Uzanalytics Япониянинг Цукуба университетида кунчиқар мамлакат ҳукумати ўзбекистонлик профессор Тимру Дадабоев раҳбарлигида ишга туширган Марказий Осиё дастурлари ҳақида материал тайёрлади. Интервью иштирокчилари: Нозима Давлетова (2013 йили битирган), Дилноза Убайдуллаева (2013), Шерзод Эралиев (2018), Баҳром Ражабов (шу кунгача) ва дастурлар мувофиқлаштирувчиси, профессор Тимур Дадабоев.
‒ Цукуба университетидаги ўзингиз муаллифи ва мувофиқлаштирувчиси бўлган Марказий Осиё бўйича дастурлар ҳақида гапириб берсангиз.
Тимур Дадабаев: Биз ишни 2016 йили Цукуба универстетига ишга ўтганимдан сўнг Японияда Марказий Осиё бўйича магистрлик дастури яратишдай камтарона уринишдан бошлаган эдик. Дастурнинг асосий мақсади Марказий Осиёдан келган истеъдодли талабаларга минтақа ҳақидаги ўзлари танлаган фанга оид билимларга ҳиссасини қўшишга имконият беришдир. Минтақага оид билимларга бошқа ресурслар орқали «эргашмас»дан ва уларни «истеъмол қилиб қолмас»дан «ишлаб чиқариш»да қатнашишни истаган талабалар учун платформа яратдик. Боз устига, биз уларга ижтимоий тадқиқотлар ва турли назариялар ҳақидаги тушунчаларни ўргатишимиз муҳим эди, бу илмий мақолалар ёзиш малакасини орттиришнинг илк зарурий шарти ҳисобланади. Дастуримизга келаётган талабалар учун ушбу малака ўта муҳим. Дастур ишга туширилгандан бери ўтган 15 йил мобайнида вазифалар ўзгармасдан қолмоқда. Лекин биз формат билан мавзуларни алмаштириш ҳамда халқаро ва минтақавий муҳитни ўзгартиришга ҳам ҳаракат қиляпмиз. Дастлаб асосий эътиборни халқаро муносабатларга қаратган эдик, сўнгра йўналишни маданий сиёсат томон ўзгартирдик. 5 йил олдин япон ва Евроосиё тадқиқотлари бўйича докторлик дастурини очдик. Энди барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича магистрлик дастурини ишга туширяпмиз. Барча дастурлар тўлиқ молиялаштирилган ва 5 та эҳтимол тутилган ўринга 200 га яқин номзодни жалб қилади.
− Бир қанча дастурларни ишга тушириш олдидан қандай мақсадлар қўйган эдингиз? Қанақа мақсадларга эришдингиз ва қандай қийинчиликлар бўлди? Дастурга қандай мезонлар билан танлов ўтказдингиз ва биринчи навбатда нимага аҳамият берасиз? Дастур ҳомийлари нимага эътибор қаратади?
Тимур Дадабаев: Одатда танлов вақтида номзоднинг олдинги тажрибаси, тилларни билиши ва илмий мақолалар ёза олиш кўникмаси сингари мезонлар қўлланади. Лекин фақат шу билангина чекланиб қолмаймиз. Яна билими ва олдинги тажриба соҳаси ҳам номзодларни яхшироқ билиб олишимиз учун қўл келади. Шу билан бирга бошқа дастурларда етарлича қўллаб-қувватланмаган оригинал ва қизиқ ғоялари бир номзодларга кўпроқ эътибор қаратамиз. Ниҳоят, уларнинг тадқиқот режаларини реалистик тарзда тушунтириб бера олишини англаш биз учун муҳим. Умуман олганда, жуда қобилиятли талабаларимиз бор. Бироқ мен битирувчиларининг ўқишни битиргандан сўнг кирган иш жойи – дастурнинг сифат мезони, деб ҳисоблайман. Бу – дастур самарадорлигининг энг яхши кўрсаткичи. Айни ёндашувни дастуримизга ҳомийлик қиладиган Таълим, маданият, спорт ва технология вазирлиги сингари давлат, шунингдек, Nippon Foundation сингари хусусий муассасалар ҳам қўллаб-қувватлайди.
Талай қийинчиликлар ҳам бор. Энг каттаси – чин маънодаги қизиқ ва оригинал ғояларни топиш. Аксарият ҳолларда номзодларнинг тадқиқот мавзулари ўзаро ўхшаш. Кўпинча номзодлар фақат дастурда қатнашишни истайди-ю, тадқиқ қилинаётган мавзуларга қизиқиши йўқдай таассурот қолдиради. Шунинг учун танлов жараёни бошида уларни яхшироқ тушуниб олиш учун кўпроқ мулоқот қилишга ҳаракат қиламиз.
‒ Цукуба университетида қайси дастур бўйича таълим олгансиз?
Нозима Давлетова: Мен Марказий Осиё мамлакатлари учун икки йиллик магистрлик дастурини (Special Program for Central Asian Countries) тугатганман. Диссертация мавзуси Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати билан боғлиқ эди ва илмий раҳбарим профессор Тимур Дадабоев бўлган.
Дилноза Убайдуллаева: Мен Цукуба университетининг “Special Program for Central Asian Countries” дастурида ўқиганман. Қисқа қилиб айтганда, дастур менга танқидий фикрлаш, ҳар қандай маълумот ёки далилни сўроқ қилиш мумкинлигини, ҳамда илм-фанда тадқиқот олиб боришнинг асосий йўналишларини мустаҳкам эгаллаш имкониятини берди. Бунинг учун профессор Тимур Дадабаев ва у киши бошлиқ бутун жамоага миннатдорлик билдираман.
Шерзод Эралиев: 2014-2018 йилларда Цукуба университетининг Марказий Евросиё учун махсус дастурининг 1+3 йўналиши бўйича ўқидим. 2018 йилда PhD илмий даражасини олдим. Россиянинг Марказий Осиёдан келган меҳнат мигрантларига нисбатан сиёсати мавзусида тадқиқот олиб бордим. Ушбу дастур илмий тадқиқот олиб бориш машаққатларини енгишни ўргатди. Диссертациям учун маълумот тўплашда ҳужжатларни таҳлил қилдим, мигрантлар ва миграция бўйича мутахассислар (ҳукқуқшунослар, олимлар, журналистлар, давлат идоралари вакиллари) билан суҳбатлар ўтказдим. Булар барчаси соатлаб меҳнат килиш баробарида вақтни тўғри режалаштириш ва таксимлашни тақозо этади.
Баҳром Ражабов: Мен 2015 йили иккита сабабга кўра «Япония ва Евроосиё тадқиқотлари бўйича 1+3” омухта дастурида ўқиш учун ариза берганман: айнан Марказий Осий мамлакатлари, аниқроғи, Евроосиё тадқиқотлари учун дастур эълон қилинган эди. Яқинда ижтимоий инновациялар бўйича тадқиқотимни тугатаман.
‒ Ушбу дастурда олган билимларингизни Ўзбекистонда қандай ишлата оласиз/ишлатяпсиз?
Нозима Давлетова: Дастурни тугатгандан сўнг Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати бўйича таҳлил марказларидан ишлаш билан бирга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университатида (ЖИДУ) дарс ҳам бердим. Биринчи навбатда ўқиш йилларида ўрганиб олганим илмий методология учун дастурдан миннатдорман. Мен Ўзбекистондаги алма-матер – таҳсил олган олий ўқув юртимда аълочи талаба бўлганман ва ЖИДУ менга яхши базавий билим берган, бироқ Японияга бориб, кўп нарсани ўрганишимга тўғри келди. Академик малакани назарда тутяпман. Ўзбекистондаги академик муҳитда, афсуски, илмий методология, назариялар ёмон ўқитилади.
Биз бакалавриатда халқаро муносабатлар бўйича фақат реализм назариясини ўрганганмиз, Японияда эса бошқа кўплаб назарияларни теранроқ ўрганишимизга тўғри келди. Айниқса, танқидий назариялар, жумладан, конструктивизм билан постмодернизм академик фикрлашимни бутунлай ўзгартириб юборди. Ўзбекистонда ушбу назариялар бўйича фақат икки олим:Алишер Файзуллаев билан Улуғбек Азизовни биламан. Иккинчидан, ушбу танқидий фикрлаш кўникмаси профессионал жиҳатдан ўсишимда ёрдам берди ва ўша кўникмани Ўзбекистондаги талабаларимга ўргатишга ҳаракат қиляпман. Гарчи бугун ташқи сиёсатдан кўра кўпроқ ижтимоий тадқиқотлар билан банд бўлсам-да, ҳар доим ўзим фойдаланадиган билимлар ва таҳлил қилиш кўникмасини айнан Цукуба университетидаги дастурдан олдим. Боз устига, Цукубада ёзган диссертациямни, орадан 5 йил ўтганига қарамай, ҳали-ҳамон ишлатаман. Конференцияларда маъруза қиламан, таҳлилий мақолалар ёзаман, илмий ишим ҳамон долзарблигини йўқотгани йўқ. Буни илмий раҳбарим менга айтган эди.
Баҳром Ражабов: Мен уни қўллай бошладим. Докторантура айнан сизга қизиқарли бўлиши керак, докторантурада ўқийдиган одам мавзусини бошидан охири қадар мукаммал билиши шарт. Фан доктори тор ихтисоси бўйича мутахассис бўлиши керак. «1+3» формати докторлик дастури вақтда давом эттирадиган тадқиқот мавзусини магистратуранинг биринчи йили олишингиз мумкин. Лекин менинг иккита айрича мавзум бор эди. Ҳозир натижа борми, нимани қўллаш мумкин ва бу соҳада нимани ўзгартириш кераклигини тушунасанми, деган саволларга жавоб бера олмайман.
Яна мамлакатда ўзгаришлар содир бўляпти: Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди, Ўзбекистонни инновацион ривожланиш стратегияси яратилди[1], Ижтимоий инновациялар бўйича форум бўлиб ўтди. Бироқ сўнгги форумнинг ижтимоий инновацияларга мутлақо дахли бўлмади. Мен қатнаша олмаган ўша форум вақтида ижтимоий соҳадаги иннновациялар ва ижтимоий инновациялар хусусида – ушбу тушунчалар ўртасида фарқ борми, буни тушунтириб, татбиқ қиладиган мутахассислар борми? – деган савол туғилди. Саволга яқин келажакда жавоб топишимизга тўғри келади.
Яна мен ҳам таклиф этилган Инновациялар ҳафталиги ҳам бўлиб ўтди. Ижтимой инновациялар нима экани ҳақида сўзлаб беришимни илтимос қилишди. Ўрганилмаган масалалар жуда кўп. Гарчи Арманистон, Грузия ва Озарбайжондаги давлат секторида инновациялар жорий этила бошлаган бўлса-да, академик соҳада камчилик ва муаммолар кўп. Тадқиқот ишимнинг моҳияти аниқ тушунчалар, тавсиф ва ўзига хос жиҳатларни кўрсатиб беришдир.
Шерзод Эралиев: Айни пайтда Финляндиянинг Ҳельсинки университетида тадқиқотчиман (postdoctoral researcher). Бу ерда Японияда бошлаган илмий ишим мавзусига оид тадқиқотларни давом эттиряпман. Диссертациямни китоб шаклида нашрга тайёрлаш устида ишлаяпман ва бошқа илмий лойиҳаларда иштирок этяпман. Бунда Японияда олган таҳсилим роса қўл келяпти. Айни пайтда Ўзбекистон, Марказий Осиёдан бўлган олиму сиёсатшунослар билан илмий хамкорликни йўлга куйяпман. Бу келгусида Ўзбекистон ва Марказий Осиё тадқиқотчилари учун тармоқ яратиш ва кенгайтириш имконини беради.
Яна бир масала: бугун инглиз тили халқаро мулоқот тили эканини, халқаро даражада тан олинган илмий тадқиқотлар, асосан, инглиз тилида олиб борилишини тан олишимиз керак. Шу жумладан, хорижлик олимлар Марказий Осиё бўйича сиёсий, антропологик, ижтимоий ва иқтисодий тадқиқотларни ҳам аксарият ҳолларда инглиз тилида чоп эттиради. Цукуба университетидаги айни дастур олдига қўйилган максадлардан бири эса минтақадан келган ёшларни халқаро мавзуларда инглиз тилида тадқиқотлар олиб бора олувчи мутахассис сифатида тайёрлашга қаратилган. Шу нуқтаи назардан, бундай дастурларни қўллаб-қувватлаш керак, деб ҳисоблайман.
Дилноза Убайдуллаева: Олган билимларимни ҳозирги кунда олиб бораётган илмий тадқиқотларимда, ҳамкасб тадқиқотчилар, ҳатто оддий аҳоли билан олиб борадиган мулоқотларимда жуда кенг қўллаяпман. Ишончим комилки, Цукубада олинган билим ва кўникмалар ҳозирги кундаги кўплаб муваффақиятларимнинг асосидир.
– Сизнингча, нималарни ўзгартириш керак? Олган билимларингизни Ўзбекистонда қандай ишлата оласиз ёки ишлатяпсиз?
Шерзод Эралиев: Менимча, Марказий Евросиё учун “1+3” махсус дастури минтақадан, жумладан, Ўзбекистондан келган талабалар учун катта имкониятлар беради. Агар дастур давомида инглиз тилидаги курс ва семинарлар сони кескин кўпайтирилса, жуда яхши бўлар эди. Бу талабаларга ўзи танлаган ва қизиққан соҳалари бўйича маълумот олишига ва профессор ўқитувчилар, яъни соҳа мутахассислари билан бевосита мулоқотга киришиш имконини беради. Шу билан бирга, халқаро академик стандартлар ва тадқиқот услубларини янада чуқурроқ ўргатишга қаратилган дастурларга купроқ эътибор бериш керак.
Баҳром Ражабов: Узоқ суҳбатлар ҳар доим зўриқишга сабаб бўлади. Шахсий муаммоларингиз ҳеч кимни қизиқтирмайди. Тадқиқот иши ёзиш учун йўл олаётганда, бунга итоат қилишдан ўзга чора йўқ. Лекин тадқиқотчининг ҳафсаласи пир бўлмаслиги учун профессорлар танқидни меъёридан ошилб юбормаса, яхши бўлар эди. Яна бевосита дастурга эмас, университетнинг ўзига тегишли бир гап. Цукубадаги очиқ-ойдин тамойил – инглиз тилида дарс берувчи профессорларнинг пенсияга ёки бошқа университетларга кетиб қолаётганидир. Исталган мамлакатда илмий раҳбар билан тор мавзу бўйича ҳамкорлик зарур.
Омадимни қарангки, илмий раҳбарим диссертациям устида ишлаш учун вақт топа оладиган киши экан. Унинг ўзи ҳам талабалари танлаган мавзудан кўп нарса олади – бу катта гап. Профессор билан талабанинг тадқиқот жараёнида бир-бирининг билимини бойитиш муҳим нарса. Умуман олганда, мос келиш жиҳатидан ушбу дастурнинг тенги йўқ – индивидуал тадқиқот лойиҳаларига ҳам пул ажратилади. Жиддий муаммолар бўлмади ҳисоби, университет ходимлари ва ўқитувчилари – жуда куюнчак одамлар, дастурнинг шиори: имкониятлардан фойдаланинг – биз доим кўмаклашамиз.
Цукубада ўрганган нарсам шу бўлдики, ҳеч қаерда ва ҳеч бир ишда нуқсон бўлмаслиги керак, бу ҳатто асли япониялик бўлмаган профессорларнинг ҳам шиорига айланиб кетган. Талаба айни соҳасида фақат ўзи мутахассис эканини унутмаслиги даркор. Аммо ҳар доим илмий ишни бошқа кишига, мутахассисга ўқиш учун бериши фойдадан холи бўлмайди. Мен ижтимоий фанлар соҳасида одамнинг гапига қўшилмасликлари ҳам мумкинлигини тушунганим ўқиш давомида орттирган энг муҳим сабоқларимдан бири бўлди.
Нозима Давлетова: Дастурнинг кучли жиҳатларидан бири асосий эътибор тадқиқотга қаратилгани бўлди. Вақт ва илмий изланишларни режалаштиришдаги мустақиллик қадрланар экан. Бироқ дастур ишини кимдир мувофиқлиштириб туришига мойиллик ва машғулотларга кўпроқ вақт ажратишни истовчилар учун мос келмас экан. Дастур тадбирлари унчалик жадал эмас, бироқ таклиф этилган профессорларнинг дарслари фойдали ва жадал бўлганини кўрдим. Қани эди шунақа танлаш имконияти кўп бўлса. Бошқа тарафдан, дастур нима истаётганини аниқ биладиган, илмий методологияни эгаллаган ва вақтини тўғри тақсимлашни биладиган кишилар учун идеал даражада мос келади. Университетда илмий тадқиқотлар учун жуда яхши шароит яратилган, профессорнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаш имконияти ҳам мавжуд. Мен ўқиш бошланишидан охиригача ишладим, лекцияларни тайёрлаш тажрибасини орттирдим ва бу – пул тўланадиган иш. Японияда ҳар бир иш учун пул тўланишини айтиб қўймоқчиман.
[1][1] Ўзбекистонни 2019-2012 йилларда инновацион ривожлантириш стратегияси.