Таниқли рассом Рональд Кляйернинг асарлари нафақат юртимиз, балки кўплаб халқаро кўргазмаларда ҳам намойиш этилиб келмоқда. Мусаввирнинг ижодий ишларига Англия, Россия ва Қозоғистонда қизиқиш катта. Мана, 22 йилдирки, голланд рассоми Рональд Кляйер Ўзбекистонда яшаб ижод қилмоқда. Ранг-тасвир устасининг қуёшли ўлкамизга муҳаббати чексиз. Унинг ушбу илиқ муносабатини асарларидан, қолаверса, UzAnalytics сайтига берган эксклюзив интервьюсидан ҳам билиб олса бўлади.
− Рональд, илк маротаба Ўзбекистонга қачон келгансиз?
‒ Ўзбекистонга илк бор 1994 йилда келганман. Ўшанда Нидерландлар Қироллиги академияси талабаси эдим ва бир курсдошим билан тахминан 2 ойга келувдик. У илгари ҳам келиб-кетиб юрган. Тўғриси, Ўзбекистонга келишни у менга таклиф қилган. У билан мамлакат бўйлаб саёҳат қилганимиз, кўплаб рассомлар билан танишганимиз эсимда. У пайтлар на ўзбекча ва на русчани билардим. Шунга қарамай, мен бу юртни ёқтириб қолдим. Кўз ўнгимда бутунлай бошқача олам, ўзига хос колорит, туб аҳолининг ўзгача менталитети намоён бўлди. Сафар якунлангач, уйга қайтиб, ўқишимни давом эттирдим.
− Ўзбекистонда яшаш ғояси сизда айнан қачон пайдо бўлди?
− 1997 йили академияни тугатгач, келажагим, қаерда ва қандай ижод қилишим тўғрисида ўйлай бошладим, чунки Голландияда рассомлар кўп ва улар орасида рақобат жуда кучли. У ерда ижод қилишни бошлаш ёш ва ҳали танилмаган рассом бўлганим учун молиявий қийинчиликларга олдиндан кўникиш дегани эди. Боз устига, кўпинча ёш рассомлар олдида ижод йўналишини танлаш баробарида айнан қайси йўлдан кетиш масаласи ҳам кўндаланг туради. Ўйлаб кўриб, бир йилга бошқа мамлакатга кетишга қарор қилдим ва Ўзбекистонни танладим. Эҳтимол талабалик йилларимдаги ўша сафар таассуротлари бу қарорга келишимга сабаб бўлгандир. 1997 йилда Ўзбекистонга бир йилга келиб, 22 йилдан буён шу ерда яшаб, ижод қилиб келмоқдаман…
− Яшаш жойингизни Европадан Марказий Осиёнинг бир мамлакатига ўзгартирганингиз сабаби нима?
− Менимча, рассом учун чегара ва маъмурий бўлинишлар у қадар аҳамиятли эмас. Ижод қилиб, илҳом оладиган жой энг яхши ва қулай маскандир. Мен Ўзбекистонда ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Биринчи йили бўлажак рафиқамни учратдим ва бу ҳам Ўзбекистонда қолиш фикримга таъсир кўрсатди. Умр йўлдошим ҳам рассомлик бўйича таҳсил олган. Менимча, бу –тақдир.
Ўзбекистонда қолиш ҳақидаги қарорим ўз-ўзидан рўй берди. Мен шу ерда қанчадир вақт яшашим керак деб ўйламаганман. Ҳозирча шу ерда яшаб турибман, кейинчалик нима бўлишини вақт кўрсатади. Мен Ўзбекистонда яшаётган Голландия ватандошиман.
− Ўзбекистондаги ҳаёт ижодингизга қандай таъсир кўрсатди?
− Гаагадаги таҳсилимни тугатгач, абстракт ва ярим абстракт йўналишида ижод қилишни бошладим. Чунки голланд рассомлари орасида бу энг машҳур йўналиш ҳисобланади. Очиғи, менга у ердаги ижодий муҳит таъсир қилган. Ички ҳис-туйғуларга эътибор берадиган бўлсам, рассомликнинг реализм йўналишида ижод қилиш менга кўпроқ ёқарди.
Ўзбекистонга келгач, дастлаб 2 йил мобайнида ярим абстракт йўналишда ишлашни давом эттирдим. Шу боис ҳам, 1999 йилги Оролга бағишланган кўргазмамдаги аксарият картиналарни абстракт ва реалистик йўналишлар омихта қилинган асарлар дейиш мумкин.
Вақт ўтиши билан атрофда рўй бераётган воқеаларни чуқурроқ тушуна бошладим ва “буларни кўрсатиб бериш учун реалистик услубда чизсаммикан?” деб ўйлаб қолдим. Ғарблик инсон сифатида мен учун атрофда қизиқарли нарсалар кўп эди. Оддий нарсаларга бошқача назар билан қарардим ва назаримда, уларда қандайдир фалсафа яширингандек.
Бундан ташқари, мен бу ердаги ёруғликни бошқача кўраман ва қабул қиламан. Ўлкадаги ёруғлик Голландиядагидан фарқ қилади. Ўзбекистонда қуёшли кунлар кўп, ёруғлик ҳам анча ёрқин бўлиб, ҳатто соя жойда ҳам акс этади. Барча нарсаларнинг илиқ тусдалиги мен учун жуда қизиқ эди. Бу ерда ҳамма нарса жуда ёрқин, лекин колорит ўзига хос вазмин. “Нима учун картиналарингиз бу қадар хира, қизил ва яшил ранглар йўқ”, деб мендан сўрашади. Мен уларга “табиатда эмас, одамларда бундай колоритни кўраман”, деб жавоб бераман.
Шу тариқа Ўзбекистондаги ҳаёт менга икки томонлама таъсир кўрсатди. Биринчидан, бу ерда концептуал жиҳатдан реалист рассомга айландим. Иккинчидан – ёруғлик ва колоритни бошқача қабул қила бошладим.
“Мева, зиравор ва нонлар”
[ngg src=”galleries” ids=”1″ display=”basic_thumbnail” show_slideshow_link=”0″]
− Ижодингизни тасвирий санъатнинг қайси йўналишига тааллуқли деб ҳисоблайсиз?
− Биринчидан, мен асосан ранг-тасвир билан шуғулланаман. Тўғри, “Биеннале” сингари концептуал лойиҳаларим ҳам бор. Лекин ранг-тасвир –жону дилим. Мен унда асосан иккита: реалистик ва декоратив тасвирий санъат йўналиши бўйича ишлайман. Декоратив санъат деганда, ярим абстракт жанрдаги полотноларни назарда тутяпман.
− Ижодингиз асосини нима ташкил қилади?
− Ўзбекистонда йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида яшаб ижод қилаётганим ижодимда маълум даражада ўз аксини топди. Аниқроғи, Европа маданиятини Ўзбекистоннинг ўзим кўраётган замонавий ҳаёти билан уйғунлаштиришга ҳаракат қиламан. Шу билан бирга, фольклор, маҳаллий маданиятга ҳам жуда қизиқаман. Оддий қилиб айтганда, фарқли жиҳатим шундаки, ушбу икки оламни ижодимда бирлаштиришга ҳаракат қиламан.
− Ўзбек ҳамкасбларингизнинг айтишича, сиз Ўзбекистонда бахтингизни топган экансиз.
− Ҳа, бу рост. Бу ижодимга ҳам, шахсий ҳаётимга ҳам тааллуқли. Мўъжазгина қироллигим бор. Бу − менинг ижодхонам, у ерда ўзим севган иш билан шуғулланаман. Яна суюкли рафиқам ва қизим бор.
− Сизни нималар илҳомлантиради? Янги асарлар учун ғояларни қаердан оласиз?
− Мен учун биринчи манба – Марказий Осиё, бу нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Қирғизистон ва шу каби мамлакатлар ҳаётидир. Қаерда бўлмайин, ҳамиша инсонлар турмуш тарзи ва умуман олганда, табиат ва бизни ўраб турган оламдан илҳомланиб ижод қиламан. Мени кўп нарса – бозорлар, одамлар, ҳаттоки эски машиналар ҳам илҳомлантиради.
− Ижодингизда эшик билан дарвоза, остонадаги аёллар образлари кўп учрайди. Бунинг боиси нимада?
− Картиналаримдаги эшик ва дарвозалар Марказий Осиё ҳаётини акс эттиради ва энг аввало тарихдан сўзлайди. Анъанавий меъморчилик услубидаги эски дарвозалар тобора камайиб бормоқда. Улар ўтмишга айланиб бораяпти.
Иккинчидан, дарвоза ва эшиклар бир оламдан иккинчи оламга ўтиш рамзидир. Кўчадан уйга ўтиш маъжозий маънога эгадир, яна “ташқари” ва “ичкари” ўртасида чегара мавжуд. Ва ниҳоят, учинчидан, уй дарвозаси мазкур уйда истиқомат қилувчилар, уй эгаси ҳақида кўп нарсаларни англатади.
Остонадаги ёки дарвоза олдидаги аёл образларига келадиган бўлсак, бу мен учун Шарқнинг рамзидир. Вилоятлар бўйлаб саёҳатга чиққанимда, дарвоза олдида фарзандлари билан турган аёлларни кўп учратганман. Уларнинг менга нисбатан самимийлиги, меҳмондўстлигида Осиё рамзини кўраман. Бу ерликлар – очиқкўнгил ва самимий. Голландияда бундай муносабат кам учрайди.
“Эшиклар”
[ngg src=”galleries” ids=”2″ display=”basic_thumbnail” show_slideshow_link=”0″]
− Ўзбекистондаги қайси рассомларнинг иши билан кўпроқ танишсиз? Улар ҳақидаги фикрларингиз…
− Ўзбекистондаги деярли барча рассомларни танийман ва уларнинг ижоди менга ёқади. Абдулҳак Абдуллаев, Жавлон Умарбеков, Хуршид Зиёхонов, Акмал Нур, Файзулла Аҳмадалиев, Жамол Усмонов ва бошқалар. Мусаввирларнинг хаммасини номма-ном санаб беришнинг иложи йўқ – бунга вақт етмайди. Яхши асарлар ҳам жуда кўп. Ижодимга Ўзбекистон рассомларининг таъсири бор, албатта. Мен ҳамкасбларимнинг шахсий кўргазмаларига бориб тураман ва шуни ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон маҳоратли мўйқалам усталари билан фахрланса арзийди.
− Ўзбекистон аҳолисининг 1001 та портретидан иборат бўлган “Биз” лойиҳаси ҳақида сўзлаб берсангиз.
− 12 йил олдин портретлар чизган эдим, бироқ уларнинг ўлчами каттароқ, мазмунан ҳам бошқача эди. 2010 йилда мен оқ фондаги шундай портретлардан 210 тасини чиздим. Улар – Ўзбекистон бўйлаб саёҳатим давомида учратган одамларнинг портретлари. Сўнгра уларни нима қилсам экан, дея бош қотира бошладим. Шунда картиналарнинг катта тўпламини яратиш фикри пайдо бўлди. 2013 йилдан бошлаб, айнан шу лойиҳа учун 20-25 см форматида портретлар чизишга киришдим. Тўпламни мен ҳар куни ёки ҳар ҳафтада эмас, образлар пайдо бўлишига қараб тўлдириб бораман. Улар орасида ўзим бир пайтлар учратган турли касб эгалари – оддий инсонлар портретлари бор. Вақт ўтиши билан картиналар сонини 1001 тага етказишга қарор қилдим. Ушбу тўпламдан ҳукумат аъзолари ва Ўзбекистон президентининг портрети ҳам ўрин эгалласа, қани эди. Улар ҳам лойиҳада қатнашишидан умидворман.
Мазкур тўпламдаги портретларни барокко, Рембрандт услубида чизяпман. Рембрандт картиналарига мистика, техника, умуман, ўз қалбини жо қилган. Мен ҳам шунга ҳаракат қиляпман. Баъзан портрет кутганимдан ҳам аъло чиқади. Баъзан эса, бунинг акси бўлади ва қайтадан ишлашимга тўғри келади. Бироқ энг муҳими – ёруғлик ва соя ўртасидаги ажойиб контрастнинг мавжудлиги. Чунки бу контрастлар барокко услубига хосдир. Тўпламим санъатнинг айнан шу йўналишига асосланган.
“Портретлар”
[ngg src=”galleries” ids=”3″ display=”basic_thumbnail” show_slideshow_link=”0″]
− Кўргазмаларингиз қайси мамлакатларда ташкил этилган?
− Ўзбекистонда кўплаб шахсий кўргазмаларим ташкил этилган. Шу билан бирга умумий кўргазмаларда ҳам қатнашаман. Бундан ташқари, Қозоғистон, Озарбайжон, Украина, бир неча бор Россия, Англия ва Америкада ҳам кўргазмалар ташкил қилдим.
− Картиналарингиз асосан қайси мамлакатларда сотилади?
− Сўнгги пайтларда асосан “Биз” (1001 та портрет) лойиҳам устида ишлаяпман ва деярли картина сотиш билан шуғулланмаяпман. Умуман олганда, картиналарим Қозоғистон, хусусан, Олма-Ота, Остонада кўп сотилади. Европа мамлакатларидан эса Англияда уларга қизиқиш бор. Шунингдек, Москвада ҳам ишларим муваффақият қозонган.
Аслини олганда, картиналарни сотиш – мушкул иш. Асарларимнинг аксарият қисми хорижда сотилади. Маҳаллий халқ ёрқин ва ялтироқ рангларни афзал кўради, мен эса вазмин, босиқ рангларда ижод қиламан. Картиналаримда ёрқин ранглар бор, бироқ бу туб аҳоли учун “оғирлик” қилади. Шунинг учун ишларимни кўпроқ ғарбликлар ёқтиради. 20 йиллик ижодим давомида “эшикларим”, яъни дарвоза ва эшиклар тасвирланган полотноларим муваффақиятга қозонди. Негадир одамлар “эшикларим”га кўпроқ қизиқади.
− Ғарбликларни асарларингиздаги қайси жиҳатлар жалб қилади? Уларга айнан нимани ва қандай умумий ғояни етказишга ҳаракат қиласиз?
− Рассомнинг бўёқ ва холст ёрдамида бутун бошли оламни тасвирлай олишини кўриб, ҳамиша қойил қоламан. Талабалик давримда санъатнинг ушбу турини ўзлаштиришни ва одамларни услубим, иллюзиялар яратиш қобилиятим билан ҳайратга солишни орзу қилар эдим. Холстда мана шундай ажойиб оламни яратиб, ихлосмандларга туҳфа этиш мен учун жуда муҳим. Шунинг учун ҳам рассом бўлганман. Улар картиналаримдаги тасвирий санъатга бўлган муҳаббатимни ҳис қилиб харид қилишига умид қиламан.
Ғарбдаги санъат ихлосмандларига келсак, назаримда, мен тасвирлаб бераётган Шарқ уларга қизиқ.
Ўзбекистон деярлиўттиз йил олдин мустақил мамлакатга айланди. Унинг қандай мамлакат экани ва бу ерда нималар юз бераётгани ғарбликларни жуда қизиқтиради. Асарларим орқали уларга ана шундай ажойиб, қуёшли ва самимий ўлка борлигини кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан
− Келгуси режаларингиз ҳақида гапириб берсангиз.
− Биринчи навбатда, мен яқин 3-4 йил ичида “Биз” лойиҳасини тугатишни режалаштирганман. Кейин барча лойиҳаларимни тўплаб, Тошкентда кичик бир музей ташкил қилмоқчиман. Орзуим – Ўзбекистон халқларининг портретлари музейини ташкил этиш.
Мақолада рассом Рональд Кляйернинг http://ronaldkleijer.com/ вебсайти галереясидаги картиналардан фойдаланилди.