Апрель ва май ойларида Фэйсбук ижтимоий тармоғининг Ўзбекистонга тааллуқли сегменти қизғин баҳсу мунозараларга тўлди. Бунга сабаб айрим ўзбек фаолларининг Ўзбекистонда рус тилига миллатлараро мулоқот тили мақомини бериш ташаббуси билан чиққани бўлди.
Муаллиф
Зайнаб Муҳаммад-Дўст
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Тошкентга сафари олдидан Vesti.Uz сайтида чоп этилган ушбу очиқ хатни дастлаб 3 киши имзолаган бўлса, кейинчалик улар сони 18 кишига етди[1]. Тошкентдаги Рус маданият марказининг 25 йиллиги нишонланаётган кунларда хат муаллифлари ўзбек миллати рус тили орқали нафақат рус адабиёти, балки жаҳон маданияти ва илм-фани билан ҳам танишган эди, деб ёзди. Мурожатда айтилишича, рус тилига расмий мақом бериш нафақат таълим ва камсонли этник гуруҳлар, қолаверса, Россияга ишлаш учун кетаётган миллионлаб ўзбек мухожирлари учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.
Қарама-қарши фикрлар
Рус тилининг мақоми ҳақидаги қизғин баҳслар жамиятимизни бўлиб ташлаш даражасидаги ўткир мавзу экани маълум бўлди. Кўпчилик рус тилига ҳеч нарса таҳдид солмаётганини ва бинобарин, уни расмийлаштиришга зарурат йўқлигини таъкидлади. Бошқалар ташаббусни қўллаб-қувватлаб, рус тилининг миллатлараро мулоқот учун муҳимлигини ва унинг тан олиниши ўзбек тилига ҳеч қандай зарар етказмаслигини билдирди. Баҳслар бир неча кун тинмади[2].
Фикрлар ҳар хил бўлди: баъзилари мўътадил ва босиқ бўлса, айримлари очиқчасига қўпол ва нафратга тўла эди. Кескин қарашлар орасида ўзбек тилини етарли даражада ўрганишни “истамаган” бошқа миллат вакиллари ва ўзбекларни ватанпарвар бўлмаганликда айблаш ҳолатлари кўзга ташланди. Баъзилар популистларча баёнотлар, ирқчи фикрларни билдиришдан ва ҳаттоки, хатни имзолаганларни ҳақорат қилишдан тортинмади. Бундай хатти-ҳаракатлар Ўзбекистон қонунчилигига зид экани кўпчиликка аён, бироқ муаллифлар бундан тап тортмаганга ўхшайди. Ҳозирги пайтда давлат бу каби шарҳларга қарши чоралар кўрадими, йўқми – номаълум. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, халқни жунбушга келтирувчи бунақа шарҳларни Ўзбекистонгa тааллуқли ҳар бир мунозарада қатнашадиган Фэйсбук троллари кўплаб ёзди. Бундан ташқари, айрим рус тилида сўзловчилар ҳам ўзбек тилини ва ўзбекларни камситадиган шарҳлар қолдирган.
Тил ва сиёсат
Зикр этилган ташаббуснинг ғазаб уйғотгани рус тилининг Ўзбекистонда Россия сиёсати сифатида тушунилишидадир, ўша сиёсат эса зиддиятли тарзда қабул қилинади. Тарих ўзбекларга Совет Иттифоқи сиёсатининг салбий жиҳатларини (жумладан, ўзбек зиёлиларининг Сталин қатағонига учраганини), Россия империясининг Туркистонга бостириб келгани ва мустамлакачилик сиёсатини ҳалигача эслатиб туради.
Шу боис, ўзбек фаолларининг хати С.Лавровнинг сафари арафасида тайёрлангани аслида Москвани мамнун қилиш учун ўйлаб топилган ташаббус, деган шубҳаларни ҳам пайдо қилди. Таъкидлаш жоизки, русчани бемалол гапирадиган айрим ўзбек зиёлилари Кремлнинг сиёсий эҳтирослари сабаб рус тилига мақом бериш ташаббуси хавфли эканини айтди. Бу гапни Ўзбекистоннинг ўзида ва хорижда яшаётган ўзбеклардан ҳам эшитиш мумкин эди.
Бошқа тараф эса рус тили ва маданиятини сиёсатдан ажратиш кераклигини билдирди. Бу гапда ҳам жон бор. Пушкин, Лермонтов, Толстой, Чайковский, Глинка, Рахманинов ва Плисецкая каби номларнинг ҳозирги Россия сиёсатига умуман алоқаси йўқ. Шунга қарамай, ўзбеклар рус тилига расмий мақом бериладиган бўлса, бу Россиянинг сиёсий амбицияларига дастак бўлишидан хавотирга тушаётган кўринади. Баҳсларда рус диаспорасини ҳимоя қилиш баҳонасида Кремлнинг бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашганига Украина мисол тариқасида келтирилади. Ташаббус қаердан келиб чиққанини охиригача билмасак ҳам, ушбу мурожаат ўзга бир “тадқиқот” вазифасини бажаргани аниқ. Бу очиқ хат одатий “Ижтимоий фикр” сўровномалардан фарқли ўлароқ, жамоатчилик фикрини синайдиган ўзига хос ва тезкор услуб бўлди.
Ўзбек ва рус тилларининг ҳозирги мақоми
Бир томон рус тилини ҳимоя қилишга чақирган бўлса, қарши тараф айнан шу муаммони ўзбек тилига нисбатан айтмоқда. Ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинган бўлса-да, рус тили ҳалигача ҳукумат идораларида кенг қўлланмоқда. Мунозараларда ўзбек тили ҳалигача миллатлараро мулоқот тили бўлмагани ҳамда унда етарли манбалар ва китоблар йўқлиги айтилмоқда. Кўпчилик бунга лотин алифбосига ўтишдаги аросатли ҳолат ўзбек тилига кўп зарар келтирди, деб ҳисоблайди.
Баҳс-мунозаралар ортидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўзбек тилини тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида уни ихтиёрий равишда ўрганувчилар учун бепул курслар ташкил этиш ва бошқа конструктив ташаббуслар билан чиқди. Улар орасида ёшларга тил меъёрларини интерфаол тарзда ўргатишга қаратилган мобил иловалар яратиш таклифи ҳам бор. UzAnalytics билан суҳбатда ConnectUz консалтинг компанияси асосчиси ва маърузачи Камилла Султанова ўзбек тилини ўрганмоқчи бўлганлар учун мобил илова анча ёрдам беришини, аммо шу пайтгача ҳеч қандай ёрдамчи восита яратилмаганини тилга олди. У ўзбек тилини тараққиёт ва илм-фан тили сифатида кўрмоқчи эканини айтади.
Мустақил тадқиқотчи, Севара Хамидова рус тили мақоми ҳақида сўз юритаётиб, Тошкентда рус тили кўп қулоққа чалинаётганини ёзди. Аммо унинг фикрича, охирги пайтларда ишга қабул қилишга оид эълонларда ўзбек тилини билиш мажбурий талаб бўлиб қолгани ўзбек бўлмаганлар учун мураккаб муаммога айланаётганини қайд этди. У рус тилида сўзлашувчи ўзбекларга, нега она тилингни билмайсан, деган савол ёқмаслигини ва бундан хавотирда эканини билдирди. Бундан ташқари, С.Хамидовага кўра, ўзбек тилида ахлоқ ва дин ҳақидаги китоблар кўп сотилмоқда, бадиий асарларга эса талаб кам. Шу билан бирга, техник, бизнес, дизайн, чизмачилик ва бошқа махсус фанлар бўйича китобларни топиб бўлмайди.
Мутахассис рус тилига расмий мақом бериш, асосан, рус тилида сўзлашувчилар учун ҳужжат тўлдириш, таълим олиш ва ўзаро мулоқотни осонроқ қилишига, уларнинг камситилишига йўл қўймаслигига ишонади. У рус тилининг Россия ҳукуматининг қўлида восита бўлиши мумкинлигини инкор этмайди, аммо Москва сиёсатида босим учун тилдан бошқа кўплаб баҳоналар бўлиши ҳам мумкин, деб ҳисоблайди.
Корпоратив ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис Малика Шариповa, рус тилининг алоҳида мавқега эга қилиш ёки уни “ҳимоя остига олиш” зарурияти йўқ деб билади. Унинг фикрича, кўпгина ташкилотлар рус тилида иш юритади, рус тилидаги кўрсатувлар ҳам, кутубхоналарда рус тилидаги манбалар ҳам кўп. Бундан ташқари, Марказий Осиёдаги қўшнилар билан рус тилида мулоқот қилинади. М.Шарипова тил атрофидаги баҳслар шундай давом этаверса, жамият бўлиниб, миллатлараро зиддиятларни келтириб чиқариши, ташқи кучлар эса бундан фойдаланиб қолиши мумкинл, деб билади.
Шу билан бирга, у ўзбек тилини ривожлантириш, бойитиш ва кенг кўламда ишлатиш зарурлигини ҳам айтади: “Илм-фан, адабиётларни ўзбек тилида кўпроқ чоп этишни йўлга қўйиш, республика бўйлаб ўзбек тилини ўрганиш марказларини ташкил этиш, аҳоли ўртасида ўзбек тили ва адабиёти бўйича турли танлов ва мусобақалар уюштириш, фарзандларимизга ўзбек тилининг бой ва гўзал эканини тушунтиришимиз лозим”.
Ижтимоий уйғунликни таъминлаш
Ҳар бир томоннинг ёқловчи ёки қарши фикрлари учун сабаблар бисёр. Pус тилида сўзлашувчиларни Кремлнинг Украинадаги ва Грузиядаги зиддиятли сиёсати учун айбдор қилиш керак эмас, лекин эътирофга келганда, вазият уларни геосиёсат жардийдасига айлантирмоқда. Москва юритаётган сиёсат оқибатида рус тили Кремлнинг бошқалариннг ички ишларига аралашув воситаси сифатида қаралмоқда. Рус тили тез орада бирор мақомга эга бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Ўзбекистондаги рус тилида сўзлашувчи фуқаролар камситилмаслиги керак. Очиқ хатни қувватлаган кишиларни айнан шу муаммо ҳавотирга солган кўринади. Улар ушбу қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг ўзини янада нотинч сезаётган бўлса ажаб эмас. Шунинг учун давлат идоралари аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фуқароларга конструктив тарзда баҳслашишни ўргатиши ва миллатчиликка йўл қўймаслиги зарур. Қонунни бузган одамларга нисбатан эса ҳуқуқий чоралар кўрилиши керак. Ижтимоий тармоқлар – ахборот алмашиш ва мулоқот қилиш учун қулай майдон, лекин айни пайтда улар одамларни бир-бирига қарши қўядиган салбий восита ҳам бўлиши мумкин.
Таълим
Бир оз умумий тавсия бўлиб туюлса-да, қайд этиш лозимки, таълим ва тарбия вазиятни ўнглашга ёрдам бериши аниқ. Одам ўқимишли бўлиши учун китоб керак. Ушбу мақсад йўлида ажратилган маблағлар билан бирга матбуот эркинлиги ҳам қўл келади. Яқинда мамлакатда тақиқланган хорижий вебсайтлар очилди ва бу доимий ёки одатий ҳол бўлиб қолишига ишонгинг келади. Навбатдаги мураккаб қадам таълим стандартларини яхшилаш бўлиши керак. Ўзбек таълим тизими таназзулга юз тутгани аниқ. Аммо бунинг учун рус тили кўп ишлатилиши айбдор эмас. Бунга Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг мактаблар таъминоти ва менежменти паст экани, лотин алифбога ўтиш қарори (амалда бу “ўтмаслик” бўлиб қолди) ва китоблар етишмовчилиги сабаб бўлди.
Шу билан бирга, мамлакатда рус тилини ҳам қўллаб-қувватлаш керак. Барча фуқаролар учун ҳар бир давлат идорасида иккита тилда ишлаш имконини берадиган электрон воситалар ва анкеталар мавжуд бўлиши керак. Ҳозир бу баъзи давлат идораларида одатий ҳолга айланмоқда. Одамларнинг айтишича, рус мактаблар ва синфлар камайганини ҳам эътибордан қочирмаслик лозим. Қизиғи шундаки, рус синфлар ва ўқитувчилар камлигига қарамай, уларга ўзбеклар орасида эхтиёж ортиб бормоқда. Сабаби рус мактабларидаги таълим сифати ҳалигача ўзбек мактабларига таълим сифатидан яхшироқ. Эҳтимол, муаммони ҳал этиш учун кўпроқ мутахассислар тайёрлаш керакдир. Айни пайтда ўзбек мактабларида таълим сифатини кўтариш учун унинг тизимини жиддий ислоҳ қилиш зарурати туғилмоқда.
Тил билишнинг фойдаси
Кўпчилик икки тилни билиш фойдали эканини эът эътироф этади. Шу сабабли аксарият шарҳларда рус тили ёки рус тиллиларнинг камситилишига йўл қўймаслик кераклиги таъкидланди. Рус тиллилар ҳам рус тили билан боғлиқ ташаббус ўзбек тилининг мавқеига ҳеч қандай зарар етказмаслигини айтди. Айрим шарҳчилар ўзбек тилини ўрганиш марказлари йўқлиги катта муаммо эканини ёзди. Шу каби босиқ ва вазмин фикрлар кўпроқ эшитилиб турса, бу нафақат тинчлигимиз, қолаверса, тараққиётимиз учун ҳам эш бўлади. Аслида Ўзбекистонда азалдан мавжуд бўлган мултилингвизм – кўп тиллиликнинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ. Камида икки тилни билиш нафақат ижтимоий барқарорлик, балки мия учун ҳам фойдалидир. Тадқиқот, билингвизм одамларда бағрикенглик, эмпатия ва ўзаро тушунишга сабаб бўлади. Масалан, АҚШда икки тилни билиш 40 йил ичида 127,000 доллар атрофида даромад олиш имконини берар экан. Икки тилни биладиган кишилар ҳаётдаги турли вазиятларга тез мослашади, тўғри ва тез қарор қабул қилади. Икки ёки ундан ортиқ тилни билган кексалар эса Альцгеймер ва деменция касалликларига камроқ чалинади.
Ўзбекистонда бошқа тиллар ҳам мавжуд: тожик, қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз, армани, азарбайжон, корейс ва ҳоказо. Уларни тил билиш ва билим орттириш истагида бўлганлар бемалол ўрганиши мумкин. Тил ўрганиш – шахсий ва прагматик масала. Шуни унутмаслик керакки, инглиз ва хитой тилларига бўлган талаб кундан-кунга ортмоқда.
Хулоса
Давлатнинг вазифаси барча одамларнинг қонунларга риоя қилишини таъминлаш ва аҳолининг яхши ҳаёт кечиришига шароит яратиб беришдан иборат. Барча мактабларда келажак авлодга яхши таълим олиш имконияти энг кичик ёшдан бошлаб яратилиши лозим. Ўзбекистонда ўқимишли кишилар қанча кўп бўлса, улар тараққиётга шунча кўп ҳисса қўшади. Айни пайтда, қонун устуворлиги ҳам таъминланиши зарур. Таълим соҳасида ижобий ўзгаришлар ва қонун устуворлиги тараққиётнинг энг зарур омилларидир.
Токи таълим соҳасида эски ёндашувлар ўзгармас, ислоҳ қилинмас экан, умидвор ёшларни (миллатидан қатъи назар) бирлаштирадиган ягона ғоя «сурдик бу ердан» ва «пора валить» деган хэштеглар бўлиб қолаверади. Ижтимоий тармоқлардаги кескин баҳслар, жанжаллар ижтимоий ривожланиш ва ёшлар ўз келажагини қандай ҳис қилаётганининг тайёр кўрсаткичидир.
[1] Орадан кўп ўтмай мурожаатга имзо чеккан илк уч кишидан бири Сайёра Ходжаевнинг номи ундан олиб ташланди. С.Ходжаева Фейсбукдаги саҳифасида бу ҳужжатни ёзмаганини ва уни тайёрлашда иштироқ этмагалигини айтди.
[2]Ижтимоий тармоқлардаги баҳслар чоғида баъзи шарҳловчилар халқимиз (рус тиллилар ва ўзбеклар) шу даражада жон куйдириб, коррупцияга, қариндош-уруғчиликка, ёмон таълим тизими ва ҳуқуқ поймол қилинишига қарши курашиш яхшироқ бўлишини таъкидлади.