Ўзбекистонда ногиронлиги бор инсонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳақида қонун-қоидалар мавжуд бўлсада, аслида бу одамлар инфратузилма ва оммадаги стереотиплар туфайли жамият фаолиятида тўлиқ иштирок эта олишмайди. Ногиронлиги бор инсонлар “муаммо” эмас, балки “жамиятнинг тўлақонли қисми” бўлиши учун нима қилиш зарур? Қонунлар ишламаслигига сабаб, “ногиронлик” тушунчаси нима экани ва муаммоларни ёритишда ўзбек ОАВ нинг камчиликлари нимада? Шу ва бошқа савол ҳамда масалалар ҳақида Ўзбекистон ногиронлар жамияти вакиллари Ойбек Исоқов ва Абдулла Абдуҳалилов, Сассекс университети докторанти Дилмурод Юсупов ва Тошкентдаги “SANVIKT” илмий-тадқиқот, санъат маркази мудири Гулсара Ражабова билан UzAnalytics.com мухаррири Зайнаб Муҳаммад-Дўст суҳбат қурди.
Ногиронлик тушунчанинг ўзидан бошлайлик. Ўзбекистонда ногиронликни аниқлаш билан боғлиқ қандай муаммолар мавжуд?
Ойбек Исоқов, Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг раиси: Ўзбекистонда замонавий талабларига ва тараққиётга мос келмайдиган, ўтган асрда қабул қилинган ногиронлик тушунчаси ва ногиронлиги бор инсонларни рўйҳатга олиш амалиёти мавжуд. Ногиронликни расмийлаштириш жараёни қийин ва камситувчи бир нарса. Одамлар тиббий-меҳнат эксперт комиссияси(ТМЭК)га соғлиқларида муаммо доимий ҳолат бўлганлигини ҳар доим исботлаб юриши керак. Масалан, бир қатор тиббий маълумотнома ва тиббий диагнозга эга бўлган одам, ногирон эканлигини янада тасдиқлаш мақсадида касалхонада икки ой давомида ўз пулини сарфлаб даволаниши керак. Ушбу комиссия “тиббий-меҳнат” деб номлансада, кўпинча унинг таркибида ногиронларни касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш бўйича бирорта ҳам мутухассис йўқ. Натижада, биринчи ва иккинчи гуруҳдаги ногиронларнинг хужжатларига “ишга лаёқатсиз” муҳри қўйилади. Одамлар ушбу жараённи ҳар йил бошдан кечиришга мажбурдир.
Дилмурод Юсупов, Сассекс университетининг докторанти ва «Буюк келажак» эксперт кенгаши аъзоси: Биз муаммони қонунимизда ногиронликнинг ҳозирги таърифида кўришимиз мумкин. «Ўзбекистон Республикасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонунда «жисмоний ёки ақлий нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан ижтимоий ёрдам ва ҳимояга муҳтож бўлган шахс ногирон ҳисобланади» дея таъриф берилади. Шундай қилиб, ногиронлик касалликка ёки инсон танаси аъзоларининг функциялари бузилишига тенглаштирилади. Аммо, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясида «ногиронлик — тана функциялари бузилган инсонлар ҳамда муносабат ва инфратузилма билан боғлиқ тўсиқлар орасидаги ўзаро алоқа натижасида вужудга келадиган ҳолат» деб таъкидланади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, бу нафақат инсон танасининг нуқсонлари, балки қулай атроф-муҳит йўқлиги ва бундай одамларнинг жамият ҳаётида иштирок этишига қаршилик қилаётган тўсиқлар ва салбий стереотиплардир.
27 йил мобайнида Ўзбекистондаги тўсиқсиз муҳит мавжудлиги ҳақида гапириш мумкин эмас. Давлат нимага эътибор бериши керак? Қонунларга кўра, агар офисларда рампалар бўлмаса, бино мослаштирилмаган бўлса ва ногиронлар учун 3% бандлик квотаси бўлмаса, ташкилотлардан жарима олинади. Нима учун бу механизм ишламайди?
Абдулла Абдуҳалилов, Ўзбекистон Миллий университети профессори ва Ўзбекистон ногиронлар жамияти раисининг ўринбосари: Мамлакатимизда тўсиқсиз муҳит ҳақида гапирганда, “Қаерда тўсиқ йўқ?” деган савол маъқул бўларди. Уларни ҳамма жойда учратамиз. Устуворликлар ҳақида гапирсак, мен тўсиқсиз муҳитни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишимиз кераклигини айтишим мумкин. Бу дастур безак учун бўлмаслиги керак. Тарих шуни кўрсатадики, ногиронлиги бор одамларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун, уларнинг ўзлари сиёсатда намоён бўлганда амалга ошади. Биз кўп йиллардан буён сайловларда иштирок этамиз, номзод сифатида ногиронлар ҳаракатининг вакилларини тайинлаймиз, аммо афсуски, Олий Мажлис депутатлигига ҳалигача ҳеч ким танланмаган. Ижро этувчи ҳокимиятдаги вазият ҳам айнан шундай- ногиронлиги бор одамларнинг манфаатлари учун давлат сиёсати даражасида лобби йўқ. Муаммолар кўп ва уларга “Nothing about us without us”,(«Бизсиз биз ҳақимизда ҳеч нарса») БМТ принципи асосида эътибор қаратиш керак. Аммо бизда бу принцип йўқдир. Аксинча, Қирғизистон Республикаси парламентида кўзи ожиз депутат бор, мамлакатимизда эса буни ҳатто маҳалаларда учратмайсиз. Охирги пайтларда нодавлат ташкилотлари ногиронлар ҳуқуқлари бўйича айрим қонунларни қабул қилишда мутахассислар сифатида кўпроқ иштирок этмоқда, бироқ мунтазам мулоқот йўқ.
Ишламайдиган қоидалар ҳақида гапирганда, бу ерда 4 асосий тўсиқ мавжуд. Биринчиси, жамоатчилик назорати механизмининг йўқлиги – фуқаролик жамияти институтлари давлат томонидан тенг ҳамкорлар сифатида кўринмайди, чунки бизда нодавлат ташкилотлар давлат олдида жавобгар. Иккинчи тўсиқ – жамият ва ногиронлар жамиятининг ишга жойлашиш квотаси ҳақида ҳамда жарималар тўғрисидаги билимсизлик. Учинчидан, ҳукумат ва фуқаролик жамияти ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тадбирларини биргаликда кузатиш механизмининг заифлиги. Тўртинчидан, жарима кўпинча ногиронлиги бўлмаган ёки ногиронлар ҳаракатига умуман алоқаси бўлмаган одамлар томонидан кўриб чиқилади. Маълум объектлар қурилишини баҳоловчи марказга эҳтиёжимиз бўла туриб, баҳолашда иштирок этадиган мувофиқлаштирувчи органимиз мавжуд эмас. Мен ногиронларнинг турли тоифаларини вакили бўлган нодавлат ташкилотларни бирлаштирганимиз сабабли, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси бу иш билан шуғулланиши мумкинлигига ишонаман.
Ойбек Исоқов: Тошкентда бино ва иншоотларнинг фақагина 23% ногиронларнинг эҳтиёжларига мослаштирилган. Уйғунлаштирилган транспортнинг етишмаслиги, автобуслар ва бошқа турдаги транспортларда йўлни осонлаштирадиган ёрдамчи воситалар (овозли маякчалар ва ҳоказо) йўқлиги катта муаммодир. Буларнинг барчаси кўзи ожиз ва эшитиши чекланганлар ва бошқа ногиронлиги бор инсонларни эркин ҳаракатланиши ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятидан маҳрум этади. Тошкентда 2,100 нафардан ортиқ бекатларининг бирортаси ногиронлиги бор кишиларга мўлжалланган қулайликлар билан жиҳозланмаган. Бунинг сабаби жисмоний муҳитнинг тўсиқсизлиги тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажариш учун масъул бўлган давлат органлари – Меҳнат вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилмаганлигидир. Қонун талабларига риоя қилмаган бинолар эгаларининг жавобгарликка тортиш бўйича ишлар амалда бажарилмайди. 27 йил мобайнида прокуратура тўсиқларни бартараф қилиш учун ҳеч қандай иш бошламаган (суд ва прокуратура биноларининг ўзлари ҳам қонун талабига жавоб бермайди).
Бунга муҳим сабабларидан бири бу бандлик ва ишга жойлашиш марказларида рағбатнинг йўқлигидир. Жарималар меҳнат марказларининг жорий ҳисоб варағига эмас, балки Молия вазирлигининг ҳисоб рақамига тушади. Нима учун ногиронлик бўйича қонунчиликка риоя қилмаслик жаримаси қурилиш лойиҳалари, транспорт ва алоқа билан боғлиқ бўлмаган Бандлик ва меҳнат муносабатлар вазирлигига юклатилган?Мавжуд тизимни тубдан қайта кўриб чиқиш керак – у 27 йил давомида ўзининг самарасизлигини кўрсатди. Ногиронлар ассоциацияси жарима солиш ва ундириш маъсулиятини Тошкент шаҳар ва ҳудудий ҳокимиятларига ўтказишни таклиф этмоқда. Ундирилган тўловларини эса фақатгина тусиқсиз муҳит яратилишига сарфлаш керак. Имкониятсизликнинг сабаблари бу транспорт инфратузилмаси ва коммуникациялар, биноларни лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилиш соҳасида мустақил экспертиза ва назорат қилиш тизимининг йўқлиги ҳисобланади. Ногиронлиги бор одамларнинг жамоат ташкилотлари вакиллари қурилиш объектини ишга тушириш жараёнига жалб қилинмайди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши “Шаҳар ҳамма учун” тўсиқсиз муҳитни яратиш дастури лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу дастур мавжуд муҳитни шакллантиришга комплекс ёндашувни таъминлашни назарда тутади.
Дилмурод Юсупов: Ҳозирги вазият жуда ёмон аҳволда. 2017 йилда Ўзбекистондаги давлат муассасаларининг атиги 37% ногиронлиги бор кишиларнинг эҳтиёжларини учун мослашган. Кўпчиликнинг диққати шаҳарларнинг сайёҳлик логотипларини баҳс-мунозара қилиш ва Ўзбекистоннинг юзаки имиджига қаратилгани учун, ўтган йили ҳам вазият ўзгармаган эди. Чиройли ва ёрқин логотип сайёҳларни жалб қилиш учун фақатгина юзаки ярим ўлчовдир. Биз давлат идораларининг жисмоний имкониятларини таъминлаш, қулай ҳожатхоналарни қуриш, рампалар ва лифтларни ўрнатиш ва бошқа қулайликларни таъминлаш орқали Ўзбекистон нуфузи борасида ғамхўрлик қилишимиз керак. Қонун мажбуриятларни бажармаслик учун жавобгарликни назарда тутади, бироқ амалда бундай чоралар биринчи навбатда, ногирон кишиларнинг ҳаракатсизлиги туфайли ишламайди. Агар қонун бундай ҳуқуқларни назарда тутган бўлса, унда уларни талаб қилиш ва эришиш керак. Ногиронларнинг аксарияти улар учун ҳамма нарса қилинмагунча кутиб турса, ҳеч нарса ўзгармайди. ОАВ, ижтимоий тармоқларни, блогерларни омма эътиборига жалб қилиш керак. Масалан, мен эшитиш қобилияти чекланган одамлар учун керак чоралар ҳақида гапирадиган битта ногиронлиги бор блогерни айтишим мумкин. Бошқалари қаерда? Улар мавжуд эмас.
Жисмоний тўсиқларга қўшимча равишда ногиронлиги боп одамлар стигмага (тамғага) дуч келишади. Уларни «муаммо» сифатида эмас балки «жамиятга ҳисса қўша оладиган шахслар» сифатида қарашлари учун қаердан бошлаш керак?
Абдулла Абдуҳалилов: Бу дунё бўйича фалсафий саволдир. Мен Япония ва АҚШда бўлдим ва стигма ҳақида гапирган кишилар билан суҳбатлашдим. Тўғри, улар турли йўллар билан намоён бўлади: айрим жойда кўпроқ ва бошқа ерда камроқ. Уларни қандай қилиб камайтириш мумкин? Менимча, ҳамма нарса мактабгача бошланади. Биз болалар учун эртаклар ўқиймиз ва эртакларнинг асосий қаҳрамонлари кучли, баланд, соғлом “ғайриоддий одам”. Қўпол, чўлоқ, бир кўзи кўрмайдиган ва ҳунук шахслар эса салбий қаҳрамонлардир. Эртакдаги ягона истисно (эҳтимол мен уларни камроқ биламан) бу Ганс Кристиан Андерсоннинг бошқаларга ўхшамаган ижобий характерга эга «Иркит ўрдакча» образидир. Мактабларимизда эса болалар ногиронлиги бор болаларга дуч келмайдилар. Инклюзив таълим ҳали алоҳида аҳамиятга эга эмас. Бир нечта ташкилот ва ЮНИСЕФ иштирокида “Яхшилик дарслари”ни жорий этишга уринган бўлсада, Халқ таълими вазирлиги уларни жорий этишга муваффақият қозонмади. Шундай қилиб, бу ҳам ўтиб кетди.
Дилмурод Юсупов: Бизнинг қарорларимиз деярли ҳар доим юқоридан олинганлиги сабабли, биз аввало мансабдорлар ва уларнинг ногиронлик тўғрисидаги тушунчаларини ўзгартиришдан бошлашимиз керак деб ўйлайман. Ҳозирда Ўзбекистонда ногиронлиги бор одамларни ижтимоий ҳимоя қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги васифаси остига киради, бу эса ногиронлик тушунчасини тиббий муаммо деб англаб, унинг «тиббийлаштиришга» олиб келади. Бу аслида ижтимоий муаммодир. Балки Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бошлаб ёки умуман ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар билан ишлашни қамраб оладиган Ижтимоий Тараққиёт Вазирлигини тузиш лозим. Муаммо ногиронлиги бор кишиларда эмас, уларнинг атроф-муҳитидаги камчиликлар ва стереотиплардадир. Албатта, ёшликдан иш олиб бориш керак. Мен 24 ёшгача ногиронлиги бор кишиларни на боғча, мактаб, на университетда учратмаганман . Яқинда биз “инклюзив таълим” тушунчаси ҳақида гапира бошладик. Бир неча йил илгари Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан биргаликда мамлакатда “Ўзбекистонда махсус эҳтиёжга эга бўлган болалар учун инклюзив таълим” Европа делегацияси лойиҳаси иш бошлади. Уларнинг Inclusive Education.uz деган сайти бор эди, лекин лойиҳани тўгалгач, у очилмаяпти. 2016 йилда инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли Миллий стратегия ишлаб чиқилган, аммо у тасдиқланмаган. Бу осон иш эмас, лекин бу оддий болаларда ногиронлар аравачасида ёки баъзи бир хусусиятларга эга бўлган болаларни тушунишларига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бир пайтлар бизда ногиронлиги бор болаларни умумтаълим мактабларига ўтказиш тўғрисида қарор ҳам қабул қилди.
Гулсара Ражабова, ҳайкалтарош ва “SANVIKT” тадқиқот ва санъат марказининг мудири: Бошқалар ногиронлиги бор одамларни йўқ қилинадиган муаммо сифатида эмас, балки жамиятга фаол қатнаша оладиган бўлган одамлар сифатида қабул қилинишлари учун, ҳаммага тенг имкониятлар берилиши керак. Марказимиз доимо ногиронлиги боп болаларнинг санъат орқали ривожланиши ва ўзларини ифода эта олиши ва бошқа болалар билан параллел равишда амалга оширилишини таъминлашга қаратилган. Биз 20 йилдан буён ишлаяпмиз – рассомчилик, ҳайкалтарошлик, кичик пластик, гилам тўқиш, лак бўёқлар билан ишлаш ва бошқа ҳунарларни ўргатамиз. Марказимизга 5 ёшдан 17 ёшгача болалар келишади. Эшикларимиз барчага очиқ ва баъзан соғлом болалар биринчи марта бизга келганда ота-онасининг орқасига ўтиб олиб яширинишади, чунки улар бундан аввал ногиронлиги бор болаларни кўрмаганлар. Улар қаерга бораётганларини уларга олдиндан тушунтириш лозим. Шунинг учун марказни барча болалар у ерда ўқиши учун интеграциялашувчи мактаб қилдик. Буни мен биринчи марта Францияга сафар пайтида ногирон болаларнинг бошқалар билан тенг равишда ўқиятганини кўрдим. Ўзбекистонга қайтиб келганимда, бугунги кунда иккала томонга ҳам ёрдам берадиган Ўзбекистондаги шу лойиҳани очиш фикри пайдо бўлди.
Мамлакатимизда инклюзив таълим ва муҳит яратиш учун ахборот етишмайди. Баъзи одамлар ногиронлиги бор одамларнинг уйда туриш кераклигини айтишдан ҳам тортинмайди. Телевидение ёки газеталар бу масалани қандай ёритишади?
Абдулла Абдуҳалилов: Бизнинг оммавий ахборот воситаларида ногиронлик муаммоси анча бепрофессионал тарзда ёритилади. Бизнинг телекўрсатувларимизга, киноларимизга, ҳатто спектакллармизга қаранг. Кўпинча уларда ногиронликка нисбатан раҳм-шавқат кузатилади. Айримларда, масхаралаш бор. Масалан, битта спектакл борки унда қайнона яхши эшитолмайдиган келин устидан кулади. Ўзбекфильм ижобий якунланадиган филмларида ногиронлиги бор одамларнинг барчаси албатта тузалиб кетади. Буни ўзгартиш лозим. Масалан, “1+1” (Untouchables, 2011) фильмини олайлик. У ерда бош қаҳрамон тузалмайди-ю, аммо у бахтли бўлади. Шунингдек, актёр Аль Пачино ижросидаги машҳур филм “Аёл Ҳиди” (Scent of a woman, 1992) фильмида қаҳрамон кўзи ожизлигича қолади, аммо барибир бахтли бўлади. Умуман, ногиронлиги бор инсонлар оддий кишилардек ҳиссиётга эга эканлигини қабул қилиш ва тасвирини тарғиб қилиш борасида ахборот стратегиясини ишлаб чиқиш зарур.
Дилмурод Юсупов: Маҳаллий телевидение ва газеталар бу муаммоларни қамраб олиши мумкин, фақатгина бу фақатгина жамиятимиз нуқтаи назаридан олиб борилади. Масалан, журналистлар ногиронлиги бўлган бир муваффақиятли шахс билан интервью олишлари мумкин: “Мана қаранг, ибрат олинг. Сиз эса нимага эришдингиз?!” деган савол берилади. Яъни, ногирон кишиларни ногиронлиги бўлмаган одамларни илҳомлантирувчи объектлар сифатида ишлатишади. Бу умуман нотўғри. ОАВ ногиронлик масалаларини ижтимоий муаммо сифатида кўрсатиши керак. Мен рампалар ва зарур шароитларнинг етишмаслиги муаммосига эътибор қаратилган бирор бир дастурни шахсан билмайман. Сўнгги пайтларда Газета.уз каби онлайн медиа кўпинча ушбу мавзулар бўйича мақолалар чоп этмоқда, бу жуда ҳам қувонарлидир. Бироқ, ногиронлик масаласини ёритишда нафақат анъанавий оммавий ахборот воситалари, балки ижтимоий тармоқлар ва блоггерларни ҳам жалб қилиш керак. Биргаликда ногиронликни шахсий, тиббий ёки хайрия муаммоси сифатида эмас, балки жамият ва инсон ҳуқуқлари муаммолари сифатида гапириш керак.
Ойбек Исоқов: Тараққиёт ҳар қандай жамиятнинг маънавий аҳволи, болалар, қариялар ва ногиронлиги бор кишиларга нисбатан муносабати орқали аниқланади. Кўп фуқароларнинг онгида ногиронларга нисбатан стереотиплар устунлик қилади. Кўпчилик фикрича «ногирон» сўзининг аксарияти «умидсиз касал» тушунчаси билан боғлиқ. Журналистлар – бизнинг жамиятимизнинг бир қисми ва маҳсули – улар ҳам ўша стереотиплар таркибига киради. Журналистларни шунга ишонтириш ва шундай қилиш керакки, улар ногиронлик бўйича ижтимоий ёндашиш ғоясини, яъни кишини ёрдамсиз қолдирадиган нарса бу касалликнинг ўзи эмас балки атрофдаги жисмоний муҳит ва жамият муносабати деган фикрни қабул қилишсин. Журналистлар ўзлари шуни тушунсалар, улар бу ҳақда ўз тингловчиларини ишонтиришга қодир бўлишади.
Менимча, ногиронлиги бор одамларнинг фаол ҳаёти ва уларнинг манфаатлари хилма-хиллиги ҳақидаги телевизион дастурлар, фильмлар, ижтимоий видеоларнинг ижобий образларини кўрсатиши керак. ОАВ ўз вазифаси фақатгина ногиронлар учун жамоатчиликнинг раҳмини келтириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатишни рағбатлантиришдан иборат, деб қарашади. Асосан, одамнинг ўз касаллигини енгишда қандай жасоратли эканлиги ёки оила учун ногиронлиги бўлган боланинг туғилиши қандай қайғу эканлигига кўпроқ урғу берилади. Ногиронлар қарор қабул қилишлари ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган тадбирларда иштирок этадиган мутахассислар сифатида бўлишлари эса камдан-кам ҳолларда кўрсатилади. ОАВ ногиронлар жамоат ташкилотлари (ҳозирда 80дан ошиқ) фаолиятини суст ёритишади, уларнинг мақсадлари, муаммолари ёки муваффақиятлари ҳақида эмас, нишонланаётган байрамлари ҳақида кўпроқ гапиришади. Ташкилотлар раҳбарлари ва фаоллари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ҳарқалай, бу ҳақида гапириш керак, чунки ногиронлиги бор одамлар, айниқса болалар учун, ўз ҳаётида ишда муваффақиятга эришган ёки ҳаётий муваффақият қозонган бир намуналари бўлиши муҳимдир. Ижобий тажриба ва ютуқлар ёритилмаса, улар умидсизланиб ёшлик давриданоқ ўз орзуларига интилишдан воз кечадилар.
Аслида, ногиронлик меҳнатга лаёқатсизлик ёки муваффақиятсизлик дегани эмас. Масалан, моторли нейрон касаллигига эга таниқли физик ва ёзувчи – Стивен Хокингни олинг. Шунингдек, ҳалигача обссесив-компулсив бузилиш таъсири остида бўлган иқтидорли япон санъаткори Яёи Кусамани эсланг. Келинг, Ўзбекистон халқи ва фарзандларининг уларга имконият берилганда жамият ривожланишига қандай ҳисса қўшаётганлиги ҳақида гапирайлик.
Дилмурод Юсупов: Бу тўғри. Ногиронлик иш қилолмаслик дегани эмас. Бироқ, ногиронлик ҳақидаги тушунчамиз умуман меҳнатга лаёқатсизликка асосланган. Бу одамлар коммунистик жамият ривожланишига қўшган ҳиссаларига қараб баҳоланадиган Совет мероси туфайлидир. Бугунги кунга қадар, Ўзбекистонда ногиронлик гувоҳномасида “ишга лаёқатсиз” деган сўзни кўриш мумкин. Аммо амалда ногиронлиги бор одам ногирон бўлмаган кишиларга қараганда кўпроқ нарсаларни қила олишади. Мисол сифатида, ёшлигидан имконияти чекланган Муҳаббат Раҳимовани келтиришим мумкин. У ногиронлик тушунчасини ўзгартирадилан ва машғулотлар ўтказадиган “Шароит Плюс” нодавлат ташкилоти Тошкент филиали раиси бўлиб етишди. Дўстим Абдуллa Абдуҳалилов, кўзи ожиз бўлиб Ўзбекистон Миллий университети катта ўқитувчиси ва 2018 йилда ижтимоий фанлар доктори унвонига эришди. Бошқа бир дўстим Фаҳриддин Яхшиев эса – яхши рассом, кўпчилик унинг ишини бир кўришдаёқ сотиб олишади. Яна бошқа кўплаб ҳаётий мисолларни келтиришим мумкин.
Гулсара Ражабова: Мен шунга ўхшаш кўп мисоллар келтироламан. Масалан, амаким Қосим Мирзарахимов ҳаёти. У бутун умр ётадиган жойига бириктирилган эди ва бир қўлида бармоқлари ишламасди. Шифокорларнинг уринишлари бефойда эди. Бироқ, амаким бармоқларни ишлатиш учун ўзида куч топди ва жойидан расм чизиш ва ҳайкалтарошлик билан шуғуллана бошлади. У ҳақида мақолани Беньков номидаги санъат мактабидан ҳайкалтарош Филипп Иванович Грищенко ўқиб, амаким билан қизиқиб қолди. Филипп Иванович амаким ётган ўрнида расм чизиб ҳайкалтарошлик қилишини кўриб ҳайратга қолди. Амаким Грищенкодан устозлик қилишини сўраганида, у дарров рози бўлди. Шундай қилиб амаким орзусига эришди. Кейинчалик у Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзоси бўлишга муваффақ бўлди. Амаким “Мен иккинчи Мересьевман”, дерди.
Синглимнинг эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган эди, лекин онам унга тўқиш ва тикишни ўргатди ва у ўз навбатида ҳунарини бошқа қизларга. “САНВИКТ” марказининг асосчиси сифатида яна кўп мисол келтиришим мумкин: Жасур Жумаев “Беҳзод” нимидаги санъат институтига кириб, уни намунали битириб, ўқитувчи бўлиб ишлайди. Бир йил муқаддам, у мамлакат президенти томонидан “Жасорат” медали билан тақдирланди. Энг муваффақиятли рассомларимиздан бири бўлиб, у дунё бўйлаб сомон билан ишлаш бўйича мастеркласслар беради. У бизнинг фахримиз, унинг оиласи ва фарзанди ҳам бор. Яна бир мисол, Фаҳриддин Яхшиев. У рассом ва расм чизишни марказимизда ўрганди. Биз бахтидан жуда хурсандмиз – унинг расмлари чиройли, биз унинг кўргазмаларини ташкил этишда ёрдам берамиз. Ўтган йили у турмуш ҳам қурди.
Зиёда Маликовани ҳам айтишим мумкин – у санъат институтининг дизайн бўлимига киришни режалаштираётганида мен унга бошқа нарсани маслаҳат бердим. У тикувчиликни бошлаб уни жуда яхши ўзлаштиролди, ҳозирда унинг ўз устахонаси бор. Бугунги кунда унинг иккита ёрдамчиси бўлиб, улар билан буюртмалар устида ишлашади.
Ўзбекистон томонидан яна қандай меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниши керак?
Дилмурод Юсупов: Аввало, ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш керак. Ўзбекистон уни 10 йил олдин имзолаган, аммо ҳали буни ратификация қилмаган. Бунга нима тўсқинлик қилаётганини билмайман. Шунга қарамай, ратификация қилиш етарли эмас – ҳар бир иш учун қарор қабул қилиш жараёнида ногиронлиги бор кишиларни фаол жалб қилиш зарур. Конвенция тақдири “Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонуннинг тақдирига ўхшаб қолиш эҳтимоли катта, чунки бизда гўзал сўзлар шунчаки қоғозда қолиб кетиши мумкин.
Ойбек Исоқов: Бугунги кунда, ногиронлар турмуш тарзини тартибга солувчи асосий қонун пойдевори бу 1991 йилда қабул қилинган ва 2008 йилда янгиланган “Ногиронларнинг ижтимоий Ҳимоя Қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳисобланади. Қонун эскирган бўлиб, амалда ишламайди ва халқаро стандартларга жавоб бермайди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ногиронлар ҳуқуқлари ва бу соҳада халқаро стандартлари бўйича “Ногиронлар Ҳуқуқлари тўғрисидаги” Конвенция талабларига жавоб берадиган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳозир ушбу қонун лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар билан биргаликда мувофиқлаштириш босқичида. Ногирон жамоат ташкилотлари талабларини қондирадиган лойиҳа амалда қабул қилинса, унда ижтимоий модел асосида ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этувчи янги тизим яратилади. Бу учун БМТнинг “Ногиронлар Ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциясини ратификация қилиш керак. Унинг мақсади – барча фуқаролар учун ўз ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланишда тенг имкониятларни берадиган инклюзив жамият яратиш. Конвенция давлатнинг барча дастурларда ногиронларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш ва уларнинг ҳаётнинг барча соҳаларига ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барча масалаларида иштирок этишларини таъминлаш мажбуриятини белгилайди.
Иштирокингиз учун ҳаммага катта раҳмат!