президенти ва немис бизнеси вакиллари билан бўлган музокаралардаги Германия ишбилармон доира вакилларига қилган асосий чақириғи (ундови) ана шундай эди.
27-29 май кунлари Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Ушбу ташриф давомида Volkswagen компанияси билан ҳамкорликда тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш, Ядро тиббиёти ва нур терапияси марказини яратиш бўйича шартномалар ҳамда бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди. Бундан ташқари ГФР президенти Тошкентдаги Гёте институтига ва Урганч давлат университетига ташриф буюрди, ўзбекистонлик блогерлар билан учрашди.
Штайнмайер – Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги даврида Ўзбекистонга ташриф буюрган Ғарбнинг олий мартабали сиёсатчиларидан бири ҳисобланади. Германия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари орасида олтинчи, Европа Иттифоқидаги мамлакатлар бўйича биринчи ўринда туради.
Автомобилсозлик, тиббиёт ва атроф-муҳит муҳофазасига оид келишувлар
ГФР Президенти 27 май куни кечки пайт Тошкентга етиб келди. Олий даражадаги асосий музокаралар эртаси кунга белгиланди.
28 май куни икки мамлакат президентлари тор ва кенг доирадаги учрашувларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Музокаралар якуни бўйича ҳар икки давлат делегациялари ўртасида қуйидаги асосий шартномалар имзоланди:
– «Ўзавтосаноат» ва Volkswagen Group автоконцернлари ўртасида тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш тўғрисида;
– Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Integra GmbH ва Vamed Engineering GmbH компаниялари ўртасида Тошкентда Ядро тиббиёти ва нур терапияси марказини ташкил этиш тўғрисида;
– ахборот алмашинуви ва муҳофазаси, парник газларини камайтириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида.
Ўзбекистонда Volkswagen Amarok ишлаб чиқаришга оид лойиҳанинг “қайта туғилиши”
28 май куни «Ўзавтосаноат» ва Volkswagen Group ўртасида имзоланган келишув дастлабки ташкиллашитириш жараёнидаги ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Ушбу шартнома Германия автоконцернининг «Ўзавтосаноат» корхоналарида Volkswagen тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича музокараларни давом эттириш мақсадини тасқидлайди. Мазкур келишувга кўра, томонлар яқин орада «Ўзавтосаноат» корхонасининг техник имкониятларини ва мавжуд инфратузилмани батафсил ўрганишга келишиб олдилар. Агар лойиҳа амалга оширилса, Германия автоконцернининг инвестициялари 40 млн еврони ташкил этади. Лойиҳа 2019—2021 йилларда амалга оширилиши мумкин, бироқ инвестицияларнинг аниқ ҳажми ва уни амалга ошириш муддати техник-иқтисодий асослардан сўнггина маълум бўлади.
JV MAN Auto-Uzbekistan Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасида Volkswagen Amarok пикапларини ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши ҳақидаги хабарлар 2017 йил ноябрь ойида пайдо бўлган эди. Ўзбекистон делегациясининг Германияга расмий ташрифи давомида ва Ўзбекистон-Германия бизнес форумида бу борада тегишли келишув имзоланган. Лойиҳани 2018—2019 йилларда амалга ошириш режалаштирилганди, бироқ номаълум сабабларга кўра, барча ташаббуслар вақтинча тўхтатилганди.
JV MAN Auto-Uzbekistan – Марказий Осиёда MAN русумидаги оғир юк (15-тоннадан 50 тоннагача бўлган), йўловчи ташиш ва махсус транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи корхона саналади. Мазкур йирик ишлаб чиқариш корхонаси 2009 йил август ойида Volkswagen Group автоконцерни билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, у Самарқанд вилоятида жойлашган. Компания 50 номдан ортиқ махсус техникалар, жумладан автобуслар, самосваллар, бетон қориштирувчи, сув ташувчи, чиқинди ташлаш, сув сепиш машиналарини ишлаб чиқаради.
Гуманитар миссия, блогерлар билан учрашув ва туризм
Асосий музокаралар якунидан сўнг Франк-Вальтер Штайнмайер Тошкентдаги Гёте институтида бўлди. Мамлакат раҳбари мазкур институт ҳудудида ўрнатилган Иоганн Вольфганг Гёте ёдгорлигининг очилиш маросимида иштирок этди. Президент ушбу таълим даргоҳи фаолияти билан яқиндан танишди, бу ерда немис тили бўйича таҳсил олаётган ёшлар билан суҳбатлашди.
Тошкентдаги Гёте институтининг асосий фаолияти – немис тилини ўқитиш ва халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантиришдир. Бугунги кунда институт қошидаги тил марказларида 4 минг нафардан ортиқ ўзбекистонликлар немис тилини ўрганишмоқда.
29 май куни Штайнмайер Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. ГФР президенти билан бизнес-нонуштага иқтисодчи Юлий Юсупов, блогерлар Азиза Умарова, Хушнудбек Худойбердиев, Кирилл Альтман ҳамда фотосуратчи ва санъатшунос Ҳусниддин Ато таклиф этилди.
“Биз жаноб Штайнмайер ва унинг рафиқаси билан мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришларни муҳокама қилдик, шунингдек, ислоҳотлар жараёнида шаклланаётган фуқаролик жамияти ва зиёлиларнинг роли ҳақида сўзлаб бердик”, – дея ёзади Азиза Умарова Facebookдаги ўз саҳифасида.
Блогер Кирилл Альтман Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан бўлган суҳбатдан сўнг кенг танилди. “Ҳоким билан бўлган суҳбатни сиз тайёрлагандингизми?” деб сўради Штайнмайер блогердан. “герр Штайнмайер ва унинг рафиқаси жуда дилкаш ва оддий инсонлар экан”, – деб ёзади блогер К.Альтман ўз тассуротлари билан ўртоқлашиб.
Германия президенти жамоатчилик вакиллари билан бўлган нонуштадан сўнг Хоразм вилоятига жўнаб кетди. Бу ерда у Хива шаҳрининг тарихий ва меъморчилик ёдгорликлари билан танишди.
Жаноб Штайнмайер ўз принципларини ўзгартирмаган ҳолда Урганч давлат университетининг ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида ёшлар Германия, немис ёшлари ҳаётига оид саволларга Федерал Президент ва немис делегацияси аъзоларидан атрофлича жавоб олди.
«Ёшлари жамият ҳаётида фаол бўлган давлат, албатта ривожланади, – деди Франк-Вальтер Штайнмайер. – Ўзбекистон ёшларини кўриб ушбу мамлакат ҳақида ҳам шу фикрни аниқ айта оламан. Бу ерда ўтирган ёшлар билан нафақат ўзбек халқи, балки, биз ҳам фахрлансак арзийди. Чунки, улар мулоқот жараёнида соф немис тилида грамматик ва фонетик хатоларсиз гапиряпти. Ўз фикрини равон ифода қилмоқда».